Маъсума Аҳмедова. Йўлда (ҳикоя)

Эрталабдан ҳавонинг авзойи бузилди. Осмонга қоп-қора булутлар тўпланиб, ёмғир шаррос қуйиб берди. Кечаги чарақлаган кунга ишониб йўлга чиққан Раҳбар хола шоша-пиша қўлидаги тўрвани титкилади. Қўлига йўл-йўлакай ариқ бўйидан териб олган исмалоқ, отқулоқ, ялпизлар илашиб чиқди. Хаҳ, ўлсин-а, тўрва ичидан аранг битта елим халта топди. Уям бўлса, тешик экан, хола парво қилмай бошига елим халтани ёпди. Боргунча шалаббо бўлади энди. Аслида йўлга чиқмаса ҳам бўлар экан. Қайтсаммикин-а? Раҳбар хола орқасига қаради. Озмунча йўлми… Шунча йўлни босиб келиб, яна изига қайтадими? Йўғ-э. Ундан кейин неваралари ҳам йўлига қараб ўтиргандир. Келиннинг феъли ёмон. Аччиғи чиқса, эгасини аямайди. Яшшамагурлар, деганча ҳе йўқ, бе йўқ, болаларини кўчага ҳайдаб солади. Келин бу билан ҳали қуриб битказилмаган ҳайҳотдай ҳовлига кўчириб келиб, иморатни ҳам бажаролмаган, ташлаб қўйган, бир вақтлар осмондаги ойни олиб беришни ваъда қилган, ҳозир қўлидан бирор иш келмаётган, эплаб рўзғор тебрат-маётган ношуд эридан, одатда кун ора гўштми, гуручми, қўлига илинган нимаики бўлса, қора қозон қайнатишга ташиган ва бугун келиши керак бўлган қайнонасидан ўпкалайди. Аввал ношуд, ишёқмас эрини, кейин унинг эпсиз ака-укаларию сира бири икки бўлмаган, аслида зоти паст эрининг бутун авлодигача битта қолмай қарғаб чиқади. Йўқ, нима бўлса бўлди, яхшиси кетаверади.
Раҳбар хола бошию елкасидан баравар савалаётган ёмғирга парво қилмади, қадамини тезлатди. Қиз боланинг аввал-бошдан пешонаси ярақласин экан, кейин яхши кунни кутиш бефойда экан. Хола ичида шундай деб, яна ўзи гапини маъқуллаб, бош ирғади. Ҳа, бошида бахти очилмади ўзи. Ёшлигида кўнгли хуш кўрмаган кишига узатилди. Тўғри-да, ота-онада нима гуноҳ? Бўйи етган қизни уйида олиб ўтирадими қачон севганинг келиб, олиб кетади, деб? У ёшлигида бировни севибдими? Йўқ, севибдими эмас, севгани олибдими дейилса тўғрироқ бўлади. Бу эр деганлари нақ Азроилнинг ўзи бўлди. Шу уйга келин бўлиб тушиб-дики, йўқ нарсаларни кавлаб чиқариб жанжал қилаверди-қилаверди. Нега эмиш, юзимга қараб чой узатмайсан, нега “тарақ” этиб, пиёлани олдимга қўясан эмиш. Ахир қанча йиллар бирга яшаб, эрининг башарасига қарагиси келмаса, нима қилсин? Бахтсизман, деб ўпкалама, ҳамма касал сен ўлгурда, дегувчи эди янгаси. Ҳа, янгаси ҳақ, аслида ўзида ҳам катта айб бор. Буни бўйнига олади. Умр бўйи, мана, етмишни қоралаб боряптики, бетинг қора бўлгур чоли, то ҳозиргача хотинига кимларнидир ўйнаш қилади, оғзига келган шалоқ сўзлар билан бўралаб сўкади.
Бурноғи йили чоли келин бор, куёв бор ҳам демай, бетоб ётган қизиникида тунаб қолиб, эртаси азонлаб қўрқа-писа мўралаб кирган хотинини олдига солиб қувди, том билан битта қилиб офтобга ёйилган майизларни ҳовлига сочиб ташлади, эр-хотинлик кўрпа-тўшакларини айвонга олиб чиқиб, гугурт чақди. Кўрган куни қурсин, шундан кейин, ўғил-қизинг, келин-куёвинг сени иззат қилармиди. Ҳа, тўғри, яхшиям пешонасига болалари битган экан, шулар билан овунди, шулар билан қувонди. Э, юпаниб қувондими, бахтиёрликдан кўкка учдими, қаёқда. Бола-чақа кўриб, хурсанд бўлдим, энди тиндим, деб оёғини бемалол узатган одам бормикин бу оламда? Қани эди ана шу фарзандлар ташвиши бўлмаса. Ҳа, ўзим турмушда кўнгилсиз бўлдим, деб болаларининг кўнглига қаради, севганига берди, севганини келин қилди. Ана, севганига уйланган тўнғич ўғли… Кеча уникига борса, дарвоза ланг очиқ, уйда бирор кимса йўқ, ўчоқбошида ювуқсиз идиш-товоқ уйилган. Одам шарпасини пайқаб, чўнқайиб коса ялаётган ола мушук ура қочди. Ҳа, катта ўғли севиб, хотин қилган келини ўтакетган шалтоқ чиқди, ивирсиган, оғидан латта ҳиди келган ландавур чиқди. Тўғри, бу келин аччиқ-аччиқ гаплар билан қайнонани юзидан олмади, ортиқ айтишмади, эрни эр билди, қайнонани она. Лекин рўзғорни эп қилмади. Мана буниси-чи… ҳа, бу келиннинг иши чаққон, худди ишидай тили ҳам чаққон. Ҳар гаплари борки, илонлар тер ташлайди. Э, онани яратмасин экан, қай бирига куясан…
Хола беихтиёр бошини пайпаслади. Боя бошига илган елим халта тушиб кетган, рўмоли жиққа ҳўл эди. У бошидан рўмолини олиб сиқди, қоқиб яна қайта ўради-да, осмонга қаради. Ўзича хаёл билан андармон бўлиб, сезмабди ҳам, боятдан бери ёғаётган ёмғир тинибди. Кўкда булутлар нари чекинган, аста кун чиройини очаётган эди. Хола чарчади, секин йўл чеккасига чўккалади. Шу пайт ёришган офтобда йўл чеккаларида унган майсалар яшнади, ярқ этиб кўзга ташланди. Хола ям-яшил бўлиб товланган майсалар орасидан миттигина кўкиш ялпизни кўзи илғади, беихтиёр қўллари ялпизга узалди. Ялпизни узиб олди, атрофга иси гуркираб кетди, димоқни элитди. У бирдан ўрнидан турди, теварак-атрофидан ялпиз излай кетди. Ҳа, боя эрталаб териб олган кўкатларига яна қўшади. Бориб бир невараларига ялпиз сомса қилиб беради. Димоғига тандирдан узилган ялпиз сомсанинг тотли иси келиб урилгандай бўлди. Шунда қорни очқаганини сезди. Тиззаларини ушлаганча ўрнидан турди. Энди йўлга тушмаса бўлмас. Кун ҳам чош-гоҳдан ўтди. Ўғиллари ҳам ўтли-шудли чиқмади. Ҳар ўғиллар борки, ота-онасини кўкларга кўтаради, дунёда йўқ нарсаларни муҳайё қилади, машинасига солиб юради. Майли, машинага солиб юрмаса ҳам гўрга эди, ўз кунини ўзи кўрса эди. Хола ўксиб, яна йўлга тушди. Бирдан қулоғига машина овози эшитилди.Орқасига ўгирилганини билади, машина ёнгинасидаги боя ёмғирдан халқоб бўлиб тўпланган кўлмакни босиб ўтди, сув кампирнинг юз-кўзларига сачради, кўйлак этакларини ҳўл қилди.
— Ҳе, машина минмай кетгур! — хола қарғанди.- Кўзингга қарасанг бўлмайдими?
Ҳозиргина машина миниб, ота-онасини рози қилган фарзандларга ҳаваси келганини унутди. Ифлос бўлган кўйлак этакларини қўллари билан арта бошлади. Кўнгли ана шу кўлмакдай вайрон бўлди. Кўйлак этакларини қоқар экан, бир қадам ҳам босгиси келмади, жойида туриб қолди. Қулоғига яна машина овози эшитилди. Бошини кўтариб қараса, ҳозиргина анча нари кетган машина изига қайтиб, унга яқинлашиб келмоқда эди. Хола беихтиёр турган жойидан нари чекинди.
Машина унинг шундоқ ёнгинасида тўхтади. Машинада ёшгина бир йигит, ёнида бир қиз ўтирарди.
— Узр, холажон, билмай қолибмиз, — йигит машина дарчасидан бошини чиқарди. — Кечиринг.
Хола худди ўз болалари айб иш устида тутиб қолган ҳолатга тушди, нима дейишини билмай каловланиб қолди.
— Хола, бизни кечиринг, — йигит ёнидаги қиз орага қўшилди. — Гап билан бўлиб сезмабмиз. Қаёққа борасиз, ўтиринг, сизни олиб бориб қўямиз.
Хола ҳайрон бўлиб қолди. Беихтиёр камзули чўнтакларини кавлади. Ҳа, дарвоқе, чўнтагида пули ҳам йўқ эди-ку.
— Йўғ-э, яёв бориб юрган ерим, ўзим кетавераман.
Машина эшиги очилди. Қиз машинадан тушди, худди кампирнинг ҳолатини тушунгандай, унинг қўлларидан тутди.
— Энди қилган айбимизни ювамиз, сизни обориб қўямиз.
— Ҳа, ҳа, сизни обориб қўямиз, — йигит унга қўшилди, — ўтиринг.
Хола машинага ўтирди.
Машина холанинг манзили томон ғизиллаб елди.

2004.