Ҳар бир халқнинг ўзига хос бўлган умумий тарздаги хислатлари бўлади. Масалан, гуржилар қадаҳ сўзини қотириб қўяди, франтсузлар конякни боплайди, арманилар латифага уста бўлади, олмонлар вақтни қадрлайди, турклар пулни яхши кўради, туркманлар садоғатли бўлади. Ўрислар элликни отиб олса, “Ой мороз, мороз”ини бошлайди. Бир тоифа халқ бир-бирини алдамаса туролмайди.
Бухенвалд контслагерида ҳарбий асирларни етти тоифага бўлишган. Яшашдан умидини узиб, ҳамма нарсага бефарқ бўлиб қолган еттинчи тоифани “мусулмон” деб номлашган. Бу тоифадаги асирлар тепки еса ҳам анграйиб қараб тураверар экан. Мусулмонларнинг хокисорлигига ҳатто фашист жаллодлари тан берган экан. Бизнинг мусулмондай меҳнаткаш, мулозаматли халқ йўқ дунёда. Унинг яшаш тарзи дунё халқлари учун жумбоқ ёки ребусга ўхшайди. Бечора камбағал пул топиш учун мардикорликка ёлланиб туну-кун ишлайди, топган пулини кафтига туфлаб йиғади. Кейин топган-тутганини олиб келади-да, халққа данғиллама тўй қилиб беради-бир кунда ҳамма пулини совуриб, боз боягидай бармоғини шимиб ўтираверади.
Ўзбекнинг тўқиган ҳамма эртаклари “Бор экан-да, йўқ экан, оч экан-да, тўқ экан”, -деб бошланади. Унинг бор ё йўғлигини, оч ё тўғлигини барибир аниқлаёлмайсиз. Оч бўлса ҳам меҳмонга мулозаматни боплайди. “Уйга киринг, ош тайёр!” -дейди. Аслида ўша пайтда уйида сичқонлар ош излаб ҳасса таяниб турган бўлади. Раҳбарларнинг менталитети ҳам шундай. “Бугун бор, эртага йўқ, -ўйлайди янги тайинланган бошлиқ. -Имкони борича газлаш керак!” Шунга яраша ҳар гал бошлиқ алмашганида янги бошлиққа ўз муносабатини билдирадиган уч-тўртта доимий лаганбардорлар бўлади.
-Ана энди штатимиз ўз эгасини топди, -дейди улардан бири. – Фалончи писмадончиевични йўл созловчи сифатида биламиз. Энди йўлларимиз равон бўлади, ҳаётимиз фаровон бўлади. У киши фалон жойда ишлаганларида кўп йўлларни текислаб ташлаган эдилар…
Бошқалар бу пайтда сукут аломати ризолик, тарзида тиззасига салом бериб, тўртта одамнинг ҳамду саносига анграйиб ўтираверади. Уларнинг маъқуллаганини ёки норози бўлганини тушуниб бўлмайди. Ғайрати жўшиб кетган фалончи писмадончиевич равон йўллар қуради-ўз уйига қараб. Бири-биридан хушбичим фарангча бинолар қурдиради-ўзлаштириш учун. Ишламайди, лекин ишлаганга ўхшаб юраверади. Бевақт келган қазодай амалдан шармандаларча ҳайдалгач, янги раҳбар тайинланади. Бу гал ҳам ўша тўртта одам гапиради.
-Биз Фалончиевни яхши таниймиз. Оталари яхши одам эдилар, бирга ишлашганмиз. Фалончиев ишончимизни оқламади-йўлларимиз ўйдим-чуқур бўлиб энди штатимизга ижтимоий соҳанинг одами келди, халқимизнинг аҳволи яхши бўлади…
Ижтимоий соҳанинг одами ҳаммага зўр бериб китоб йиғдиради-шу билан кутубхоналарни тўлдириб, зиё тарқатмоқчи бўлади. Китоб йиға-йиға охирига етказолмай кетиб қолганини ўзи билмай қолади.
-Ана энди бошлиққа ёлчиймиз, -дейди кейинги сафар ўша одамлар навбатдаги бошлиққа. -Давлатимизнинг бош сиёсати иқтисод, иқтисодчи ҳаётнинг баланд-пастини билади. Олдинги бошлиқ китоб йиғдиравериб, ҳамманинг жонига тегиб кетган эди…
Иқтисодчи бошлиқ ҳамма ишга пул топиб беради-у шунинг учун иқтисодчи-да! Қураверади, қураверади, охири нима қураётганини ўзи билмай қолади. Гулчи келиб ҳаммаёқни гулзор қилдириворади, қонунчи келиб адвокатлик фирмаларини кўпайтиради, агроном келиб ҳамма раисларни алмаштиради, олим келиб колхозчига савод ўргатади… Ҳар раҳбар алмашганида ўша тўртта одам бор маҳорати билан янги бошлиқни шундай мақтайдики, у беихтиёр ўзида йўқ хислатларни ҳис қилиб, елкасидан қанот ўсиб чиқа бошлаётганини сезади. Бир бало қилиб янги бошлиқнинг қанотларини ўстириб осмонга учиришади-да, кейин чўзма билан уриб туширишади…
Қаҳрамон Саид “Киришдан олдин чиқишни ўйла”, -дея кўп такрорлайди. Модомики бизда бир бор экан, бир йўқ экан, деган эртак мавжуд экан, ҳар бир одам мансабга келишидан олдин кетишини ҳисобга олиб қўйиши керак. Инсон йўқотиш санъатини ўргансагина ҳаётида фожеа рўй бермайди, амалдан кетишни табиат қонунидай қабул қилади. Мотам тутиб ўтирмай, ўзини бошқа ишга уриб кетаверади.
Яқинда бир бошлиқ қабулида бўлдим. Яхши кутиб олди, ўтиришга таклиф қилди. Мен муаммони куйиб-пишиб гапираяпман, у бош силкиб маъқуллаб, тиливизирда об-ҳавони томоша қилаяпти. Бир пайт: “Будапешт-22 даража”, -дея ўз-ўзидан ҳиринглаб кулиб юборди. Муаммога Будапештнинг нима алоғаси бор дея аввал бошлиққа, кейин тиливизирга қарадим. Ноқулай бўлмаслиги учун қўшилиб кулгандай бўлдим. Бизда ҳозир 40 даража иссиқ, у ёқда мўтадил об-ҳаво, шунга ишора қилаётган бўлса керак, деб ўйладим. Гапни чала жойидан давом эттираётган эдим, бошлиқ тиливизирдан кўз узмай: “Москва-20 даража”, -деди-ю яна кулди. Бу ҳолатни кўриб эсим оғиб қолай деди -қўлимни тумшуғининг олдида у ёқдан бу ёққа ўтказдим-реакция йўқ. Йиғлагудай ҳолатда ҳиринглаган бўлдим-у, тура қочдим. Йўлда нега у ҳеч нарсани идрок қилмаётганлигини топдим-киришдан олдин чиқишни ўйламаган! Мана, оқибати!
Францияда “Қирол ўлди, яшасин қирол!” деган қанотли ибора бор. Бу машмашалар қиролни ўлдирган, янги қиролни кўкларга кўтариб, чўзма билан уриб туширишни мўжаллаётган шу тўртта сермулозамат лаганбардорнинг иши. Улардан Худонинг ўзи асрасин!