Бу воқеа Тошкентда ер қимирлаган ўша даҳшатли унутилмас йилда бўлиб ўтганди. Биз, ер қимирлашнинг қоқ марказида, машҳур Қашқар маҳалласида истиқомат қилардик. Юз берган табиий офат туфайли уйимизнинг ҳамма ёғи бузилиб-ёрилиб кетиб, бундай қараганда хоналар бут-бутун турган бўлса-да, лекин яшаш учун мутлақо яроқсиз ҳолга келиб қолганди. Яхшиям, бахтимизга ўша кезлари илиқ-иссиқ кунлар бошланиб кетди, чодир тикиб ҳовлига чиқа қолдик.
Албатта, одатдан ташқари бундай яшаш шароити романтикага ишқибоз болаларга жуда қўл келди. Айниқса, кўч-кўронларимизни йиғиб ҳовлига чиқиб олганимиз қизимиз Нодирада алоҳида қизиқиш уйғотди. Лекин қизиғи шундаки, эндигина олтинчи синфга ўтган, ҳар турли саргузашт ҳикояларга қизиқувчи, бирор гап бўлса тагига етмасдан тинчимайдиган бу серсавол қиз аввалига ҳазил-ҳузул қилиб юрди-ю, кейин эл бошига чинакамига катта ташвиш тушганлигини тушуниб, ўзини худди катталардек жиддий тутадиган бўлиб қолди. Бунинг бошқа сабаблари ҳам бор эканки, униси бизга кейин маълум бўлди.
Эсимда, уйимизнинг ўртадаги катта хонасининг шифтига қалдирғочлар уя қўйишганди. Бу ажойиб қушчалар ҳар йили баҳор фаслининг маълум кунларида бизникига учиб келишар, ўзлари қурган инларининг у ёқ-бу ёғини «тузатиб», кейин ўша уяда ёз бўйи бемалол «истиқомат» қилишарди. Биз бутун оиламиз билан қалдирғочларга жудаям ўрганиб қолгандик, айниқса, якка-ю ягона қизимиз Нодира уларни жуда севар, баҳор бошланди дегунча қалдирғочлар келишини орзиқиб кутарди. Баъзан қиш чўзилиб кетса, кечикиб қолаётган вафодор дўстларини қўмсаб, ҳавонинг тезроқ юришиб кетишини ўзича илтижо қиларди. Ер қимирлаб, ҳамма нарса ҳовлида очиқ-сочиқ ётган, оилада бесаранжомлик ҳукм сурган бир шароитда Нодира ўз қалдирғочларининг тақдири ҳақида ўйлаётган бўлса ҳам ажаб эмас.
Мана, ҳамма нарсани қиш уйқусидан уйғотиб, элга олам-олам гул, чечак, гўзаллик ҳадя этиб кўклам бошланди. Баҳор учун турли табиий офатлар, ер қимирлаш деган нарсалар барибир, алоқасиздек…
Бир куни тонг билан тўсатдан баҳор жарчилари — қалдирғочлар ҳам пайдо бўлиб қолишди, гўё хонадонимиз тўлиб кетгандек, бошимиздаги ташвиш бироз бўлса ҳам камайгандек туюлди бизга. Нодиранинг эса қувончи чексиз эди.
Қалдирғочлар кела солиб шошилганча ўз хоналарига кириб кетишди, кейин тезда қайтиб чиқиб нималардир деб чуғурлаша бошлади. Гоҳо эшикдан, гоҳ очиқ деразадан кириб, бутун хонада гирдикапалак бўлиб айланишар, нима учундир безовта бўлиб вижирлашарди. Хуллас, ўзаро «муҳокама» бир неча дақиқа давом этди-да, кейин қалдирғочлар бирпасда қаергадир ғойиб бўлишди, хонадонга жимлик чўкиб, ҳамма ёқ сув қуйгандек ҳувиллаб қолди.
Биз, қалдирғочлар тезда қайтиб келар, деб ўйладик, аммо бир неча дақиқа ўтган бўлса-да, улардан дарак бўлмади. Нодиранинг руҳи тушиб кетди, қувончи тугаб, кўнгли бузилди. Ахир, шунча йиллардан бери бир хонадонда туриб, бир-бировларига ўрганишиб қолган вафодор «дўстлари» кетиб қолганди-да. Қиз қалби эзилиб, гинахонлик қилгандек ҳам бўлди: «Наҳотки, бошимизга ташвиш тушиб, уйларимиз бузилиб ётган шароитда қалдирғочлар бизни ташлаб кетишса», ўйлади Нодира. Ошхонада овқат тайёрлаётган онасининг ёнига бориб, арз-додини айта кетди:
— Ойижон, менга қаранг, ахир энди нима қиламиз-а, қалдирғочлар кетиб қолишди-ку…
— Вой қизим-эй, қаерга ҳам кетишарди, ҳозир қайтиб келишади, — деди онаси бепарво.
— Йўқ, келишмайди, сўзлашганларини ўзим эшитдим… — қизминг гапига онаси бирдан хандон ташлаб кулиб юборди:
— Вой қизим тушмагур-эй, гапига қаранг-а, қалдирғочлар сўзлашган эмиш. Хўш, уларнинг гапларини қандай тушундинг?
— Тушундим-да, ўзим биламан, илгариги йиллардагидан анча бошқачароқ чуғурлашди. Биласизми, ойижон, улар жуда безовта бўлишди, ҳа, ишонаверинг…
— Уйларимиз аҳволини кўриб ачинишгандир, қушлар жуда ҳам сезгир бўлишади.
— Балки шундайдир…
Шу вақт қалдирғочлар қайтиб келиб қолишди. Энди улар уйга кирмай, айвонда айлана бошлашди. Кейин билсак, улар ўз режаларини ўзгартириб, уй масаласини бошқачароқ ҳал этишган экан. Катта ташлаб, бирданига айвоннириг шифтига ин қуришга киришиб кетишганди. Қарабсизки, «қурилиш» ишлари тез суръатлар билан бошланиб кетди, моҳир «қурувчилар» чарчаш нималигини билмай, тонг саҳардан то кеч қоронғисигача тинимсиз ишлашарди, архитектор ҳам, қурувчи ҳам, шувоқчи ҳам ўзлари… Қалдирғочларнинг шунчалик жафокаш, меҳнаткашлигига таҳсинлар ўқийсан, киши. Хуллас, жафокаш қушларнинг игна билан қудуқ қазигандек, ўз уйлари пойдеворини аста-секин қураётганликларини доимий кузатиб бораётган Нодира табиий офатдан четда қолмаган қушларга раҳми келар, «иморат»нинг тезроқ бита қолишини орзиқиб кутарди.
Шу орада шаҳар марказида москваликлар барпо этган кўп қаватли янги уй биноси битди-ю, бизга ундан уч хонали квартира беришди. Нима ҳам қилардик, блр неча йиллардан бери яшаган, ёшлик йилларимиз ўтган қадрдон хонадонимизни ташлаб кетишга тўғри келди. Янги уйга кўчиб кетаётган бўлсак ҳам, ҳарҳолда, юрагимиз уюшди, айниқса, Нодира жудаям бўшашиб қолди. Ҳамма-ҳамма билан-ку, қиз тушмагур: «Қалдирғочлар нима бўлади», — деб туриб олди.
— Жон адажон, қалдирғочларни янги уйга олиб кетайлик, — деб кўзига ёш олди.
— Ўзинг кўриб турибсан. Улар уй қуришяпти, шу ерда яшашлари керак, — дедим уни юпатиб.
— Ахир биз кетсак, қурувчилар уйни бузишади-ю, унда шўрликлар нима қилишади?
Нодирантнг саволларига жавоб бера олмаймиз, кейин яна уни юпатишга ҳаракат қиламиз:
— Уй ҳали-бери бузилмайди, унгача қалдирғочлар бемалол бола очиб, уларни катта қилиб олишади.
— Ҳаммасидан хабарим бор, қўшнимизнинг қизи айтди, бу ерларга катта иморатлар тушармиш, қишга қадар битар эмиш!..
— Ундай эмас, ҳарҳолда, кузга қадар бузилмайди.
— Майли, кузгача бузилмасин дейлик, хўш, янаги йил баҳорда қалдирғочлар қаерга келишади?
— Кўриб турибсанки, қалдирғочлар жудаям ақлли қушлар, мана улар ўзаро маслаҳатлашиб, нураб турган уйга кирмай бизни ҳовлида яшаётганимизни кўриб ўз инларини айвонга қуришди, бас, шундай бўлгач, янаги йил баҳорда яна қайтиб келишса, албатта, ўзларига яраша жой топиб олишади.
— Қаердан топишаркин-а? — таажжубланди Нодира.
— Балки бизнинг кўп қаватли уйларимизга боришар.
— Ростданми-а, адажон, қани энди шундай бўлсайди… — севиниб деди Нодира.
Шундай қилиб, орадан бир ҳафта ўтгач, кўчларимизни ортиб янги уйга кўчиб кетдик. Эсон-омон янги уйга жойлашиб олдик. Кенг, шинам қилиб қурилган, барча шароитлари, қулайликлари бўлган қутлуғ хонадонимиз ҳаммамизга жудаям ёқиб тушди. Ҳаётимиз ўз изига тушиб кетди.
Кунлардан бир куни Нодира билан биргаликда баъзи бир зарур майда-чуйдаларни олиб келиш учун Қашқар маҳалласидаги эски уйимизга йўл олдик. Ҳовлига киришимиз билан мен ҳам, Нодира ҳам айвондаги қалдирғочлар қураётган уяга қарадик. Қалдирғочлар йўқ эди, биз аввалига ҳовли ўртасида турганча, қалдирғочлар «қурилиш материаллари» ташиётган бўлса керак, ҳозир келиб қолишар, деб бироз кутдик. Лекин қушлардан дарак бўлмади, афтидан, улар «янги уй» қурилишини чала қолдириб, аллақачон учиб кетишганди…
Нодирага қарадим, кўзларини ерга тикканча сукут сақлаб турарди. Нодира ҳам қараб турганимни билди-ю, кўзларидаги намни билдирмаслик учун юзини четга бурди. Ота-бола индамасдан ҳувиллаб ётган бўш ҳовлидан тезда орқамизга қайтиб чиқиб кетдик. Нима учундир юрагим узилиб кетгандек туюлди, кўчиб кетаётганда ҳам бунчалик хафа бўлмаган эдим…