Ўша куни шомга яқин гоҳ кучайиб, гоҳ секинлаб ёғаётган шиғалоқ қор илкис изчил маромга кириб, майин шитир-шитири ила борлиқни мунгли оҳангга тўлдирди. Чол ва кампир шом намози учун таҳорат оладиган палла эди. Бола тўсин ва синиқ шиферлари тутундан қорайган, деворлари ис босиб кетган тандирхонадаги пастак лойўчоқда ғўзапоя ёқиб, қумғонда сув қайнатди, қайноқ сувни обдастага қуйиб совуқ сув билан човуштирди, кейин кафтига қуйиб кўрди: бобоси айтганидек, оби-тобида. Обдастани сал наридаги икки хонали уйнинг даҳлизига элтиб қўйгач, ғўзапоянинг ловуллаб-чарсиллаб турган чўғини оловкуракка солди-да, шошилинч ичкари уйга элтар экан, шиғалоқ қор зарралари чўғларга тушиб чирсиллар, олов лах-лах қизариб, қор ёнаётгандек туюларди. Осмоннинг тунд чеҳрасида, чор-атрофнинг оқликка жадал бурканиб боришида ҳам ҳайбатли бир маром ва тугаллик бордай эди. Бола қип-қизил чўғни сандалга солиб, устига эски кулни тортиб қўйди-да, ўзини кўрпа остига урди. Мазза! Бошқа қиладиган иши йўқ, иссиқ сандалда оловга тобланиб ётади энди.
…У одам қош қорая бошлаган маҳалда келди.
Кампир бир тутам исириқни сандал тагида лимиллаб турган чўғ устига ташлагач, қалин қора сатин камзулининг чўнтагидан жимитдек калит чиқариб, тиқир-тиқир урина-урина меҳробдаги жавонни очиб, лаш-лушларни титкилай бошлаган пайт эди. Эски газмоллар, қалампирмунчоқ ва яна алланарсаларнинг заиф ислари исириқнинг ўткир ҳидига қоришиб кетганди. Чол эса жилдига оқ сурп тортилган, сарғайиб, титилиб кетган баъзи саҳифаларига қоғоздан ямоқ солинган катта бир китобни деразадан тушаётган ғира-шира ёруғликка тутиб, шомгача яна бир-икки бет ўқиб қолиш илинжида, ташқари аллақачон оқликка бурканиб улгургани учун қош қорайса-да, атроф қор ёруғи билан ёришган эди.
Ҳа, у одам ана шу паллада кириб келди. Аввал ёғоч дарвозанинг бўғиқ ғийқиллагани, кейин ғарч-ғурч қор босиб келаётган қадам товушлари эшитилди. Даҳлизнинг остонасига келганда телпагидаги қорни қоқди, қисқа-қисқа йўталиб олди. Ниҳоят, ичкари эшик очилганида пастаккина хонадаги қуюқ тутун гуп ташқарига урилди. Исириқ тутуни чиқиб кетмасин деб, келгувчи эшикни ошиғич ёпди, сўнг чол ва кампир билан қуюқ сўрашиб, сандалнинг пойгак томонига чўккалаб ўтирди, чолнинг қистовидан кейингина совқотган оёқларини сандал ичига олди. Кампир жавондан қанд-қурс олиб дастурхонга қўйди, сандал устига ёпилган кўрпа тагидан қалампир гулли хитойи чойнакни олиб, чой қуйиб узатди.
Меҳмон тортина-тортина, секин ва сокин овозда келишидан мақсадини баён қилди: “Катта ота, шу десангиз, чамамда уч ойларми аввал, қайдан келди, нимадан бўлди, билмайману, аммо менга бир ёмон дард ёпишди. Шу денг, дард қурмағур кундан-кун зўрайиб боряпти…”
“Оббо!” деди сандал кўрпаси остида мазза қилиб ётган болакай: яна бир касал келди. Энди бобоси узундан-узун дуо ўқиб, дам солади. Тоза зерикадиган бўлдим-да, деб меҳмондан юз ўгириб, шипга термулди. Шипдаги ёриқлар, лак сурилган фанернинг бутоқ кўзлари атрофидаги тарам-тарам ажин-чизиқларга қараб, ўзича аллақандай шаклларни излади. Бир қарашда парвозга шай қушга, гоҳ шохдор соқолли эчкига, гоҳ эса қамишзор ичидан мўралаб турган қанақадир шарпага ўхшатди. Шу юмуш унинг севимли овунчоғига айланган эди. Яна янги шакллар изламоқчи бўлди, лекин учқур хаёлига тунов кунги киши келди. Сассиқ, важоҳатли бўлса ҳам ўша одам бунисидан кўра зўрроқ эди, деб ўйлади бола. Кундузлари “эшак ўлдирар” офтоб чарақлаган, кечалари қора совуқ туриб, кимсасиз кўчаларда изғирин кезаётган кунлар эди. Онаси учовлонга кечки овқатни едиргач, идиш-товоғини йиғиштириб, нариги ҳовлига чиқиб кетган, булар эса ётиш тадоригида экан, лоп этиб чироқ ёнган, ҳамма хурсанд эди. Бир оздан сўнг кўчада машинанинг оғир тўхтагани, тарақа-туруқ қилиб мотори ўчгани эшитилди, зум ўтмай, сувсар телпак кийган, почапўстини доғ-дуғ, юзи қорачадан келган бир киши кириб келди. У кириши билан хонада тери, ёғқовурдоқ, аччиқ ва ўткир тамаки ҳиди анқиди. Чол билан қўшқўллаб, кампирга елка тутиб кўришган бу киши хом ёғ суртилавериб ялтиллаб кетган этигининг қўнжидан катта дандон сопли пичоғини чиқариб, сандал устига “тўп” эткизиб ташлади:
– Катта ота, мана сиз оқсоқоллар сув етти юмаласа, пичоқ уч марта ерга суқилса ҳалол бўлади дейсизлар. Тўғрими шу гап!? – деди ҳарсиллаб. – Агар шу гап тўғри бўлса, китоб қараб, исботини топиб беринг деб келдим!
Бобоси унинг важоҳатига эътибор бермай: “Шермат болам, аввал бу шаштингдан туш, ўзингни бос, бир пиёла чой ич, кейин нима бўлганига қулоқ тутармиз”, деди.
– Катта ота, мени ҳар кўрганингизда эл-улусга қўшилиб юр, одамлар билан ош-қатиқ бўл, қўни-қўшниларнинг иссиқ-совуғига аралаш, савоби кўп дейсиз, – деди Шермат. – Шу бугун гапингизни қулоғимга олиб, Маҳмудбойнинг сабзи қирдисига бордим. Биласиз, эрта саҳар кенжасига ош беряпти. Борсам уй тўла одам, даҳлизда ёшлар сабзи қиряпти, ичкарида катталар тўғраяпти, гангир-гунгур авжида. Эл қатори ичкарига кириб, туртиниб-суртиниб пойгакка ўтирдим, пичоғимни чиқариб битта сабзини қўлга олганимни биламан, тўрда ёнбошлаб олган Ҳаким ҳисобчи бўйнини чўзиб қолди. Нима деди, биласизми? “Ҳўй, Шермат, бу пичоғинг билан тулкининг терисини шилгани келдингми ё элга бериладиган ошга сабзи тўғраганими?” деса бўладими!? Эл-юрт, катта-кичик олдида лавлагим чиқди. Даюсни устига бостириб бориб таъзирини бермоқчи эдим, ҳарқалай ёши улуғ, сиздан анча кичик бўлса ҳам оқсоқоллар даврасига кириб қолган, деб индолмадим. Шартта ўрнимдан туриб, бир улов топиб ёнингизга келиб турган жойим эди. Шу, пичоқ уч марта ерга санчилса ҳалол деган жойини топсангиз, мен билан бориб, эл олдида шу гапни китобдаги исботи билан айтсангиз, деб келдим. Кўчада мошина тайёр.
Чол мийиғида кулди. Шермат бу ҳолдан баттар бетоқат бўлиб, бўзарди.
– Шермат болам, тўй-маъракада оғир-енгил, ҳазил-ҳузул гаплар бўптуради. Азалдан эл ичида юрганингда бунақа гапларга кўникардинг. Эртага халққа ош бераётган Маҳмудбойнинг лақаби нималигини биласанми ўзи? – деб, Шерматга тикилди чол. У ҳануз қовоғи солиқ, бош чайқади.
– Халқ Маҳмудбойнинг уруғ-аймоғига “тулки” деб лақаб қўйган. Кириб боришингдан аввал даврада бир пайров кетгандирки, Ҳаким сенинг баҳонангда уни давом эттиргандир? Ўрнингда бошқа одам бўлганида Ҳакимга қараб “бир газанда тулкиларнинг қонини сўриб, терисини устихонига ёпиштириб қўйибди, пичоғим суягига қадалиб синди, бошқасини олиб келавердим”, деган бўларди. Боиси, Ҳаким ҳисобчининг лақаби “кана”. Эл олдида унинг оғзини ёпган бўлардинг, кейинги гал сен билан ўйлаб гаплашарди. Энди эса бу гапларга парво қилма, уйингга бориб, қўлингга ошпичоқ олгин-да, тўйга қайт, ҳеч нарса бўлмагандек элга аралашиб кетавер. Гапи қаттиқ ботганини сезса Ҳаким эрта-индин узрини сўраб қўяр, сўрамаса, ёнимга келганида ўзим бир нима дерман. Совуққа чиқсам оёғим оғрийди, маъракаларга бормай қўйганман, – деди чол, шу билан гап тамом дегандек.
Чолнинг насиҳатидан кўнгли тўлмагани юз-кўзидан сезилиб турган Шермат пичоғини этигининг қўнжига тиқиб, “майли, катта ота, айтганингизни қулоғимга оламан, лекин мавриди келганда Ҳакимбойнинг ҳам таъзирини бераман”, деб чиқиб кетди.
Чол неварасига эшикни очиб уйни шамоллатишни буюрди, кейин кампирига қараб, “ҳазилида ҳам, чинида ҳам Ҳакимбой ҳақ”, деб қўйди.
Болакай кўзи совуқ йилтирайдиган, юзида шиддатли бир ифода қотиб қолган бу одамни илк марта яқиндан кўрганидан ҳаяжонда эди. Шермат буларнинг ҳовлисидан икки кўча нарида яшар, аллақаерда қоровул бўлиб ишлашидан ташқари овчилик ҳам қиларди. Бир қараса тулки, бир қараса бедана ёки балиқ овлар эди. Овлайдиган нарса қолмаса, олақанотми, чумчуқми, ёввойи каптарми, отиб келаверарди. Уйида този, баъзан қопағон қозоқи итлар бўларди. Одамлар, айниқса болалар эшигининг тагидан юрак ютиб, оёқ учида ўтишарди. Ўзи кўчаларда кам кўринар, ҳар замон лабининг бир четида аллақачон ўчиб қолган тамакисини тишлаб, елкасига қўшотарини илиб, эски “Иж” мотоциклини тариллатганча қишлоқ кўчаларида пайдо бўлиб қоларди. Камгапу бадқовоқ, кўпчиликка аралашмасди. Лекин қишлоқда камдан-кам одам кириб чиқадиган ҳовлиси, ёки ўша қўрқинчли ҳовлида унинг нималар билан машғуллиги болаларни қўрқа-писа девор оша мўралашдан тийиб туролмасди. Маҳмудбой тўй берган кунлари қишлоқда чироқ ҳам ёниб қолган, Шерматнинг сувсар телпаги, мўйнали ёқаси ёруғда ял-ял товланиб, салобатини ошириб турарди.
Бироқ, бугун келган одам кўримсиз, гаплари тушунарсиз, зерикарли эди. Токчадаги мойчироқдан таралаётган шуъла гоҳо юзида ўйнаб, ботиқ кўзлари янада аянчли тус олар, пешонасидаги ажинлари узун-узун соя бериб қоларди. Бола шифтга қараб ётишдан зерикиб, сандалнинг нариги четида бобосига бир нималарни тўхтовсиз гапираётган бу одамга қайта разм солди.
– Нега менга келади бу дард, катта ота? Умрим бўйи қора меҳнатдан боши чиқмаган шўрпешона бўлсам?! Юмушим бошимдан ошиб ётибди, икки ўғил уйлашим, уч қиз чиқаришим керак ҳали. Сира чидаёлмай қолдим бу азобга. Келаверади, келаверади, ҳеч тўхтатолмайман қурғурни. Авваллари ич-ичимдан сезилар-сезилмас келарди. Кейин томоғимга, ундан димоғимга кўчди, бир маромда, ўртаб-ўртаб келаверади. Оғир, жуда оғир, юрак-бағрим эзилиб кетади, икки қоп буғдойни бараварига кўтарсам ҳам бунақа эзилмайман. Кечалари ўзимнинг товушимдан ўзим уйғониб кетаман… келаверади-да, ич-ичимдан тўлиб-тошиб. Шартта туриб кетаман, оғилга бораман чироқ кўтариб, мол-қўйнинг тагини тозалаб, билчиллаган гўнгни кўмир майдасига аралаштириб, зувала қиламан, гуваладек-гуваладек қилиб бостирма остига тераман. У иш тугаса, ҳовлига чиқиб эски ўрани қайта ковлайман, кўзим тушган ишга уннаб кетавераман. Уйда иш қолмаса, камига қўшниларнинг юмушини бажараман, итдек ҳориб уйга қайтаман, энди ётаман десам, яна кела бошлайди ўша! Тонг оқарганда мол етаклаб далага отланаман, кун бўйи кетмон чопиб, қош қорайганда елкамда замбилдек бир бойлам ўт, бурним ерга теккудек бўлиб, камига бир сигир билан бузоқни етаклаб уйга қайтаман, бироқ ўша нарса димоғимдан сира кетмайди. Кечқурун хотин-бола чақа билан ўтирганимда ҳам келаверади… Ҳамма ҳайрон. Элу юртга қўшилолмай қолдим. Булар-ку, майли, нари борса халқ орасида жинни деган ном оларман, лекин оғриғи-чи!? Зўриқишдан қорним, ичакларим аёздаги симёғоч симлари каби зириллаб титрайди, кўкракларим қақшаб, сиқилиб оғрийди, томоғим шишиб кетади. Баъзан тунлари кўнглим озиб, ўқчиб-ўқчиб қайт қилгим келади, ариқ лабига бориб роса кучанаман, ичим зардобга тўла туюлса-да, ҳеч вақо чиқмайди. Баъзан кўкрагимни пичоқ билан ёриб, шу энағар нарсани чиқариб юборгим келади, лекин қани қурбим етса. Бир куни шунақа келдики, амаллаб ташқари чиқариб юборай десам, бурун ва қулоқларимдан қон тизиллаб отилиб чиқди… – У гапириш асносида сандал қиррасига алам билан муштини тиради, мушти устига бошини қўйди.
– Ичингиздан келган нарса хиргойи экан-да, ўғлим? – Чолнинг ҳамиша ўйчан ва сокин чеҳрасидан бир хавотир қалқиб ўтгандек бўлди. – Нимани хиргойи қиласиз? Бирор Сўз борми?
– Сўз йўқ! – у бошини илкис кўтарди. – Бирорта сўзи йўқ, лекин жуда-жуда оғир бир оҳанг. Мунгли деб ҳам бўлмайди, чунки гоҳида юрагимга таскин беради, бироқ тасалли узоқ давом этмайди, аксар пайт азоблайди, дилимни тилка-пора қилади. Гоҳо қанақадир ғалати маъноларни илғагандек бўламан, лекин тушунмайман. Шу азоб-уқубат ичида ўлиб кетаманми деб қўрқаман. Билганим, мен бу юкни кўтарадиган одам эмасман, фақат меҳнатни, қора меҳнатни биламан холос… Катта ота! Мени бу азобдан қутқаринг. Дам соласизми, хатми қуръон қилиб ўқийсизми, ёрдам беринг, болаларим етим қолмасин! – унинг нам мижжалари шуълада йилт-йилт қилди.
Чол узоқ сукутда қолди. Болакай бобосини ҳали бундай ғуссага ботган ҳолда кўрмаган эди. Бобоси одатда ўйга чўмса, кўкрагига тушиб турган оппоқ соқолини тутамлаб оларди. Ҳозир эса бошини қуйи солиб жуда узоқ ўй суриб қолди.
Ташқарида ҳамон қор бўралаб ёғар, тун оппоқ, бутун борлиқни кучли бир оҳанг эгаллаб, дераза ойнасини чертиб тургандек эди. Кампир эса жонсарак, нима қиларини билмай, неварасига энгашиб, бошини силайди.
Ниҳоят, чол нигоҳини ердан олди:
– Катталардан эшитганим бор эдики, аввал ҳам одамлар шундай дардга йўлиқишган экан. Айтишларича, бу дард одамлар бошига бахт ёки аксинча, кулфат келтирармиш. Элчибек болам, айтар гапим шуки, сенга дам солиб, ёрдам беролмайман. Лекин ҳақингга ҳар куни дуо қиламан, Худодан ўзингни, болаларингни омонлигини тилайман. Жонинг омон бўлсин!
Элчибек инграб юборгандек бўлди. Кампирга жонсарак мўлтиради. Кампир чидаб туролмади, чолига қараб: “Эми-дамини қилиб қўйсаммикин, нафи тегиб қолар?” деди жонҳалак.
– Ҳа, жон эна, эми-дамини қилинг, – Элчибек остонага эмаклаб бориб, эшикни очди, бўсағага бошини қўйиб ётиб олди. Кампир ҳадик билан чолига қаради, чол розилик ишорасида бош ирғади-ю, лекин фойдаси йўқ деган маънода терс ўгирилди. Болакай қишлоқнинг йиғлоқи гўдаклари бу остонада қандай эмланганини кўп кўрган, чинқираб йиғлаб келганлари бурнини шилқ-шилқ тортганча оналари қўлида миқ этмай кетганига гувоҳ бўлган, лекин кап-катта одамнинг эмланиши ҳақиқий томоша эди. Кампир эски амиркон ковушини учидан ушлаб, товонини уч марта ерга урди, сўнг худди шундай ҳаракат билан Элчибекнинг оғзига ҳам уч марта урди, димоғида нималарнидир пичирлаб, суф-суф, туф-туф, деб қўйди. “Томоғимга ҳам уринг, эна, томоғимга!” деб ёлворарди Элчибек.
* * *
Учовлон Элчибекни ўшанда охирги марта кўришди. Чол-кампирнинг ёнига минг бир ҳасрат билан келувчилар Элчибек ҳақида турли гап-сўзларни бетўхтов етказиб туришарди. Элчибек энди ўзини оғир меҳнат билан овутмас, атрофидаги воқеалардан, хоҳ шодиёна, хоҳ фожиа бўлсин, ажабланмас, хиргойи қилишини бир лаҳза бўлса-да қўймас экан. Кўклам келиб, кирчил қор тагида ғужанак ётган ўт-ўланлар яшилланиб бўй чиқарди. Тор ва биқиқ хоналар, чироқсиз тунлардан безор бўлган одамлар тоза баҳор ҳавосидан кўксиларини тўлдириб нафас олдилар. Иссиқ-совуқ маъракаларда Элчибекнинг ёнида туриб қолганлар беихтиёр унга қўшилаётгани, баъзан бир уй одам елкама-елка туриб унга жўр бўлаётгани ҳақида миш-мишлар келарди.
…Бироқ уларнинг хиргойисида сўз пайдо бўлгани ҳақида ҳали хабарлар йўқ эди.
Ёзнинг чилласига етганда қишлоқнинг анча-мунча йигитлари Элчибекнинг дардига чалингани ҳақида хавотирли гаплар тарқалди. Касаллик дараги қишлоқдан қишлоққа кўчиб аллақачон шаҳарга ҳам етиб борганди. Бир куни қишлоқ нозири ёрдамчилари билан Элчибекни олдиларига солганча шаҳарга ҳайдаб кетгани ҳақида хабар келди. Шаҳарда уни марказдан келган олим-шифокорлар кўрар эмиш. Бироқ эртасига қишлоқда кутилмаган янгилик тарқалди: Элчибекни шифохонадан тўппа-тўғри руҳий беморлар касалхонасига олиб кетишаётганда у бир амаллаб қочиб қопти. Элчибекнинг касали хавфли ва юқумли бўлиб, эпидемияга айланиб кетиши мумкин экан. Шу сабабли ялпи қидирув эълон қилинибди. Қидирувчилар қишлоқнинг тит-питисини чиқариб ташлашди, кейин атрофдаги қиру адирлар, сой бўйидаги чакалакзорлар оралаб қидиришди. Шерматнинг куни туғди, у кўнгилли изқувар бўлиб қидирувчиларнинг олдига тушиб, елкасига қўшотарини илганча кўчаларда дадил қадам ташлаб борарди. Бироқ, Элчибекнинг ўзи тугул изиям йўқ эди.
Қидирув гоҳ сусайиб, гоҳ кучайиб давом этаётган кунларнинг бирида чол, кампир ва невара айвонда ўтиришарди. Кампир эски пахтани миталаб ўтирар, чол пешонаси ва бўйнида маржондек тизилган тер томчиларини белбоғи билан арта-арта китоб ўқир, қарияларнинг юмушини бажаришга шай болакай эса ҳозир шатмоқ оёғига қўнган пашшаларни ҳайдаш билан овора эди. Дарвоза тарақлаб очилиб, ҳассага таянганча оҳ-воҳ қилиб Ҳакимбой кириб келди. Кела солиб ҳай-ҳай дегунча бўлмай чолга ўзини ташлаб, ҳўнграб йиғлаб юборди. Юзи моматалоқ бўлиб шишиб кетган эди. Чол Ҳакимбойни зўрға юпатди, кейин “Шерматнинг ишими бу?” деб сўради хўрсиниб. Ҳакимбой зўрға ўзини босиб, ҳиқиллаб сўз бошлади:
– Хону монингга ўт тушгур Шермат кеча тўрттасини эргаштириб ҳовлимга тўс-тўполон билан кириб келди, келиним, невараларим олдида уриб-тепкилади, беобрў қилиб сўкди. Элчибекни шу яширган, булар аввалдан ош-қатиқ эди деб ановиларни чиппа-чин ишонтириб юборди. Топиб бермасанг, қаердалигини айтмасанг ўғлингни қамоқда чиритаман, келининг тул ўтади, невараларинг тирик етим бўлади, деб роса қўрқитди. Ахийри боқиб қўйган ҳўкизимни бериб қутулдим, – деб йиғлар эди Ҳакимбой. Чол уни узоқ юпатди, кўпга келган дард, бу кунлар ҳам ўтиб кетади, Шермат ҳам жазосини топади, ҳаромдан келгани ҳаромга кетади, деди. Кейин жилдига оқ сурп тортилган китобидан байтлар ўқиб, қош қорайгунча Ҳакимбойни овутиб ўтирди:
…Ҳақни топқон туфроқ бўлиб йўлда ётар,
Туфроқ сифат олам ани босиб ўтар,
Манманликлар бошин босиб, тепиб кетар,
Бош кўтариб анга сухан қилғони йўқ.
Қул Хўжа Аҳмад, ҳарна бўлсанг фақир бўлғил,
Қайда борсанг, бўйнинг қисиб, ҳақир бўлғил,
Ошиқ бўлсанг, ишқ илгида асир бўлгил,
Асир бўлмай ҳеч ким мурод тобқони йўқ.
…Шерматвой танлаб-танлаб, қарчиғайдек чангал солиб шўрини қуритган оилалар сони тобора ортиб бораверди.
* * *
Кеч куз эди. Чол ташқарига таҳорат олгани чиққанида суякларининг зирқиллашидан ёмғир келаётганини сезди. Бир неча кун давомида кўкда булутлар йиғилиб, осмон бир хилда кулранг тус олди, шанба кунига келиб майда ва совуқ ёмғир савалаб ёға бошлади. “Жума ёғса шанба тинар, шанба ёғса қачон тинар?” дейишади одамлар бундай кезларда. Дарҳақиқат, ёмғир бир неча кунгача тинмади. Пахсаю гувала деворлар тагидан зах уриб, кўп жойларда қулади, айримлари ювилиб, ер бағирлади. Кўчалар чилп-чилп лой. Далаларда йиғиштириб улгурилмаган экинлар, дарахтлару кузги ўт-ўланлар, хазонрезги боғлар ивиб, жиққа ҳўл бўлди. Ёмғир эса бир текис ёғишда давом этарди. Атроф-жавониб ёғин товушларига тўлган, қушлар сайрамай қўйганига гўё кўп бўлган, одамлар эса бетоқат, қишлоқ узра ёмғир билан бирга ҳазин, мунгли куй ҳам ёғилаётгандек, ташқари чиқолмай тутоққан одамлар мана шу куйга жўр бўлишга шайдек эди.
Невараси таҳорат учун илиқ сув келтиришини кутиб айвонда ўтирган чол ёмғир томчиларининг бир маромдаги сасига қулоқ тутар экан, Элчибекнинг дардга йўлиққанига ҳам роса бир йил тўлаётганини ўйлади. Рутубатли тун кириб келаётганига қарамай ўзини енгил сезди, дилида осойишталик туйди.
Айни пайтда, икки кўча наридаги ҳовлининг энг четки хонасида лойсувоқ деворга қатор илинган тулки териларини куяга қарши дорилаётган Шермат ҳам илкис ишидан тўхтади, савқи табиий ила ниманидир сезгандек бўлди. Узоқ давом этган ёғингарчилик ва сукунатдан зах тортиб кетган сезги томирлари қўққис жонланди: шошиб ташқари чиқди, ёнига чопиб келган този итларининг ҳўл бошларини силаганча, намчил ҳавони сергаклик ила ҳидлади. Шалаббо теваракни кўздан кечиргач, уйига шошиб кирди, темир жавонни очиб, яккаотар милтиғини олди, куя тешган жунпўстакка ўтириб, милини ҳафсала билан тозалади, сўнг қачонлардир тўнғиз отиш учун тайёрлаб қўйган ўқини бармоқларида айлантириб ўйнаганча тун яримлашини кутди.
Ярим тунда Шермат милтиғини қора елимхалтага ўраб кўчага чиқди. Қишлоқни бир айлангач, сой йўлидаги ҳовли олдида тўхтади, пахса девор ёқалаб юриб, ҳовлининг орқа томонига айланиб ўтди. Бу ерда оғилхона бўлиб, томига ғўзапоя босилган эди. У мушукдек эпчиллик билан намиқиб, бир тепса қулагудек зўрға турган девор устига енгил чиқиб олди, ундан оғилхона томига аста кўтарилди. Ғўзапоя ёмғирдан ивиган, чирт этган товуш чиқармайди. Ғарамнинг ўртасига келиб ётди, худди овда тулки пойлагандек, ғўзапоя шохлари билан ўзини пана қилди. Ётган жойидан кўримсизгина пастак дарвозахона, лой кўпчиган ҳовли саҳни, айвондан ичкари кириладиган эшик кафтдагидек кўриниб турарди. Шермат шу ётганича қимир этмади, тисир-тисир ёмғир томчиларига қулоқ солиб, кутаверди. Устидаги чакмони ивиб, совуқ томчилар ич-ичига кириб борди, лекин ўлжасининг яқинлашганини сезган ҳассос овчидек заррача ўнғайсизлик сезмас, аксинча, қулай ва иссиқ ўринда ётгандек эди у.
Ёмғир роса авжига чиққанида, ёғоч дарвоза аввал қитирлади, сўнг нам тортган ошиқ-мошиқлари хунук ғийқиллаб очилди. Ҳовлига кимдир шарпадай кириб келди. Уйга яқинлашганида қиёфаси аниқроқ кўринди. Элчибекнинг уст-боши жиққа ҳўл, дир-дир титрар, ёмғир томчилари бош-кўзи аралаш оқар, баданига жиппа ёпишган ҳўл кийими остидан суяклари бўртиб-бўртиб чиқиб турарди. Элчибек айвонда бироз туриб қолди. Айвоннинг бир четида лойи қуримаган картошка уйиб қўйилган, яна бир четида макка сўталари қалашиб ётарди. Ўртага бир этак беҳи ҳам тўкиб қўйилибди. Элчибек қачонлардир ўзи устунга илиб кетган, ёзи билан қуёшда куйиб, титилиб кетаёзган пахтали чопонига юзини босди, тўйиб-тўйиб ҳидлади, балки йиғлагандир ҳам, лекин, юзидаги ёмғир томчиларими ёки кўз ёшларими, билиб бўлмади. Шоша-пиша уст-бошини ечиб, қуруқ чопонга ўранди. Уйига, болалари ёнига киришдан аввал ўзини босиб олиш учунми ё тунд осмонда ниманидир кўрмоқчи бўлибми, айвон четига келди-да, хиргойисининг тўсатдан кучайиб кетганини ҳис қилди. Шу аснода ёмғир ҳам кучайди. У ҳовли ўртасигача келди, лойи кўпчиб турган ерга ўзини ташлаб, тиз чўкди: ичидан қайнаб-тошиб, шиддат билан кўтарилиб келаётган ўша дарду ҳасратни ташига чиқариш учун кўкрагини очиб ташлаб, кўкка юз тутди, бетига тасир-тусур ёмғир томчилари урилаётган пайт оғзини каппа очиб, ҳайқирмоққа чоғланди… Бироқ улгурдими йўқми, ўзи ҳам, нам ҳавода яккаотар милтиғи қадимги пилта милтиқдек чўзиқ ва бўғиқ варанглаб отилган Шермат ҳам, уйқудалигиниям, бедорлигиниям билиб бўлмайдиган қишлоқ аҳли ҳам сезмади. Элчибек фақат кўкрак қафаси тарс ёрилиб кетганини ҳис қилди, холос.
* * *
Болакай ғўзапояни тутамлаб-тутамлаб, жаҳд билан тиззасига қўйиб синдирар, кейин ловуллаган оловга ташларди. Қумғондаги сув билқиллаш арафасида эди. Бироз кутиб, хавотирга тушган чол тандирхонага кирди-да, неварасининг оловга термулганча қандайдир сокин, лекин оғир бир куйни хиргойи қилаётганини кўрди. Аста келиб дағал, лекин илиқ тафтли кафти билан боланинг бошини, пешаносини силади, кафтини юзидан сирғалтириб туширди-да, бармоқларини омбурсимон қилиб, неварасининг лабларини “Жим!” дегандек қилиб қаттиқ қимтиб қўйди.
«Ёшлик» журналининг 2012 йил 10-сонидан олинди.