Шу, кимга қандай-у, мен “Дийдор Ғанимат” деган кўрсатув бошланиши билан дилбузарнинг олдига мукка тушиб ўтириб оламан. Бошловчи башарасига фожеали тус бериб сўрайди: Онахон, сиз қаердан келдингиз, кимни излаяпсиз? “Ҳа болам, мен Яйпанданман, ўғлим уч йил бурун далага айланиб келай, деб чопонини элкасига ташлаб чиқувди, шундан бери дом-дараксиз кетди. На ўлигидан, на тиригидан хабар бор”. Онахон дока рўмоли билан кўзини артади. Ҳамманинг кўзида ёш ғилтиллайди. Бошловчи башарасига янада фожеали тус бериб сўрайди: Онахон, юрагингиз бирор нарсани сезаяптими? “Ҳа боламни ҳидини сезаяпман”. “Унда кутиб олинг, фарзандингизни биз топдик. У шу ерда”. Залга қарсаклар билан ишшайиб Мамарайим кириб келади. Она уни қучоқлаган, йиғлаган, залдагилар йиғлаган, қиёмат.
–Хўш Мамарайим, уч йилдан бери дом-дараксиз экансиз, уйдан нимага кетдингиз, қаерларда юрибсиз? -сўрайди бошловчи.
–Ҳа, шу тирикчилик-да, ака, қишлоқда болаларингга алимен тўла, деб келовуришди, келовуришди, жонга тегиб кетди. Ҳозир мана, аҳволим яхши, Ҳасанбойда бир фермернинг молхонасида гўнг ташиб юриппан…
–Бу ерга қандай келиб қолдингиз?
–Билмай қолдим-да, ушлаб келишди…
Залда қарсаклар янграйди.
–Отахон, сиз кимни излаяпсиз?
–Мен болам, Қашқадайраданман. Шу беш йил бурун ўзим миниб журадиган эшшагимди сотиб, улимди Ташканга ўқишға жўнатиб жуборибидим. Шундан бери жўқ-да онағарди боласи. Шуйтиб сизларға келдим-да.
–Биз сизнинг фарзандингизни топдик, отахон. У-шу ерда.-Залда қарсаклар янграйди. Эгнига шим ўрнига трико, фуфайка кийиб олган норғул йигит чиқиб, чолни қучоқлайди.
–Тирик экансан-ку, онағарди ули, -чол йиғлайди. -Мен сени ҳали ўлик-тиригидан хабар борми-жўқми, деб милиса билан қидиртириб журиппан. Ҳа мен-ку майли, энангди ўйламайсанми, энангди сани…
–Ҳа, ота ўқишдан жиқилғанимдан кейин қишлоққа қайтишға жузим бўлмади. Ҳозир ишлаяппан Ипподром бозорда. Аравакашларди бригадириман. Уйға борсам, ўзим сизға яхши бир эшшак оппераман…
Зал хурсанд ота-бола топишганидан, ҳамма қарсак чалади. Бошловчи давом этади.
–Азизлар, залда анжанлик Оймахон опам ўтирибдилар, -экранда қўлига узук, билагузук, бўйнига, қулоғига тилла тақинчоқлар тақиб ўтирган аёл кўрсатилади. -Оймахон опа, сиз айтган инсонни биз топдик. Афсуски, уни бу эрга олиб келишнинг иложи бўлмади. У киши бошқа бировдан ҳам катта пул олиб, ҳозир қамоқхонада ўтирган эканлар…
Залда хўрсиниш, афсусланиш оҳанглари.
–Лекин сизни излаб юрган иккинчи кишини топдик. У киши Москвада эканлар, ҳозир Москва билан боғланамиз.
Экранда қўлида қўлқоп, оёғида валинка, бошига каска кийиб олган одам кўринади:
–Салом Оймахон опа. Сиз олти ой бурун йигирма кишидан икки юз доллардан йиғиб, катта пуллар ваъда қилиб бизни Москвада арманилар ишлайдиган фирмага жойлаштириб кетган эдингиз. Шундан буён ишлаяпмиз. Ҳали бирор сўм беришгани йўқ. Паспортимизни олиб қўйишган. Пул сўрасак, пулингни Оймахон опанг олиб кетган, дейишади, паспорт сўрасак, ҳали қарзинг бор дейишади… Оймахон опа, энангиз яхшими…-гап охирига етмасдан, экран бижирлаб ўчади. Залда қарсаклар янграйди. Шундан кейин бошловчи бир нарсалар деб кўрсатувни якунлайди. Мен эса ишни охирига етказмай, пулимни олиб қочиб кетган мардикорни бу гал ҳам кўрсатув орқали тополмаганимдан хуноб бўлиб, нос отаман…