Байрам баҳона бошлиқ ҳаммани ўз хонасига йиғди. У салмоқлаб ўрнидан турди-да, яна чаққонгина ўтирди. Бу ҳол бизларни анча ташвишга солди. “Бирон хато иш қилибмизми?”, дея бир-биримизга қараб қўйдик. Ҳаяжондамиз.
– Ўртоқлар, – ниҳоят бошлиқ курсисига яхшилаб ўрнашиб олди. – Бугун байрамимиз. Жамоамизга битта мукофот бор. Бизлар эса тўққиз ходиммиз, шунга бошим қотяпти.
– Бош қотирадиган жойи йўқ, – деди Каттаконнинг ўринбосари дадил, – у сизга аталган экан. Чунки сиз бизнинг паноҳимизсиз!
– Ҳа, шундайликка шундайку-я, аммо “Бошлиққа берилмасин” дейилган, – деди Каттакон мақсадга силлиққина кўчиб.
– Бунинг йўли осон. Касаба уюшма қарор чиқаради, – ўринбосар бошлиққа яхши кўриниш мақсадида яна мукофот унга берилишига тарафдорлигини билдирди. Лекин бошлиқ:
– Бир овоздан Диляга берсак-чи, – дея котибага қаради. – Бунга арзимайдими?
– Арзийди. Котиба яхши қиз. Унинг қўли ҳам ширин. Аччиқ-аччиқ чой дамлаганларини айтмайсизми? – кесатиб гапирди ўринбосар.
– Бўлмайди, – бироз фурсат ўтгач, бошлиқ кескин ўрнидан турди. Хонанинг у четидан бу четига юра бошлади. Ниҳоят:
– Бухгалтер Жамила Эшпўлат қизига берсак-чи?
– Бу гапингиз маъқул. Чунки бошлиқ котибасига мукофот берибди, деган гап-сўз тарқалади. Бу гап, худо кўрсатмасин, янганинг қулоғига етса борми?
– Бас қилинг! Сиздан хотинимнинг қулоғини эмас, мукофотни сўраяпман, – ўшқирди бошлиқ.
– Жамила Эшпўлат қизига маъқул. Унинг мутахассислиги тўғри келади.
– Бўлмайди. Оқсоқолимиз бор. Соч-соқоли шу ерда оқарган. У кишига берсак-чи?
Ҳамма орқа ўриндиқда ўтирган Маҳкам отага қаради. Маҳкам ота қизарганидан ерга кириб кетгудек бўлди. Ҳатто ўрнидан туриб, раҳмат айтишни ҳам унутмади. Бироқ бу мукофот унга ҳам насиб қилмади. Охири, навбат каминага тақалди. Ўринбосар аввалгидек булбулигўё эди. Каттаконнинг сабри чидамади. Ўринбосарга ўкириб юборди.
– Абдуқўзи Қулоқович! Сиз қанақа бетайин одамсиз. Уни айтсам, мақтайсиз, буни айтсам, тўн кийгизасиз. Мукофотни ўзингизга берсак бўлмайдими?
Ўринбосар мийиғида кулди:
– Шундай қилсангиз ҳам бўлади. Барибир мукофот менга аталган. Бундан уч ой олдин тасдиқдан ўтиб келган эдим. Лўнда қилиб узатганман. Яна…
Ўринбосарнинг бу қилиғига бошлиқнинг оғзи очилиб қолди. Лекин мукофотдаги рангли телевизор барибир ўринбосарга насиб этмади.
Кимга насиб этди, дейсизми? Майли, сазангиз ўлмасин, сизга айтаман. Қани, қулоқни яқинроқ олиб келинг-чи: мукофот каминага ёзилди-ю, бошлиққа насиб этди. Шунақа гаплар.