Назар Эшонқул. Бевақт чалинган бонг (ҳикоя)

I

Посёлкада биринчи марта пайдо бўлганда унинг юзида ҳали навқиронлик даври шамлари ўчмаган, бадани ва серажин бўйнига чириган ёғоч иси ўтиришиб қолган, димоғидан ёқимли тамаки ҳиди келиб турар, гарчи ўткир ва азобли кўзларидаги ёввойи мушукдек ёт мунг уни одамлардан четга тортиб турса-да, очиқ истараси ва салти-сувой суни-сумбати кишида танишиш ва суҳбатлашиш истагини туғдирарди. Лекин у одамлар билан илакишиб кетолмади. Ким унга ўзини яқин тутса, у шунчалик ўз қобиғига ўралиб олар, бу ердагиларга қоронғи бўлган ҳаёти каби бурчакдаги қуёш нури тушмайдиган пастаккина ҳужрасига кириб, куни бўйи чекиб ўтирарди: ҳужрага ҳам терчил бадан ҳамда тамаки ҳиди ўрнашиб қолган, ғалати осойишталик ва жимлик билан кун узоғи шифтда сузиб юрадиган ҳидлар унинг ёлғиз ва сўққабош ҳаётини тўлдириб, бу бесаришта ва ипирисқи хонага тириклик бағишлаб тургандай эди: зотан, унинг кўникмага айланган сокин ва ёлғиз ҳаётини бу йилларда ҳеч ким буза олмади. Бу эшиги қайси томондалиги номаълум бўлган тўзиган қўрғонга ҳеч ким киролмади.
Баҳорнинг чувоқли кунлари котиб уни балиқ овига олиб борар, одамлар бегим кунлари тонг пайтлари тамадди тўла рўзғор халтасини зўрға кўтарганча кўлга қараб кетаётган қоровулни ва узун эгма қармоқларни елкасига ташлаб, хас шляпани олифталарча чаккасига қўндирган котибни кўриб қолишарди: найнов, даққи бўлиб кўринган қоровул бутун инон-ихтиёрини унинг қўлига бериб қўйгандай котибнинг изидан борар, унга ақалли қаёққа кетишаётганининг ҳам қизиғи йўқдай бошини эгиб, қўнжи қайтарилган қизил этикнинг пошналарига қараб йўлни топар ва секин лўкилларди. Улар, одатда, кўлнинг ялангликка туташ жойини танлашарди; бу ерда қуёшнинг аёвсиз жазирасидан асрайдиган иккита тасодифан ўсган ёввойи жийда дарахти бор эди. Котиб ҳамиша қармоқ олдида бўларди. У эса ўчоқ бошида куймаланар, яқин орадан хас-хашак, тезак териб, тутаб ётган ўчоқни ҳадеб пуфлар, ачишган кўзларини котибга маҳрамона эҳтиром билан тикиб қўярди. Тамадди пайтлари улар деярли гаплашишмасди, еб-ичиб бўлишгач, ов зериктирганидан жийда остида ёлғиз ўзи ичкиликни давом эттираётган котиб нарироқда пўкакка юрак ҳовучлаб тикилиб турган қоровулга қараб қаҳқаҳа отиб юборарди; у эса ўзини янаям ношуд ҳис этар ва беўхшов жилмаяр, лекин нега жилмайганини ўзи билмасди.
– Сени яхши бир аёлга уйлантириб қўяман, мана, кўрасан, ҳали онаси ўпмаганига, – дерди котиб унинг елкасига худди қари отни қамчилагандай қарс-қарс уриб.
У индамас, ёш боладай хўмрайиб оларди. Бироқ пир-пир учаётган киприклари ва ёйилиб бораётган лаблари унга бу таклиф ёқиб тушганини фош қилиб турарди. Кечқурун ови юришмай жаҳли чиққанидан тўйиб ичиб олган, хурмачаси тўлиб қолган котибни суяб, судраб меҳмонхонага олиб келар, котиб эса уни қучоқлаб ўпар ва қўшиқ хиргойи қиларди: шундай пайтда нуқул аёллар эсига тушарди; диванда ярим ёнбошлаб аёллар билан бўлган ишқий можароларини ғўлдираб айтиб берар, ора-сира ўзи билан бирга ўқиган олис юртлик қизга уйланолмай доғда қолгани, шунинг аламида ичишини, ундай қизни бутун дунёни ҳам ахтариб топиб бўлмаслигини қайта-қайта таъкидларди.
– Сен билан бизнинг дардимиз бир, – дерди котиб уни чўлп-чўлп ўпаркан. – Шунинг учун сени яхши кўраман. Сен менинг… жигарим-м-сан, йўўқ, акам-м-с-сан, ке-л, яхшилаб ўпай.
Бундай дилгир паллаларда қоровулнинг йиғлагиси келар, лекин йиғламасди. Баъзида худди ёш болага ўхшаб қоладиган бу одамга нисбатан кўнглида меҳр пайдо бўларди. «Иккаламиз ҳам бахтсизмиз, иккаламиз ҳам сарсонмиз», – деб ўйларди қоровул кўзларини четга олиб қочаркан, ростдан ҳам котибни худди ўз жигаридай тўйиб-тўйиб қучгиси, худди гўдакдай оғушига олиб овунтиргиси келарди.
– Мана бу ерим аламга тўлиб кетган, – дерди котиб кўкрагига муштлаб. – Қанча аёлни қўлимдан ўтказдим, лекин ундайини тополмадим. У оламда битта.
– Оламда битта, бошқа ҳеч жойда йўқ, – дерди у ҳам котибнинг гапини тасдиқлаб. – Қани, ечиниб ётинг.
Сўнг у котибнинг кийимларини ечишга ёрдамлашар, музхонадан қатиқ олиб ичирар, бошини боғлаб қўяр, шунда ҳам тинчимай кечалари уч-тўрт марта хабар оларди.
– Сиз ишга кетаверинг, – дерди у эрталаб котибга қусуққа ботган полни ва гиламни артиб олар экан, – ўзим ювиб қўяман.
Котиб қилган ишидан энди уялаётгандек тунд қиёфада чиқиб кетар, ювиб қўйилган ич кийимларига эса худди шундай бўлиши керакдай эътибор ҳам бермас, индамай кийиб оларди.
Баъзан котиб унга атайлаб шаҳардан яхши навли тамаки ёки пиво кўтариб келганда унинг чеҳраси ёришиб кетарди.
– Бу нимаси, овора бўлибсиз-да, – дерди юзаки хижолат билан, бироқ ичида ўзича ғурурланиб қўярди. У котибнинг калондимоғ одам эканлигини билса ҳам, унинг шу тантилигини жуда ҳурмат қилар, гапини икки қилмай бажаришга уринар, калласи қизиб қолган котиб оғзидан боди кириб, шоди чиқиб, уни «қўтир тақа» деб сўкса ҳам, сира хафа бўлмас, аксинча, қийшайиб қолган оғзидан вишиллаб чиқадиган бу сўз уни котибга янада яқинлаштирар, эртасига у худди ҳеч нарса эшитмагандай хонага маймоқланиб кириб келарди.
Посёлкада ҳали янги уйлар бўлмагани учун котиб меҳмонхонада яшаб қолди, кейинчалик уй битгач ҳам у негадир оиласини олиб келмади. Ойнинг бошларида уч-тўрт кун йўқ бўлиб кетар, сўнг яна қаҳрли, тунд ва ҳўмрайган қиёфада пайдо бўлар, посёлкада у кетиши билан тўхтаб қолган ишлар яна жонланар, пахтазорда улоқиб юрадиган сигирлар боғланар, дўконлар ўз вақтида очиларди. Котиб одамшаванда киши эди, қоровул тезда бунинг гувоҳи бўлди. У шеригига бир оз такаббурона тикилар, лекин ҳар қандай кишининг кўнглига йўл топадиган улфатижон йигит эди. «Агар бу дунёда мурувватли ва қалби тоза йигит бўлса, у мана шу котиб», – деб ўйларди қоровул.
Котиб бир сўзли одам эди – у қоровулга берган ваъдасининг устидан чиқди; инспектор ва тумандагиларнинг хархашасига қарамай, меҳмонхона қоровуллигида олиб қолди; уч йил бадалига унга бирон марта ёмон гапирмади; котибнинг бор алами ичида эди, шунинг учун деярли ҳар куни ичар ва қоровулга ҳам ичирар, сўнг то эрталабгача қотиб ухларди.

II

«Онаси ҳосилотнинг ўйнаши бўлган!». У қулоқларига ишонмади; янглиш эшитмадиммикин деб ўйлади. Лекин эшик орқасидан котибнинг овози жуда аниқ-тиниқ эшитилиб турарди. У котибнинг чиройли, хумор кўзларини, бадқовоқ юзини кўз олдига келтирди; диванга ярим яланғоч чўзилганча ўзига айттириб, изидан: «Окаси жонидан», – дея бақиришлари эсига тушди. Сўнг худди тутиб бўлмайдиган кўзёшдай котибни бекатда илк марта кўргани, эгнидаги оқ мўйнадан тикилган пўстини эсига тушди. У котибни айиқдай бефаҳм одам бўлса керак деб ўйлаганди. Лекин бундай бўлиб чиқмади, котиб унинг ўтмиши билан қизиқмади. Кейинчалик инспектор келиб огоҳлантиргач ҳам бунга эътибор бермади, уни янги қурилган меҳмонхонага қоровул қилиб қўйди. У кўп йиллардан бери ўз ўтмиши билан қизиқмаган одамни биринчи бор учратиши эди ва улар тезда иноқ бўлиб кетишди.
Ичкаридан хўрсиниққа ўхшаш йиғи овози келарди; қандайдир аёл кимдандир ноҳақ ҳақорат эшитаётгандай ўксиниб-ўксиниб йиғларди – у эса аста-секин лойқаланаётган дарё ёки дағдаға ва ваҳима билан бошланишдан олдин гўё бу қари ва кекса дунёни бир боплаб лақиллатмоқчидек бирдан осойишта бўлиб қолган бўрон ёки эндигина ҳилпирай бошлаган байроқдек ичида нимадир тошиб, ҳаприқиб келаётганини ҳис қилганча торлари узилган ғижжак каби сассиз, садосиз қотиб турарди. У барваста, мушакдор, қирғийбурун, юзи рақами ўчиб кетган тангачадек кўримсиз, ичкиликнинг ва қачонлардир бошидан кечирган мусибатларнинг асорати бўлиб газак олган ярадек гезарган, узун қўллари энди бу дунёда ушлаб оладиган нарсаси қолмагандек ёки қандайдир номсиз мусиқани ҳеч кимга эшиттирмай чалаётгандай билинар-билинмас қалтираб турарди. У чорак соатча олдин котибнинг ёшгина бригадир қиз билан меҳмонхонага кириб кетганини кўрган эди. Салдан сўнг доим қулфлоғлик турадиган ва баъзи-баъзида келиб қоладиган эътиборли меҳмонларга мўлжалланган хонанинг калитини сўраб келганда котиб унга маънодор кўз қисиб қўйди. Унинг юзи ҳирс ва дағалликдан қизариб кетган эди.
– Ёки сени киритиб юборайми? – деди котиб ичкарига ишора қилиб. У ёйилиб кулди. Бизларга йўл бўлсин сиз турганда дегандай елка қисди. Сўнг уларга халақит бермаслик учун боғ эшигини занжирлаб, ҳужрасига кирган жойида бирдан ичкаридан аёл йиғисини эшитиб, таққа тўхтаб қолди. У беихтиёр даҳлиз бўйлаб ўнг тарафдаги хонанинг эшиги олдига борди, бирон ёрдамим керак эмасмикин деган хаёлда эди. Ичкарида йиғи аралаш котибнинг сал қизишган жазавали товуши эшитиларди. У қизга ниманидир уқтирар, тўғрироғи, нимадир деб овутарди; қоровул эшикни итармоқчи бўлди, лекин бирдан қўлини тортиб олди.
– Ҳамма шундай қилади, – деди котиб палағда овозда. – Бошқача йўли йўқ. Шуни билки, бўлмайди ҳам. Бунинг учун ҳеч ким сени айбламайди, сен қўрқма, ҳаммасига ўзим жавоб бераман.
Қиз, афтидан, йиғи аралаш котибни жеркиб ташлади. Ичкарида нимадир тарақлаб қулади: у «курси ағанади» деб ўйлади, сўнг шундоқ эшикнинг тагида котибнинг ҳансирашини эшитиб, даҳлиз орқали кичкина айвонга чиқиб турди, бироқ эшик очилавермагач, яна узалиб даҳлизга қаради; полининг бўёғи кўчиб қолган, қалин бахмал парда осилган деразадан ойнинг хирагина шуъласи тирқираб тўкиларди. Ой ҳам онда-сонда меҳмонлар ташриф буюргандагина очиладиган бинонинг дид билан безатилган хонасида нималар бўлаётганини ўз кўзлари билан кўрмоқчидек қалин парда орқали даҳлизга хомуш мўралаб турарди.
Котиб меҳмонхонага кўп аёлларни бошлаб келганди, бироқ биронтаси йиғлаганини ёки ортиқча шовқин кўтарганини қоровул эслолмасди.
Қиз тез-тез, жеркиб-жеркиб гапирар ва ора-сира пиқиллаб қўярди. Унинг йиғиси меҳмонхонанинг жипс деворидан зўрға сирғалиб ўтиб, айвон орқали боққа ўрмалаб чиқар ва ўзидан салқин ҳаво таратаётган ҳовуз атрофидаги дарахтлар орасига сингиб кетарди.
У қизнинг сўнаётган гулхан каби ожизгина йиғисини айвоннинг бир четида устунга суянганча тинглаб турар ва котиб қурғур худди айғирга ўхшайди-я деб ўйларди. Хона эшиги икки-уч марта қаттиқ-қаттиқ урилгач, у яна даҳлизга мўралаб қаради, бошқасига журъат қилолмай айвон бўйлаб у ёқдан бу ёққа юра бошлади. Сўнг бояги жойига бориб устунга суянди-да, тун китобининг зулмат тўла варақларидан нима қилиш зарурлигини ўқиб билмоқчидек ухлаб ётган боққа тикилиб қолди.

III

Ўшанда йигитларнинг ҳаммаси ичиб олган эди. Улар орқаворатдан «Ота безор» деб ном олган бу янги посёлканинг илк қўналғачилари эди; оталари билан гап талашиб ёки мўмайроқ пул топиш илинжида Терсотани ташлаб келган, чўлнинг шавқсиз ва жазира ҳаётига ўрганиб қолган ва шундан бошқача ҳаётни тасаввур ҳам қилишолмайдиган, ҳатто болаликларини ҳам худди бир пайтлар ўқиган, лекин номидан бошқа ҳеч нарсаси эсларида қолмаган дарсликдек эринчоқлик билан элас-элас эслайдиган танбал ва ҳали мутлақо бўз йигитлар эди. Улар бири қўйиб, бири олиб ундан посёлкадан чиқиб кетишни талаб қилишар, йўқса, тушига ҳам кирмаган ҳангомаларни кўришини, ўзларининг ҳеч нарсадан тап тортмасликларини дўқ-пўписа аралаш таъкидлашар, улар бу ерга кимнингдир йўриғи билан келганларини, афтидан, унчалик яширгилари ҳам келмай меҳмонхонанинг олд зинасигача бостириб келишган ва мўътабар меҳмонлар учун атайлаб қурилган бу ҳашамдор бинонинг зинаси уларга номаълум ва қоронғи бўлган бошқа дунёга бошлаб борадиган йўлакдек зинага чиқаверишда таққа тўхтаб қолишган ва у ердан ҳатлаб ўтишга ботинолмай устунга суяниб ўзларини синовчан хўмрайиб кузатиб турган ундан ва нақ кираверишдаги пештахтага осиб қўйилган, кечки шабадада салобат билан ҳилпираётган алвондай байроқдан бир оз ҳадиксираб туришарди.
У эса йигитларнинг худди ҳўкиз етаклагандай биткўз йигитни олдиларига солиб туртиб, итариб келаётганини кўрган дақиқадаёқ нима гаплигини англаган ва ўзини иложи борича хотиржам тутишга қарор қилганди.
– Қишлоқдан чиқиб кет! – бақирарди бошига қалин исқирт шляпани бостириб кийиб олган қоп-қора йигит. У қандайдир пўписа тўла хатни ўқиб бераётгандек қисиниб-қимтиниб, айни пайтда, ўзини дадил тутиш учун димоғини ҳаддан ташқари юқори кўтариб олганди. – Бу қишлоқда сен билан бирга яшашни истамаймиз!!!
– Яхшиликча чиқиб кет, – дерди бошқа бир жириллаганроғи. – Қанча тез чиқиб кетсанг, ўзингга шунча яхши. Биз аяб ўтирмаймиз.
– Тўрт томонинг қибла, котибнинг ялоқхўри! – пихиллаб гапирарди бошқа бири – тўпланганларнинг ичида ёши каттароғи ўша эди. Унинг кир-чирга ботган соқоли ичида чувак юзи зўрға кўринарди. У боплаб гапирдимми дегандек ҳамроҳларига бир-бир қараб олди, лекин ҳамроҳлари бу зўр гапга унчалик эътибор беришмади. Унга қайрилиб ҳам қарашмади. Ҳаммаси лўнда ва кесиб-кесиб гапириш учун зўр бериб кучанишар, шу сабабли бир-бирларининг гапларини деярли эшитишмасди.
– Яна бизни қўрқяпти дема, – деди биткўз йигит. – Сен у ёқда ўтириб келган бўлсанг ҳам аямаймиз… умуман, биз сендан қўрқмаймиз, шундай, келган ерингга даф бўл!!! – Бу гапи билан йигит унинг у ёқда ўтириб келганидан чўчиб турганини сездириб қўйди.
– Котибнинг ювиндисини ичиб жуда керилиб қолди, – деди озғинроқ, юзи қув йигит. – Ўзини бизларга хўжайин деб ўйлаяпти.
– Бугун сигарет сўради, эртага бошқа нарса сўрайди, – деди бояги юзи чуваги ҳамроҳларига кўз ташлаб оларкан. – Бизни менсимай қўйди.
У йигитларнинг ўзларини ҳурмат қилишдан ҳамда шу кичкина посёлканинг хўжайинлари деб эътироф этишдан бошқа ҳеч нарсани талаб қилишмаётганини, агар ҳозир: «Мен бу ерда сизларнинг борлигингизни билмабман, узр, посёлка сизларники, энди такрорланмайди, қуллуқ», – деса, ҳамма: «Ҳа, шундай бўлсин, кўз каттароқ очиб юрилсин», – деб тўнғиллаганча худди бу ерга келиб, кўп иш қилиб ташлагандай ўзларидан миннатдор бўлиб тарқаб кетишини англади, бироқ у йигитларнинг чанг-ғубор босган, парвариш кўрмаганига ҳам анча вақт бўлган юзларига зимдан синовчан тикилди: у бу жанжал беҳуда чиқмаганини, кимдир уюштирганини биларди, зотан, жанжалга сабаб бўладиган бирон айб иш қилганини ҳам эслай олмасди. Посёлкадагилар билан деярли олди-берди қилмасди, посёлканинг бир четида жойлашган меҳмонхонадан ва боғдан деярли чиқмасди. У ўз умрининг чалкаш сўқмоқларини кезиб юргандек ҳар куни куз ва қиш пайҳон қилиб ташлаган боғда кезиб юрарди – уни шу дақиқаларда кўрган одам мана шу пайҳон ва чиркин боғ қўйнида қандайдир азиз нарсасини йўқотиб қўйгану энди уни излаб дайдиб юрибди деган ўйга борарди, гоҳида эса тўсатдан бошланган зилзиладан қулаб тушаётган иморатлар каби омонат ифодалар унинг заҳил ва сўлғин чеҳрасини буткул эгаллаб оларди; шундай лаҳзаларда унинг афти тутаб ётган ғўлага ўхшаб кетарди.
Одамларга унинг олдинги ҳаётию уруғ-аймоғи номаълум эди, посёлка инспектори – сал довдир ва олифта йигит – уни посёлкага хавфли ва ишончсиз одам қилиб танитганди. «Бу одам анақа рўйхатларда туради, отаси бутун қишлоқни қириб ташлаган», – дерди у ҳар сафар сартарошхонага кирганда. «Бунинг утсига, ароқхўр, ароқ деса онасини сотади. Шунинг учун хотини ташлаб кетган, бу одам жамиятимиз учун хавфли кишидир».
Бу хабардан сўнг полёлкадагилар у билан эҳтиёткор бўлиб муомала қиладиган, иложи бўлса, умуман яқинига йўламайдиган бўлишди, унинг ўзи ҳам унчалар одамшаванда эмасди.
Фақат баъзи-баъзида уни қишлоқ ошхонасининг бир четида ифлос кружкада пиво ичиб ўтирганини кўришар ва ҳамиша атрофидаги дунё билан аллақачон алоқасини узгандай ва фақат ўзигагина маълум ўзга оламда яшаб юргандай сара қўшнилар қўриқлаб турган забт этиб бўлмас қалъадек одамни ҳеч қачон ўзига яқинлаштирмайдиган ҳуркак ва ёт бир мунг чўкиб ётган кўзларида тошдай қотиб тўнғиб дилгир бир қайғу аксланиб турарди.
Инспектор уни қаттиқ қистовга олди ва посёлка ошхонасида пиво ёки бирон ичимлик ичишни ҳам тақиқлаб қўйди, бироқ у ҳар куни кечқурун ошхонага пиво ичгани келар, дуд ва чанг қоплаган бурчакда кўкрак тугмалари ечиб қўйилган, бир-бирига тинмай бақиришаётган, кўзларида ҳаётнинг чигал ва тушуниксиз саволлари қотган, худди умрлари каби жизғанак ва тўзонли саҳрода ўзининг улуғ гулханларини бир-бир ўчираётган кечки шафақ остида исқирт курсиларга мук тушган, саҳро офтобига ўхшаб жиззаки бўлиб қолган одамларга бир сўз демай кружкани ютоқиб ҳўплаб ўтирарди. Унинг кўзларини юмиб олиб, ҳузур қилиб ҳўплашига қараб туриб у дуёдаги ҳамма нарсани мана шу кружкадаги салтанатга алмаштириб юборган ёки адолат излаб бутун дунёни кезиб чиққану ниҳоят мана шу салтанатдагина адолат боқий ва муқаррар деган хулосага келган дея хаёлга борарди. Худди Рим қўшинлари ўликка айланган Искандарияга ҳеч бир қаршиликсиз кириб келгани каби, инспектор беш-олти ёш-яланг пиво ичиб ўтирган ошхонага шахдам қадамлар билан кириб келди ва қоровулнинг қаршисида тўхтаб, унинг қўлидан кружкани тортиб олди.
– Сенга бу ерда ичиш тақиқланган, – деди кружкадаги пивони бир четга сепиб юбораркан. – Умуман, сенга одамлар орасида юриш тақиқланган!
Қоровул аввал инспекторга, сўнг пиво тўкилган жойга қаради ва секин ўрнидан турди ҳамда бир оғиз гапирмай, яна пиво олиб келиш учун буфетга қараб йўл олди.
– Ташқарига! – бақирди инспектор, унинг қайсарлигидан жаҳли чиқиб, олдини тўсаркан, тирсагидан ушлаб олиб, ташқарига судрай бошлади, бироқ бир қадам ҳам босмай тўхтаб қолди.
Қоровул инспекторнинг қўлларини озғин, қалтироқ, кучсиз панжалари билан ушлаб олган, кўзлари жаҳлдан каттариб кетганди; ундан худди шу вазиятда ҳар нарсани кутиш мумкин эди. Инспектор буни сезди ва унинг тирсагини қўйиб юборди.
– Сизнинг ҳаққингиз йўқ, – деди қоровул унга бир оз қалтираган товушда. Унинг гапида алам, азоб ва мусибат оҳанги бор эди. Сўнг индамай хонадан чиқиб кетди.
Инспектор барибир унга ошхонада пиво ичишни тақиқлаб қўйди. Бироқ котиб уни пивосиз қолдирмас, баъзан меҳмонлардан қолган, ҳали бир қултум ҳам ичилмаган шишани олиб чиқиб берарди. Инспектор қоровул билан зимдан олиша бошлади, совхоздаги икки ўғирликда ҳам аввал унинг ҳужраси тинтиб чиқилди. Испектор бу ишни ошкора амалга оширди, зеро, у посёлкадагиларнинг ичида қоровулни энг ишончсиз кимса деб билар ва ундан тезроқ қутулиш учун одамларни унга қарши киши билмас гижгижлай бошлади. Терсоталик ёшларнинг қизиққон ва жиззаки, гуппи йигитлар эканини яхши биларди. Посёлка йигитлари қоровулни кўрганда неларгадир ҳозирланиб турадиган бўлиб қолишди, бироқ у мутлақо бефарқ эди, уларга ҳатто эътибор ҳам бермас, можаро излаб унинг олдини намойишкорона тўсаётган йигитларнинг қаршисидан индамай ўтиб кетарди.
Аммо бир куни биткўз йигитнинг олдидан – у бу йигитлар қаердан эканлигини, нима иш қилишини, қаерда яшашини ҳам билмасди, бу уни қизиқтирмасди ҳам – ўтиб кета туриб бир дона сигарет сўради; тамакидони хонада қолган, йигитни кўриб жуда хумор қилиб чеккиси келганди. Биткўз нима деярини билмай шошиб қолди. Яқин атрофда жўралари кўринмасди. Қўлидаги сигарета қолдиғини бир чеккага улоқтириб, қайларгадир лапанглаганча югуриб кетди. У йигитнинг хатти-ҳаракатига эътибор ҳам бермади. Ҳали ҳужрасига ҳам кирмаган эдики, изидан ўн бешга яқин йигит тўғри боққа талмовсираб, пала-партиш бостириб келишди: улар афт-ангорларидан кимнидир қуваётганга эмас, нимадандир қочиб келаётганга кўпроқ ўхшашарди.
Терсоталиклар уни боплаб дўппослаб кетишди. Уни котиб энди қизара бошлаган анорзор остидан несту забун ҳолда топиб олди. Ҳужрага олиб кириб, бир пиёла ароқ тутди. Пешонасидаги ёриқ узоқ вақтгача тузалмади. У энди боғдан деярли ҳеч қаёққа чиқмай қўйди. Дўппослангани ҳам тезда эсидан чиқиб кетди. Котиб шундай қилдики, жанжални бошлаган жўрабошилар пиво кўтариб келиб у билан яраш битимини тузишди; ювош ва беозор, сиғинди ва найнов, қилиқлари телба-тескари бу одамни нима учун калтаклашганларига уларнинг ўзлари ҳам унчалик тушунмасдилар.
«У менга жой берди, ўзи билан тенг кўриб, одам ўрнида қабул қилди, мендан бурнини жийирмади, унинг кўнгли нурдай тоза, бундай улуғ одам яна қаерда бор?!» – ўйларди у. Меҳрибон ва одампарвар, танти ва нурафшон қалбни – котибни у худди қорачўғига думалаб тушган марвариддай асрашни истарди. Унинг хазонга айланган қизғалдоқ баргидек бу жазира чўл қўйнига, ёввойи ва телба одамлар орасига учиб тушган умри давомида топган мушфиқ ва мурувватли, суянч ва раҳнамо бўладиган ёлғиз одам мана шу марварид эди ва ўзининг омадсиз несту музтар ўтмишини ҳеч қачон юзига солмайдиган, унинг умр йўлидаги хазон ва хасларни супуриб, ўзига ҳаёт ва умид сари йўл очишга дадил ва қатъий ундаган соҳибкарам ҳам мана шу марваридда мужассам бўлганди, унинг қалбида шу раҳнамо туфайли уйғонган эҳтиромга чулғанган ҳислар ҳам мана шу марварид эди. Бу сиймо ҳар нарсага қодир ва камтарин, хокисор ва шафқатгўй, танти ва мағрур эди, бу сиймо қиёфасида жилваланаётган шамс кўнглини хушнуд этадиган кўп юлдузли бодадан сўнг уни саодатли ва хушбахт, эзгу ва орзуманд қиладиган, хаёлининг кўпдан буён қуёш тегмаган зах ва тойғоқ унгурларини иситадиган хулё офтоби каби мунаввар ва серёғду эди.
Бу талъат адашган инсониятга ҳақ ва нажот йўлини кўрсатишга мустаҳиқ этилган, ўктам ва серғайрат, лошидан хоки туробигача ёғдудан иборат, қуёш ва ой бир-бирини мангу қувлаб юрадиган, умид ва хаёл саҳросида жизғанак бўлиб қолган мана шу хиёнат ва жаҳолат зулмати ғарқ қилган заминга тириклик ва яшнаш уруғларини сепиш учун юборилган, қўлида зафар ва шижоат суҳуфлари бор, ўзи дунёга келмасдан минг йиллар олдин нури яралган, дунёда зўрлик ва адолат ўртасига девор ўрната олган, мағлублик ва матлублик, ундан ҳамиша ўзини олиб қочган шон-шавкат ва шафқат тулпорини миниб туғилган ўша Халоскорнинг айнан ўзи эди.
– Мен хароб бўлган одамман, – бақирарди у котибнинг илтифотидан талтайиб кетиб, пиёлани зарб билан сипқораркан. – Мени хароб қилишди. Мен тамом бўлдим. Мени ўчириб ташлашди…
Сўнг пиқиллар ва бирдан-бир ёлғиз ва ёрқин, ҳали ҳеч кимга айтмаган хотираси – онасини ҳосилот қандай урганини ва ўзининг музлаб қолган қулоғини ушлаганча ялангоёқ қор кечиб қандай чириллаб йиғлаганини, тиши синиб тушган онаси қандай қилиб уни этаги остига яширгани, оғзидан оққан қон идорадан то уйларигача тўхтамагани ҳақида сўзлар ва йиғларди. Ўшанда ҳосилот онасининг қорнига тепган, нимадир деб сўккан эди, афтидан… «Боласи отасига ўхшаса, туғилмай ўлгани яхши», – деганди…
– Улар уч киши эди, иккита солдат ҳам бор эди, – пиқилларди у пешонасини столга қайта-қайта ураркан. – Биз буғдой сўраб боргандик… уч кун туз тотмаган эдик. – Улар қишлоқни ўраб олишди, сўнг дуч келганини ота бошлашди, – у бошини эгиб олар, котибнинг юзига қарамасдан юрагини эзиб ётган хотираларни ютуғи аниқ бўлган қартадай бир-бир очиб ташларди. Зеро, унда ҳеч ким забт этолмаган, ҳеч ким ҳукмронлик қилолмаган, ҳеч ким топтай олмаган, кўп йиллар оша ўзидан бошқа фуқароси бўлмаган ёлғиз мамлакат ҳам шу эди. Бу мамлакатга ёт кишилардан биринчи бор котиб кириб келди ва худди азобга ўхшаш узун кўчаларидан ўтиб борди, шу билан кўпдан буён осойиш ётган салтанат ҳам забт этилди. Бироқ у котибга кўз ташлашга қўрқар, кўз ёшларидан уяларди. – Бутун қишлоқ дарё бўйига қочиб чиқди. Аскарлар дарё бўйини ўққа тутишди. Мени акам тўсиб қолганди – унинг ичаги титилиб кетганди, қишлоқда икки-уч аёлдан бошқа тирик жон қолмаганди… қайси қишлоққа нон сўраб борсак, «Босмачининг боласи барибир босмачи бўлади, нон берманглар», – деб ҳайдашарди. Охири онам ҳосилотнинг олдига борди… Улар онамни кўз олдимда калтаклашди…
Котиб унинг пиёласини тўлдириб қуяр ва ўзи устма-уст босиб ичарди, кейин унинг елкасига ҳамдардона урганча:
– Улар аблаҳ одамлар, – деб бақирарди. – Уларнинг ҳаммасини отиб ташлаш керак эди.
Бу гап қоровулга мойдай ёқар, йиллар аро юрагини ёқиб ётган алам шу бақириш билан босилгандай бўлар, кўнглидаги гапни айтгани учун жасур ва мард котибга тўйиб-тўйиб қарар, шунда ўзи болаликдан орзу қилган, ўзини тирикликнинг оч панжасидан қутқариб, саодат бахш этадиган ўша осмондан тушгувчи илоҳ котибнинг қиёфасига кирар ва вужуди нурдан бўлган котиб олов сочаётган қасос қиличини кўтарганча кўз олдида намоён бўларди.
Кейин ҳаммаси ўрнига тушарди, эрталаб у тамаки ҳиди билан бирга субҳидамнинг мусаффо ҳавоси кезиб юрган бесаришта ҳужрасида кўз очар, зулматни тилимлаб дарчадан оқиб кираётган тонгнинг симобдай бир тутам ёғдусини узоқ томоша қилиб ётар, қишлоқнинг ичкарисидан хўрознинг бўғиқ қичқириғи эшитилар, ёғду эса ҳали эркак кўзи тушмаган қизнинг яланғоч баданидай гўзал ва жозибали бўларди. Бу лаҳзалар чўл қўйнида қурилажак котиб айтган янги ҳаётнинг илк онлари ёхуд ул олис шамснинг илк шуълалари каби яширин ва хушанишин эди.

IV

Посёлкага келганининг учинчи йили унинг ўтмиши одамлар учун бир оз ойдинлашди; йиғим-терим тугаши арафасида хўжалик босқони Омон Жуманинг хонасига музофотнинг нариги четидан бир аёл ўн беш-ўн олти яшар боласини етаклаб кириб келди: аёл қирқлардан ошган, чиройли юзида ҳали сўлимлик ва эҳтирос сўнмаган, кўзлари ўйчан, ўзини тутишидан мулоҳазали ва ақлли аёл эканлиги кўриниб турарди. Бола эса гаранг эди. Аёл Омон Жумага совхозда эри ишлаётганини ва уни уйга қайтаришга ёрдам беришини сўради.
– Неча йилдан бери уйга қадам босмайди, – деди у курсига ўтирмаёқ. – Кунини ичиб ўтказади. Сизга бир она сифатида мурожаат қиляпман.
Аёл йиғлашга тушди ва ўғлини кўрсатиб:
– Бу худо қарғаган болани ёлғиз ўзим катта қилдим, энди чарчадим. Бунга ҳам ота керак, – деди.
Аёлнинг йиғисидан таъсирланган Омон Жума қоровулни қанчалик қистамасин, у аёл билан бирга кетишдан бош тортди.
– Бекорга овора бўлманглар, – деди бошини эгган кўйи қатъий қилиб. – Биз аллақачон эр-хотинликдан чиқанмиз.
У аёл билан болага қайрилиб ҳам қарамади. Омон Жумани танг қолдирганча боғ ичига кириб кетди ва у ерда шохлаб кетган тутларни хотиржам бутай бошлади. Аёл унга томон журъатсизгина интилди-ю, сўнг жойида таққа тўхтаб қолди. Унинг умид ва ишончсизликдан қизариб кетган кўзларида эса Омон Жумага ҳам, бу чўл одамларига ҳам, чўлга ҳам номаълум бўлган саргузаштларнинг кўланкаси порларди; уни бу ерга бошлаб келган умид ва эрининг юзидаги ёт бир важоҳатдан туғилган ишончсизлик бир зум иккилантириб қўйди, сўнг у боласини етаклаб боғдан шитоб билан чиқиб кетди.
Ўзининг дўқ-пўписаларини ишга солиб ҳам инспектор қоровулни кўндиролмагач, ойлик маошидан юбориб туришга ваъда қилиб Омон Жума аёлни изига қайтариб юборди. Бу пайтда котиб посёлкада йўқ эди. Қоровулнинг хотини келиб кетганини эшитдию: «Тўғри қилибсан, улардан қанчалик узоқ юрсанг, шунчалик эркин бўласан, ҳозир дарахтни силкитсанг, хотин ёғилади. Ўзим уйлантириб қўяман», – деди ва қоровулга кечқурунги бошоғриқ учун беш сўм пул берди. Бироқ посёлкадаги ҳар бир одам мишмишни ўзича изоҳлашни истарди: бу тунд ва ароқхўр қоровул ҳосилдан чарчаб чиққан чўлқуварларнинг қиш бўйи эрмаги бўлди.
Аёл эрини олиб кетиш учун иккинчи марта келганда (унинг эгнида бу марта тўзғиган ёмғирпўш осилган, ўзи ҳам устидаги кийим каби афтодаҳол, бир йил олдингига қараганда жуда тез қариган, юзларидаги малоҳат шамлари сўна бошлаган эди) участка инспектори ўзининг яқин танишидан бу оила ҳақидаги жамики сиру асрорни билиб олишга улгурганди.
У қиш кунларининг бирида сартарошхонада пайдо бўлди. Навбат кутиб тураркан, ҳар доимгидай ўзи билган янгиликлардан одамларни огоҳ этишни лозим деб билди.
– … Онаси ўлгач, у узоқ йиллар чойхонада дастёрлик қилиб юради. Чойхоначи номи қора бўлган қизини унга қўшадию бир эски уй сотиб олиб беради. Шу билан тинчийди. Ўзи сал овсарроқ бўлгани учун хотиннинг кўз пардалари йиртилиб кетганига унчалик эътибор бермайди. Орадан икки-уч йил ўтгач, хотинини ёт эркак билан тутиб олиб, паншаха санчиб ўлдириб қўяди ва узоқ йилга қамалиб кетади. Қамоқдан қайтиб келганда хотини кимдандир бола орттириб ўтирган бўлади. У маймоқ ҳаммасига қўл силтайди-да, шаҳарга кетади, у ерда ароқ учун одамларнинг қора ишини қилиб юради. Дайдиб-дайдиб шу ерга келиб қолади. Котиб уни арзимас пулга меҳмонхонага қоровул қилиб қўйди. Хуллас, худо қарғаган, чоғи, боши ҳозиргача маломатдан чиқмайди. Бор гап шу.
Қизиғи шундаки, инспектор бу марта негадир қоровулга анча хайрихоҳ оҳангда гапирди.
– Бошига қийин савдо тушган экан, – деди Тоғай муаллим бош чайқаркан, оғзига кирган соч толасини туфлаб ташлади. Инспектор аёлга бу можарога аралаша олмаслигини ва бу ўта шахсий масалалар эканини рўйи-рост айтди.
– Биз одамнинг хоҳиш-истагини ҳурмат қиламиз, – деди у хонасидан чиқар экан, қўлига фуражкасини олди. Унинг юзи кўп гапирганидан бўғриқиб кетган, семиз бўйни тердан пўрсиллаб қолганди, – мен уни мажбур қилолмайман.
– Сиз оилани сақлаб қолишингиз керак, бу сизнинг бурчингиз, – аёл унинг изидан ташқарига чиқар экан, инспектор гапирган оҳангда сиёсат қилди. Лекин инспектор пинагини ҳам бузмади: эшикни қулфлаб, зина орқали пастга тушди ва ўзини дарахт соясига олиб, ниманидир ўйлаб турди-да, – менинг кучим етмайди, – деди, сўнг пивохонага қараб кетди.
Аёл бу сафар узил-кесил рад жавобини олди. Ўзи ҳам узилган оила риштасини қайта боғлай олмаслигига, эри билан яшаган ўтов аллақачон куйиб кул бўлганига кўзи етди, шекилли, яна ёлғиз қайтиб кетишга мажбур бўлди.
Уч ойлардан сўнг меҳмонхонага янги қоровул тайинланди – бу қоровул ҳам мўмингина одам эди, уни шахсан инспекторнинг ўзи тавсия қилганди. Меҳмонхонанинг кичкина боғида куз ва қишнинг ўзаро олишуви бошланган, ёмғир суви янгиламаганидан яшил тоб тусга кирган ҳовуз саҳнини ўт-ўлан босиб кетган эди. Узун йўлакнинг ўзи эса хазонлар билан тўлганди, ҳовуз бўйидаги гулзорда ҳам тўзғоқ барглар ва сўнгги мезонлар учиб юрар, боққа кираверишдаги ялангликда қарғаларнинг нохуш қағиллашлари эшитилар ва баъзи-баъзида қарғалар нақ боғ устида тўпланиб шубҳали йиғинлар ўтказарди. Меҳмонхонанинг пештоқига илинган байроқ ҳам тўзиб бўлган, ёмғир ва саратон шамоли ҳуда-беҳуда ҳилпиратавериб унинг рангини номаълум тусга киритиб қўйган, шундай бўлса ҳам, у пештахтада ҳамон салобат билан ҳилпираб турарди, бироқ на қувраб-қовжираб тўкилган боғ, на тўзиган байроқ деворларига дабдабали чақириқлар илиб ташланган меҳмонхонанинг ҳашамига ҳеч бир гард етказа олмаган, унинг узун даҳлизига қимматбаҳо пойандоз тўшалган, хоналари ҳамишадагидек шинам ва тоза эди: ўртадаги хонанинг гилами янгиланган, деворлари қайта бўялганди: хонада кичкина кийим жавони, иккита курси бор эди ва стол устига аввалгисига қараганда каттароқ ва бежиримроқ шиша сувдон қўйилганди. Бу сирли ҳашамлар сари талпинган ташқи дунёни ва ёруғликни тўса-тўса чарчагандек, ҳорғин тебраниб турган қалин парданинг ранги униқиб, гуллари ўчиб кетган, диван эса ҳамон тажовузкор қиёфада ўртада қад кериб турар; у кирган ҳар бир одамни енгилтак аёлдек бағрига чорлар ва уларга неларнидир ишора қилиб, ўзи билан содир бўлган қандайдир ғаройиб бир воқеани эслатмоқчи бўларди. Фақат кираверишдаги ҳужрада бесаришта ҳол ҳукм сурарди: кийимлар ва тўшак ўша куннинг эртасигаёқ милиционерлар томонидан титиб ташланган ҳолича бетартиб қалашиб ётарди. Хонани чанг ва ғубор қоплаган, тўшакларни ва шифтни қурум босган, пол тахталарининг ораси хонага кириб келганларнинг устидан кулаётгандек қадам товушларига жавобан норози бўлиб ғичирлаб қўярди. Дераза ёнидаги михда қоровул терсоталик йигитлар билан пиво ичган куни кийиб ётган ғижимланган коржома осилиб турар, шим эса ерда ётарди; ҳужрага куйинди ва тамаки ҳиди билан бирга одамларга алланечук шубҳали бўлиб туюлган кишининг ҳиди ҳам ўрнашиб қолган, ҳужранинг ўта бесаранжомлиги ва торлигига қараб туриб у мана шу иприсқилар ичида уч йил мобайнида бирон кимса қадам босмаган, одамлар ёдидан кўтарилган шу кичкина бошпанада қотиллик қилиш учун ўзига куч тўплагандай ва уни қотилликка мана шу куйинди, ғубор, тамаки ва сўққабош эркакнинг ҳиди анқиб турган, унинг ўз умри каби хароба ҳужра ундагандай таассурот қолдирарди.

V

Котиб хуфтон пайти меҳмонхонага ҳар доимгидай индамай, бир оз хўмрайиб кириб келди: унинг қизарган кўзларидан ва кўпчиган юзидан ичиб келгани аниқ эди. У ичган пайтлари жуда мулойим бўлиб қоларди; унинг касби чўлқуварликка ҳеч бир алоқаси йўқ, табиатан қўрс, қўпол муомаласи билан чўлга келиб орттирган манманлигига такаббурлик қўшилиб уни одамлардан бездириб қўйган, у вазифасига кирмаса ҳам, ҳар бир ишга бурнини тиқаверар, ўзича кўрсатмалар берар – туман саркотиби келганда далаларни Омон Жума эмас, у бирга қўшилиб айланар, негадир саркотиб олдида ўзини жуда эмин-эркин тутар, ҳатто ҳазил-ҳузул ҳам қилиб қўярди. Уни олис шаҳардан мана шу жўмард ва жанжалкаш одамларга ғоявий йўлбошчи қилиб жўнатишганди; посёлкадагилар ичида саркотиб билан қалин эмиш, уни шахсан ўзлари тарбиялаб, бу ерга олиб келганмиш, яна қандайдир қариндошчилик томонлари ҳам йўқ эмас эмиш, агар уч йил режа кетма-кет бажарилса, уни Омон Жуманинг ўрнига ёки ҳеч бўлмаса янги хўжаликлардан бирига раҳбар қилиб сайлашармиш, фалон эмиш, писмадон эмиш, хуллас, суяги тоза эмиш деган гап-сўзлар юрар, исқирт қоровул билан ғалати яқинлиги обрўсига бир оз соя солса-да, ундан Омон Жуманинг ўзи ҳам ҳадиксирар, бу уни яна ҳам салобатли ва муҳтарам қилиб қўйганди.

VI

Котибнинг изидан озғингина, лекин истараси иссиқ қиз ҳам келарди. У пахталик кийиб олган, котибнинг шляпаси чанг, кўзлари ҳорғин эди. Улар тўғри даладан келишаётган эди, чамаси, эгни-бошидан пахта ва ғубор анқиб турарди.
– Менга ўрта хонанинг калитини бер, – деди котиб.
Котибнинг орқасидаги қизни у дарҳол таниганди. У қизни олти ойча олдин байрамона тусда ўтган сайлов тантанасида кўрган ва гарчи танимаган, кўрмаган бўлса ҳам, қўлидаги сайлов қоғозини индамай қутига ташлаганди. Сайловолди йиғини мактаб биносининг кенг ва шинам залида ўтган, қиз эса котиб билан раиснинг ўртасида қисиниб-қимтиниб ўтирарди. Ўшанда у бўй-бастига қараб бу қиз ҳали мактаб ўқувчиси бўлса керак деб ўйлаган ва нега айнан шу қизни сайлашаётганига ҳайрон бўлганди. Лекин қиз йигирма учга кирган, фаол ишбоши, фирқа аъзоси ва ҳоказо эканлигини кейин билди. Котиб қизни шундай келиштириб таърифладики, уни сайламасдан бошқа илож қолмади ва шундай ҳам бўлди. Қиз юз фоиз овоз олди. Унинг озғин, қотма суни-сумбати, буғдойранг юзи, таъсирчан кўзлари одамда қандайдир яқинлик уйғотар, истараси иссиқ ва сулувгина қиз эди.
– Биз бу чўлни бўстонга айлантирамиз, фақат бахтли ва эзгу ниятли одамлар яшайдиган янги ҳаёт қурамиз, янги ҳаётни мана шундай ёшлар қуради, биз эса фақат уларга йўл кўрсатамиз. Хуллас, сизларни уялтирмайди, фақат пахтани эмас, одамни ҳам яхши тушунади, халқпарвар. Баъзида, – котиб қизга қараб кулимсиради, – биз билан ҳам тортишиб қолади. Камчилигимизни шартта бетимизга айтади. Мен уни ана шу мардлиги учун ҳурмат қиламан.
Қоровул ўша кунни ва котибнинг юзидаги ифодани яққол эслаб қолганди ва ўша куниёқ қизнинг қопқонга тушганини, котиб айёр айғирлардан эканини у кўп йиллик тажрибасидан билар ва негадир бундан ғурурланганди. Котиб уни кўриб, кўз қисиб қўйди. Қоровул ҳам унинг ёришиб кетган юзига боқиб тўймас, гапираётган худди ўзининг жигаридай ҳар гапга ёйилиб жилмайиб қўярди. Сайлов тугагач, котиб уни бир четга тортиб, ўн сўмлик берди.
– Бугун менинг номзодим ютиб чиқди. Мен учун тўйиб ич, – деди.
Кечқурун кўп ичганидан боши қизиб, боғда хиргойи қилиб юрган қоровул зўрға юриб келаётган, юзи қизариб кетган котибга дуч келди, оғзи қийшайиб қолганидан қоровул унинг тайёр бўлиб келаётганини билди, суяб хонасига олиб кирди, ечинтириб қўйди; котиб ғўлдирар, уни чўлп-чўлп ўпар ва: «Юракни бир титиб юбор», – деб бақирар, қоровул хириллаб қўшиқ айтар, гарчи бу хиргойи қувурнинг қуруллашидай хунук ва ярашиқсиз бўлса ҳам, котиб шавқ билан қичқириб қўяр, кимларгадир, афтидан, хотирасининг бир бурчагида қолиб кетган кимгадир «окаси жонидан» деб бақирар, қоровул эса бу худбин, олифта, ўзбошимча, тийиқсиз ва танти одамни шу лаҳзаларда қандайдир зил-замбил оғриқ эзаётганини билар ва кўпроқ кўнглини олишга ҳаракат қиларди, баъзан котибнинг ғайрати унга ҳам ўтиб, у ҳам котибга тақлидан «окаси жонидан» деб хириллар, худди котибдек пиёлани кўзларини юмиб бир сипқоришда ичиб юборар эди, сўнг котибга монанд томоқ қириб қўярди, баъзан эса унга котибнинг ёш, навқиронлиги юқиб, ўзини, бутун вужудини – энди ўзларини ҳеч ким безовта қилмаслигини кун ўтган сайин тобора кўпроқ англашаётган ажинлар ва чандиқлар уюми қийқириб ётган пешонасига, ўтаётган кунлар аста-секин ўз муҳрини босаётган ва тобора шалвираб, куйган чармга ўхшаб бораётган кўказак юзига, бу дунёда ҳеч бир из қолдирмай ўтаётганидан атрофидаги оламдан ва қоқ тепасида жуфт-жуфт бўлиб учиб юрган қушлардан уялгандек кир ва жулдур кийимлар ичига яна ҳам кўпроқ ботиб бораётган қадди-қоматига ва очиқ қолган китоб янглиғ унинг барча сиру асрорини ҳар дақиқада ошкор этиб турадиган кўзларига, гўё ўзи босиб ўтган бутун ҳаёти давомида еча олмаган умр сири яширингандай ёки беҳуда ва бесамар ўтган кунлари учун кимдандир ўч олишни истаб, ғазаб билан қисиб олингандай доимо асабий тугилиб юрадиган муштларига битилган пайҳон этилган умр ҳақдаги бу тўзғоқ, шалдироқ ва Яратган ҳам унутга айлантирган хатни ғижимлаб ташлашни истаб қоларди.

VII

У даҳлизга яна бош суқиб қаради – ичкаридан таниш ғўнғиллаш эшитиларди.
– Менга қара, ноз қилсанг, қилмасанг, бу ердан соғ чиқмайсан, барибир ҳеч ким эшитмайди. Агар анави қари тўриқдан нажот кутаётган бўлсанг, овора бўласан. У менинг одамим. Агар унга бир шиша ароқ берсам, қизини қўйнимга солиб қўяди. Бир ҳовуч ун учун ҳосилот онасини ўйнаш қилиб олган. Ишонмасанг, ана, ўзидан сўра, бир қултум қуйиб берсам, буларнинг ҳаммасини ўзи сенга гапириб беради. Ё чақирайми?..
Қиз нимадир деди, сўнг ночор пиқиллади. Унинг овозида ўчаётган шамнинг яллиғи каби заифгина қаршилик бор эди ва бу йиғи унга таниш эди – ҳосилот онасини урганда уйга қайтиб келиб, онаси худди шундай хўрланиб, ожиз ва нотавон йиғлаганди.
Юрагига муздай нимадир сирғалиб тушди ва вужудида гўё лойқа сув қўпди; у ерда мактаб болаларини ўз бағрига чорлаган тонгги қўнғироқдек нимадир жаранглаб кетди ва бу бевақт жаранглаган бонг садоси боқувдаги от каби кўпдан буён пайт пойлаб ётган унинг ёввойи бир ғурурини ва олис хотирасини уйғотиб юборди. Ёғий заб этган қалъасидан қочиб чиққан мағлуб саркарда каби энди бир умр бу ерларга энди қайтиб келмайман деб юрган ва кимсасиз орол каби олисларда қолган ҳаётининг навқирон адирларида қолиб кетган нелардир унинг юрагига ҳайқириб кирди. Кўп йиллар бурун онасининг ичкаридаги қиз каби ночор ва ожиз аёлга айланиб йиғлаганини, ҳосилот олдига нон сўраб бориб, шаънини ерга урганидан алам ва номуси келиб юзини тимдалаб ташлаганини эслади. «Булар бунчалик калтафаҳм бўлишмаса, – ўйлади у негадир бирдан хотиржам тортиб. – Ҳаммасининг усули бир хил!».
У ялангоёқ, ялангбош қаҳратон қиш кунида ўзларини қишлоқдан ҳайдаб чиқарганларига ҳам, онасининг совуқ, кимсасиз ҳужрада қон қусиб жон берганига ҳам ўзини кўниктирган эди, кун ўтказиш учун чойхоналарда исқирт ва қора ишларни қилишга, одамлар «етим», «ўғрибачча» деб аташига, чойхоначининг онасини ўртага қўйиб сўкишларига, кейинчалик ёш, сулув хотинининг «ислиқи» дея жаврашларига, қамалиб чиққач, қўлларини бигиз қилиб кўрсатишларига, ҳар бир ўғирликдан сўнг тинтув қилишларига, ҳужжатларини бош чайқаб, елка қисиб қайтариб беришларига, ичиб, кўчаларда ухлаб қолганда болаларнинг устига пешоб қилиб уйғотишларига – ҳаммасига кўниккан эди, буларнинг барчасини тақдири азалга йўйган, қандай тўғри келса, шундай яшаб кетаверган эди, гоҳо онасининг ўн йиллар бошидан тушмаган қора шол рўмоли ўша олис йилларнинг ва ўзлари босиб ўтган аянчли қисматнинг байроғидай тез-тез кўз олдида ҳилпирай бошлар, у ўз ҳаёти, онаси ва отаси учун кимлардандир ўч олишни жуда истаб қоларди, бироқ бу туйғуга ҳам ўзини кўниктирганди. Туйғулар, хотиралар, дарду армонлар тошиб келганда у хилватда бекиниб, тошиб, кўпириб ичар, сўнг ҳамма нарсани унутар, ҳужрасининг бир четига ўтириб жимгина йиғлар, эртасига тонг маҳали яна ҳеч нарса кўрмагандек котиб билан балиқ овига жўнарди.
У яхшилаб чекиб олди, ёнини пайпаслаб кўрди. Сўнг эшикка тикилганча узоқ туриб қолди.
У аста-секин эмас, бирдан ҳаммасини тушунгандай бўлди; хотинининг кўзларидаги сурликнинг сабабини ҳам, котибнинг «окаси жонидан» деб қийқиришини ҳам, ўзининг нима учун бу ерларда юрганини ҳам, нима учун сарсону саргардон бўлганини ҳам, ўзи каби одамларнинг нима учун саргардонликка маҳкум этилганини ҳам. Унинг бирдан хўрлиги келди. Ахир ҳаммаси кундай аён-ку, нега шу пайтгача фаҳмламади экан? У ўзининг болалигини, қаҳри қаттиқ ва муросасиз отасини, хотинининг эгнидаги хориж камзулини, онасининг қора шолрўмолини эслади. У зинадан кўтарилаётгандай хотиралардан сирли ва мавҳум юксаклик томон бир-бир кўтарилиб борди: у кўтарилган жойдан ҳаммаси яққол кўринарди, шунингдек, ҳаммаси тушунарли эди.
У барча саволларнинг жавоби яширинган тилсим бўлиб қаршисида иддао билан қад кериб турган юмшоқ чарм қопланган эшикка қараб юрди, сўнг худди ақлдан озгандек икки йирик мушти билан тўсатдан эшикни ноғорадек ура кетди. Анчадан сўнг ичкаридаги овозлар тиниб қолгач ва шивир-шивирлар бошлангач, эшикнинг қулф эканлиги эсига тушди ва орқага ўзини олиб, ром ва қулфни зарб билан тепди, эшик иккинчи тепкига дош беролмади. Салдан кейин у ўзини серҳашам қилиб безатилган, ўртадаги столда гўшт қолдиқлари ва арақ шишаси турган, жунбиш ва тер ҳиди қоплаган хонада кўрди.
Котиб эшикка яқин келиб турарди – унинг костюми ерда ётар, тўзиган диванда эса эси оғгандай серрайиб қолган, юзи ҳаддан ташқари оқариб кетган, сайлов арафасида у ўқувчи қиз бўлса керак деб ўйлаган нимжонгина қиз ўтирарди; у ҳансираб турган кўзларида жунун ўйнаган қоровулни кўриб ўрмонда адашиб қолиб, ногаҳон ўзини излаб юрган отасини учратган ва ўпкасини босолмай йиғлаб юборган арзанда қиз каби бирдан тирналиб қолган юзларини бекитиб, ҳўнграб йиғлаб юборди.
Котиб эса хона ўртасида ўзининг азми иродасидан бирор марта четга чиқмаган, ўзи айтганидек хонаки тўриқ каби ювош, фаҳмсиз, ислиқи ва ароқхўр, қулдай итоаткор қоровулга ғазаб билан қараб турарди, унинг кўзларида ўлжасидан айрилган бўриникидай очкўз ва қизғанч бир ифода ёнарди; лаблари ғазабдан титрар, тугмалари узилиб тушган кўйлаги остидан эса дўппайган қорни оҳиста кўтарилиб тушарди – унинг чеҳраси ҳозир ўзи турган бинонинг пештахтасида ҳилпираётган байроқдай таҳдидли қизариб кетган, гўё байроқ пештахтада эмас, жиззакилик ва қийиқлик билан ёнаётган унинг чеҳрасида ҳилпираётгандай эди.
– Сиз менинг онам ҳақида гапирдингизми? – сўради қоровул худди қарз сўраётгандай бир оз тутилиб мулойим ва заҳарли оҳангда.
– Хўш, гапирсам нима қилибди? – деди котиб унинг кирга ботган бўйнига қараб айтини бужмайтираркан гапни беписанд кесди. Кейин кўйлагининг тугмасини ўтказа бошлади.
– Бир пиёла қуйиб берсам, ўз оғзи билан айтиб беради дедингизми? – сўради қоровул яна ҳам ювош тортиб олға интиларкан.
– Нари бор, – бақирди котиб орқага тисарилиб,– бўлмаса, пушаймон бўласан!
– Чакки айтдингиз шуни, – деди қоровул, – онам ҳурдай аёл эканини яхши билардингиз… мен сизга минг марта айтганман. Чакки қилдингиз шуни…
У аста-секин гаранг ва карахт қиёфада котибга яқинлаша бошлади, тўсатдан қўллари ўрнида қон истаб жаранглаган қиличлар ўсиб чиққандек ҳамда кўзлари битиб, ўрнида ачимсиқ гўр ҳиди келаётган лаҳм ичига ёқиб қўйилган бир жуфт кўртақир шам пайдо бўлгандек дароз, найнов, тутоққан ҳолда маймоқ юриш билан котибга тобора яқинлашиб борар, олдида ўзига ҳамон менсимай, қаҳр билан такаббурона қараб турган одамни ушлаб олиб, бир ямлаб ютиб юборадигандай важоҳатда эди. Котиб унга бир муддат беписанд тикилди, кейин орқага чекинди, нимадир излаб стол устини пайпаслади-да, сўнг суви ярим бўлиб қолган графинни олиб, чоғланганча, гўё бир уришда бу сўлақмондай гавдани парча-парча қилиб юбормоқчидек қулочкашлаб тўғри унинг юзига отди…
Ақлдан озгандек сочи ва кийимлари бир ҳолатда тўзиган, қўрққанидан юзлари кўкариб кетган қизнинг алмойи-алжойи сўзларидан нима гаплигини зўрға англаб, ҳар эҳтимолга қарши таёқ тутган уч-тўртта одам, қўлига ҳеч қачон отилмайдиган тўппончасини қисиб ушлаб олган инспектор ва бош ҳисобчи меҳмонхонага чўчинқираб бостириб кирганимизда даҳлизда ҳамон ой шуълалари ўйноқларди: жуда яқин кишиси кетаётган кеманинг изидан маъюс термилиб бандаргоҳда қолган алвон кийимли аёл каби ёки бир неча соат олдин бу хонадан, бу даҳлиздан, бу содда ва жоҳил одамлар орасидан киши ақли ҳам, шуури ҳам етмас қайларгадир қандайдир бир кема бош олиб жўнаб кетгану унинг ҳарир ва алвон елканига ҳасад қилиб ўзи ҳам қайларгадир сузиб жўнамоқчи бўлаётган пардани дераза тирқишидан оқиб кираётган шабада оҳиста ҳилпиратар, пол тагида чигирткалар бири қўйиб, бири олиб тинмай ҳуштак чаларди, бурни қонаган одамдек қулфи ва роми титилиб кетган эшик кўпдан буён бизларни кутиб тургандек ланг очиб қўйилган, хонада эса қонга беланган қўлларига графиннинг бир парча синиғини ханжардай тутиб олган, тўсатдан бошланиб, ҳамма нарсани остин-устин қилгач, ўзидан кейингиларга чанг-ғубор қоплаган даланию шох-шаббалари синган дарахтлар билан тўзиган хазонларни қолдириб сўнган бўрондек юзида телбалик ва жазава тўниб қолган қоровул диванда ҳорғин ҳам мағлуб алфозда ўтирар, хонани қон ва тер ҳиди тутган, қон гиламдан сизиб ўтиб, бурчакдаги очиқ жойда ҳалқоб бўлиб тўпланиб қолган, унда чироқнинг акси липиллар, графин синиғи бармоқларини тилиб ташлаган қоровулнинг юзида эса бир неча сония олдин қилган қотиллигининг муҳридек бир томчи қон қотиб қолганди.
Ўртада эса бир муддат ухлаган-у, ҳозир уйғониб қоладигандек чап тирсагига омонатгина бош қўйганча, ўзига ўхшаш ва ўзидек яшаб ўтган, яшаётган минглаб, миллионлаб одамларга умрни қандай якунлаш кераклигини бир кўрсатиб қўймоқчидек ёки ўзи кўтариб оққан умр жилғаси ойлар оша, йиллар оша қайлардадир адашиб, улоқиб сузиб юргану ниҳоят чўл ўртасидаги ҳавосида ҳамон жунбиш ва наҳснинг дўқ-дўқ мароми сақланиб қолган мана шу овлоқ бинода елкасида кўтариб юришдан чарчаган, уни ўнғайсиз мағлуб ҳолича ташлаб, ер остига буткул сингиб кетгандай лабининг бир четида бир вақтлар изидан ўзидек ўсмир ва такасалтанг йигитларни эргаштириб, кўчаларда жанжал ва тўполон қилиб юрган пайтларида орттирган тиртиқ орасидан ўзига қўрқув ва ваҳм билан тикилиб турган остонадаги одамларнинг ҳамда ўзини сўқир тиламчидек аввал болаликнинг офтобрўя кўчаларидан, сўнг йигитликнинг турли машмашалари ва гуноҳ дарахтлари гуллаб ётган ўрмонидан ва ниҳоят бир сакраб ўтилган ботқоқ каби қисқа уфунотга ғарқ ақл-идрокнинг ғаразга ботган тўшагидан етаклаб ўтган ва ўзининг ўлими учун аянчли саҳна тайёрлаган қисматининг устидан боплаб кулаётгандек оғзининг бир учида заҳарханда табассум қотиб қолган ва ўнг қўлига гўё умр бўйи интилиб етишган нарсаси шудай тер ва кирга ботган сарғиш соч толасини чангаллаб олган котибнинг совуган жасади ётарди…

1988 йил