Ассалом алайкум, каттамнинг юрти,
Ассалом алайкум, кирпичли бешик.
Неча йил олисда бемакон юрдим –
Ва қайтдим бош букиб, очилмас эшик!
Иқбол
Унинг кўз олдида ўша қишлоқ намоён бўлаверди. Қишлоқнинг мовий осмонида балиқлар тўдаси сокин сузишарди.У қишлоқнинг шовуллаб турган осмонўпар теракларини, пахса деворлару лойсувоқ томларини, кўча бошидаги кекса ёнғоқ, баққолнинг дўконини, ҳуштакчи чолнинг устахонасини, чақалоқлигида тарк этган ҳовлисини, лойсупа устига чодирдек шохларини ташлаган марвардак тутни, бари-барини кўрди, таниди. Қишлоқ худди отаси таърифлаб берганидек бор бўйи билан шаффоф ойнада акс этганди. Отаси қишлоқ ҳақида оқ ҳарир парда ортида укпар болишни қучганича хаёл сураётган навниҳол келинчак тўғрисида сўзлаётгандек гапирарди. Ақлини таниганидан бери қайта-қайта эшитавергани боис, отасининг қишлоқ ҳақидаги ҳикояси унга ёд бўлиб кетганди.Иситмасини ўлчаш учун кириб келган мовий кўз ҳамшира унинг қувваи ҳофизида бир-бир тикланаётган гўзал манзарани шифохонанинг захдан сарғиш тусга кирган деворига қориштириб юборди. Ҳамшира ҳаммаси жойида дегандек, маъноли бош ирғаб кетганидан
сўнг у юз берган воқеани батафсилроқ эслаб кўришга уринди. У ҳамон тирик қолганига ўзини ишонтиролмай қийналарди.Кеманинг остҳужраси туйнукдан шиддат билан отилиб кираётган сувга тўлганида унинг онгу шуурини қуюқ қора туман қоплаб, бу сиқиқ зулумот жонини қисти-бастига олаётганди. Жудаям узоқ давом этган жон азобидаги тўлғонишдан сўнг у тарс-тарс ёрилишга ҳозирланган томирларига беҳол бир ҳаловат югуриб, бўғзига қўл суқиб юрагини чангаллаган кўйи суғуриб олмоқчи бўлган қора шарпа чекинганини ҳис қилди. Энди у ҳавосизликдан қийналмасди. Жоним чиқиб улгурди, шекилли, деб ўйлади у. Лекин руҳиятида тананинг залворини сезиб, бир ҳаракат илинжида тўлғонганида бармоқлари бемажол қимирлади. Шунда у бошини кўтариб жилоланаётган қизил ёғдуни кўрди ва бу қулоқларимдан отилиб чиққан қон бўлса керак, деб ўйлади. У ортига ўгирилиб, фалокатдан дарак берувчи қизил чироқ ёниб турганлигини кўрди ва шу аснода мудҳиш манзаранинг гувоҳи бўлди.Ҳужрада ҳалигина жон талвасасида
туйнук томон талпинган денгизчи аскарларнинг ярим-яланғоч жасадлари чойшаб ва ёстиқлар орасида айқашиб ётар, тепаларида сиёҳи чапланиб улгурмаган мактуб парчалари, ёстиқ остида сақланиб келинган азиз кишиларининг сувратлари ва яна алламбалолар сузиб юрарди. У даҳшатдан донг қотиб турар экан илкис таниш нигоҳга дуч келди ва ўша томонга талпиниб, кимнидир чорламоқчи бўлганида оғзи сувга тўлиб, ўқчиб юборди. Сўнг охирги кучини жамлаб юқорига сузди, ўзининг ҳаракатидан тўлқинланган сувда тобора узоқлашиб бораётган сувратни зўрға тутди. Ивиган суврат унинг ҳаяжондан қалтираётган бармоқлари орасида беихтиёр ғижимланиб кетди, сувратни текисламоқчи бўлганида отасининг сиймоси кўз ўнгида парчаланиб, лахтак-лахтак қоғоз бўлакларига айланди.Унинг қалби бўлакланиб кетгандек эди. У узоқ, ўксиб-ўксиб йиғлади. Кўзларига тўлиб қолган денгиз суви ёш томчилари каби туюлди.Кема сув остига оғир қўнганида мовий денгиз қаърини бўғиқ қарсиллаш ларзага келтирди. Кемани
нг мотор қисми гумбиллаб портлади. У аллақандай ашқол-дашқоллар билан бирга очиқ денгизга қаърига отилди…Уни ҳарбий кема ҳалокатга учрагач, ўн олти соатдан сўнг тўлқинлар оғушидан топиб олишганини ҳамшира қиздан эшитди. “Тўрт кун тинимсиз алаҳсираб, мана бугун сал ўзингизга келиб қолдингиз,” деди у майин табассум қилиб.Бироқ у мен ҳозир ҳам алаҳсираяпман, деган фикрда эди. Чунки, ҳамшира қизнинг мовий кўзларида фируза кўл жилоланар, у кўлда сузаётган қайиқни ва ундаги ота-болани кўраётган эди. Қайиқдаги бола ўзи, эшкак эшаётган кимса эса отаси эди. Отаси уни илк марта кўлга қачон олиб келганини эслай олмайди, ақлини энди таниётган ёш бола эди ўша пайтлар. Бироқ осмон гумбазидек шаффоф ва улкан мовий кўлнинг жимирлаши, ёввойи ўрдакларнинг потирлаб учиши ва отасининг тўхтовсиз нималар ҳақидадир паришонхотир сўйлаши хотирида ўчмас муҳр бўлиб қолган. Ўша кезлар у отасининг гапларига парво қилмас, эшкак эшаётганда бўртиб чиқаётган елкаларини, ажин босган
пешонаси ва қуёшда қорайган ҳорғин чеҳрасини кузатишдан зерикса, қўлини сувга солиб, бармоқлари ясаётган изларни томоша қиларди. Орадан шамолдек шошқалоқ йилларнинг анча-мунчаси ўтиб кетгач, энди аҳвол ўзгарган, унинг кучга тўлиб бораётган билагидаги томирлари ўйноқлаб эшкак эшар, отаси нурсизланиб бораётган кўзларини олисдаги ўркач булутлардан узмай эски ҳикояни сўйларди. Ўз наздида, ота бирор нарсани унутиб қолдирмас, ўғлига бир пайтлар мана шу кўлнинг остида учта қишлоқ бўлгани, уларни оралаб шошқин дарё оқиб ўтгани, сўлим ва фаровон боғчаларию ҳар қадамда учрайдиган зилол булоқларини, одамларнинг меҳр-оқибатини, бари-барини гапириб берганди. Фархунда ва осуда кунларнинг бирида қишлоқда шаҳардан келган одамлар пайдо бўлди. Елкаларига ажабтовур асбоб-анжомларни осган кўйи теваракдаги қир-адирларни кезиб, темир қозиқлар қоқиб чиқишди. Биров ҳа деб сўрагунча бўлмай, у одамлар қандай келган бўлса шундай тез ғойиб бўлди. Гўрга киргандек изсиз кетишд
и. Шундан сўнг уч йил ўтар-ўтмас қўққисдан водий аҳолисини шошилинч кўчира бошлашди. Одамлар кўч-кўронини зўрға йиғиштириб олди. Мол-қўйларини бошқа қишлоқдан келганлар арзон-гаровга сотиб олди. Улар борадиган жойда қўй тугул товуқ сақлашнинг ҳам имкони йўқ экан. Қишлоқ аҳлини йигирма чақирим наридаги саҳрога қурилган темир-метин уйларга жойлаштиришди. Чўнтаги кўтарганлари янги манзил қидириб ҳар томонга тарқаб кетди, ёшлар қопчиғини елкага ташлаб катта шаҳарларга қараб йўл олди. Қолганларга саҳрода қурилган заводдан иш беришди. Бутун бир эл ари уясидек тўзғиб, ном-нишонсиз кетди. Сув омборининг чор-атрофига дам олиш уйлари қурилди, ёз бўлди дегунча ярим-яланғоч эркагу аёл мўру малахдек босиб кетади. Ота-боболарининг муқаддас хоклари устида лаблари кўкариб, кўзлари қизаргунча чўмилади, яна не ҳунарларни қилмайди дейсан, бу инсон зоти…Инсонга тук битгани сари у қайғуни теран англай боради ва бу мўйларнинг оқаруви билан якунланади. Энди у ота
сининг дили не ҳасратда доғланаётганини тушуниб қолган, зерикса илгаригидек инжиқлик қилмас, отаси “кетамиз” демагунча миқ этмасди. Гоҳо отасини овунтириш учун, мен қишлоққа тушиб чиқаман, деб сув остига шўнғир, узоқ муддат ғойиб бўларди. Ўғлининг ҳазилига тушуниб турса-да, ота бечоранинг юраги ҳаяжондан потирлаб кетар, худди ортидан ўзи ҳам сувга сакрамоқчидек бир тараддуд ичра қийналарди. Сув остидан отилиб чиқиб, ҳансираб нафас олаётган ўғлини кўргач, отанинг қалби ғурурга тўларди. Ўғли кўпқаватли умумётоқнинг тор ва бадбўй, нимқоронғу йўлакларида вояга етаётган қўшни болаларга ўхшамас, забардаст ва навқирон эди. “Худога беадад шукур”, ўйларди ота, “ўн саккиз йилдан буён ҳар якшанба уни бу кўлга олиб келганларим бесамар кетмабди.”Авваллари отаси соҳилга қараб қишлоқнинг қайси ўртада жойлашганини тусмолларди. Энди у ҳам отаси каби мўлжални бехато олади. Кўча бошига келганда қайиқни секинлатади, отаси шошилмай, баққол борми, ҳуштакчи чолми борми
, ҳаммасини уруғ-аймоғигача айтиб чиқар, иморатини солган устани-да унутмасди. Ўз уйлари устида сузаётганликларини у табиий савқ билан сезар ва эшкакларни сувдан кўтарарди, отаси эса иштиёқ билан сўйлашга тушарди:- Деворимиз уч пахса эди, раҳматли Нурдин пахсакаш урган, ўзим лой узатиб турганман. Ҳар қўллари бор эдики, бир лаган паловни бир ошамига сиғдирарди. Белкуракда узатган лойим кафтининг ярмини ҳам тўлғазмасди, унга лой етказиб бераман деб яқин беланги бўлганман. Дарвозамиз қоратолнинг ёғочидан қилинган, очилганда ғийқиллаб чўзиқ нола қиларди. Бўз йигитлигимда уйга кеч қайтардим, онам эшикнинг тунги хонишини эшитгандан кейин сўнг бехавотир уйқуга кетарди. Уйимиз даҳлиз-ичкарию олди айвонли бўларди, ёнидан чоғроққина меҳмонхона тушганди. Ёз кунлари шамол томга ғарқ пишган олмаларни дўпирлатиб тўкар, мен этагимни тўлатиб териб тушардим. Ҳовлимизнинг ўртасида қариб қолган марвардак тут, унинг остида эса уч-тўрт киши давра қуриб ўтирса бўладиган
лойсупа бўларди. Супага тангадек офтоб тушмас, ёмғир ёғганида ҳам бамайлихотир ўтирса бўларди. Тутни катта отамиз ўтқазган экан. Уруш йилларидаги қаҳатчиликда тут қарийб қишлоқни боққан, онамнинг куни тутталқон қилиш билан ўтарди. Тутга отамнинг беланчаги осилган, мени ҳам шу тут тебратиб катта қилган. Сен янги туғилганингда кунлар совий бошлаган эди, лекин ирим қилиб беланчагингни тутга осганмиз. Ҳеч ёдимдан чиқмайди, қаттиқ шамол туриб заъфарон хазонларни шитирлатганча осмону фалакка кўтарган, тутнинг шохлари уввос солиб йиғлаётгандек роса чайқалган. Сен сарғиш тут япроқлари остида кўмилиб кетгандинг. Онанг шўрлик, бу яхшиликка эмас дея, дер зор-зор йиғлаган. Мен уни отам неварасини суйганидан шундай қиляпти, деб зўрға юпатганман. Биз тутда отамнинг руҳи бор дея ҳисоблардик, бунга ўз наздимизда асосимиз ҳам бор эди. Отамдан қорахат келганида мен беш-олти ёшлар чамасидаги бола эдим. Онам бу кўргуликдан ўзини олдириб қўйган, далага чиқиб ишлолмас, ошпа
злик қилиб, тушлик пайти ёбондаги хотин-халажга ёвғон шўрвами ёхуд шунга ўхшаш, неки топилса ўшани олиб борарди. Бир куни онам далага тушлик олиб кетганидан сўнг мен тўкилиб ётган марвардак тутларга қаноат қилмай, чолдек мункайиб қолган тутнинг тепасига чиқдим. Энг юқори каллагига чиққанимда юрагимда ваҳм қўпди, эҳтиётсизлик қилиб нобопроқ бутоққа оёқ қўйган эканман, пастга калла қилдим. Энди ўлдим деб ўйлаб жон ҳолатда қичқирдим, шу тушиб боришимда ерпарчин бўлишим тайин эди. Туйқус кимнингдир мулойим, лекин кучли қўллари мени тутиб қолиб, аста ерга қўйди. Қаттиқ қўрқиб кетганимдан кўзимни чирт юмиб олгандим, бир оздан сўнг ҳайрат ва ҳадик тўла кўзларимни очганимда ён-атрофимда бирор шарпа йўқ эди. Менга шундай туюлдими, десам ҳеч қаеримда оғриқ йўқ. Шу пайт қўшнимиз Шарофат эна келиб қолди, кампир қичқириғимни эшитибоқ бир палакат бўлди-ёв, деганича бизникига чопибди. Уни кўриб лабларимга табассум югурди, тутдан калла қилиб ҳам соғ қолган
им ўзимга нашъа қилиб, юз берган ғалати воқеани унутгандим. Мени тиржайиб турганимни кўриб Шарофат эна ҳассасини ўқталганича саннаб кетди-ю…Онам келгач воқеани эшитиб, роса кўз ёши тўкди. Сўнг мени отин кампирни чақириб келишга юбориб, ўзи отамнинг руҳи учун чироқ ёқишга тайёргарлик кўра бошлади.Яна бир сафар ғира-шира қоронғулик чўккан пайтда онам ташқарига чиқди-ю, дарров ранги бир аҳволда қайтиб кириб, эшик кесакасига суяниб қолди. Тўхтовсиз ёқасига туфларкан, “Вой, ўғлим тутнинг тагида кимдир турибди, худди отангга ўхшайди, нега келмаяпти экан-а?! Юрчи, чиқиб кўрайликчи”, деб мени етаклади. Дағ-дағ қалтираётган онамнинг қўллари муздек эди. Дарҳақиқат, тутнинг тагида қора шарпа турарди. Биз унинг юзини аниқ кўролмасак-да, қомати худди отамникига ўхшарди, урушга кетаётганда кийган кийими ҳам худди ўша-ўша. Биз отамни чақирмоқчи бўлганимизда у тутга имо қилгандек бўлди ва унинг ортига ўтиб ғойиб бўлди. Онам икковимиз бир-биримизнинг п
инжимизга кириб, минг ҳаяжон билан тутнинг атрофини айланиб чиқдик, бироқ ҳеч кимни учратмадик. Отам гўё қоронғуликка сингиб кетган эди. Ўша кеча Шарофат энани чақириб чиқиб, бирга ётганмиз. Тутнинг танасидаги катта ёриқ онам қазо қилганида пайдо бўлганди.Сенинг беланчагингни тутга осганимизда онангнинг юрагига ғулғула беҳуда тушмабди. Аёл кишининг қалби сезгир бўлар экан – тут безовта бўлиб чайқалганда отамнинг руҳи бизни фалокатдан огоҳ этмоқчи бўлгани кейин аён бўлди.Ўша йили қишда онангни буйраги шамоллаб вафот этди, баҳорда эса бизни қишлоғимиздан қувғин қилишди.Отаси гапини тугатгач, узоқ муддат сувга тикилганча тек қотарди. “Энди қабристонга ҳайда, онангни зиёрат қиламиз” дерди кўз ёшларини сездирмай артар экан. У падарининг хаёлини бузишни истамас, эшкакни шалоплатмай аста эшар, мозорга етиб келганларидан сўнг яна эшкакларни сувдан кўтарарди. Отаси бобокалонлари, энаси ва волидаси ҳақида узоқ сўзлар, сўнг суяклари сув остида чириётган барча ҳ
амқишлоқлари руҳига атаб дуо ўқигач, беҳиштдаги кавсар лабида тургандек ихлос билан ҳовучини сувга тўлдириб, юз-кўзларини юварди. У ҳам отасининг ҳаракатларини айнан такрорлагач, юзида илиқ ҳарорат, руҳида ёруғлик ҳис этарди. Улар ортига қайтишар экан, отаси ҳеч қачон ҳақиқатга айланмайдиган хаёлий орзусини, эҳтимол, мингинчи бор такрорларди. “Пулимиз кўпайса, ғаввослар кийимини сотиб оламиз, ўшанда кўлнинг остига тушиб, қишлоғимизни сайр қиламиз. Мен сенга айтганларимни ўз кўзинг билан кўрасан, қабристонни зиёрат қиламиз,” дерди. У отасининг рўзғордан бир тийин ҳам орттиролмаслигини, ғаввослар кийимини эса умрида кўрмаган, фақат у ҳақда бировлардан эшитганини биларди.Соҳилга чиқишгач қайиқларни ижарага берувчи чол уларга ўдағайлаб кетарди. “Яна тушгача деб шомгача юрдиларинг, энди мендан ўйлашиброқ қайиқ оласанлар” дея шовқин соларди. Шунда отаси ижара ҳақини икки баробар тўлашга мажбур бўларди. Чол пулни икки буклаб чўнтагига тиқар экан, ота-бола са
вдойиларнинг ортидан таажжуб ила боқарди. У инсонни шу куйга туширадиган қандайдир дард борлигини билмас, эҳтимол унутиб юборганди.Остонада пайдо бўлган мовий кўз ҳамширанинг қўнғироқдек жарангдор овози уни хотиралар уммонидан қирғоққа итқитиб юборди. Ҳамшира узр сўрагандек гуноҳкорона жилмайди.У уф тортиб, юрагини чангаллади. Чунки энди ҳамшира қизнинг кўзларида нафақат мовий кўлни, балки унинг остидаги яшил қишлоқни ҳам кўраётганди. Қишлоқ кўлга тикка тушаётган қуёш нурларида товланиб, элас-элас кўзга ташланиб қоларди. У ҳозирги манзарани бундан қарийб уч йил муқаддам, ҳарбийга жўнашидан олдин отаси билан кўлга сўнгги марта борганида кўрган эди. Ўшанда у ҳар галгидек сув остига шўнғиган, бироқ бу сафар жуда узоқ кетган ва яшил сувўтлари қоплаган қишлоқни анча юқоридан кўришга восил бўлганди. Сўнгги ўша сайр ғайритабиий бўлганди, отаси қайиққа ўтирганларидан бошлаб, то қайтиб кетгунларига қадар бир оғиз гап айтмай оғир сукут сақлаган эди. Бироқ буту
н сайр давомида унинг қулоқлари остида отасининг сўзлари жаранглаб турган ва у отам мендан яширинча гапираётибди шекилли, деган шубҳага борганди. Ўшанда илк бор юраги кўл остидаги қишлоққа талпинган, қайтаётганларида отасининг ғаввослар кийими ҳақидаги чўпчаги ҳақиқатдек туюлган эди… Унинг уч йиллик ҳарбий хизмат муддати деярли тугаб қолганини инобатга олиб, госпиталдан тўғри уйига кетишига рухсат беришди. Уни беш қаватли умумётоқнинг икки хонали, бўм-бўш, ҳувиллаган тор ҳужраси кутиб олди. Калитни қўлига тутқазаётган қўшни аёл “Отанг ўлимидан олдин сенга кўп илҳақ бўлди. Ўғлим келса, бир ҳовуч тупроғимни, аллақайси кўлниям айтди, номи эсимдан чиқибди, ўзинг билармишсан, ўша кўлнинг устидан сочиб юборсин, ўзи тез-тез зиёрат қилиб турсин, деб зорланди. Мановини ҳам сенга қолдирди, бир қисмини кўмиш маросимига ишлатдик” деди ва оқ қийиққа тугилган бир даста пул узатди. У қўшни аёлнинг гапини зўрға илғади, назарида ундан жудаям олислаб кетганди. Зи
ндондек туюлган ҳужрадан кимнидир излар экан, деворда осиғлиқ отасининг сувратига кўзи тушди. Бир пайтлар ҳоли-жонига қўймай отасини сувратхонага етаклаб борганини эслади. У сувратни олиб қучмоқчи эди. Бироқ узатилган қўллари ҳавода муаллақ қолди. Кўз олдида парча-парча бўлиб кетаётган отасининг денгиз қаъридаги сиймоси намоён бўлди ва бир неча сония шу алпозда қотиб қолди. Қўшни аёлнинг ҳирқироқ йўтали уни ўзига келтирди. Аёл ундан кўзларини узмас, афтидан йигитнинг ёқавайрон бўлиб дод-фарёд солмаётганидан ажабланарди. У аёлдан отасининг қабрини кўрсатишни сўради. Улар қабрлар оралаб узоқ юришди. Ахийри аёл тўхтади, “анови қабр” деди қўли билан дўмпайиб турган тупроқ уюмига ишора қилиб. Қабр мозорнинг энг четида, шундоққина деворнинг тагида эди.У қабрни қучганича ётаверди, кўзларига сира ёш келмади. Субҳи содиққача шу алпозда ётди. Тонг ёришганда қабрдан бир ҳовуч тупроқ олиб қийиққа тугди ва қабристондан чиқиб кетди. Денгизчи аскар кийимидаги йигитни
қайиқларни ижрага берувчи чол таниди, ёлғиз келганидан ажабланди ҳам, бироқ сабабини суриштириб ўтирмади. У қайиққа ўтиргач, шаҳд билан эшкак эша бошлади. Энди соҳилга қараб тусмоллашнинг кераги йўқ эди, юрагининг ўзи йўл кўрсатиб борарди унга. Қишлоқ устида тўхтаб, шошилмай уст-бошини ечди, отасининг хокини кўксида тутганча сув остига шўнғиди. Мовий кўл уни ўз домига тортди.Эртаси куни ижарачи чол эгасиз қайиқни судраб келди. Чол йигитнинг чўкиб кетганига шубҳа қилмади ва қутқарувчилар бўлинмасига хабар қилди. Ўлик қидирувчилар уч кунгача мурда сув юзасига кўтарилади деб кўлни айланишди. Лекин жасад топилмади. Ижарачи чол эса барчани ҳайратга солиб тинимсиз йиғларди. Унинг йиғлаганини ҳеч ким кўрмаганди. Умуман, қартайиб қолган бир чолнинг йиғлаши мудҳиш бир ҳол эди. Чол чўкиб кетган йигитга ачиниб йиғламас, қазо вақти яқинлашган сайин у ёшлигини тиниқ хотирлай бошлаганди, эҳтимол.
“Ўзбекистон адабиёти ва санъати” газетасининг 1992 йил 44-сонида чоп этилган. Кейинчалик муаллиф томонидан айрим қисқартмалар қилинган.