Нурулло Остон. Гап силтовда (ҳажвия)

Қадимда ҳукмдорлар бир-бирлари билан гаплашмоқчи бўлса, яланғоч бўлиб сувга тушишган экан. Қурол-анжом, мулозим-у тансоғчилар қирғоқда қолган. Ҳукмдорлар сувдан чиқмай катта-катта муаммоларни ҳал қилишган, қўл силташиб, бир битимга келишишган.
Қўл силтаб келишиш билан умуман кўп нарсалар ҳал бўлган. Ҳозир ҳам ҳукмдорлар учрашганларида бир-бирларининг қўлларини силташиб, тарихда қолиш мақсадида суратга ҳам тушиб қўйишади. Даллоллар бу усулни жуда бемазалаштириб юборишди.
–Ҳўкизча қанча бўлди, -деб сўрайди даллол мол бозорида семизлигидан уялиб, мўмингина турган бир тонналик буқанинг бақбақасини силаб туриб.
–Қайси бирини сўраяпсиз, -сўрайди ҳўкиз эгаси бир буқага, бир унинг ипини тутиб турган ўғлига қараб.
–Ҳа, қайсини бўларди, мана шу ҳўкизчани-да!
–А, бу ҳўкизча эмас буқа-ку, ҳўкизча ана, ипини ушлаб турибди!
–Ҳай, маҳобат қилдингиз-да, қўлни беринг, -омбирдай қўллари билан сотувчининг қўлини бир бало қилиб илаштириб олади даллол. -Қанча деяпсиз?
–Бир сўм деяпман, бу ёғини сўрайверасиз… -Сотувчининг бир сўм дегани бир миллион дегани бўлади.
–Буям пул, -даллол сотувчининг қўлини силтайди:
–Ним сари бераман! -Бу беш юз минг сўм дегани бўлади.
–Э-э, нима деяпсиз, бу нарх буқанинг қулоғига ҳам арзимайди, -сотувчи қўлини суғуриб олмоқчи бўлади. Лекин даллолдан қўлини тортиб олиб бўпти! У нархни ўн сўм-ўн сўм ошириб бориб, сотувчининг қўлини узиворгудай қилиб силтайверади, силтайверади, охири қўлидан ажралиб қолишидан қўрққан сотувчи етти юзга  ноилож рози бўлади.
Икки грузин бозорга вино сотишга боришаётган экан, йўлда жуда чанқашибди. Вино ичай деса, сотиши керак, охири улардан бири чўнтагини тиззасигача кавлай-кавлай беш сўм топибди. Савдолашиб, қўл силташиб шеригидан бир кружка вино сотиб олибди. Кейин шериги ўша пулга бунисидан вино сотиб олиб ичибди. Хуллас, бозорга боргунча икки меш вино тамом бўпти. Энг муҳими, икки оғайни виноси сотилганидан хурсанд, ширакайф бўлиб уйга қайтибди.
Халқимизда бир силтови кам, бир қайнови ичида, саводи гуллаган цингари бир қатор иборалар бор. Шу нуқсони бўлган одам бу бўшлиқни  нима биландир тўлдиришга ҳаракат қилади. Биров ҳокимиятга интилади, биров машҳур бўлгиси келади, полтергейст, қўшиқчи, шоир, хуллас бўшлиқни тўлдириш учун серқирра фаолият юритишади. Помир ўзбек деган биттаси шоирликни эгаллаб, энди табибликни забт этаяпти. Аввал касалликни ўзига юқтириб, даволанади, кейин бошқаларни даволайди. Гиппократ бўлиб кет-э! Бир куни у редакцияда ўтирган ўн бир кишининг касаллигини тирноқларига қараб айтиб берди-ичида соғи йўқ экан. Унинг ташхисидан кейин редакцияда ҳеч ким қолмади-ҳамма касал бўлиб уйига кетиб қолди. Биттаси озиқ тишини олдираётиб духтурдан «мияга таъсири йўқми?» деб сўрапти. «Таъсири-ку бор, лекин сиз хавотир олмасангиз ҳам бўлади», -деб жавоб берипти духтур. Бир професорнинг миясини олиб қўйишиб операция қилишаётган экан, уни пишак олиб қочиб кетипти. Духтурлар нима қилишни билм
ай, миянинг ўрнига кўрпа қавийдиган пахта жойлаб профессорни чиқариб юборишибди. Профессор ҳозиргача студентларга балодай лекция ўқиб юрипти.
Баъзан у давлатни бошқариш бўйича янги-янги контсепцияларни олға суриб, академикларни ҳам чарчатиб қўяди. Яқинда профессорни операция қилган духтурлардан бири уни кўриб қопти. «Соғлиқ яхшими?», -деб сўраса: «Ҳа, жамиятни ривожлантириш контсепциясини яратаяпман», -дермиш. «А, сизнинг миянгизни пишак еб кетувди, ўрнига пахта тиқиб қўйганмиз, қандай  қилиб…», -деб духтур ҳайрон бўлипти. Профессор парво қилмасдан: «Мияни пишак еган бўлса- егандир, лекин диплом бор-ку, -дермиш. Мана, Лигачёв миясининг ярмини олдирганига қарамай, беш йил бутун бошли ўн бешта республикани бошқарган!»
Ҳамманинг каттага ёққиси келади. Бу ерда ҳам саводи гуллаганлар байроқдор. Биттаси «Халқим қувонавер, қанотинг келди», -деб ёзган эди, қанот синиб кетди. Иккинчиси бир амалдорга мадҳия ёзиб, газетага чиқараман дегунча, ўрнига бошқа амалдор келди. Энди  бунисига мослаб мадҳиясини ўзгартираяпти. Хуллас, бўшлиқ тўлмагунча уларнинг кўнгли тўлмайди. Ғужалабой деган биттаси бор, маст бўлса, франтсузча гапириб бошлайди. Ҳушёрлигида гапирган гапларининг ҳамма вақт бир силтови кам бўлади. Хўжа Насриддининг ҳам бир қайнови ичида гаплари кўп бўлган. Қўшнининг боғидан олма ўғирлаётганида эгаси кўриб қолиб: «Нимага ўғирлик қилаяпсан?» -деса, у: «Сен нега хотинингга калиш олиб бермайсан?» -деб қўшнисини мот қилиб қўйган.
Баъзан атайин бир қайнови ичида гапларни ишлатишга тўғри келиб қолади. Чимбоёбодлик Ҳаким духтур Каттақулов шифохонада навбатчилик қилиб ўтирган экан, ярим тунда тўйдан қайтаётган ўн чоғли ширакайф одам келиб:
–Касал бор, Тошкентдан санавиацияни чақир, -деб талаб қилишипти. Ҳаким духтур бу ердан шаҳарга қўнғироқ қилиб бўлмайди, демоқчи бўлиб оғиз жуфтлаган экан, улар қулоқ солишмапти.
–Билмаймиз, -дейишипти, -ҳозир обком секретари билан телефон орқали уланиб, санавиацияни чақирасан…
Ҳаким духтурнинг бошқа иложи қолмапти. Қишлоқдан нарига чиқмайдиган телефон рақамларини узундан-узун терипти.
–Алё, Оқтош Бектошович, яхшимисиз, -депти телефонга. -Бу мен, чимбойбоддан Ҳаким духтурман. Ярим кечаси безовта қилганим учун узр. Нима гап, дейсизми? Ҳа, ҳеч гап йўқ, тўйдан қайтаётганлардан бири касал бўлиб қолибди, шунга Тошкентдан санавиация чақириш керак, дейишяпти… Нима? Эртага дейсизми? Эртагача кутишга вақтлари йўқ экан. Нима қилай? Автоматми? Бор, чердакда…Отайми? Ҳаммасиними? Бўлди, тушундим! -Ҳаким духтур келганларнинг ичида мошинасига бензин бериб турадиган заправкачини кўриб қопти. -Аҳмад заправкачини ҳамми? Қолсинми? Бўлди тушундим! -Кейин заправкачига қараб: -Аҳмад ака, сиз бу ёққа ўтинг, -депти. Кейин ёрдамчисига қараб: -Бор, чердакдан автоматларни олиб туш, обком секретари буларнинг ҳаммасини отиб ташла деди, -депти. Бир пайт тасира-тусир, югура-югур бўлиб қопти. Бир дақиқанинг ичида навбатчи духтурнинг хонасидан ҳамма, ҳатто «касал» ҳам оёғини қўлига олиб қочиб қопти. Эртаси куни тўртта мелиса шифохона чердагидан Ҳаким духтурнинг ав
томатларини излаб юрган эмиш…
Бир эпизодда Аида Аҳмедова деган актёр йиғлаши керак экан, ҳеч йиғлолмасмиш. Режиссёр унга тушунтираётган эмиш:
–Манга қара, сен актёрни эринг ўрнида тасаввур қил, эринг ўлган, сен бева қолгансан,  тушундингми? Шунда йиғлашингга осон бўлади…
Шунда мўжиза рўй бериб, Аида Аҳмедова шундай йиғи кўтарибдики, режиссёр аввал қувонибди, кейин у йиғидан тинавермагач, хавотирга тушибди. Актриса эса «ўлик» актёрнинг икки ёқасидан ушлаб «Нега эринг ўлди, деб алдашади, сенинг ўрнингда эрим ўлгани яхши эмасмиди», -деб уввос тортиб силтаб йиғлармиш…
«Ёлғиз аёл учун унутилган қўшиқ» филмида Леонид Филатовнинг юраги тўхтаб қолганида Татяна Догилева уни шундай силтаб бақирадики, натижада артист нариги дунёдан ҳаётга қайтади. «Чархпалак» видеофилмида ҳам шундай кўриниш бор. Ако Эгам юраги санчиб йиғилганида лўли қиз уни силтаб-силтаб, бақириб-чақириб ҳаётга қайтаради. Демак, силтовда гап кўп экан. Гап маромига етказиб силташда!