Онгимдаги поёнсиз зулумот, даҳшатли ҳайқириқлар ва оний лаҳзалардаги ҳаракатларни ҳам сезаётган – мен! Илдамлашга иккиланаман… Миямга бир зумда ин қурган ўйга эътибор қилмай ўзим учун мақбул йўл излайман. Агар бу чек-чегарасиз зулмат ўз домига тортиб мени маҳф қилса-чи? Қўрқувга таслим бўлмаслигим, ўзлигимга ишониб “МЕН”имни намоён қилишим, унинг ғолиблигини ошкора нишонламоғим керак! Йўл қадамларим остида сирғала бошлади. Ғайришуурий равишда олдинга илдамлаяпман. Аммо қаёққа? Бу йўл, бу чексизлик мени қаерга олиб кетяпти? Балки мавжудлик сари одимлаётгандирман… Ўша мавжудликда қайси мақомдаман-у аслида кимман? Айни дамдаги олам, рўёю туғилиш масканим бўлган курраи замин ҳақиқийми?
Миям қотган. Фикрларим тобора сустлашяпти. Бу зулмат аро кўраётганларим абадийликка муҳрланган яралишми?.. Тубсиз уммонга ғарқ бўлаётгандайман. Энг ёмони – сарсон-саргардон бўлиб аросат азобини тортаяпман. Бошқа имкон йўқ, мен маҳкум қилинганман!
Қўлим, оёғим, бошим… Танам худди бегонадай. Йўл давомида ўзимга разм соламан: тўрт оёқли баҳайбат, тажовузкор тана, тирноқлари-тишлари ўткир, туклари узун қандайдир номаълум махлуқ! Қиррали қулоқ. Гапира олармиканман? Нимадир демоқчи бўлдим. Қандайдир овоз чиқардим. Бу қанақа сас? Мен шунақа сўзлайманми? Ўзи гапиришми?
Борган сари танамдаги қудратни сезаман. Бунча куч нега керак? Ё ҳимояланиш учунми? Балки ўлдиришгандир? Мен шундай даҳшатлиманми? Нима ҳисобига қорним тўяди?.. Демак, шунча кучга, ҳайбатли танага эга эканман, албатта, озуқам ҳам гавдамга мос бўлиши керак. Наҳотки онгимда шаклланаётган даҳшатли ўйларим рост бўлиб чиқса?.. Ўзимдан қўрқяпман.
Асабим ўзимни ўзимга қарши гиж-гижлай бошлайди. “Наҳот қўрқоқсан?” Индамайман. Индамаганим сари таъналар оғриғини сезаман. Аммо жимман. Амин эдимки, мен бу ҳолатда бир қарорга бош эгишим анчайин қийин. Вазиятни тарозида тортмоқчи бўламан. Бир палласига сокинликни, иккинчи палласига эса менда ҳукмронлигини бошлаб қўйган даҳшатлар-у жумбоқларни жойлайман. Қарангки, аҳволим қанчалар ёмон эканлиги яна тасдиғини топди. Бу ҳолат бор “лашкар”ларини менга томон ҳужумга жўнатади. Ором таслим бўлгани замон ичимда беаёв “жанг” бошланганини англайман.
Йўлим давом этмоқда, олға борар эканман, оёғим остидаги қум аралаш майда шағал тошлардан сакраб-сакраб ўтиб, шамолдан-да кучлироқ қудрат билан олға бораман. Қоронғилик бу заминни тобора ўз домига ютиб боради.
Атрофдаги олам гўёки ҳалокатга юз тутиб бораётгандай эди. Сабабни ахтармайман. Чунки унинг қиёфаси ошкораликдан йироқ. Албатта, йўқликдаги бу эврилиш эртанги туғилишга замин яратади. Бунга неча замон ошиш кераклиги ҳақидаги фикр мени тағин жумбоқларга кўмиб ташлайди.
Ваҳимали қичқириқлар ҳамон ҳар томондан акс-садо беради. Англаётганга ўхшайман: ҳали яралмадим. Шунчаки йўқман. Бу вужуд эса онг меваси, холос. Демак, онгим туғилган экан. Ўзимга тегишли тана ҳам туғилиши шарт. Шунда мавжуд оламга ҳақиқий танам билан одим босаман. Ўшанда ҳақли равишда яшаш гаштини ҳис этаман. Мен унда ё ҳукмдор бўлиб борлиқни бошқараман, ёки ўша олам эгалари мени измига солади ва уларга тобе бўламан. Ҳар иккиси ҳам менда мужассам, тақдир ҳукмини кутаман. Негадир тахминим тўғрилигига ишоняпман. Ишончим муқаррар бир қарорга кела бошлаяпти. Ажабланишим оз муддат четроқ йўналди. Фикрим давомийлиги занжирлар кетма-кетлигига тахминлар улай бошлайди. Онгимнинг мавжудлигидан фойдаланиб теварагим ҳақида ўз қарашларимни англамоқ истаб қоламан. Ҳа деганда уддасидан чиқолмайман. Атрофимда пайдо бўла бошлаган ўзимга ўхшаганлар ўз қарашларини англатмоқчи бўла бошлашди. Улар кўзлаган манзил мен шошаётган томон эканлигини сездим. Биз тобора кўпая бошладик. Шунчалар сон-саноқсиз эканлигимиздан даҳшатга тушардим.
Бирдан кучли оғриқ сездим. Оғриқ зўридан инграб юбордим. Оёғим ости, бутун номаълум борлиқ титрай бошлади. Қандайдир вақт бошланганини англаб-англамай сезардим. Ҳолдан тояётган бўлишимга қарамай, ҳаракатдан тўхташни истамасдим. Мендаги бу фикр атрофимдаги менга ўхшашларга ҳам сингиб бораётганди. Биз бу вақтни неча минг йиллар давомида интиқ кутганмиз гўё. Дарбадарлигимнинг поёнини истардим. Ўшал вақт эса ҳамма-ҳаммасига ором бағишлаб аросатдан қутқарарди. Бу ўйларим миямда анчадан мавжуд-у гўё мен айни дам англаётгандайман.
Жуда қаттиқ силкинишдан сеза бошладимки, нимадир юз бериш арафасида турибди. Қай томондандир жўрликда заҳарханда кулги овозини эшитдим. Гўё ҳамма нарса мен томон ёпирилиб келаётгандай эди. Атрофга аланглайман. Оёғим остидаги қум борган сари кучли титрай бошлайди. Устимдан қанотлари ёзилган қандайдир мавжудот учиб ўта бошлади. Бу махлуқ мени сезмаётгандай мен илдамлаётган манзил томон парвоз қиляпти. Сон-саноқсиз учгувчилар… Мавжудотлардан бири учиб келаётиб менга қаттиқ урилиб кетди. Зарб кучидан иккаламиз икки томонга қум аралаш учиб, анча масофагача сирғалиб бордик. Оғриқ бутун танамга ёйилди. Ён-веримга алангладим, қаршимда қад кўтарган маҳобатли, тепасидан қуш учиб ўтолмас баланд бинони кўра бошладим. Оҳанрабодай ўзига тортгувчи, бағрига бутун олам сиққувчи қаср бунёдкорига ҳақиқатда тасанно айтса арзирди. Мавжудлик сари титроқ одимларимни илдамлатдим. Бино ҳам қалтирашдан мосуво эмасди. Бир нималар тўкилиб сина бошлади. Ниҳоятда даҳшатли: ҳали ўзимнинг кимлигимни билмай туриб шунча мавҳумликка ичкарилаб кетдим. Бу поёнсиз тунда нимани англашимни билмай қоляпман. Фақат қўрқув… яна қўрқув!
Қаср ичкарисига секин кириб борар эканман, қийқириш-у ёқимсиз товушлар анча кучсизланиб мени тополмаётгандай сарсон эди. Гўзаллик дебочасига гувоҳ бўляпман. Бу ошён ором маскани… Оламнинг бурчак-бурчагида фикрлар уммони қайнаётганини, яралишни, вужуднинг тугашини тиниқ кўра бошлаяпман. Шунда гўзал бир қиёфа менга юз кўрсатди. Ўша мавжудот томон йўл олганимни билдим. Яна кўп нарсаларни кўряпман… Негадир бир вақтнинг ўзида ҳам ўйлаяпман, ҳам фикрлаб, ҳам бир жойда туриб бир нечта жойни кўряпман. Ваҳоланки, ўша кўрганларим ҳали бўлиб ўтмаган воқеалар эканлигини сезаман. Олдиндан бир неча йиллик масофани ҳеч қийналмасдан бемалол кўра оляпман. Воажаб! Бу қандай тортиқ бўлдики, асрлар менга юз оча бошлади. Қайси воқеани кўрмай унда юқоридаги гўзаллик эгаси намоён бўляпти. Унга ҳақиқатдан-да маҳлиё бўла бошладим. Жуда гўзал… У ким? Мен фақат кўряпман… У ким?
Фикр-у хаёлимдан замонимга қайтдим. Ўзимнинг даҳшатли қиёфам кўринаётган шиша устида кимнингдир ҳаловатини бузишдан чўчигандай секин боряпман. Қани бир милт этган нигоҳ эгаси юзини кўрсатса… Мен хаёлимда туғилган ўшал бетакрор қиёфани кўришни истаяпман-у, аммо нега бунча хоҳишим баландлигини англай олмаяпман. Бу ичкари олам менга нотаниш-у, лекин жуда танишдай. Наҳот аввал бу жойларни кўрган бўлсам… ўзимга шубҳам ортди. Бирдан тўхтадим. Теварак энди ухлай бошлаганди. Атрофим менга тикилганча жим. Қийқириқлар-у ваҳимали овозларни қулоғим эшитмай қўйди. Дадиллашдим. Энди ўзимни бемалол сўроқ қила оламан. Вужуддан ажралиб ҳаракатсиз турган, айни дамда мен учун ошён бўлиб турган танага тикиламан. Кимман? Ё ўзимни танимаяпман ёки мен ўзимга бегона қилиндим. Қўрқувдан ошёнимга қайтгим келмай қолди. Бу ҳолатдан қутулиш йўлларини излай бошладим. Нима қилиб бўлса ҳам аслимни топишим керак. Агар тополмасам шу алфозда мавҳумликда қолиб кетишим тайин. Жонимга қасд қилмоқчи бўламан. Гўёки мени “асир” қилган танадан қутулмоқчиман-у аммо қасд қилиш учун жон қани? Йўқликни қандай ўлдириш мумкин? Бу оламнинг “Мени” мени қандай вазифа учун яратган? Тажовузкорманми? Ваҳшийманми?.. Жумбоқлар, аёнки, ечилмай қолаверади. Мен бор эканман, албатта қандайдир вазифа учун мавжудман. Шунчаки пайдо бўлмоқ – фалокатдир! Менга аёни шуки, бу танада йўловчиман!
Тағин илдамлай бошладим. Манзилим яқин келгандай туюла бошлади. Жуда-жуда оз қолди. Уни кўраман… Орзиқиб кутганимга яқинлашяпман. Унинг олами, вужуди билан юзма-юз бўламан. Унинг нигоҳи наҳот менга қадалади?.. Асрлар аро саргардон бўлиб излаганимни топдим! Бутун борлиғим билан У томон шошяпман. Энтикиш, интиқлик билан интиламан…
Ва ниҳоят, кутилган жойдаман. Кўряпман: менга ўхшашлар… Ёлғиз эмаслигимни сездим. Тумонат қиёфадошларим ҳаммаси бир нуқтага тикилиб, ўзига сукутни абадий ҳамроҳ қилиб олганча туришибди. Улар эътиборини тортган тарафга мен ҳам йўналдим. Қиёфадошларим орасидан ўтиб-ўтиб олдинга одимлай бошладим. Ичкаридаги бу оламнинг чегараси йўқдай туюлади. Фақат нурафшонлик, ором-у ҳаловат ҳукм сурмоқда. Нурлар ошёни…
Биздаги қотиб қолган сукунат аро оромбахш наво эшитила бошлади. Бу оҳанрабо мусиқа ҳаммани асир қилди. У шундайин эшитимли эдики, гўё бу заминда янги олам яралиб жамики жонзотни эзгуликка чорларди.
Қидирган нуқтамни топдим. Кўзларим ҳайрон ҳолда гўзаллик соҳибини томоша қила бошлади. Ўзимни йўқотяпман. Бу мавжудот қиёфаси мўъжиза, юзларидан нур ёғилади. Бошида, эгнида оппоқ либос. У биздан анча баланд жойлашиб олган кўйи нигоҳларимизни тутиб турибди. Тумонат қиёфадошларим унинг атрофини зич ўраб олишган. Энг олис нуқтадан туриб бу ғафлат аро уйғоқ қалб ҳукмдори томон яқинроқ боришни истайман.
Соҳиби олам ҳаракатга кирди. Аввал эгилиб, сўнг чўккалади-да, бошини оёғи остидаги похолга теккизди. Бу ҳаракат сал ўзгарди-да, тағин давом этди. Бир нималар деб шивирларди… У қандай амал бажаряпти? Унинг бу ҳаракатини англамоқ истардим. Ҳамма унга тобелик ихтиёр қиларди. Маҳлиёман, мен унда яшамоқни беихтиёр хоҳлаб қоламан. Мен каби қиёфадошларим ҳам шу ўйда эканлигини сезаман. Лекин бунинг иложи йўқ… Ҳар ким ўз вазифасига эга қилинган. Шунда ўйлаб қоламан: бу қиёфа нақадар яхши амаллар учун яралган… аминманки, ҳамма борлиқ У учун… У Яратгувчининг энг гўзал яралгувчиси эканлиги яққол намоён эди. Шуниям идроким англай бошладики, айтмоқни ихтиёр қиламан: гўзал амаллари учун гўзаллик ҳамиша уларнинг ёнида бўлади.
Ким улар?..
Хаёлим қотиб қолди. Мен ҳам бошқалар қатори унга бош эгдим. Яратгувчига ҳамду-санолар айтдим…
У кўзи юмуқ кўйи аввал ўнг, сўнгра чап елкасига салом берди.
“Шарқ юлдузи” журнали, 2014 йил, 4-сон