Бугун яна ишга кеч қолдим. Катта бошлиқнинг қора рангли «Волга»си ҳовлининг тўрида савлат тўкиб турибди. Ҳайдовчи Хуррам қўлидаги дока билан автомашинанинг ойналарини, тоза эканлигига қарамай қайта-қайта артар, гоҳо эгилиб, қай бир мурватларини диққат билан кўздан кечирарди.
Ҳаво совуқ бўлса-да, қуёш чарақлаган. Том четларидан осилиб тушган сумалаклар қуёш нурларини синдириб, ҳар хил тусда товланиб, Янги йил арчасининг электр чироқчаларини эслатади. Ҳовли йўлаги сирпанчиқ. Кечаси тушган қиров ҳали эриб улгурмаган. Бир гала чумчуқлар учиб келиб, чорбоғдаги дарахтлар шохига қўнишди. Муз қотиб қолган шохларда туролмадилар шекилли, ўзларича чуғур-чуғур қилишиб, гур этиб осмонга кўтарилиб, учиб кетишди.
Хуррамга кўринмай ўтиб кетмоқчи эдим. Лекин машинасини айланиб ўтаётиб менга кўзи тушиб қолди.
– Э, кечга қолибсиз-ку.
– Ҳа.
Хуррам катта бошлиқнинг шофёри бўлгани учунми, хизматчилар ундан ҳадиксирашар эди.
– Бир ҳафта – роппа-роса етти кун шаҳарда бўлмабмиз. Кеча кечаси тумандан қайтдик. Шунга қарамай, «катта» эрталабдан идорага келиб олди. Ҳозир мажлис ўтказаяпти. Туманларда юравериб, болаларни ҳам соғиниб кетди киши. Бугун яна сафарга чиқиб кетсак керак. “Катта”нинг кайфияти йўқ.
– Нимага? Бирор гап бўлдими?
– Туманларда аҳвол яхши эмас. Бу йил қиш эрта тушди, устига-устак совуқ келди. Чорванинг аҳволи чатоқ. Емиш, хашак кам. Техника ҳам баҳорги экиш мавсумига тайёр эмас. Хўжаликларда трактор-у, сеялкалар қор тагида қолиб кетган. Техника таъмири учун эҳтиёт қисм йўқ. Қаерга борсак, одамлар эҳтиёт қисмлар етишмаслигидан шикоят қилишади. Таъмирлаш учун электрод, карбид, металл керак. Хуллас, муаммо кўп. Шуларни кўриб, “катта”нинг кайфияти бузилди. Ҳозир ходимларни йиғиб мажлис қилаяпти.
Мен қўрқиб кетиб:
– Йўғ-ей, – дедим.
– Ҳа, ҳа, шундай.
Шундай кунда ҳам ишга кечикиб келаманми? Мажлисга кирсам, одамларнинг олдида шарманда қилиб, залдан чиқариб юборса-я. Ҳайфсан бермаса бўлгани. Чунки ишга кечикишим биринчи марта эмас. Ўтган душанбада ҳам “катта”нинг мажлисига кечикиб келган эдим. Бугун ҳам атайлаб қилгандек, шундай бўлди.
Чап қўлимнинг кўрсатгич бармоғига ўралган сарғимтир, нозик соч толасига қараб қўйдим. Хайрият, тушиб қолмабди. Йўлда шошилганимдан соч толаси қўлимда эканлиги, унинг кўрсатгич бармоғимга ўралгани ёдимдан кўтарилгандек бўлипти. Шу соч толасини деб ишга кеч қолдим.
Бекатда одам кўп эди. Автобус келиб тўхташи билан одамлар ўзларини эшикка уришди. Мен ҳам амаллаб, автобусга чиқдим. Урилиб-сурилиб автобуснинг орқа томонига ўтиб, ойна олдидаги тутқични ушлаб олдим. Ҳаво совуқ, ҳали қишнинг авжи баланд. Автобус ойнаси тарам-тарам бўлиб яхлаганидан ташқари кўринмайди. Мен ойнага пуфлаб, нафасим билан музни эритдим ва эриган музга қўлим билан ўзимнинг ва Унинг номини ёздим. Ўртасига эса қўшув белгисини чизиб қўйдим. Юрак белгисини ҳам чизмоқчи бўлиб музни пуфлаб эритдим. Кейин қилаётган ишимдан ўзим уялиб атрофимга алангладим: “Нима қиляпман ўзи, худди ёш болага ўхшаб? Уйланган бўлсам, тағин ўртада болалар ҳам бор. Бирорта таниш кўриб қолса роса кулади-да.”
Автобус кейинги бекатга етганида силкиниб тўхтади. Тутқични тутиб турган қўлим толди. Бу қўлимни олиб, иккинчи қўлим билан тутқични ушладим. Енгимдаги бир дона узун, нозик соч толасига кўзим тушди.
“Э, бу қаердан илашиб қолди?”
Олиб ташламоқчи бўлдим. Енгимдаги соч толасини қўлимга олдим. Ташлаб юбормоқчи бўлдим. У узун, сарғиш тусли, майин эди. Жуда-жуда таниш! Бу – Унинг сочи! Уйдан чиқишимда енгимга илинган. Синчиклаб тикилдим. Унинг сочларига ўхшатдим. Кейин ишонч ҳосил қилиш учун бурнимга яқин келтириб ҳидладим. Бу ўша, менга таниш, қадрдон ҳид. Адашмабман. Бу – аниқ Унинг соч толаси. Уйдан чиқиб, хайрлашаётганимда курткамнинг енгига илинган. Уни яна ҳидладим. Соч толасидан хушбўй атир ҳиди анқигандек эди. Шу орада автобус қаттиқ силкинди. Мен мувозанатимни сақлаш учун тутқични ушладим. Қўлимдаги соч толаси пастга, оёқ остига тушиб кетди. Автобусда одамлар тирбанд. Қимирлашнинг имкони йўқ. Энди бу соч толаси одамлар оёғи остида қоладими? Уни оёқ остида топтайдиларми? Йўқ!
Бир амаллаб энгащдим. Ёнимда турган хотин орқамга бир туртди-да, шанғиллади.
– Сиз нима қилаяпсиз, эзиб юбордингиз-ку? Нимага бунча қимирлайсиз? Шусиз ҳам базўр турибмиз.
– Бунча типирчиладинг, ўртоқ, – деди ёнимда турган бақувват йигит, – жонга тегдинг.
Мен туртиб-суришларига эътибор бермадим. Сочни топсам бўлди, деб уриндим. Ана, олдим! Узун, нозик, сарғимтир соч толаси. Хайрият, босилмабди. Энди уни қаерга қўйсам? Чўнтагимга солсамми? Йўқотиб қўйишдан қўрқдим. Тушиб қолиши мумкин. Ўйлаб-ўйлаб, уни чап қўлимнинг кўрсаткич бармоғига ўрадим. Бармоқларимни қисиб олдим. Энди у тушиб қолмайди. У – қўлимда. Кўнглим тоғдек кўтарилиб кетди. Ўзимни катта ишни дўндирган ҳисобладим. Қўлимдан ҳамма иш келади. Гўёки, мен бажара олмайдиган иш йўқдек. Ғурурланиб кетдим. Тушадиган бекатимдан ўтиб, охирги бекатга келиб қолганимни ҳам пайқамадим. Ишга кеч қолсам қолибман-да. Унинг соч толаси олдида ҳаммаси бир пул.
– Яхшиси, мажлисга кирманг.
Хуррамнинг гапларидан яна ўзимга келдим.
– Нега?
– Каттанинг кайфияти йўқ. Ҳаммага «қалампир» бераётган бўлса керак. Кечикиб кирсангиз, сизни ҳам “соғ” қўймайди. Кирмасангиз сезмайди.
Рост. Мен оддий инженер бўлсам. Яқинда ишга келганман. “Катта” ўзига ўхшаган катталар билан гаплашади. Шунинг учун мажлисга кирмасликни маъқул кўрдим. Ишхона биносига кириб, иккинчи қаватга кўтарилдим. Кабинетни очиб, столимга ўтирдим. Иш қоғозларимни олиб, тартиб билан олдимга, стол устига ёзиб қўйдим. Эшикдан бирор киши кириб келса, ишлаяпти, деб ўйлайди.
Бармоғимга ўралган соч толасини нима қилсам? Фикр-хаёлим шу ўй билан банд. Мени бошқа нарса қизиқтирмасди. Қаерга қўйсам экан? Ахир кечгача бармоғимга ўраб юролмайман-ку. Тушиб қолиши мумкин. Ишдагилар, айниқса, хотин-қизлар кўриб қолишса, бу нима, нега бармоғингга соч боғлаб олдинг, деб сўраб қолишади. Ирим-сирим қилиб юрибди, деб ўйлашлари ҳам мумкин.
Иш столим тортмасини очсам, конвертга солинган, зар қоғозига ёзилган тўйхат чиқди. Қачондир бир танишим берган таклифнома. Соч толасини зар қоғозига ўрадим. Сочни қоғозга ўраяпман-у, қўлларим қалтираб кетаяпти. Кейин нима учундир устига қизил ручка билан юрак расмини чиздим. Устидан эса Янги йил совғасини боғлагандек зар ип билан тугдим ва ён дафтаримнинг ичига солдим. Шу хаёллар билан банд эдим, хона эшиги очилиб, Салоҳиддин билан Эдуард Михайлович кириб келишди.
Салоҳиддиннинг айтишича, бугун мажлис жуда жиддий ўтибди. “Катта” туманлардаги аҳволдан норози бўлиб қайтганмиш. Шунинг учун таъминот ва бутлаш бошқармаси бошлиғи Анвар Қодировичга қаттиқ ҳайфсан берибди. Янги техника бошқармаси бошлиғи Виктор Николаевичга ҳайфсан эълон қилибди. Бизнинг таъмирлаш бўлимимиз бошлиғи Николай Ивановичга эса раҳматнома билдириб, бир ойлик маош миқдорида пул мукофоти берибди. Чунки йил чораги бўйича таъмирлаш режаси ортиғи билан бажарилган эди. Буни эшитиб, мен хурсанд бўлиб кетдим. Чунки Николай Ивановичнинг кайфияти яхши бўлса, кеч келганимга аҳамият бермайди. Кўнглим жойига тушиб, костюм ён чўнтаги устидан пайпаслаб, ён дафтарчанинг жойида турган-турмаганлигини текшириб кўрдим. Жойида турибди. Тезроқ иш куни тугаса, тезроқ уйга борсам.
Шу орада хонага Николай Иванович ҳам шошилиб кириб келди. У доимо шундай шошилиб, тез юрар, иш бўйича ҳам тез гапириб, топшириқ берар, берилган топшириқ вақтида бажарилишини талаб қиларди. У эшикдан кириб, менга кўзи тушиши ҳамоно:
– Почему сегодня опять опоздал? – деб менга қарамасдан ўз иш столига ўтди: – Яхшиям Артём Местропович сенинг мажлисда йўқлигингни билмади. Билганида мени ҳам сенга қўшиб жазолар эди. Бу нима одат, ҳар душанба кечикадиган бўлиб қолдинг? Сенга неча марта айтдим, бошқа кун кечиксанг ҳам душанбада ўз вақтида ишда бўл деб.
– Николай Иванович, бугун шундай бўлиб қолди. Бошқа қайтарилмайди, – дедим эзилган бир овозда. Атайлаб овозимни шундай чиқардим. Николай Ивановичга ялиниброқ гапирсанг у дарров жаҳлидан тушарди.
– Иккинчи қайтарилмасин! Бугун сенга охирги бор танбеҳ бераман. Сенга бир кичик топшириқ бор.
– Марҳамат, қанақа топшириқ?
– Бугун кечки пайт мукофотни ювамиз. Ўтиришни сен ташкил қиласан. Пулини биз берамиз. Ҳозир битта маълумотномани бошқармага топширасан-да, бозорга ўтасан. Парк ичидаги чойхонада овқат тайёрлаб турасан. Биз ишдан чиқиб борамиз.
– Маъқул, Николай Иванович.
* * *
Зиёфатдан қачон турганимиз ва қандай қилиб уйга етиб борганимни билмайман. Эшикни хотиним очди. Қошлари чимирилган эди. Нима дедим, хотиним нима деди – эслолмайман.
Ярим кечада уйғонсам, диванда ётибман. Ичим ёниб кетаяпти.
– Сув-сув! – деб чақирдим. – Сув беринглар!
Эшик очилиб, хотиним кириб келди. Ошхонага ўтиб, чойнакдаги совуқ чойдан бир пиёла қуйиб тутди.
– Совуқ сув, – дедим. – Фақат совуқ сув.
Хотиним чиқиб, косада совуқ сув келтирди. Косадаги сувни бир кўтаришда охиригача ичдим.
– Чанқоғингиз босилдими? – йиғи ва ғазаб аралаш сўради хотиним. – Энди ўйнаш ҳам сақлайдиган бўлдингизми? Бузуқ хотинлар билан бўлиб, ётоғимни ҳаром қилгингиз келиб қолдими? Қаерда эдингиз? Кимлар билан бўлиб, кимлар билан ароқхўрлик қилдингиз?
Ўзимни унинг олдида гуноҳкор ҳисобладим. Ўтган ҳафта ҳам ичиб келган эдим. Бугун ҳам оёқда турмайдиган бўлиб келдим. Эр ичувчи бўлса, хотинга азоб. Янги жойга ишга киргандан бери, тез-тез ичадиган бўлиб қолдим.
– Хоним, кечиринг, ишхонадагилар билан бирга эдим. Николай Ивановичнинг мукофотини ювдик.
– Сариқ сочли хотинларни ҳам Николай Иванович топиб бердими? – деди бўғилиб хотиним.
Мен унинг нима деётганлигини, қанақа хотинлар ҳақида гапираётганлигини тушунмасдим. Шунинг учун ўзим билмаган ҳолда:
– Ҳа, бугун шундай бўлиб қолди. Бошқа қайтарилмайди. Кечиринг, – дедим. Хотинимнинг фиғони ошиб кетди.
– Бошқасини бошингизга уринг. Сиз энди мен учун бегонасиз. Ўша сариқ сочли хотинингизнинг олдига кетинг.
У яна нималардир деди. Бошим ларсиллаб оғриб, кўнглим айниб, ичим ўт қўйгандек куйганидан бирорта гапи қулоғимга кирмади. Мен хотинимнинг бундай дарғазаб бўлганини ҳеч кўрмаган эдим. Нуқул «Мени кечиринг. Бошқа қайтарилмайди. Бу охиргиси”, – дердим. Бошқа гап хаёлимга келмасди. Тавба-тазаррумни такрорлаганим сари хотиним баттар тутақарди.
– Лоақал бўйнингизга олмасангиз эди. Ўзингиз тан олиб ўтирибсиз! Охиргиси эмиш, кечиринг эмиш! Бунгача ҳам шундай ишларни қилиб юрган экансиз-да. Йўқ, кечирмайман! Ҳеч ҳам кечирмайман. Туринг! Кетинг! Уйдан чиқиб кетинг! Бўлмаса, боламни олиб мен чиқиб кетаман.
Мен хотинимнинг важоҳатини яхши биламан. Агар ҳозир мен чиқиб кетмасам, ўзи қизчамизни олиб уйдан чиқиб кетади. Шу совуқда бола билан қаерга боради?
Зўрға ўрнимдан турдим. Стул елкасига осиб қўйилган костюмимни олиб кийдим ва уйдан чиқдим. Ташқари изғирин совуқ. Уйнинг олдида қаерга борсам, деб ўйланиб турган эдим, юқорида уйимиз деразаси очилди. Хотиним бир нарсани пастга қаратиб улоқтираркан:
– Бошингизни есин дафтарчангиз ҳам, сочларингиз ҳам, – деди.
Пастга қараб отилган нарсани ушлаб олиш учун югурдим. Бу ён дафтарчам эди. Унинг ичида соч толаси бор. У ерга тушмаслиги керак.
Тепадан тушаётган дафтарчани ерга туширмай ушлаб олиш учун жаҳд билан интилдим. Уни учиб келишида тутиб олдим. Лекин ер усти муз, сирпанчиқ эди. Тойилиб кетдим ва бошим билан ерга қаттиқ урилдим.
* * *
Кўзимни очдим. Нотаниш жой. Қаердаман? Ўйлайман. Уйда эмасманми? Уйимиз бунақа эмас эди-ку. Каравотимнинг рўпарасида дераза йўқ эди. Деразага тутилган пардалар ҳам бошқача. Оқ парда тутиб қўйилган. Хонанинг шифти ҳам оппоқ, текис. Шифтга осилган қандил ҳам оддийгина. Уйимиздагига ўхшамайди, бошқача. Қаерда ётганимни эслолмадим. Қўлимни кўтармоқчи бўлдим. Қимирлатолмадим. Менга нима бўлди? Туш кўраяпманми? Бугун сешанба. Ишга боришим керак-ку. Қуёш ҳам анча кўтарилиб қолибди. Деразадан тушаётган қуёш нурлари хонани ёритган. Хона иссиқ. Хаёлимда худди туш пайти бўлгандек. Ишга боришим керак. Бугун ҳам кеч қоламанми? Нега хотиним бугун уйғотмади? Нима бўлди экан ўзи? Нега қизчамизнинг товуши эшитилмаяпти? Хотиним қаерда экан? Балки улар бирор жойга чиқишдими? Бундай бўлиши мумкин эмас. Менга айтмасдан ҳеч қаерга кетишмас эди. Ўрнимдан турмоқчи бўлдим. Бутун танам оғир. Тош бостириб қўйгандек. Танамни қимирлатолмадим. Хотинимни чақирмоқчи бўлдим. Лекин товушим чиқмади. Кўзларимни юмдим.
Автобус ичида, одамлар орасида соч толасини қидириб юрибман. Соч қани? Соч қани? У оёқ остига тушиб қолиши мумкин эмас. Фиғоним чиқиб, сочни қидираман. Одамлар олдинга ўтгани қўйишмайди. Йўл беришмайди. Мен соч толасини топишим керак. Мана у. Қўлимга, бармоғимга ўралган-ку. Хайрият, ўзимда экан. Тинчланаман. Ишда эмишман. Ўз хонамда. Соч толасини столим ғаладонидан қидираётган эмишман. У йўқ. Қаерга қўйдим экан? Мана, уни топдим. У тўйхат солинган сувқоғоз ичида. Узун, майин ва сарғимтир соч толаси. Соч толаси байроқдек ҳилпирар, сарғимтир нур таратар эмиш. Нурга тикиламан. Кўзим қамашар, кўзларимни каттароқ очишга нимадир тўсқинлик қилар эмиш.
– Ўзларига келдилар. Кўзларини очдилар.
Меҳрли товушдан уйғониб кетдим. Кўзимни очсам тепамда хотиним ўтирибди. Оқ халат кийиб олган. Бошида ҳам оқ рўмол. Нима гап ўзи? Нега хотиним оқ халатда? Тушим бўлса керак. Кўзимни юмдим.
– Кўзингизни очинг, дадаси! Кўзингизни очинг! – қўрққан ва ялинган овозда гапирди хотиним. – Худойим-эй, ўзинг шифо бергин шу кишига.
Нима гап? Тушунмадим. Кўзимни очдим. Тепамда хотиним ўтирибди. Туш эмас. Оқ халатда. Кўзлари қизарган. Қовоқлари шишган. Қўлимни қўлларига олиб, силаб ўтирибди. Атрофимга қарадим. Бошқа ҳеч ким йўқ. Ўша, деразасига оқ парда тутилган, шифти текис оппоқ хона. Хотиним менга жавдирабгина қараб ўтирибди. Қўлимни қўйиб юбормайди. Майин ва нозик қўллари билан силашда давом этиб сўради:
– Яхшимисиз энди, дадаси? Бошингизнинг оғриғи қолдими?
У мен билан биринчи марта шундай меҳрибон овозда гаплашаётган эди. Мен эриб кетдим. Гўёки баҳорда ёққан қор учқунидек. Қаерда ётганимни ҳам ўйламай қўйдим. Хотиним олдимда. Менга барибир, қаерда бўлсам ҳам. Фақат унинг қўлларинигина ҳис этардим. Бу қўллардан бутун танамга ҳарорат оқиб кирар, оромбахш бир туйғу бутун вужудимга тарқаларди.
– Дадаси, дадажониси, қандайсиз? Яхшимисиз? Нега гапирмаяпсиз? Бизларни жуда қўрқитиб юбордингиз-ку.
Хотинимнинг илтижога тўла, меҳрибон товушидан ўзимга келдим. Яна бегона жойда ётганим эсимга тушди.
– Қаердамиз? Қаерда ётибман? Ишга ҳам кеч қолдим, шекилли?
– Ишдан хавотир олманг. Ўзингиз тузук бўлсангиз, бўлди. Бошингиз оғримаяптими? У илиқ қўлларини бошимга қўйди. Кейин авайлаб, сочларимни силади. Мен ҳушимни йўқотай дедим. У сочларимни силаяпти. Қандай бахт! У энгашди. Юзимдан ўпиб олди. Мен бахтдан беҳуш эдим. Бутун дунёнинг бахти менга насиб этгандек эди. Кўзимни очишни ҳеч истамас эдим. Гапирсам, гўёки ҳаммасини йўқотиб қўядигандек эдим. Шунинг учун ҳам кўзларимни очмасдан маза қилиб ётавердим.
– Дафтарчангизни ушлаб оламан деб, шу аҳволга тушдингиз, – деди хотиним мулойим бир товушда.
Туйқус миямда чақмоқ чаққандай бўлди. Илкис бош кўтардим.
– Қани дафтарчам?!
– Дафтарчангиз шу ерда. Менда. Ҳушсиз ётганингизда ҳам уни бир неча марта сўрадингиз. Сочни топиб беринглар, деб қайта-қайта, кимлар биландир уришдингиз. Шунинг учун сўрасангиз бераман деб олиб келган эдим.
– Соч туриптими? Ичидами?
– Сочингиз ичида, – товуши қалтираб жавоб берди хотиним.
– Хайрият, – дедим мен. – Тушиб қолмабди.
– Сизга шу соч шунчалик азизми? – алам ва изтироб билан сўради хотиним.
– Ҳа, албатта! Сизнинг ҳар тола сочингиз мен учун азиз…
Хотинимнинг юзи бирдан ёришиб кетди.
– Нима?! Бу менинг соч толамми?
– Ҳа, – бошимни қимирлатдим мен.
– Нега ўшанда айтмадингиз?
У ҳўнграб йиғлаб юборди.
Мен мамнун илжайдим.
“Ёшлик” журнали, 2014 йил, 10-сон