Уч-тўрт тўрғам суви қочган уй нонию яримта булка билан нонушта қилишди. Нонни асосан болалари еди, хотини эса номигагина татиниб ўтирди. У бўлса, бир пиёла чой ичди, холос. Болаларининг иккитаси мол боққани, яна бири ўт қилгани чиқиб кетишган, хотини булканинг ушоғи тўла ранги униққан дастурхонни йиғиштиришга тушди. У ён-верини пайпаслаб, тамаки ахтарди, тополмагач, нигоҳи билан точкаларни бир-бир кезинди. Ана, телевизорнинг ёнида турган экан қадрдон “Саратон”и. Чўзилиб тамакисини олди — бир дона қолибди холос савил. Лекин ҳозир жуда-жуда чеккиси келаётганидан кўзларига ўт кўринган ўша сўнгги тамакисини лабига қистириб, тутатди. Кетма-кет тутун тортиб, кескин-кескин пуфлаб чиқарди. Бу орада кўз қири билан хотинини кузатарди.
— Яна жичча қистаса унармидинг , хотин? — дея сўради у ҳамон хотинидан кўзини узмай, томдан тараша тушгандай.
Йиғиштирилган дастурхонни қўлтиқлаб, ташқарига чиқиб кетаётган хотини тўхтаб, унга қайрилди:
— Нима? — сўрашга сўрадию шу ондаёқ эрининг гапиниям, ўзининг саволиниям унутди ва миясига урилган кейинги саволни тилига чиқарди: — Мунча кўзиз қизариб кетипти?
Унинг қизарган кўзлари қисилиб, пешонаси тиришди.
— Мен нима дияппану!.. — дея тўнғиллади сўнг…
Кеча кечки овқат маҳали хотини минғирлаб қолди:
— Бизам буғдей ўғирлагани чиқейлик. Одамлар роса ташияптийкан.
— Нима, қўриқлайдиган одами йўғаканми? — сўради эр бепарвогина.
— Қўриқчиси бўлса, нима? Отворармиди! Магазинда ун бўмаса, ун бўса, пул бўмаса. Нима, очимиздан ўлишимиз керайми?!
Эр индамади, телевизорга тикилиб ўтираверди. Энди хотини силташга тушди:
— Бирон нима демессими, ҳўй!
Эрининг ҳам эртанги кун учун нон топишни ўйлаб, боши ғовларди, аммо ташига чиқармасди. У ўзи шунақа — хотинининг ибораси билан айтганда, индамасроқ.
— Қачон чиқамиз? — хотинига унинг гапидан ҳам кўра хайрихоҳона гапириш оҳанги ёқиб тушди.
— Ҳали, ўндан кейин. Ўзи тўққизда қоронғи тушяптию, сал одам кўринмейдиган бўсин. — Сўнг эрига меҳрибонлик қилган бўлди: — Сиз мазза қилеееб тилвизор кўриб туринг. Ўзим айтаман…
Телевизордаги кино роса авжига минганда ярим уйқуни урволган хотини нариги уйдан чиқиб келди.
— Туринг энди, хўжейин, қопларни кўтаринг! — деди хотини қийшайиб қолган рўмолини бошидан олиб, пахмайган сочларини текисларкан, рўмолини яна қайта бошига танғиб.
У эриниб ўрнидан турди, ўзга иложи ҳам йўқ эди. Чунки уйда нон ҳам, ун ҳам тугади. Буёқда ҳар ойда келиб турадиган озгина ойлиги ҳам йўқ. Пахта завўди раҳбарияти ишчиларини то кузгача ўз ҳисобларидан таътилга чиқарди. Мана, бир ойки, кўча айланади, уйга киради. Хотини далага чиқиб, кўлхўзнинг ишига бироз аралашган бўлиб келади-да, қозон-товоғу мол-ҳолдан бўшамайди. Кўлхўзда то кечгача ишласанг ҳам, бир гўр — барибир ҳақ бермайди. Аъзолар дафтарни қорайтириб турсалар бас, ҳар ҳолда буғдойдан бўшаган ердан беш-олти сўтих тегиб, шоли-полими ёки маккажўхорими экиб олишади. Қолаверса, куз охирида ғўзапоя ҳам фақат кўлхўз аъзоларига, улардан ортсагина, бошқаларга берилади. Ҳозир ғўзапоя ҳам кўзга тўтиё бўлиб турибди, негаки, пахта оз экилганидан куз охирида уям толомон. Ғўзапоясиз қишлоқ одамларига анча қийин, чунки ҳар бир ўзбекнинг уйидаги тандирда олов ёнмас экан, барака ҳам бўлмайди. Нон сотиб олишга пул етказиб бўладими, тағин қиўлоқ аҳлининг
нон қутиси нонга тўла турмаса, бола-бақраларнинг кўзи ҳам тўймайди. Бундан ташқари, буғдой пишиғида бошоқ ўғирлаганиям ўнғай — кўлхўзнинг бургадаю бригадиру табелчилари ўз аъзоларига унчалик индамайдилар. Ҳа энди, мелисаларнинг йўриғи бошқа… Шу ўй-хаёллар билан дала ишларига аралашиб турилади-да.
Бор-э, деб бузоғини сотиб юборгиси келадию, аввало оғир кунига ярайдиган кўнглининг бир қувватидан айрилишни истамаса, яна тағин, пул топгани билан дўкону тегирмонларда ун ҳам йўқ. Ҳозир бардонларда айни буғдой қуриган пайти. Шундай бўлгач, бир сиқим пул нимага ҳам ярарди, ҳозирги нарх-навода кўзни бир яшнатадию, ғойиб бўлади-қолади. Бузоқ эса — бу ишончли мулк, эр кишининг белига қувват.
Болаларига нон топиш илинжида хотинининг таклифига, яъни кўлхўз буғдойидан ўғирлашга рози бўлди (аслида бу ростдан ҳам ўғирликмикан?). Хотини унинг қўлига битта қоп билан ўроқ тутқазди.
— Ўроқ билан бошоқни қирқиш осон бўларкан, — деди у эрининг ўроққа ҳайрон бўлиб қараб турганини кўриб.
Буғдойзорга икки маҳаллани кесиб ўтиб, сўнг етиб борилади. Эр-хотин қопларини қўлтиқларига қистиришиб, гўё ҳеч ким билан ишлари йўқдай, ёз бўлганидан ҳамон кўчаларда санқиётган ёш-ялангларга ўзларини танитмаслик учун шипиллаганча тез-тез юриб ўтиб кетишади. Улар айни пайтда на бировдан ва на ўзларидан уялишади, тўрироғи, эртанги кун учун нон топиш қайғуси ила банд мияларига юқоридаги фикру туйғуларнинг кириши ёки келиши душвор эди. Чунки ҳамқишлоқларининг кўпчилиги ҳам шу иш билан шуғулланишар ва уларнинг ўғрилик ёки тўғрилик ҳақидаги тушунчалари ҳам ўзларига хос эди.
Эр-хотин сўнгги маҳалладан ўтиб, дала йўлига чиқиб олгач, ўзларича кўнгиллари бироз хотиржамлашгандай туюлди. Буёғи, ана, буғдойзор бошланди. Ҳар ҳолда маҳалладан нарироқда бўлганлари дуруст, бегона кўзлардан йироқроқ. Тун қоронғи бўлса ҳам, буғдойзор ойдинроқ кўринади, олтинранг бошоқлар бирлашиб, ўзига хос нур таратади, шекилли-да. Буғдойзорнинг у ер-бу ерида бир неча одамларнинг шарпаси кўринади — улар ҳам нон илинжида чиққан бошоқ ўғрилари.
Хиёл юришгач, иккис ҳам йўл четидаги тутқатордан ўтиб, буғдойзорга киришди. Худди пахта тергандаги каби этак тутиб, қопларини ўша жойда қолдиришди-да, “чирт-чирт” эткизиб, бошоқ ўра бошлашди.
— Қийинмасми? — дея сўради хотини беихтиёр пичирлаб.
Эри индамади. Қўлидаги ўроқни тез-тез ишлатиб, тобора буғдойзорнинг ичига кира бошлади. Буёғи энди хотиржамлик, ишқилиб Кастро мелиса бошлиқ посбонлар келиб қолишмаса бўлди. Ҳукумат уларга автомату тўппончалар бериб қўйганидан бирам ваҳимали юришадики, беихтиёр гестапочилар ҳақидаги кинолар эсга тушиб кетади. Айниқса, ўша Кастро мелисаси ёмон, азроилнинг худди ўзгинаси, кўрганда танангдаги ҳар бир тукинг тик туриб кетади. Ўзиям савлатли, қоп-қора денг. Ҳарбийларнинг ола-була кийимини кийиб, кундузи қора кўзойнак тақиб юради. Исмини айтмайсизми, исмини — Кастро! Айтишларича, унинг отаси ашаддий коммунист бўлган экан. У Кубада инқилоб рўй берган йили ўғил кўрибди ва Куба халқининг доҳийси Фидел Кастрога ихлоси баланд бўлганидан ўғлига Кастро деб исм қўйган экан. Лекин ҳозир бу Кастро деганлари отасининг наздида Қосимхон бўлиб қолган. Одамлар эса мудом Кастро дейишгани-дейишган. Уёғини сўрасангиз, Кастронинг отаси ҳам ҳозир ҳожи, чўққи соқолни қўйволиб, масжидга
бориб-келаверади. Тили қотиб қолган бўлса-да, бир амаллаб иккита сурани пичирлашга ярайди.
Кастрожон эса ҳали иймонга келмаган, ҳозирча давр суриш билан овора. Тағин бу мелисаси тушмагур ёнига иккита давангирдай-давангирдай йигитлардан ҳам олволган. Булар халқ посбонларимиш, экстремист-бузғунчилардан халқни қўриқлашармиш. Айни кунларда экстремистлар буғдойзорда кўпайишганми, халқ посбонлари куну тун шу ерда бўлишади.
Шийпон томонда Кастро юрадиган “Виллис”нинг чироғи кўринди. У ҳов наридаги муюлишга келганда тўхтади-да, чироғиниям ўчирмай, бирпас турди. Кейин ортига қайрилиб, бироз ўтмай, кўздан ғойиб бўлди. Ҳали машинанинг чироғи кўринганидаёқ ўша ёққа қараб қотиб қолган эр-хотин унинг қайтиб кетганини кўриб, енгилроқ нафас олишди.
— Қораймай ўлгур қайтиб кетди, — дея пичирлади хотини.
Шу билан эр-хотин хавфни унутишди ва “чирт-чирт” қилиб бошоқ ўраверишди. Хотини ҳамон четроқда ғимирлар, у эса буғдойзорнинг анча ичкарисига кириб қолганди. Юлдузли осмоннинг хира ёруғи буғдойзорга кўр ойдинлик ёйган, ҳаммаёқ одамнинг кўзига ҳарир бир парда ортидан кўринаётгандек туюлади. Бу кўр ойдинликда кишини таниш мушкул бўлса-да, лекин гавдасининг шакли қорайиб, аниқ кўриниб туради. Буғдойзор ичида қаққайган одам гавдаси, айниқса, кўзга яққол ташланади. Шунинг учун эр-хотин бир-бирларидан хиёл узоқлашган бўлсалар-да, бир-бирларининг қорайган шарпаларини кўриб турганликларидан кўнгилларида ожизроқ эса-да хотиржамлик мавжуд эди.
Кимдир томоқ қиргандай бўлди — эркак киши. Хотиннинг юраги бир ирғиб тушди. Шошиб ортига қайриларкан, эри томонга кўз қирини ташлаб ўтди — эри кўринмасди. Яшириниб олди шекилли, деган фикр миясида бир “лип” этдию унутди. Хаёли ортидаги одам шарпасига кўчди. Пайкал бошида девдай бўлиб Кастро мелиса турарди. У қўлидаги чироғини шийпон томонга қаратиб, ёқиб-ўчирарди.
— Ҳорманг-ҳорманг, — деди Кастро ўрнидан жилмай, синглисини эркалаётган ака оҳангида.
Хотин қилт этмасди, агар ўрнидан сал қўзғалса, ағдарилиб тушадигандай туюларди.
— Уялмайсизми ўғирлик қигани?! Тағин бир ўзингиз, ярим кечаси… — деди Кастро насиҳатомуз овозда аёлни ўзи томон чорларкан. Чамаси, у аёлнинг эрини ҳам пайқаганди ва шунинг учун унинг иззат-нафсига тегадиган гапларни гапирарди.
— Уйда ун қомаганийди… — хотин белидан этакни ечаркан, ўзини оқлашга уринди.
— Агар битта берсайиз, ўраверишиз мумкин, — Кастро бу гапни ҳазиломуз, аммо баландроқ овозда айтди.
Хотин эсанкиради.
— Вой-вой, бу нима деганийиз?.. Уят… — Лекин қўпол гапиргани қўрқди, барибир у зўр чиқади, мелиса деган номи бор ахир.
— Бўпти-бўпти, тезроқ йўқолинг! Бу сафарча индамийман. Аммо келаси сафар сўраб ўтирмийман. — Кастро бояги сўзларини овозини боягидай баландлатиб гапирди.
У йўлга ўтганда шийпон томонда “Виллис”нинг чироғи кўринди. Ҳали қўлчироғини ўчириб-ёққанида машинани чақирган шекилли, орадан ҳеч қанча ўтмай, ҳаммаёқни чанг-тўзонга белаб, етиб келди. Унинг оловдай порлаган чироқларида машина шиддатидан қўпган тупроқли қуюқ чанг булутлар янглиғ тўлғонади. Кастро чангга ҳам парво қилмай, машинага ўтирди. Машина ўрнидан қўзғалди, бироз юргач, йўл четида шошиб кетаётган аёлнинг ёнида секинлади-да, эшик очилиб, яна Кастронинг овози эшитилди:
— Яна бир марта ушаволсам… билиб қўйинг ома!..
Зум ўтмай чор атроф сув қуйгандай жим-жит бўлиб қолди. Эр эса мудом карахт эди, ўша бир оғиз гапдан кейин нафас олиши ҳам тўхтагандай туюлди. “Агар битта берсайиз…” Нега у беркиниб олди? Мелисанинг шарпасини кўрдию яширинди. Беихтиёр, жуда тезликда ўтириб олди. Кастро уни пайқамади. Кейин эса ҳалиги гап — “Агар битта берсайиз…” Бу гапни унинг хотинига айтди ахир! Нега ўрнидан турмади? Нега “Ҳе, ифлос, нима деяпсан?”, дея Кастро мелисанинг ёқасидан олмади, бурдалаб ташламади?! Қўрқдими? Ё мелиса уни ўлдирворармиди? Ўлдирса, нима, ахир у хотинини ҳақорат қилди, унинг ор-номусини топтади! Ор-номус борми унда ўзи? Агар бор бўлса, нега унда ҳалиям индамай ўтирибди?.. У беихтиёр яширинишга яшириниб олдию кейин кўкрак кериб ўрнидан тургани уялди. Ҳалиги гапдан сўнг эса юраги шиғиллаб, вужуд-вужуди музлаб кетди. Бунақа гап бўлишини хаёлига ҳам келтирмаганидан эсанкираб қолди. Ҳа, аввалига эсанкиради, кейин бола-чақасига нон топиб беролмай, хотинини бошоқ ўғирлаш
учун буғдойзорга олиб чиққанидан ва уни мелисага тутқазиб, ўзи яшириниб олганидан уялди. Бу уялиш аста-секин қўрқувга ҳам айланди, чоғи — ахир у мелиса, ҳамма ерда унинг гапи — гап. Машинага босиб, обкетиб қолса, нима қилади? Нима қипти обкетса? Ахир у хотинини ҳақорат қилди, бунинг ор-номусини… Шунақа хаёллар калласида айланаверди-айланаверди, бироқ ўрнидан туришга журъати етмади…
Уйга келди. Келиб ҳам хотинига бир сўз демади. Туни билан ухлолмади. Туни билан чекиб чиқди…
Хотини дастурхонни қоқиб, қайтиб кирди. У пешонасини тириштириб, охирги тамакисини сўраркан, тишлари орасидан яна заҳар сочди:
— Тағин жичча қистаса, хўп дермидинг?
Аслида у ичидаги потос боғлаётган аламни нима қилишни, қандай босишни билмагани учун ҳам хотинини қийин-қистовга оларди. Бошқа кимга осилсин?
Хотини бир тўхталди-да, индамай бориб, дастурхонни илгакка илди. Кейин эрининг рўпарасига ўтирди. Унинг кўзлари ғазабли эмасди, унинг кўзлари ғамли эди. Аслида у ҳалиёқ эрининг гапини тушунганди, фақат уни аяганди, унга раҳми келганди. Кечқурун у ҳам то уйига келгунча нималар ҳақида ўйламади ахир. Юзинг қурғур Кастро мелиса ҳалиги гапни айтганида у ҳам шошиб қолди — бундай гапни кутмаганди. Кейин эса, ҳуши ўзига келгач, эрининг ирғиб ўрнидан туришини, шунчалар беҳаёлик билан хотинини ҳақорат қилган кимсани нимта-нимта қилиб ташлашини, ҳеч йўқ бирор шапалоқ уришини истади. Шуни кутди. Ахир у ҳам аёл, у ҳам кимдир ҳимоя қилишини, аяшини хоҳлайди ва ҳатто баъзида эртаклардагидек ёки бўлмаса, ҳинд киноларидаги каби кимдир унинг учун жон фидо этишини истаб қолади. Ҳозир айни ўшандай қилиши учун эрига имкон яралганди ва у шу имкондан фойдаланиб, хотини кутгандек журъат тополганида эди, жуфти ҳалолининг унга бўлган ҳурмати Арш қадар юксакларга кўтарилган ҳамда унин
г бир умрлик султонига айланган бўларди. Лекин эри журъат топа олмади, журъат топа олмадигина эмас, қўрқди ва қўрққани учун ҳам овоз чиқаришга-да ярамади. Эри, посбоним дегани ёнида турганида бир гўрсўхтадан ҳалиги гапни эшитиш унга ҳам алам қилди ва аввалига эрини ҳатто ёмон кўриб кетди. Бироқ сал ўтмай, аниқроғи, Кастро мелиса ҳайдаб солганидан кейин эрини тушунгандай бўлди, унга ачинди ҳам. Шўрлик эри учун ҳалиги гапни эшитганидан сўнг ҳам пусиб ўтиравериш қанчалар оғир бўлганини ҳис қилди. Энди эса, мана, ўша кечмишларининг раҳматини эшитяпти. У эри билан гоҳида айтишиб-нетиб, борингки, аччиқ-тирсиқ қилгани билан ҳеч қачон унга тик боқмасди, бунга унинг тарбияси йўл бермасди. Ҳозир ҳам пешонаси тиришиб, гезариб ўтирган эрининг рўпарасига чўнқайдию, аммо унинг юзига қарамади.
— Энам раҳматли кўп айтарди… — дея гап бошлади худди ўзига ўзи гапираётгандай секингина.
Эр силтаб ташлади:
— Ҳмм, гапир!.. Гапир!.. Энангни пеш қилиб, ақл ҳам ўргат энди!..
Хотин ҳолатини ўзгартирмади, ўша оҳангда гапини давом эттирди:
— Энам раҳматли айтардики, одам боласи, айниқса, хотин киши ҳамма нарсага чидаши мумкин экан. Қоловрса, чидашиям шарт. Лекигин ҳар бир хотинни даюс эрга рўпара бўлишдан Аллоҳнинг ўзи асрасин, дерди энам. Негаки, даюс эрлар фақат хотинларининг эмас, бола-чақаларининг, насл-насабларининг ҳам шўри бўлар экан!..
У шаҳд ўрнидан туриб, эшикка қараб чиқиб кетмоқчи бўлганида эри ўшқириб, тўхтатди:
— Бу нима деганинг, ҳов?! — деди у кўзларини чақчайтириб.
— Тушунганингиз, — деди хотини овозини сал бўлса-да баландлатмай ва ташқарига чиқиб кетди.
У қайтиб индамади. Нима ҳам дерди, ахир уям ёмон гап гапирмади шекилли. Фақат эрини инсофга чақирмоқчи бўлди-да, чоғи. Аслида ҳам у бечорада нима айб? Болаларим оч қолмасин деб, хотин боши билан ярим кечаси бошоқ тергани чиқди. Бунинг устига, бояги ҳақоратни эшитди, лекин эрига ғинг дегани йўқ, индамай ишини қиляпти. Бу гапни қўзғаган ўзи-ку ахир!.. Ҳе, онасини… барини!.. Нима деди? Даюс деди, шекилли. Негадир таниш сўз-а, лекин эслолмаяпти. Нима деганийкин-а? Ҳар ҳолда ёмон эркакларни даюс деса керакки, улардан Аллоҳ асрасин дебди. Ҳа, майли, кўчада бирортасидан сўраб оларман. Ҳойнаҳой Патто билса керак. Нима бўлгандаям, илмли-да — ўқитувчи. Ўша билади, билиши аниқ… Ифлос Кастро барибир яхши гап гапирмади, ҳарами!.. У тағин бир ғижиниб қўйди-да, ўзини қаерга жойлашни билмай, уёқ-буёққа хиёл тебраниб тургач, кўчага отилди.
Кўча нима? Йўқ, аниқроғи, қишлоқ эркаклари уйдаги ғалвалардан қочиб чиқадиган кўча деганлари нима ўзи? Кўча — бу битта дўкон, битта сартарошхона, битта баққоллик дўкони бор бўлган ва битта чойхона деб аталувчи, ҳатто бир пайтлардаги яғир шолчалари ҳам қолмаган, сувоқлари кўчиб кетган эски бир бино баланд-паст кўринган мунглиғдайин маскан — шу холос. Мана шу кўча (яъни гузар) деб аталади. Унга ўхшаганлар асосан баққоллик ёнидаги катта тол остига қўлбола қилиб қурилган тахталари ўйдим-чуқур қоқилган сўрида ўтиришади. Чунки баққолнинг эски шахмати бор, қолаверса, вино ҳам фақат унда сотилади ва у “ишончли клиентлар”га бир-икки шиша “оби-ҳаёт”ни насияга ҳам бериб юбораверади.
У бугун ҳам ўша сўридаги “шахмат жиннилари”га қўшиларкан, чўнтагига сўнгги пулига баққолдан “Саратон” олди. Кейин шахмат ўйинини томоша қилди, ора-сирада ўзиям ўйнади. У жуда унақа шахмат иўқибози эмасди, шунчаки вақт ўтказиш учун ўйнарди. Бугун ҳам шу тариқа туш пайти бўлганини билмай қолди. “Шахмат жиннилари” бирин-кетин тушлик қилгани уйларига кириб кета бошллашди. Охирида синфдош ошнаси Патто иккаласи қолишди. Ўйинни тугатишгач, Патто ҳам уйига кириб кетмоқчи бўлди.
— Юровир бўмаса, ошна, бизикида чой-пой ичиб чиқамиз, — деди сохта мулозамат кўрсатиб.
— Қўй, ўша чой-пойингни, битта вина ичейлик, оғайни, — дея шеригига аянчли жилмайиб қўйди.
— Майли, — деди Патто улфати табиатли бўлганидан беихтиёр чўнтагини кавлаб, — лекин шу иссиғда…
— Вина ҳеч нарса қимейди… Омма мени пулим йўқ. Мен янаги сафар қуяман.
Баққол уларнинг истаги билан битта вино ва уч-тўрт дона қурут олиб чиқди.
— Қорин очувди-да, деб қўйди Патто винонинг “оғзи”ни очаркан.
— Ҳеч нарса қимейди. Мен учун чидейсан.
Улар бир пиёладан вино сипқоришди. Шундан кейин ҳалиги сўз эсига тушди.
— Даюс нима дегани, Патто? Дея сўради томдан тараша тушгандай.
Патто англамай қолди:
— Нима-нима?
— Даюс нима дегани дейман. Ҳеч тушунолмаяпман-да.
Патто пича жим қолди. Ўйланди, сўнг:
— Негадир таниш сўзу, маъносини эслолмаяпман. Балки баққол билар…
Дўконида нималар биландир банд бўлган баққол саволни эшитгач, доно пешонасини тириштириб, бирпас ўйланиб турди-да, ўз феълига зид келиб, “билмайман” деёлмади (чунки ҳамма нарсани биламан дегувчилардан эди).
— Даюсми-и?.. — деди кейин чўзиб, — бу жуда ёмон сўз. Омма-лекигин маъноси эсимга келмаяпти-да шу.
Патто кулди:
— Маъносини эслолмасангиз, ёмон сўзлигини қайдан билдингиз?
— Ҳа, энди билман-да, ука, — дея талмовсиради баққол.
Шу билан гапнинг пайнови бошқа ёққа оғди.
Икки ошна бир маҳалгача икки шиша винони майдалашди. Ичаклари ачишиб кетгач, ва ниҳоят Паттонинг қистови билан ўринларидан туришди. У уйи томон бораркан, масжиддан чиқаётган одамларга рўпара бўлди. Улар аср намозини ўқиб чиқишарди. У одоб юзасидан берироқда тўхтаб турди. Тураркан, миясига урилган фикрдан гавдасини бир ростлаб қўйди. Ҳалиги сўзнинг маъносини имомдан сўрагани дуруст, у, албатта, билади, ахир олим одам-ку. Бу ўзи эскича сўз бўлсаям, ажабмас. Қолаверса, имом ўзи тенгқур йигит, тортинмаса ҳам бўлади. У масжиддан ҳаммадан кейин чиқади, бироз кутиб турса бўлди. Оғзидаги вино ҳиди билан масжидга кирмагани маъқул. Имом билан сал узоқроқда туриб гаплашаверади, винонинг ҳидини сездирмайди. У масжид дарвозаси олдига бориб турди. Орадан ҳеч қанча ўтмай, юзидан нур ёғилган, ихчам соқоли ўзига ярашган имом чиқиб келди.
— Ассаломалейким, ҳожи ака, — у имом билан нафасини ичига ютиб сўрашди.
— Ваалайкум ассалом, келинг, биродар!
У бироз каловлангач, муддаога ўта қолди:
— Шу, сиздан бир нимани сўрамоқчийдим…
— Бемалол. Қани, ичкарига кирамизми ёки?..
— Йўқ, шу ерда… Даюс дегани нима дегани, ҳожи ака?
Имом бошини эгганча хиёл жим қолди, сўнг рўпарасидаги одамнинг қизарган кўзларига зимдан тикилди. У бу саволнинг замирида бирон қувлик ёки масхаралаш брми-йўқлигини билиш учун суҳбатдошининг сўзларидан маъно уқишга уринди. Йўқ, унинг нигоҳида қувлик ҳам, шумлик ҳам йўқ, фақат изтироб бор холос. Имом жилмайишга уринаётган бу аянчли кўзлардаги изтиробни пайқади ва савол бергувчини эҳтиётлаб жавоб қайтарди:
— Бу нарса сизга нимага керак, билмадиму, лекин жавобини айтаман. Аҳли аёлини, яъни онасини, хотини ва опа-сингилларини бировдан қизғанмайдиганларни даюс дейдилар.
Унинг юраги уришдан тўхтадими ёки жони бўғзига тиқилдими, негадир нафаси қисиб, кўз олди қоронғилашиб кетди. Имом билан қандай хайрлашганинию (аслида хайрлашдими ёки йўқми, аниқ билмайди), қандай ўз маҳалласига бурилгани ёдида йўқ. Миясида ўза биргина сўз айланади — “Даюс!”. Демак, у даюс бўпти-да, демак, у хотинини бировлардан қизғанмапти-да! Кўрсатиб қўяди сенга даюсни!.. Тўхта!.. Нимани кўрсатасан? Ахир хотинингни ҳақорат қилишганида индамай беркиниб турган сен эмасмидинг?! Туролмадинг-ку ахир! Энди хотининг бечорага нимани кўрсатиб қўймоқчисан?..
У дарвозасига етгунча хотинининг айбсиз эканини тан олди. Ҳовлисига кирдию, тўғри этак томонга йўналди. Ўчоқ олдида ғимирлаб юрган хотини “Ҳмм, келдингизми?”, деб қўйди мавҳум бир оҳангда. Дарвоқе, нонни нима қилишдийкин-а? Болалари тушликда нима ейишдийкин? Кечқурун нима ейишади?.. Э-э, падарига минг лаънат ҳаммасини! Ҳовлининг этагига ўтди. У ерда кичикроқ ариқ оқарди, ўшанинг қирғоғига ўтириб, тамаки тутатди. Ҳамон ҳалиги сўз хаёлидан кетмасди. У ростданам даюс. Хотинининг номусини ҳимоя қилишга ярамади-ку ахир! Ўшанда ўрнидан шартта туриб, “Ҳўй, ит, нима деяпсан?”, дея Кастро мелисанинг ёқасидан олиб, башарасига тушириб қолса бўлмасмиди! Нари борса, қамашарди, лекин ўз виждони олдида, қолаверса, жуфти ҳалоли олдида юзи ёруғ бўларди-ку. Бироқ туролмади. Қўрқди, қўрқоқлик қилди… нега турмади?!.
Унинг уйқусизликдан қизарган кўзларининг ичи ёна бошлади. Ҳеч қанча ўтмай, улар ёшга тўлди.
— Нега турмади-и-и-им?! — тишлари орасидан чийиллади у.
Ариқ бўйида узоқ ўтирди. Кетма-кет чекди. Шом пайти болалари кечки овқатга чорлашса ҳам, бормади. Юмшоқлик билан рад этди — “овқат егим йўқ, ўзларинг еб туровринглар”, деди. Кейин яна анча ўтирди. Ахийри бир қарорга келди-да, шаҳд ўрнидан турди.
Оламга аллақачон қоронғи тушган, хотини даҳлизда нимадир тикиб ўтирар, болалари эса ҳар кунгидек кўчага ўйнагани чиқиб кетишган шекилли. У катта уйга кириб, ҳаво иссиқ бўлишига қарамай, эски кастимини кийди, отасидан қолган пичоқни қин-пини билан ички чўнтагига солди. Яна ташқарига чиқаркан, унинг ҳаракатларидан ҳайрон бўлиб мўлтираб қараб турган хотинига бирров назар ташладию эшикка тикилган кўйи деди:
— Кечаги ишга хапа бўмагин, хотин! — у ҳарчанд ўзини тутишга уринмасин, овози жуда аянчли чиқди.
— Ҳаҳ, ўлинг-а, ҳалиям эсийзда турибдими? — деди хотини уни гўё эркалаётгандай оҳангда. Шундай дейишга дедию, яна эрига қараб мўлтиради.
— Энди унақа қимийман, хапа бўмагин!
Шу гапни айтдию отилиб кўчага чиқиб кетди. Тўғри баққолнинг дўконига борди. Сўрида уч-тўрт киши гаплашиб ўтиришарди, у ёққа ўтмади. Баққол билан дўкон дарчаси орқали гаплашди:
— Битта вина берворинг, ака, ома насяга, — деди хижолатли овозда.
— Майли. Нима, биринчи сапармиди.
Баққол писанда қилмади, уни хижолат бўлмасликка ундади, холос.
— Мобода пулини беролмасам, рози бўп қўясиз-да энди, — у баққолга қараб, аламли тиржайди.
— Нима бало, бугун кўчиб кетяпсанми? — унинг гапини ҳазил деб ўйлаган баққол ҳам ҳазил қилган бўлди.
— Йў-ў… Ҳа, энди айтаман-да…
У винони қўйнига тиқиб, катта кўчадан бироз юргач, дала йўлига қайрилди. Шундоққина маҳалланинг адоғида ташландиқ обжувоз бор эди. У шунақаям хароба бир аҳволга келгандики, одам боласи кечаси тугул кундузи ҳам унга яқинлашишга ботинавермасди. Обжувознинг девори остидан оқиб ўтгувчи ариқнинг суви эса ҳамиша лим-лим, қирғоғига ўтиришинг билан сувнинг таровати юзингни сийпалайди. Ариқ четларида эса ўт-ўлан сероб, улар саратоннинг оловли тафтида хориган танларга муздеккина урилиб, ҳузур бағишлайди. У девор тагига — ариқ қирғоғига ўтирди. Ўтирдию қўйнидан винони чиқариб, “оғзи”ни очди. Илимтиқ винонинг ярмини бир кўтаришда сипқорди. Тахир суюқликни оч қоринга ичганидан афти буришди, оз-моз бўлса-да, оғзини ширин қилмоқни истадими, беихтиёр ўнг қўлининг кафтида ариқдан сув олиб ичди. Оғзи бадтар бемаза бўлиб кетди. Сўнг кастимининг енгини лабларига бирпас босиб турди. Ҳайтовур оғзида чучмал бўлса-да, чидагулик таъм пайдо бўлди. Унинг вино таъсирида жимирл
ай бошлаган миясида яна ҳалиги сўз пайдо бўлди, бўлдию орадаги озгина фурсатда совигандек туюлган алам тағин бағрини ёндиришга тушди. Мен ростданам даюсман, дея ўртанди у яна, агар даюс бўлмаганимда хотинимни бировга ҳақорат қилдириб, ўзим писиб ўтирмасдим. Янаям хотиним мени аяди. Агар бетимга тупуриб ташласа, ҳаққи бор эди… Нега бунча қўрқоқлик қилдим-а?! Наҳотки мелисалар шунчалик жонимизни олиб қўйишган бўлса?!. Йў-ўқ!.. У бу гапни овоз чиқариб айтди-да, винонинг қолганини ҳам сипқорди.
Бу ер хилват жой эди. Бунақа қоронғида қарийб одам ўтмас, ўтса ҳам, девор остидаги одамни дарров пайқай қолмасди.
У ростмана маст бўлди. Кечадан бери ҳеч нарса емагани, оч қоринга бир шиша винони бирваракай симиргани дарров билинди… Мен унга кўрсатиб қўяман бировларнинг хотинига осилишни! Шундай кўрсатаманки… Пичоқни қаерига урсамийкин-а? Бўйнига урсамми? Ёки юрагига санчганим яхшими? Оғриса керак-а? Кимдир унинг кўксига пичоқ санчгандай бир сесканиб тушди-да, кўкрагини беихтиёр силаб қўйди. Оғрийди-да… Йўқ, яхшиси, қорнига ураман. Пастдан урсам, сезмай қолади. Кейин пичоқни бураб-бураб ташлайман. Шунақа қилса тезроқ ўлади дейишади-ку!.. Кейин у ўлади. Кастро мелиса ўлади!.. У ички чўнтагидан пичоқни олиб, қиндан суғурди. Йўқ, пичоқ ялтираб кетмади, лекин у тиғнинг дамини сезди. Ўтирган жойида гўё бировнинг қорнига пичоқ ураётгандай ҳаракат қилди, бу ҳаракатини бир неча бор такрорлади. Аммо ўз ҳаракати ўзига жудаям ожиздек туюлди. Йўқ, мен одам ўлдиролмайман! Мен қўрқоқман, латтаман! Мен даюсман!.. Унинг бўғзига нимадир тиқилди, киприкларининг ости ач
ишди. Мен ҳатто шунгаям ярамайман! У алам билан тиззаларини қучоқлади. Эй, Худо, деди чийиллаб ва ҳўнграб йиғлаб юборди. Узоқ йиғлади. Ахийри кўз ёши ҳам қолмади шекилли, йиғидан тўхтади, мияси тиниқлашди, гўё ичкилик ичмагандай бўлиб қолди. Бир-икки бурнини қоқиб, муздек сувда юзини ювди. Негадир енгил тортди. Осмонга бирпас тикилиб турди-да, бурнидан чуқур нафас олди ва оғзидан кескин чиқарди. Йўқ, мен унип ўлдираман, деди кейин шивирлаб, ўрнидан турди. Йўлга тушаркан, қўйнидаги пичоқнинг сопини яна бир бор ушлаб қўйди.
У кеча кечқурун хотини билан бошоқ терган ерига борди. Каттароқ тутнинг панасига ўтирди. Аслида бу кеч кечагидан-да ойдин эди, бироқ тутнинг ости қоронғироқ бўлганидан у ерга ўтириб олган одамни диққат билан билан тикилинмаса, сезиш мушкул эди. У ҳатто тамаки тутатди, лекин уни кафтининг орасига олиб, чўғини яширди. Қимир этмади. Ўтган-кетган бошоқ ўғрилариям сезишмади. У сабр билан кутарди, кечаги тундан бери ҳаловатини ўғирлаган, унинг ор-номусини, тўғрироғи, ор-номус ҳақидаги тушунчаларини остин-устун қилиб юборган ва энг асосийси, хотинини юзсизларча ҳақоратлаб, унинг ўзини масхаралаган Кастро меликани кутарди. Унга ҳукм чиқарилганди ва энди ўша ҳукмни ижро этишгина қолганди. Бу унинг қўлидан келади, ҳатто энди киприги ҳам силкинмай, қатлни амалга ошириши мумкин. Ҳа, шундай, бунга унинг журъати етади ва бошқа орқага чекинмайди ҳам. Ҳукм этилган зот эса ҳадемай пайдо бўлади. У ҳозир ҳойнаҳой шийпонда, бир-иккита хушомадгўйлари олиб келган арақни симириб, о
ш еб ўтиргандир. Оз қолди, ниҳоят нафси ҳам қонади ва ўлжаларини, яъни бошоқ ўғриларини овлашга тушади. Пича сабр қилиши керак холос…
Ростдан ҳам ҳеч қанча фурсат ўтмай, буғдойзор четидаги тутларни паналаб келаётган Кастро мелисанинг шарпаси кўринди. У доимгидай ҳарбийларнинг ола-була “дала кийими”да эди. Кастро рўпарасидаги катта тутнинг ёнида қўққисдан пайдо бўлган одамни кўриб, бир чўчиб тушди. Нафасини ростлаш ва дадиллашиб олиш учун бир-икки томоқ қирди. У эса ўнг қўлини қўйнига тиқиб, пичоқнинг сопидан тутди.
— Ҳўй, мелиса!.. — деди сўнг томдан тараша тушгандай ва ҳарчанд дадил гапиришга уринмасин, барибир овози қалтираб чиқди. Ўзининг бу аҳволидан нафратланиб, ғижинди. Лекин юраги безовта урар, қаттиқ ҳаяжонланаётганидан бутун вужуди қалтирар, пичоқ ҳам қўлидан чиқиб кетаётгандай туюларди.
Кастро бир нохушликни сезиб, тилида алланималарни гапирса-да, миясида унга қарши тадбир ўйлай бошлади.
— Ҳа, хормасинлар! — деди Кастро ва унга яқинлашмай, тут орасидан йўл томонга ўтди. Аммо ҳали бу одамнинг ким эканини таниб улгурмаганди.
У ҳам йўлга ўтди.
— Қаёққа қочяпсан? Тўхта! — дея ўдағайлади Кастронинг олдидан кесиб чиқаркан.
Кастро уни таниди.
— Ие, сизмидингиз?.. — хаёлида эса тўппончани олволмаганидан афсусланди. Ўнг қўлидаги қўлчироғини орқасига яширгандай иккла қўлини белида қовуштирди. — Ҳа, тинчликми?.. — Лекин “нега сенлаяпсан?”, демади. Агар бошқа пайт бўлганида…
Улар юзма-юз бўлдилар. Ораларида бир қадам масофа. Унинг ўнг қўли ҳамон қўйнида. Кастронинг орқа томони бир-икки ёришгандай бўлди. У эса фақатгина ўч оловида ёнаётгани боис буни сезмади.
— Кеча нега мени хотинимга гап қилдиинг?! — деди овози титраб.
— Қачон? — Кастро уни чалғитишга уринарди, хаёлан эса қўлчироғи билан берган “сигнал”га биноан етиб келиши керак бўлган машинанинг овозини кутарди.
— Кеча! — дея таъкидлади у.
— Кеча мен бу ерда эмасдим, — деди мелиса пинагини бузмай.
У эса қизишди.
— Вой, аблаҳ-эй!.. Ахир хотинимга иплос гап қилган сен эмасмидинг?..
— Йўғ-эй, адашяпсиз… — Кастро машинанинг овозини эшитди, кўз қири билан унинг чироғини ҳам кўрди — у ўқдай учиб келарди. — Хотинингизга нима депман?
— Ҳали гапим ҳам эсимда йўқ дегин! — лекин у асабийлашганидан рўпарасидаги машинани ҳам сезмасди. — Ҳа, майли, энди менга барибир!.. — Унинг ўнг қўли қимирлади.
Машина яқинлашиб қолди.
— Э, ҳа-а, кеча буғдойди ичида писиб ётган сенмидинг?! — деди Кастро ва кўзлари ёвуз чақнаб кетди.
У саросимага тушди.
— Нима-а?!. — Пичоқни қинидан чиқарди, аммо бу пайт рўпарасида Кастро йўқ, икки улкан чироқ унинг кўзларини ёқиб юборгудай порлаб, яқинлашарди. У хиралашган кўзлари билан уёқ-буёққа аланглади, ортига ўгирилганида бўйнининг чап томони аралаш қаншарига урилган қатттиқ зарбдан ерга қулади.
— Сен ҳали мени ўлдирмоқчи бўлдингми?! — Кастро уни аямай тепкилашга тушди.
Бу пайт машинадан югуриб тушиб келган икки давангирдай “халқ посбони” ҳам Кастрога қўшилиб, унинг тўғри келган жойига тепа бошлашди. У эса оғриқдан ихрар, ҳаммаёғи тупроққа беланиб бўлганди. Тепкилашлардан кўтарилган чанг машина чироқлари нурида тўлғона-тўлғона осмонга ўрларди.
— Арқонни обке! — дея буюрди Кастро “посбон”лардан бирига. — Кеча хотинингни қимаган бўсам, мана энди онангни қиламан, иплос!.. — Кастро унинг қорнига тепди. — Мана, сенга!.. Мен энди ўзингни қиламан, билдингми!..
Унинг қўл ва оёқларини чирмаб боғладилар ва учовлашиб кўтариб, “Виллис”нинг орқа ўринди остига ирғитдилар. Иккала “халқ посбони” орқа ўриндиққа ўтириб, оёқлари билан уни босиб олишди. Кастро эса ҳайдовчининг ёнига ўтираркан, эшикни қарсиллатиб ёпди-да, ҳайдовчига ўшқирди:
— Бўлимга ҳайда!..
Машина қаттиқ силтаниб, ўрнидан жилди. Унинг изидан кўтарилган бўзранг чанг тун бўлса-да, негадир аниқ кўринарди…
1999 йил, декабр – 2001 йил, май