Уйғонганимда хона нимқоронғи, ҳавоси мўътадил бўлишига қарамай, жиққа терга ботиб кетган эдим (балки устимга ёпилган чойшабнинг ҳаво ўтказмаслиги боисми ёки тушимда мени бир қора одам қўлида пичоқ билан қувлаганлиги учунми, билмадим), қулоғим тагида сирена тинимсиз чийилларди. Бироздан сўнг овоз тинчиди. Энди хонанинг ҳовлига қараган баланд деразаси томондан шитир-шитир товуш келарди. Қулоқни динг қилиб, ўша томонга юрдим. Шундоқ дераза ортида, иккинчи қаватнинг айвонига кимдир тирмашиб чиқар, қўлида фонар билан ниманидир қидирар эди. Беихтиёр орқага тисландим. Миям яшин тезлигида ишлай бошлади. Ҳали ётишдан аввал, телевизор кўриб ўтирганимда, қамоқдан қочган бир одам ҳақида филм берилган эди, аммо инглиз тилида бўлганлиги сабаб, кўп нарсани англай олмагандим. Фақат шуниси аниқ эдики, бир одам Америка қамоқхоналарининг биридан қочган… Ва шундайлардан бири, мана, деразам ортида яшириниб юрибди. Аммо фонар унга нима учун керак? Балки у полициячидир. Бошида қандайдир қалпоғи борга ўхшади. Дераза томон яна қайтиб боришга журъат қилолмадим. Хона ўртасида туриб, атрофга алангладим. Жиноятчи бемалол дераза орқали хонага кира олади! Ундан ўзимни ҳимоя қилишим керак. Нима билан? Пайт пойлаб туриш мавриди эмасди: тезроқ ҳаракат қилиш лозим. Таёққа ўхшаш бирор нарса қидира бошладим. Ҳеч вақо йўқ: на хонада, на даҳлизда. Ҳеч бўлмаса, пол ювадиган дастчўп ё чўлтоқ супурги бўлса ҳам гўрга эди!.. Ёки бизнинг меҳмонхоналарда бўладиган обдастами. Ҳаммаёқ сип-силлиқ. Жиноятчида қурол борлиги аниқ, бўлмаса юраги дов бериб, бу ёққа кўтарилмас эди. Бу ерларда одамларни гаровга олиб, эвазига пул сўраш расм, буни кинофилмларда кўп кўрганмиз. Хуллас, хонани эс-ҳуш борида тарк этишим керак. Аммо, бу ердан шарпасиз-сассиз чиқиб кетишнинг ўзи бўладими — ҳеч бўлмаганда, паспортимни, самолётга олинган қайтиш чиптаси, ҳамён дегандай… Э, хорижга саёҳатдан ҳам ўргилдим…
Таҳлика ҳамон юракка ғулғула соларди. Эмаклаб бориб кийим жавонидан кийим-бошни олдим. Яшин тезлигида кийиндим, пул чўнтакда, аммо паспорт, чипта сабил дераза ёнидаги ёзув столида эди. Тиззалаб бориб, уларни олдим-да орқага қайтдим. Ҳеч нима эсдан чиқмадими, деган фикрда стол устига назар солдим. Деразадан кўриниб турган ой шуъласиданми ёки кўча чироқлари боисми, ёруғлик стол устига — худди менга зарур бўлган жойга тушмоқда эди. Столда «Народное образование США» деган журнал қолиб кетибди. Бу қанақаси бўлди, шунча йил, роппа роса ўттиз йил асраб келганман бу журнални. Келиб-келиб энди ташлаб кетаманми? Тарас Булба тамаки чекадиган трубкасини душманга ташлаб кетмаганидай, мен ҳам журнални ташлаб кетишга кўзим қиймади. Бунинг ўзига хос сабаби бор, буни кейин батафсил айтиб бераман.
Журнални олиш учун стол ёнига эмаклаб қайтиб бордим. Аммо олаётганимда, бир нимага урилиб кетдим. Бу — ўтган кеча Тошкентда, Марказий универмагдан харид қилган жомадоним эди. Жомадондан коняк ҳиди анқирди. Уни шамоллатиш учун очиб қўйгандим. Баъзи танишларимнинг маслаҳати билан жомадонга иккита «Самарқанд» коняги, минерал сув солинган эди. Жон Кеннеди халқаро аэропортига тушганимиздан сўнг, кўрик-текширув пайтида мени бир офицер чақириб қолди. «Оббо, худо урди, ниманидир нотўғри қилганга ўхшайман», — деб чўчиброқ бордим. Офицер жомадонимни очиши билан чор-атрофга коняк ҳиди таралиб кетди. Офицер бошини сарак-сарак қилиб, «афсус» дегандай кулиб, синган конякларни кўрсатди. «Начора, — дейман офицерга. — Энди бунинг ўрнига Америка «жин»нисиними, ишқилиб бирор нарса ичармиз». У гўё ўзбекчани тушунгандай, «гуд, гуд» деб қўйди.
Жомадон-ку расво бўлган, аммо журнал ҳам конякдан роса мириққан экан, ҳали ҳам ундан ҳид анқийди. Журнални қўлтиғимга қистириб, бу гал тик турганча орқага қайта бошладим. Дераза ортидан энди бир эмас, бир неча киши нарвондан кўтарилиб, фонар билан атрофни ёритиб, ниманидир, балким кимнидир қидира бошлашди. «Полициячилар, — деб ўйладим, — бирорта жиноятчи қочган бўлса керак».
Журнални қўйнимга тиқиб, эшикни очдиму йўлакка отилдим. Қават навбатчиси йўқ, лифтни ҳам кутмадим. Йўлакда ҳамон кучли сирена товуши эшитиларди. Ҳовлига чиққанимда, ташқари чароғон, меҳмонхона олдида тумонат одам. Одамлар орасидан ҳамроҳим Хуршид Давронни излай бошладим.
Қизиқ, шу олатасир, тумонат, икки юз-уч юз киши орасидан ҳам уни жуда тез топдим. Ўзбекистонлик одам, билмайман, нимаси биландир дарҳол кўзга ташланар экан, кўринишими, шарпа-соясими, билмайман. Хуршид қандайдир ажнабийлар билан гаплашиб турибди. Гап-сўзларидан уларнинг эронлик эканлиги билинди. Хуршид самарқандлик, форсчани эплайди.
— Нима гап ўзи? — дейман Хуршидга. Хуршид эронликлардан сўраб-суриштириб билганларини менга гапириб берди. — Эсингизда борми, меҳмонхонага жойлашаётганимизда тўлдирган қоғозимизда “Чекасизми, йўқми”, деган банди бор эди. Ўша жойига икки армани мижоз “чекмаймиз” деб ёзишгану, кейин қаватга чиқиб ўз хоналарида кайф устида чекишган. Чекмайдиганлар блокига жойлашганлари учун ёнғиндан огоҳ қилувчи сигнал ишлаб кетган. Меҳмонхонада ёнғин бўлаяпти деб, барча уйғотилиб, мижозларга вақтинча кўчага чиқиб туришлари таклиф қилинган», деди у.
Биз бу гапни ҳали муҳокама қилиб улгурганимиз йўқ эдики, тўладан келган қорамтир бир киши ёнимизга келиб, яқинимизда турган меҳмонхона маъмурияти вакили билан баланд товушда, шовқин солиб гаплаша кетди. Хуршид яна эронликлардан гап сўраб олди. Маълум бўлишича, шу кеча эронлик бойлардан бири меҳмонхонанинг люкс-ресторанида ўз меҳмонларига зиёфат бераётган экан.
— Зиёфатда қўшиқчи Гугуш ҳам бўларкан, — деди Хуршид. — Ҳали шу ерда юрган эди.
Бу аёлга кўзим тушгандай бўлувди, уни танимасликнинг сира иложи йўқ. Ўз пайтида — ўтган асрнинг 80-йилларида унинг қўшиқларини тинглаш расм бўлган, суратини ҳатто ўзим ишлаган «Санъат» журналида ҳам эълон қилганмиз.
Эронлик бой, меҳмонларим тинчини бузганларинг учун товон тўлайсан, деб маъмурият вакили билан жанжаллаша бошлади.
— Нима бало, ичдингизми, — деб қолди Хуршид тўсатдан.
Мен қўлтиғимдаги журналдан келаётган ҳид унга ҳам етиб борганлигини пайқадим.
— Йўғе, — дедим, — кечаги самолётда синган конякнинг ҳиди кийимимга уриб қолибди.
Орадан кўп ўтмай, меҳмонхонага киришга рухсат этилди. Тун ярмидан оққан, меҳмонхона фойесидаги соат миллари Вашингтон вақти билан тунги соат уч яримларни кўрсатиб турарди.
— Уйқу ҳам ҳаром бўлди, барибир ухлашга ҳаракат қилайлик, — деди Хуршид. — Эртага эрталаб ўзимизнинг элчихонамизга борамиз. Кўриб келайлик элчихонамизни.
Хоналаримизга тарқалдик. Мен ухлай олмадим. Коняк тўкилган журнални варақлай бошладим. Мана, мен асраб-авайлаган ўша саҳифа. Унда ойтош тасвири бор. Америкалик астронавт Армстронг Ой сатҳига қўнганида, инсоният тарихида биринчи бор ой тупроғи ва тошидан унсурлар олиб қайтган. Журнал саҳифасидаги ойтош мана шу жинслардан бир намуна.
Бу журнал 1969 йилда, собиқ иттифоқ билан Америка муносабатлари сал-пал илиқлашган пайтларда қўлимга тушган. Ўша йили Тошкентда Американинг халқ таълими тизими, фан ютуқлари бўйича катта кўргазмаси намойиш этилган эди. Бу кўргазма шаҳарнинг қоқ марказида, телестудиянинг орқа томонидаги «Ёшлик» спорт аренасида ташкил этилган, аммо кўрадиган одамларнинг кўплигидан навбатга туриш ундан уч-тўрт чақирим берида — Хадрадан бошланар эди. «Кўргазмани томоша қилинглар, аммо бирорта одам билан суҳбатга киришманглар, — деганди мутасаддилардан бири. — Уларнинг бари ЦРУнинг одамлари». Бу гапдан сўнг биз янада ҳушёр тортдик.
— Биз инглизчани билмаймиз, қанақа қилиб суҳбат қила олардик, — деганди ўшанда талабалардан бири ажабланиб.
— Уларнинг кўпчилиги русчани билишади. Ҳатто улар орасида бир ўзбек ҳам бор, ватан хоини. Ўшандан эҳтиёт бўлинглар.
Биз кўргазмани томоша қилар эканмиз, бепул берилган нишон ва журналга эга бўлдик. Аммо кўчага чиқишимиз билан «чириётган капиталистик тузум»нинг нишонини улоқтирдик. Журнални ташлашга кўз қиймади. Менга, айниқса, унда акс этган мана бу ойтош қадрли эди. Болаликдан тошларга ўчман, ўшанда мана шу тошни ҳам кўришни орзу қилганман. Огоҳлантиришларига қарамай, кўргазма залларидан ўша ўзбекни топиб, ундан гап орасида бу ойтошнинг қаерда сақланишини сўрадим. «Бу тошни Вашингтондаги астронавтика ва космос музейида кўриш мумкин, — деди у. — Борсангиз, албатта кўрасиз». Гарчи бу гап менга эртакдай туюлган бўлса-да, ҳар эҳтимолга қарши журнални авайлаб-асраб қўйдим.
Тақдир тақозоси билан бундан бир ой муқаддам шоир Хуршид Даврон ва мен Вашингтонда ўтказиладиган Осиё ёзувчилар анжуманига таклиф этилдик. У Америкадаги қайсидир бир халқаро фонд томонидан ташкил этилган эди. Тошкентдан учадиган самолёт анжуман бошланишидан уч-тўрт кун олдин ё кейин бўлишини назарда тутиб, тадбирга олдинроқ келдик.
Эртасига элчихонамизга бордик. Элчимиз бизни мамнуният билан қабул қилди. Хуршид сумкасидан «Самарқанд» конягини чиқариб қўйганида, у киши илтифот юзасиданми ёки чинданми «Бу ерда ватаннинг ҳар бир нарсаси азиз, қадрли. Буни хорижий меҳмонларимиз учун асраб қўямиз», деди.
Вақтимиз, иш режамизни сўради. «Бугун кечқурун сизларни ёрдамчим ўз машинасида кечки Вашингтонни сайр қилдиради, меҳмонхонада кутиб туринглар», деб тайинлади.
Бинони томоша қилиб, меҳмонхонага қайтдик.
Оқшомда элчининг ёрдамчиси келди. У бизни конференция залида кутиб ўтирган экан. Аввалига ҳайрон бўлдик, сочлари сарғиш, кўзлари кўк, бўйи пастроқ ёш йигит сира ўзбекка ўхшамасди. Танишдик. Тошкентнинг Қорасув мавзесидан экан. «Алоҳида кўзга ташланиб турмаслигим учун бу ишга мени олишган бўлса керак, — деди у гапимизга жавобан.
Машинага ўтирганимизда, ёрдамчи бизни нималар қизиқтиришини сўради. Хуршид «Ўзингиз биласиз» деди. Мен эса ойтош сақланадиган музей ҳақида сўрадим. «У ерга анжуман қатнашчиларини олиб боришади, сизларнинг дастурларингиз билан аллақачон танишиб чиқдим», деди ёрдамчи.
Машинанинг ичида ўн-ўн икки яшар бола ҳам бор эди.
— Ўғлим – деди ёрдамчи, — 6-синфда ўқийди.
— Ўқишлар қалай, – деб сўради Хуршид.
— Бу ерда дарслар строгий эмас. Унчалик зўр ўқитилмайди. Тошкентда махсус мактабда ўқиганимда, бу ердан анча яхши эди, — деди болакай.
Ёрдамчи бизларни Вашингтон кўчалари бўйлаб саёҳат қилдирди. Дунёдаги энг узун бино — Пентагонни кўрсатди. Хуллас, оқшом мароқли ўтди. Аммо менинг орзуйим ойтош эди. Шуни ўйлар эдим.
Хонада ўша журнални варақлар эканман, ойтош сурати устига тўкилган конякдан ҳосил бўлган доғдаги ғалати тасвирни кўриб қолдим. Бу тасвир ўзимизнинг рассом Лутфулла Абдуллаев «Муштум» журналида бир пайтлар чизган карикатураларга ўхшарди. Тасаввуримча ўзга сайёраликларнинг қиёфаси шундай бўлиши керак. Тошнинг қорамтир рангига коняк қўшилиб, қандайдир бир қиёфа ҳосил қилган эди. Бехосдан бир эркак қиёфасини кўриб қолдим. Бу кеча «Тинчимни буздинглар», деб ғалва қилган эронлик бойваччанинг нақд ўзи эди.
Эртасига эрталаб Хуршид билан, одатдагидек, меҳмонхона ресторанида овқатланар эканмиз, тўсатдан атрофдаги анжуман қатнашчилари аввалги кунлардагиларга ўхшаш эмаслигини сезиб қолдик.
— Адашиб қолдик, шекилли, – деди Хуршид.
— Йўқ, бу ўша ресторан, — дедим. — Ана, бардаги хотин, ўша мулатка. Аммо, бу ердагилар бошқа анжуман қатнашчилари. Бизникилар бошқа ресторанга ўтказилганга ўхшайди.
Тусмолим тўғри чиқди. Аммо биз овқатланиб бўлган эдик. Бармен аёл ёнимизга жилмайиб келди-да, ҳисоб-китоб қоғозини берди.
— 175 доллар тўлашимиз керак экан, — деди Хуршид қизариб.
Биз қоғозни олиб, «шошмай тур» дегандай хотинга ишора қилдик. Биз ҳар куни анжуман бошлангунга қадар шу ерда, ташкилотчилар ҳисобидан бепул овқатланар эдик.
— Шунча пул тураркан-да еганларимиз, — деди Хуршид ҳайрон бўлиб. — Бу пулга болаларимизга кийим-кечак, китоб олиб борсак, яхши эмасмиди?
— Шошманг, бир иложини топармиз. Иложи бўлмаса тўлаймиз-да, — дедим.
Хуршидда ҳам, менда ҳам икки юз-уч юз доллар атрофида пул бор, шуни берамиз, шекилли.
Бирдан лоп этиб, бизга таржимонлик қилиб юрган Оля деган қиз ёдимга тушди. «Шошманг, мен Оляни топиб келай», деб ўрнимдан турдим-да, Хуршидни гаровга қолдириб фойега чиқдим. Фойеда, маъмурият вакили жойлашган жойда Оляни топдим. Оля Санк-Петербургдан бу ерга келиб, икки йилдан буён таржимонлик қилиб кун кечираркан.
Оляга воқеани тушунтирдим.
— Анжуман ташкилотчисини топайлик. Нима дер экан, — деди у ва бир хонага мени бошлаб кирди. Озғиндан келган, малла, найнов йигит воқеани эшитиб мириқиб кулди, кейин қоғозга ниманидир ёзиб, ўша бармен хотинга беришимни сўради.
— Фойеда сизнинг гуруҳингиз бошқа ресторанда тамадди қилиши ҳақида эълон бор эди, шуни ўқимабсизларда, — деди Оля.
Бармен аёл қоғозни олиб, «сенкю» деб бош қимирлатди. Биз эркин нафас олдик. Мен бармен аёлга тикилар эканман, уни журнал саҳифасида ҳосил бўлган аёл қиёфасига ўхшашини сездим. У менга ҳудди бошқа сайёрадан келган одам сингари қараб турарди.
Анжуман тугаш арафасида бизни турли жойларга томошага олиб боришди. Улардан бири ойтош сақланадиган музей эди. Музейда инсоният тарихида фазога учирилган неки бўлса, бари муҳайё. Аэроплан, делтопланер, илк самолётлар, вертолёт, биринчи фазога учирилган ракеталарнинг макети… Биз қатор тизилиб, навбат билан махсус бир жойдан ўтар эканмиз, ойна устига қўйилган ўша ойтошни кўриб қолдим. Томоша қилиб ўтаётган ҳар бир киши унга кафтини тегизиб ўтар, ойтош қўл тафтидан силлиқланиб, ялтироқ бўлиб қолганди. Ҳаяжондан титраб кетдим. Ойдан, шунча олисдан келтирилган бу тошни ўз кўзи билан кўриш, қўл билан силаш ҳаммага ҳам насиб этавермайди, ахир. Мен бир пайтлар Осиё қитъасининг олис бир тоғ орасидаги қишлоқда ўсган боланинг Америкага бориб, ойтошни кўриб келиши… тушга ҳам кириши мушкул воқеа. Аммо у негадир суратдаги ойтошга ўхшамасди. Бу тош худди қишлоғимдаги Пошхуртсойда ўзим кўриб, ўйнаб катта бўлган қайроқтошни эслатарди. Балки, астронавт олиб тушган тош бошқадир деб ўйладим. Ёки одамларнинг кафти тегавериб шу ҳолга келиб қолдимикин?
Хуршидга айтмоқчи эдим, у ойтошга ҳафсаласизлик билан қараб ўтди, «Бу ердан чиқишимиз билан бирор китоб дўконига кирайлик, — деди. — Болаларга инглизчани ўрганадиган энг зўр китоб олиб боришга ваъда берган эдим. Шуни топайлик».
Болаликда ойни севмаган, уни синчиклаб томоша қилмаган киши кам. Мен болаликда ойнинг ёз пайтидаги кўринишини онамиз тандирда пиширган иссиқ нонга, куздаги янги чиққан ойни бир тилим қовунга, қишдагисини Ойпар деган қизнинг оппоқ юзига, баҳордагисини эса ним қизил шафтолига ўхшатар эдим. Ойнинг боғимиздаги олма, шафтоли дарахтлари гуллаган пайтлари шохлар орасидан мўралаб ўтишини ёқтирардим. Маҳмуд Намозов куйлаган «Ойни олиб бераман» халқ терма қўшиғини болаликда, эллик йил бурун қишлоқда шеър қилиб айтиб юрардик. Аёллар бирор нарсага иддао қилишса, «Нима, ўша ойни олиб берармиди», дейишарди. Биз ойни олтин ёки кумушдан ясалган нарса деб тасаввур қилардик.
Мана, ўша олис ойнинг бир парчаси. Ўша, биз болаликда севган, болалик осмонини безаган сеҳрли ойдан олиб келинган тош. Уни кўриб, ҳафсалам пир бўлгани йўқ, аксинча, кўнглимнинг бир чеккасида алланимадандир қониқиш бор эди…