“Биз унинг думини кесдик”.
“Кавсар” сурасидан
Ўн йилларча бурун Андижонда бир отахон билан танишиб қолгандим.
— Ота–онамнинг, укам ва сингилларимнинг қабрини зиёрат қилгани келганман, — деганди отахон намланган кўзини рўмолча билан артиб. — Қўрғонтепанинг Савай деган жойида қолишган улар.
— Ўзингиз водийликка ўхшамайсиз-а, ота? — дегандим мен у кишини гапга солиш учун.
— Йўқ, Қашқадарёданмиз, ўғлим, Касби деган жойни эшитган чиқарсиз, ана шу ёқданмиз, — деганди отахон. — Бу ёққа ўттиз еттида қулоқ қилинганмиз. Мен унда саккиз ёшда эдим. Шу Савайга бизнинг уруғдан эллик кишини сургун қилишганди. Тўрт-беш йилда шу келганлардан битта мен қолдим. Қирқ тўққизта бовурим Савайда ётибди, болам. Ҳар йил бир марта келаман, нима қилай? Дардимни эшитса тошлар эрийди, болам. Э-э, қайси бирини айтай…
1.
Ғуломнинг бири икки бўлмади бўлмади. Умри мулла Содиқнинг ерида чорикорлик билан ўтган отасининг ҳам бири икки бўлмай ўтди. Ўзига ўхшаган бир чорикорнинг қизига уйланган эди. Аёли шу Ғуломни туғди-ю, касалдан чиқмай ўлиб кетди. Отаси ҳам кейин кўпга бормади. Отасидан Ғуломга битта йиртиқ кўрпа, иккита кўрпача, иккита ёстиқ, битта пўстак, нурабгина турган бир уй, бир даҳлиз мерос қолди.
Ғулом “Менинг ҳам пешонамга хотин битганмикан?” деб нолиниб юрган кунларида бахтига босмачи дегани чиқиб қолди. Бир тўпи Ғуломнинг кулбасида икки кеча кундуз базм қургач, ўғирлаб келган аёлларидан бирини Ғуломга ташлаб кетди. Ана шу аёл билан умрини ўтказди Ғулом.
Ғуломнинг умиди шўролардан катта эди. “Босмачини тугатсак ер берамиз, ун берамиз, кийим берамиз”, деган эди шўролар.
Балони берди.
Босмачи ҳам йўқ бўлди, бой ҳам йўқ бўлди, нон ҳам йўқ бўлди. Қайтанга аввал яхши эди, бойнинг эшигига борсанг, бой бир нима берарди, очдан ўлмасдинг. Энди тиланиб борай десанг бой йўқ. Шўрога борсанг, шўронинг ўзи оч, иштони йиртиқ. Қизил байроғини кўтариб ашула айтгани ортиқча.
Очарчилик ҳам кулфат эканми? Орқасидан қимматчилик келди. Қимматчилик кулфат бўптими, орқасидан қаҳатчилик келди. Энди буни ҳозирги ўқувчига йўқчилик десак тушунар, еб бўладиган ҳеч нарса топилмайдиган замон десак тушунар.
Ана шу йўқчиликнинг уч йилида Ғуломнинг хотини дам олмасдан учта туғди. Камбағалнинг боласи ҳам кўп бўларкан-да. Камбағалга бола бергани бало бергани экан. Учаласи уч томондан энасининг сўлиб қолган эмчагини тортқилайди, кошки сут келса? Ўзи қуриб бораётган аёлнинг кўкрагига сут қаёқдан келсин?
Одамларнинг гуноҳи ортиб кетганмикан, Худоям ердан ҳам осмондан ҳам балоларни устма-уст ёғдирди ўша йиллари. Ана шу йўқчиликнинг устига, қаҳатчиликнинг устига қиш ҳам бирам қаттиқ келди-ей. Уйларни иситиб бўлмай қолди. Силласи қуриб кўчада қолиб кетган одамларнинг нечтаси совуқдан қотиб қолди, нечтасини ўша йиллари қишлоқда изғиб қолган бўрилар еб кетди.
Ана шу қишнинг қаттиғида Ғуломнинг “Чўммоқ” деган ити бешта туғди. Бостирманинг остида бир неча кун бағридан бўшатмаган кучукчалари оч қолиб ғингшийвергач, аввал келиб эгаларининг эшиги олдида бир-икки бефойдага ингиллаган “Чўммоқ” овқат қидириб ҳовлидан чиқиб кетди.
Жарга олиб бориб ташланган ўлиб қолган эшшакнинг гўштидан тўйиб еган “Чўммоқ” елини сутга тўлиб бостирманинг остига қайтганда бешала боласи ҳам тарашадек музлаб ётарди. Ит йиғласа ёмон йиғларкан. Осмонларга қараб йиғларкан. Увуллаб-увуллаб йиғларкан, кўзларидан ёшлари шувуллаб-шувуллаб йиғларкан…
Ув-вв… Ув-вв…
Аммо одам кўнган балоларга ит кўнмасинми? “Чўммоқ” бостирманинг остини тирнаб-тирнаб гўр ковлади. Бешта кучукчасини кўмди “Чўммоқ”.
Бостирманинг остидан чиқмай ётишни одат қилди “Чўммоқ”.
Ғуломнинг каттаси Сайдулла укасини етаклаб, ўйнагани бостирманинг остига келиб қолди. “Чўммоқ” билан ўйнагиси келди. Ака-ука уларга суйкалган “Чўммоқ” билан ўйнай-ўйнай Сайдулланинг кўзи тирсиллаб турган, сути оқиб турган “Чўммоқ”нинг елинига тушди. Сайдуллани очлик енгган эмасми, беихтиёр итнинг эмчагини оғзига солди. Иссиққина сутдан оғзи тўлди.
Оғзидан сутларни оқизиб-оқизиб, ютоқиб-ютоқиб итни эмаётган акасини кўрган Жўнайдулла ҳам шартта ётиб итнинг елинига ёпишди.
Сутга тўлган елинини бўшата олмай азоб еб ётган “Чўммоқ” бирам ҳузур қилди, бирам ҳузур қилди-ей. Сомоннинг устида чўзилган ит маза қилганидан ака-укалар қийналмасин дебми ёки ҳамма эмчакларини эмишини истабми кейинги ёғини кўтариб олди. Ака-укалар ҳам саккизта эмчакни бирин-кетин сўриб олишди.
Бўшаниб, жони ором олган “Чўммоқ” бир-икки соат мудраб олгач, ўзининг гарданига янги вазифа тушганини итларга хос зийраклик билан англади ва секингина судралиб жар томонга кетди…
Ака-укаларнинг қоринчалари губдукдай бўлиб тўйиб келиб, ухлаб қолганини кўрган Ҳалима аввалига ҳайрон бўлди. Бунинг болаларига бир бурда нон берадиган меҳрибони бўлмаса? Эрининг на оға-иниси бор, на бирор яқини. Ўзининг эса бу қора дарада танийдиган одами ҳам йўқ, элу-элати тоғнинг ортида, Бойсун ёқда қолиб кетган.
Эртасига барини билди Ҳалима. “Чўммоқ”нинг устига ётиб олиб уни эмиб ётган ўғилларини силталаб эрининг олдига олиб келди.
— Манов жувармакларингиз “Чўммоқ”ди эмиб жотибдийкан, — жавради Ҳалима. — Энди бағи нима бўлади?
— Нима бўлайди, ҳеч нима бўмайди, — деди Ғулом бамайлихотир. — Мен кеча кўрувдим буларинг “Чўммоқ”ди эмиб жотқанини. “Чўммоқ”қаям яхши, кучукчалари ўлиб, сути желинига сиғмай жотувди. Сени бачаларинггаям яхши. Эмиб келавурсин-да. Ё сен ўзинг эмизисанма? Сенда сут борма?
— Жегани нон жўқ бўса сут қаердан бўсин?
— Ҳа, баракалла, бўмаса жағурма. Иннама, эмиб журавурсин. Қайтамға, кичканангдиям обориб қўй, “Чўммоқ”ди сути учовигаям жетади.
— Эшитган нима дейди?
— Сен чиқиб битта-яримтага айтмасанг ҳеч ким эшитмайди.
Эртасига “Чўммоқ”нинг устида учта “асранди” бола ўйнар, учаласининг қорни ҳам “янги она”ларининг сути билан тўқ эди…
Қишлоқда сир ётадими? Қишлоқда гап ётадими?
Уч кунда Ғуломнинг болалари итни эмаётгани ҳаммага ошкор бўлди.
— Ҳа, рост, нима дейсилар? — деди Ғулом таъна қилганларга. — Бирортанг очдан ўлаётган бачаларимга сут тугул битта кулча бероласанма?
Таъна қилаётганлар бутига қаради.
— Ана шундай, — деди Ғулом. — Шундай бўғаннан кетин пилдир-пис. Итти эмган мени бачаларим, бошқаларди мен минам иши бўмасин!
Ҳақиқатдан ҳеч кимнинг иши бўлмади Ғуломнинг болалари билан.
Кейинги сафар олтита туққан “Чўммоқ”нинг болалари бир кунда ғойиб бўлди. “Чўммоқ” Ғуломдан шубҳа қилармиди? “Чўммоқ” Ғуломга “Болаларимни топиб бер”, дермиди? Бунинг ўрнига индамайгина ўз болалари ўрнига Ғуломнинг болаларини эмизаверди…
“Итнинг сутини ичган бақувват бўлади”, деганлари унчалик тўғри чиқмади. Тўғри, Сайдулла бақувват бўлиб ўсди. Балки бу унинг “Чўммоқ”ни уч йилдан ортиқ эмганидан бўлса керак. Аммо унинг укаси ҳам, синглиси ҳам мактаб ёшига етмай ўлиб кетишди. Кейинроқ сил касалдан онаси, сал ўтиб ичтерлатмадан отаси ҳам ўлиб кетди. Аммо бу вақтда Сайдулланинг суяги қотиб қолган эди.
Сайдулла қаҳрли бўлиб улғайди. У кўпам бошқа болаларга қўшилиб ўйнайвермас, ўйнаса ҳам албатта ўйинни у бузарди. Кучли бўлганидан унча-мунча болани менсимас, ўнг келиб қолганини уриб, оғзи-бурнини қон қиларди. Аламзада болалар эса сал нарироққа қочиб бориб, алмини гап билан олишарди:
— Ўғри-ўғри ўммоқ, бозордаги чўммоқ!
Бу гапдан безор бўлган Сайдулла “Чўммоқ”ни уриб ўлдирди ва жарга олиб бориб ташлади.
“Сайдулла модаркуш бўлди”, деган гап чиқди қишлоқда. “Эмизган она ҳам она ўрнида бўлади. Сайдулла ўз онасини ўлдирди”, деди одамлар.
Орқаворотдан Сайдулланинг оти Сайдулла чўммоқ бўлди. Одамлар ўзаро гаплашганда биров Сайдулла деса то Сайдулла чўммоқ демагунча бошқаси “Қайси Сайдулла?” деб туриб оладиган бўлди.
Ота-онасиз катта бўлган Сайдулла, эмизган “онаси”ни ҳам ўлдирган Сайдулла, таънаю маломатлар билан катта бўлган Сайдулла ўзини камситган қишлоқдошларидан бир куни тўйиб-тўйиб аламини олади. Уни камситган камситмагандан бараварига аламини олади. У ҳали қишлоқдошларининг бошига кўп шўришларни солади, кўп ғавғоларни солади, кўп кулфатларни солади. Аммо бунга ҳали вақт керак. Ҳали ўттиз еттинчи йил келиши керак. Унгача шаҳарга, интернатга кетган Сайдулла, “ўқиб, одам бўлиб” келиши, ҳукуматга яқин одам бўлиб келиши, ҳукуматнинг одами бўлиб келиши керак…
2.
Мулла Содиқ ҳожи бобонинг шажараси пайғамбаримиз Муҳаммад алайҳиссаломга бориб тақалади. Бобокалонлари Мадинада пайғамбарзодаларга зулм кучайган йиллари шу Касбига келиб қолишган экан. Отаси раҳматли Қуръон ҳофизи эди. Ҳожи бобонинг ўзи ҳам Қуръонни жуда гўзал овозда тиловат қилар, бутун қишлоққа илм ўргатишдан чарчамас, қишлоқдаги саводхон одамнинг бари шу зотдан сабоқ олишган эди.
Мулла Содиқ ҳожи бобони ҳамма эъзозлаб “Ҳожи тўрам” деб атарди. Тўрамнинг давлатлари беҳисоб эди. Ерлари бисёр эди. Қир-адирларда йилқиси, чорваси, отарлари ўтлаб, ўзидан кўпайиб юрар эди. Чорвасига қараган чўпонлари ҳам унча-мунча бойдан кам эмас эди. Ерларида ишлаган чорикорлари ҳам тўқ эди. Сабаби тўрамнинг қўллари очиқ, кўзлари тўқ зот эди. Тўрам мудом етим-есирнинг бошини силаганидан давлати зиёда бўлиб борар эди. Тўрамнинг уйи олдида ҳар тонг ҳеч бўлмаганда йигирма киши тизилиб турарди. Бобдод намозини ўқиб қайтган тўрам ҳар бирларининг арзини эшитиб, нимага муҳтожлигини билиб, уларнинг муродини ҳосил қилиб юборар эди. Тўрамнинг эшигига кўз тутиб келувчилар орасида Қашқадарёнинг энг чекка қишлоқларидан келган, ҳатто Душанбадан келган муҳтожларни ҳам кўриш мумкин бўларди.
Касбининг қиши қаттиқ бўлади. Ҳожи тўрам ҳар йили қиш келиши олдидан қишлоқдошларини йиғиб, уст-боши юпунроқларга юзта чопон, юзта телпак, юз жуфт калиш-маҳси, эҳтиёжмандларга кўрпалар ҳам улашар эди.
Ҳожи тўрам Рамазоннинг ўттиз кунида ўттиз қўйни сўйиб, ҳар куни мискинларга ифтор қилиб берарди.
Хулласи калом, қишлоқда Ҳожи тўрамнинг қозонидан насиба емаган одам йўқ эди. Одамларнинг Ҳожи тўрамга ихлоси ҳам, эътиқоди ҳам, ҳурмати ҳам беқиёс эди.
Шўро келиб ҳаммасининг оёғи осмондан бўлди. Шўро деганлари Ҳожи тўрамнинг мол-давлатини уч ой деганда ташиб бўлди. Шўро бу мол-мулкни қаерга ташиди, Аллоҳгагина аён. Аммо Ҳожи тўрамнинг на чорваси қолди, на ери. На мол-мулки қолди, на боғи роғи-ю, на боғ ҳовлиси. Хотин, бола-чақаси яшаши учун етарли деб топилган биргина ичкари-ташқарили ҳовли, миниб юриши учун бир оти, соғиб сутини ичиб туришлари учун бир она-бола сигирлари қолдирилди.
Ҳожи тўрамнинг катта ўғли исён қилмоқчи эди, уни тўрам тўхтатди.
— Саййид Олимхон ҳазратимиз Бухорони ташлаб кетаётганида унга таъзим қилиш ўрнига уни масхара қилган бир дарвеш Бухорога кириб келган шўроларга сажда қилгудек таъзим қилиб, салом берибди, ўғлим, — деди доимгидек ривоят билан гапирадиган Ҳожи тўрам ўғлига. — Одамлар уни “Амиримизга салом бермаган, таъзим қилмаган эдинг, нега ўрисларга икки букилиб таъзим қилдинг, Оллоҳнинг саломини зое қилиб, кофирга салом бердинг?” деб маломат қилишганда дарвеш нима деб жавоб берибди дегин? “Ўрисинг билан нима ишим бор, кофиринг билан нима дардим бор? Каттаси минган отнинг жиловидан Баҳовуддин Балогардон тутиб келаётган эдилар, мен пиримизга салом бердим, ўша кишига таъзим қилдим, нодонлар”, деган экан. Бу ишларнинг ҳаммаси Аллоҳ таолонинг изни, иродаси билан бўлаяпти, ўғлим, “Сабр керак балосиға, ризо керак қазосиға”, деганлар, сабр қилинглар.
Ана шунинг учун амирзодалар, бекзодалар, бойзодалар келиб Ҳожи тўрамнинг ўғилларини ҳам ўз сафларига қўшилишга даъват қилишганда тўрамнинг ўғиллари “Бу ишга отамиз изн бермайдилар”, деб рад қилдилар. Босмачи бўлмадилар. Шўронинг ғаними деб ҳисобланиб, шўродан зулм кўрган тўразодалар босмачи бўлмай босмачига ҳам ғаним бўлдилар. Босмачилардан ҳам маломат эшитдилар.
Ҳожи тўрам ҳайдаб кетилаётган мол-қўйларига, отларига қайрилиб қарамади. Араваларга юклаб кетилаётган озиқ-овқат, кийим-кечак, матоларга ачиниб қарамади. Ўзи Қуръон мутолаа қилиб ўтирадиган хонасидан чиқмади. Шу хонадаги юзлаб китобларга шўро тегмаганига шукур қилди. Шўрога у пайтда китоб керак эмас эди.
Ҳожи тўрамнинг бошига шу китоблар боис кулфатлар тушишига анча бор эди. Унгача шўро оёққа туриб олиши, юртдан иймон, эътиқод кўтарилиб кетиши учун, исломобод бўлган юртимиз фарзандлари шўро истаганидек, кофирларнинг ашуласига йўрғалайдиган бўлиши учун ана шу китобларни ҳам, ана шу китобларни ўқиб тушунадиган одамларни ҳам йўқотиш кераклигини тушуниб етиши керак эди…
3.
Ана шу кунлар етиб келди.
Бир умр кети иштонга ёлчимаганлар “Галифе” шим кийдилар. Чарм камзул кийдилар. Чарм камзул устидан чарм камар тақдилар. Чарм камарга тўппонча тақдилар. Ана энди уларнинг айтгани айтган бўлди, дегани деган бўлди.
Қашшоқдан чиққан бу “авлиё”лардан маънили гап чиқармиди? Мантиқли сўз чиқармиди? Маъни қаердан олинади?
Маъни Қуръондан олинади. Маъни Ҳадисдан олинади. Маъни уламонинг суҳбатидан олинади.
Шўро амал берган қайси камбағалзода китоб кўрган? Қуръонни қўйинг, Ҳадисни қўйинг, Ҳофизни ўқибдими улар? Бедилни ё Мавлоно Румийни ўқибдими улар? Навоийни танибдими улар? Жомийни танибдими? Яссавийдан бир ҳикмат эшитгани бормиди уларнинг орасида? Уламолар хизматида-ку бўлмаган, уламонинг суҳбатини олгани бормиди уларнинг ичида?
Уларга болшавой Қуръон бўлди, болшавой Ҳадис бўлди. Болшавой олими бўлди, болшавой раҳнамоси бўлди. Болшавой уларнинг Худоси бўлди.
Касбига ҳам раҳнамо бўлиб болшавой келди. Жўрттага қилгандай шу болшавойнинг фамилияси Чумаков бўлди. Унинг ёнида эртаю кеч Сайдулла юрди. Энди Сайдулла Чумаковнинг ёрдамчиси бўлди. Энди Сайдулла Чумаковнинг югурдаги бўлди. Энди Сайдулланинг фамилияси Чўммоқов бўлди. Халқ Сайдуллани Чумаковга ўхшаб Сайдулла Гулямович демади Сайдулла чўммоқ деди, Сайдулла Чўммоқов деди.
Орқаваротдан айтилган бўлса-да, бу гапларни Сайдулла эшитмасмиди? Эшитганда қандоқ?
Сайдулла чўммоқ аламини каттаю кичикдан, аёлу эркакдан, очу тўқдан баравар олди.
— Ҳамманинг онгини мана шу Ҳожи бузади, — деди Сайдулла чўммоқ Ҳожи тўрамни Чумаковга кўрсатиб. — Уйида сиз айтган, “фуқароларнинг онгини заҳарлайдиган” китоблар тиқилиб ётибди.
Бир арава қилиб олиб кетишди китобларни. Ҳожи тўрам ўғилларини оғир бўлишга чақирди.
— Қуръон китобларни олиб кетишди деб ўкинманглар. Кўпга келган тўй. Бухорода Пурунза китобларни ёққанда ўн кун Қуръон ёнган, Қуръонни оловдан оламан деб бир неча киши Қуръонга қўшилиб ёниб кетган экан. Сизлар ақл билан иш қилинглар, болаларим. Қуръон кетгани йўқ, китоб кетди. Қуръон менда, сизларда қолди-ку? Қуръон қалбимизда, болаларим. Худога шукур, кофирлар китобни биздан олгунча мен уни ёдлашга улгурдим. Худо хоҳласа, сизлар ҳам ёдлаб оласизлар. Ана шунда ҳеч ким сизлардан Қуръонни ололмайди. Қуръон соғ-саломат авлодларимизга етиб боради, иншооллоҳ!
Шўрога мол-мулкини топшириб қутулмади Ҳожи тўрам, қўша-қўша ҳовли-жойларини топшириб қутулмади Ҳожи тўрам. Боғ-роғларни топшириб қутулмади Ҳожи тўрам, кийим-кечагини топшириб қутулмади Ҳожи тўрам. Қуръонларини топшириб қутулмади Ҳожи тўрам, Ҳадисларини топшириб қутулмади Ҳожи тўрам.
— Қулоқ қилишни мана шу Ҳожидан бошлаймиз, — деди Сайдулла чўммоқ. — Менинг отам, менинг отам-а, мана шу бойнинг қўлида чорикор бўлиб ўлиб кетди. Аввал мана шу бойни қулоқ қиламиз.
— Сайдулла Гулямович, у шўрога куп нарса берган, ўзида ҳеч нима олиб қолмаган, ўз ихтиёри билан берган, балки қулоқ қилмасмиз? — деди ўрис бўлса ҳам, кофир бўлса ҳам Чумаков.
— Агар мана шу бойни биринчи бўлиб қулоқ қилмасангиз, тегишли жойга бориб шикоят қиламан!
Чумаков “тегишли жой”дан қўрқар экан, рози бўлди.
Етмишдан ошиб қолган Ҳожи тўрам билан эл “ояжон” деб эъзозлайдиган тўрамнинг кампири невараларини бағрига босиб, бир от аравага чиқди. Ҳожи тўрамнинг барча ўғил-қизлари, Ҳожи тўрамнинг қарамоғида бўлган синглиси ва унинг болалари, Ҳожи тўрамнинг аммасидан қолган етимлари, жами бўлиб эллик киши кўч-кўронини араваларга ортиб карвон бўлди.
Карвонга Андижоннинг Савай деган жойига жўнашга фармон бўлди. Эл Ҳожи тўрам ва у кишининг аҳли байти билан йиғлаб хўшлашди. Юзлаб камбағаллар ўзи бадарға бўлиб кетаётган, ўзи беватан бўлиб кетаётган, ўзи ҳимояга, мададга муҳтож бўлиб кетаётган Ҳожи тўрамдан дуо сўради.
— Яхши боринг, Ҳожи тўрам!
— Аллоҳ паноҳида асрасин сизни, Ҳожи тўрам!
— Дуо қилинг, Ҳожи тўрам!
— Боламнинг оғзига биттагина туфлаб кетинг, Ҳожи тўрам, болам дуонгизни олиб қолсин!
— Бизлардан рози бўлинг, Ҳожи тўрам!
Аёллар оямиздан розичилик сўраб фарёд урдилар.
— Мен барчангиздан розиман, сизлар ҳам рози бўлинглар, — деди аравада мағрур ўтирган Ҳожи тўрам. — Қайтиб кўришмасак керак. Бизларни унутманглар! Ҳар Рамазонда орқамиздан дуойи фотиҳа қилиб турсангизлар бас. Сизлардан бошқа нарса умид қилмайман. Сайдуллани қарғанг дедиларинг, мен Сайдуллани қарғамайман. Отаси тузимни еган, хизматимни қилган, жойи жаннатда бўлсин! Мен Сайдуллани дуо қиламан: Аллоҳ таоло, унга жудаям узоқ умр берсин! Ҳаммангдан узоқ умр кўрсин Сайдулла! Аллоҳ унинг нияти, амалига яраша берадиганларининг ҳаммасини кўрсин Сайдулла! Алвидо, қибладошларим! Омин, Аллоҳу акбар!
Эл беш-олти чақирим ерга карвонга эргашиб борди. Сайдулла чўммоқнинг одамлари уларни уриб-сўкиб қайтармаганда Самарқандгача бирга борсалар ҳам ажаб эмас эди.
4.
Савай деган жойнинг ўша пайтдаги таърифини ёзсак бугунги савайликлар ёқамиздан олмаса кошкийди.
Савай дегани Аллоҳ таолонинг бандаларига ер юзида тайёрлаб қўйган бир дўзахи экан. Чор томон ботқоқлик, чакалакзор жойлар. Одам кечаси тугул кундузи бу ерларда юришга юраги бетламайди. Бўрилар, қашқирлар куппа-кундази гала-гала бўлиб юришади. Турли жойлардан қулоқ бўлиб келган одамларнинг бари ғамбода, бари маъюс. Бариси ўтмишда бой бўлган, зиёли бўлган, мулла бўлган, саййид бўлган, илму маърифат тарқатган, маданият тарқатган бу одамларга одамдай яшашлари учун энг бўлмағур шароит ҳам йўқ эди Савайда.
Экскаватор узун бир ариқни кавлаганини тасаввур қила оларсиз? Ана шу ариқнинг устини шох-шабба билан ёпиб, унинг устидан чим босиб, қор-ёмғирдан пана қилиб олган одамлар ана шу ариқнинг ичида яшашларини-чи? Ўлай агар тасаввур қилолмайсиз. Аммо одамлар ўша шароитда, ўша ариқнинг ичида яшашга, итдан-да хор бўлиб яшашга маҳкум этилган эдилар. Нафақат яшашга, яна шу шароитда оғир, машаққатли, азобли меҳнат қилишга ҳам маҳкум этилган эдилар.
Савайда бир пашша бўлар экан, устма-уст икки марта чақса одамни ўлдираркан. Борганларига бир ҳафта бўлмай ана шу пашшалар чаққан икки гўдакни ерга қўйишди. Ер деганимиз ер бўлса экан? Бу ерда гўр кавлаб бўлмас эди. Гўр кавласанг кавланган жойдан сув чиқиб кетар эди. Сувки шўр, сувки қўланса. Тавба, шундай жойлар ҳам бўлар экан-да? Ўликларни баландроқ бир ерга қўйиб, устини тош-пошлар билан беркитиб, кейин тупроқ билан кўмишарди. Бўри ва қашқирлар шу қабрларни ҳам титкилаб, ўликларни еб кетган вақтлар ҳам бўлди.
Одамлар ариқдаги лойқа сувдан ичишга мажбур бўлдилар. Сувни идишларга олиб тиндириб қўядилар, кейин ичадилар. Қани у сув тинган билан таъм кирса, шўри кетса? Қайнатиб-қайнатиб ичасан, чанқоғинг ошса ошади, босилмайди.
Чўмилиш йўқ, кир ювиш йўқ. Бу сувларга кир ювсанг, ювган кийиминг олдингидан баттар бўлади.
Бу жойларда катталардан энг аввал Ҳожи тўрамнинг аёли жон таслим қилди.
— Тўрам, сабрнинг ҳам чеки бўлади, болаларимизнинг бари қирилиб кетмасдан бу ерлардан кетинг, — бўлди момомизнинг сўнгги гапи.
Аммо кетишга илож қани? Савайдан чиқиб бўладими? Чор тараф қўриқчи, чор тараф айғоқчи. Қоровуллар итлари билан ҳар куни айланиб юрса, ҳар куни уч маҳал рўйхат олса, бу ерлардан чиқиб кетиб бўладими?
Ҳожи тўрам кетди. Аммо бошқа ерга эмас, кампирининг ёнига кетди.
— Нима бўлса Аллоҳдан, тақдиримиз шу экан-да, — деди Ҳожи тўрам охирги нафасларида. — Наҳотки Мадинада бошланган шажарам Савайда барҳам топса? Ундай бўлмас? Аллоҳ меҳрибон…
Қишдан сийраклашиб чиққан касбиликларнинг катта қисмини баҳорда бошланган безгак олиб кетди.
“Ўн кишигина қолдик, бу ерда ҳаммамиз қирилиб кетамиз”, деб бош кўтарган Ҳожи тўрамнинг катта ўғлини миршаблар уриб ўлдириб қўйди.
Ҳожи тўрамнинг кичкина ўғли “кузга бориб қайтамиз”, деган гапни топиб келди, аммо кузга етмай уруш бошланиб кетди. Савайдаги қўлига қурол ушлай оладиган эркак зотини урушнинг бошидаёқ фронтга жўнатишди. Ҳожи тўрамнинг кичкина ўғлидан шу кетган куйи на хат келди, на хабар.
Болалар кўп ўлди ва тез ўлди. Қизамиқдан ҳам ўлиб қолаверди, сариқдан ҳам ўлиб қолаверди. Ҳожи тўрамнинг кичик келини билиб қолдики, духтурга олиб борилган бола омон қолмаяпти. Духтур ҳам ўзларига ўхшаб қулоқ қилиниб келтирилган киши бўлгани учун Ҳожи тўрамнинг жияни Абдулла кечаси ухлаб ётган ерида духтурни таппа босди ва бўғзига пичоқ тираб, дангал ҳақиқатни айтишини талаб қилди.
— Болаларингизни менинг қабулимга олиб келмангизлар, — деди духтур. — Касал бўлган ҳар қандай кишига мана бу дорини беришимни буюришган.
Духтур бир қутидаги дориларни кўрсатди.
— Бу қандай дори? — сўради Абдулла.
— Ичган одамнинг ички аъзоларини ҳилвиратиб ташлайди. Ичган одам уч кунга бормайди.
— Сен ҳам ўзимиз қатори келганлардансан-ку? Сен ҳам мусулмонсан-ку? — кўзлари ёниб кетди Абдулланинг.
— Бошимда назорат қилиб ўтиришади-ку? Мен шу дорини бермасам ўзимни ўлдиришади.
— Барибир ўласан, ифлос!
Абдулла ҳалиги дорилардан бир ҳовучини духтурга мажбурлаб едирди.
Эртасига кечқурун духтур ҳам гуноҳини кўпайтиришдан халос бўлди.
Савайдаги воқеа-ҳодисаларнинг, мусофирлар бошига солинган азоб-уқубат, қийноқларнинг таърифи бу ҳикоямизга сиғмайди. Бир сўз билан хулосаланамизки, тўрт йилдан сўнг Савайда қулоқ қилиниб, ҳайдаб келтирилган Ҳожи тўрамнинг уруғ-аймоғидан эндигина ўн иккига кирган биргина невараси Абдулқодир қолди.
→→→
Кечаси Абдулқодирни қаршилик бир мусофир киши уйғотди.
— “Етти қароқчи”ни кўраяпсанми? Ана шу “Етти қароқчи”га қараб тўғри кетаверсанг, ўн икки чақирим ерда истанса бор. Саҳаргача улгурсанг, саҳарда ўзимиз томонга юрадиган поезд ана шу истансада бир тўхтаб ўтади, — деди ҳалиги киши. — Ҳожи тўрамнинг уруғидан битта сен қолдинг, болам. Тўрамнинг уруғи қирилиб кетмасин! Сен қоч, болам, энди сени булар кўпам қувиб юрмаса керак. Қаршида тушсанг у ёғини бир илож қилиб топиб борарсан.
Абдулқодир “Етти қароқчи”ни кўздан қочирмай тўхтовсиз югурди. Ботқоққа ботиб қолган чориғини ҳам тортиб олиб ўтирмади. Юз-кўзларини чакалакдаги қамишлар тилиб, қонаб кетганларига ҳам парво қилмади. Шох-шаббалар иштонини, куйлаги этагини йиртиб юборганини ҳам сезмади. Абдулқодир чопаверди-чопаверди. Чарчаб йиқилиб тушса ҳам туриб чопаверди, силласи қуриб, боши айланиб кетса ҳам чопаверди. Аммо “бир тўхтаб ўтадиган поезд”га тирмашиб чиқиб олди.
Яхши одамлар ҳам бор бу ғаддор дунёда.
Тамбурда беҳуш ётган Абдулқодирни кўрган вагон кузатувчиси уни кўтариб хонасига олиб кирди. Уни бир амаллаб ўзига келтирди. Силласи қуриганини билиб, аввал озроқ шакар чой, кейин ивитилган нон берди. Абдулқодир сал ўзига келгач, олиб бориб тилиниб, қонаган юзларини, қорайиб, ёрилиб кетган қўлларини совунлаб ювиб келди. Ярим коса аталани ичгач, Абдулқодир пишиллаб ухлаб қолди.
Абдулқодир уйғонгач, Машраб ака унинг қаерга боришини сўради.
— Билмайман, — деди Абдулқодир. — Мен Ҳожи тўрамнинг неварасиман.
— Бобонгни танимас эканман, — деди Машраб ака.
— Бобомни ҳамма танийди, ҳамма ҳурмат қилади, — деди Абдулқодир.
— У киши ҳозир қаерда? — сўради Машраб ака.
— Савайда, — деди Абдулқодир хавотир аралаш. — У киши… ўлган.
— Ҳаммаси тушунарли, — деди ўйланиб қолган Машраб ака. — Бир ўзинг қочиб чиқдингми? Отанг, онанг йўқми?
— Ҳаммалари ўлишди, — хомуш бўлди Абдулқодир.
— Аввал қаерда яшардинглар?
— Хўжақишлоқда.
— Ҳм-м, шундай дегин. Хўжақишлоқ, Хўжақишлоқ, бу қайси Хўжақишлоқ бўлса экан? Атрофдаги қишлоқларнинг ҳам номи эсингдами?
— Минг, Катта минг, Равот, …
— Бўлди, бўлди, — деди Машраб ака. — Қаерданлигингни билдим. Мен билан охиригача борасан. У ёғини кўрсатиб юбораман. Аммо қаердан чиққанингни, кимнинг невараси эканингни бировга зинҳор айта кўрма, айтсанг икковимизга ҳам ёмон бўлади, тушундингми?
— Тушундим.
Машраб ака Қаршига етиб келганларидан сўнг Абдулқодирни уйига олиб келди. Бир-икки кун уйида сақлаб, Абдулқодир ўзига келишини кутди. Ўғлининг эски кийимларини кийдириб, белига битта кулчани тугиб бериб, вокзалга Касбидан от араваларда юк олиб келганларнинг аравасига миндириб юборди.
Аравакаш Хўжақишлоқдан анча олисда тураркан, аммо Ҳожи тўрамнинг тузини еганлардан экан. Буларнинг бошига тушган кунларни Абдулқодирдан эшитиб, йўл бўйи йиғлаб кетди бечора. Йўлда Абдулқодирни овқатлантириб ҳам олди. Аравакаш отини тўғри Хўжақишлоққа ҳайдади.
Қишлоққа шом маҳали етиб келдилар. Бирпасда эл-улус йиғилди. Абдулқодирни аравадан кўтариб туширган одамлар уни қўлма-қўл қилишиб, тавоф қилишарди.
— Ҳожи тўрамдан қолган ёдгоримиз, хуш келибсиз!
— Ҳожи тўрамнинг насли, жонимиз сизга фидо бўлсин!
Абдулқодирнинг келиши қишлоқда байрам бўлиб кетди. Абдулқодир нимага халқ бунча суюнаётганининг сабабини тушунмас, зеро у Сайдулла чўммоқнинг “Ҳожи тўраларингнинг уруғи қуриди, битта қолмай қирилиб кетди”, деб гап тарқатганини, Шаҳрисабздан келган, Савайда бўлган бир кишининг ҳам бу гапларни тасдиқлаганини, эл Ҳожи тўрам учун қирқ кун мотам тутганини, Ҳожи тўрамнинг уруғ-аймоғи тугаганини эшитиб, оҳу-фарёд урганини билмас эди.
— Битта бўлсаям насли қолибди-ку? — деди эл.
— Энди тўразодамизни бировга бермаймиз! — деди эл.
— Ҳожи тўрамнинг ҳурмати, наслини кўз қорачиғимиздай асраймиз, авайлаймиз! — деди эл.
— Келибсан-да, илоннинг боласи? — деди Сайдулла чўммоқ. — Барибир тухумингни қуритаман.
Сайдулла чўммоқ Абдулқодирни мажбурлаб Қаршидаги интернатга жўнатиб юборди. Жўнатиб юбормади, ўзи бориб жойлаштириб келди. Интернат директорига уни сўраб келганларга Сайдулла чўммоқнинг рухсатисиз бермасликни, бериш нима эмиш, кўрсатмасликни тайинлаб келди.
Ким билади, ўзи билмай Сайдулла чўммоқ Абдулқодирга катта яхшилик қилгандир? Яхшилик бўлишини билса, икки дунёда бу ишни қилмас эдику-я, уни яхши кўрган элдан узоқда бўлсин, деди. Ким билади пайтини топиб, интернатдан олиб йўқотиб юбораман, деган бўлса ажаб эмас.
Абдулқодир бир дам олиш куни Машраб аканинг уйини топиб борди. Машраб ака ҳам, уни бир кўришда суюб қолган Машраб аканинг аёли Сора опа ҳам, уларнинг болалари ҳам уни кўриб бениҳоя суюнишди.
— Шу боланинг тақдири нима бўлди экан, деб юрувдим, — деди Сора опа. — Уруғлари қолмаган бўлса, кимникида турди экан, нима еб, нима ичаяпти экан, деб ўйлаб юрувдим. Яхши бўлибди интернатга келганинг. Ҳеч бўлмаса икки маҳал овқатинг тайин бўлибди.
— Мен директорларингни яхши танийман, Жўрақул домла, яхши одам, — деди Машраб ака. — Бугун бизникида қолавер, эртага эрталаб ўзим олиб бориб қўяман. Бир йўла домлага маҳкам тайинлайман, “Бизнинг одам, қарашисиз”, дейман.
Жўрақул домла Машраб ака билан бир соатдан ортиқ суҳбатлашди.
— Қаранг-а, шундай палаги тоза бола экан. — Уни олиб келган анави Ғуломов бўлса “Халқ душманининг боласи, ота-бувалари хавфли одамлар эди, жамиятни улардан тозаладик, бунисига ҳам эҳтиёт бўлишимиз керак, чаённинг боласи чаён бўлади, эҳтиёт бўласиз, ўзимдан бошқага кўрсатмайсиз”, деган эди.
— Майли, бировга айтиб ётманг-у, аслида ўша динсиз, иймонсиз Ғуломовлардан эҳтиёт бўлиш керак, — деди унинг ҳузуридан чиқаётиб Машраб ака. — Абдулқодир дам олиш кунлари меникига бориб турсин, ўзим ҳам ишдан бўш пайтларим хабар олиб тураман.
— Албатта, албатта, — деди директор. — Энди бу болага ўзим ҳам қизиқиб қолдим, унга ўзим ҳам имкон қадар ёрдам қиламан. Ғуломовларга ўхшаганлардан эҳтиёт ҳам қиламан.
Уруш айни қайнаган, ота-онасиз қолган болалар кўпайган йиллар эди. Устига уруш бўлаётган жойлардан ҳам поездлар тўлиб-тўлиб болалар келарди. Уруш тугагунча Абдулқодир интернатда ҳам тарбияланувчи, ҳам Жўрақул дамланинг ёрдамчиси бўлиб юрди. Абдулқодир беш йил шу интернат таълимини, Жўрақул домланинг тарбиясини олди. Кейин уни Жўрақул домла муаллимлар тайёрлайдиган техникумга жойлаштириб қўйди. Ундан кейин Тошкентга бориб, муаллимлар олийгоҳини ҳам битириб келган Абдулқодир отасидек хушсурат йигит бўлиб, муаллим бўлиб қишлоғига қайтди.
Урушдан кейин ўзи ҳам сохта ҳужжат тўғрилаб, урушга бормай қолганлиги учун қамалиб келган, энди анча попуги пасайиб қолган Сайдулла чўммоқдан Ҳожи тўрамдан қолган ичкари-ташқарили ҳовлини одамлар тортиб олишиб, ҳовлининг қонуний эгаси Абдулқодирга топширишди. “Ҳовлини супуриб-сидиришга, тўразодамизнинг иссиқ-совуғидан хабардор бўлишга бир танмаҳрам керак”, деб уни яна бир тоза палакнинг гули бўлган Мағфиратой исмли ой юзли қизга уйлантириб қўйишди.
Абдулқодир ўз қишлоғидаги мактабнинг муаллими бўлиб, Ҳожи тўрам авлодининг давомчиси бўлиб, элда обрў, эътибор топди.
Ҳожи тўрам вали экан. Унинг айтгани бўлди. Мадинадан бошланган шажара Савайда барҳам топмади. Аллоҳнинг Раҳмонлигини қаранг, Абдулқодирга олти ўғил, олти қизни берди. Ҳожи тўрамнинг номи ўчиб кетмади. Аллоҳ Ҳожи тўрамнинг уруғига барака берди. Абдулқодир Абдулқодир ота бўлиб, олтмиш набирага бобо бўлиб, пиру бадавлат бўлиб дунёдан ўтди.
— Сабрли бўлинглар, Аллоҳ сабрли бандасини хор қилиб қўймайди, — бўлди кенжа неварасига Муҳаммад Содиқ деб исм берган Абдулқодир бобонинг сўнгги сўзлари. — Тўғри бўлинглар, ҳалол бўлинглар. Ҳеч кимга ёмонлик қилманглар. Сизга ёмонлик қилганга сиз ҳам ёмонлик қилманг, Қози тепада, Ўзи ҳақни ботилдан ажратади.
5.
Сайдулла чўммоқ қамалганда ҳали туғмаган хотини бошқа билан қочиб кетди. Турмадан келгандан кейин уйланган хотинидан икки ўғил бир қиз кўрди. Болалари бола бўлмади, бало бўлди. Топган гаплари “Пул беринг, пул беринг”, бўлди. Устига хотини ҳам “Берсанг ейман, урсанг ўламан”, дейдиган хилидан чиқди. Болалари катта бўлгунча қишлоқда урушмаган одамлари қолмади.
— Анови Абдулқодир домланинг болаларига ўхшасаларинг ўласанларми? — Сайдулла қачон болаларини урушса охири шу гап билан тугатарди. — Қара, бари бирам ақлли, бирам меҳнаткаш. Ҳаммаси аълочи.
Шўро замонидан олдинги гаплар қаердан етиб келди, Сайдулла билмайди, аммо болалари кўчага чиқди дегунча унинг болаларини Чумаков, Чумакин деб масхара қилишар, устига муштдеккина болакайлар ҳам уларга эшиттириб “Ўғри-ўғри ўммоқ, бозордаги чўммоқ”, деган ашуласини бошлаб қолишарди.
— Шу “Чўммоқ” деган итларингизни эмиб тирик қолганингиздан кўра ўлиб кетсангиз яхши эмасмиди? — деди бир куни ўзидан ҳам бемеҳр ўсган катта ўғли Маркс. — Энди етти пуштимиз бу “Чўммоқ” деган лақабдан қутулолмай ўтади, шекилли?
— Менга барибир, — деди ичишдан, чекишдан бошқани билмайдиган кичик ўғли Мелис. — Пахан бизга кайфу-сафога пул бериб турса бўлди, эшшакни эммайдими?
Сайдулла чўммоқ болаларига пул топиб бериб туриш учун нима ишларни қилмади дейсиз? Олиб-сотарлик ҳам қилди, товламачилик ҳам қилди, бозорда даллоллик ҳам қилди. Энг охирида судхўрликни касб қилди. Одамларга қарз бериб, қарздорларнинг бўйнига фоиз устига фоиз уриб бойиб кетди.
Аммо Сайдулла чўммоқнинг топган бу пуллари унга ҳузур-ҳаловат келтирмади, қайтанга кулфат келтирди. Қизи Аврора доимо қўлида пул билан катта бўлгани учун унча-мунча пулга қаноат қилмайдиган бўлди ва бир куни отарчиларга қўшилиб, раққоса бўлиб кетди.
Маркс меҳмон бўлиб борган, ичиб ўтирган бир тўйда акаси борлигини билмай Аврора хиром этиб қолибди. Бир меҳмон Маркс Авроранинг акаси эканлигини билмаган шекилли, раққоса ҳақида гапириб қолибди.
— Шу қиз мусулмон одамнинг фарзандига ўхшайди, отаси йўқмикан қайтарадиган? Ориятли акаси йўқмикан уриб, қилпанглаган оёқ-қўлини синдириб қўядиган? Менинг синглим бўлса сўйиб ташлардим шу ернинг ўзида. Қайси ит эмганнинг қизи экан бу?
Охирги гап Маркснинг сабр косасини тўлдириб юборибди.
— “Қайси ит эмганнинг қизи экан?” дедингми, ошна? “Шу ернинг ўзида сўйиб ташлардим”, дедингми? Энди томоша қил, бу қанжиқ менинг синглим эди, қара, энди нима бўлади?
Маркс шаҳд билан ўрнидан туриб, Авроранинг ёнига борди. Аврора акасининг важоҳатини кўриб, ҳайкалдек қотиб қолди. Ёнидан қайирма пичоғини чиқарган Марксни бирор киши тўхтатишга ҳам улгурмади. У пичоқни Авроранинг қорнига куч билан суқиб, нақд томоғининг тагигача олиб борди. Одамлар нима бўлганини англаб етганларида Авроранинг жонсиз танаси ерда ётар, кўзлари қонга тўлган Маркс ҳалиги меҳмонга қараб хирилларди:
— Кўрдингми, сўйиб ташлаш қанақа бўлади? У ит эмганнинг қизи эди. Мен эса унинг акасиман, ит эмганнинг ўғлиман!
“Ит эмганнинг ўғли”ни отувга ҳукм қилишди.
Сайдулла чўммоқ итдек ўлган ўғлининг ўлигини олиб келиб кўмолмади ҳам. “Мумкин эмас”, дейишди. Ўзлари итни кўмгандек кўмишди.
Икки боланинг доғини кўтара олмаган Сайдулла чўммоқнинг аёли ҳам болаларининг ортидан кетиб қолди.
Сайдулла чўммоқ биргина Мелис ўғли билан қолди. Аммо у билан қолганига пушаймонлар еди. Мелис уйланмади ҳам, уйланишга рағбати ҳам бўлмади. У нашаванд бўлиб қолди. Сайдулла чўммоқ энди шу ўғлининг чекишига пул топиб беришга мажбур эди. Кунлик чекадиган нашасига етарли пул бермаган куни Мелис Сайдулла чўммоқни қўлига илинган нарса билан урар эди. Ўғли уни бир неча марта уриб беҳуш қилиб қўйганда духтурлар олиб кетиб, Сайдулла чўммоқни яна одам қилишган эди.
Хайриятки, бу азоблари ҳам абадий эмас экан, бир куни икки кун топиб чеколмаган Мелис бирданига кўп чекиб қўйиб, тарашадай қотиб қолди.
Ана шундан кейин Сайдулла чўммоқ ҳайҳотдай ҳовлида сўппайиб бир ўзи қолди.
Орадан йиллар ўтди. Сайдулла чўммоқ қариб, мункиллаб қолди. Аммо тириклар сафида бўлмаганидек, ҳали ўликлар сафига ҳам олинмаган эди.
Тавба, қишлоқ таниб бўлмас даражада ўзгариб кетди. Қишлоқнинг ярмини Ҳожи тўрамнинг авлодлари эгаллади. Сайдулла чўммоқ кўчада учраган болаларни танимайди, ақалли ўзи таниган бирорта одамга ўхшата олмайди. Аммо ана шу мишиқи болалар ҳам “Ўғри-ўғри ўммоқ, бозордаги чўммоқ”, деб ашула айтади. Сайдулла чўммоқ улар бу ашулани мени кўриб атай айтишаяпти дейди. Аммо уларни уруша олмайди. Улар энди Сайдулла чўммоққа тутқич беришмайди.
— Эҳ, замони бўлганда эди… — деб қўяди тишлари орасидан Сайдулла чўммоқ.
Болалар билибми, билмайми чақимчилик қилган, хоинлик қилган болаларни Чумаков, Чумакин дейишаркан. Ажабо, Чумакинни бу болалар тугул, буларнинг отаси ҳам кўрмаган бўлса, болалар қаердан олади-а, бу гапларни?
Сайдулла чўммоқнинг ёши қарғанинг ёшига етай деб қолди. Уни таниган, қилғуликларини билган одамлар ўтиб кетишди. Дўст тугул Сайдулла чўммоқ ўзига душман санаган одамлар ҳам бу дунёдан ўтиб кетишди. Сайдулла чўммоққа яшашнинг қизиғи қолмади. Сайдулла чўммоқнинг яшагиси келмай қолди.
Аммо қани у ажал? Қани у безор бўлган жонни олувчи фаришта?
Ана шунда Сайдулла чўммоқ Ҳожи тўрамни эслаб қолди. Ана шунда Сайдулла чўммоқ Ҳожи тўрамнинг арава устида ўтириб Сайдулла чўммоқни дуо қилганини эслаб қолди.
— Мен Сайдуллани дуо қиламан: Аллоҳ таоло, унга жудаям узоқ умр берсин! Ҳаммангдан узоқ умр кўрсин Сайдулла! Аллоҳ унинг нияти, амалига яраша берадиганларининг ҳаммасини кўрсин Сайдулла! Алвидо, қибладошларим! Омин, Аллоҳу акбар!
Сайдулла чўммоқ югуриб кўчага чиқди.
Арава олислаб бораётган эди. Унинг устидаги Ҳожи тўрам нуқул “”Омин, Аллоҳу акбар! Омин, Аллоҳу акбар!” деб юзига фотиҳа тортиб-фотиҳа тортиб кетар эди.
Сайдулла чўммоқ аравага етиб олиш учун югурар, тили тинмай бир гапни такрор қиларди:
— А-а! Ҳожи тўрам, Ҳожи тўрам, мени кечиринг! Ҳожи тўрам, гуноҳимдан ўтинг! Мени дуо қилманг, жон Ҳожи тўрам, мени дуо қилманг! Ўтинаман сиздан, Ҳожи тўрам, мени қарғанг! “Ўл!” деб қарғанг, Ҳожи тўрам, “Ўл!” деб қарғанг! Худонинг менга атаган яна бирор азоби қолдими, Ҳожи тўрам? Кўрадиганим ҳали борми, Ҳожи тўрам?
Чопа-чопа юз тубан йиқилиб, оғзи-бурни қон бўлган Сайдулла чўммоққа одамлар ҳайрон қарашар, Сайдулла чўммоқ эса арава ортидан ялиниб-йиғлаб судраларди:
— Ҳожи тўрам, мени қарғанг, “Ўл!” деб қарғанг, мен ҳам ўлайин! Ҳожи тўрам…