Муқаддима
У ўз аҳволини англамасди. Кунларини сархушдай ўтказар, не юмуш ила банд бўлмасин, ўша ишни қилаётганлигини сезиб турса-да, ўзи бошқа бир маъволарда кезиб юргандай… Шу туриши, юриши, юмуши, сўзи ва ҳатто ютаётган нафаси омонатдай эди. Бағрида таърифсиз бир соғинч бино бўлганди, бироқ бу соғинчнинг соҳибини билмасди. Тунлари эса ўз билганича ибодат ила машғул бўлар, ихтиёрсиз кўзларидан ёш қуйилиб келаверарди. Бомдод чоғини бағоят хуш кўрар, ҳар тонгнинг тароватидан кўнгли ойдин-ойдин бўлиб кетарди. Аммо бомдод фурсати ўтиб, уфқ оқариб боргани сари ва айниқса, қуёшнинг илк нурлари кўзга санчила бошлаган онларни унчалик хушлайвермас, бу пайтда гўё ниманидир бой бераётгандай, ҳар куни бўғзидан олгувчи ҳаёти дунёга яна ботиб бораётгандай сезарди ўзини. Шуниси аниқки, у ҳар тонг адоғида нимасидандир, эҳтимолки, жудаям қимматли, азиз нарсасидан жудо бўларди. Кейин эса… Кейин йигирма биринчи асрнинг дарвешу девонаси тириклик кўйига тушарди. Б
ироқ кўксидаги соғинч тарк этишини асло истамасди. Оламнинг овози – барча товушларнинг қоришиғидан пайдо бўлган товуш аста-секин биргина сўзга айланиб қоларди: Оллоҳ, Оллоҳ, Оллоҳ…
Бир куни жума намозини адо этмоқ учун масжиди жомЪега кирди. Масжид ҳар қанча улкан бўлмасин, намозхонлар кўплиги боис ҳовлининг саҳнигача одамга тўлиб кетганди. Айни саратон маҳали, қуёш куйдирвораман, дейди. У офтобрўядаги сафга қўшилди. Бироқ, наздида, хиёл салқиндай туюлган бу жой, кўп ўтмай, гўё олов ичра қолди. У намознинг аввалги суннатини ўқигунча жиққа терга ботди. Кийимлари ҳўл бўлгани сари нафас олиши ҳам оғирлашиб, ҳаво етмаётгандай энтикди. Шу он кўнглидан ушбу гап ўтди:
– Менгаям салқин жойларингдан бергин, ё Оллоҳ!..
Қулоғига ғойибдан овоз урилди:
– Лойиқмисан?!..
У беҳуд бўлиб жойнамозга қулади. Алқисса, шу кундан бор оромидан ҳам айрилди.
1
Ҳазрати Хожа ашоб ила Насафдан қайтарди. Соғида (ўнгида) хос халифаси Алоуддин Аттор.
Тун ярмидан оғган, кўр ойдинлик кўкдаги олтин ранг ўроқмонанд ҳилолнинг учига илингандек. Сокинлик. Унга фақатгина от-уловларнинг туёқларидан таралаётган жарангдор товушлар кушанда холос…
Ҳазрати Хожа ҳамишадагидек мустағриқ, ҳол авжида. Уни ҳеч бир сас ёхуд шарпа андармон қилолмайди. Аслида пири комил энг катта хавф паришонликда эканлигини яхши билади, буни муридларига ҳам такрор-такрор уқдиради. Хаёлни йиғиб олмоқ авлиёликнинг аввалидир, дейди гоҳо. Андоғки паришонлик Ҳазрати Хожага бегона. Аммо айни дамда Муздохун мозори ёнидан ўтиб борарканлар, кўз олдида Хожаи Жаҳон (Хожа Абдуҳолиқ Фиждувоний)нинг нуроний чеҳраси намоён бўлди-да, ўз ҳолининг аввалини, мазкур мозордаги сирли дийдорни эслади. Эслади-ю, бағридаги олов неча чандон зиёдалашди…
Ўша кезлари – ҳолнинг аввалида Баҳоуддин ибн Муҳаммад жазаба ғалабасидан беқарор бўлиб, тунлари Бухорони кезарди. (Бу иборани англамаганлар учун имкон даражасида бироз тушунтириш берсак: ҳолнинг аввали дегани – зуваласига Илоҳ ишқи қорилган бўлғувси авлиёнинг мақом ва йўл топмаган сархуш ҳолига ишоратдир. Ундайин зот оромини буткул йўқотади, ихтиёрсиз равишда буюк соғинчда қоврилиб, бағри чин маънода лов-лов ёнади. Унинг емиши беоромлик, риёзат, уйқуси хизмату хорлик бўлади. У фано даштида фонийлик истайди). Гоҳо мозористон ичра кирар, қайси мозорга бормасин, ёниб турган мойчироққа рўбарў келаверарди. Аммо, чироқнинг ёруғи ожиз бўлиб, пилигини хиёл ҳаракатга келтириш билан авжлироқ ёна бошларди. Иттифоқо тунларнинг бирида Муздохун мозорига кирди-ю, тағин пилиги ожиз милтираган чироғдонни кўрди. Қиблага юзланиб ўлтиргани ҳамоно беҳуд бўлиб, остидан замин, бўғзидан ҳаво, бошидан осмон кўчиб, муаллақ қолди. Бир замон қибла девори ёрилиб, улкан тахт пайдо бў
лди. Тахт олдига яшил парда тортилган эди. Унинг атрофида қаторасига бир неча нуроний чеҳрали кишилар ўлтирардилар. Баҳоуддин уларнинг орасидан Хожа Муҳаммад Бобои Саммосийни таниди. У сархуш эди, кўраётганлари ғайбдан эканлигини айни дамда англамаётган эса-да, нур ичра ажиб анжуман тузган жамоат лафзидан учган ҳар бир сўзни жон қулоғи ила тинглади.
Жамоат ичидан бир киши ўрнидан қўпиб, тахтдаги одамга ишорат қилди-да, деди:
– Бу зот Хожа Абдуҳолиқ Фиждувонийдир, Оллоҳ у кишининг сирини муқаддас қилсин, ёнидагилар эса аларнинг халифалари эрурлар. – Сўнг уларни бир-бир таништирди. – Бу Хожа Аҳмад Сиддиқ, Хожа Авлиёйи Калон, Хожа Ориф Ревгарий, Хожа Маҳсуд Анжир Фағанавий, Хожа Али Ромитаний. – Хожа Муҳаммад Бобога етгач, деди: – Бу зоти бобарокотни сен ҳаётлик чоғида топгансен. У сенга бир кулоҳ берган ва тушаётган балолар сенинг баракотинг туфайли даф бўлмоғини башорат қилган эди. Кулоҳ Ҳазрати Азизондан ёдгорликдир.
Сўнг сўзлагувчи жамоат номидан деди:
– Сўзларимизга диққат ила қулоқ сол, Ҳазрати Хожаи Жаҳон (Абдуҳолиқ Фиждувоний) сўз айтадиларки, Ҳақ таоло йўлидан бормоқда бунга амал қилмай иложинг йўқ.
Баҳоуддин дароз бўлганидан тиз чўкиб ўлтирса-да жуссаси ўрта бўйли одамга қиёслагудай эди. Файб оламидан таралган илоҳий нур унинг оқ-сариққа мойил юзида, бўйнида жилваланади. Бирдан шуури тиниқлашиб, кўриб турганлари руҳлар дунёсига мансуб эканлигини ира-шира англади. Юрак уриши тезлашиб, тиззасидаги қўлларининг узун-узун бармоқлари ихтиёрсиз титради. Хаёлида бир улуғ орзу уйғониб, қалбидаги журъат пинжида забонига кўчди.
– Ўтинамен, аё қутби замон пири муршидлар, Хожаи Жаҳонга таъзим этмоқ ва муборак жамолига назар солмоққа ижозат беринг! – дея бош эгиб тавалло қилди у.
Пардани кўтардилар: тахтда ўлтирган йирик гавдали, боши катта, чиройли оқ юзли, теварагида қамашиқ нур ўйнаган қутби замон авлиё Хожа Абдуҳолиқ Фиждувоний кўринди. Баҳоуддин юраги бўғзига тиқилгудай бўлиб салом берди. Ул зот ёйиқ табассум ила бош силкиб алик олди. Энди Баҳоуддиннинг юрак уриши меъёрлашиб, вужудидаги титроқ тинди ва қулоқларига ўктам овоз урилди. Наздида, бу овозни нафақат у, балки жумла борлиқ тингларди. Овоз соҳиби Хожаи Жаҳон эди – у Баҳоуддинга шундай насиҳат қилди:
– Ўғлим, Баҳоуддин! Сен Ҳақ таоло инъом этган ноёб истеъдод соҳибисен. Оламга маърифат нурини ёйгувчи бу истеъдодинг пилигини бироз ҳаракатга келтирмоғинг лозим. Шунда йўлинг равшан тортиб, сирлар зуҳурга келади. Оллоҳнинг зикридан асло ғофил бўлма. Жумла маҳлуқотга холисанилло хизмат қил. Бу билан Ҳаққа борадиган йўлни топасен ва унга эришасен. Аё Баҳоуддин! Ҳар замон ва маконда оёғингни шариат асослари устига қўй. Шунда амри маъруф ва наҳий мункарга амал қилган бўласен. Суннатларга тўла риоя қил. Шариатни енгил тутма, бидъатлардан йироқ юр! Одамизот, ҳайвоноту наботот сендан хизмат кутмоқда. Сайру сулукнинг аввали, ўртаси ва охирида Ҳизр алайҳиссаломдан қандай билиму усуллар олган бўлсам, уларни сенга ўргатамен. (Баҳоуддин Нақшбанд Увайсий эди, яъни уни Хожаи Жаҳоннинг руҳи тарбият этганди. Ҳазрати Хожа бир умр увайсийликдан насибалар топган.) Кўпроқ зикри ҳуфияга аҳамият қил. Оллоҳнинг тавфиқи рафиқинг бўлсин! Мустафо саллаллоҳу алайҳи васалламнинг ҳадиси шарифларини ўз
ингга пешво қилиб ол. Ул зотнинг ва улуғ саҳобаларнинг, ризвоналлоҳи алайҳим ажмаъин, асарлари ҳамда хабарларини изловчи дағи ўрганувчи бўл!
Хожаи Жаҳон жим қолгач, Хожа Муҳаммад Бобо деди:
– Кўраётганларинг ҳақ эканлигига далил шуки, сен эрталаб мавлоно Шамсуддин Олбашканавий олдига борурсен ва Турк билан Саққо орасида муомала бўлиб, сиз Саққо тарафидасиз, аммо Турк ҳақлидир, деб айтасен. Агар Саққо сенга қўполлик қилса, «Эй Саққойи ташна», дейсан. У бу сўзнинг сирини билади. Иккинчи далил шуки: у бир аёл билан зино қилган ва натижада валади зино пайдо бўлган. Аёлга болани туширишни буюриб, алқисса унинг ҳовлисидаги токнинг тагига кўмган.
Сўнг жамоатдан бир киши яна деди:
– Бу гапни Мавлоно Шамсуддинга етказганингдан сўнг, эртасига уч дона майиз олиб, Реги Мурда (Ўлик қум) орқали шитоб Насафга – Саййид Амир Кулол хизматига равона бўласен. Пуштаи Қарохун (Қарохун тепалиги)га етганингда сенга бир қария рўбарў келади. У сенга битта иссиқ нон ҳадя қилади. Сен нонни оласен. Қария ила асло сўзлашмагайсен. Ундан ўтиб бир карвонга дуч келасен. Сўнгра эса бир отлиққа йўлиқасен ва унга насиҳат қиласен. У сенинг қўлингда Оллоҳга тавба қилади. Ниҳоят Азизоннинг кулоҳини Саййид Амир Кулолга етказасен.
Шундан сўнг қутлуғ жамоат ичра бир сокин тараддуд пайдо бўлди. Пири комиллар бирин-сирин сарғиш шуъла бағрига сингиб, кўздан ниҳон бўлдилар. Охирида қибла девори ёпилиб, олам яна сукунат оғушида қолди. Бу мозористонга хос дилга бироз ваҳм солгувчи сукунат эди. Лекин азизлар тарбияти ва илоҳий жазба қуршовида бўлган Баҳоуддин минбаъд қўрқувга тушмади. Билъакс руҳлар олами шуурини аста-секин тарк айлаб, атрофидаги борлиқни аввал ботинида, сўнгра зоҳиран ҳам англади, кўрди. Идрок этдики, боши-ю кўнгли сокин ҳаловат ичра эди, фақат бағри тобора қизиб, оловланиб бораётганини сезди. Шу тариқа ўзига келиб, тана аъзолари ҳаракатга тушди. (Чунки ғайб олами ила мулоқот қалб ва шуур ичра рўй берганлиги боис вужуди ҳеч бир саъйсиз қолганди.)
Бомдоддан сўнг кулоҳнинг дараги ёдига тушиб, зудлик ила Ревартун тарафга равона бўлди. Кент ичра саросар кезиб, Ҳазрати Азизоннинг табаррук кулоҳини излади. Ревартун шариат ва тариқат собит бир маскан эди. Шул боис кулоҳнинг манзилини билган кишилар тез топилди. Бир дарвеши ломаконнинг кашкулида омонат экан. Азизоннинг кулоҳини кўриб, унинг аҳволи ўзгарди. Бутун вужуди мум каби эриб, бағридан соғинчли нола отилди, кулоҳни бағрига босиб, узоқ йиғлади, тун бўйи бўзлади. Тинсиз кўз ёшларидан эгни боши ҳўл бўлди. Шундан сўнг дил шикаста йўлга тушди. Мавлоно Шамсуддиннинг манзилига етиб, унинг масжидида бомдод намозини ўқиди. Намоздан сўнг Мавлоно Шамсуддинга рўбарў бўлди ва
– Элчиликка буюрилганмен, – деди.
Мавлоно кутилмаган ташрифнинг мағзини чақолмай ҳайрон турганда ёнида Саққо кўринди.
Баҳоуддин ғайбдан эшитган қиссасини шошилмай сўзлаб берди. Унинг сўзи тугар-тугамас, айтилганидек, Саққо Туркнинг ҳақ эканлигини инкор қилиб, жириллади:
– Сен ножинс, не маломатларни сўзлайдурсен?! – дея кирпи мисол хурпайиб олди. – Балки далилинг ҳам бордир?!
Баҳоуддин хотиржам боқиб турарди.
– Менинг далилим шуки, сенда илмдан насиба йўқдир, эй Саққойи ташна?
Саққо бу гапни эшитиши ҳамоно сувсиз мешдай шалвираб, бўшашди, ювош тортиб, муте қиёфага кирди. Баҳоуддин ва Мавлонога маъносиз тикилди.
– Менинг яна бир далилим шуки, – Баҳоуддин гўё беихтиёр сўзларди. – Сен бир аёл ила фасод иш қилгансен ва ундан натижа ҳам бино бўлган. Сенинг қистовинг ила аёл қорнидагини туширган ва икковлашиб ҳовлисидаги токнинг остига кўмгансенлар.
Саққо буни ҳам инкор этди.
Айтганлари Баҳоуддин учун башорату каромат эди – буни биларди. Саққо ва жамоат учун эса қуруқ гапдан ўзга нарса эмасдек туюларди. Демак, энди далилни ҳам исбот этмоқ лозим эди. Бу фикр биринчи бўлиб Мавлононинг хаёлига келди. Шитоб тараддуд ила жамоатни бошлаб, айтилган ҳовли сари йўл олди. Турган гапки, Саққони ҳам бирга боришга ундадилар.
Аёлнинг ҳовлиси олис эмасди, тезда етиб бордилар. Кўпчиликка таниш бўлган бева аёл Саққони жамоат ила кўриб, қўрққанидан ўзини четга олди. Мавлононинг амри ила бир ёш йигит белкурак топиб, ток остини ковлай бошлаганда, Саққо безовталаниб, ҳар томон аланглади – ҳуддики қочмоққа жой қидираётгандек эди. Аммо Мавлоно унинг қўлидан қаттиқ тутди. Барча амри олийни кутаётган лашкар мисол жим қотди. Ишнинг ниҳояси ҳамма учун қизиқ ва муҳим эди: жамоатнинг нигоҳи йигит ковлаётган ерга қадалган, юракларга ваҳм солгудай сукунат оғушида тупроққа тез-тез санчилаётган белкурак овози гўё жаранглаб эшитиларди…
Муштдеккина жасад қизғиш матога ўраб кўмилганидан, пайқаш ва аниқлаш осон кечди. Мавлоно уни қўлига олиб, бир муддат аянч ила тикилиб турди-да, жамоатга деди:
– Ҳа, бу ой-куни етмаган гўдакнинг жасади.
Шу гапнинг ортидан Саққо Мавлононинг оёқлари остига ўзини ташлаб, тавба қилишга тушди.
Бироқ Саққонинг илтижолари эътиборсиз қолди. Одамлар очиқ-ойдин кароматга шоҳид бўлиб турардилар. Демак, бу хабарни етказган йигит соҳиб каромат эканда, деган ўй ўтарди уларнинг хаёлидан. Ана шундагина Баҳоуддиннинг бу ерда эмаслигини пайқадилар. Пайқадилару, Мавлоно бошлиқ яна масжид сари елдилар.
Баҳоуддин тиз чўкиб ўлтирар, боши тиззалари қадар эгилиб, Илоҳ мушоҳадасига мустағриқ эди. Мавлоно етовидаги жамоат кириб, унинг ортида тиз чўкиб, жим қолдилар.
Эшон (Баҳоуддин) илоҳий файз оғушида кунни кеч қилди. Унинг учун энди жамоатнинг эътибори ҳам, айтилган гапларнинг рост-ёлғонлиги, Саққонинг тавбаси ҳам аҳамиятсиз эди. Билъакс, булар унинг қалбини хиёл малоллантирар, чунки барини машойих каромати туфайли аввалдан биларди ва билганларига шаксиз ишонарди. У ўзидану дунёдан мосуво турар, мудом жону жаҳонини қамраган файз ихтиёрини олганди. Бу ихтиёрсизлик ҳам хуш ёқар ва ҳам ҳаловатсиз олов ичра соларди. Андоғки, вужуду жони ҳузурбахш қовриларди. Шул боис айни ҳолидан айроликни истамас, ибтидо ва интиҳони ҳам шунда кўрарди.
Шом намози гўё бир лаҳзада адолангандек туюлди, жонидаги оташ тағин зиёдаланди. Таомни ҳам рад этди. Мавлоно Шамсиддин соҳиби ҳол, уйғоқ кўнгилли зот эди – жамоатга рухсат бериб, Эшонни танҳо қолдирди. Бу тун ҳам бедор кечди – намозлар зикрга, зикрлар мушоҳадага эврилди.
Тонг отди. Хуршиди оламнинг илк пайконлари қорамтир миноранинг кўксига санчилди. Баҳоуддин буюрилганидек уч дона майиз олиб, Реги Мурда йўлига отланганда Мавлоно чорлаб, аввал илтифотлар кўрсатди, сўнгра деди:
– Сенинг дардинг бизга аён ва давоси ҳам бизнинг қўлимизда. Шу ерда қол, токи тарбият этмоққа машғул бўлайлик.
Баҳоуддин ўнг илкини кўксида тутиб, жавоб қилди:
– Мен ўзгаларнинг фарзандимен, насибам ўзга даргоҳда. Агар сиз менинг оғзимга кўкрак солсангиз, учини тишлаб олишим мумкин.
Мавлоно жавоб таъсирида бир муддат жим қолди. Ниҳоят Баҳоуддиннинг қабоқлари ичра ботган, аланга порлаётган кўзларига самимий боқиб, кетишига рухсат берди.
Эшон даргоҳдан чиқиб, белига белбоғ боғлади-да, икки йигитга белбоғнинг икки учини ушлатиб, қаттиқ тортишни сўради. Бели қорни аралаш қаттиқ қисилгач, аслида ҳам бир мунча таъсирсиз очлик барҳам топиб, вужудида қувват пайдо бўлди. Бу аҳд белбоғи эди. Ана шу аҳд етовида йўлга равона бўлди. Оёғи ердан узилиб, учиб кетди гўё. Йўл оҳ уриб, шитоб қисқара бошлади. Пуштаи Қарохунга етганда бир афтодаҳол чолга дуч келди. Чол унга битта иссиқ нон берди, лекин бирон сўз айтмади. У ҳам чолни сўзсиз тарк этди. Яна ўшандай шашт ила йўлида бораверди. Оёқлари остида тўлғонган илонизи дашт йўлининг оқиш-сарғиш тупроғи товонлари зарбидан қўпиб, ҳавога қоришди. Бу сафар анча юрди. Ниҳоят оҳиста йўрғалаётган карвонга йўлиқди. Карвондагилар ундан «Қаердан келяпсан?» – дея сўрашди. У манзилини айтди.
– У ердан қачон чиққан эдинг? – сўради кимдир.
– Бугун завол маҳали (қуёш кўтарилаётганда демоқчи).
Аҳли карвоннинг юз-кўзида ҳайрат балқиб, бир-бирларига қараб олдилар.
– Жинними нима бало? – энсаси қотди уларнинг. – Айтган манзилидан бу ергача неча фарсах бўлса. Биз туннинг аввалида у ердан чиқиб, энди шу жойга етдик-ку!..
Бу пайт қуёш тиккага келиб, пешин намози фурсати етганди.
Карвондагилар кула-кула қолдилар. Боиси, Баҳоуддиннинг ангори ғофил назар учун чиндан ҳам савдойига ўхшаб кетарди. У карвондагиларга парвосиз ўтиб, улар кўздан пинҳон бўлганда пешин намозини адо этди-да, яна йўлга тушди. Бир муддат юргач, энди айтилган отлиққа рўбарў келди. Унинг яқинига бориб, одоб билан салом берди. Отлиқ хавотирли нигоҳини унга қадаб, сўради:
– Сен кимсен? Мен сендан хавфдамен! – Унинг оғзидан бадбўй ҳид анқиди.
Баҳоуддиннинг тилидан беихтиёр шу гап учди:
– Мен сени тавбага етказгувчи кишимен.
Отлиқ унинг кўзларига қаттиқ тикилди-да, тебраниб кетди. Силтаниб отдан тушиб, май тўла идишларини ерга уриб синдирди, кейин ўзини Баҳоуддиннинг оёқлари остига ташлади.
– Дардимнинг табибини топдим, – дея зорланди у. – Тавба қилдим, ё Оллоҳ, тавба қилдим! Дуо айланг, аё ҳазрат, зора илтижоимни зул Жалол қабул этса!..
Баҳоуддин отлиққа икки оғиз насиҳат қилиб, дастлабки вазифани берди-да, унинг тавбаси қабул бўлишини тилаб, дуога қўл очди.
– Энди бизни ва сўзимизни истасанг, Оллоҳ насиб этса, топарсен, – дея яна йўлга тушди.
Унга мудом йўлнинг олис-яқинлиги-ю заҳмати сезилмасди. Вужудида ғайб олови, қалбида илоҳий жазаба, шуурида собит умид ва ният ила бир мақсад сари интиларди.
2
У ниҳоят Насафга етиб, Саййид Амир Кулол қўним топган қишлоққа кириб бораркан, хуш насийму ёқимли бўйлар димоғига урилиб, сархушланди. Шайхнинг остонасига бош уриб, қалбига ҳаловат истади ва киришга изн сўради. Ижозат бўлгач, таъзим ила ичкари кириб, салом берди. Ҳазрати Кулол ёлғиз эди. Хона тўрида ўлтирган буғдойранг юзли, кўкраги кенг, қўллари узун, чатмақош, қалин соқолига оқ оралаган паҳлавон келбатли шайхни кўриб, Баҳоуддиннинг аҳволи ўзгарди. Бағридаги ўт зиёдалашди. Етмиш ёшни қаршилаётган валиюллоҳнинг нурпош чеҳрасидан файз ёғиларди.
Баҳоуддин шайхни охирги бор жаннатмакон пири Муҳаммад Бобо бандаликни бажо келтирганда Саммосда кўрганди. Ҳазрати Кулол пири муршиди, Шамси Ҳақ (Ҳақ қуёши) лақабини олган Муҳаммад Бобонинг жанозасидан сўнг қирқ кун чилла ўлтирганди. Ўшандан буён, мана, ўн йилдан зиёд вақт ўтибди. Бироқ бу йиллар шайх Мир Кулолга қарийб таъсир қилмабди, фақат ул зотдаги нур, файз баракот касб этибди.
Баҳоуддин бу гапларни ўйлаш ҳолида эмасди, жону жаҳони Илоҳ ишқи, жазабаси оғушида жизғанак, кутгани шайхдан мужда-ю ҳиммат эди, холос. У қўйнидан Ҳазрати Азизоннинг кулоҳини олиб, шайхнинг олдига қўйди. Шайхнинг ҳоли ўзгарди, бош эгиб, узоқ сукутга толди. Баҳоуддин эса шайхнинг файзини, ўзига кўчаётган нури илоҳийни тобора теран ҳис этиб, бағри куйгандан-куярди. Бу онлар ғанимат ва бағоят ҳузурбахш эди. (Муҳтарам ўқувчи учун икки оғиз изоҳ: тариқатда камол кўп ибодат қилиш, зикрдаги собитлик ва зиёдалик, ҳам жисмоний, ҳам руҳий парҳезкорлик туфайли топилади. Камол ва мақомга эришишнинг нисбатан «энг осон» ҳамда «энгил» йўли эса комил пирнинг назари муборагига сазовор бўлмоқдир. Ана шунда солиҳ мурид оз фурсатда юксак даражаларга мушарраф бўлмоғи мумкин. Айни дамда Баҳоуддин ўшандай ҳолат оғушида эди.)
Ниҳоят шайх бошини кўтариб, Баҳоуддинга боқди.
– Бу кулоҳни икки парда орасида сақлашга сенга ишора бўлди, – дея муборак кулоҳни икки қўллаб унга узатди.
Баҳоуддин ўрнидан туриб, тавозе ила кулоҳни олди ва кўзларига сурди.
Саййид Мир Кулол Баҳоуддинни гўдаклигида кўрганди. Аслида Баҳоуддин ҳазрати Муҳаммад Бобонинг қутлуғ назарига ундан-да муқаддамроқ сазовор бўлганди.
Муҳаммад Бобо Бухоро ёнидаги Қасри Ҳиндувон қишлоғидан кўп бор ўтганди. Бир галги ўтишида туйқус юришдан тўхтаб, кўзларини юмганча сукутга толди. Сўнгра кўзларини очиб, самога интизор термулди. Киприкларига ёш қалқди. Ортидаги ашобга бир-бир назар ташлаб, майин жилмайди.
– Бу маъводан бир марди Худонинг ҳиди келмоқда, – деди оҳиста. – Тез фурсатда Қасри Ҳиндувон Қасри Орифонга айланажак.
Валиюллоҳнинг бу карамли нафаси зое эмасди – эл аро башорат бўлиб таралди. Кунларнинг бирида хос халифаси Саййид Мир Кулолнинг Афшонадаги манзилидан Қасри Ҳиндувонга бораётиб, яна сукутдан сўнг айтди:
– Ҳид зиёда бўлибди, ўшал марди Худо дунёга келганга ўхшайди.
Бу ҳижрий 718 йил эди. Ўшанда Баҳоуддиннинг таваллудига уч кун бўлганди. Муҳаммад Бобо Қасри Ҳиндувонда тўхтаб, хонақоҳда қўним топди. Халқ ул зотнинг зиёратига ошиқди.
Баҳоуддиннинг бобоси Хожа Муҳаммад Бобонинг мухлисларидан эди. Унинг кўнглида набирасини Хожанинг ҳузурига олиб бориб, муборак назарига солмоқ истаги ёнди. У бу истаги Илоҳнинг марҳамати, Хожанинг ҳиммати туфайли юзага келганлигини тўла англамаган бўлса-да, набирасини ортиқ ниёзмандлик ила Хожанинг ҳузурига элтди.
Ҳазрати Хожа халққа ваъз айтарди. Бўсағадаги бағрида йўргакланган гўдак тутган оқсоқолни кўриб, буғдойранг юзидаги нур ва табассум кенгайди. Оқсоқолни ўзи сари чорлади. Гўдакни илкига олиб, юзига тикилди.
– Бул бизнинг фарзандимиз ва биз уни қабул қилдик, – дея энди халойиққа юзланди. – Биз ҳидини сезган мард шулдир. Иншооллоҳ у ўз даврининг пешвоси бўлажак. Бул марди Худонинг файзидан ҳар не бало даф бўлиб, ул Балогардонлиғ шарафига эришғувси.
Ҳазрати Хожа гўдакка Баҳоуддин исмини бериб, қулоғига азон айтди. Сўнгра Саййид Мир Кулолга боқиб, шундай амр этди:
– Фарзандим Баҳоуддиндан шафқатингни дариғ тутмагайсен. Агар нуқсонга йўл қўйсанг, сени асло кечирмаймен.
Ҳазрати Хожа бош бўлиб барча дуога қўл очди…
Ана ўшанда Саййид Мир Кулол илк бор Баҳоуддинни кўрган ва жажжи юзига назар солганди.
Мана, рўбарўсида Муҳаммад Бобои Саммосийдек, Оллоҳ у кишининг сирини муқаддас қилсин, авлиёнинг назарига сазовор бўлган ва ул зотнинг амри туфайли фарзандликка қабул этгани қутлуғ истиқболли йигит – Баҳоуддин тавозеда ўлтирибди. Унинг аҳволи, кечмиши шайхга аён эди, демак, ортиқ саволга ҳожат йўқ. Пири муршиди Муҳаммад Бобога берган ваъдасини адо этиш вақти етди. Мир Кулолнинг наздида, лов-лов ёнаётган Баҳоуддин обдон қорилган, пишитилган лой каби эди. Энди ундан не буюм ясамоқ кулолнинг маҳоратига боғлиқ. Бу хусусда асло хатога йўл қўйиб бўлмас, илло раҳматли пирининг ихтиёри ҳам шундай эди.
Шайх жидду жаҳд ила Баҳоуддинга боқаркан, ўзининг болалик ва ўсмирлик чоғларини, ҳазрати Муҳаммад Бобонинг муборак назарига тушган онларини эслади. (Тариқат шайхлари хаёлни паришон қилиб, ортиқча ўйга берилишни таъқиқлаганлар. Уларнинг фикрича, қалб ва шуур Оллоҳ, қўл эса меҳнат ила банд бўлмоғи лозим. Паришонликда хавф бор, зеро хаёл шайтонийдир. Шайхларнинг хотираси бағоят кучли, кўп нарса хотирларида сақланган. Шунингдек, улар ҳар қандай хаёлдан мосуво бўлиб, қалбу шуурларини озод тута олганлар. Хаёл хавфи асосан муридлар учундир. Муаллифнинг шайхни бу ҳолатда тасвирлаши эса сюжет мажбурияти туфайлидир.)
Амир Кулолнинг аждодлари Бухоронинг Афшонасида турғун бўлганлар. Бу маскан ҳозиқ табиб ва олам олими Абу Али ибн Сино туфайли аввалдан етти иқлимга донг таратганди. Зуваласи шу тупроқдан қорилган кўплаб илмпешаларнинг улуғликка доҳиллиги ҳам рост. Уларнинг бири бўлмиш Амир Кулолнинг асли исми Амир Калон эди. Кейинчалик ота мерос ҳунари кулолчилик ила шуҳрат топгач, Амир Кулол лақабини олганди. Аслида у ошиқ қалбларга гўзал шакллар, маъно-ю ишқлар солиб, тариқат аҳли орасида валий қалблар кулоли бўлиб ҳам танилганди. (Хожагон-Нақшбандийлик сулукига мансуб муридлар ва ҳатто шайхлар ҳам ҳеч йўқ бир касб-ҳунарнинг соҳиби бўлганлар. Ўз меҳнати ортидан ҳалол ризқ топиб, тирикчилик ўтказиш мазкур тариқат аҳлининг асосий тамойилларидан эди.) Унинг отаси билан ўз замонасининг улуғларидан бўлмиш Ҳазрат Саййид Ато ўртасида дўстлик аҳди бор эди. Ул зот Бухорога сафар қилганида албатта Афшонага тушар ва дўстининг хонадонида меҳмон бўлиб, тасаввуфий суҳбатлар қурарди. Ана шундай сафа
рларининг бирида кўчада ўйнаётган бир тўп болаларга рўбарў келади. Уларнинг орасида тўрт ёшлар чамасидаги Амир Калон ҳам бор эди. У болалардан ажралиб, югуриб Саййид Атога яқинлашиб, одоб билан салом беради. Ҳазрат гўзал тавозе ила алик олиб, болакайни олқайди, илкидан тутиб, дўстининг хонадонига бошлайди. Биладики, болакай ўз биродарининг ўғли экан. Уни бағрига босиб, дуолар қилади. Сўнг бошидаги салласини ечиб, тенг иккига бўлади ва бирини ўз бошига, иккинчи бўлагини эса Амир Калоннинг бошига ўрайди. Болакай Ҳазратнинг ижозати ила кўчага чиқиб, яна ўйин ила андармон бўлади. Орадан бир ош пишар фурсат ўтгач, Саййид Ато Амир Калонни чақиртиради. Болакай кириб, ул зот қошида қўл қовуштиради. Авлиё боланинг бошидаги саллани олиб, ўз бошидаги салланинг узунлигига солиштириб кўради. Амир Калоннинг салласи уч бош ҳажмида узун бўлиб қолган эди. Саййид Ато саллаларни қайта-қайта таққослаб кўрса ҳамки бу ҳол такрорланаверади. Шундан сўнг пири комил истиғфор а
йтади, мушоҳадага берилиб, кўзларини юмади. Маълум фурсат ўтгач, эҳтирос ила хитоб айлайди:
– Бу фарзандни беқиёс муждалар кутмоқдаки, мартабаси улуғ, ҳатто мендан ҳам зиёда бўлғувсидир!
Кейин-кейин Амир Калон Амир Кулол бўлиб, умрининг ўсмирлик поғорнасида майдонларда кураш туша бошлади. Филҳақиқат, у паҳлавон келбатли – елкалари кенг, билаклари бақувват эди, бирон кимса елкаси ерга текканини кўрмади. Баъзилар унинг бу машғулотидан ҳайратга тушар, дил аҳлидан бўлмиш киши бундайин бидъат ишларни тутмас, дея ёзғирардилар. Аммо Амир Кулол ўз билганидан қолмасди. Журъат этиб, сўраганларга эса «Бу машғулликдан мақсад гумнокликдир», дея жавоб берарди. («Гумноклик» деб атайлаб ўз номини ерга уриш, халқнинг ўзи ҳақидаги тасаввурини синдиришга айтилади. Зеро у замонларда Румда бино бўлиб, бутун Шарқ дунёсига тарқалган маломатийлик сулуки, хусусан, Мовароуннаҳр ичра ҳам бир мунча хонақоҳларига эга эди. Балки Амир Кулол ҳол ибтидосида улардан ҳам ихтиёрсиз мутаассир бўлгандир. Аслида нафсни хорлаб, менликка-худпарастликка қарши муҳораба этмоқ барча сулукларга хосдир.)
Амир Кулол кураш майдонларида ушбу рубоийни ҳам айтиб қоларди:
Кимсаки обрўю ном олмоққа жидду жаҳд эрур,
Сен они ошиқ дема, дунёпараст, бадбахт эрур.
Ишқ йўлида бир сифат бор – хорлигу бадномлик,
Чун шу бадномлик туфайли ошиқ соҳиб тахт эрур.
Ўшанда у ўн беш ёшларда эди. Ўзидан бир бош баланд паҳлавонни гир айлантириб, наъра ила хокисор этди. Чор тарафдан олқиш таралди, у шараф остида қолди. Лекин майдон четида ўлтирган бир жамоат уни мазаммат ва маломат қила бошлади:
– Қаранг, шундайин назаркарда, аҳли дилга доҳил одам бидъат ила машғул турур!
Бу гап айтилгани замон жамоатни уйқу элтди, барчалари бир хил туш кўрдилар: Маҳшар куни эмиш, оламу бани башар талваса ва қўрқинч ичра қолмиш. Туш кўргувчиларнинг ҳаммалари маъсият ботқоғига ботган, оёқларини суғуриб олмоққа ҳоллари келмай, халос бўлмоққа илож тополмай турадилар. Шу он Амир Кулол пайдо бўлибди-ю барини ботқоқдан бир-бир тортиб олибди-да, дебди:
– Биз бадан ишларини мана шундайин пайтларда сизларга ёрдамимиз тегсин учун қилурмиз. Зинҳор-базинҳор юракларингизга гумону иштибоҳни яқинлаштирманг, бировларга ҳақорат назари ила боқманг. – Сўнг насиҳат қилибди: – Агар дил аҳли назари ўзингга тушишини истасанг, ғурбат йўлида мисоли тупроқ каби афтода бўлғайсен!
Жамоат уйқудан уйғониб, шуурлари масту карахт ҳолда бир-бирларига ҳайрон термулиб турганларида Амир Кулол улар қошига келди.
– Аё биродарлар! Биз сизни Қиёматда гуноҳларингиз ботқоғидан Оллоҳ зул Жалолнинг инояти ила чиқариб олмоқ учун иш беради, дея кураш тушамиз, – хитоб қилди у ўктам овозда. – Дарвишлар ҳақида зинҳор бадгумонлик қилиб, бееътиқод бўлманг. Уларга мункир ҳам келманг, илло ҳақиқатдан бехабарсиз.
Жамоат ўрнидан қалқиб, Амир Кулол пойига ошиқди. Улар ғайбдан очиқ-равшан каромат зоҳир бўлганлигини пайқаб, тавбани ихтиёр этдилар. Эл аро авлиёлар қалбларнинг айғоқчиларидир, зеро улар ҳузурида дилни тўғри тутмоқ лозим, акси бўлса, хаёл соҳибига хавф бор, деган гап юради. Айни дамда, жамоатнинг кўргани шунга ишорат эди.
Амир Кулол ҳазрати Бобонинг назарига ҳам шу тариқа мушарраф бўлганди. Ўшанда Амир кулол Рометанда кураш тушар, рақибларини бирин-кетин мағлуб этар, халойиқ эса уни тинмай олқишларди.
Бироқ у майдон четидаги девор остида кураш томоша қилаётган Бобойи Саммосийни кўрмасди. Бобонинг курашчиларга қадалган кўзларига боқиб, ашабларидан бири сўради:
– Хожам, бу мардум бидъат иш ила машғул, сиз эса ундан нафратланиш ўрнига нечук ҳайрат ила боқмоқдасиз?
– Эй болам-а, – дея билинар-билинмас жилмайди пир. – Бу майдонда бир мард борки, ўзи саййидзодадир. Иншооллоҳ, суҳбатидан барча комил инсонлар баҳраманд бўлғувсидир. Биз ўшал мардни кутиб турибмиз, зеро унинг парвози ғоят баланд, мақоми ҳам олийдир.
Шу пайт Амир Кулолнинг ҳоли ўзгарди, рақибини даст кўтариб, елкаси оша ерга урди-ю, ортидан ўзи ҳам ерга ўтириб қолди. Халойиқ ҳайрат ичра увлаб юборди. Амир Кулолнинг қалбида жазаба пайдо бўлиб, оташ оғушида атрофга мўлтирар, интизор кўзлари кимнидир изларди. Алҳол нигоҳи девор остидаги Ҳазрати Бобога тушиб, шиддат ила ўрнидан қўпди, жон халпида югура бориб ўзини ул зотнинг оёқлари остига ташлаб, вовайло қилди. Юраги қаттиқ хаприққанидан бирон сўз айтолмас, бошини нуқул пирнинг оёғига урарди.
Ашоб пирнинг кароматидан лолу ҳайратда сукутда қолган, халойиқ эса бу ҳодисотнинг мағзига етолмай ҳалак эди.
Ҳазрат Бобо Амир Кулолнинг бошу елкасини силади.
– Муддаога етдик, бўтам, – деди таскин оҳангида. – Худо хоҳласа, бизнинг домимизга сайд бўлдингизки, иншооллоҳ, нажот яқин.
Амир Кулол оҳ урди:
– Тавба қилдим, бобо, тавба қилдим! Минбаъд бу бидъат ишни қилмасмен. Ўзингиз йўл кўрсатинг, аё пир!
Шу-шу Ҳазрат Бобо уни фарзандликка қабул этиб, ихтиёрини олди, тарбият қилди ва у кўп файзу кашфларга мушарраф бўлди…
Соҳиби иршод шайх Амир Кулол ўшал хуш дамларни эслаб, Баҳоуддиннинг аҳволини ҳам пайқаб, ҳам унга ҳавас-ла боқиб, хушнуд ўлтирарди.
3
Баҳоуддиннинг ўсмирлик пайтлари эди. Бир кеча туш кўрди: Яссавий шайхлардан бўлмиш Ҳаким Ота уни бир дарвишга топшираётган эмиш. Дарвишнинг ҳам нурли, ҳам ҳайбатли қиёфаси Баҳоуддиннинг хотирида муҳрланиб қолди. Эрталаб тушини дуогўйи Солиҳа бувисига айтиб берди. Бувиси некбин қалбли зийрак аёл эди. Тушнинг таъбирини дарров англади шекилли, «Сенга, иншооллоҳ, Яссавий машойихдан насиба етгувсидир», деб қўйди ўйчан. Бироқ дарвиш унинг кўз олдидан кетмай қолди, юрса ҳам, турса ҳам қалбида уни кўриш иштиёқи жўш урарди. Айни дамдаги ихтиёри ўшал дарвишнинг илкида эканлигини тўла тушунмаса-да, ихтиёрсиз унга сари талпинар, гоҳо кўча-кўйларда бирон дарвишни кўрди дегунча, ортидан чопиб, унинг ким эканлигини аниқламагунча тинчимасди. Одамлар аро ҳар нафас дарвишни изларди. Дилидаги соғинч тобора ўт олиб, жону жаҳонини куйдирарди.
Бир куни шаҳарнинг Оҳангарон дарвозасидан чиқаётиб, баногоҳ ўшал дарвишни кўриб қолди. Дарвишнинг сочлари ўсиқ – мулоҳ монанд, бошида минг баҳяли кулоҳ, илкида уд дарахтидан қилинган асо. Одатда яссавия дарвишлари мана шундай қиёфада юрардилар.
Баҳоуддиннинг юрак уриши тезлашиб, «ғилқ» этиб ютинди, йўқотиб қўйишдан қўрққандай дарвишга нигоҳини қаттиқ қадади. Шу ҳолида дилида на қувончни ва на ўзга туйғуни ҳис этмади. Бироқ у ҳали бирон қарорга келиб улгурмай, дарвиш анча узоқлашиб қолганди. Оёқлари беихтиёр илгарилади, кўзлари мудом дарвишда. Шуниси қизиқки, айни дамда кун эримаган, аср қуёши ҳали ўз ёстиғини қидирмаётган пайт бўлса-да, нечукдир олам хира қоронғулик ичра қолганга ўхшарди. Ёхуд Ба¬ҳоуддинга шундай туюлармиди. Атрофидаги одамлар ва умуман икки ёнидан у ёқ-бу ёққа ўтаётган тирик жон борки – от-уловми, хачиру сакми – ҳамма-ҳаммаси қора шарпалар менгиз кўзларининг қирига урилар, у буларни кўрмас, кўрмоқни ҳам истамас, ягона муддаоси – дарвишни кўздан қочирмаслик эди. Сайди бирон бора ортига қайрилиб қарамади, ё у ҳамма нарсани сезиб турарди-ю ўзини дунё ила иши йўқдек тутарди, ёки дунё унга эътиборсиздек эди. Алҳол у торгина Мурғкўши кўчасига бурилиб, қадамини тезлатди. Энди
Баҳоуддиннинг одими ҳам ихтиёрсиз жадаллашди. Бироқ бу кўчада узоқ қувишмадилар, дарвиш қўнғир туси униққан икки тавақали кичик эшикдан кириб, зумда кўздан ғойиб бўлди. Баҳоуддин қимматли нимарсасини бой берган одамдай бир муддат билинар-билинмас типирчилади, дарвозанинг у ёқ-бу ёғига бўйлаб, ичкарига қараш учун тирқиш излади. Лекин дарвоза анчагина эски бўлса-да, кўзга илингулик тирқиш тополмади, очишга юраги бетламай ортига қайтди. Аввалига кўнглидаги умиди сўнаётгандек туюлди, озгина юргач эса, ахир ҳеч йўқ уни кўрдим, манзилини билдим-ку, деган фикр умидига куч бағишлади. Ортига қайрилиб, дарвозага яна бир бор тикилиб қўйди.
Ярим тун. Кечанинг сирли ва ҳикматли қисми оламга соҳиблик қила бошлаган. Баҳоуддин мушоҳадани адоғлаб, зикруллоҳ тараддудида эди. Шу пайт хонақоҳга биров кириб, уни сўроқлади. У шаҳд ўрнидан қўпиб, сўрагувчига пешвоз чиқди, кўнгли бир яхшиликни сезганидан унинг оғзига тикилди.
– Ҳалил отлиғ яссавий шайх йўқлайдур сени, – деди келган одам салом-аликни ҳам унутгандай.
Қувончдан юраги бўғзига урди. Куз – айни пишиқчилик эмасми, хонақоҳ омборида Бухоро неъматлари мўл йиғилганди. Бир тугун ҳадя олиб, Мурғкўши кўчаси сари ошиқди. Не тонгки, унга на зимистонлик ва на куз тунининг кўзу қулоқни хийла ачитгувчи аёзи ҳам сезилмас, оёқлари беихтиёр шитоб одимларди. Мана, ўша таниш дарвоза, мудом ёпиқ, қўнғир туси ҳам энди билинмас, бутун борича қоронғуликка қоришиб кетганди. Унинг наздида, дарвоза ўз-ўзидан очилиб кетгандай туюлди. Бўсағада ҳали уни йўқлаб борган одам турарди. Қачон етиб кела қолдийкин, деган савол Баҳоуддиннинг шуурини сийпаб ўтди, хушхабар соҳибини аллақачон унутибман-а! Унинг етовида бир ҳужрага кирди. Мойчироқнинг ожиз нури хона ичини сарғиш рангга чулғаб хира ёритар, бурчаклари қорайган деворлар кўзга совуқ кўринса-да, ҳузурбахш сокинлик дилни дарров ўз оғушига оларди. Баҳоуддин тўрдаги дарвиш – Ҳалил Отани бир қарашдаёқ таниди. Унинг ёнида яна тўрт киши бош эгиб ўлтирардилар.
У салом бериб, пойгакка чўкди. Ҳали атрофдагиларга тузукроқ қараб улгурмай, шуурида оромини олган тушини айтиш истаги туғён урди. Лекин ичидаги ичида, тилидаги тилида қолди.
– Улким сенинг кўнглингдадур бизга аёндур, айтмоқ не ҳожат? – деди шайх лабларининг қимирлашини сездирмасликка уринаётгандай оҳиста овозда. – Тил дилнинг ишончли тилмочи бўлолмас.
Баҳоуддиннинг ҳоли ўзгарди, вужуди сел бўлиб, шайхга майли янада зиёда бўлди. (Ҳикоямиз мобайнида ҳолнинг ўзгариши ҳақида бир неча бор айтиб ўтдик. Энди англадик-ки, бунга изоҳ жоиз. Боиси, хосларнинг сўзу мақомларини биз каби ҳолдин бенасиблар тушунолмасликлари мумкин. Тасаввуфда ҳол деган руҳий ҳолат, янада аниқроғи, кишининг илоҳий файзга, жазбага қай даражададир майли англанади. Ҳол аҳлида илоҳий файз, тасаввуфий истеъдод аввалдан мавжуд бўлади ва у пирнинг, кароматли воқеаларнинг, тушларнинг, алалхусус, сийрати хос ибодатларнинг таъсирида ортиб ёхуд аксинча, ноқис нимарсалар боис камайиб боради. Бу оддий кишилар учун тушунарсиздир ва аҳли ҳол валий зотларнинг назари-ю сўзидан ҳатто сония сайин камол топиб бориши мумкин. Бунга «мазахўрак» бўлиб қолган талабгор солик, яъни тариқатдаги инсон – мурид руҳий камолотга элтувчи ҳар неки бор излагувчи, улардан насиба истагувчига айланади. Хуллас, ҳолнинг ўзгариши руҳнинг камолотига, Илоҳ илмининг ривож топмоғига ишоратдир.)
Шайх қайтиб унга бирон сўз айтмади. Баҳоуддин унинг мулозаматига астойдил бел боғлади, насиба илинжида қойим бўлди.
Бу тун ҳам беҳаловат, бироқ ўзгача файз оғушида ўтди. Ҳалил Ота унга илк бора жаҳрий зикрдан таълим берди:
– Қалб ва танглай аросинда бир робита ўрнатгайсен, – деди у мудом сокин сўзлаб. – Тил учини танглай сари йўлла. Шууринг озод, дилингда интизорлик бўлсин.
Жамоат тиз чўка давра қурдилар. Баҳоуддин ҳам уларга қўшилди. Муридлардан бирови ширали овозда Қуръон тиловат қилди. Охирида «Ихлос» сурасини ўн бора ўқиди. Шундан сўнг навбатни шайх олди:
– Алҳамдулиллаҳ раббил аъламийн, Оллоҳу Акбар, – дея бошини кўксига қадади. – Оллоҳ, Оллоҳ, Оллоҳ… – Энди у бошини кўксига ураётгандек ҳаракат ила зикрга киришди. Муридлар ҳам унга эргашдилар. Барчалари бараварига «Оллоҳ, Оллоҳ, Оллоҳ» дердилар. Аммо тиллари танглайларига ёпишганлиги ва жўрликда айтишаётганлиги боис Яратувчининг олий исми «Аллоҳ, Аллоҳ, Аллоҳ» тарзида эшитиларди. (Жаҳрий зикр қоидасига биноан бу калом зикр авжида «Арра, арра, арра» оҳангига айланиши лозим эди.)
Жамоат қурган доира зикр оҳангига ҳамоҳанг тобора торайиб борар, аҳли зикрнинг елкалари бир-бирига борган сари жипслашиб, бошлари ҳар сафар кўкракларидан юқорига кўтарилганида лаб буришга чоғланган ғунча шаклига кирарди. Зикр яна ва яна авжланар, унга сари букилган тизлар беихтиёр доира марказига интилаверарди. Бир муддат шу алпозда елкалар жипслигида турилгач, ишорат ила тағин ортга қайтилар, зикр яна бошидан бошланарди. (Жаҳрий зикр баъзан, шароитга қараб, тик туриб ҳам адо этилади.)
Баҳоуддин ошкора-жаҳрий зикрга илк бор қўшилиши эди. У беҳуд эди, лекин ҳозир, яъни жамоат ичра жаҳрий зикрга зўр бераркан, шуурида хаёлан кўриб турганларини, ўз ¬ҳолини, руҳий кечмишини идрок этишга уринарди. Бу хато эди, ибодатнинг олий мақомида туриб, ўзга нимарсаларни хаёл қилиш солик учун паришонлик балосига гирифторлик ила баробар эди. Шунда ҳам хаёлга берилиши ўзи кўниккан хуфия зикрдан фарқли ўлароқ зикри жаҳриянинг моҳиятиини, аниқроғи, унинг таъсирини англашга саъй этмоғи туфайли эди. Оллоҳ калимасини овоз чиқариб, бошини кўксига уриб такрор ва такрор айтаркан, шуурида кечган лаҳзалик эврилиш боис кўнглида туғилган иштибоҳ, балки синовчан мушоҳада шайтоний эканлигини пайқади. Пайқади-ю, улуғ хавфга ёвуқ турганлигини ҳис этиб, вужуди бир силтанди, юраги шувиллаб кетди. Зеро у авлиёлар кўнгил айғоқчилари эканлигини, улар қошида қалбни минбаъд тўғри тутмоқлик лозимлигини яхши биларди. Аълоси эса, ботинни валий ботинига тўғриламоқ эди. Авлий
олар қалби мисоли кўзгуким, агар истаса, унда ўз аксини кўра олиши мумкин. Устига устак, зикрда паришонлик файздан бебаҳра этади.
– Оллоҳ! Оллоҳ! Оллоҳ!..
У зикрда авжланди. Авжланаркан, ўзидан мосуво бўлиб, кимнингдир ёхуд ненингдир таъсирида ҳоли ўзгараётганлигини ҳис этди. Ҳоли ўзига хуш ёқиб, файзга ғарқ бўлди. Ҳоли истиғроқ (оламдан ажралиш) сари оғди. Жамоатнинг зикрий саси аста-секин уйғунлашиб, бир маромга – қандайдир таниш гувиллашга айланди. Кўп ўтмай гувиллаш тезоб оқаётган дарёнинг шовуллашига эврилди. У осмони фалакда учарди, дарё мавжи қулоғига урилгач, оҳиста заминга қайтиб, мисоли капалак енгиллигида чиндан-да зоҳир бўлган дарё соҳилига қўнди. Ҳа-ҳа, қўнди. Бироқ оёқлари ерни сезмагандек туюлди. Шу маҳал нарироқда оппоқ либосли бир тўп кишилар кўриндилар. Уларнинг соқоллари ҳам оппоқ, юзлари бағоят нурли эди. Ё фаришта ва ёки валиюллоҳ қавмидан бўлмиш ул зотлар либослари кабутар қанотидай ел уриб, уни доирага олдилар-да, ўлтирдилар. Энди дарёнинг шовуллаши яна жаҳрий зикр оҳангларига эврилиб, оламни тутди. Атрофидаги одамларнинг на лаблари ва на бирон аъзоси қимир этмасди-ю, борлиққа зикр
тараларди. Уларнинг ҳар бири биттадан коса тутгандилар. Бирин-кетин дарёга энгашиб косаларни сувга тўлатдилар. Косаларни навбати билан унга тутавердилар. У эса ҳар бир косага лаб босиб, бир хўпламдан ичаркан, доирани қайта-қайта айланаверди. Лекин ташналиги сира қонмасди. Сув ичгани сайин дарёнинг шовуллаши тобора-тобора кучайиб, оламни шовқинга белади. Унинг қулоғи қоматга келиб, эндигина Қиёматнинг ваҳшатини туйганда, бирдан олам сукут ичра қолди. Аста кўзини очди. Вужуди жиққа терга ботибди, юраги қинидан чиққудай урар, бўғзида эса бир оташ пайдо бўлиб, нафас оларкан, хирилларди. Аҳли зикр ҳам шундайин алпозда, лекин ҳар бир муриднинг ботини гоҳо ўзига, асосан пирга аён эди.
Зикр интиҳоланди. Энди барча ўз ҳоли – мақоми даражасида зикрдан топган файз етовида мушоҳадага чўмди. Фақат пиргина уйғоқ, – кўнгил кўзи ила ҳар бир муриднинг қалб ойнасига бир-бир назар ташлайди. Ниҳоят, унинг ботиний назари Баҳоуддиннинг қалбида тўхтади. Ундаги файз ва жазаба шаштидан вужуди титради. Унинг ҳоли буюк келажагидан башорат берарди.
Бироздан сўнг шайх Баҳовуддинни қўшни хонага олди.
Баҳовуддин бошини қуйи солиб ўлтирар, шайх эса унга зимдан назар ташларди. Одатда бу ҳол авом ўртасида бўлса, ноқулайлик туғдириши, икки одам ўзини ўнғайсиз ҳис этиши мумкин. Аммо ҳозир бу икки инсон – шайх ва мурид анчайин чўзилаётган оғир сукунатни ҳам сезмадилар: пир муриднинг кўнгли ила банд эса, мурид ҳалигина рўй берган кечмишидан мудом сархуш эди.
Ниҳоят шайх тилга кириб, муридининг истеъдоду қурбини пайқаб турса-да, сўзини ибтидодан (балки асосдан) бошлади:
– Биз излагувчимиз, эй фарзанд. Излагувчи мусулмонликни қаттиқ тутмоғи лозим. Мусулмонлик эса бу – иложи борича ҳукмларга бўйсуниш, тақвога риоя қилиш, амални бажаришга интилиш, янаки бекорликдан узоқ бўлмоқликдир. Илло буларнинг бари нури сафо, раҳмат ҳамда валоят даражасига етишиш воситасидир. Авлиёларнинг азиз манзили ва мақомларига мана шу сифат парвариши орқали етилади. – Шайх туркий лаҳжада кесиб-кесиб сўзлар, бироқ овозида ўктамлик ва донишмандлик зоҳир эди. – Баъзилар амал унчалик муҳим эмас, асосийси, Илоҳ муждаси ва сидқидил хизмат, деб ҳисоблайдилар. Бу хатокорлиғдин ўзга нимарса эрмас. Амал бағоят муҳим. Шунингдек, пир хизматида собит бўлмоқлик таҳсинга лойиқ. Агар пирдин назар топилса, мақомга мушаррафлик ҳақ, лекин қуруқ хизмат – меҳнат билан мақомга эришмоқлик душвор. Меҳнат фақат ва фақат савобга, ажрга доҳил. – Шайх тобора мушоҳада ва фикр уммонига ғарқ бўлиб борар, янада файзиёб сўзларди. – Киши ўз нафсига туҳмат этиши керак. Кимки Ҳақ субҳонаҳу ин
ояти ила нафсининг ёмонлигини таниган, унинг ҳийла-найрангини англаган бўлса, бу унга осон бўлади. Ҳақиқий излагувчи ёхуд ушбу йўлнинг собит йўлчиси ўзгаларнинг гуноҳини ҳам ўзидан, деб билади.
Аҳли иршод, яъни пирлар эса сайёд (овчи) кабидурларки, ваҳший жониворни нозиклик ила қўлга оладилар. Андоғки, толибни ваҳшийлик сифатидан одамлик мақомига етказадилар. Иршод эгалари ҳикмат каби чиройли тадбир қўллаб, соҳиб табиат толиб билан шундай муомала қиладиларки, охири уни бўйинсундирадилар ва суннатга тобелик йўлига киргизадилар ҳамда висол мақомига олиб чиқадилар. Пайғамбарлар ва валиюллоҳ ана шундай аҳли тадбир, ҳикмат соҳиби бўладилар. Уларнинг ҳар ким билан қилган муомаласи ўша одамнинг қобилияти даражасига мос бўлади. Агар толиб бошловчилардан эса, унинг юкини тенг кўтаришадилар. Толибда бу йўлнинг қобилияти пайдо бўлгунча унга жуда кўп ўргатиш ва тушунтириш лозим.
Бизнинг сўзимиз чин – сен ундайлардан эмассен. Сенинг манзилинг юксакда. Аслида сенинг бизга муҳтожлигинг йўқ. Бироқ Илоҳдан бўлган аввалги мужда ҳақ, яъники бизга йўлиқувинг Ҳақдан. Демак, бизда насибанг бор. Истасанг, бизда не бўлса, ҳаммасини оласен, сендан меҳру назаримизни дариғ тутмагаймиз. Омин! – Шайх юзига фотиҳа тортди – бу билан гап тамом, демоқчи бўлди.
Баҳовуддин мудом сархуш эди. Шайхнинг овози-ю сўзлари сархушлик ичра қулоғига ҳам, қалбига ҳам хуш ёқарди. У бу сўзларнинг тугамаслигини истарди. Лекин шайхнинг «омин»идан сергак тортди: демак, хонани тарк этиши керак. Пирнинг хоҳиш-истагини тез англаш унинг қалбига қалбини тўғрилай олган муридда осон кечади.
4
Шайх Ҳалил ҳукмдорлар наслидан эди. Яссавий шайхларнинг назару тарбияти баракотидан ва парҳезкорлиғи боис файзу мақом топганди. Оллоҳнинг инояту марҳамати чексиз – кўп ўтмай унга Мовароуннаҳр подшоҳлиги насиб
Баҳоуддин бир кеча зикр ўртасида – уйқу ва уйгоқлик орасидаги лаҳзаларда туш кўрди. Тушида Султон Ҳалил Баҳоуддинни жаллодлик қилишга буюрибди. Уни «ақрони султон», дея атай бошлабдилар. Алҳол султон бир бечорани ўлимга ҳукм этибди. Ақрони султон маҳкумнинг бошини кундага қўйибди. Саловот юборгандан сўнгра унинг бўйни сари қилич сермабди. Бироқ шамшир қаттиқ бир ёғочга теккандай, бўйнига ўтмабди. Иккинчи, учинчи марта урса ҳам шу ҳол такрорланаверибди. Шунда Баҳоуддиннинг кўзи маҳкумнинг қимирлаётган лабларига тушибди – у нималарнидир пичирлармиш. Баҳоуддин ҳайратини яширолмай сўрабди:
– Жонимиз қудрат қўлида бўлган Худонинг иззати ҳаққи, айт, не дуо ўқирсанки, шамшир таъсир қилмайдур?
Маҳкум жавоб қилибди:
– Мен ҳеч нарса ўқиётганим йўқ. Аммо ҳозир пиримни шафеъ келтирдим холос.
– Пиринг кимдур?
– Саййид Амир Кулол.
Маҳкумнинг сўзини эшитгач, уйгониб кетибди. Шу асно муридни шамширдан асрай оладиган киши дўзах оловидан ҳам сақлай билишига ишонди. Шитоб қўзголиб, пир сари ошиқди…
5
Мана, Шайх Амир Кулол тиз чўкиб ўлтирган Баҳоуддиннинг эгик бошига боқаркан жилмайди.
– Сени фарзанд тутмоқни бизга Ҳазрати Бобо васият қилган эди. Сен сафарда эдинг, биз уйғонишни – интибоҳни кутдик. Интибоҳ келди, сен бизни топдинг. Иншооллоҳ, Ҳазрати Бобонинг васияти ижобат бўлди.
У очиқроқ жилмайди:
– Худонинг мардлари Худо эмаслар, лекин Худодан ҳам жудо эмаслар, – деди муридининг ҳолидан завқланиб.
6
Ҳазрати Хожа от устида бораркан, оҳиста Алоуддин Атторга ўгрилди. Назарига интизор турган суюкли муридининг тараддудини тўсиб, Муздохун мозорига ишора қила, деди:
– Биз интибоҳ топажак маъво… – Сўнг яна сокин тин олди.
Хотима
Оромсиз куну тунларда иштибоҳ ичра кезмоқ бор – бу ҳолнинг аввалидир. Иштибоҳли тунлар уни ҳам интибоҳга элтди.
12.06.07-27.09.11.