Юз йилдан бери терсоталикларнинг ғурури ва фахри бўлиб келган, замонавий қилиб қурилган равоқли уйлар қаршисида юздаги чипқондек қишлоққа кўримсизлик ва кексалик бағишлаб турган, номаълум ва мудҳиш синоатларга тўла қадим қўрғонни эслатувчи Байна момонинг уйини худди унутишга ва йўқ қилишга маҳкум этилган хотирадек ниҳоят бузиб ташлашга киришишди: темир тирноқли булдозерлар уйнинг деворларини қулатар эканлар, уй билан қўшиб, ўзларининг ҳам нималаринидир бузиб, вайрон қилишаётгандек, терсоталиклар бир чеккада жимгина кузатиб туришар ва нақ эллик йилча тақдирнинг бешафқат ўйинига қарши кураша-кураша дунёдан ёлғиз ва изсиз ўтиш азобини кўтариб келган, ҳаёти ўзларига ҳамон тушуниқсиз ва мавҳум туюладиган Байна момони эслаган аёллар кўзларига ёш олиб, болаларини бағирларига босганча, олис ва ғамгин хотираларга берилиб, мунғайган алфозда ўтирардилар.
Байна момо тириклигида, гарчи бу аёлларни, эрининг полвонлик лаш-лушлари ва кийим-кечаклари ётган, полвонниг ўлимидан сўнг ҳечқачон чироқ ёнмаган, туйнуги шуваб ташланган ана у ҳужра каби қоронғу мусибат тўла уйи ичкарисига киритмаган бўлса-да, улар қаҳр ва ғазабини ситам билан ичига ютиб келган бу кампирни ҳурмат ва эҳтиром билан эслашарди. Бу уй Терсотада қурилган биринчи уйлардан эди ва Райим полвоннинг отаси Шукур оқсоқол бундан бир аср муқаддам туғилажак фарзандларига кенг уй ва йилдан-йилга кўпайиб бораётган йилқиларга отхона солиш мақсадида Терсота сойининг офтобрўясига қишлоқнинг биринчи пойдеворини қурганди. Райим полвон эса отасининг ишини давом эттирди: уйнинг орқасида боғ барпо этди ва отхона ёнида қирга туташтириб, ёзнинг жазирамасидан гўшт ва ёғларни, қимиз ва айронларни асраш учун кенг ертўла, уйнинг олдига тошдан баланд супача, от кириб чиқадиган узун, устундор айвон қурди. Байна момо эллик йилга яқин ёлғизлик даврини ана шу айвондаги устунларга суяниб ўтказди: у эри ва ўғлининг жудолик азоби қийнаган пайтлар шу устунларни қучганча йиғларди. Кейинчалик кўз ёшлари ҳам тугаб қолгач, ҳаётида гўё суянчиғи ва орқасидан йиғлаб қоладигани йўқлигини одамлардан яшириш учун ёки энди йиллар силсиласига дош беролмай путурдан кетаётган уйни буткул вайрон бўлишдан асраб қолмоқчидек, елкасини устунга суяган ҳолатда хотирасининг синиқ парчаларига тикилиб, кўзларини юмганча ғамгину мустағриқ ўтирарди.
Райим полвоннинг ўлимидан кейин туғилган ва у ҳақда кейинчалик буткул эсларидан чиқиб кетган чўпчакларнигина эшитиб улғайган авлод уйларини равоқли ва пишиқ ғиштдан қура бошлагач, бир пайтлар Терсотанинг кўрки ва ғурури бўлиб турган бу уй бирдан кўримсиз қиёфага кирди ва энди Байна момо каби уй ҳам қишлоқдаги уйлар олдида ёлғизланиб қолганди: фақат бири-бирини босиб-туртиб кириб келаётган шошқолоқ йиллар бу авлоднинг саркаш қалбига қандайдир олис хотирани ёқиб қўйиш учун беҳуда уриниб, уй деворларига маҳзун битиклар ёзар, бекаси билан бирга бу макон ҳам аллақачон ўзининг олдинги қудрати ва виқорини йўқотиб бўлган, унут ва ташландиқ масканга айланганди. Терсоталиклар энди аеропланлар ҳақида гаплашишарди. Улар замоннинг алғов-далғовларига ғарқ бўлган, ҳаётларида юз бераётган янгиликларни ҳазм қилиб улгурмасди. Йиллар билан бирга ҳамма нарса ўзгарар, фақат Байна момогина уни сезмас, гўё унинг учун вақт ўша ҳолича қотиб қолгандай, уни ҳамон ўша эллик йил олдинги — эри ва ўғлининг ўлигини аскарлар тепкилаб ўтишган устун олдидан топиш мумкин эди.
Миршаб ва аскарлар уйнинг ҳар бурчагидан ёпирилиб келишганда Байна момо эрининг мурдаси устида турарди. Райим полвонни қўлга туширолмай юрган Замон отбоқар уни уйидан чиқаётганда отиб ўлдирган, энди полвон ростдан хам ўлганми, йўқми миршаблар билан пусиб-пойлаб, айвонга яқинлашиб келарди. Бироқ шу пайт яна ўқ овози жаранглади ва Райим полвондан кўз узмай келаётган аскар оёғини қучоқлаганча бақириб йиқилди. Байна момо меҳмонхона эшигидан чиқаверишда отасини отиб ташлашганини кўргач, уйга югуриб кириб кетган, қўлига отасининг милтиғини тутиб турган ўғлини кўрди — о`ғлининг кўзларида ҳам эриники каби ғазаб, телбалик ёнарди. Байна момо ўғлини огоҳлантиришга улгурмади. Бирданига бир неча ўқ овози унинг қулоғини битириб қўйди ва ўғли отасининг устига юзтубан йиқилди — йиқиларкан, энди сабза урган мўйлови титраб кетди, онасига бир зум қўрқув ва ҳижолат аралаш тикилди. Замон отбоқар югуриб келиб, унинг бошига тепди ва милтиқни бир четга улоқтирди. Қишлоқда аскарлардан бошқа ҳеч ким кўринмас, одамлар гўё сувга чўккандай ғойиб бўлган, фақат деразаларга тортилган қора пардалар бу мудҳиш жиноятга лоқайд ва бефарқ боқиб турарди. Байна момо терсоталикларни кечира олмади — кўкраги илма-тешик бўлган ўғлига қарата Замон отбоқар яна бир неча бор ўқ узаркан, у мадад излаб, уйларнинг туйнукларини ёпиб турган қора пардаларга бир-бир кўз тикди, бироқ у ердан совуқ сукутдан бошқа ҳеч нарса кўринмас, зулматга чўккан туйнуклар бу мисли кўрилмаган қотилликни жимгина томоша қилиб турарди. Миршаблар Райим полвон ва ўғлининг ўлганига ишонч ҳосил қилишгач, отларига миниб жўнаркан, Замон отбоқар эри ва ўғли мурдаси устида чўкка тушган Байна момонинг елкаси оша қамчи туширди:
— Энди хору зорликда ўлиб кетасан, — хириллади у. — Молингни топшир, деганда эринг қўлига милтиқ ушлаб биз билан сичқон-мушук ўйнади. Мана, энди унга ҳеч нарсанинг кераги йўқ.
Миршаблар Райим полвоннинг қўрадаги подаси-ю отларини ҳайдаб кетишди. Замон отбоқар отларни қувиб кетаркан, бир йўла отаси билан унинг қасосини олиши мумкин бўлган ўғлини ҳам отиб ташлаганидан хурсанд эди — у шу кетиши билан қишлоқнинг кўп нарсасини ҳайдаб кетди — энди қишлоқ бирдан минораси қулаган шаҳардек ғариб ва нотавон кўринарди. Ўн беш йиллардан сўнг Замон отбоқар қишлоққа қайтиб келганда қишлоқдан файз кетиб, одамлар яна ҳам ожиз ва ҳуркак бўлиб қолгандилар. У Райим полвондан сўнг ташландиқ ҳолатга келиб қолган сой бўйидаги боғга кенг қилиб уй қурди: у боғда уй қуриш учун ҳеч кимдан рухсат сўраб ўтирмади. Энди у ўзи бу қишлоққа олиб келган замон ҳавосидан яйраётган қишлоқдошларини кўриш учун отда изидан бир тўда ов итларини эргаштириб айланиб юраркан, қоя остида елкасига ўтин кўтариб келаётган Байна момога дуч келди. Байна момо қариб қолган, аммо ҳали ҳам кўзлари худди ўн беш йил аввалгидек қаҳрли ва нафрат тўла эди.
— Сен менга бундай қарама, — Замон отбоқар қамчисини ҳавода силкитар экан. — Эринг бу ерда бўлмаса бошқа ерда барибир ўлган бўларди. Сен эса хавотир олма, ўлсанг итларим кўмади. — Шундай деб у бўрибосарларни кўрсатди. Аммо у Байна момони бу сафар урмади. Байна момо ҳам унга бир оғиз ортиқча гапирмади. Умуман эри ва ўғлининг ўлимидан сўнг камгап ва одамови бўлиб қолганди. У Шукуроқсоқол ўз феълига яраша кенг-кенг қилиб қурган хоналарда худди бир нарсасини йўқотган каби мақсадсиз кезиб юрарди: у энди бу алғов дунёда ёлғиз ва қаровсиз қолганди: лекин ўзининг ожизлигини ҳеч қачон билдирмас, ўзидан кўнгил сўраганларни ёмон кўрар, гўё ҳаёти ҳеч ким қиё боқа олмайдиган дахлсиз салтанатдек у ёққа бирон кишини ,ҳатто сўзи билан ҳам, киришга йўл қўймасди. Эрта баҳордан то кеч кузгача саҳармардондан олдига беш-олти қўй-қўзи, эчки-улоқ ҳайдаганча дарё бўйидаги юлғунзорга тушиб кетар, у ердан қуриган шох-шабба териб, қоронғу тушганда уйига қайтар, бир йилда икки-уч марта тегирмонга буғдой кўтариб борарди. Унинг буғдой кўтариб юришидан ори келган Олломурод тегирмончи Байна момони инсофга чақирди:
— Сиз бундай овора бўлиб юрманг, — деди у. — Бирон эркакдан бериб юборсангиз, тортиб, ўзим уйингизга олиб бориб ташлайман.
— Бу қишлоқда эркак йўқ, — деди Байна момо зарда билан, сўнг елкасидаги буғдойни тегирмонга кираверишда туширди. Гапираётганда овози титраб кетди. Тегирмончи тилини тишлаб қолди. Байна момо бир пайтлар фақат қишлоқ эмас, бутун тоғли халқнинг орини кўтарган, номини чиқарган Райим полвонни қулоқ дея таъқиб қилишларига, сўнг итдай хор қилиб отиб ташлашларига йўл қўйгани ва ўғли билан эрини замоннинг эгаси, бир пайтлар Райим полвоннинг малайи Замон отбоқар ихтиёрига бериб қўйгани учун қишлоқдошларини кечиролмас, уларга бўлган нафрати сусайиш ўрнига, йиллар ўтиб, ота-бола ўлдирилган оқшомдан узоқлашган сайин кўпроқ ўрни ва қадри билинаётган, ўзини ҳаётнинг барча қувончидан бир йўла маҳрум этган, ёлғизликнинг кўр мусибати аро тобора авжланиб, Байна момонинг кексалиги билан бирга инжиқ ва йўриқсиз бўлиб борарди. У баъзида қишлоқдошларини очиқ масхара қиларди: «E, сенмисан, Салом кўса, хотинингнинг иштонини кийиб юрибсанми дейман», «Ҳаким отчопормисан, бунча урғочи байталга ўхшаб қийшанглайсанг…» «Бу қишлоқнинг аёллари энди фақат хезалак туғади». Бу масхара ва нафрат йиллар ўтиши билан Байна момони қишлоқдан бутунлай ажратиб қўйди. Энди у ёлғиз ва кимсасиз қолди. Уни ойлаб биров йўқламас, фақат эрталаб эчкиларини юлғунзорга ҳайдаб, бораётганидан, кечқурунлари қишлоқни тутган қайнаётган сут ҳидидан ҳали унинг тирик эканини билишарди. Байна момо ўз ёлғизлиги ва мусибатини ҳаётнинг бадбўй, забун, хор этилган ҳидлари анқиб ётган йиллар даҳлизидан етаклаб ўтди. Қишлоқдошлари баҳор келиши билан эски яйловларга кўчиб чиқишар ва ер шудгорлар, ҳар ким ўз ташвишига берилиб кетарди. Қишлоқда қолган Байна момо эса бу пайтда ёлғизлик даштини шудгорлар, у ерга ҳар йили Замон отбоқар ҳукумат одамлари билан келиб, эри ва ўғлини отиб ташлаган оқшомни экар ва сўнг ёлғиз ўзи ҳосилини ҳам йиғиб оларди. Байна момо ҳар кеча кўз ёшлари билан тўлган қайиқда йиллар қоялари орасида қолиб кетган эри билан ўғлининг илма-тешик бўлган мурдаси ва Замон отбоқарнинг музаффар қамчиси ётган қонли ҳалқоб билан тўлган айвонга сузиб борар, эрталаблари ҳўл бўлиб кетган ёстиғини худди қадим аждодларнинг унут яловидай уйининг олдидаги — орадан йиллар ўтгач, уйини бузаётганлар қўпориб ташлашга кучлари етмагач, ковлаб олишга мажбур бўлган — баланд толга осиб, офтобда қуритарди. Қиш пайтлари ғамлаб қўйган ўтини етмаган кунлари у кўрпага оёғини тиққанча хотирасига исиниб жон сақларди. Ражаб кўса қариндошлиги қўзиб, бир неча йил олдин ғамлаб берган ўтини омборхона ортида кўса келтириб, тахлаган жойда тахи бузилмай турарди — уни Байна момо қазо қилганда маъракага яратишди ва барча терсоталиклар Райим полвон тириклигида ҳамманинг маслаҳатгўйи бўлган, уйи ҳамиша меҳмонлар ва полвонваччалар билан тўлиб-тошадиган бу аёлнинг бунчалик нафрати ва тавқи лаънатига сазовор нима гуноҳ қилишганини бир умр билолмай ўтишди. Байна момо қишлоқдошларига кўз-кўз қилмоқчидай, бу уйнинг эркаги ва орияти ўлмаган дея таъкидлаётгандай эри ва ўғлининг полвонлик яктакларини ҳар ойнинг охирида шусиз ҳам ҳамманинг кўзига ташланиб турадиган уйининг шаппатгайига осиб қўярди: яктаклар ҳам бора-бора йиллар ҳовурига ҳамда ҳар ойда қайта ювадиган нафрат тўла чангалларга дош беролмади: Замон қассоб ўлимидан бир кун олдин яктаклар торда увада-увада бўлиб осилиб турар, улар энди кийимдан кўра кўпроқ қабрлар устига илиб қўядиган лахтакка ўхшаб қолганди.
Замон отбоқарнинг ўлими ҳам Байна момонинг қалбини юмшата олмади: унинг ўлими тўғрисидаги хабарни келтиришганда Байна момо ўз ҳужрасида келинлик сандиғи ёнида чўкак тушганча мусибату ғамга кўмилиб ўтирарди: унинг шу туриши азоб-уқубатнинг бир тўплам уюмига ўхшарди. Ҳужрага бош суққан Розия момо унга Замон отбоқарнинг ўлими ҳақидаги хабарни етказди. Барча аёллар ҳозир қувончдан ҳаммани бир-бир қучиб чиқади деб ўйлашганди. Аммо Байна момо хабарни оқсуяклардек хотиржам қабул қилди: у бу хабардан ажабланмади ҳам, ўтирган жойидан остонадаги аёлларга бурилиб ҳам қарамади — ҳайкалдай, гўё тошдай қотиб ўтираверди. Фақат унинг бармоқлари қалтираб турар, хонага қон ҳидидай нохуш ҳид ўтириб қолганди. Аёллар ундан жавоб кутиб узоқ ўтиришди. Орадан анча вақт ўтгач, Байна момо уларга ўгирилиб ҳам қарамай, гўё уларни кўришдан ижирғангандай ва жиркангандек алфозда «Боринглар, ўликларингга йиғланглар» деди. Унинг қаҳр тўла товуши кўпдан буён одам қадами етмаган ҳужралар ичига сингиб кетди: у ердан йигирма уч йиллик чангу ғубор гўё зардали овоздан қалтираб кетгандек жойларидан бир қимиллаб қўйди, сўнг яна ҳужраларга бу хонадон бошига тушган ғам-андуҳдай абадий чўкди. Шундай дея Байна момо мусибат ва ғам адо қилган бу аёлнинг йилдан-йилга кичрайиб, қариб бораётганидан ва юзларини тилим қилиб ташлаган ажинларидан уялгандай фаслма-фасл ранги ўзгариб, худди бекаси каби туссиз, рангсиз кўринишига келиб қолган ва ҳеч қачон елкасидан тушмаган желаги билан юзини аёллардан тўсиб олди; шу билан у терсоталиклар ва одамлар билан ўрнатилажак барча мулоқотлар эшигини тақа-тақ ёпди ва фақат ўзигагина маълум, бошқа ҳеч ким англай олмайдиган, бошқа ҳеч ким англашга қодир бўлмаган ўз дунёсига кириб кетди.
Байна момо сўнгги нафасигача ўз нафратига содиқ қолди. Замон отбоқарнинг ўлимидан сўнг ҳам қишлоқдошлари билан илакишиб кетолмади. Умрининг охирида бу ўжар кампир барибир ўзлариникига кўчиб бормаслигини сезгач, синглиси билан куёвининг ўзлари кўчиб келишди: аммо бу пайтда Байна момо бутунлай оёқдан қолган, фақат кун узоғи кўзини шифтга тикканча чўзилиб ётишга ярарди. Байна момони эри ва ўғлининг қабри ёнига қўйишди: эллик йил аввалги қабрни осонгина топишди; қабр деярли ҳар ҳафта тозалаб турилганидан бошқа қабрлардан якқол ажралиб турар ва ундан мискин бир андуҳ анқирди. Унинг Райим полвондан сўнг деярли янгиланмаган, ҳатто уларга ҳам мусибат ва ёлғизлик ҳиди ўтириб қолган кўйлакларини халқ лапарларини йиғиш учун келиб, қуриб кетишган ва ўша талаба қизлардан сўнг бирон марта фойдаланилмаган торга узоқ жанглардан сўнг мағлуб бўлган қўшиннинг ўзларига ўлжа қолган туғларини осиб қўйишгандек ва қишлоқдошларидан эллик йил нафрат қилган аёл устидан ниҳоят ғалаба қилишгандек бир-бир осиб чиқишди. Талаба қизлар ўшанда Замон отбоқарникига йиғилган, пишириқ-мишириқни бошлашган аёллар қий-чув қилишаётган оқшомда келишганди. Уларнинг келиши билан Замон отбоқарникида бошланган тўй ташвишлари қўшилиб кетди. Бироқ қизлар қишлоқ иримларини назарига ҳам илишмади. Байна момоникига кела-солиб, кир ювишга тушдилар — улар ичкўйлак, рўмол, яна Байна момога ғалати кўринган шимларини шундоқ ҳаммага кўз-кўз бўладиган жойга бемалол осиб қўйишди — улар Мели ўқитувчининг «қишлоқдаги энг кекса аёл» деган бир оғиз гапи билан Байна момоникига келиб ўрнашиб олишган, афтидан, ҳали-бери кетишмоқчига ўхшамасди. Байна момо улар билан очилиб гаплашмади ҳам. У кечқурун эчкиларни соғаркан, қизлар ҳайратдан қий-чув қилиб юбордилар: уларнинг биронтаси ҳам эчки соғишни кўрмаганди. Қизларнинг бир-иккитаси Байна момога яқинроқ келиб, унинг эчки елинига бориб келаётган қоқсуяк қўлларига қарадилар: миршабларнинг ҳафсаласини пир қилган, худди уйнинг девори каби йиллар уқалай-уқалай жимитдек қилиб қўйган гавдасини сал олдинга эгиб турганидан унинг ўзи ҳам қари ва озғин эчкига ўхшаб қолганди.
— Агар ўғлингиз бўлганида мен сизга жон-жон деб келин бўлардим, — деди қизлардан шаддодроғи Байна момонинг эчки соғишидан завқи келиб.
Байна момо унга ўқрайиб қаради ва кўзларида бирдан алам ёнди: қизлар қўрқиб кетишди: кўз олдиларида Байна момонинг бутун танаси бирдан тутаб жўнагандай туюлди. Қизлар дуд ҳидини аниқ сезишди. Байна момо ўрнидан турди-да, қўлидаги кадини супага қўйиб, ичкари кириб кетди ва шу киргани билан эртасига эчкиларини юлғунзорга ҳайдаб кетмагунча қайтиб чиқмади. Чошгоҳ пайти эчкиларини ҳайдаб кетар экан, қизларга бир оғиз ҳам гапирмади. У худди ойпарастга ўхшаб кетиб борар, эчкилари юлғунзорга эмас, Пўлат чолнинг бедапоясига қараб кетаётганини ҳам сезмай юлғунзор тарафга йўл олганди. Пўлат чол қорни шишиб кетган эчкиларни ҳайдаб келганда Байна момони уйдан тополмади: у алламаҳал, ой атрофни сутдай ёритганда шарпадай кириб келди ва уйга кириб кетиб, то миршаблар сўраб келмагунча уйдан чиқмади. Қизлар бир ҳафта унинг оғзини пойлаб овора бўлишгач, бирон нарсага эришолмай қайтиб кетишди. Улар уй олдида пайдо бўлишлари билан уйнинг таназзулга юз тутгани бирдан билиниб қолди. Улар навқирон ва гўзал эдилар, уйдан ва Байна момодан чиркинлик ва мусибат ҳиди келар, навқиронлик олдида бирдан уй ҳам, Байна момо ҳам кексайиб қолгандай эди. Улар бу уйга ўрнашиб қолган ёлғизлик ва мусибатни чўчитиб,сўнг қувиб юборишмоқчидай тинмай хохолашардилар. Талаба қизларнинг очиқ-сочиқлиги ва лорсиллаган таналарини кўз-кўз қилиш учун кийиб олган тор шиму кўйлаклари, калта сочлари-ю ғалати, оппоқ пайпоқлари ҳам табиатан текин томошани яхши ко`радиган терсоталикларнинг эътиборини тортолмади: уларнинг шаҳар атири уфуриб турган ноз ва таманнолари сирли тарзда ўлдирилган отбоқарнинг азаси орасида кўзга ташланмай қолди. Узоқ вақт фарзандсизлик азобини тортган отбоқарни қирқдан ошиб дунёга келган уч ўғлига биравракайига дабдабали тўй килиш учун казо-казоларни шахсан ўзи айтиб келиш мақсадида шаҳар тушиб кетгандан икки кундан сўнг эрталаб дарё бўйидаги юлғунзор ичидан чавақланган ҳолда топиб олишганда аллақачон тўй қозонлари қурилиб, узоқ манзиллардан баъзи меҳмонлар кела бошлаган эди. Узоқ йиллар ўзларига суянчиқ бўлиб келган отбоқарнинг ўлими худди душманларидан ўзларини асраб турган қўрғонлари қулагандек терсоталикларни бирдан мунғайтириб қўйди — улар қарийб йигирма беш йил раҳнамо ва пешволари бўлиб келган одамнинг ўлимидан қаттиқ қайғуга тушдилар. Эртасига етиб келган миршаблар қишлоқдаги ҳар бир эркак билан гаплашиб чиқишди, сўнг улар Байна момоникига йўл олдилар — улар йигирма уч йил муқаддам отбоқар туфайли эри ва ўғлидан ажралган аёлни тўсатдан эслаб қолишганди. Бироқ улоқлар ичида улоқдан ҳам кичик жуссали, юзига йилларнинг бешафқат муҳри босилган ҳамда ёлғизликка маҳкум этилган, ҳар бир сониянинг мусибату андуҳи асорати порлаб турган кичкина, жимитдай, сочлари оппоқ бўлиб қолган кампирни кўришгач, негадир ботинишолмади — улар қаршиларидаги рамақижон кампир билан девдай Замон отбоқарни қиёслашиб, ўз шубҳаларидан уялиб кетишди, чоғи, индамай изига қайтдилар. Улар, гарчи Байна момони сўроқ қилганларида ҳам ҳеч нарсага эриша олмасдилар — у кейинги йилларда бир оғиз ҳам гапирмаган, сўзлар ва уларнинг маъноси унинг хотирасидан чиқиб кетгандай ёки ўз моҳиятини йўқотгандай, ўз қайғу ва азоби билан кунларни зўрға енгиб яшаётган эди. Замон отбоқар итдай ўлим топганди. Жасаднинг шу туриши аввал о`зи, кейин тепаси қулаб тушган улкан минорни эслатарди- кийимлар пора-пора йиртилган, аврати узиб ташланган,о`нта бармоқнинг ҳаммаси кесиб олинганди…Барибир бармоқни излаб топишолмади. Жасадни бармоқсиз кўмишга тўғри келди: бутун қишлоқ нақ ёмат майдонга айланганди: аёллар уввос соиб йиғлашар экан, энди сочлари қордай оппоқ, деярли арвоҳга айланган, қишлоқдошларининг хотирасидан ҳам чиқиб кетган Байна момо том устида Райим полвонни итдай отиб, ташлашларидан бир неча дақиқа олдин отини эгарлаш учун олиб чиқаётиб, ўққа дучор бўлган, йиллар пора-пора қилиб ташлаган жабдуқ устига чўкак тушганча тўй деб келиб, аза устидан чиқаётган меҳмонларни, тўй бераман деб, энди аза бераётган қишлоқдошларини кузатиб, худди қутлуғ бир вазифани ўтаб, энди дунёда армони қолмагандек, йиллар ғижимлаб ташлаган юзида бир жунунваш ифода қотиб қолган ҳолда терсоталиклар ҳаётига йигирма уч йил соя солган тош ҳайкал каби қилт этмасдан ўтирарди.
Ниҳоят бу кампирнинг ҳам ситамгар китоби ўқиб бўлинди — у лайлатулқадр кутилаётган оқшом ёғоч ва кўп йиллик андуҳлар ҳиди ўтириб қолган, содиқ қўшиндай эллик йилнинг бирон куни ҳам тарк этилмаган ғамнок ва аламли салтанати — келинлик тўшагида жимгина жони узилди — фақат ўлиши олдидан синглисини чақириб йигирма йилдан буён очилмаган, олтмиш етти йил олдин тераклилик Кўр Сафар уста ясаган, ярим вайрона сандиққа имо қилди ва бир сўз демай тўшакка бош қўйиб жимгина жон берди. Уни эртасига тушга яқин чиқаришди. Удумга кўра азага Ўранинг барча қишлоғидан одамлар терилиб келишди — амир замонларини кўрган, нариги асрнинг сўнгги ёдгори бўлган қишлоқдошларини сўнгги йўлга кузатиш учун барча кекса-ю ёш йиғилди. Йиғилганлар орасида Райим полвон билан ўғлини ҳимоя қилолмай, Байна момонинг бир умрлик нафратига дучор бўлган, ўша пайтда навқирон, энди шарти кетиб, парти қолган чоллар ҳам бор эди. Улар орадан эллик йил ўтгач, бу унут ва музтар гўшага биринчи бор қадам қўйишган ва тобут ортидан гуноҳкорона бўйин эгиб боришарди.
Мурдани ювиш олдидан сандиқни очишди. Аввал ўлимликка аталган кийим-кечакларни, кафанни олишди, сўнг дастаси қорайиб қолган қамчи, сопига гавҳар ўрнатилган ханжар, эркак кишининг тер ҳиди келиб турган калапўши, кўкракка тақадиган зебигардон, кампирнинг қўлида ҳеч қачон кўринмаган келинлик билагузуги, этаги каштали, ёқасига тасма урилган кенг кўйлак, ангишвона ва сарғайиб кетган Қуръонни олишди. Энг охирида сандиқдан боғичини чирк боғлаган, каптарнинг юрагидек кичкина, матоси зар сим билан тикилган, кўп йиллик қон қотиб қолган тумор ва тиғи занглаган қайчи, кўп йил турганидан бўғин-бўғин бўлиб, фақат суякнинг ўзи қолган, у ҳам қорамтир тус олиб, нақ кукунга айланиш арафасига келган, чорсининг йиртиғига пала-партиш ўраб ташланган ўнта одам бармоғи ҳам топилди…