– Турғуной, ҳо Турғуной…
Кўзларини юмиб ётган момо бу таниш овоздан чўчиб кетди. Бемажоллигини ҳам унутиб, кўзларини катта-катта очиб, атрофга аланглади.
– Бувижон…
Момонинг ёнида ўтирган Асқад ака онасининг алаҳсираётганини тушунди. Шу боис овоз чиқармасдан ўз ҳолига қўйди.
Момо шунча синчиклаб қараса-да, ҳеч кимни тополмади чоғи, яна кўзларини юмди.
Шу паллада димоғида ҳув ўша етти-саккиз ёшлигида ўрнашиб қолган таниш, ёқимли ҳидни туйгандек бўлди. У пайтда бунинг нима эканини билмаганди, кейинроқ катта бўлганида қалампирмунчоқнинг ҳиди эканини англади. Янаки, унга қандайдир хушбўй ис ҳам аралашиб кетганди. Ва у бир умр ана шу ҳидни қидирди, бувисидан, фарзандларидан, яқинларидан. Ҳеч биридан туймади. Ҳозир эса ўша ҳид яна димоғини қитиқлаяпти. Беихтиёр:
– Аяжон, – деди энтикиб.
Бирдан хира нигоҳлари орасидан узун чанг йўлни кўрди. Унда бир эркак, бир хотин ва қизча кетиб бормоқда. Қизча ялангоёқ. Тупроқнинг иссиқлигидан ирғиб-ирғиб кетади. Аммо йиғлай олмайди, чунки қўлидан тутиб кетаётган аёлдан қўрқаяпти. Аёлнинг юзлари берк, бошига алламбало қора рўмолни ташлаб олган. Улардан сал нарида гурс-гурс қадам ташлаб кетаётган эркак аҳён-аҳёнда ортига қараб:
– Келаяпсизларми? – деб қўяди.
Турғунойнинг йиғлагиси келди. Ҳиқиллай бошлади.
– Минғирлама. Тезроқ юр!
Аёлнинг баланд овозидан дами ичига тушиб кетди. Баттарроқ қўрқди ва судралиб кетаверди. Баданини қизитаётган жазирама қизалоқнинг томоғини қуритди. Чанқаб ҳолсизланди. Бу сафар ростмана йиғлай бошлади.
– Оббо! Карим, буни кўтариб олинг! – аёлнинг овози жаранглаб кетди атрофга.
Эркак тўхтади. Қизалоқни азот кўтариб, орқасига опичди. Ҳеч ҳам бунақа баландга чиқмаганди. Атроф кўзига ғалати кўринди. Беихтиёр илжайди.
– Қаранг-а, гўдак туриб одамни аҳмоқ қилади, юргиси келмай ғингшибди, – аёл сайради.
– Бўлди қил! Ўзинг зўрға юриб келаяпсан-ку? Бу бола, ахир. Ҳалиям шунча масофани босиб ўтди! – Эркак шундай дея уни жеркиди.
Қизалоқ бирпас тинчигандек бўлди, аммо қорни очиб, баттар чанқади.
– Сув… – деди чўчибгина.
Аммо на эркак, на аёл жавоб бермади. У қайтиб хархаша қилишга чўчиб, бошини эркакнинг белига қўйганича мудрай бошлади. Бир маҳал қаттиқ силкинишдан уйғониб кетди. Кўзини очиб секин мўралади. Сал нарида пастқам уйларнинг деворлари кўринди.
– Қизим, бирпас чидасанг, сенга сув, овқат беришади, – эркак уни бир силтаб янада баландроқ кўтарар экан, юмшоқ гапирди.
Қизалоқнинг кўзига сув тўла идиш билан иссиқ нон кўриниб кетди, маза қилиб тамшанди.
Озгина юрилгач, уни пастга туширишди. Қаршисида кичик тахта дарвоза кўринди.
– Қани, ичкарига кирамиз, – эркак уни аста турткилади.
У бегонасираб остона босмади. Шу паллада ичкаридан ёшроқ йигит югуриб чиқди:
– Хайрият! Турғуной, келдингми, синглим, бўла қол, ҳаммамиз сени кутаяпмиз!
Қизалоқ жавдираб уни олиб келган эркак томонга интилди.
– Боланинг қорни оч, чанқаган, аввал овқатлантирайлик.
– Улгурмай қоламиз. Илҳақ бўп кетди, – йигит шундай дедию, уни азот кўтариб ичкарига югурди.
Ҳеч нарсага тушунмасдан атрофга қўрқиб қаради, аммо йиғламади. Ним қоронғи хонада аввалига ҳеч нарсани кўрмади. Кўзи ўргангач эса одам кўплигини пайқади. Бошларига катта рўмол солган уч-тўрт хотин тўрда тўшакда ётган бемор аёлнинг ёнида йиғлаб ўтиришибди. Қизчани тўғри ўша аёлнинг ёнига олиб боришди.
– Мана, Турсуной, кутганинг келди, кўзингни оч, болам! – бир кампир беморнинг юз-кўзларини силаб, йиғлаб чақирди.
Яна бири эса қизчани унга яқинлаштирди. Бемор ожиз ингради. Оппоқ, қоқсуяк қўлларини зўрға кўтариб, унинг кичик қўлчаларидан ушлашга уринди. Кучи етмади. Уни беморнинг шундоқ юзига яқин олиб борди. Қорни очлигиданми ёки қўрқувданми бурнига урилган ғалати ҳиддан энтикиб кетди. Кўзларини катта-катта очиб беморга тикилди.
– Қизим… менинг Турғунойим, – бемор аёлнинг лабларидан учган исмини эшитиб қизалоқ ортга тисланди.
Атрофда йиғи овози кўпайди. Қизалоқ ким йиғлаётганини кўрмоқчи бўлиб ёнбошга ўгирилди ва шу аснода юзи беморнинг юзига ёпишди.
– Болажоним…
Шундоқ қулоқлари остида жаранглади бу сўз. Ва яна бояги ҳид бурнига тўлди.
Кейин бирдан хонанинг ичи йиғига тўлиб кетди. Кимдир уни кўтариб олди. Ташқарига олиб чиқишди. Ерга ёзилган шолчага ўтирғизишиб, олдига нон, овқат қўйишди. У теварагига ҳайрон боққанича шошиб-шошиб нон кавшай бошлади…
Катта бўлиб ақлини танигач, бувиси ўша бемор аёл унинг онаси эканини айтди. Онасининг олдига кўтариб борган эркак дадаси, етаклаб кетган ўгай онаси экан. Бу ҳақда биринчи бор эшитганида туни билан йиғлаб чиқди. Тушида аясини кўрди. Нуқул унга қараб қовоғини уярмиш.
“Буви” дегани ҳам аслида узоқроқ қариндоши экан. Дадаси билан аяси ажрашгач, ўртада у сарсон бўлиб қолади. Аяси оғир хаста, болани эплай олмайди. Дадаси эса, эркак боши билан унга қаролмайди. Шунда ўзининг бувиси уни қариндошига берган экан.
Ўз тақдири ҳақида билгач, то вояга етиб турмуш қургунича ўзининг ота-онаси бўлишини, уларга эркаланишни орзу қилиб яшади. Орзуси эса армон бўлиб қолаверди. Ва яна бир армони ўшанда бемор аёлнинг онаси эканини билмагани, ундан анқиган ҳиддан тўйиб-тўйиб олмагани эди.
Лекин ўша ҳид ҳамон димоғида. Ёши саксонга етиб, кетар манзили яқинлашганида ҳам ўша қадрдон иснинг таъмини туйиб турибди.
– Бувижон, тузукмисиз?
Турғуной момо кўзини аста очди.
Ўғли Асқаджон шундоқ боши узра эгилиб унга термилиб турибди. Хиёл кулимсиради. Сўнг ёнига қаради. Кичик ўғли Асқаржон, қизлари Ойжамол, Гулжамол, пойгакроқда эса неваралари қатор тизилишиб ўтирибди.
– Шукр, – деди ўзини дадилликка олиб.
– Бувижон, сув берайми? – бу кичик қизи Гулжамол. Айтишларича, худди онасига ўхшармиш. Ўзи ҳам кўп бора онасининг нигоҳларида муҳрланиб қолган суратини тиклашга уринганида шу қизига қараб аясининг чеҳрасини илғагандек бўларди.
– Қизим…
Ўзининг овозидан негадир чўчиб кетди. Назарида у эмас, аяси чақиргандек бўлди. Кўзларини каттароқ очди. Ростдан ҳам аяси кўринаяптими? Беихтиёр қўлларини тепага узатди-да:
– Аяжон, – деди.
Худди шу лаҳзада димоғига ўша қадрдон ҳид шундоқ тўлди-қолди. Энтикиб-энтикиб бошини кўтарди. Ва аяси томонга талпинди…
“Шарқ юлдузи” журнали, 2016 йил, 6-сон