Назар Эшонқул. Истило (ҳикоя)

Сен бу дунёга халоскор ўлган
куни келган эдинг…

У уч кундан бери туз тотмаган, тобора ҳолсизланар, кўнгли айнимоқда эди. Сўл хиёбондаги таъқибдан сўнг баттар тинкаси қуриб, юришга ҳам мадори қолмаган, ўпкаси куйиб кетаётгандай ачишар, гарчи таъқиб этувчиларни бир соатча олдин чалғитиб кетган бўлса ҳам ҳамон ўзини босиб ололмас, олазарак бўлиб, атрофига қарар, ҳар бир шарпадан чўчиб тушар, ҳар бир қадамини шубҳа ва ишончсизлик билан ташлар, кўп югурганидан шишиб кетган ўпкаси ҳансирар, тиззалари қалтирар ва билинар-билинмас боши айланарди . Бу очликдан эди;  у уч кунча аввал шаҳар чеккасидаги ахлатлар уюми орасидан бир бўлак чайналмаган гўшт парчасини топиб  олгандан бери ҳеч вақо татимаган ва ошқозони ўзини унутиб қўйганидан норози бўлаётгандай ҳар дам-ҳар дамда қулдираб қўярди. Тушдан сўнг  негадир ичи дамлай  бошлади. Энди эса бутун вужуди қалтирарди. У ўзи ҳам билмайдиган қандайдир жинкўчадан ўтар экан, уфунот анқиб турган яшилтоб ифлос ҳовуздан қониб ичиб олганди. Йўқ, ифлос сувдан иргангани учун шундай бўлаётгани йўқ. У ифлос ва бадбўй нарсаларга кўникиб қолганди. Кечалари билан егулик излаб, ахлат ундуқларини титиб юрар, агар сасий бошлаган бўлса ҳам егулик топилса ўйлаб ўтирмай паққос туширар, бундан ҳатто вужудида лаззат ҳам туярди.
Унинг ошқозон-у ичаклари худди айиқнинг ошқозонидай ташландиқ ва ҳидланган хўракларга кўникиб қолган, энди қўланса гўштларни тишлаётганда вужудида бирон марта жирканиш туймасди: аксинча, баъзи кунлари ана шу  егуликни топиш ҳам амримаҳол эди. Эрталаб офтоб тушмайдиган қандайдир кўчадан (кўчалар ва хиёбонларнинг ҳеч қандай маъноси қолмаган эди) ўтар экан омборга ўхшаш, темир-терсак қалашиб ётган бинонинг олдида яшилтоб, атрофини қурбақа йўсини босган ҳовуз кўриб қолган ва бу ерларда ўзини ҳеч ким кузатмаётганига амин бўлгач, ҳовуздан тўйиб ичиб олганди. У ичиб бўлгандан сўнг сувдан мағзава ва балчиқ  ҳиди келаётганини сезди, нафасидан ҳам мағзава ҳиди анқий бошлади. Зўриқиб қайд қилгиси келар, лекин бунинг сира иложи йўқ эди; Ошқозони бўм-бўш, қанча ўғимасин ичидан кўкариб кетган сувдан бошқа ҳеч нарса тушмасди- у шундагина пешанаси терлаб кетганини англади. Бу нохуш нарсадан дарак берарди: у шамоллаб ёки заҳарланиб қолган бўлиши мумкин эди. Касал эканлигини хаёлига келтирмаслик ва ўзида умидсизлик ҳис этмаслик учун тинмай юрар ва атрофга ҳеч ким таъқиб этмаяптимикин деган шубҳада олазарак бўлиб кўз ташларди. Таъқиблар уни мушукдай сергак ва чаққон қилиб қўйганди. У иложи борича қоронғуроқ ва овлоқроқ кўчалардан юришга ҳаракат қилар, юзини кўрсатмаслик учун қулоқчинини тушириб олган, увадаси чиқиб, кир-чирга беланган ёмғирпўшининг ёқалари кўтариб қўйилганди.
Гарчи далв ойининг охирларида кун тўсатдан қиш фаслига хос бўлмаган тарзда исиб жўнаган бўлса-да, унга деярли ҳеч ким эътибор бермасди ёки эътибор беришсалар ҳам ўлгудек ичиб олган бўлса керак, деган хаёлга боришарди: кийими, исқирти чиққан ёмғирпўшини айтмаса, иш излаб, дайдиб юрадиган қора ишчилардан  фарқи йўқ эди; у негадир ҳеч кимга юзини кўрсатмасликка ёки биров билан дуч келмасликка ҳаракат қилар, агар қаршисидан йўловчи келаётган бўлса, юзини эълонлар тахтасига буриб ўзини худди ўқиётгандай кўрсатиб турар ва яна йўлга тушар, ўзини кимсасиз кўчаларга яширарди. Биров билан тасодифан рўбарў келиб қолса, ерга қараганча тез ўтиб кетишга ҳаракат қиларди: кечалари эса шаҳар чеккасидаги ташландиқ саройда ётиб қолар ва туни билан совуқни енгиш учун юриб чиқарди. У жуда ҳам устаси фаранг эди; бир манзилда ҳа деб ўралашмас, ғанимлар диққатини тортишни истамасди. Кўпроқ кимсасиз хиёбонларда изғиб юрар, шаҳарни беш панжасидай биларди; бироқ кейинги ойларда шаҳар тез ўзгараётган, кундан кун бегоналашиб бораётганди. Дарвоқе, ростдан ҳам шаҳар унга ғирт ёт ва чиройли қилиб қурилган қатл майдонига ўхшаб қолганди. Шаҳар марказидаги махлуқ эса ҳар кеча тинмай ўкирар ва у ажал анқиётган товушдан қочиб шаҳардан узоқларга кетиб қолгиси келарди. Шаҳар бегоналашган сари у ҳам ўзига бегоналашиб борарди: кўчаларга сердаъват шиорлар ва рангли лавҳалар илиб ташланганди. Ғанимлар афтидан, бу шаҳарни шиорлар салтанатига айлантирмоқчига ўхшарди – шиорлардаги ҳар бир сўзда нафрат ва ғазаб уфуриб турар, у шиорларни ўқийвериб, боши айланар, ўзини ўта ожиз ва маҳкум ҳис этар, бу сўзлар унинг бағрини пора-пора қилиб ташлар,  шиорлардаги ёпишқоқ ва шилқим сўзларга асир тушаётганини англаб қоларди. Шиорларни эса кўп жилдли китобдай ўқиб тугатиб бўлмасди: аслида ҳам шаҳардаги барча шиорларни бир жойга йиғса, мисли кўрилмаган улкан китоб пайдо бўлиши мумкин эди. Ҳаммаси буйруқ, давъат, хитоб оҳангида жаранглар, ҳаммасидан шаҳар ўртасидаги махлуқнинг товуш саси келиб турарди. Булар аслида ҳам махлуқнинг товушсиз ўкириклари эди. Ҳар бир кўчада, ҳар бир уйда махлуқнинг ҳайқириғи мавжуд эди. Бу ҳайқириқ эмас, қилич, махлуқ қўлидаги истило қиличи!
Ғанимлар сўнгги пайтларда ёвуз ниятларини яширмай қўйган, уларнинг асл мақсадлари шаҳарнинг янги қиёфасида кўчаларда бошдан – оёқ қуролланиб, мажора излаб саф тортиб юришларида намоён бўлар, шаҳар ўтмишига неки дахлдор бўлса, ҳаммасини ёқишар, вайрон қилишар, бузишар, ўрнига ўз дидларига ва таъбларига мос қилиб қуришар эди. Шаҳар кейинги икки-уч ойда кучук катагига ўхшаш авахтанусха бинолар билан тўлган кўримсиз манзилга айланганди. У боши оғрийвергач, шиорни ўқимай қўйди –  уларни ўқиб тугатишига барибир бутун умри ҳам етмаслигини ниҳоят тушунганди, янги уйларда ҳамон истило ва ғалабалари шарафига тантана давом этарди, баъзан бутун кўча маст –аласт одамларга тўлиб кетарди, шундай пайтларда у кўчага чиқмай қўяр, ғанимлар маст пайтларида, айниқса, кўпроқ ҳушёр бўлишар ҳамда қутуриб кетишарди. Махлуқ эса бутун шаҳарни ўкириги ва ҳар бир уйгача ўрнашиб қолган ўзининг мавжуд ва мангулигини ҳар лаҳза ёдга солиб турадиган бадбўй ҳиди билан бошқарарди – аслида ҳам шаҳарни ундан олдин мана шу мозор ва шилта ҳиди забт этганди. Махлуқ шаҳарга бостириб кирганда кўчаларда ҳид ақлини оздирган бир-бирининг гўштини еяётган қутурган оломонни кўрганди.
У хиёбондаги дарахтлар орасидаги ўтган йилдан қолган чирик хазонлар уюмига кириб ётар ва токи баданига зах ўтиб, қалтироқ бошланмагунча бепоён ва озод осмонни, ҳар хил шаклларда кўк юзида сузиб юрган булутларни, бу боғ, бу йилги қиш, осмон ҳақида шодон чулдираб, эмин-эркин учиб юрган қушларни, ҳозир унинг руҳиятига яна ҳам ёмон таъсир қиладиган ва хунук кўринадиган ҳамда тинмай хавфли нарсалардан дарак берарак йўлакларда нохуш қағиллаб юрадиган қарғаларни томоша қилиб, ўзининг болалиги, бир пайтлардаги осойишта ҳаёти, дўсту ёрлари ҳақида ўйлаб, хаёлга ғарқ бўлиб ётишни хуш кўрар, доимий таъқибдан қочиб, мана шу хазонлар салтанатига яширинар, оёқларига ором берар, бироқ бир неча дақиқалардан сўнг таъқиб туйғуси уни яна ҳам безовта қила бошлар, худди биров уни кузатиб тургандек ётган жойидан сакраб туриб кетар ва тезда хиёбонни тарк этар, боши оғган ҳилват кўчаларда изғиб юрарди.
Сал олдин сўл хиёбонда ана шу дарахтлар остида қўлга туширишларига сал қолганди: кимдир ўзига тикилиб турганини сезиб ўрнидан туриб кетди ва йўлак тарафдан тажовузкорона қараб турган ғаним кўзларини кўриб қолди. Ғаним уни бутун хиёбон бўйлаб таъқиб қилиб юрди; афтидан, у ҳамон ўзининг кўзларига ишонмаётган, иккиланаётгандек эди. У хиёбондан чиқишда бошмоғининг боғичини боғлаётгандек эгилиб, оёқлари орасидан изига қаради ва таъқиб этувчилар энди икки киши бўлганини кўрди. Қуббаси панжара қилиб қурилган эшикдан бурилди-ю, яқиндаги метро бекатига югурди. У бекатда одамлар орасида юзини ёқалари ичига олиб, ён атрофни олазарак бўлиб кузатди – таъқиб этувчилар шундоқ ёнгинасида турарди. У бир пас кутиб туриб, эшиги ёпилаётган вагонга ўзини урди ва таъқиб этувчилар ҳам югурганини, лекин эшик улардан олдинроқ ёпилганини кўрди. Кейинги бекатда у метронинг нарига бошига қараб кетаётган вагонга чиқиб олди ва то охирги бекатгача вагондан тушмади у метродан чиққанда қуёш ботаёзиб қолган, ерда соялар чўзилиб ётарди. У катта, гавжум кўчадан чиқиб қолган, қаршисида ғайритабиий манзара намоён бўлганди: бир тўда ғанимлар кўчани тўлдириб, ҳарбийчасига юриб борардилар: қандайдир тантанали мусиқа янграрди, ғанимлар шодон қийқиришар, ҳар дам ҳар дамда чапак чалиб қўйишарди. “Бунчалик кўп булар”, – деб ўйлади у дафъатан майдонни тўлдирган махлуқбашара оломонни кўздан кечирар экан. Шундай деб ўйлаши билан юраги санчилиб оғриди ва уни ногоҳан даҳшат қамраб олди. У шундагина бутун шаҳар ғанимлар билан тўлиб тошганини ва булар орасида ўзи ёлғиз эканини ҳис этди – ҳам қўрқув, ҳам очлик бирдан миясига тепди. Ва бутун дунёси қоронғулашиб кетди: кўзи тушган биринчи ўтирғичга зўрға етиб олди-ю, бир елкаси билан унга деярли ағанаб тушди. У боши айланиб, ҳушини йўқотаёзган эди. Ҳозир унинг юзига қараган одам қўрқиб кетарди – юзи қизариб, лаблари қалтирай бошлаган эди. Ғанимларни яқиндан кўрганда у ҳамиша ўзини тутолмай, изтиробдан беҳушлик даражасига етарди. У кўзларини юмиб олди. Шу ҳолатда бир неча сония эликиб ётди. Унинг хаёлига қандайдир чоҳ кўриниб кетди – йўқ, бу чоҳ ниманингдир оқибатидан пайдо бўлгани йўқ, шунчаки ўз-ўзидан, ҳозирги кечинмаларига алоқаси бўлмаган ҳолда пайдо бўлди. Бу чоҳ улкан, тикилиб қарасанг туб-тубида чўғ алангаланиб ётганини кўриш мумкин эди. Балким умидсизлик туфайли шундай хаёлга боргандир?! Ҳар қалай, ҳуши жойида эмас, кўзига яна алламбалоларнинг ваҳмли ва улкан шакл-шамойили кўринди; бу гоҳ чўчқа боласидай келадиган чаённинг соясига, гоҳ эгасининг суягини кемириб ётган итнинг оч кўзларига ўхшарди. Иситмаси кўтарилиб, алаҳсираш даражасига келганди.
У кимдир ўзини чақиргач ва елкасига туртгач, кўзини очиб, бир муддат ҳеч нарсага тушунмай бақрайиб қараб турди – худди маймуннинг орқасидай аввал қизғиш башарага кўзи тушди, сўнг башара ёшгина аёлнинг бироз сўлғин чеҳрасига айланди – унинг олдида ёшгина ғаним аёл турарди. Жувон унга нимадир деб гапирарди. У ўзининг кимлигини бирдан эсига тушиб, сакраб туриб қоронғулик чўка бошлаган бинолар томон юриб кетди. Жувон нималардир деб қичқирди, лекин у қандайдир улкан бино олдига келиб чапга бурилди-да, ер ости йўлидан ўтиб, ҳар эҳтимолга қарши атрофга яхшилаб қараб олгач, ўнг томондаги серсоя кўчага бурилди. Хилват унга бироз ором берди: шунда у бояги жувонни ва “Сизга нима бўлди?! Ёрдам керак эмасми?!” деган сўзларини эслади-ю, юраги шув этиб кетди. Яхшиям аёл унинг юзини кўзларини тузукроқ кўришга улгуролмади, йўқса, қандай қиёмат бўлишини ўзича тасаввур қилди. Майдондаги ғанимларнинг ҳаммаси унга ташланишар, балким бурда-бурда қилиб ташлашарди. У ҳамиша ўзини таниб қолса нима бўлишини тасаввур қилар экан, юраги уришдан тўхтагандай қулоқлари битиб қоларди. Даҳшат! Сўраб-суриштириб ўтиришмайди. Шафқат уларнинг хаёлига ҳам келмайди. У ўз ҳаётини, ваҳима васваса билан ўтаётган кунларини ўйлаб хўрлиги келди. “Қандай бахтли эдим, тинчгина яшаб юрувдим, бировларга ёмонлик ҳам қилмаган эдим. Қўлим очиқ эди. Дўстларим кўп эди. Қани улар?!” У бу саволларга анчадан бери жавоб тополмасди. Умуман, бу саволнинг жавоби бормикан?! Унинг шуури, онги таъқибга, қўрқув ва ваҳимага мослашиб борар, ҳатто оёқлари ҳам чаққонроқ бўлиб кўзлари ўткирлашган, қулоқлари ҳар бир шарпани тутиб юрадиган бўлиб қолган эди – у кундан-кун ўзининг ҳаёти доимо хавф остида бўлган қандайдир ожиз махлуққа айланиб бораётганини ҳис этарди. Сўлагида ҳам кейинги пайтларди ачимсиқ ҳид пайдо бўлган, товонлари туёқдай қотиб кетган, тили эса чўзилиб борарди. Таъқиб уни гунг ва ожиз махлуққа айлантириб қўйганди. Фақат кундузи эмас, тунлари ҳам уни ваҳима тарк этмас, назарида ҳозир ушлаб олиб кетишадигандай, сўнг сўраб-суриштириб ўтирмай тилка-пора қилиб ташлашадигандай туюлаверарди. У бутун бошли тарих харобасига ўхшаш шаҳарда дайдиб юрар экан, жуссаси кичрайиб, терисини жун қоплаб борётганини сезарди: жун аввал қўлтиғи тагидан ўсиб чиқди, сўнг кўкрак ва бўйнини гурра қоплаб олди.
Кеч тушиб салқин бўлиб қолди. Осмон аёз, юлдузлар шеър сатрлари каби тизгин ва сўлғин милтиллар, кеча  дилбар эди. Ҳаводан тез кунда ҳар бир дарахтга туғ илажак кўклам ҳиди уфурарди. Зулмат уни бироз хотиржам қилган, бирон ерга ўтириб бироз дам олиб, сўнг саройга жўнаса ҳам бўларди. Бироқ бирдан шундоқ яқинда ғўнғиллаётган товуш эшитилди,  – бир неча киши бу тарафга келаётган эди, чамаси орқада чироқ бор эди, йўлканинг четига ўтирғич ўрнатилган, бирдан-бир бекинишга қулай жой ўша ер эди. У бирпас тараддудланиб туриб, ўзини ўтирғичнинг тагига олди – унинг бошқа иложи қолмаган, гаплашиб келаётганларнинг қораси кўринган эди. Ўтирғич ости кенг, қулай эди. У чалқанча тушиб ётиб ола қолди. Шундай қилса ҳам ўзи дам олар, ҳам хавфсизлигини таъминлар эди. Аммо гаплашиб келаётганлар ўтирғич тўғрисига келиб, бир зум тўхташди-да, ўтирғични кўриб шу тарафга йўл олишди. Уларнинг суҳбати ўтирғичда ҳам давом этди. У ясси пошналарнигина кўриб турарди – энди жуда ҳам мушкул вазият пайдо бўлганди: суҳбатдошлар кетмай туриб, ўтирғичнинг тагидан чиқиб бўлмасди. У қўлини боши остига қўйиб, қаттиқроқ нафас олишга ҳам қўрқиб, ҳаракатсиз қотиб ётди.
Бу ерда ҳеч қандай куч-қудратнинг ёки ёвуз бўлишнинг ҳам кераги йўқ,- дерди ўтирганлардан биттаси; у ўтирғичнинг сўл томонида ўтирганди. Улар тагларида ким ётганларидан бехабар бемалол суҳбатга берилгандилар. – Мен шахсан қирғинларга қаршиман. Бугунги маданий дунё инсонпарвар тузумни ёқтиради. Инсонпарварлик – барча ғояларнинг шу жумладан бизнинг ҳам таянчимиздир. Бошқаришни такомиллаштириш керак, холос. Назорат қанчалик кучли бўлса ҳокимият шунчалик кучли бўлади. Жамиятнинг ҳар бир аъзосига назорат туйғусини сингдириш керак. Назорат туйғуси фуқаро кўнглидаги ҳокимиятнинг қиёфасидир. Назоратга барча фуқаро жалб этилиши, фуқаронинг ўзи ҳокимиятни бошқариши керак. Мен тавсия қилган лойиҳамда худди мана шу фуқаролар ҳокимияти жорий этиш масласи кўрилган. Хусусан, фуқаро ўзини ҳокимиятнинг одами деб ҳисоблаши ва кимнидир назорат қилиши керак. Бир фуқаро иккинчи фуқарони, иккинси фуқаро учинчини, учинчиси тўртинчини ва сўнгги фуқаро эса биринчи фуқарони назорат қилади. Буни доира шаклидаги идора усули дейиш ҳам мумкин. Бу усулда ҳамма бир-бирига масъул ва бир-бирига назоратчи бўлади. Бошқача айтганда бир фуқарога бошқа бир фуқаро душман, ҳокимият учун хавфлидир, бу туйғу назорат масъулиятини ошириш учун керак. Хуллас, биринчи фуқаро иккинчи фуқарони таъқиб қилади – яъни назорат қилади иккинчиси учинчини таъқиб этиши ҳокимият хавфли бўлган фитна ва қўпорувчиликнинг олдини олиши зарур. Агар ҳокимият барча фуқароларни мана шу бошқариш усулига жалб этолса у жуда кучли ҳокимият бўлади. Чунки ҳокимиятни бир-бирини назорат қилувчи омманинг ўзи бошқаради. Ишончсизлик бор жойда бошқарув кучли бўлади. Бир фуқаро бошқа фуқарога ишонмайди, аксинча, ҳокимият хавфсизлиги учун уни таъқиб қилади. Менинг лойиҳамда ҳатто ота боласини ҳам ёки бола отани таъқиб этиш ҳуқуқи берилади. Таъқиб бор жойда бошқа ҳамма жамиятда учрайдиган фитна, ғалаён қонунбузишлар ва бошқа жиноятлар содир бўлмайди, таъқиб этиш ҳокимият поклиги учун курашдир. Менинг лойиҳамда таъқиб идора усули жуда мукаммал ишлаб чиқилган: ҳокимиятни қайсидир куч эмас, таъқиб бошқаради. Таъқиб улуғ ва ғоят самарадор машинадир. Ана шу машинани ўзига таянч қилиб олган ҳокимият ҳеч қачон таназзулга юз тутмайди. Таъқиб бор жойда олий тартиб-интизом қарор топади. Фақат  одамларга таъқиб этиш илмини ўргатиш керак. Тасаввур қилинг: бир ўқувчи бошқа бир ўқувчини, у ўқувчи эса учинчини назорат қила бошлайди; ҳокимиятчиликнинг илк куртаклари шу ерда шаклланади. Биз ўз фуқароларимизни болалигидаёқ ҳокимиятни бошқаришга тортган ва уларнинг миясини ҳар хил бузуқ ғоялардан тозалаган бўлардик. Қайси ҳукумат узоқ яшашни истаса, таъқиб усулини ғоят мукаммаллаштирмоғи зарур.
– Мен ҳам уларга бир неча марта айтдим, – деди ўнг томондагиси хириллоқ овозда – Бизникилар замондан орқада қолишаяпти деб. Менимча, сизнинг лойиҳангиз ҳаётий ва илмий асосга қурилган. Сизга овоз беришларига шубҳа қилмайман.
– Қонун – итнинг думига ўхшаган нарса, – деди биринчиси мақтов ўзига ёққанини яширмай. – Ит думига қараб қанча интилса, дум итдан шунчалик узоқлашади. Замонавий тузумнинг қонунлари ана шундай бўлиши керак. Ҳамма нарсаси ойдин бўлган қонун ҳукуматнинг бошини ейди. Қонун ҳам тушунарли, ҳам тушунарсиз бўлсин. Қонуннинг таъсири унинг тушуниқсизлигидадир. Сизга, жигарим, маслаҳатим шу, қонунни ҳеч қачон тушунарли қилиб ёзманг. Дунё ўзининг сирлилиги билан мароқли; муштингизни кўрсатингу ичида нима борлигини ҳеч қачон билдирманг.
Булар ғанимларнинг қонуншунослари эди, чоғи, тилларида қонун каби салобатли ва мавҳум атамалар кўп эди. Улар турли ислоҳатлар, мафкуравий режалар, лойиҳалар ҳақида узоқ суҳбат қурдилар, бора-бора қонуншуносларнинг баҳси унга мутлақо тушуниқсиз тусга кирди. Кундузги таъқиблар ва очлик унинг силласини қуритган эди, кўзи илиниб беозоргина уйқуга кетди.
О, туш кемаси, сен қайларга сузиб бормайсан, сенинг елканларинг қайси юртларда ҳилпирамайди, лангарингни қайси мамлакатларга ташламайсан?! Сенга ҳамду-сано ўқишнинг ҳожати йўқ. Сен шусиз ҳам қудратли ва улуғсан. Тилсимли кўзгу янглиғ гоҳ-гоҳ умримнинг мен тайғониб кетган қирларини кўз олдимга худди кеча содир бўлгандай бот-бот бошлаб келаверасан, мени болаликнинг булоқларига чўмилтираверасан. Бу дунё шафқат қилмаган бандага нега сен мурувват қилмайсан, эй, улуғ туш! Менга эслатиш ва кўнглимда тўниб қолган бўронларни қўзғатиш сенга шартмиди? Сенга зурурмиди мени ул ваҳм оролларига бошлаб бориш, мени уйқуда ҳам таъқиб этиш эй, улуғ туш!
У совуқ қотиб алаҳсиради. Тушига қатл этилаётган майдон кирганди. Ғанимлар бобоси ва отасини тутиб олган ва энди уларни намойишкорона қатл этиш учун йиғилишганди. Бу ҳали қаллиғини қатл этмасдан кўп йиллар бурун содир бўлган эди. Ғанимлар қатлдан олдин ёш болаларни майдонга йиғишган ва ўзларига ғаним бўлганларни не кунларга сола олиши мумкинлигини болаларга ҳам кўрсатиб қўймоқчи эди. Улар қатл этилаётган одамлардан эмас, майдонда қатор тизилишиб, ҳайрат ва қўрқувда турган болалардан қўрқишар ва бу хил “тарбиявий соатлар”ни тез-тез ўтказиб туришарди. Махсус ёғоч тўшакка ётқизилган бобоси ва отасининг аввал бош чаноғини кесиб олдилар: бобоси ва отаси иродали эди, кесишаётганда бирор марта миқ этишмади. Фақат бобоси ҳар куни эрталаб бозорга кетишдан олдин қиладигандек майдонда юм-юм йиғлаб турган унга қараб кўзини қисиб қўйди. Отаси қайрилиб ҳам қарамади; у афтидан ўғлига қараб, иродасизлик қилиб қўйишдан қўрқарди. Бош чаноқларни олишгач иккаласининг ҳам арча бужурига ўхшаш кулранг-оқиш миялари очилиб қолди. Ғанимлар қайдандир (аввал тайёрлаб қўйишган, чоғи) иккита илон топиб келишди. Илонлар тинмай думини ликиллатар ва тилини чиқариб вишилларди. Жарроҳ ғаним илонларни бош чаноққа солиб, уни қайтадан жойига тикиб қўйди: у ишига жуда уста эди, ҳаммасини кўз очиб юмгунча бажарди. Аввал отаси чинқириб юборди. Унинг қўл-оёғини ечиб қўйишди. У бошини ушлаганча, бақирар, силкир, бошига муштлар ва майдонда уёқдан-бу ёққа думаларди. Салдан сўнг бобоси ҳам қўшилди. Илонлар миянинг титиғини чиқаришаётган ва дуч келган жойга заҳрини сочишаётган эди, чамаси. Ғанимлар уларнинг думалашларини кўриб, ҳиринглаб кулишар ва бу манзара болаларга қандай таъсир кўрсатаётганини билиш учун уларга зимдан кўз ташлаб қўйишарди. Қандайдир бола оғзини катта очиб бақириб юборди – унинг чинқириғида телбавор оҳанг бор эди. Тезда оғзидан кўпик келиб, у йиқилиб қолди ва ерда булкиллай бошлади. Ғанимлар болага парво ҳам қилмади. Фақат қандайдир барваста ғаним унинг елкасидан босиб турар, у шу туришда одамдан ҳам кўра ўлжасини чангаллаб турган ёввойи махлуққа ўхшарди. Бобоси ётган ерида ирғиб турди – унинг юзи кўм-кўк эди. Кўзлари оғриқдан катталашган, ифодасиз тусга кирганди. У бошида миясини кемираётган (бошчаноққа нима солишаётганини ўзларига кўрсатишмаганди) очафотни бир уришда йўқ қилмоқчидек, югуриб бориб, бошини нарироқда турган бош деворга урди – бошининг қатиғи чиқиб кетди – ўзи ҳам бир-икки қимиллади-ю, сўнг жимиб қолди. Жарроҳ ғаним уни ағдариб кўриб ўлганига ишонч ҳосил қилгач сўкинди. У қатлни бошқараётган ғанимга “Илонни ўлдириб қўйибди, аблаҳ” деди. Отаси майдон ўртасида чўзилиб ётар унинг боши дўмбирадай шишиб кетганди. Жарроҳ уни бир-икки тепиб кўргач, икки ғаним ёрдамида яна ёғоч тўшакка олиб келди. Бош чаноқни кесиб илонни чиқариб олди. Илон мия ёғига беланган, қуёшда танаси йилтиллаб тириклигини кўрган ғанимлар гувраб юборди. Жарроҳ илонни ўпиб қўйди ва уни махсус қутичага солиб, қайгадир олиб кетишди. Жасадларни эса аравага ортишди ва аравани шаҳарнинг жануб томонига етаклаб кетишди.
Ўшанда унга юраги кичрайиб қолгандек туюлганди, гўё илон унинг юрагининг ярмини еб қўйгандек эди. У юраги санчилиб оғриганда, улар кўкрагимга илон солиб қўйишганмикин деб чўчиб тушарди. Ўша куни унинг сочи битта қолмай оқариб кетганди…
У тагидан зах ўтиб, совуқ қотгач, уйғонди ва бир сония ўзининг қаерда ётганини англолмай турди; сўнг, алоҳа, атрофга қулоқ тутди – ҳеч ким йўқлигига ишонгач, ўтирғич тагидан чиқди ва кўчанинг хилват томони билан шаҳарнинг шарқий қисмига яёв йўл олди – ташландиқ сарой ўша ёқда эди.

* * *

У шаҳар забт этилгач, қабристонда яширинб юрди. Қабрлар орасида ўзига хийла кенг лаҳм қазиб олган, у ер иссиқ ва бехавотир эди. Тунлари танасини аёз ва изғириндан асраш учун устига тупроқ тортиб ухлар, узун ва тубсиз хаёлларга чўмарди. Бу хаёл суришлар унинг бахтли лаҳзасига айланиб қолганди. Бироқ қайсидир кечаси итларнинг қаттиқ ҳуришидан уйғониб кетди. Назарида бутун дунёни ит босгандай эди; ҳуриш чор тарафдан келар, баъзида тантанавор бақириқ-чақириқлар эшитиларди. У ғанимлар яна ниманидир бошлаганини англади ва лаҳмдан секин бош кўтариб қаради – Ой сутдай ёруғ эди ва қабристон устига тирқираб тўкиларди. Ғанимлар бир тўда ит эргаштириб олишган ва қабрларни очиб, у ердаги суякларни итлар олдига ташлашар, нақ эшакдай келадиган ҳиродай итлар суякларни қасирлатиб чайнашар: атрофга бирров кўз югуртириб, ириллаб қўйишар, тумшуқлари билан очиқ қабрларни титишар ва ҳадеб думини ликиллатишарди. У кўрган манзарадан даҳшатга тушди, назарида суяклар эмас, арвоҳлар фарёд қилаётгандек эди. Ғанимлар қабристонни бошдан-оёқ ағдар-тўнтар қилиб чиқишди – шунда у тинчгина, хотиржам ўлиб ҳам бўлмаслигини тушуниб етди: ўлим ҳам уни хўрлигу ҳақорат, тажовузу таъқибдан халос қилолмасди, унинг суяклари ҳам таъқиб этилишига маҳкум эди. Шундан кейин у бошпана излаб шаҳардан бош олиб кетди ва мана шу ташландиқ саройни макон тутганди – у шаҳарга бирон егулик излаб борар, қолган пайтлари саройда чўзилиб ётарди. Сарой худди бошига шунча балолар солган дунё ёки босиб ўтган умри каби сассиқ, қўланса, зах ва қоронғу эди. Аслида ҳам сарой ва дунё айнан бир нарса бўлса, не тонг!
У саройга туйнук орқали кирди – бу ҳар доимги эҳтиёт чораси эди: гарчи сарой ғанимларнинг эътиборига тушмайдиган жойда бўлса ҳам у ўз одатини канда қилмасди. Саройнинг ичи зах, устига устак халталарда қандайдир куйимтик дорилар сочилиб ётар, ўткир ҳиди димоқни ўтдай кўйдирарди. Агар бошқа бўлганда бу саройда яшагандан кўра ғанимнинг қўлида қийма-қийма бўлишни афзал кўрган бўларди. Лекин унинг табиатидаги ўжар бир феъл-атвор қон-қонига сингиб кетган, очдан ёки мана шу дорининг ҳидидан бўғилиб ўлиш мумкин эди-ю, лекин ҳеч қачон ўз ихтиёри билан ғаним қўлига тушишни истамасди, таъқиблар борган сари кучаяр, унга ажабланиб, шубҳаланиб қарайдиганлар сони кундан-кун ошиб бормоқда эди.
Бу сарой  – таъқиблардан ҳоли бўлган жой – унга бироз мизғиб олиш учун қўналға эди. Сарой унинг қанчадан қанча кечинмаларига, сирларига ва тушларига шерик бўлмади?! Агар унинг кўрган тушларини бир бошидан изоҳлаб берилса, дунёнинг яралишидан то унинг йўқ бўлиб кетишигача бўлган ўтмиш, ҳозир ва келажакни акс эттирган бир бутун яхлит бир асарга айланган бўларди. Тушларида у нималарни кўрмасди?! У туши орқали Момоҳаво кулбасигача кезиб борган ва бир неча марта фалак қабулида ҳам бўлганди. Тушнинг кўз илғамас арқонларига осилиб, ул олий даргоҳга бош уриб борар, юрагида пайдо бўлган ваҳима-ю ҳасратларни тўкиб солар, умидсизлик ва тушкунлик нимталаб ташлаган пора-пора танасини силкитиб, қиш оқшоми каби кунма-кун қорайиб, ифодасиз, бўлиб бораётган кўзларидан алам  ва қайғу ёшларини оқизиб, у сиймо олдида қон-қон йиғлар, таъқиб қилинавериб, тошдай қотиб қолган юраги негадир бу даргоҳда тўлқин емирган қоя янглиғ ўз-ўзидан уқаланар, ҳаётида юз берган сон-соноқсиз фалокатлар, кулфатлар, йўқотишлар, аламзадаликлар, қасос туйғуси асабий инграшлар, руҳий эзилишлар, ўлим ваҳимаси, ёлғизлигида чеккан азобу уқубатлар туфайли ямалавериб, қуроққа айланган чоклари сўкилар ва у ердан Халоскор оёғи остига чексиз ҳасратлар тўкилиб тушар,” Мени у дунёда ёлғиз қолдирар экансан, нега яратдинг? “деб ёлворар, илтижо қилар, у хилқатдан бирон садо бўлмагач, бўйнига тушган совуқ кўз ёшидан чўчиб уйғониб кетар ва ўзини яна ўша бадбўй ва исқирт саройда кўрардию У ўзини алдаш ва овутиш учун узоқларга йўл олган ва олис-олисларда кўз илғар-илғамас нуқта бўлиб кўринаётган алвон елканли кемадек энди ўзидан аста-секин йўқлик қаъри томон сузиб бораётган саодатли дамлардан қолган элас-элас хотираларни онгининг саҳнасига тортиб чиқар ва бу ташландиқ кемада болалигининг овлоқ ва хушвақт қирғоқларигача сузиб борар, сўнг ўсмирлик, йигитлик ва муҳаббат кўрфазлари бўйлаб, яна ўзи турган ёлғизликнинг хароба бандоргоҳига қайтарди: булар унинг юраги тўрига кўмиб қўйган энг севимли хотиралари эди;  қиладиган иши бўлмаганидан аянчли шаҳарда ўзининг куни битиб бораётганини, кўксидаги шам таъқиб, ваҳима, очлик, тушкунлик, байроқлари остида секин-секин сўнаётганини англагани сайин идрокининг қоронғулик қоплаган бурчакларини қаза-қаза бу хотирани топиб олар ва хазина топган деҳқондай бу хуш саодат лаҳзалар олдида бир зум гарангсиб туриб  қоларди; гоҳида у бадбўй ҳид анқиган хонада бутунлай ақлдан озар, ҳид уни кун узоғи таъқиб этиб юрар,  бошда осилиб турган қилич каби ваҳм ва жазава соларди. У ўзини таъқиб этаётган ҳидми ёки кўзлари чақчайган одамларми, билолмай қоларди. Махлуқ қанчалик қўрқинчли бўлса, ҳид ҳам шунчалик бадбўй эди. Ҳид уни қутуртириб юборар, вужудида ёввойи бир ёввойи ғалаён бош кўтарар ва у минглаб йиллар ўзига қараб увиллаётган аждодларининг чорловини эшитгандай бўлар, ўзи ҳам бор товуши билан хароба саройни қоматга келтириб, бўридай увлай бошлар, бу увлашда ёлғиз ҳаётидан зорланиш ҳам,  ғанимларга чексиз нафрат ҳам акс этар, гўё бу садо минг йиллар нарида турган, ҳали кўринишлари ҳайвондан кам фарқ қиладиган, кўзлари очкўзлик ва ғазабдан титраб, тоқатсизлик билан ўлжасини пойлаётган, кўзларида яшаш учун курашнинг энг мудҳиш қонуниятлари акс этган, ҳамда минг йиллардан кейин ўзи тўғрисида уйдирмачи тарихчиларнинг чўпчаклари орқалигина биладиган, осмон ўпар иморат тепасидан қараб тургандек, ўзига асрлар оша лоқайд ва масхаромуз тикилиб турган авлодларигача бориб етгандай, қонида аждодлар руҳи аланга олар ва у тинмай увлай бошлар, гўё ўзи билан бутун аждодлари ҳам қўшилиб нола қилаётгандай бўларди; улар ўз наслининг тугаб адо бўлаётганидан нола ва фарёд қиларди. У эса ожиз ва маҳкуми эканлигидан нола қиларди; бироқ биринчи увлаш билан  сўнгги увлаш бир-биридан  фарқ қиларди; биринчисида бахтиёрлик ва шаън мужассам эди, иккинчисида ҳасрат ва соғинч ётарди. Бу увлаш унинг кундалик ваҳималардан кичрайиб бораётган танасига ҳузур бағишлар, кўз олдидаги мавҳумлик ва таъқиб пардалари сурила-сурила беҳишт кўлидаги қил кўприкдек уни қайгадир бошлаб борадиган, ғалтакка уқувсизларса ўраб ташланган ипдек, чувалатма, айланма, худди аждодлари  увлаётган ўрмондан кейин ота-боболари босиб ўтган йўлдек чигал сўқмоқ пайдо бўлар, бирдан қонига ўрмон ҳавоси тепиб йўлга тушгиси, йиқилиб, судралиб бўлса ҳам кўнглининг бир четида очилган бу йўлдан ўша олис манзиллар томон югуриб кетгиси келар, зеро бу йўл унчалик номаълум йўл ҳам эмас, у увлаган сайин тобора яқинлашиб бораётган, боболари ташлаб чиқиб келган ўша олис ўрмон кетидаги йўл эди. У қанчалик увласа боболари ўрмонни ташлаб чиққандан сўнг босиб ўтган замонлар ва асрлар мобайнида бир улуғ ва емирилмас қўрғон каби тиклаган , сайқал берган ақл ва шуурдан қиёфа ва вужуддан шунчалик узоқлашиб борарди-аслида одам қиёфасини ечиб ташлаётган одамзот яратган ва тартиб солган дунёдан на заковат, на ақл бовар қилмас қайларгадир қочиб бораётган ожиз ва маҳкум жониворга ўхшарди.
Биринчи бўлишдан кўра сўнгги бўлиш нақадар оғир. Сен ота-боболаринг ёзиб келган, замонлар чангалида бешафқат ва қутурган селлар ҳаёт қоясидан улкан-улкан халқаларни ҳам суриб кетган, вақти-вақти билан ёғиб турадиган тарих ёмғирлари ҳам ўчира олмаган, қиссага сўнгги нуқта бўлишингни эслашнинг ўзиёқ даҳшат? Нечоғли аламнок бўлмасин, сен ўз аждодларинг яратган достоннинг сўнгги варақларисан-сендан кейин бу жумла давом этмайди, табиат сенинг аждодларингга берган ҳаёт шаъми мана шу жумла билан бирга мангу ўчади!
Таъқиблар ва увлашлар унинг аъзолприни ҳам аста-секин ўзгартира бошлаган эди- унинг қўли ва оёқларида билинар-билинмас панжасимон туёқлар ўсиб чиқаётган, товуши тилига бўйсунмасди, о дариғ унинг увлашга мойил бўғзидан маърашга ўхшаш товуш отилиб чиқаётганини англаган  пайтда нақ телба бўлиб қолаётган эди. У уч кеча ўзининг шубҳасини йўққа чиқариш учун тинмай “увлади“. Шубҳага  ҳожат йўқ эди, унинг бўғзидан қудратли ва шижоаткор увлаш эмас, ожиз ва заиф маъраш отилиб чиқаётган эди. Унинг товушида ҳам таъқиб асорати сезилиб турарди. Шундан сўнг у увлашни бас қилди. Энди таъқиблардан эсон-омон қутилиб келган кунлари нуқул хаёл суриб ётар ва тушида ҳам хаёлий манзараларни кўрарди. Унинг хаёллари ҳам аянчли эди; унга гоҳида бирдан ер ёрилиб ўзини қаърига тортиб кетадиган, гоҳида қандайдир одамнусха махлуқ уни бир ямлаб ютиб ёки уни ютиш учун қувлаб келаётгандек бўларди. У мана шу даҳшатлар ичра ёлғиз қолгани, ўлим кўзига кўрингани сайин ҳаёт ва яшашнинг қадрини англагандек бўларди. Илгари ўзига  зерикарли, шавқсиз бўлиб туюлган лаҳзалар унга энди лаззат бағишлар ва уни энди ҳеч қурса, бир марта хотиржам ва осойишта ҳаётнинг қўйнида бола онанинг  қучоғида ағнагандек ағнаб ётсам, мазмунсиз, сийқа бўлса ҳам энг зерикарли китоблар ўқисам, кўчаларни ҳеч кимнинг таъқибисиз худди ўзимни у ернинг хўжайинидай сезиб оёқларимдан мадор кетгунча кезсам, хунук ва бахтсиз қизларга муҳаббат изҳор қилсам дерди. Бир пайтлари унга бачкана туюлган кечинмалар энди уни  ўзига чорларди, у ўз вақтида қадрига етмаган нарсалар энди унга қадрдон ва қалбига алланечук яқин эди.
О, қанчалар гўзал эди  ҳаёт!
О, қанчалар шукуҳли эди бу ҳаёт! Уни шаҳар ўртасида сасиб ётган махлуқнинг  танаси каби дағаллаштириш ва ваҳималарга буркаш кимга зарур бўлиб қолди?!  Наҳот фалак шуни истаса?! О, сен қайдасан? Мени нега ташлаб кетдинг? Ўша дарёда нега чўмила қолдинг? Ундан кўра менинг кўз ёшларимга  чўмилсанг  бўлмасмиди? Менинг кўзларимга чўмилсанг бўлмасмиди? Майдон узра сазойи қилиб олиб ўтишар экан, мен буталар орасидан сени кузатиб турардим;  бутун шаҳар сенинг оловдай баданингдан чақнаган аланга ичида қолган эди – бу аланга ҳаммадан ҳам кўпроқ мени куйдирар эди. Сенинг аланганг бу шаҳарни куйдириб кул қилди, энди хароба бу шаҳар, менинг кўз ёшларимга ғарқ бўлган бу шаҳар.
Ў, киприкларинг менинг юрагим чокини ямасанг бўлмасмиди? Юлдузларни бўйнингга мунчоқ қилиб бермасмидим?! Сенинг икки коклинг менинг икки йўлбарсим эди, йўқ, йўқ, икки шерим эди!
О, бу шерлар менинг қўйнимда наъра тортсалар нетарди?! У дунёнинг турфа гуллари сенинг ёноғингдан гуриллаб очиларди. Ахир сенинг манзилинг менинг қучоғим эди-ку?! Сенинг тахтинг менинг юрагим эди-ку?! Сенсиз қолган тахтга  кимлар  ўтирмоқчи? Сенсиз қолган бу салтанатни кимлар бошқармоқчи? Қани сенинг киприкларинг- менинг –ханжарларим? Қани сенинг кўкракларинг –менинг қалъаларим? Қани сенинг хаёлларинг-менинг тўшагим! Қани сенинг қобоқларинг – менинг кафаним! Қани сенинг орзуларинг – менинг тулпорим! Қани сенинг ҳайратларинг – менинг бўстоним! Қани сенинг ғазабларинг-менинг камарим! Қани сенинг нигоҳларинг-менинг божхонам! Қани сенинг табассуминг-менинг бошпанам! Кўзларингни мозор этиб, мени кўмсанг нетарди! Бу шаҳар шаҳар эмас, бу дунё дунё эмас, сенинг ковушингнинг излари, изингнинг ғуборлари бу шуъла, бу қуёш қуёш эмас, сенинг қалбингнинг тўзонлари…
…У қалтираётган аъзойи баданини сал иситиш учун сарой ичини чангитиб, тез-тез у ёқдан бу ёққа юриб турар, саройни ғуборлашган дори ҳиди қоплаган эди. Сал исигач, қоғозларни тагига тўшади-да, эртага ҳолдан тойиб қолмаслик учун мизғиб олмоқчи бўлди: боши  ҳам тарс ёрилиб кетай деб оғрирди. У кўзларини юмиши билан ухлаб қолди; бироқ ора-чора кўзини очиб, эшик ва туйнук томонга қараб қўяр, ҳеч қандай хавф йўқлигига ишонгачгина яна уйқуга кетарди. У алоғ-чалоғ туш кўрарди; тушида онасининг этагига юзини яшириб нимадандир нохақ хўрлангандек йиғлаб ётган эмиш. Онаси нимадир деб овутармиш, у эса баттар йиғлармиш. Кейин туши мутлақо бошқа манзарага айланиб кетди.
У сесканиб уйғониб кетди, ўзига келолмай, гарангсиб турди
“Қаердаман?” деган савол миясига қалқиб чиқди ва туман тарқагандай онги бироз ёришгач, олти ой олдинги манзара қандай юз  берган бўлса шундай тушига кирганини англади-ю, вужуди ларзага келди.
Дўстини ғанимлар чўмилаётган жойида-баданидан таниб қолиб ушлаб олишган экан. Шундан кейин у нуқул ўлим ҳақида ўйлайдиган бўлиб қолди; ҳеч нарсага ишонмай ва умид қилмай қўйганди. Дўсти ўзи билан бу дунёдан унинг бутун оромини ва умидини олиб кетганди. Дўстининг жасади шаҳар ўртасида уч кун осилиб турди- унинг буғдойранг танаси занглаган қиличга ўхшарди, ҳатто жасад ҳам ғанимларнинг кўнглига таҳлика солди шекилли, жасадни тезда шаҳар ташқарисидаги жарга апил-тапил кўмиб келишди-кўмган жойидан дўстиниинг мушти монанд буталар  ўсиб чиққач, ғанимлар қабристонни тошқум билан суваб ташлашди- у ёвуз кучлар ва таҳликалар орасида ёлғиз қолди.
Ташқарида ғира-шира тонг ўрмалаб юрарди. У саройдан чиқди ва оёғи тортган томонга қараб жўнади. Шаҳар эндигина уйғона бошлаган эди- трамвайлар тарақлаб ўтиб қолар, автолар йўлни аста-секин ишғол қилишаётган эди. У яна ҳар кунги одати бўйича қандайдир кўчаларни  саросар кезиб чиқди-қаерларга боргани ўзининг ҳам эсида йўқ эди. Айланиб-айланиб шаҳарнинг шарқ томонидаги анҳорнинг бўйидан чиқиб қолди-анҳор жуда ҳам саёз, ифлос, ҳар хил чиқиндилар ташланганидан ўзан юзакиланиб балчиқ бўлиб қолган, қопқора сув ўзига зўрға йўл топиб юрар, анҳорда сувдан кўра нефт оқиб ётганга ўхшарди. Анҳордан сакраб ўтилгач аянчли равишда бирдан қуя бошлаган толзор бошланарди. Бу ерда кўкламдан нишона берарак, хазон ва чурук новдаларни ёриб ям-яшил майсалар кўтарилиб, яшнаб жўнаганди. У беихтиёр толзор оралаб юриб кетди. Ҳаво рутубатли, новдалар оёқ остида қирс-қирс синар, осмонда булуқ қуюқлашиб борарди. У толзор ичига кириб бир зум тин олмоқчи бўлди. У кундуздан жуда қўрқар, кундуз таҳлика билан бостириб келаётган шердек унга ҳар дақиқа таъқибни, ўлимни эслатиб турарди – умуман, каламуш тушида фақат ўз уясини кўрганидек, у ҳам ҳаётда таъқибдан ўзга нарсалар борлигини тасаввур қилолмасди – ҳатто тушининг шифтлари-ю, кўприклари ҳам ҳозир ўпирилиб тушадигандек, унга ваҳима бағишлаб турарди. Зеро, у ҳамма нарса омонат, йўқлик, саробдан иборат эканлигини англаб қолганди. Бу дунё- сароб бир дашт. Бу дунё- охири улкан ва бесарҳад йўқлик билан тугайдиган улкан саҳро. У мана шу йўқлик ва саробга қоришиб яшашга маҳкум этилган.
У бирдан хаёлининг ертўласига тушиб олди. О, бу ертўлада кимларни кўрмасди, қандай даҳшатларнинг изи қолмаганди бу ертўлада? О, энди мана шу сокин ва олис ертўлада ҳам унга ором йўқ. Бу ертўла ҳам таъқиб руҳи билан тўлган. Бу ертўла ҳам унга ҳар дақиқа ғанимларни ва махлуқни эслатиб турарди. Бу ертўлага ҳам махлуқнинг нафаси бостириб кирган.
У анҳор бўйлаб кетар экан, нарига бетдаги ям-яшил чимзор эътиборини жалб этди. Майсалар бу ерда яна ҳам сўлимроқ эди. Қадим замонларда улуғ дарё бўлган анҳордан ҳеч қийналмасдан сакраб ўтгани ўзига шавқ қилди; бир пайтлар бу анҳордан энг бақувват отлар ҳам сузиб ўтолмасди. У анҳордан сакраб, майсазорга ўтди-ю, ўзини ерга таппа ташлади; бир қадам нарида учта тол тиғиз қилиб экилган, уларнинг шохлари синиб, ерга осилиб тушганди. У ҳар доимги одатига кўра теваракка бир нигоҳ югуртирди. Олти юз қадамлар наридаги бинонинг тагида ғанимлар йиғила бошлаган, улар икки бармоқ орасидан беўхшов чиқиб турган бош бармоқ шаклидаги байроқни кўтариб олишган, кўринишлари тажовузкор эди. У эътиборни тортмаслик учун ўзини тол панасига олди – шохлар орасига кириши билан қандайдир шарпани сезиб тўхтаб қолди.
– Келдингми! – деди жарангдор ва қувноқ аёл овози ва унга ўгирилиб қараркан, юзи қув ўчди – Вой, кимсиз?
У бир зум эсанкираб турди: қаршисида кўзлари чиройли, ўзи ҳам келишган ёшгина аёл унга чўчиб қараб турарди. Аёлнинг кўзларида ўзга кишига аталган меҳр, интиқлик порларди – у бундай кўзларни кўрмаганига ҳам анча замонлар бўлиб кетганди. Бирдан юрагида нимадир эриб бораётганини сезди.
– Вой, сиз…сиз… кўзларингиз  бунчалар…- гапини тугатмай ирғиб турди аёл, – сизга нима керак? Вой, худойим…-аёл чинқириб юбориб ўтириб қолди. Афтидан, аёл уни таниб қолган, бир неча сониядан сўнг ўзини бўғизлаб кетишини тасаввур қилиб, беҳад қўрқиб кетган эди: титроқ кирган овоз билан жаврар ва орқага секин силжирди. – Сизга нима керак? Кетинг, мен сизга ҳеч нарса қилганим йўқ… ҳеч нарса. Ҳатто қарғаганим ҳам йўқ.. Кетинг… Ҳозир бақираман, кетинг…
У аёлнинг кўзларидаги меҳрни кўриш учун унга тобора яқинлаша бошлади. У ҳозир ғайришуурий ҳолатга тушиб қолган, таъқиб, ғанимлар, ўзини пойлаб ётган сон-саноқсиз ваҳималар ҳаммаси эсдан чиққан, аёлни эркалагиси, қучгиси, таъқиб ва таҳлика тўла дунё ҳақида, фақат ваҳима ва таъқибдан иборат уруш ҳақида гапириб бергиси, кўнглидаги йиллар қотириб қўйган тош эригунча йиғлагиси келди. Унинг юрагида бирдан бетизгин туйғулар жўш урганди; чеккан азоб-уқубатлари кўнглидаги барча майлларни йўқ қилиб юборган бўлмасин, табиат қўрқувлар ва ваҳималар уй қуриб олган бесаришта ва тўзғоқ қалбидан бу майлни яна қийналмасдан юзага тортиб чиқара олган ва уни ҳам ҳалокат хавф солиб турган, эрта-индин ўлиши муқаррар бўлган қандайдир махлуққа эмас, табиатнинг азалий қонунларига риоя қилувчи ва унга бўйсунувчи жонзотга айлантирган эди. Аёлнинг кўзларида чорлов, саодат ва бахт қоришиб ётарди; у одам эркак эканлигини тўсатдан эслаб қолган, аёлнинг хаёли, нози, эркалиги яширинган сирли қалъага кириш учун унинг иссиқ, титроқли қўлларини ўзига тортди.
– Сизга нима керак, – аёлнинг кўзларида энди унинг кўзларини бир зум тарк этмаган қўрқув ва ваҳима ёнди – Кетинг, бўлмаса… ҳозир чақираман… Қўйиб юборинг… кетинг…
Аёл унинг қўлидан сирғалиб чиқди-ю, ерда ётган бир қулочча шохни олиб ўзини ҳимоя қила бошлади; ҳувуллиб ўтган хивчиннинг учи қўлига тегиб, шилиб ўтгандай ачиштириб кетди ва бирдан хушёр тортди, қаерда ва қай вазиятда тургани эсига тушди, кўз олдига яна саноқсиз ғанимлар қайтиб келди. Аёлга бир зум қараб турди-да, унинг ўзидан қўрқиб, шафқат сўраб ожиз тикилиб турганини кўриб, қўрқиб кетди ва изига шарт бурилиб, катта –катта қадамлар билан юриб кетди; анҳорнинг нариги бетига сакраб ўтгач, у қирғоққа нима мақсадда ўтганини эслай олмади. Изини чалғитиш учун у учта жин кўчага кириб чиқди ва гавжум кўчани кесиб ўтиб, яна қандайдир файзсиз боғ олдидан чиқиб қолди.
Бу унинг ғанимларига қилган иккинчи муруввати эди. Қаллиғини сазойи қилишгач, у алам ва ғазабдан пайт пойлаб турди; сал пайти келса, юзлаб ғанимни бўғизлаб кетмоқчи, қаллиғининг қасосини қон билан олмоқчи эди; шундай пайт келди – туманли кунларнинг бири хиёбонни кесиб ўтаётган саккиз ёшлардаги болага дуч келди ва уни имлаб дарахтнинг қуюқ жойига эргаштириб борди, уни имо-ишора билан авраб, шартта сочидан ушлади-ю бўйнини изига қайтарди; шунда ўзига тикилиб турган беозор кўзларни кўриб титраб кетди. Хотирасига болалиги ва қайсидир ёз кечаси отасидан ноҳақ шапалоқ егани, эрталабгача онасининг овутишига кўнмай йиғлаб чиққани тушди, билагидан мадор кетди, кўз олди тинди. Ханжар тутган қўли ўзига бўйсунмай қолди – бола қўрқиб йиғлаб юборди. “Нега” деган савол миясидан гулдираб ўтди ва бу саволга ёлғиз ўзи жавоб тополмади. Болалар ғаним бўлолмаслиги ҳақида қандайдир шоирнинг шеърини эслади. Ҳар қалай, бола шу кўзлари билан ўзидан кучли эканлигини ҳис этди. Болани қўйиб юборди-ю унга қарамай тез-тез юриб хиёбондан чиқиб кетди. У узоқ вақтгача боланинг кўзларини унутолмади – бу кўзлар у кейинги пайтларда кўрган сўнгги бегуноҳ кўзлар эди.
У боғда кечгача қолиб кетди – чиқиб кетишнинг ҳеч иложи бўлмади –  боғда гуруҳ-гуруҳ бўлиб ғанимлар юрарди: афтидан бугун улар қандайдир санани нишонлаётган эдилар. Боя бино олдидаги каби бу ерда ҳам байроқ кўтариб олишганди. Кўчаларда кажава билан ҳарбийлар ўтиб қоларди, дарвоза олдида ўта синчков кишилар айланиб юришарди: бу одамларнинг кўзлари ўлжасини секин нишонга олаётган милтиқнинг қўшоғзига ўхшарди. У бу синчков кишилардан жуда қўрқар: улар ҳаддан ташқари сершубҳа эдилар. Уларни кўрган дақиқаларда ғанимлар шаҳарни эгаллаган биринчи кун эсига тушарди – улар шаҳарга ўзлари билан бирга қурбақанусха улкан махлуқни ҳам етаклаб келгандилар. Махлуқ шу даражада улкан ва хунук эди-ки, шаҳарга кирганда унга йўл очиш учун кўчалардаги уйларни бузиб ташлашга тўғри келди. Махлуқ харобалик устидан зўрға судралиб ўтди ва шаҳарга кираверишда бирдан кўзларини чирт юмиб ўкириб юборди. Унинг ўкириги кўпгина биноларнинг томларини учириб кетди – у буларнинг ҳаммасини кўприк тагидан кузатиб турарди – ўкирикни эшитиб руҳланган ғанимлар шаҳарга қийқириб бостириб кирдилар. Махлуқ кенг майдонда қон устида ўтирганча кўчаларда кетаётган жангни жимгина кузатиб турарди- унинг бўйи шаҳардаги энг улкан бинодан ҳам баландроқ, унга шаҳар кафтдагидай кўриниб турарди. Махлуқнинг териси зирҳдай қалин, ғадир-будир эди. Қорни кўкузак бўлиб гезариб кетгани учун, қизил ялтироқ мато билан ёпиб қўйилганди. Улкан ва мислсиз оғзини очар экан, тишлар минглаб қилич қинидан бирдан суғурилгандай ялтираб кетганди. Ўсиқ тирноқлари ерни тимдалаб ташлаган, оёқлари остидаги қон халқобларида синиб ётган ярим ой акси кўринади. Думи ўйноқлаб гоҳ у бинони, гоҳ бу бинони харобага айлантирар, бошида кўм-кўк тож ва ҳозиргина ўзи янчиб-босиб ўтган одамларнинг қонига ботириб олингандек туғ ҳилпирарди. Кўзлари эса синчков одамларнинг кўзлари каби чақчайган ва совуқ эди. У бу махлуқ нима деб аталишини, мақсади нима эканлигини билмасди. Ахир фақат бузиш билан кўнгилга ором бериб бўлмайди ёки фақат бузиш учун шаҳарлар забт этилмайди-ку. У кейинчалик ғанимлар орасида пусиб-яшириниб юравериб, махлуқни ғанимлар раҳнамоси эканлигини билиб олди. Махлуқ шаҳар ўртасидаги баҳайбат бошпанасидан чиқмас, гарчи шаҳарни унинг танасидан анқиётган чиркин ҳид тутиб кетган, кўчаларда қон халқобларидан кўтарилган шилта иси кезиб юрган бўлса-да, у ўзининг бадбуриш қиёфасини қайтиб кўрсатмади: баъзи-баъзида махлуқ ўз бошпанасида туриб, мастона ўкириб қўяр, гўё шаҳарнинг барча ноғоралари бирдан урилгандек, кўчалар бир зум ҳаракатдан тўхтар, уни унитиб, ўз ишлари билан машғул бўлаётганларга, ҳеч бир хавф-хатарни сезмай осмонда эмин-эркин учиб юрган қушларга, гўзаллик ва яшнаш ишқида бош кўтара ва ниш ура бошлаган майса-ю навдаларга махлуқ ўзининг мавжудлигини ва абадий мавжуд бўлишини бир кўрсатиб қўймоқчидек бўғиқ ва тажовузкор ўкирарди. Шаҳар ўлаксахўр қузғуннинг уясидек тўзиб, мурда ва таҳликанинг ҳиди билан тўлган, бош суққан ҳар кўчада махлуқнинг оч кўзлари кузатиб тургандай бўларди. Ўлим ва қўрқувни ҳис этиш ва сўнг бир умр шу ҳисга банди бўлиб қолиш учун махлуқнинг сассиқ ва қўланса ўкиригининг ўзинигина эшитиш кифоя эди. Шу ўкирикнинг ўзиёқ ғанимлар нималарга қодир эканини яққол намоён қиларди.
Орадан йиллар ўтиб, кўчаларда махлуқсифат, лекин ҳали таналаридаги ҳид унчалар бадбўйлашмаган, аммо махлуқ каби кўча-куйда увиллаб, мозор иси анқитиб юрадиган тирранчалар пайдо бўлганда у ҳаммаси барбод бўлганини англайди; махлуқ барча аёлларни ҳомиладор қилиб улгурган ва қорни қаппайган, инжиқ, асабий, юзларини доғ босган аёллар шаҳарда кундан-кун  кўпайиб борарди – бутун шаҳар махлуқнинг ўзи каби очкўз ва ёвуз ворислари билан тўлиб ташлаётганди. Махлуқбаччалар кўчаларда ўкиришиб, мажоро излаб судралиб юришаркан уларнинг турқларидан ҳозирдан тажовкуз ва таҳлика анқирди – шаҳарнинг келажаги қандай бўлишини у яққол тасаввур қиларди. Унинг кўнгли нафратдан карахт бўлиб қолганди.
У боғ ичида сойлик ва анҳор билан билан туташган ташландиқ  дарахтлар орасида кечгача тинмай, бир хил асабий қадамларда кезиб юрди: у юриб-юриб бу сертаҳлика боғдан ғавғоли ва талош дунёдан кўзга кўринмас зиналар орқали осуда ва олис ўзга оламга чиқиб кетгиси келарди. Аммо сершоҳ дарахтлар ҳам чиркин бутоқлар ҳам, хазонрезги боғ ҳам унинг орзуларини тушунгиси келмагандай ҳурпайиб олганди. Қуёш ҳам тафтсиз ва сўлғин эди, анҳорда унинг бурдаланган акси жилваланарди.
У кеч тушгач, боғ этагидаги тош жаридан ошиб ўтди-ю қандайдир автобусга чиқиб олди. Юзини деразага босиб тураркан, шундоқ ёнида гаплашаётган икки кишининг гапи қулоғига чалинди.
– Яна пайдо бўлиб қолишибди… – дерди бирови,- бугун қуйи даҳада анҳор бўйида бир жувонни бўғизлаб кетишига сал қолибди.
– Қаёқдан пайдо бўлишди булар? Газеталаримиз жуда шов-шув қилишди-ку. Биронта ҳам қолмади, катта ютуқларга эришдик, деб, – деди иккинчиси ҳиқичоқ аралаш.
Товушларда ҳам махлуқнинг ўкиришига тақлид борлигини сезиб,  унинг юраги орқага тортиб кетди.
– Билмадим, – деди яна биринчиси, – Бугун махсус гуруҳ тузилган. Аёл тасвирлаб берганни ҳар томондан излаб юришибди.
У бирдан ҳушёр тортди. Эшикка қаради – бир неча қадам келар, бироқ эшик оғзида барваста ғаним турарди. Бироз кутишга тўғри келди. Сўнг очилиши билан ўзини эшикка урди: кимгадир, афтидан, барвастага суриниб кетди, кимдир сўкинди; лекин у ҳеч нарсага эътибор бермай, ўзини чироқлар парчалай олмаган бекат орқасидаги тун қўйнига урди.
У шаҳар четидаги очиқ далада узоқ айланиб юрди, секин жимирлаб ёмғир ёғарди; шудгорланган ерда юриш оғир эди; лекин у негадир ўзини қийнаб, нуқул шудгордан юрарди. Шундай қилса, из қолмаслигини у яхши биларди. У саройга алламаҳалда қайтди. Туйнукдан ошиб ўтди-ю бир ички туйғу билан ичкарида кимдир юрганини сезди. Шу пайт “келяпти” деган секин шивирлаш эшитилди: у бир зум тошдай қотиб қолди. Туйнукдан сакраб тушиб, очиқ далага қараб чопди, бироқ тезда бу хавфли эканини билгач, шаҳарга қараб бурилди. Изидагилар аввал шовқин-сурон билан югуришди, бироқ зим-зиё тунда бу қочоққа қўл келишини ўйлашдими, товуш чиқармай қувлашга тушишди; улар оёқ товушларига қараганда, тўрт киши эди. Таъқибчилар тобора яқинлашиб келарди. Улар қанча деса югура оладиган ва югурганлари учун боқиладиган кишилар эди. У тезроқ югуриш учун қанчалик ҳаракат қилмасин, оёқлари чатишиб кетар, йиқилгудай бўлиб суринар, қоронғуда кўлмакларга кириб кетар, ёмғир ивитиб ташлаган йўлда тойғонар, жуда ҳолдан тойганди – икки кун олдинги пешона терлаши ва қалтираган вужуди бугун варажага айланган, агар жони хавф остида қолганини ўйламаса, қулай келган ерга тобора ташлаб уйқуга кетган бўларди, – агар шу маромда кетса тез орада ҳолдан тойиб йиқилиши ва осонгина қўлга тушиши ҳеч гап эмас эди. У изидагиларни чалғитиш учун қандайдир жин кўчани айланиб ўтди, қайсидир кинода тажрибали жосус шундай қилганини кўрган эди. Тор ва деворлари ярим қулаб тушган жин кўча тугаб, қандайдир қутиларсимон бинолар бошланди – бинолар кенг ва кўпқаватли эди, бу ерда айланиб юриш бошини жодига тутиб бериш билан баробар, ҳар қандай эшикдан ғаним чиқиб қолиши мумкин эди. У йўлни чапга олди ва шаҳарнинг эски ва ташландиқ қисмига қараб югурди. Таъқибчилар исковуч итдай чаққон эдилар-изидан қолмай юугуриб келарди. У қандайдир ярим вайрона ҳовли олдида нафас ростлаш учун бир зум тўхтади-ю, кўчанинг икки томонидан ўзига қараб югуриб келаётган кўланкаларни кўрди – яна бир неча сониядан сўнг унинг ҳаёт-мамоти ҳал қилинарди – у сўнгги кучларини тўплаб таваккал қилди: ҳовлига югуриб кирди ва ўйлаб ўтирмай биринчи кўзига тушган тўрдаги кичкина ҳужрага қараб югурди. Ҳужранинг эшиги ичкарига қўпорилиб тушганди, уни кўлмак ва мослиқ ҳиди тутганди. Булутлар остидан секин сирғалиб чиқаётган хира ой нури тушиб турган деразасида каттакон қуш қафаси осиғлиқ турар, болалар ўйнаб солиб кетган бўлса керак, қафасда оёқлари осмондан келиб, қафаснинг панжарасини тишлаганча хийла йирик каламуш ўлиб ётарди – мослиқ ҳиди қафасдан чиқаётганди. Таъқибчилар қулаган қўрғонга ўхшаш ҳовлига югуриб тушишганда у энди тақдирга тан бергандай, ҳужранинг қоронғу қисмига чекинди, чекинаркан, ҳамиша илон солиб қўйишган бўлмасин тағин, деб хавфсирайдиган юраги ураётибдими, йўқми билолмади, балки умуман юракнинг ўзи қолмагандир? У каламушга қараркан, “ҳатто каламуш ҳам менга қараганда мазмунлироқ ўлим топибди”,  деб ўйлади ва халқобга чўкка тушаркан, “Ҳаёт қафасдан ҳам торроқ” деган гап хаёлидан лип этиб ўтди.
– Чамамда, шу ҳужрага кирди, – деди ҳужра олдига келган изқувар.
– Менга ҳам шундай туюлди, – деди шериги.
Улар ҳужра эшиги олдида бироз гаплашиб туришди, сўнг барвастаси эшикни гавдаси билан тўсиб ичкарига сал эгилиб кирди. Шериги эшик олдида қолди. Барваста нимагадир қоқилиб, халқобга йиқилиб тушди,у тураркан, жуда ёмон сўкинди, чўнтагидан қўл чироғи олиб, ҳужрани кўздан кечирди.
– Нима гап, – деди шериги эшикдан бош суқиб. Агар унинг шляпаси ва эркакча кийими бўлмаса, овозига қараб хотин киши деб ўйлаш мумкин эди.
– Ҳозир, – деди барваста хириллаб ва ниманидир таппа босди.
– Ёрдамга борайми, – деди шериги олазарак бўлиб, ичкарига яна бўй чўзиб қараркан.
Унга жавобан барваста қўлтиғида ичкаридан нимадир кўтариб чиқди.                 
– Нима бу, – сўради товуши хотинчалиши.
– Қўзичоқ, -деди барваста, – Биз адашибмиз. Бу ерда ҳеч зоғ йўқ. Афтидан, бу қўзичоқ адашиб кириб қолганга ўхшайди.
У нимжонгина, қўрқувдан дилдираб турган қўзичоқни қўлтиқлаб ташқарига чиқди. Шериги ҳассаси билан қўзичоқнинг кичкина энди кўзга ташланаётган думбасини туртиб қўйди.
Иккаласи қўзичоқни қўлтиқлаганча ҳовлидан чиқдилар. Булут тарқаб, тунни ойнинг ёғдуси ёритиб юборганди; кўчадан ёмғир ва ер ҳиди келар, энди уларга кўниккан қўзичоқ эса барвастанинг бармоғини очиқиб сўрарди.
–    Оч қолибди, устига-устак халқобга ётиб, ҳамма ёғини ҳўл қилибди, – деди барваста, аммо ажойиб қўзичоқ экан, бизга дарров элакишиб қолди.
–    Ҳа, ювош экан, – шундай деб шериги қўзичоқнинг бошини силаб қўйди. – Териси жуда ноёбидан, шекилли, ялтирашини қара. Уни ўзим парвариш қиламан.
Қўзичоқ ўзаро суҳбатни тушунгандек, кўзларини тантиқлик билан юмиб олди; ҳар-ҳар дамда у кўзларини чўчиб очар, лекин ҳеч қандай хавф йўқлигини сезгач, яна барвастанинг бармоғини очиқиб сўрарди.
Тамом