– Ўғил кўрсам, тилла зирак олиб берасиз-а? – эркаланиб сўради Зулайҳо эридан.
– Шунча зиракларинг бор-ку… Ҳа, майли, агар боламиз менга ўхшаса, олиб берганим бўлсин! – Тўйларига уч йил тўлиб, хотини ниҳоят биринчи фарзандига ҳомиладор бўлганини эшитган Акбар ҳам эриб кетди.
Бу гап Акбарнинг ёдидан ҳам кўтарилиб кетган эди. Аммо Зулайҳо эрининг ваъдасини унутмаганди. Туғруқхонада интизор кутилган фарзандини бағрига босганча, эрининг бир олам қувонч ҳамда тилла балдоқ билан кириб келишини тасаввур қилган аёлнинг шодлиги янада кўпайди. Зулайҳонинг ширин хаёлларини ҳар куни уларнинг палатасини тозалаб юрадиган фаррош аёл – Санобар опа бузиб юборди.
– Эсон-омон қутулганинг рост бўлсин, қизим. Бунинг жажжилигини қаранглар… Менгаям шунақа неваралар насиб этсин!
– Илойим, опажон. Ўзингиз тузукмисиз?
– Раҳмат. Мана бу лаш-лушларни олиб чиқиб кетаверайми? Кераклиси йўқмиди ичида?
– Йўқ, бемалол, – Зулайҳо икки-уч кундан бери ўзига яқин бўлиб қолган аёл билан бироз суҳбатлашгиси келди.
– Опа, тунов кунги совчилик яхши ўтдими? Рози бўлишдими ишқилиб?
Санобар опа Зулайҳога яккаю ягона ўғли суйиб қолган қизнинг эшигини тақиллатиб бормоқчилигини айтганди.
– Ҳа, бордик, кўрдик. Қиз чиройликкина экан. Фақат… шу… ота-онасининг орзу-ҳаваслари каттагина кўринади. Йўқ, дейишмади-ю лекин… анча баланддан келишди.
Санобар опа ҳам дардини кимга айтишни билмай турган эканми, палатада Зулайҳодан бошқа биров йўқлиги учун дарҳол стулга ўтириб гап бошлади.
– Йўғ-э? Шароитим шундай-шундай эди, деб айтмадингизми ўзингиз ҳам? Ахир “хўжайин”ингиз оламдан ўтган, ўғлингиз эндигина ишга кирган бўлса…
– Ўғлим иккимизнинг анча йилдан бери йиғиб қўйганимиз бор. Аммо улар айтган тўйни қилишга бу урвоқ ҳам бўлмаса керак. Қизнинг олдида ўғлимнинг боши хам бўлмасин деб индамадим. Нон синдирилди. Ўғилгинамнинг бу хушхабардан боши осмонда. Болам учун ҳамма бойлигимни сарфлашга тайёрман. Аммо қани ўша пул зорманда?
– Кўпам сиқилманг, опа, Худо етказади. Муҳими рози бўлишибди-ку? Қариндош-уруғлар ҳам қараб туришмас…
– Шундоғам улардан анча қарздор бўлиб қолганман. Уч йил аввал қизимни чиқарганимда… Хуллас, энди икки ойга қолмай тўйни ўтказишимиз керак. Онамдан қолган тилла балдоқларни сотсаммикин, деяпман. Аслида-ку, уни тўй куни келинимнинг қулоғига тақиб қўйишим керак эди. Аммо начора…
Зулайҳо унинг қулоқларидаги қадимийлиги, асл тиллалиги билиниб турган, кўзларни ял-ял оладиган балдоқларга ачиниш билан боқди.
– Онангиздан мерос экан-да, афсус…
Уларнинг суҳбатини эшикдан кириб келган ҳамшира бузди. Санобар опа “Ҳай, майли”, – деди-да, яна ишига шўнғиди. Ҳамшира Зулайҳога ташқаридан эри киритиб юборган халтани тутқазди. Аёл дарҳол халтага кўз югуртирди: егуликлар, кийим-кечак, дори-дармон ва мактуб. Шоша-пиша мактубга кўз югуртирган Зулайҳо балдоқ ҳақида лом-лим дейилмаганидан ранжиди. Шу заҳоти бўшаган идиш ва ортиқча буюмларга қўшиб жавоб хати чиқазиб юборди. Гиналарга тўлган мактубда ўша берилган ваъда эслатилган ва ўғилчаси унга қуйиб қўйгандек ўхшаши айтилганди. Уни ўқиган Акбар рўзғор ишларида эсарлиги панд берадиган хотинининг бунақа нарсаларда хотираси кучлилигига тан бериб кулиб қўйди. Сўнг паҳлавондек ўғил қувончи сабаб ваъдасини бажаришга киришди…
Зулайҳо туғруқхонадан чиқар куни ҳамма билан бир-бир хайрлашди. Аммо Санобар опага кўзи тушмади. Дарвоза тагида уни эри, ота-оналари ва яқинлари кутиб турар, Зулайҳо истаганидек, хорижий машина, гуллар, видеокамера, ҳаммаси тахт эди. Қўлида гўдаги билан зинадан тушиб келаётган аёлни эри гулдаста билан қарши олди. Ўғлини бағрига оларкан, чўнтагидан мўъжаз қутичани чиқариб Зулайҳога тутқазди. Қувончи ичига сиғмаган аёл дарҳол қутичани очди.
– Вуй, мунча чиройли…
У шундай деди-ю балдоқларга бирмунча вақт тикилиб қолди. Аввалига қизарди, сўнг кўзлари пирпиради.
– Қаердан… олдингиз буни?
Акбар хотининг ўзгариб қолганини тушунмай, жавоб берди:
– Кеча тилла бозорда бир аёлдан сотиб олдим. Асл тилла деди… Сенга ёқмадими?
Ҳа, худди ўзи. Санобар опанинг балдоқлари эди булар!
– Бу энди меники, а? Нима қилсам ихтиёримми? – сўради аёл.
Акбар ҳайрон бўлди.
– Ҳа… Тинчликми?
– Мени кечиринг…
Зулайҳо бу гапни кимга ва нега айтганини Акбар тушунмади.
– Юрақол энди, яқинларимиз кутиб қолишди, – у дарвоза томон имо қилди.
– Ҳозир бир дақиқа, опа билан хайрлашиб келай… – гулзор атрофини супураётган Санобар опага кўзи тушган Зулайҳо ўша ёққа шошди. Акбар болани олиб, машина томон кетди.
– Опа… – Зулайҳо тезгина аёлнинг қулоқларига назар ташлади. Санобар опанинг қулоқларида балдоқлар йўқ эди.
– Менда бир нарсангиз қолиб кетибди, – Зулайҳо Санобар опага қутичани тутқазди. – Яхши кунларга ишлатинг!
Санобар опа бир нима дейишга улгурмай, Зулайҳо чопганча машина томон кетиб қолди. Уни ортидан ҳайрон кузатиб қолган опа қўлидаги қутичани очди-ю йиғлаб юборди…
“Шарқ юлдузи” журнали, 2016 йил, 1-сон