Иномжон ўрта мактабни зўрға битирганига ўн йилча бўлди чамамда. У шу йиллар давомида ўз ёшидан кўпроқ ишхона эшигига бош суқиб, қош қўйиб чиқди. Лекин бирон жойда уч-тўрт ой сабр қилиб фаолият кўрсатмади. Унинг бахтига мендек холаваччаси бор экан. Каминанинг қўли узун-да, бўлмаса ҳолига маймун обидийда қиларди унинг. Холамга ачинаман. Иномжон бечоранинг ёлғиз ўғли. Бироқ қўнимсиз чиқиб қолди. Холамнинг эри ўлганида, Иномжон саккиз-тўққиз ёшларда эди. Холам унга отасизликни сездирмади. Қўлини совуқ сувга ҳам урдирмади. Кўз очиб юмгунча Иномжон улғайди. Зориқиш нималигини билмади. Холамнинг орзуси уни ўқимишли қилиш эди. Бўлмади. Иномжон на институтга кириб ўқиди, на бир ҳунар эгаллади. Қари онасига боқиманда бўлиб юраверди.
Бир куни холам бечора олдимга келиб арзи-ҳол қилди.
— Ходиқул, болам, шу Иномжонни қанотинг остига ол. Менинг сендан бошқа суянадиган тоғим йўқ.
— Холажон, ўғлингиз ўқимаган бўлса, мен уни қандай қилиб ишга жойлаштирай, — дедим ўйланиб.
— Ўқимаган бўлсаям, ишга жойлаштириш қўлингдан келади. Ахир қўл чўзсанг ойга етади-ку, болам. Атиги битта-ю битта жиянинг-а.
Рози бўлишдан бошқа иложим қолмади. Йўлини қилиб, мактабга ишга жойлаштирдим. Ўйлаб қарасам, соғ бошимга сақич ёпиштирган эканман. Жиян бўлса қўнимсиз. “Дарс бермаган” фани, ишламаган мактаби қолмади, ҳисоб.
Холам яна кўз ёши қилиб олдимга келди.
— Охирги марта ёрдам қил. Зора мустаҳкам ўрнашиб қолса, — деди.
Холамнинг йиғиси юрагимни анор донасидай эзиб юборди.
Жиянга эмас, холам учун ёрдам қўлини чўздим.
— Эртага олдимга юборинг, ўша жўжахўрозни, — дедим. Исмини айтишга эса тилим бормади.
Холам бечора уфф тортиб, изига қайтди.
Шундай қилиб жўжахўроз холаваччамни тумандаги чекка бир саккиз йиллик мактабга директор этиб тайинлатдим. Зора масъул вазифали бўлса, ўзгарар деган мақсад дилимда туғилди. Йўқ! У бунда ҳам ёлчитиб ишлай олмади. Мен ўйлаган мақсад амалга ошмади. Ўша мактабнинг олдинги директори юқорига хат ёзиб, ғавғо қўзғади. Мактабда текшир-текшир бошланди. Орадан уч-тўрт ой эмас, балки уч-тўрт кун ўтди, холос. Жўжахўрозни қандай қисмат кутди, билмадим, аммо каминанинг думи тугилди.