Каримберди Тўрамурод. Ж.К. (ҳикоя)

1.
— Болалар, ҳеч қачон бировнинг устидан кулиш керак эмас. Бировнинг устидан кулган киши бир куни албатта худди шу нуқсон туфайли элга кулгу бўлади, — деди адабиёт фани ўқитувчимиз. — Бунга адабиётда, тарихда мисоллар жуда кўп. Аммо мен сизларга ўз ҳаётимдан бир мисол келтираман. Биласизлар, биз Жаласойга шаҳардан кўчиб келганмиз. Фарзандларим ҳаммаси буғдойранг, чиройли юзли эдилар. Келганимизда бизга қўшни бўлган Шодмон тоғанинг ҳамма болалари сап-сариқ, истарасизроқ болалар эди. Айниқса, юзи сариқдан ҳам қизилга яқинроқ бўлган, камига сепкил ҳам босган кенжа ўғли бизникидан чиқмас эди. Мен уни Маллавой деб чақирар, маллалигидан кулар эдим. Буни қарангки, орадан икки йил ўтиб, оиламизда ўғил туғилди. Ўғилки, маллаликда қўшнимиз Маллавой унинг олдида пича қорароқдай туюлади-да. Болалар, ўша ўғлим ҳозир бешинчи синфда ўқийди. Исми Фурқатжон, аммо ўзим ҳам охирги марта қачон Фурқатжон деб чақирганимни эслай олмайман. Ҳаммамиз уни Маллавой деб чақирамиз.
Биз ўшанда тўққизинчи синфда ўқирдик. Ўқитувчимизнинг ҳикояси менинг қаддимни бироз кўтариб қўйгандай бўлди. Сабаби, менинг ҳам рангим маллага мойил бўлиб, икки юзимга сепкил деганини Худо ҳеч аямасдан, сахийлик билан сочган эди. Бировларга аталиб қолиб кетганлариниям «Э, ол-е, қулим, бўлсанг сен бўл», деган бўлса керак, қулоқларимгача сепкил тошган эди. Синфдошларим «Патир» деб лақаб қўйишган эди. Биз томонларда оналаримиз патир ёпганда унинг юзига бирор бўш жой қолдирмай нонпар деган нарсани уришар, патир юзида нонпардаги михчаларнинг сон-саноқсиз изи қоларди. Мен синфдошларимдан кўпам хафа бўлмасдим. Чунки, аслида юзимдаги сепкил ҳар қандай патирдаги тешикчаларнинг сонидан мўл эди. Аммо ўқитувчимизнинг гапи менга мойдай ёқди. Дарҳақиқат, шундан кейин мени «Патир» деб чақиришлари камайди.
Қандай чиройли исмим бор-а? Ражабжон! Аммо бир қиз «Патир» лақабим ҳам бир ёқда қолиб, ундан ҳам ёмон ном билан атади. Энди бу бошқа мавзу. Энди бу алоҳида мавзу. Йўқ, энди бу асосий мавзу. Аслида сизга ана шу ҳақида айтиб бермоқчи эдим. Келинг, буни алоҳида боб қилиб айтиб бера қолай.
2.
Нимасини сўрайсиз, биз камбағалнинг ҳам кўнглимизнинг кўчасига ишқ оралади. «Тўққизинчи синфда-я», дея кулаяпсизми? Ўша вақтлар севги дарахти кечроқ гулларди-да. У ҳозир, сизнинг даврингизда тўртинчи синфдан бошланаяпти. Бизники тўққизда бошланган. Биз мактабда ўқиган пайти шуям анча барвақт ҳисобланар, қаттиқ таъқибга олинарди. У ҳозир, сизнинг даврингизда мактаб психологи кимни танлаб севишингизда ёрдам бериб юборади. Биз ўқиган даврда бирор ошиқнинг шўри қуриб, севгиси ошкор бўлиб қолса борми, Хуррам муаллим директорлик хонасига қамаб олиб, оғзи-бурнини қонга ботириб шундай дўппослардики, у ш´рлик оши³нинг қайтиб муҳаббат кўчасига қайрилишга юраги бетламасди. Мактабни битириб кетгандан кейин ҳам қизларга гапиришга қўрқиб юрарди. Чунки, биз Хуррам муаллимнинг «Мактабни битирганларингдан кейин ҳам беш йил менинг назоратимда бўласизлар», деган гапига чиппа-чин ишонар эдик-да.
Узр-а, сал чалғиб кетдим. Гап нима тўғрисида бораётганини эслатиб туринг-да, биродар!
Хуллас, бизнинг синф саккизинчи март байрамида саккизинчи синф қизлари билан беллашишди. Шу беллашувда саккизнинг қизларидан Сайёра дегани шеър айтиб, қўшиқ айтиб, менга «масофадан таъсир ўтказди». Пириллаб айланиб рақсга тушиб, бошимни гириллатиб айлантирди. Кўзимга оловдай кўринди шу қиз.
Наврўз байрамида ҳаммаси бошқатдан такрорланди. Энди бизникиларни енгган саккизнинг қизлари ўнинчи синф қизлари билан мусобақалашишди. «Ўткир зеҳнлилар мушоираси» деб аталган бу мусобақада ҳам Сайёра бор санъатини намойиш этди. Саккизинчи мартда кўзимдан кирган олов йигирма биринчи мартда юрагимга етиб борди ва уни куйдирди.
«Бек ошиқ».
Бу Абдулла Қодирийдан. Ҳар бир йигит ўзини бек дейди. Менам ўзимга нисбатан «Патир ошиқ» деёлмайман-ку?
Кейин таътилга чиқдик. Биринчи апрелдан ўқишга қайтдик ва апрел ойи тўлиқ Сайёранинг хаёли билан яшадим. Ана шунда мен шоир бўлдим. Умрим давомида кейин ҳам кўп шеър ёздим. Аммо бу шеърларнинг ҳаммасини йиғсам ўша бир ойда ёзганларимча чиқмас-ов. Тилимда айланиб қолган қўшиқни айтмайсизми:
Ишқим тушда ўн беш яшар санамга,
Ўтлар ўсмай томир отди танамга…
Билмайман ким ёзган, аммо худди мен учун ёзгандай эди. Барот ака деган ҳофиз ҳамма тўйда шу ашулани айтарди.
Барот аканиям яхши кўриб кетганман ўшанда.
Эҳ, бизнинг Сайёра ўн бешда эди-да ўшанда!
Бизнинг деган жойи сал ошиб кетди. Сайёра ҳали «бизнинг» эмасди. Бир ой «ҳижрон ўтида қувурилган» ошиқ, яъни мен ҳали Сайёрага бирор сўз айтганим йўқ эди. Айтишга юрак қаерда? Аммо шошилмасам бўлмас, ҳадемай ёзги таътил бошланиб қоларди.
Бахтимга ўша пайтлари «Ж.К» хизмати мактабда яхши йўлга қўйилган эди. Мен ҳам таваккал деб Сайёрага «Ж.К» жўнатдим:
«Сайёра! Сенда гапим бор эди. Кечқурун чиқасанми? Ражаб. Ж.К.»
Э, «Ж.К.» нималигини айтмадимми? «Ж.К» —  жаҳон кубоги эмас, «жавобини кутаман» сўзларининг бош ҳарфи. Биз хат ё мактуб демасдик, «Ж.К.» дердик. Муаллимлар билиб қолмасин, деб бутун мактаб шу кодлашга ўтиб олганди. Кейин, ўзим муаллим бўлиб боргач билдим, ҳамма муаллимлар «Ж.К.»ниям, бошқа «шифрлаш»ларимизниям, кимнинг кимга «Ж.К.» си борлигиниям билишаркан.
Ҳамманинг «Ж.К.» сини адашмай, қўлга тушмай эгаларига етказиб ном қозонган «почталён» бола бор эди. Исми Баҳодир. Мен ҳам «Ж.К.»имни Баҳодирга бериб, «манзил»ни айтдим.
— Зўрсан-ку, — деди Баҳодир «Ж.К.»имни пайпоғига қистириб. — Дидинг чаккимас.
— Ҳа, энди… ҳалиги…
— Қўрқма, «ес» қиламиз. Сен кўп уялаверма. Бўлади-да йигит кишида. Кутиб тур, «Ж.К.»сини олиб бераман. Аммо бир эрийсан. Мактабга келса битта музқаймоқ олиб берасан!
— Бўпти!
Нима бўлар экан, деб Баҳодирнинг орқасидан, ўзим ҳам пойлаб бордим. Худди хатимга жавобни бир дақиқадан сўнг олиб берадигандай. Баҳодир ҳам ўша синфда ўқирди. У синфда юрган баъзи ўқувчиларни чиқариб юборди ва Саёрага менинг қалб қушимни топширар экан, тантанали овозда деди:
— Ниҳоят сенинг ҳам бошингга бахт қуши қўнадиган бўлди. Ушлаб патини юл, токи учиб кетмасин. Мана сенга «Ж.К.»!
— Кимдан? — деди кўзлари яшнаб Сайёра.
Балки кўзлари ўшанда яшнамагандир, пирпирагандир, аммо менга яшнагандай туюлдувди. Ҳеч бўлмаса мен шундай бўлишини хоҳлаганман-да.
— Тўққиздаги Ражабдан.
— Чўтирданми?
Ана шунда Баҳодирнинг орқасидан пойлаб бориб хато қилганимни тушундим.
Ана шунда Сайёрадан хафа бўлдим.
Севганингнинг ҳақоратидан ортиқ хафа қиладиган нарса бормикан дунёда?
Ана шунда «патир»лигимдан илк марта жиддий хафа бўлдим. Э, …
Дарсларимни чала ташлаб, «Ж.К.»имнинг жавобини ҳам кутмасдан уйга кетиб қолдим. Ҳалиги сўздан кейин жавоб кутиш ҳеч қандай мантиққа сиғмасди-да.
— Ҳа, болам, тобинг бўлмадими? — мени хавотир билан кутиб олди энам. — Рангинг оқариб кетибдими?
— Нимага мени чўтир қилиб туққансиз? — бор аламимни энамга сочдим. — Чўтир деб устимдан кулишди.
Мен йиғлаб юбордим. «Чўтирлигидан шунча йиғлаяпти», деб ўйлаган бечора энам мени овутмоқчи бўлди:
— Нима бўпти чўтир бўлсанг? Худога шукур қил, чўтир бўлсангам қўтир эмассан!
— Э-э, …
Бориб юзларимни совунлаб, яримта ғиштни олиб ишқалаб-ишқалаб ювдим. Энам ярим коса қатиқ берди. У билан ҳам ювдим. Артиниб бўлиб ойнага қарасам, э, Худойим-ей, аввал кўринмай турган сепкилларим ҳам «Мана мен», деб яққол кўриниб турибди-да! Устига ғишт тирнаган излар қўшилганига нима дейсиз?
Ўзимдан аразладим, чўтир қилиб туққан энамдан аразладим, Сайёрадан аразладим. Ҳаммадан аразладим. Мол боқишга бормадим.
— Моллар очидан ўлди, болам. Бориб боқиб келмайсанми? Ҳамма жўраларинг молини ҳайдаб Найманнинг даштига кетди. Найманнинг бедасини ўришибди. Бедапояга кетишди. Тура қол сен ҳам.
Найман Сайёраларнинг қишлоғи. Баттар аччиғим чиқди.
— Бормайман Найманинг даштига! Молларингизниям боқмайман! Бўлдими? Ана, укам боқсин. Укамни оппоққина қилиб туққансиз-ку? Мен «Патир»! Мен Чўтир! Чў-тир, билдингизми?
Энам билмади. «Сен чўтир бўлсанг, молларнинг айби нима?» деб ўзича бир нарсаларни айтиб-айтиб молларни қозиғидан бўшатди. Арқонларини шохларига ўраб, молларни укамнинг олдига солиб берди.
Мен кечгача шоир айтганидек, «кўкрагимни захга бериб» ётдим. Унга атаб ёзган ҳамма шеърларимни олиб бориб тандирга тиқдим. Дунё кўзимга қоронғу кўриниб кетди. Ҳамма нарса кўзимга хунук кўриниб кетди. Мен ҳаммасидан воз кечдим. Муҳаббатимдан ҳам воз кечдим. Бечора муҳаббатим «туғилдию, шу он буғилди».
Аммо мен сал шошилибман, чоғи. Буни кечқурун билдим. Келинг, буни алоҳида боб қилиб айтиб берай.
3.
— Қаерга кетиб қолдинг, — ҳовлиқиб кириб келди Баҳодир. — Синфларингга борсам, кетиб қолди дейишди. Ааразладингми дарров жавоб ёзмаганига. Қиз боланинг нози бўлади-да, жўра. Хатингни олгандан жавоб ёзолмайди-да. Уялади. Ибо, ҳаё деган гаплар бор. Ғурур деган нарсалар бор. Шунинг учун «Ўлиб турган экан», демасин деб улар бирданига жавоб ёзолмайди. Сенинг «Ж.К.»ингни катта танаффусда берувдим, учинчи соатдан кейин. Сайёра бешинчи соатдан кейин «Ж.К.»ингга жавоб ёзиб берди. Мулоҳазали, оғир, босиқ қизлар-да бизнинг синфдаги қизлар, жўра. Бирданига жавоб ёзса нималарни ўйламайсан. Хуллас, ишлар беш. Ўқи, жавобини дарров ёзиб бер, менинг ишларим кўп. Ҳали Собирнинг «Ж.К.»синиям Мавлудага беролганим йўқ.
Мен шоша-пиша Сайёранинг «қалб элчисини» очдим. Кўзларим яшин тезлигида ҳарфларнинг устидан югуриб ўтди:
«Майли. Эртага энам ухлагандан кейин чиқаман. Сайёра. Ж.К.».
— Эҳ, Баҳодир, жўражон! Қиёматлик ошнам сенсан энди, жўра!
Мен Баҳодирни қучоқлаб кўтариб олиб, гириллатиб айлантирардим. Қийқирардим. Олам кўзимга чароғон ва гўзал кўринарди. Ҳамма нарса кўзимга яхши кўринарди.
— Бўлди-е! Тушир. Охири бирорта сенга ўхшаган телба ошиқ бўғиб ўлдириб қўяди мени, — деди Баҳодир буғилиб. — Ўпма-е! Мен сенга қиз боламанми? Тушир дедим-е!
Мен математика дафтаримнинг орқасидан бир варағини шартта йиртиб олиб, Сайёранинг «Ж.К.»сига «Ж.К.» ёздим:
«Энанг ухламасидан ҳовузларингнинг четидаги қайрағочнинг остида бўламан. Ражаб. Ж.К.»
Баҳодирни кузатиб чиқдим. Кўчамиз роса чиройли бўлиб кетибди. Қуёш ботай-ботай деб турибди. Каттакон қизил доирага ўхшаб тоғларнинг устига ёнбошлаб олибди. Кўзингниям олмайди. Уфқда қизғиш ранг ҳукмрон. Кўчани тўлдириб келаётган молларнинг туёқларидан кўтарилган чанг кичикроқ, лекин чўзинчоқ булутдай туриб қолган. На кўкка кўтарилиб кетади, на пастга тушади. Шимининг почаларини салкам тиззасигача шимариб олиб, яланг оёқ молларини ҳайдаб келаётган Абдукарим ашуласини ванг қўйган. Билмаган эканман, унинг дуппа-дуруст овози бор экан. Азим муаллимга айтиб, шу болани мактабнинг ансамблига олдириш керак экан.
Раббим чол чиқиб қўйларини бошқаларнинг қўйларидан ажратаётган ўғли Аҳадқулга ёрдамлашади. Қўзилари адашиб кетади.
— Чага, чага, чага, — дейди Раббим чол. — Кўк совлиқни узоқлатмай тур, боласи энасининг овозидан таниб келади.
Кўк совлиқнинг эгиз қўзилари энасини тополмай маъраб дунёни бузаман дейди. Тавба, қўзининг овози бунча ёқимли!
— Маъ-аъ-аъ-аъ- аъ, меъ-еъ-еъ-еъ…
Беш-олти қиз челакларини кўтариб, Тўхтамурод муаллимнинг уйи олдидаги водопроводга қараб боришаяпти. У ёқда ҳам шунча қиз йиғилиб олиб сув олаяпти. Велосипедли-ю, яёв болалар ҳам Тўхтамурод муаллимнинг уйи атрофида парвона. Нақадар гўзал қишлоғимнинг кечқуруни-а?!
— Ака, молларни боғлашиб юборинг, —  ҳаёлимни бўлади укамнинг овози. — Анови «Ола» ўлгур менга ҳеч ушлатмайди. Қочиб бориб елинини боласига тутгани-тутган.
«Ола»ни ўзим боғладим. Ундан гуп этиб пиёзнинг ҳиди келди.
—  Цой бобонинг ерига боқибсан-да?
— Зубай икковимиз шу ёққа борувдик. «Ола» билан «Қора» ни қайтариб удда қилолмадим. Ҳадеб пиёзга тушавериб гаранг қилди. Охири Цой бобонинг ўғли Гера келиб бизларни қувиб юборди.
Ишонасизми, ҳатто пиёзнинг ҳиди ҳам ҳозир ёқиб кетаётганди. Ўзи умримда пиёз ёмайман. Авваллари ҳидига тоқат қилолмасдим.
Эҳ, ҳаёт қандай гўзал!
Молларни боғлаб, яна кўчага чиқдим. Қуёш ботиб бўлибди. Янги ой шундай чўққининг тепасидан чиқибди. Унинг ёнгинасида биттагина юлдуз чарақлаб турибди. Худди расмларда чизилганидек.
Эҳ, ана шунда одамнинг куйлагиси, шеър ёзгиси келаркан!
Э, менинг шеърларим нима бўлди экан?!
Югуриб тандирхонага борсам, энам бир сават қилиб иссиқ нонларни эндигина тандир бошидан кўтариб келаяпти.
— Энажон, ҳалиги, тандирда қоғозлар… шеърларим…
— Зўр иш қилибсан-да, болам. Доим бир парча қоғоз тополмай қийналардим. Бугун қарасам бир гала қоғоз турибди. Ўтин ҳам дарров ёнди, тандир ҳам тез оқарди. Барака топ, болам. Яна шунақа қоғозларинг бўлса ҳар жойга ташламай бугунгидай қилиб тандирга тиқиб қўявер, болам!
— Эссизгина, — яримта нонни олиб тандир бошидаги косадаги сувга ботирдим. — Бир ой ёзган шеърларим эди-я? Энг зўр шеърлар эди. Биронтасини ёдлаб ҳам қўймаган эканман.
Ўша оқшом ухлай олмадим. Қачонгина тонг отаркан-у, эрта бўларкин-а? У ёққа ағдариламан, бу ёққа ағдариламан, ҳеч эрта бўлмайди-да. Унга нималар дейишимни, унинг нималар дейиши мумкинлигини ўйлай-ўйлай эрта бўлаёзганда ухлаб қолибман. Уйғонсам аллақачон эрта бўлган, мен бир умр орзиқиб кутган Кун бошланган эди. Бундай куннинг воқеаларини алоҳида боб қилмасак ўқувчиям кечирмайди-да.

4.
Уйғонганимда мен интиқ кутган Куннинг қуёши чиққан, энди бир бало қилиб шу қуёшни ботқизиб олиш керак эди. Эндигина уйқудан уйғонган Сайёранинг энаси ухлашини кутишим керак эди. Унгача ҳали нақд бир аср бор эди.
— Чой ичиб кетмайсанми, ҳеч бўлмаса бир пиёла сут ичиб кет!
Энам жавраб қолаверди. Мен мактабга шошилдим.
Эҳ, одамни учадиган қилиб яратмаган-да! Пастроқ бўлсаям учсак зўр бўларди-да! Бир пасда мактабга етиб борардим. Ҳа, майли учмасам ҳам учган одам қатори етиб бордим мактабга. Мактабимиз кўзимга жуда чиройли кўриниб кетди. Байрамона безатилибди. Тўғри, мактабни май ойидаги байрамлар учун безатишган. Аммо назаримда мактабни бугун мен учун безатишгандек эди-да.
Қанақа дарслар бўлди, олти соат мобайнида ким нима деди, бирортасини билмайман. Эсимда қолгани Сайёра бир тўп қизнинг ичида кулиб ўтиб кетгани бўлди.
Сайёранинг кулгусигаям гап йўқда!
Дарсдан кейин молларни боққани Найманнинг даштига олиб бордим. Аъзам бобонинг бедапоясидан Сайёраларнинг  томи кўриниб туради. Ҳар замон қараб-қараб қўяман. Худди Сайёра томларига чиқиб, менга қараб рўмолини силкитадигандек бўлаверади-да.
Ҳаётимда энг узоқ давом этган кун ҳам ниҳоят поёнига етди. Доим бирпасда шом тушиб қоларди. Бугун қуёш ҳам борадиган жойи йўқдек уфқдан бир терак бўйи баландда туриб олди. Ниҳоят, менинг тоқатимни тоқ қилганидан хижолат бўлиб қизариб уфққа бош қўйди.
Кечки овқатни егандан қозонга сув тўлдирдим. Ўчоққа тезак қаладим. Кўзим ачиб, пуфлаб-пуфлаб олов ёқдим. Ўчоқнинг орқасига ўтиб, иккита пишиқ ғиштнинг устида туриб чўмилиб олдим. Сочимни қатиқлаб ювдим. Артиниб-суртиниб, сочларимни тарадим. «Костровое масло» деган ёғдан сочимга бир кафт суртдим. Бирам ялтирайди-ей. Алишер бодиникидан ками қолмади. Юзимга, бўйнимга акамнинг «Тройной одекалон»идан сероб қилиб сепдим. «Толиб бўлиб кет-е», дедим ўзимга. Ўнинчидаги Толибнинг яқинига йўлаб бўлмайди, доим шунақа ислар гупиллаб туради ундан. Мактабдан келиб ечиб тахлаб, устидан кўрпача ва кўрпаларни бостириб кетган шимимни олиб кийдим. Оқ куйлагимни кийдим. Уни яна ечиб қора кўйлагимни кийдим. Оқ куйлак кечасига бўлмайди. Тез кўзга ташланади-да.
— Ҳа, ўғлим, ясан-тусан бошқача, — сўради отам.
— Наймандаги Икром жўрамникига бориб келмоқчийдим. Китобимни олувди.
— Ҳм-м, — деб қўйди отам.
Мен ростдан Икромникига бордим. У Сайёранинг қўшниси. Олдин Икромникига бормасдан тўғри Сайёраларникига бориб бўлмайди-да. Икром билан авваллари кўпам қалин эмасдик. Энди у билан муносабатларимни кескин яхшилашим талаб қилинарди. Икромнинг магнитофони бор эди. У яқинда урф бўлган ҳинд фильми «Бобби»даги ҳамма қўшиқларни ёзиб олган. Ўшаларни эшитиб ўтирдик. Икромнинг энаси ухлагач, Сайёранинг  ҳам энаси ухлагандир, деб секин кўчага чиқдик. Икром иккаламиз Сайёраларнинг уйи ортидаги ҳовуз бўйидаги қайрағоч остига бориб ўтириб олдик. Чорак соат чамаси ўтиб бир оқ кўйлак кўринди. Ана шунда юрак томоқда ҳам уриши мумкинлигини билдим. Ёмон қаттиқ урди лекин.
— Мен кетдим, кириб ўтарсан, — деб Икром шиппиллаб ғойиб бўлди.
Эҳ, ҳеч нарсани сўраманг, мен ҳеч нарсани айтмай. Мактабда кўрганим Сайёра Сайёра эмас экан. Ҳақиқий Сайёрани кечаси кўринг экан. Воҳ, унинг юзлари, воҳ, унинг ҳидлари… Сочларининг хушбўйлигиданми, масрурликданми, кўзим тиниб, ҳушимдан кетай дедим. Воҳ, унинг сўзлари, воҳ, унинг кулгулари…
Тўғри, биз ишқ-муҳаббат ҳақида гаплашганимиз йўқ. Шеъру ғазал ҳам ўқиганимиз йўқ. У дугоналари, улар кимни севиши ҳақида гапирди. Мен жўраларим кимни севиши ҳақида гапирдим. «Мени севасанми?» деб у сўрамади, «Сени севаман», деб мен айтмадим. Аммо умрида илк бор қиз боланинг қўлидан ушлаган, сочларини ҳидлаган йигитдан ҳам бахтли одам бўлармикан? Менимча йўқ. Сизнингчаям йўқ-ов?
Шодлигимдан Икромникига ҳам кирмай кетиб қолибман. Мен Сайёра билан хайрлашганимда Икром донг қотиб ухлаб ётган ҳам бўларди-да.
Мен деярли ҳар куни кечқурун Икромникига борадиган бўлдим. Энди менинг энг яқин дўстим Икром эди. Бирор кун бормай қолсам Икромнинг онаси «Ражабжон, кеча нега келмадинг?» деб сўрайдиган бўлди.
Биз энди Сайёра билан узоқ-узоқ суҳбатлашадиган бўлдик. Баъзан тонг отиб қоларди. Бир-иккита одамлар далага, ишга отланганини кўргач, «Энди хайрлашамиз, битта-яримта кўриб қолади», деб Сайёра дарчасига қараб кетар, мен эса дашт йўли билан уйимга йўл олар эдим. Баъзан отам уйғонган бўларди, мен уйга ўғри мушукка ўхшаб девор ошиб тушганимда. «Бир куни найманликлар ушлаб майиб қилмасайди сени», деди бир куни отам. «Оқпошшонинг замонида бошқа қишлоқнинг бир йигити Найманнинг бир қизига ошиқ бўлиб, кечалари учрашиб юрар экан. Ўша йигитни ушлаб олиб қозиққа ўтқазган экан шу найманликлар. Эҳтиёт бўл, ишқилиб, ўғлим».
Найманликлар мени қозиққа ўтқазишмади. Уриб майиб ҳам қилишмади. Мени Сайёранинг ўзи майиб қилди. Бир умр тузалмайдиган мажруҳ қилди.
Келинг, ҳаётимнинг энг маҳзун кунлари бўлган бу кунлар ҳақида алоҳида бобда айтиб бера қолай.
Олдиндан айтиб қўяй, менинг бу бахтсизликларимга сепкилим, қўполроқ қилиб айтсак, «Патир»лигим, унданам қўпол қилиб айтсак, «чўтир»лигим сабаб бўлган эмас. Мен энди «Патир» ҳам, «Чўтир» ҳам эмас эдим. Ишонасизми, юзимдаги беҳисоб сепкилларим ўнинчини битирадиган кунларимда ўз-ўзидан бирданига йўқолди. Бир дона сепкилим қолмади. Чиройли юзли, хушбичим йигитча бўлиб ўрта маълумотли бўлганим тўғрисидаги ҳужжатни қўлимга олганман.
Ҳаммасига сабаб бевафолик бўлди, бевафолик…

5.
Мен уни севгандим бир илк баҳорда,
У мени ташлади бўронда, қорда.
Ҳар яра соғайиб, унутиларда,
Соғаймас яраси илк муҳаббатнинг.

Ана шундай бўлди. Ана шу қўшиқ мен учун айтилди. Ана шу қўшиқ менинг қўшиғим бўлди.
Дарахтлар чамандай гуллаган гўзал баҳорда, май ойининг ўртасида илк бор учрашган эдик Сайёра билан. Қалбимга ҳам баҳор кириб келганди ўшанда. Ўша баҳор умримдаги энг гўзал баҳор бўлиб қолди.
Аммо орадан йигирма ой ўтиб умримдаги энг совуқ, энг хунук қиш фасли келди. Қор келди. Бўрон келди. Қалбимдаги муҳаббатни, гўзал ҳисларни супуриб-сидириб кетди шу бўрон.
«Ражаб, кечир, сени севолмадим. Сайёра». Ж.К. деган ҳарфлар йўқ эди илк бора Сайёрадан келган бу хатчада.
— Нимага? Мен… мен унга нима қилдим?
Мен шу сўзларни айтиб Баҳодирнинг ёқасидан чангаллаб силкитардим.
— Менга нима дейсан? Менинг айбим нима? Қўй, кийимимни йиртасан, — деди Баҳодир.
Мен унинг ёқасини қўйиб юбориб, қорга ўтириб оламан. Баҳодир ҳам ёнимга чўкади.
— Кечирасан, жўра, шунақа бўлиб қолди, — дейди Баҳодир айбдорона.
— Лекин нимага, нега унақа қилади? — дейман бир ҳовуч қорни олиб юзларимга ишқар эканман. Қорлар эриб кетади, аммо юзимнинг ловуллаши камаймади.
— Э, Ражаб, сен қизларни яхши билмайсан, — дейди Баҳодир қайсидир донишмандга ўхшаб муштини ияги остига тираб. — Улар сал кўринмай қолсанг бошқаси билан гаплашиб кетаверади. «Кўрса хумор» уларнинг бари. Меҳр кўзда деганлари рост. Кўзи кўзингга тушиб турса хўп-хўп. Сал узоқроқ кўрмай қолдими бас, ҳалиги гап. Бошимдан ўтди-ку, жўра. Азизам мени куйдириб, ўзларининг қишлоғидаги Салим қийшиқ билан бўлиб кетди. Буларнинг бари  бир гўр, жўра. Сенам  Тошкентга кетдинг. Ойда бир келасан. Бу ёқда Дўстмурод олғир илиб кетди Сайёрангни.
— Дўстмурод! Ўлдираман уни! — Ўрнимдан туриб кетдим.
— Шошма, — енгимга ёпишди Баҳодир худди Дўстмуродни мен ҳозироқ бориб ўлдириб қўядигандек. — Унга нима дейсан? «Танача кўз сузмаса буқача арқонни узармиди?» Пахтага борганимизда Сайёранинг ўзи Дўстмуродни учрашувга чақирди. Икки марта уларнинг учрашганини ўзим пойлаб кўрдим. Иккинчисида яқин бориб гапларини ҳам эшитдим. Э, нима десанг де, ўпишганиниям кўрдим. «Ҳа, энди Ражаб жўрам Сайёрадан ажралибди», дедим.
— Аниқ ўпишдими?
— Аниқ, жўра, аниқ. Нон урсин, рост. «Армияга бораман, келгунимча кутасанми?» деди Дўстмурод. «Сенсиз яшолмайман»,  деди Сайёра. «Уйингдагилар бошқага берамиз», дейишсачи?» деди Дўстмурод. «Бошқага теккунча ўзимни ўлдираман», деди Сайёра.
— Бас! —  бақириб юбордим мен. — Ахир булар ҳаммаси Сайёра менга айтган гаплар-ку?
— Билмайман, жўра, билмайман. Сенга айтганини мен эшитганим йўқ, аммо Дўстмуродга айтди, мана шу қулоқларим билан эшитдим, — Баҳодир икки қулоғини ушлаб кўрсатди.
— Бевафо!
Мен кетмоқчи бўлдим.
— Шошма, — менга эргашди Баҳодир ва ўзича менга таскин берган бўлди: — Бир ҳисобга яхши бўлди. У чиндан бевафо экан. Шу бевафолигини сенга теккандан кейин қилса нима қилардинг? Қайғурма, жўра, бевафодан қутулганингга шукур қил!
— Э, бор-е!
Мен уни силтаб ташлаб, Найманга қараб йўл олдим. Икромнинг синглисидан Сайёрани чақиртирдим. Сайёра келди.
— Шу… ростми?, — дедим титраб-қақшаб. — Баҳодир айтган гаплар ростми? Дўстмурод билан учрашиб юрганларинг ростми?
— Ҳа, ҳамма эшитганларинг рост, — деди Сайёра кўзимга тик қараб. — Мен сени севмайман. Ҳа, мен Дўстмуродни севаман. Ҳақиқий севги нималигини энди тушундим. Ҳақиқий муҳаббатимни энди топдим.
У кетди. Унга бир сўз айтолмадим. Нима дейишимни билмадим. Тўғри, кўп гаплар келди тилимга, аммо энди кеч, Сайёра кетиб бўлган эди.
Ҳаммасини Икромнинг онаси эшитиб турган экан. Келиб мени юпатган бўлди:
— Хафа бўлма, Ражабжон, сенинг қадрингни билмадими, бир куни кўзи кўр бўлади. Сенам бехотин қолиб кетмайсан. Сенга ўзим қизимни бераман. Қара, Шоҳидамнинг шу Сайёрадан қаери кам?
Ҳали олтинчида ўқийдиган Шоҳида онасидан хафа бўлиб, йиғламсираб ичкарига кириб кетди.
Мен Шоҳидани олмадим. Мени куйдирган Сайёранинг қишлоғидан хотин олармидим энди? Аммо Сайёра ҳам кўр бўлмади. Келинг, қолган гап-сўзларни битта боб қилиб, чўзилиб кетган ҳикоямизга ҳам нуқта қўяйлик.

6.
Хуллас, Икромнинг онаси қилган башорат тўғри чиқмади. «Менинг қадримни билмаган» Сайёранинг бир куни кўзлари кўр бўлмади. Лекин Сайёра ҳам адашган экан. Дўстмурод унинг ҳақиқий муҳаббати эмас экан. У ҳақиқий муҳаббатини топиш учун яна икки марта уриниб кўрди. Аммо барибир уринишлари зое кетди. Унинг ҳақиқий муҳаббатини ота-онаси топиб берди. Келган биринчи совчигаёқ хўп деб, унинг «оёқ-қўлларини боғлаб», ўзларининг узоқ бир қариндошларига бериб юборишди.
Менга, Дўстмуродга (балки кейингиларига ҳам) «Сенсиз яшолмайман», деган Сайёра тўрт қатор шеър айтишмаган одам билан ойдай яшаб кетди. Менга, Дўстмуродга (балки кейингиларига ҳам) ваъда қилгандек бошқага теккани учун ўзини ўлдирмади. Қайтанга унга оз эмас, кўп эмас, еттита бола туғиб берди.
Икромнинг онаси айтган битта башорат тўғри чиқди: мен бехотин қолиб кетмадим! Қўшнимизнинг қизи Адолатга уйландим. Бекорга бошқа қишлоқларга сарсон бўлиб кечалари қатнабман, бахтим ёнгинамда экан.
Хотиним рисоладагидек хотин. Уни севмайман десам унга жабр  қилган бўламан. Севаман десам бошқага. Аммо севги деганда  хаёлим ҳалиям Сайёрага кетиб қолаверади. Ҳо-ов, ўша майнинг гўзал бир оқшоми ёдга тушаверади-да. Биров дабдурустдан «севганинг ким?» деса ҳаёлимга Адолатдан олдин Сайёра келаверади-да.
Энди мен сизга асли ҳикоя бошида нимани айтиб бермоқчи бўлган бўлсам шуни айтиб бераман. Унга алоҳида боб шарт эмас.
Мени янги ўқув йилида бешинчи синфга раҳбар қилиб тайинлашди. Ўқиш бошланган куниёқ кириб ўқувчиларим билан танишдим. Ҳар бирини турғизиб, исми шарифини, кимнинг боласи эканини суриштирдим. Орқароқда ўтирган бола туриб исми шарифини айтди:
— Воҳидов Ражаб.
— Э, адаш эканмизда, Ражаббой, — деб унга яқинлашдим.
Адашимнинг малла юзи сепкилдор эди. Сепкилки, адоғи йўқ. Сепкилки, шувалгандай. Ўзимнинг ўқувчилигим эсимга тушиб кетди. Меники бунчалик эмас эди-ёв? Мен сал маллароқ эдим, бу бола қизғиш малла экан. Сепкиллари ҳам тўқ қўнғир рангда. Хуллас, менинг ўсмирлигимдаги «патир»лигим буникининг олдида ҳолва эди. Унга ҳазиллашгим келди:
— Сени мободо жўраларинг ҳазиллашиб «Патир» деб чақиришмайдими?
Ҳамма гуриллаб кулиб юборди. Кулгудан синфхона деразалари зириллаб кетди. Адашим ҳам қўшилиб куларди.
— «Чўтир» деб чақирамиз, — деди бир бола. — «Чўтир».
— Кимнинг ўғлисан? — сўрадим адашимдан.
— Дадамнинг оти Суннат, аямнинг оти Сайёра.
— Найманликмисан?
— Ҳа, найманликман.
— Ҳа, — ўйланиб қолдим мен. Ўйлаганларим тилимга чиқиб кетди:
— Худодан қайтибди-да. Аянг бир замонлар бети сал сепкил босган бир болани «Чўтир» деб хафа қилган эди. Кулгани учун ўзининг ўғли чўтир бўлиб қолибди. Бўлмаса аянг ҳам, даданг ҳам чўтир эмас.
Мен ўқитувчи столи ёнига келдим ва бир замонлар бизнинг устозимиз айтган гапларини ўқувчиларимга айтиб бера бошладим:
— Болалар, ҳеч қачон бировнинг устидан кулманглар. Бировнинг табиат берган нуқсонларидан, дарозлиги ёки паканалигидан, озғинлиги ёки семизлигидан кулманглар. Айниқса, айрим болаларнинг сепкил босган юзига ишора қилиб «Патир», «Чўтир» деб кулманглар. Ҳали синфдошингиз Ражабжон ҳам бир чиройли йигит бўлиб кетадики, ҳозир кулганлар тилини ташлаб қолади. Қайтганга ўзларининг ўғли ёки қизи  шунақа бўлиб туғилиши мумкин. Бунга адабиётда, тарихда мисоллар жуда кўп. Мен сизларга ҳаётдан бир мисол айтиб бераман…