Кентаврларга маза бўлган. Хоҳласа юк ташиган, хоҳламаса, чўлу биёбонларга бош олиб кетган. Ёввойи мева-чевалар билан тирикчилик қилган, ёввойи каптар, ўрдак отиб кун кўрган. Энг муҳими, хотинига қарам бўлмаган. Пулини пайпоқ орасига яширмаган. Ҳозир-чи? Ҳозир уйга кириб боришингиз билан хотингиз жаврашни бошлайди. У йўқ, бу йўқ, фалон йўқ… Э, қўй хотин, десангиз ҳам қўймайди. Фалончини қаранг, уйи данғиллама, тагида “Нексия”, хотини ҳар куни етти хил кийиниб чиқади, сизнинг қаерингиз кам, дейди.
–А, хотин, у катта бизнесмен, фирмаси бор,- десангиз ҳам кўнмайди.- Сиз ҳам фирма қилинг, пул топинг,- дейди.
Ана шундай. Ҳамма хотинларнинг тупроғи бир жойдан олинганми, нима бало? Ишда бошлиқ кўз очиргани қўймайди: нега кеч келдинг, режани нега бажармаяпсан, ишга ижодий ёндашув йўқ ва ҳоказо. Шундан кейин қўл ишга борармиди? Устига-устак ойлик маош туя гўшти етган, уч ойда бир оламиз. Ана шундай кўнглимга қил сиғмай ўтирган бир пайтда телефон жиринглайди.
–Шукурулло, -дейди,- бу Зуҳрилло бўлади, – ҳали ҳам ўша гапми?
–Ўша гап,-дейман. Бу икковимизнинг паролимиз. Кейин учрашамиз. Энг муҳими, бир-биримизга сўзсиз тушунамиз. Кейин буфетдан юзта-юзта олиб индамай ичамиз. Сўнг соатга қараймиз: уйга бориш мавриди эмас, ишхонага бориб бўлмайди. Шунинг учун ишхона яқиндаги видеосалонга йўл оламиз. Бу эрга ҳар гал келганимизда “Кентаврлар” киносини қўйдирамиз, ҳар гал фақат битта ўша кинони кўришимиздан видеочи ҳам ҳайрон. Ҳали уйланмаган-да! Кентаврлар ҳақидаги кинони томоша қилганимда ўзимни одамдай ҳис қиламан. Шунда яна соғлом фикр юрита бошлайман: қани энди кентаврга айланиб қолсанг-у, барча ташвишлардан бош олиб олис-олисларга кетсанг. Ёввойи мева-чевалардан тановул қилиб, ёввойи ўрдакларни овлаб мазза қилсанг. На бошлиқ, на хотининг халақит бермаса…
Шулар ҳақида хаёл суриб ётар эканман, нариги уйда хотиннинг шанғиллаган овози эшитилди:
-Ҳой дадаси, ётаверасизми, туринг, Кентаврлар деган кинони қўйишяпти, жуда зўр экан…