Аннабелла чуқур нафас олди. Кўзларини чирт юмди-да, болтани шаҳд билан кўтарди. Юқоридан пастга учаётган болта қуёш нурлари остида яшин каби ярақлаб кетди. У оёқлари остида типирчилаётган куркани кундага янада қаттиқроқ қапиштирди. Қўли билан эса курканинг бошини ғижимлади. Негадир шу пайтгача куч бермасдан питирчилаётган жонивор болта бўйнига яқинлашган сонияларда худди таслим бўлгандек бўшашиб қолди. Ўлими муқаррарлигини тушуниб етдимикин? Тақдирга тан бергандир, балки? Ёинки, кучли қўрқув уни шу кўйга солдимикин? Яшин тезлигидаги бу ўйлар Аннабелланинг хаёлларини чулғар экан, қўлини банд этган болта ҳавода муаллақ тўхтагандек туюлди. Худди шу сонияларда унинг кўзларини кўриш учун Аннабелла чирт юмилган кўзларини очди. Кўзларини кўрди-ю, раҳм-шафқат жўш уриб келаётган юраги тош қотди. Ҳис-туйғулари музлади. Бу ўша кўзлар эди. Ваҳший, совуқ, жирканч ва қонга тўла.
Аннабелланинг кўзларидан аламли ёш тирқиради. Руҳи талвасага тушиб, вужуди бўшашди. Унинг кучсизланганини сезган ўлжаси жони борича типирчилади. Бу Аннабеллани сергаклантирди. Ғазаби қайнаб, вужуди оловланди. Ҳайвоний ўкирик билан болта бир вақтда ҳаракатга тушди ва мағлуб ўлжанинг бошини шарт кесди. Куч зарбидан қон аёлнинг резина этиги, олдига тутиб олган тутқичига ва оппоқ юзига шиддат билан сачради. Бу сафар у қонни кўриб сесканмади. Ҳар доимгидек қўллари қалтираб, танасини совуқ тер босмади. Чуқур нафас олди-да, елкасидан тоғ қулагандек хотиржамлик билан нафасини чиқарди. Мамнунлик билан жилмайиб қўйди. Жўмракни очиб аввал юзини, резина этигини, тутқичини ҳафсала билан ювди. “Натижа ёмон эмас” – деди ўзига-ўзи калта қирқилган тим қора сочларини тўғрилар экан. Қон ҳидига кўнгли беҳузур бўлиши ҳам уни тарк этганини пайқади. Энди ўзини тайёр бўлганлигини ич-ичидан ҳис қилди. “Лекин ҳайвон билан одамнинг фарқи бор-ку” – ўйларди у куркани тозалар экан. “Неча йилдирки, фақат товуқ ва куркаларда амалиёт ўтадим. Тўғри, қотиллик жараёнини киноларда кўрдим, Стефаннинг танишлари орқали моргдаги амалиётларда қатнашдим, не-не машаққатлар билан турмадаги ашаддий қотиллар билан суҳбатлашишга муваффақ бўлдим. Лекин ҳақиқий амалиётсиз ўзим истаган натижага эришармикинман? Нима бўлганда ҳам бу ишни бошқа чўзиб бўлмайди. Тезлаштиришим керак…”
Аннабелла ўй-хаёллари гирдобидан ўзини зўрға қутқариб олар экан, майда ёмғир шивалаётганини, ўтираверганидан оёқлари увушиб қолганини ҳис қилди. Керишиб, стулдан турди. Атрофга назар ташлади. Кеч кузак мўъжазгина боғчасига ўзгача чирой бериб турарди. Дарахтлардан тўкилган турфа ранг барглар ёмғирда ялтираб, янада жозибали товланарди. Кузнинг ўзига хос гўзал таровати Аннабеллани мафтун этган. Фақат шу фаслгина унга сокинлик ва осойишталик бахшида эта олади. Куз келди дегунча, Аннабелла уйидан боғчасига кўчиб олади гўё. Илиқ қуёш нури, барглар шитири, қушларнинг маъюсгина чуғури уни узоқ-узоқларга олиб кетади. Руҳи енгил тортади.
– Анна, нега ёмғирда турибсан? Кирсанг-чи тезроқ!
Орқа томондан эри Стефаннинг овози янгради. Аннабелла қайрилиб қаради. Ёғочдан чиройли қилиб ясалган, турфа хил гуллар зеб бериб турган айвончасининг эшигидан эри қараб турар, дадасини опичлаб олган қизи София эса қиқирлаб, тинмасдан қўлчаларини силкирди. Анабел шу заҳоти онгидаги чувалашган ўй-хаёлларини қоронғи пучмоқларига ташлаб юборди-ю, хаёлий ишининг давоми ўлароқ, баҳри-дили очилиб, дунёдаги энг азиз икки инсонига ҳаводан илиқ бўсаларини йўллади. Қўлларини силкир экан, мутаносиб ҳолда чеҳраси ёришди. “Ҳозир, тезда бораман” – деди-да, чаққонлик билан иш анжомларини, тайёр бўлган куркасини олиб севимли гўшаси томон йўналди.
У қизи Софиянинг отасиникидек тилларанг, майин ва жингалак сочларидан силаб ухлатар экан, яна хаёлга берилди. Қизи тўрт ёшга кирди. Сўзлари бийрон. Ҳамма нарсага ақли етади. Деярли барча ўзига хос шахсий юмушларини эркин бажара олади. Келажакда ҳозирги ҳаракатлари, ҳиссиётлари хотираларида муҳрланиб қолармикин ёки йўқ? Одатда, болаларнинг хотиралари тўрт ёшидан тиниқлашиб, онги билан мустаҳкам алоқалар боғланади дейишади. Унда нега Аннабелла тўрт, беш ёш оралиғидаги хотираларини эслай олмаяпти? Нега онги бу пайтдаги хотираларини очиб беришни истамаяпти? Ёки бу онгнинг ўзига хос ҳимоя жараёнимикин?
Аннабелла Софияни қучиб ётар экан, онгидаги қаттиқ чинқириқдан руҳи қақшади. Кейин яна ҳар кунги тушунарсиз оғриқларини ҳис қилгандай бўлди. Яна ўша қоронғиликдаги жажжи қизалоқнинг қўрқинчли, тушунарсиз даҳшатга тўла, ёшлар шашқатор оқаётган кўзларини, титраб-қақшаётган вужудини ҳис этди. Қоронғилик қаъридан ўзига тикилиб турган, ҳар куни онгини, хаёлларини, айқаш-уйқаш тушларини ишғол этган ваҳший, совуқ, жирканч ва қонга тўла кўзларни эслайди, холос. Ўттиз йилдирки, уни бир савол қийнайди: кўз эгаси ким? У Анабелни нега тинч қўймайди? Нега ҳар сафар бу кўзлар таъқиб этганида у ўзини нотавон, чорасиз, ҳимоясиз қизчадек ҳис этади? Вужудида эса қанча уринса-да, англаб ололмаган мутассил ва ғижимловчи оғриқни сезади. Беихтиёр юраги сиқилиб, тезлаша бошлайди. Бошидаги кучли оғриқданми ёки қанча уринса-да, туман ичида қолган хотираларини кўра олмаганиданми асаблари дош беролмай чирсиллайди, қақшайверади. Бундай пайтларда у ўзига ўзи тушунмай қолади. Ота-онасини элас-элас эслагандек бўлади. Онасининг жилмайган лаблари, отасининг худди эри Стефан каби чақиришлари “Анна, келақол…” Қўлларидан тутиб ҳавода чирпирак қилиб айлантиргани… Боши айланиб, дадасини қаттиқ қучгани… Аммо барчасининг юзлари мавҳум…
* * *
Аннабелла етимхонадаги ҳаётининг олти ёшлик пайтларидан яққол хотирлайди. У ҳар доим дераза ёнида бурчакда жойлашган ётоғида қўнишиб, тиззаларини қучоқлаб ўтирар, ҳеч ким билан гаплашишни истамасди. Камдан-кам овқатланар, фақат ухлашни истарди. Шу сабабли новча бўлса-да, жуда кичкина кўринарди. Чунки, ҳаддан ташқари озғин, қоқсуяк қизча эди. У ҳеч кимни яқинига йўлатмасди. Энагалари аввалига Анабелнинг ўрин-кўрпа, уст-бошини алиштириш, ювинтириш каби кундалик шахсий тозалик мезонларини амалга ошириш учун, унга ҳамшира тинчлантирувчи дори юборарди. Шундан кейингина дори таъсирида мускуллари бўшашиб, шалвираган, ҳаракатлари сусайган, узун қора сочли, чарос кўзли, қоқсуяк қизалоқ Беллани(уни етимхонадагилар шундай деб чақиришарди. худди онаси каби…) энагалар ювинтириб, ўрин-кўрпаларини алиштириб олардилар. Ювиниб ёввойи мушукдан оппоқ фариштага айланган қизалоқ кўрпасига ўраниб кун бўйи мириқиб ухларди.
Стефан ошхонага кириб борар экан, яна ҳар доимгидек Аннабелла бошини чангаллаб ўйга ботиб ўтирар, кўзлари қизарган, анчагина ҳолсиз кўринарди. У Стефанни кўрган заҳоти бесаранжом сочларини тўғрилаб, майин жилмайди. У ҳар доим шундай – қай ҳолатда бўлмасин эрини кўрган заҳоти юзи ёришади. Аннабелланинг худди шу табиати Стефанни мафтун этган бўлса, ажаб эмас.
– Азизам, яхшигина чарчабсан, юр ухлай қол энди. Юрақол, ўзим эртак айтиб бераман сенга!
Стефаннинг бу гапидан кейин Аннабелланинг кўзлари чарақлаб, олдинги ҳолатидан асар ҳам қолмади. Ҳисобсиз ўй-хаёллар, дарду аламлар остида қолиб кетаёзган қайноқ муҳаббати худди аланга музни эритгани каби кўзларига қалқиб чиқди.
– Қани, бошлай қол, Стефаним! Эртакларингни жуда соғинганман! – деди эрининг кенг, мушакдор елкасига бош қўяр экан, – Ҳозир, ширинлигим пишиб қолди. Оламан-у, ёнинга бораман.
Аслида Аннабелла на ширинликни яхши кўради, на ейди. Тун кечаларда пишириқ пиширишининг фақатгина битта сабаби бор: ўй-хаёлларга берилганда, режалар тузаётганда ошхонада нимадир юмуш билан банд бўлса, кўнгли хотиржам бўлади. Бир жойда тўхтаб қолиш уни асабийлаштиради. Худди ғам-қайғулар домига тортиб кетаётгандек туюлаверади. Хотиржамлигини йўқотади. Аннабелла тайёр бўлган пишириқларини бирин-кетин олар экан, ширин хотираларга берилиб жилмайди. У Стефанни илк бора етти ёшида ётоғи ёнида кўрган. Стефан қўлидаги қандайдир китобни унга тиқиштирганди. Аннабелла эса ёввойи мушукдек сапчиб, бурчакка янада қапишиб олганди. Шунда Стефан меҳрибонлик билан: “Ўқишни билмайсанми, кел, ўзим сенга эртак ўқиб бераман” – деганича, унинг жавобини кутмасданоқ эртакни бошлаб юборганди. Аввалига ҳадиксираб, ёввойиларча нигоҳ билан қараб турган Аннабелла, кейинчалик эртакларини эшитиб ухлаш учун куни бўйи ўн ёшли, сариқдан келган, жингалак сочли, мовий кўзлари меҳр билан боқадиган Стефанни кутадиган бўлган.
Аннабелланинг тез ўзгарувчан табиатига мос равишда гўзал ва унутилмас болалик ва унинг ортидан келган муҳаббат хотиралари ўрнини яна қорамтир-хира хотиралар, сўнгсиз режалар эгаллади. У яна ошхона стулига ўтирди-ю, бир умр тушларида кўрса-да, онгида қайта-қайта жонлантиришни истаса-да, зулмат ичидаги фақатгина кўзлардан иборат, юзлари мавҳум шарпаларни эслаш учун қошларини чимирди. Асабий титраётган бармоқларини сочлари орасига юбориб, бошини чангаллади. Ҳали бу уриниш натижасини кутмасданоқ, отаси Майкл ва онаси Жулиянинг қотилини эслашга уринди. “Нега кўрганларимни эслолмайман?! Элас-элас бўлса ҳам, рози эдим. Шунда ҳеч бўлмаса ота-онамни юзларини, менга меҳр билан боқишларини кўрардим. Уларни хаёлан бўлса ҳам, ёнимда деб ҳис қила олардим. Қотил-чи? У тирикдир, балки? У тасвирлаб берар уларнинг кўринишларини? Мен уни топишим керак! Барчасини билишим керак! Ҳаммасини ўз оғзи билан айтиб беради ҳали. Нега ота-онамни ўлдирди? Нега уйимизни ёқиб юборди? Нега мени кимсасиз қолдирди? Кейин мен уни ўлдираман. Ҳа, ҳа, тап тортмасдан, ачинмасдан, ваҳшийларча… Киноларда кўрганим каби… ашаддий қотиллардан эшитганимдек…”
Музей остонасига қадам қўйишар экан, Аннабелланинг қалбини ўзгача бир ажиб ҳислар чулғаб олди. Стефанга мамнун жилмайиб, дадасига алланималарни чуғурлаб, қуёнчадек сакраб келаётган Софиянинг оппоқ юзчаларидан ўпиб қўйди. Бугунги дам олиш кунида кун давомида қандайдир безовта, бесаранжом юрган Аннабелладаги бу ўзгаришни Стефан дарров пайқади. Олдинроқ бу ерга олиб келмагани учун ичида ўзини койиб ҳам қўйди. Чунки у суюклиси Аннанинг суратлар жинниси эканлигини жуда яхши биларди. Унинг табиати Стефанга ўн қўлдек маълум. Билдики, эрталабки одамлар ғиж-биж бўладиган дам олиш масканларига қилган сайрлари одамови, камгап ва нозик кўнгилли Аннабеллани яхшигина толиқтирди. У оломон шовқинига дош беролмас, бунинг оқибатида чин маънода касал бўларди. Шу сабабдан Стефан йўлларини суратлар музейи томон бурди. Анна ҳар бир суратни алоҳида бир олам каби кузатар, юз ифодаси, кўз қарашлари, ички туғёнлари нодир асарлар руҳини ўзида намоён этарди… Кўзлари таниш суратни пайқагани ҳамоно Аннабелланинг юрагида мудом яшаб келаётган ёлғизлик кенгая борди. Ички қўрқувлари маромига етаётган сут каби кўпириб кела бошлади. Онгининг қаеридадир мудраб ётган умидсизлик, хавотир бу пўртаналарга қўшилди-ю, бесаранжом руҳини талвасага сола бошлади. Аннабелла ортига қаради. Кўприкда турган икки одамнинг юзлари жуда хира кўриниб турарди. Лекин кўринишлари жуда таниш, ички сезги билан сезди, иккиси ҳам унга руҳан яқин одамлар. Қип-қизил осмон, кўприк остидаги кўм-кўк сув чирпирак бўлиб айланар, Аннабелланинг мавҳум хотиралари ҳам бу пўртаналар ичида юзага қалқиб чиқиш учун айлана туриб юқорига тирмашарди. Ваниҳоят!!! Унинг кўзлари осмондаги олов ранги сингари чарақлади. Ортида, кўприк устида Аннабеллага шунчаки эътиборсиз боқиб турган кўзлар… иккаласи ҳам бир хил, фақат, бири меҳр билан, иккинчиси ваҳшийларча боқиб турган кўзлар… “Эсладим… эсладим, – қўлларини қулоқлари устига босганича қичқирарди Аннабелла, – Отам, отам-ку, ахир…” Унинг вужудидаги бор дарду аламлари, руҳий азоблари вулқон каби отила бошлади. Кўприк остидаги кўм-кўк сувда хотиралари жонланди: жажжи Аннани кимдир бошини сувга тиқар, қизча нафас ололмасдан типирчиларди. Нафаси тиқилиб, ўлар чоғида эса қоп-қоронғи хона бурчагига улоқтириб юборар, кейин токи хушидан кетгунича калтаклайверарди. Бу ўша отасининг яна бир нусхаси, эгизаги ёвуз кимса эди. “Анна” –отасининг хавотирли овози келди. “Белла” – дея қичқирди онасининг қўрқувга тўла товуши. Унинг асабларини пармалаётгандек гоҳ чийиллаб, гоҳи гувуллаб эшитилаётган бу чақириқлардан қонга йўғрилган қип-қизил осмон бошига қулади. Аннабелла қоқ иккига бўлиниб кетди… У қалт-қалт титрар, ҳамон кафтлари юзи аралаш қулоқлари устида, оғзи ланг очилган номаълум, тушунарсиз махлуқ каби қичқирарди…
Стефан Аннабелладаги ўзгаришни сезиб ёнига етиб келгунича, у Эдвард Мункнинг “Қичқириқ” сурати остида хушсиз ётар, докадек оқарган, кўкиш тус олиб, ҳиссиз қотган юзини деразадан тушиб турган кучсиз қуёш нури янада оппоқроқ кўрсатиб турарди.
Касалхонадаги ҳушсизлик соатлари Аннабелланинг ҳали тўлиқ очилиб улгурмаган хотираларини янада яққолроқ, равшанроқ очиб берибгина қолмай, режаларини мустаҳкамлаб қатъий қарорга келишига замин яратди. У энди ҳаммасини биларди. Барчаси бирма-бир кўз олдидан ўтди. Ота-онасини тортиб олган қотил, отаси Майклнинг эгизак укаси Карл бўлиб чиқди. У ҳар куни отаси ишда пайти келар, онаси билан ётоғига кириб кетарди. Ётоқхона эшигини муштлаб хархаша қилган, эндигина беш ёшни қаршилаган жажжи Беллани эса қўлчаларидан судраб ҳаммомга олиб борар, жўмракни очиб сув остида қийнарди. Кейин сув ютиб, нафаси тиқилиб, ранги кўкара бошлагач узун сочларидан чангаллаб ўша зулмат хонага судрарди. Қоронғи бурчакда “Дадажон!…Ойижон!… Энди яхши қиз бўламан. Урманг, амаки!” деб зор қақшаб, кўзларидаги қўрқўвни оёқлари орасига, ҳимоясиз, нозик, эзилган танасини эса қўлчалари ҳимоясига олган Аннани аёвсиз калтакларди. Унинг жирканч ва қонли кўзлари каби даҳшатли, ўта қўрқинчли зарбалар Аннабеллани ҳар томонга учириб юборар, шалвираб қолган қўл-оёқларини ёрилган пешонасидан оққан қон алвон рангга бўярди. У кафтлари билан юз-қулоқларини ёпганича, оғриқдан тинмай қичқирар, аммо оғзидаги ёпишқоқ тасма қичқириқнинг аламли тўлқинлари ёйилишига йўл қўймасди. Аннабеллани ҳеч ким, отаси, ҳатто ёнгинасидаги хонада нималар биландир банд бўлган онаси ҳам эшитмасди. Ҳар куни худди шу азоблар такрорланар, унинг азобли қичқириқларини эса зулмат хона ютиб юбораверарди.
Аннабелла жуда кўп изланишлар, тайёргарликлар, керакли далилларни тўплаш жараёнида амакиси Карлнинг ваҳшиёна қотиллигини ҳам туман ортидаги манзара каби ғира-шира эслади.
Жажжи Белла узун потила сочлари остидан қўрқув, хавотир билан боқиб онасининг ётоғига кириб борди. Онаси бир аҳволда, қўли ва боши ётоқдан осилиб шалвираганича ётар, кўзлари умидсизлик, чорасизлик нуқтасига тикилиб, бақрайиб қотиб қолган эди. Отаси Майклнинг танаси эса ошхона ва даҳлиз туташган аросатда тиқилиб ётар, қонга бўялган қип-қизил юзи қийшайиб, оғзидан оққан қон полга томиб, халқоб бўлиб қолганди…
Қотил Карл эса ташқи эшикдан чиқа туриб, қон чиккиллаб турган пичоғини эгнига артдида, унга даҳшат билан боқиб турган Аннабеллага хотиржам, истеҳзо билан совуқ тиржайди. Жирканч панжасини кўкарган, ёпишқоқ лабига олиб борди ва ҳавода ифлос бўсасини йўллади. Кетар чоғида қўлидаги оловни Аннабелланинг оёқлари остига отди…
Энди Аннабелла чинакамига чинқирди. Чинқира туриб болаликдаги қийноқларни, умри давомидаги фобияларини, умидсизликларини вужудидан чиқариб юборди гўё. У олдинги кўринишидан асар ҳам қолмаган, бечораҳол, нотавон амакисининг ёнида турар, шу тобда Карл худди отасининг ваҳший нусхаси эмас, аслига айланиб қолганидан ҳайратланарди.
– Анна, қизим, – деди у кўз ёши қилиб, – Гуноҳкорман, кечир!
Аннабелланинг руҳиятидаги оқкўнгиллик туфайли раҳм-шафқат туйғулари аламли жисмини эгаллаб кела бошлади. У озгина вақтга иккиланиб қолди. Қўллари бўшашди. Аммо, ота-онасидан жудо қилиб, азиз болалик гўшасида аланга ўпқонида қолдирган бу ёвуз кимсани кечириб бўлмаслигини тушунди. Танлаган қуролини унга ўқталди. Кўзларидан ўт чақнади.
– Энди мен Анна ҳам, Белла ҳам эмасман. Мен Аннабелламан! – деганча, қўлларида маҳкам тутиб турган қуролида тинмасдан отаверди… Отаверди… Токи у парча-парча бўлиб, ҳаётидан йўқ бўлиб кетгунча отаверди…
Аннабелла Драйзер юзлари ёришиб жилмайди. Мамнунлик билан қаламини ёзув столининг устига қўйди. Керишиб, деразадан ёришиб келаётган тонгга назар солди, қизалоғи София ва эри Стефан ухлаётган хонага ошиқди-ю, яна ортга қайтди. Столи устидаги йиллаб ўзи билан олиб юрган, энди у учун қуролга айланган Майкл Драйзер ва Жулия Эствуднинг титилиб, сарғайиб кетган ажрим қоғозини олдида, шарт иккига бўлаклади. Эртанги тақдимотга тайёр турган китобларидан иккитасини олиб, ажрим қоғозларини варақлари орасига солди. Манзиллари томон шай турган, Аннабелла ҳеч қачон кечира олмаган ота-онасининг исмлари битилган хатжилдлар уларни бағрига олди. Полда эса Аннабелла қандай жазо беришини билолмаган, ота-онасини абгор қилиб, ўзини тирик етим қилган, қизил тусли, жирканч заҳри қотил шиша “Карл” чил-чил бўлиб, “қонига” бўялиб ётарди…