Осмонга термулиб турган кўзлар милтиллаган энг ёруғ юлдузни изларди. Табиат тун бағрида, ой митти юлдузларга алла айтган она цингари ўз меҳрини маъсума нурлари орқали аён қилади…
Ҳусноранинг юраги энтикиб ўз онасини кўз олдига келтирди, меҳрли нигоҳи, иссиқ тафтини эслаб соғинч ёшлари кўзидан сизиб чиқди.
Пойтахтга келганига уч ой бўлган бўлса, онасини эсламаган бир куни ҳам йўқ эди. Лекин бугун у онасини ҳар кунгидан кўра кўпроқ соғинди. Тунги юлдузларни кўриб уларга жуда ҳаваси келди. “Онам ёнимда бўлганида, дардимни айтсам, юрагимни ғашлаётган муаммонинг ечимини ҳам топармидим”, — деб ўйларди. Отаси айтган гапларни такрор-такрор хаёлидан ўтказарди. Отасининг гапидан ранжиган бўлса-да, рад жавобини беришга қудрати етмаганди ўшанда.
Эртаси куни олийгоҳга борар экан, ўша қадрдон мажнунтол тагида кўзларида меҳр билан жилмайиб турган Сардорни кўриб Ҳуснора доимгидек қувонмади, ғамгин нигоҳда жилмайиб қўйди, холос.
Сардор Ҳуснорага уни ёқтиришини такрор-такрор айтар, Ҳуснорадан ҳам бу гапига қувончли жавоб олишни кутарди.
Ҳусноранинг ғамгин нигоҳини кўрган Сардор, унинг кўнглини олишга ҳаракат қилди, аммо қизнинг юрагига қил ҳам сиғмас, отасининг сўзларини ёдидан чиқара олмас, ўртадаги муҳаббат поймол бўлишидан қалби изтироб алангасида ёнар эди. Қалбида илдиз отган туйғу, Сардорнинг қувноқ чеҳраси, меҳрли нигоҳлари уни мутлақо асир қилиб олган, юрагида гўзал ишқ ғунчаси етилган эди…
Ой, кунлар ўтган сайин отаси айтган кун келиши уни қўрқувга соларди.
Ниҳоят, ўша, ўзининг бўлғуси қайлиғи билан учрашадиган кун келди. У учрашувга чиқишни хоҳламасди. Аммо отасининг: “Қизим фақат шу йигитга турмушга чиқасан, розилик бериб бўлганмиз, уларнинг оиласи қишлоқда ўз ҳурматига эга оилалардан ҳисобланади”, — деган сўзлари ўта қатъий эди. Ҳусноранинг қалбида нима бор, бунга қизиқмасди ҳам.
Қизнинг қалби шу кундан исён кўтара бошлади, аммо отасининг охирги сўзи: “Онанг вафотидан сўнг, ҳам отанг, ҳам онанг бўлиб вояга етказдим. Сўзимни рад этиб, гапимни икки қилсанг, мени қаттиқ ранжитган бўласан”, — дегани унга қаттиқ таъсир қилган эди. У осмондаги энг ёруғ юлдузда онасининг меҳр нурини кўргандек, кечалари унга тикилиб бироз таскин топарди.
Сардор Ҳуснорани тушунолмас, қиз эса юрагидаги дардини ошкор қилолмас эди. Бу ҳолдан қийналган Ҳуснора Сардорга хат-хабар ҳам қолдирмай олийгоҳни ташлаб, қишлоғига қайтди. Отаси қизи қайтиши билан тўй кунини тезлатиб, тўйни ўтказди.
Аммо Ҳусноранинг ҳамон ёлғиз юрагидаги дард фақатгина ўзига аён эди. Қачонки, бирон жойда мажнунтол дарахтини кўрса, ўша меҳрли нигоҳни, нурли чеҳрани эслайверарди. Тунда бўлса, ўша ёруғ юлдузга дилидаги дардларини унсиз сўзларди.
Орадан бир йил ўтгач, ёш оилада ўғил фарзанд туғилди. Бу митти вужудга Сардор деб исм қўйдилар. Жажжи Сардорнинг юзларида жилваланган нур Ҳуснорага оналик бахтини ҳамда тақдирга шукроналик ҳиссини инъом этарди…