Ғалла ортган оғир машиналар ҳар куни тинмай ўтадиган катта кўчанинг чанги оёқнинг тиззасигача келади. Оғир машиналар йўлнинг тупроғини шу даражада майда қилганки у Барчин опамнинг упасидан ҳам майинроқ. Бирданига оёқ қўйган пайтинг оёғинг куйгандай бўлади, аммо тупроқнинг тагига кирган оёқ негадир ҳузур оладида тупроқнинг иссиқлиги билинмай, ҳатто ёқимли туюлади.
Узоқдан келаётган машина албатта Сайёр аканики бўлиши керак. Биламан, эрталабки олиб кетган рейсидан ҳали бошқа қайтиб келган эмас. Машинанинг чанги киноларда бўладиган келинларнинг оқ кўйлагидай оппоқ. Улар ойим аччиқланиб кир ювганларида тоғоранинг устигача чиқиб кетадиган кўпикларга ўхшайди. Шамолнинг йўқлигидан машина орқасидан кўтарилган чанг эринибгина кўтарилаяптию ва шу заҳтиёқ йўлга, йўлнинг ёнига ётиб олаяпти. Сайёр ака чарчаган, ўзиям жуда вазмин одам, шунинг учун машинани секин ҳайдаб келаяпти.
Машина ёнимга келиб тўхтади. Чанг чап томонга бироз қийшайиб ётаётганини кўриб йўлнинг ўнг томонига ўтган эдим. Сайёр ака эшикни очишим билан, офтобда нима қилиб ўтирибсан, деди. Мен индамсадан ўриндиққа жойлашдимда, сизни кутаяпман, дедим. Машина упадай майин тупроқ устидан сувда сузгандай бир маромда увиллаб юриб кетди. Мен бошқа индамадим. Сайёр ака ҳам тер босган юзини елкасидаги рўмолча билан артдида индамай кетаверди.
Қишлоғимиз катта эмас, 20-30 хонадон, ҳаммаси бир қаторда тепаликнинг этагида, офтобрўйда жойлашган. Олдинги қаторда учта иморат, Дўнан бобонинг (бу у кишининг лақаби, биласиз қишлоқда лақабсиз одам бўлмайди, Дўнан бобонинг асли исми Жўрабой) уйи, эски кансорол ва уч хоналик эски мактаб нимагадир қишлоқнинг олдинги қаторига жойлашиб қолган.
Ҳозир мактаб биносида ғалла штаби жойлашган, кансоролга ғалла тўкилган. Бу ғаллалар кансоролнинг олдидаги ҳовлида ҳам тўкилиб ётипти. Уларни кейинроқ топширишса керак, буни мен билмайман. Аммо ҳозир ҳамма ўрилган буғдойни районга, элеваторга олиб кетишаяпти.
Сайёр ака ғалла ўрими бошлангандан буён шу ерда, кансоролда ётиб ҳар куни ғалла ташийди. Индамас одам, кўп гапирмайди, мени машинасига миндириб оладида соатлаб гапирмай юраверади. Менинг берган саволларимга ҳа ёки йўқ деб жавоб қайтаради. Аммо бизнинг суҳбатимиз анча қовушади. Бунинг сабаби, Сайёр аканинг менинг гапларимга қулоқ тутиши, мен гапирган гапларнинг тутуруғи бўлмаса ҳам тинглаши менга ёқса керакда. Мен бўлсам анча сергапроқ. Сайёр ака сўрамаса ҳам кўп гапираман, қишлоқдаги гаплар, болалар орасидаги гаплар, умуман кўпроқ гапираман.
Ойим ғаллачиларга нон ёпади, мен ойимга онда-сонда ёрдам бераман, қолган вақтим Сайёр аканинг машинасида кезиб юрганим юрган. Қишлоғимиздаги мактаб фақат бошланғич синфлардан иборат, тўртинчи синфгача. Шундан кейин болалар бошқа қишлоққа бориб ўқишади. Мен ўқимасам керак. Ёз ўтса Саттор аканинг чўпонларига чўлиқ тушаманов. Катта отам шундай деяпти. Катта отам, бу бувам, бизда бувани катта ота дейишади. Ойим бўлса баъзан йиғлаб-йиғлаб, ўқийсан, даданг бўлганда албатта ўқитар эди, дейди. Мен дадамни яхши билмайман, уч яшарлигимда у киши қамалган, кейин қамоқда кимлардир уриб ўлдириб қўйишган.
Ойим мени ўқишга борасан деяпти, шунинг учун чўлиқликка юбормади. Бундан фойдаланиб ёз бўйи Сайёр аканинг машинасида ёрдамчи бўлиб юрипман.
Ўтган йили ҳам ғалла ўрими пайтида ғалла ташиган машиналарда юрар эдим. Мели аканинг машинаси янгигина бўлса ҳам негадир кўп бузилар эди. Кўп гапирадиган, мен жавоб бермасам ҳам ҳар хил нарсаларни гапираверар, мендан маслаҳат сўрар, ёш боладай бир гапни бир неча бор такрорлайверадиган одам эди. Бу йил негадир келмади. Келмагани ҳам яхши, мана Сайёр аканинг машинаси эски бўлса ҳам бузилмайди, бузилмаса ҳам негадир Сайёр ака кечқурунлари машинанинг у ер бу ерларини ковлагани ковлаган. Мен катталардай нимаси бузилди, десам, индамасдан, ўн еттини олиб бер, латта қани, ҳо ана, бериб юбор, деб мен билан индамас суҳбат қурадида иккимиз машина тузатамиз. Катта отам менинг Сайёр аканинг машинасида аралашиб юрганимни кўрган пайтлари, Сайёр, шунга машинани ўргат, зора сендай шопир бўлса, ўқишга ҳам энди бормайди, деб қўяди.
Мана, бугун ҳам кечқурун машинанинг карбюраторини Сайёр ака икковимиз тузатдик. Кеч кирганда мен уйга кетдим, Сайёр ака яна далага камбайчиларга нон олиб кетди.
Кечаси юлдузларга қараб ётишни яхши кўраман. Улар шундай бижир-бижир қилишади, бири ўчиб бири ёнади. Яқинда юлдузлар орасида бировининг юриб кетаётганини кўриб қолдим. Юлдузлар юрмайдику ойи, ҳо анави юлдуз юриб кетаяпти, қаранг-қаранг, десам ойим ҳам ҳали ухламаган экан, йўқ у юлдуз эмас, ракета бўлса керак, деди.
Ўшандан кейин “Фан ва турмуш” журналига хат ёзиб юбордим.
“Ассалом алайкум редакция ходимлари…..
Мен кечаси юлдузга қараб ётган эдим, юлдузлардан биттаси юриб кетаётган экан, уни ойим юлдуз эмас, ракета деб айтди. Менга ёзиб юборингсизлар, бу қайси ракета экан”, деб.
Хатни Сайёр ака районга почтага ташлаган, жавоби келади.
Ёз ҳам ўтиб кетаяпти, яқинда битта эчкимиз йўқолиб қолди, ойим анча йиғлади. Мени ҳам уришди. Мен нима қилайин, подада йўқолипти.
Ёз бўйи қишлоқдаги узиқ-юлиқ гаплардан хабар топиб юрган, ким билади, балки ўзи чиқарган, Шокир ғилай кеча мени Сайёр аканинг ёнида яна кўрдида, ҳа бола, аканг билан ғалла тошияпсанми, ўрганавер, аканг яқинда даданг бўлиб қолади, деб ўтиб кетди.
Сайёр ака Шокир ғилайга бирон нима демади, машинанинг бир нарсасини тузатиб бўлиб қўлини латтага артиб турган эди, Шокир ғилайнинг бу сўзларидан кейин латтани машинанинг эшигидаги тирқишга асабийлашиб қистирдида, эшикни қарсиллатиб ёпди. Мен кабинада эдим. Сайёр ака индамасдан машинани юргиздида далага қараб ҳайдади. Менга қараб сен қолмайсанми, деди. Бораман, дедим. Лекин машина кансоролдан ўтиб бизнинг уйга яқин келганда Сайёр ака машинани тўхтатиб, туш, иссиқда нима қиласан, уйга бориб дамингни ол, дедида эътирозимга қарамасдан мени тушириб кетди.
Мен ҳам ҳеч нарса демасдан тушиб кетдим, қарасам Сайёр аканинг авзойи анча бузиқ. Уйга келиб бироз уёқ-буёққа юрдим. Иш бўлмаса нима ҳам қилардим. Уйнинг орқасига чиқсам болалар ошиқ ўйнаётган экан. Мен ҳам ошиқ ўйнадим, ошиқларимни ютдирдимда, яна уйга қайтдим.
Кечроқ ойим Сайёр аканг билан яна далага борсанг Зариф бобонгдан бир иккита қовун олиб келгин, деди. Бу менга яхшигина баҳона бўлдида, кўчага чиқиб Сайёр акани кута бошладим. Сайёр ака ўша кетганидан даладан ғалла олиб элеваторга бир рейс қилиб райондан қайтиб келаётган экан. Мени кўриб тўхтади, ойим Зариф бобонинг пайкалидан бир иккита қовун олиб келгин деди, деб кабинага кириб эшикни ёпдим.
Далага қараб кетаяпмиз, чанг орқамиздан қувиб етолмайди, бугун сал шамол бор. Машина орқасидан кўтарилган чанг менинг орзуларимдай пўртана-пўртана бўлиб узоқларга бориб ётаяпти. Кабинадан бошимни чиқарганча сочларимни тўзғитиб кетаяпман, шу ҳолатда Сайёр ака, дедим. Шамолдан ва бошим кабинадан чиқиб тургани учун менинг Сайёр ака, деганимни Сайёр ака эшитмади. Бурилиб олдимда Сайёр ака мен сизга совчи бўлсам майлима, дедим. Майли, қандай қилиб совчи бўлмоқчисан, деди.
Сиз ойимни олсангиз биз ҳам районга кўчиб кетар эдик, мен сизга ўғил бўлиб районда ўқир эдим, дедим.
Ҳе, укам, сен совчи бўлолмайсан, катта отанг сенинг айтганингни қилмайди. Бу дунёнинг сен билан менинг тишим ўтмайдиган ўзгармас ишлари кўп, биз уларни ўзгартиролмаймиз, деди.
Буни ўзим ҳам билардиму, бирдан Сайёр акага қўлингизни беринг, деб у кишининг машина мойида қорайиб кетган қадоқ қўлларини олиб бош бармоғини ушлаб кўрдим. Эҳ аттанг, сиз Хўжайи Хизир эмасда, деб қўйдим.
Биласизми, катта отам бирон нима керак бўлса Худодан ҳам ўнта сўрасанг бештасини беради дейди. Шунинг учун бировдан бирон нарса сўраб у Хўжайи Хизир бўлса ҳам барча орзуларингга эришиб бўлмайди, буни тушунаман.
Сайёр ака, агар мен бир думалаб Дев бўлиб қолсам ўшанда бу дунёнинг кўп ишларини ўзгартирган бўлардим, деб Сайёр аканинг юзига илтижо билан тикилдим.
Сайёр ака менинг гапларим ашаддий эканини кўриб ва бу гаплар орқасидан бирон иш чиқмаслигини, менинг бутун орзуларим рўёбга чиқмай мана шу машина кабинасида қолиб кетишини билган олмдай ички бир ачиниш билан менга термулиб қаради. Мен ҳам бирдан, нималар деяпман, бу орзуларни айтганда, айтмаганда нима фойда, деган маънода бирдан ичларим эзилиб маъюс ҳолда, мен бу дунёни ўзгартирмоқчи эдим, деб бир бармоғимни қаттиқ тишладим, кўзларимдан ёш чиқиб кетди.