I
Бу ерлар Бухоро заминининг адоғи…
Тирамоҳ. Дарё нуқрадек ялтираб, малла барханлар, қалин тўқайлар, тилларанг қамишзорлар кўксини чок-чок этиб, куз сувларини узоқ-узоқларга ҳайдайди. Энди у қони жўш уриб, босар-тусарини билмай қолган йигитга эмас, вазмин, ўртаяшар кишига ўхшаб кетади.
Соҳил ранглар хилма-хиллигидан телбаланади. Сариқ, қонталаш, қирмизи товланган тўқайзор кўзни қамаштиради. Дов-дарахт – жийда, туранға, терак куз ҳукмига бўйсунган. Фақат қора толлар сабза либосини ечмаган, ечишни истамаган. Уларнинг бу қилиғи тақдири азалга норизолик, хазонрез мавсумига қарши исён бўлиб туюлади. Тирамоҳ юракка олиб кирган ҳазин оҳангларни бир зумгина тўхтатади, баҳор ҳиди димоққа урилади…
* * *
Кўройдин. Она-бола соҳилда эмин-эркин сайр этиб, нам тушиб, анча юмшаб қолган ўт-ўланларни эринибгина кавшашар, аҳён-аҳёнда атрофга қулоқ тутишарди.
У Бухоро ноёб буғулари – Хонгулнинг сўнгги авлодидан бўлиб, энди уч ёшга кирган, олдида ирғишлаб юрган, шохлари уч берган кичкинтой биринчи боласи эди.
Шамол қўзғалган, тўқай хазонлар ҳуштаги, қамишлар шовуллашига тўлган. Ойнинг хирагина шуъласи қалтироқ тўлқинлар елкасида парча-парча бўлиб оқиб кетарди.
Бир вақт она буғу чанқаганини сезди. Жигаргўшасини тўқай этагида қолдириб, соҳилга тушди, Ой нури қўшилиб, кумушдек жимирлаб ётган сувга лаб босди, ҳузур қилиб симирди. Қониб ичгач, ортига ўгирилди, керишди ва кўксини баланд кўтариб, бурнини шамол эсаётган томонга тутди. У ўзига таниш ва қадрдон ҳидни, бултурги жуфтининг бўйини изларди. Шохлари тарвақайлаб кетган, оёқлари бақувват, катта-катта кўзлари ёниб турадиган эркак буғу – Сардорнинг келишига ҳали анча борлигини билса-да, барибир изларди, қўмсарди.
У келади. Жийда барглари янада қуруқшаб, тунлар бироз салқинлаганда, у албатта келади ва ўтли ўкирик билан жуфтлари, рақиблари юрагига ғулғула солади.
Она буғу бу лаҳзаларни ҳам севинч, ҳам қўрқинч билан кутарди. Чунки улар учрашгунча Сардор тўқайнинг манаман деган эркак буғулари билан ҳаёт-мамот жангига киришиши, ҳарам эгалигини сақлаб қолиш учун уларни албатта енгиб чиқиши керак. Сардорнинг ҳарамида ундан ташқари яна тўртта қоракўз урғочи буғу бор. Улар ҳам Сардор измида. Бу – она буғуга ёқмаса-да, ноилож, тўқай қонунияти шундай.
Бултурги жанг ҳам жуда шиддатли бўлганди. Кун бўйи давом этган бу олишувда Сардор икки эркак буғуни қора қонига белаган, яна бирининг шохини синдирган ва ҳарамни эргаштириб, тўқайнинг энг олис, энг бокира гўшаси – Йўлбарсдарага жўнаганди.
Ҳа, у келади. Фақат, дарё суви бироз тиниқлашсин… У албатта келади ва ўтли ўкириги тўқайни, она буғу кўнглини тўлдиради…
…Она буғу бирдан ҳушёр тортиб, сесканди, боласи қолган тўқай этагига назар ташлади. Болажони бамайлихотир, энди мустаҳкам бўлиб қолган тишлари билан “курт-курт” ўт чайнарди. Она унинг истиқболига юрди. Бир неча қадам ташлади-ю, қотиб қолди. Атроф кундуздек ёришиб кетди, рўпарада Қуёш пайдо бўлди, лекин негадир Қуёш иккита эди. Даҳшатли гумбурлаш аро болажонининг аянчли чинқириғини ва яна аллақандай гуриллаган, ғўнғир-ғўнғир товушларни эшитди, аччиқ бир ҳид димоғига урилди. Нима қилаётганини ўзи ҳам билмай, энди негадир узоқлашиб бораётган Қуёш ортидан югура бошлади.
Ҳар қанча югурмасин, шуълалар тобора узоқлашиб борар, боласининг таниш ҳиди ўрнига, аччиқ бир бўй димоғини тўлдирганди.
У қанча югурганини билмайди, охири ҳолдан тойгач, яна тентирай-тентирай, боласини қолдириб кетган тўқай этагига қайтди.
Бирдан боши айланди: у эзғиланган ажриқ устида боласининг ҳидини туйди! Ажриққа жигаргўшасининг иссиқ қони тўкилганди. Начора, она жон ҳолатда ажриқни ялади, тамшанди, яна боши айланди ва хира ёғдуда қорайиб турган қон халқобига гурсиллаб йиқилди…
Она буғу кўзини очганда, дарё тўла қон оқарди. Наҳот, боласининг қони ҳамон оқаётган бўлса, бу қандай бедодлик?! Йўқ, уфқдан кўтарилаётган Қуёш атрофни мунаввар этган, унинг илк нурлари дарё юзини қонлантирган эди.
Она буғу зўрға ўрнидан турди. Юришга мадори йўқ, азойи бадани қақшаб оғрирди. Кўкраклари, олдинги оёғига болажонининг ажриқ, хас-чўп аралаш қони ёпишиб, қорайиб қолганди.
У оёқларини ялади, кўзларидан тирқираб ёш оқди, яна атрофни туман қоплагандай бўлди ва шундоқ рўпарасида жигаргўшасининг сурма тортилгандек қора кўзларини, энди шаклланаётган шохларини кўрди, жон ҳолатда олдинга интилди. Лекин бир лаҳзада туман тарқаб, боласи тубсиз бўшлиққа сингиб кетди.
Бутун вужудини аллақандай тушуниксиз, ўтли бир оғриқ ёндирар, сув ичгиси келарди, лекин соҳилга тушишга қўрқарди. Чунки кечагина жимир-жимир сув оқиб ётган дарё бугун қип-қизил қонга тўла эди.
Бўлди! У энди бу тўқайни тарк этади. Тиксувотга кетади. У ер жуда сокин, ўт-ўлан мўл, дарё ҳам шовқин солмайди.
Тиксувот… О, Тиксувот, сўлим маскан, болалиги, балоғат ёши ўтган гўша… У ерда Сардорни илк бора учратган эди.
Улар тенгқурлари билан тўқай ўртасидаги сайҳонликда ўтлаб юришар, бир-бирларини туртиб, шохлари билан эркалаб-сузиб, нимадандир масрур, мағрур эдилар.
Бирдан тўдада саросима бошланди. Тўқай ичкарисидан кўкракдор, шохлари тарвақайлаган эркак буғу чиқиб, наъра тортганича, тўда томон қуюндай елиб кела бошлади. Бу – Сардор эди, лекин унинг Сардорлигини ёш буғулар билмасдилар ҳали.
Ваҳшат билан келаётган Сардор тўдага яқинлашганда кескин тўхтади, бирдан мулойим тортиб, унга яқинлашди ва шохи билан биқинига секин туртиб, пишқирди, сўнгра бўйнига лаб босди, бақувват оёқлари билан ер тепинди…
Сўнгра… Сўнгра лаззатли бир оғриқ ёш буғунинг бутун вужудини ёндирди, мункиб кетди, лекин йиқилмади.
Тиксувот, Тиксувот. Тиксувотдан Йўлбарсдарага етиб олиш қийин эмас. Йўлбарсдарада йўлбарс йўқ, йўлбарслар қирилиб кетган. Йўлбарсдарада бўрилар бор. Бўрилардан қўрқмаса ҳам бўлади. Улар одамлардек жонингга қийноқ солмайди, вужудингга ёндиргучи қўрғошин жойламайди. Боз устига, ёнингда Сардор турганда, бўри нима деган гап?
Она буғу боласи қурбон бўлган жойга сўнгги бор назар ташлаб, Тиксувотга йўл солмоқчи бўлди. Лекин бу не ҳол, оёқлари ерга ёпишгандай, сира ўрнидан қимирлаёлмасди. У турган ерида гир айланар, ўша машъум нақтадан бир қадам ҳам нари жилолмасди. Бир вақтлар вужудини кўпиртириб сўнг жигарбандига кўчган, энди эса сарғиш ажриқлар устида қотиб ётган қон уни заминга михлаб турарди.
Она буғу шу тахлит неча кун юрди, билмади. Куз қуёши дарё узра юксалиб, тўқай ажиб нурга тўлган кунларнинг бирида у таниш ўкирикни эшитди, эшитди эмас, бутун вужуди билан ҳис этди. Лекин товуш аввалгидек ғолибона наъра эмас, алланечук аламли, аянчли нидо эди, назарида.
Она буғу бутун борлиқни унутиб, овоз келган томонга қараб югура бошлади. У шох-шаббалар баданини тирнаганига ҳам эътибор бермай, узоқ югурди. Овоз яна такрорланди, бу сафар товуш аввалгисидан ҳам аянчлироқ эди. Она буғу бир зум тўхтаб чўзиқ нола билан жавоб қайтарди-да, яна югуришда давом этди.
Сардор келибди! Сардор Йўлбарсдарадан қайтибди, лекин овози нега бунчалар ночор, аянчли?!
У бир томони тик қирғоқ, бир томони жарлик бўлган майдончага етиб келганида, жанг охирлаётган эди. Она буғу бир чеккада жангни томоша қилиб турган урғочи буғулар тўдасига қўшилди.
Ана, Сардор! Сардор жуда ҳорғин, шохлари бутун, лекин биқинидан қон оқарди. Рақиби, ўзидан ёш, дуркун буғу, шохининг бир томони учиб кетган бўлса-да, у Сардорни енгаётгани аниқ эди. Буни она буғу дарҳол ҳис этди, бадани жунжикди.
Мана, Биршох аввал орқага тисарила-тисарила, шайланиб, сўнг шиддат билан олдинга ташланди ва Сардорга қаттиқ зарба берди. Зарба товуши Сардорнинг жон аччиғидаги нидоси билан қўшилиб кетди. Она буғу чақмоқ чақди, деган хаёл билан кўзларини юмди.
Кўзларини очганда, Сардор оёқларини чўзиб, оқиш бўйнини кўрсатганча, ерда хириллаб ётар, оғзидан кўпик оқарди.
Эвоҳ! Наҳот, бутун тўқайни титратган, буғулар юрагига ғулғула солган Сардор шу бўлса?! Наҳот, Сардор енгилди?!
Она буғу ортиқ чидаёлмади, тўдадан ажралиб, сўнгги нафасларни олаётган Сардорнинг тепасига борди. Сардор ҳам унинг ҳидини туйди шекилли, сўниб бораётган кўзларини очди. Бир вақтлар ўт чақнаб турадиган кўзлари жиққа ёш эди.
Она буғу эгилиб, Сардорнинг тумшуғига лаб босди, аввал ўзига таниш, қадрдон ҳидни, кейин иссиқ қон ҳидини туйиб, сесканди. Сардорнинг қонидан боласининг иси келарди! Она буғу телбаланиб, ўкира бошлади, турган жойида гир айланиб, ер тепинди, нола чекди. Лекин ҳеч кимнинг бу билан иши йўқ, тўдадаги барча урғочи буғулар чеккадан такаббурона кўкрак кериб турган Биршохнинг атрофида парвона эдилар.
Она буғу шу тахлит анча муддат тумшуғини баланд кўтариб нола чекди. Сардорнинг совуб бораётган лабларини такрор ялади, юлқади. Эркак буғунинг шуурсиз кўзлари очиқ, уларда кўм-кўк осмон, саккиз тепки атласдек товланаётган тўқайзор акс этиб турарди.
Она буғу бир вақт биқинига кимдир туртаётганини сезди, ўгирилди. “Ҳарам”нинг янги сардори Биршох уни тўдага чорларди. Она буғу ноилож унга эргашди. Кўп ўтмай Биршох ва унинг янги “ҳарам”и шох-шаббаларни қасир-қусур синдириб, роҳат-фароғат ойини ўтказиш учун манзил излаб, йўлга чиқди. Йўқ, улар Тиксувот томонга ҳам, Йўлбарсдара томонга ҳам бормаётган эдилар. Биршох Қизқалъа тўқайини хуш кўрарди…
* * *
Қора қузғун улкан қанотларини шиддат билан силкитганича, баландлайди. Ўлжасини яхшироқ кўриб олиш, сўнг бир шўнғиб унга эришиш учун тобора юксакликка интилади. Қанотлари остида ажиб жимир-жимир аро дўмпайиб ётган, сарғиш қум рангидаги мавжудот ўзига янада қаттиқроқ тортади.
Мана, қузғун қанотларини йиғиб, тошдек пастга отилди ва худди шу лаҳзада соҳилда уни кузатиб турган чавандоз ҳам от бошини қўйиб юборди.
Қузғун ва чавандоз жарлик узра ястанган сайҳонликка деярли бир вақтда етиб келдилар. Лекин энг сўнгги дақиқаларда қузғун қўрқоқлик қилди, ўлжасига ярим қулоч қолганида, яна қанот қоқиб баландлади ва чавандоз тепасида чарх ура бошлади.
Ўлжа – қорни шишиб кетган, кўзлари аллақачон ўйиб олинган буғу жасади эди.
Чавандоз отдан тушди, тепасида даҳшат билан қанот қоқаётган қузғунни ҳай-ҳайлаб қувди. Қузғун одам товушидан чўчиб, бироз баландлади, лекин ўлжасидан умид узмади. Чавандоз жасад устига энгашди, бошини сарак-сарак қилди:
– Эҳ, шўрлик Сардор, бечора Сардор! Йўлбарсдаранинг кўрки эдинг, оқибат шу экан-да. Афсус, минг афсус! Ҳа, майли, нимаям қилардик. Тақдири азал деганлари шу-да!
Узоқдан аввал чўзиқ, кейин қисқа-қисқа ўкириклар эшитилди. Барқут мавсум – ноёб буғулар – Хонгулларнинг роҳат-фароғат ойи давом этарди.
Чавандоз анча уринишлардан сўнг сардорни отга ўнгарди, ўзи эгарга минмоқчи бўлган ҳам эдики, қузғун яна атрофда чарх ура бошлади. Отлиқ жаҳли чиқиб, елкасидан милтиғини олди ва боши узра баланд кўтариб, варанглатиб ўқ узди. Йўқ, у қузғунни мўлжалга олгани йўқ, шундоқ қўрқитиш учун отди. Қузғун охир-оқибат хираликдан иш чиқмаслигига кўзи етиб, Қизқалъа вайроналари томонга учиб кетди. Чавандоз отини пошналари билан ниқтаб, йўлига равона бўлди.
Чамаси бир соатлардан сўнг у Сардорнинг жонсиз танасини салқин ҳужрага қулфлаб, коржомасини ечди, қўл-бетини ювиб, нимдош чопонини елкасига ташлади-да, қўриқхона учун ҳам идора, ҳам меҳмонхона, ҳам турар-жой ҳисобланган бино томон юрди.
Уй тик қирғоқда жойлашган, икки деразаси дарё, бир деразаси сариқ барханлар томонга очилар, ҳозиргидек оқшом ва тун алмашинаётган паллада бу ердан туриб, атрофни кузатиш жуда мароқли эди. Хоналардан бирида ҳозир Сардорни саранжомлаб келган тўқай беги Раҳим ака билан ёш ёзувчи Анвар туришар, яна бир хонада ёш олима Гулниҳол яшарди. Уч хонанинг бири – умумий ошхона ва емакхона вазифасини бажарарди.
Гулниҳол Бухоро ноёб буғулари ҳақида илмий иш ёзар, Анвар табиатнинг ана шу сўлим гўшаси ҳақида бир қисса битмоқчи эди. Тўқай беги Раҳим ака эса ўзини ёлғизлик балосидан қутқазган бу икки ёшга баҳоли қудрат ёрдам берарди.
Қизқалъа аталмиш бу қўриқхона марказдан жуда олисда, яқин тўрт юз-беш юз чақирим масофада бирор-бир шаҳар, қишлоқ йўқ эди. Бир томонда қалин тўқайлару улкан дарё, бир томонда ҳудудсиз саҳро.
Гулниҳолнинг илмий иши охирлаёзган, Анвар эса қисса учун эндигина материал йиғишни бошлаган эди.
Қизқалъа, эҳтимолки, дунёда ягона чўл-тўқай қўриқхонаси бўлиб, бу ерда умрбасар қиладиган аксарият жонзот Халқаро Қизил китобга киритилганди. Шу боис Раҳим ака ҳар бир жониворни асраб-авайларди.
“Сардорнинг нобуд бўлганини эшитиб, Гулниҳол ҳам тоза хафа бўлади-да. Қандоқ айтдим энди?! Лекин айтмасликнинг сира иложи йўқ…”
Раҳим ака шуларни ўйлаб, даҳлизда бироз тараддудланиб турди-да, сўнг этикларини “тап-тап” уриб, эшикни очди.
Гулниҳол илдам ўрнидан турди.
– Бунча ҳаялладингиз, Раҳим ака? Биз Анвар ака билан энди сизни қидиришга чиқмоқчи бўлиб турувдик…
– Хавотирланишнинг ҳожати йўқ, қизим. Тўқайда мени ейиши мумкин бўлган бўри ё битта-яримта қолди, ё қолмади. Йўлбарслар аллақачон қирилиб битган, Йўлбарсдаранинг номигина қолган…
Раҳим ака курсига ҳорғин чўкди. Анвар бир зум китобдан бош кўтариб жилмайди:
– Энди, бунчалик хавотир ҳам қилмадику-я, лекин шўрванинг таги куйиб кетди-да!
– Э, йўқ! Гулниҳол шўрванинг тагини олдирадиган анойилардан эмас, бу қизгина овқат пиширишда шоир бўлиб кетади!
Гулниҳол шўрва сузиб келди. Раҳим ака жимгина овқатланди. Сўнг яна бир муддат сукут сақлади-да, Гулниҳолга қарамай деди:
– Барибир, сенга айтмасам бўлмайди, қизим. Буғуларимиз яна биттага камайди. Сардорни нобуд қилишибди.
Гулниҳолнинг чиройли, оқ юзларига изтироб соя солди.
– Эй Худо, бу нобуд қилишларнинг чеки борми ўзи?
– Куйинишдан фойда йўқ, ўзинг олимасан, биласан-ку, урчиш пайтида шундай бўлади. Бир тўдада икки эркак буғу чиқишолмайди.
– Биламан, яхши биламан, лекин кўниколмайман, ҳеч кўниколмаяпман.
– Жанг бўлган жойни кўздан кечирдим. Шўрлик Сардор сўнгги дақиқаларгача таслим бўлишни истамаган кўринади. Жониворни бекорга Сардор деб атамаганман, ахир. Начора, ўққа учган буғуча билан, бу иккинчи қурбон бўлди. Лекин буғучани нобуд қилган бадкорларнинг изини ҳамон тополганим йўқ…
II
Гулниҳолнинг исми-жисмига монанд – юзи гул, қомати ниҳолдек, кўзлари ўйчан, қора қошлари майин, қайрилма. Чеҳраси фариштали, кўзлари маънодор, иболи. Ҳаракатлари енгил, назокатли. Лекин уни яхшилаб кузатган синчков киши шунча ҳусн-латофат, нафис қилиқлар аро ботиний бир куч, қатъият мавжудлигини сезмай иложи йўқ. Бу куч унинг томирларида оқаётган қондан – отамерос. Отаси Бухоро шаҳрига туташ районларнинг бирида милиция бошлиғи бўлиб ишлар, жуда мард, чўрткесар одам эди. Ўғри, қаллоб ва муттаҳамлар ундан қўрқишар, меҳнаткаш фуқаро эса одиллиги учун ҳурмат қиларди.
Ориф ака якка-ёлғиз қизи Гулниҳолни, шеъриятни ва ўз таъбири билан айтганда, жаҳон оро Бухорони беҳад яхши кўрар, ойда-йилда бўш вақт топилиб қолса, қўғирчоқдек ясантирилган қизчасини етаклаб, тоқу гумбазлар, раста, хиёбонларни кезарди. Гулниҳолнинг сон-саноқсиз саволларига эринмай жавоб қайтарар, шаҳар тарихидан афсоналар айтиб берар, ҳар бир ёдгорлик билан боғлиқ ҳикоялари кўп бўларди.
“Буни қара, қизим, – дерди Ориф ака нақшинкор, нилий гумбазлар, улкан иншоотларга завқ билан боқаркан, – бу мадраса “Истезакелин” деб аталади. Улуғ бир шоҳ келинига ўпка қилиб, улуғ бир мадраса қурибди…
Эмишки, кунларнинг бирида шаҳаншоҳ келини эрига тақинчоқлари озлигидан нолиб, “наҳот, мен қимматбаҳо зару зеварга арзимасам?!” деган. Бу гап подшоҳнинг қулоғига етгач, у келинига “юз очди”га совға қилган зиракнинг бир пойи қийматига шу мадрасани қурдирган экан.
Ҳа, қизим, Бухоро шундай бир буюк шаҳарки, уни яхши кўрмаслик мумкин эмас, ардоқламаслик – шаккоклик – гуноҳи азим!”
Гулниҳол ана шундай ажойиб туйғулар, эртаклар оғушида катта бўлди.
…Гулниҳол балоғат ёшида, ироқи дўппи кийиб сочини майда ўрган, Ориф ака фуқаро кийимида, куз қуёши аямай нур сочар, ота-бола шаҳар кўчаларини кезардилар. Улар адл чинор ва акас дарахтлари ўсган хиёбонга кириб келишган-да, бирдан Ориф аканинг самимий, чиройли юзлари тундлашиб, ўсиқ қошлари чимирилди. Гулниҳол отасидаги бу ўзгаришни дарҳол сезди.
– Ҳа, дадажон, сизга нима бўлди, яна юрагингиз безовта қилаяптими?
Улар чўққисоқол, ҳарбий гимнастёркадаги одам ҳайкали қаршисида эдилар. Ориф ака бир муддат сукут сақлади, сўнгра чуқур “уф” тортиб, қизига юзланди:
– Кошки эди, ёлғиз менинг юрагим оғриганида, қани энди, бу фақат менинг дардим бўлганида! Йўқ! Бу бутун Бухорои шарифнинг юрак дарди. Сен ёшсан, бу гапларни тушунмайсан, идрок этолмайсан. Лекин вақти келиб, тушунасан, тушунишинг керак, тушунишга мажбурсан. Чунки ўз фожиасини тушуниб етмаган миллат – миллат эмас! Тушуниб етишинг учун ҳам мен бу мавзуда гап бошладим, қизим. Ёлғиз зурриёдимсан, юртимизни нақадар яхши кўришимни биласан. Ана шу муҳаббат сенинг юрагингга юқмай қолса, ўзимни энг бахтсиз ота ҳисоблайман.
– Нега бундай деяпсиз, дадажон? Сизни ким хафа қилди ўзи?
– Ҳеч ким, ҳозир ҳаммасини тушунтириб бераман. Гапни узоқдан бошлаганим сабаб сен ҳеч нарсага тушунмаяпсан.
Ота-бола чўққисоқол одам ҳайкали қаршисидаги курсига ўтирдилар. Ориф аканинг ранги оқариб кетганди.
– Мана шу одам, – секин гап бошлади Ориф ака ҳайкалга ишора қилиб, – бизнинг адабиётимизда, дарсликларда Бухорони истибдоддан халос этган, илм-ирфон олиб келган инсон сифатида талқин этилади. Лекин аслида-чи? Аслида шундайми? У амир қочиб кетгандан кейин ҳам, Бухорони вайрон этишда давом этган, осори-атиқаларни талаган, тинч аҳоли қонини тўккан. Инқилоб аталмиш хунрезликнинг эртасидаёқ хазиналардаги жами олтинларни эшелонларга ортиб жўнатган. Бу гаплар фақат сен учун, уни ҳеч кимга, ҳатто яқин дўстингга ҳам айтишинг мумкин эмас. Чунки менинг вазифамдаги кишининг қизи бу гапларни билиши ҳам, айтиши ҳам мумкин эмас. Мен ахир, ҳукуматнинг кўз-қулоғиман.
Хиёбонда одамлар сийрак, ота-болага ҳеч ким эътибор бермас, Гулниҳол бир неча дақиқа мобайнида эшитган сўзлари таъсиридан карахт, шаҳло кўзлари катта-катта очилганди.
Ориф ака қизига қараб, изтиробга тушди. “Бола бечора, бу гапларни ҳазм этолмади. Лекин начора, барибир бир кун тушуниб олиши керак”.
– Гапираверинг, дадажон, нега жимиб қолдингиз? – деди Гулниҳол.
– Қайси юртда, қайси халқ ўз қонини тўккан, Ватанини топтаганларга ҳайкал қўйибди?! Биз эса қўйдик, мана! Бу ҳам етмагандек, унинг пойига гуллар қўямиз, халоскоримиз, дея ҳамду санолар айтамиз. Аслида, бу бизнинг гумроҳлигимизга қўйилган ҳайкал. Биз озодлик, тенглик ҳақидаги буюк ёлғонга ишонган, буюк халқмиз. Буюк ёлғонга ишонмаган Бухоронинг буюк фарзандлари эса “халқ душмани” дея, халқнинг ҳақиқий душманлари томонидан қатл этилди… Бу тарих хатоси. Эҳтимол, вақти келиб бу хато тузатилар. Лекин менга алам қиладигани, шунча хато кўзимизни очмаган.
Ориф ака яна жимиб қолди, бу сукунат узоқ давом этди ва ота-бола уйга қайтишаётганда ҳам деярли гаплашмадилар. Ҳар гал ажойиб афсонаю эртаклар айтиб, қизини беҳад хурсанд қиладиган Ориф аканинг бугунги ҳолати Гулниҳолни ажаблантирди. У отасининг юрагида қандайдир тўнтариш содир бўлганини қалбан ҳис этса-да, бугунги суҳбат ўн етти яшар қиз тафаккури учун оғирлик қилар, катта ҳаёт бўсағасида турган кишида бўладиган ширин орзулар, яшаш, яратиш ишқи устун келарди. Ёш юракдаги тўғрилик, софлик ғалаба қиларди. Отаси эса унинг сиймосида бугун эртак эшитгувчи жажжи, сўзамол қизалоқни эмас, дардини тинглашга қодир дўстни кўрган, кўргиси келганди.
Очиғини айтганда эса, бу суҳбат отанинг севимли қизи билан видолашуви, унга васияти эди.
Ориф ака вилоятнинг катта амалдори билан кураш бошлаган, бу жанг омонсиз бўлишини яхши биларди. Ўтган асрнинг 60-йилларида вилоят фирқа қўмитасининг янги биринчи котиби Тошкентдан юборилганди. У катта йиғинларда чиройли нутқлар сўзлар, ўзини халқпарвар киши қилиб кўрсатишга уста эди. Бу “халқпарвар”нинг сўзлари нақадар пуч эканини Ориф ака тезда тушуниб етди.
Шаҳардан чиқиш йўлларидаги давлат автомобиль назорати постлари Ориф ака бошлиқ бўлган милиция бўлими тасарруфида эди. Ана шу пост ходимлари кунларнинг бирида ҳеч қандай ҳужжати бўлмаган, ниҳоятда кўп миқдордаги қимматбаҳо қоракўл тери ортилган юк машинаси ҳайдовчисини ушлаб, бошлиқ ҳузурига олиб келдилар.
Ҳайдовчи – ёшгина йигитча, гуноҳ иш қилган одамга сира ўхшамас, ўзини жуда сурбетларча тутарди.
– Мени йўлдан қолдирманг ака, кейин пушаймон бўлиб юрасиз, – деди у Ориф аканинг юк тўғрисидаги саволларига жавоб қайтармай. – Ҳалиям кеч эмас.
Ғазаби қайнаса-да, Ориф ака ўзини босди, саволларини такрорлади.
– Мен ҳеч нарса билмайман. Билгингиз келса, бошлиғингизга қўнғироқ қилинг, – деди йигитча безрайиб.
Ориф ака бошқарма бошлиғининг телефон рақамини терди. Бошлиқ жуда совуқ муомала қилди, “Қўйиб юборинг, ўз йўлига кетсин!” – деди. Ориф ака ҳайрон бўлди. “Қандай қилиб, қўйиб юбораман?” “Жуда оддий қилиб!” “Йўқ, қўйиб юбормайман!”. “Яхши!”
Орадан ярим соат ўтиб телефон жиринглади. Алоқачи қиз Ориф ака билан вилоят фирқа қўмитаси биринчи котиби гаплашажагини билдирди. Ориф ака ҳайрон бўлди. Вилоят раҳбари қаёқда-ю, кичик бир районнинг милиция бошлиғи қаёқда!
– Ўртоқ Одилов! Нега сиз совет фуқароларига азият етказасиз, уларнинг ҳуқуқини поймол этасиз? Нима, сизни тийиб қўядиган одам йўқ деб ўйлайсизми?
– Кечирасиз, мен ҳеч кимнинг ҳуқуқини поймол қилганим йўқ. Қандайдир англашилмовчилик рўй бергандир.
– Бировни йўлдан ушлаб, қамаб қўйиш, ҳуқуқини поймол қилиш эмасми? Ҳозироқ қўйиб юборинг машинани!
Ориф ака жавоб беришга улгурмади. Телефон гўшаги қисқа-қисқа “ту-ту”лай бошлади.
Милиция бошлиғи машинани ҳам, ҳайдовчини ҳам қўйиб юбормади. Жиноят иши қўзғатилди.
“Бу йўлда ўлиш бор, қайтиш йўқ!” – кўнглидан ўтказди у.
Қизи Гулниҳол билан ғамгин сайру саёҳат ҳам шу воқеалардан сўнг бўлганди.
Гулниҳол ва онаси Ориф ака беҳад қийналаётганини сезиб туришар, лекин гап нимадалигини, қандай ёрдам беришни билмай ҳайрон эдилар.
Ориф ака уларнинг саволларига синиқ жилмайиб, “Чарчадим”, – деб қўярди, холос.
Тергов энди бошланаётган бир вақтда, уни ишдан олиб ташладилар. Милиция бошлиғи шамол қаёқдан эсаётганини сезиб, вилоят фирқа қўмитаси биринчи котиби ҳузурига йўл олди.
Кечга томон унинг мурдасини уйига олиб келдилар. Сипо кийинган аллақандай кишилар Гулниҳолнинг онасига “Турмуш ўртоғингиз ўзини-ўзи отиб қўйибди”, дедилар.
Она-бола қотиб қолишган, ҳатто йиғлай олмасдилар. Онаси “Ахир, у киши қуролни топширган эдилар-ку”, деди бошини чангаллаб.
Сипо кишилар индашмади, ҳамдардлик ҳам изҳор этмай, чиқиб кетишди.
Орадан бироз вақт ўтиб, уларнинг камтаргина ҳовлиси одамга тўлди. Ориф аканинг ака-укаси йўқ, қариндош-уруғлари ҳам деярли қолмаганди. Лекин Гулниҳол дарвоза олдини тўлдирган бегона одамларни кўриб, ўзи шунчалар яхши кўрган отаси бекорга умр басар қилмаганини тушунди.
Қиз бутун вужуди, қалби билан отаси ўзини-ўзи ўлдирмаганини, уни ўлдиришганини, лекин у барибир енгилмаганини ҳис этиб турарди. У отаси нақадар иродали, ҳаётни севувчи инсон эканини яхши биларди.
Қизнинг озурда юраги бунчалар ғамга бардош беролмади, секин “оҳ” тортди-ю, ҳушидан кетди.
Ҳушига келганида, тепасида онаси йиғлаб ўтирар, маҳалла хотин-халажлари уни юпатиш билан банд эдилар. Лекин Ориф акадан бўлак ҳеч кими бўлмаган она-болани юпатишнинг иложи йўқ эди. Икки жойида қонли тешик қорайиб турган кўйлак она-болани ақлдан оздираётганди.
Айтишадики, вақт буюк ҳаким, у даволай олмайдиган дард йўқ. Кунлар, ойлар ўтиб, она-бола Ориф акасиз ҳувуллаб қолган уйга кўникдилар.
Гулниҳол отасининг сирли ўлими тафсилотларини билишга ҳаракат қилди. Лекин у мурожаат қилган прокуратура ҳам расмий жавобдан нарига ўтмади.
Гулниҳол навбат кута-кута, вилоят фирқа қўмитаси биринчи котиби ҳузурига кирди.
Кенг, ёруғ хона тўрида қошлари қуюқ, тепакал, ўрта яшар киши ўтирарди. Унинг қисиқ, митти кўзлари совуқ йилтирарди.
Гулниҳол қўлини кўксига қўйиб, салом берди. Котиб билинар-билинмас бош қимирлатди, жилмаймоқчи бўлди.
Қиз тутилиб-тутилиб, арзини айтди. Унинг бунақа жойларга биринчи келиши эди.
Котиб сарғиш ҳарир парда тутилган деразаларга ўйчан нигоҳ ташлаб, бир муддат жим турди. Сўнг ҳиссиз кўзларини қизга қадади.
– Менинг ҳамдардлигимни қабул қилгайсиз. Агар оилангиз қийналиб қолган бўлса, ёрдам беришимиз мумкин. Лекин сизга бошқа ҳеч нима деёлмайман. Отангизни биров ўлдирди дейишга асос йўқ. У ўзини-ўзи ўлдирди. Ўзини ўлдирган одам эса бизнинг сиёсатга қарши киши ҳисобланади. Совет кишиси, боз устига орган ходими бундай қилиши мумкин эмас.
Котиб “Гап тамом” дегандай ўрнидан турди.
Қизнинг кўзёшлари қуйилиб келар, томоғи бўғилар, гапиролмасди. У хонадан тез чиқиб кетди.
Йўл бўйи отаси билан шаҳарда сўнгги бор сайр қилганда эшитганлари қулоқлари остида қайта-қайта жаранглайверди. Лекин қиз қанчалар ўйламасин, отаси нега қурбон бўлганига, ким бу ишни қилганига сира тушуниб етолмасди. Чунки унинг ҳаётий тажрибаси йўқ, онаси эса қизининг қизиққонлигини билганидан, кўнглидаги шубҳаларни айтмасди.
Гулниҳол ҳуқуқшуносликка ўқиб, шу йўл билан ўзи билмаган сирлар тагига етмоқчи бўлди. Лекин бу ерда ҳам ҳақиқат йўқлигига ишонди. Икки йил уриниб, ўқишга киролмади. Кейин билса кириш “нархи” баланд экан. Ўшанда ҳам ўртага аниқ одам тушмаса, бир иш чиқиши амримаҳол эмиш.
У дорилфунуннинг табииёт факультетига ўқишга кирди, уни имтиёзли диплом билан тугаллади. Мактабда, табиат муҳофазаси идорасида ишлади. Отаси вафотидан сўнг ўтган йиллар мобайнида у ўша, сўнгги сайр вақтида эшитган гаплар мағзини чақди, тагига етди.
Сўнгра қоронғи кечада чақнаган чақмоқдек бўлиб, унинг ҳаётига севги кириб келди ва оғир йўқотишдан кейин зимистон бўлиб қолган қиз қалбини ёритди.
Гулниҳол ҳам отасидек шеърият ишқибози, шоиртаъб эди. Унинг севгиси ҳам шунга монанд бўлди. Қиз бутун вужудини, борлиғини унутиб севди. Гулниҳол тоифасидаги қизлар бошқача севолмайдилар ҳам.
Адиблар муҳаббатни нималарга қиёсламайдилар? Лекин, бу ташбеҳлар ҳар қанча гўзал бўлмасин, барибир муҳаббат мазмунини бус-бутун очиб беролмайди. Чунки у шунчаки ташбеҳ. Чунки ҳар йилнинг ўз баҳори бўлганидек, ҳар юракнинг ўз муҳаббати бор. Ҳар йил баҳори ҳар хил келади: гоҳ ёмғир, гоҳ дўл, гоҳ чақин, гоҳ чарақлаган офтоб… Демак, ҳар юракда ишқ ўзгача гул очади, ўз ифори, тикони бўлади.
Гулниҳол шундай бўлса керак, дея тахмин қиларди, шунга тайёрланарди. Қайси юрак муҳаббат кутмайди, дейсиз? Лекин қиз бу ишқ қуёшдай, чақмоқдай куйдиришини, кул қилишини билмасди.
Гулниҳол ҳам шундай савдони бошидан кечирди. Унинг севгисини энг яқин сирдоши – онаси ҳам сезмади. Севилган йигит эса, Гулниҳолдай қиз уни севишини хаёлига ҳам келтиргани йўқ.
Йигит уйлангач, қиз вақт ўтганини, тузатилмас хатога йўл қўйганини англади, йиғлай-йиғлай бор гапни онасига айтиб берди. Онаси қизининг сочларини силади, беозор жилмайиб, юпатди.
– Куйинма, қизим, сен ҳеч хато қилганинг йўқ. Ахир, бизнинг таомилда қизлар биринчи бўлиб сўз очмайдилар. Шарқ қизларининг гўзаллиги ҳам шунда-да. Агар йигит зукко бўлганида, ўзи англаб олиши керак эди. Қиз бола муҳаббати тилида эмас, юрагида бўлгани маъқул. Сирасини айтганда, куйиб-ёниб юриш сенга отамерос. Йиғлама қизим, ҳали бахтинг олдинда. Худо хоҳласа, ҳаммаси яхши бўлиб кетади…
Она-бола ўртасидаги шу суҳбатдан сўнг, уларнинг уйига қадам босган совчилар қуруқ қайтиб кетаверди. Гулниҳол ҳам иш билан овунгандай бўлди.
Гулниҳол Қизқалъага келгач, бу ердаги муаммоларнинг кўплигидан, ўз дардларини ҳам унутиб, табиатда ҳозир жуда ноёб Бухоро буғуларини янада кўпайтириш, уни қираётган шафқатсиз одамлар билан кураш олиб боришга қарор қилди. Тўқай қоровули Раҳим ака у билан маслакдош чиқиб қолди.
III
Анварнинг ака-укаси йўқ, онаси ёшлигида вафот этганди. У ҳарбий хизматни тугатиб, уйга қайтганида, қўни-қўшнилар отасини гўру чўп қилганларига бир ҳафтача бўлган экан.
Анвар ҳувуллаб қолган ҳовли ўртасида бир муддат қотиб турди, сўнг тупроғи бўрсиллаган супани кесиб ўтиб, балхи тут тагидаги уй эшиги олдига келди. Икки-табақали, нақшинкор гужум эшик зулфинига катта қулф осилганди. У бошини эшик кесакисига босиб, ҳўнграб юборди. Анвар хун бўлиб йиғлар, отасининг нуроний чеҳраси кўз ўнгидан кетмас, ҳарбий хизматга жўнаш олдидан қилган дуолари қулоқлари остида жарангларди.
У узоқ йиғлади. Бир маҳал, кимдир елкасига секин қўл ташлади. Анвар ўгирилди. Қаршисида қўшниси Раҳмат тоға турарди.
– Чидашдан ўзга илож йўқ, жиян. Начора, тақдир тақозоси шундай экан. Раҳматли тилларида сенинг номинг билан жон бердилар. Шундоқ бир жилмайиб, чуқур нафас олдилар, девордаги расмингга ишора қилдилар-у, жонлари узилди. Тангри яхши кўрган бандасини қийнамай, омонатини олади.
Бандалик, жиян, бандалик. Юр, йўлдан чарчаб келгансан, чой-пой ичиб ол, сўнг қабристонга борамиз, ҳали гўрлари совуб улгурмагандир, раҳматлининг…
…Қабристон қоровули индамай уларни тупроғи қорайиб турган янги қабр томонга бошлади. Учовлари ҳам чўкка тушдилар. Раҳмат тоға узундан-узоқ дуои фотиҳа ўқиди. Кафтларини очиб турган Анварнинг елкалари титрар, у қуйилиб келаётган шўртанг кўзёшларини ютар, юзлари ҳўл эди.
Орадан кўп ўтмай Анвар Тошкентга жўнади. Эски шаҳарда ижарада яшаб, қурилишда ишлади, дорилфунуннинг журналистика факультети кечки бўлимига ўқишга кирди. Иккинчи курс охирларида ёшлар газетасининг тунги таҳририятига ишга ўтди. Тунларни тонгга улаб, ҳикоялар ёзди.
Ўқишни тугатгач, уни йўлланма билан туман газетасига ишга юбордилар.
Бу газета, унинг муҳаррири, ходимлари жуда ғаройиб эдилар. Муҳаррир қирқ беш ёшлардаги, серҳаракат, телбанамо киши бўлиб, газета ишини унча-мунча билсада, бирор сатр мақола ёзмас, ўзининг асосий вазифаси – шалоғи чиққан “ГАЗ-69” машинасини амаллаб миниб юриш, ҳафтада бир марта мажлисда стол муштлаш ва ой сайин қалам ҳақини тақсимлаш, деб биларди.
У ҳар мажлисда “Мана, мен ҳозир “От изини – той босар” сарлавҳали очерк ёзяпман”, деб керилар, лекин орадан йиллар ўтса-да, бу очерк газета юзини кўрмасди.
“Коммунизм сари” деган ном билан аталадиган бу газета ўз тоифасидаги нашрлардан яхши ҳам, ёмон ҳам эмас, ҳар сонда саноқсиз хатолар ўтказиб юборилар, суратлар, улар остидаги ёзувлар алмашиб кетаверар, икки-уч йил бурун бандаликни бажо келтирган одамлар ҳақида “далада фидокорона меҳнат қиляпти”, дея лавҳалар берилар, қиз бола “Қаҳрамон она” дея мадҳ этилган пайтлар ҳам бўларди.
Эртасига туман фирқа қўмитаси тарғибот-ташвиқот бўлими мудири қўнғироқ қилиб, муҳаррирни “тузлагач”, у ярим соатча жазавага тушиб, оғзидан кўпик сачратар, столни муштлар, битта-яримта телефон аппарати, чойнак-пиёла муддатидан олдин ишдан чиқар, мусаҳҳиҳ қизча йиғламсираб, кўзларини ерга тикар, ўринбосар “Ҳа, энди, газета бўлганидан кейин хато кетиб туради-да, бу “Правда” эмас-ку”, дея чайналар, навбатчи эса аскардек ғоз туриб, дашном эшитарди.
Муҳаррир “уф” тортиб, пиёладаги совуқ чойни ҳўпларди-да, “Шу хатолар касофатига бир кун эмас, бир кун инфаркт бўламан”, дея нолирди.
Анварни ажаблантиргани шу аҳволда ҳам газета вилоятда илғор саналар, (шўрлик газетхон), турли йиғинларда обкомнинг мафкура ишлари котиби “Коммунизм сари” ходимлари жўшқин ҳаётимизни яхши ёритишяпти”, дея мақтарди.
Анвар ишлайдиган қишлоқ хўжалик бўлими мудири мақола ёзолмаса-да, бинойидек деҳқон эди. У чорбоғида ҳар бири пиёладек келадиган шафтоли етиштирар, ана шу шафтоли билан муҳаррирни вақт-вақти билан сийлаб турар, бунинг эвазига тузуккина қалам ҳақи олар, ҳафта сайин бўладиган “имтиҳонлардан” бир амаллаб ўтарди.
Муҳаррирнинг иш услуби жуда ғаройиб, хатога йўл қўйганлардан келишиклар номлари, қўшимчаларини айтиб беришни талаб қилар, деярли ҳар мақоласида пала-партишлик бўлгани учун, ”имтиҳонни” асосан қишлоқ хўжалик бўлими мудири топширарди. У шўрлик ҳеч балони билмаса-да, “имтиҳон”дан йиқилмасди. Анвар аввалига муҳаррир шафтоли ҳақи-ҳурмати бўлим мудирини аяса керак, деб ўйлаганди. Кейин маълум бўлишича, “келишик жинниси” бўлмиш муҳаррирнинг ўзи келишикларни билмас экан. Бўлим мудирининг омади шунда экан.
Ҳа, Анвар ана шундай ажойиб газетада ишларди. Иссиқ ёз кунларидан бирида муҳаррир уни ҳузурига чақирди.
Хонада совутгич ишлаб турган бўлса-да, муҳаррир ҳансирар, теппакал бошида йирик тер томчилари ялтирарди.
– Анваржон, – деди у одатдагидек ҳовлиқиб, – энди битта зўр репортаж ёзасиз-да! Ҳамма газеталар кўчириб босади. Сенсация! Шов-шув! Журналистлар мукофотига тавсия этишса ҳам, ажабмас. Ахир, ҳозир ошкоралик, демократия!
Анвар гап нимадалигини билмасди, муҳаррир эса мақсадга кўчмай, яна анчагача оғиз кўпиртирди.
Анварнинг тоқати тоқ бўлди. Ниҳоят, муҳаррир ўзига келиб, мақсадга кўчди.
– Ҳозиргина “Қизил октябрь” колхозидан бир сут соғувчи телефон қилди. Район совети депутатиман, деди. Унинг айтишича, ферма ёнига “учар ликопча” қўнибди, ундан ўзга сайёраликлар тушиб, қизнинг ёнига келишибди-да, ўзбекчалаб, “Нега колхозингиз сут, гўшт тайёрлаш планини бажармаяпти?” – деб сўрашибди. Қизнинг эсхонаси чиқиб кетибди. Салдан кейин ўзига келиб, “Раисдан сўранг, раис билади”, дебди. Ҳозир улар фермани текширишаётганмиш. Ана сизга, сенсация! “Ўзга сайёраликлар – “Қизил Октябрда” – сарлавҳаси ҳам тайёр. Тез боринг, улар кетиб қолишмасин, илтимос, чаққонроқ бўлинг! Менинг машинамда боринг!
Анвар бу гапга ишонишни ҳам, ишонмасликни ҳам билмай, хонадан ҳайрон бўлиб чиқди. У ён дафтарини олиб, зинадан тушиб борар экан, рўбарў келиб қолган хатлар бўлими мудираси Манзуранинг сирли жилмайиб, “Ҳа, Анвар ака, бунча шошилиб қаёққа кетаяпсиз?” деган саволига “Қизил Октябр”га деди-ю, ўзини бино соясида турган муҳаррир машинасига урди. Доимо мудраб ўтирадиган ҳайдовчи, доимги баҳонасини қилди: “Бензин йўқ!” Анвар жиғибийрон бўлди: “Қизиқмисиз, Рўзиқул ака?!” Учар ликопча”дагилар бензин йўқ экан, деб қараб ўтирадими?! Тез бўлинг, муҳаррир айтдилар.“Қизил Октябр”га “Учар ликопча” тушибди! Кетдик!”
Ҳайдовчининг йилтираб турган кўзлари катта-катта бўлиб кетди.
– Иби, Анваржон, ростми гапингиз?! “Учар ликопча” дейсизми? Муҳаррир айтдиларми, ундай бўлса, бензин бор. Лекин менга қаранг, хўш, ҳалиги ликопчадагилар ўзимизга индамайдиларми, ишқилиб? Ахир, бола-чақа, ёш хотин деганингиздай.
Анварнинг энсаси қотди:
– Шу шалоқ аравангиз-у, кал башарангиз билан улар сизни бошига урармиди.
– Ҳай, ҳай, кал эмас, жингала соч денг, хафа бўламан-а.
Рўзиқул ака машинани бир амаллаб ўт олдирди. Шалдир-шулдур қилиб, “Қизил Октябрь” колхозининг чўл этагидаги фермасига етиб боришганида кун пешинга яқинлашиб қолган, бу ерда чивин қўриб ўтирган қоровул, офтоб тиғидаги бостирма тагида эринчоқлик билан кавш қайтараётган, эти устихонига ёпишган ўн-ўн икки чоғли бузоқдан бўлак, ҳеч ким, ҳеч нарса кўринмасди.
Анвар дарҳол гап нимадалигини тушунди, лекин табиатан афандинамо Рўзиқул акани эрмак қилиш учун, қоровул чол билан гаплашиб бўлиб, машина ёнига қайтгач, сир бой бермади.
– Ҳа, қани у ликопчами, тақсимчами, Анварбой?! – деди Рўзиқул ака.
– Ферма мудири зиёфат бергани уйига олиб кетибди. Қоровул чол шунақа деяпти.
– Ўб-бо, баччағарлар-ей, улар ҳам ўзимизнинг катталар қатори экан-да. Энди қўрқмасак ҳам бўлади, мулло Анвар! – Рўзиқул ака тиззасига шапатилаб сўзида давом этди:
– Раҳматли отам шундоқ ҳикоят қилардилар, бир бандаи мўминга айтибдилар: “Тақсир, қочинг, бало келяпти!” Банда айтибди: “Балонинг оғзи борми?”. “Бор, тақсир” дейишибди. Банда жавоб қайтарибди: “Агар оғзи бўлса, ундай балодан қўрқишнинг сира ҳожати йўқ!”
Рўзиқул ака ўз гапидан ўзи нашъа қилиб, мириқиб кулди. Анварнинг эса жаҳли чиқа бошлаганди. Ахир, муҳаррир деган ҳам шунақа лақма, довдир бўладими?! Сенсация эмиш! Тўрт қаторлик хабарни эплаб, хатосиз чиқаролмайдиган газетачага сенсацияни ким қўйибди? Бошим кал, таъбим нозик деганлари, шу экан-да?!
Йўл бўйи шуларни ўйлаб, жиғибийрон бўлган Анвар муҳаррирни лақиллатишда давом этишга қарор қилди.
Таҳририятга кираверишда у яна Манзурани учратди. Манзура Анварни кўриб, кулиб юборгач, у ким ҳазил қилганини сезди-ю, беихтиёр ўзи ҳам қизга қўшилиб кулди.
– Эҳ, Анвар ака, зукко йигитсиз-у, наҳот сезмадингиз? Мен йўлдан қайтиб келарсиз, деб индамагандим.
– Ҳой, ноинсоф, шу қилиғингизни муҳаррирга айтсам, қора сочларингизни битталаб юлади-я!
– Ҳо-о, тан олиб бўпман!
– Бўлмаса, тилни тийинг. Мен ҳазилни давом эттираман.
– Келишдик! – деди Манзура.
Анвар муҳаррир хонасига кўтарилди. У Анварни кўриб, “дик” этиб ўрнидан турди.
– Хўш, қани гапиринг-чи, Анваржон!
– Э, нимани гапираман, – қўл силтади у, – улгурмадик. Кетиб қолишибди.
– А-а, нима? Қаерга кетади? Нега кетади?
– Қўшни туманга ўтиб кетишибди. У ерда бизникидан ҳам баттароқ фермалар бор эмиш.
Муҳаррир ўзини ўриндиққа ташлади.
– Уф-ф, ахир, мен доим айтаман-ку, сизларда тезкорлик етишмайди деб. Шундай далилни қўлдан чиқариб ўтирибсиз-а. Кетидан бормадингзми?
– Бу машинангизда ликопчага етиб бўлармиди?
– Бўлади! – Столга гурсиллатиб мушт урди муҳаррир, – Рўзиқул истаса, ета олади!
Анвар ортиқ чидаб туролмади, кулиб юборди. Муҳаррирнинг баттар жазаваси тутди, кўзлари ола-кула бўлиб кетди.
– Нега куласиз? Ишни расво қилиб, яна куласизми?
– Ахир, домла, бизни лақиллатишган экан, – кулгисини зўрға тийиб гапирди Анвар.
– Нима, нима дедингиз, ким лақиллатади? – муҳаррир инграб юборди, кўкрагини чангаллади, боши бир томонга қийшайиб, ранглари оқариб кетди. “Сув, сув беринг”, деди хириллаб.
Анвар ташқарига отилди, котиба аёлга урилиб кетиб, пиёла излади. Хонасидан югуриб чиққан Манзура лабларини тишлаганча, унинг қўлига гулдор пиёла тутқазди.
Муҳаррирни амаллаб ўзига келтиришди. У оғзини каппа-каппа очар, нигоҳларида одатдагидек ғазаб эмас ночорлик, афтодаҳоллик акс этарди. Анварнинг унга раҳми келди, қилган ишига пушаймон бўлди, лекин сир бой бермади.
Орадан неча кун ўтса ҳам, муҳаррир ҳазил “муаллифи”ни билишга ҳарчанд уринса ҳам, сир сирлигича қолди. Манзура Анварга “Энди бундай қалтис ҳазил қилмайман” дея сўз берди.
Орадан чамаси бир ой вақт ўтгач, Манзура билан Анвар ўртасида шундай суҳбат бўлди.
– Анвар ака, сиз газетадан кетинг, илтимос. Иқтидорингизни жувонмарг қилманг. Ўша эълон қилинган ҳикояларингиздан бошқа ҳеч нарса ёзмасангиз ҳам, сиз ёзувчисиз. Тошкентга кетинг. Ахир, қачонгача бу ерда фалон тонна гўнг тўпланди, фалончининг сигири вақтида суғорилмади, дея ёзиб юрасиз? Менинг йўриғим бошқа. Ёзувчиликка даъвоим йўқ. Лекин сиз ёзишингиз, улғайишингиз керак. Агар мени дўст ҳисобласангиз, кетинг.
– Ахир, туман газетасида ҳам кимдир ишлаши керак-ку!
– Ҳа, кимдир ишлаши керак, лекин сиз эмас! Хом-хатала мақолалар билан одамларнинг дидини пасайтиришни мана, бизга қўйиб беринг!
– Тошкентда ҳам менга биров қучоқ очиб тургани йўқ. Пойтахтнинг нонини олти йил едим. Ўша, сиз айтган ҳикояларнинг ҳаммаси Тошкентда ёзилган.
– Барибир ҳам кетишингиз керак. Бу ерда ҳеч нимага эришолмайсиз.
– Тошкентда уйим бўлмаса, ижарада туриш жонимга теккан.
– Қўйинг, бу баҳоналарни, ижарада туриш нима деган гап сизга? Ахир, жафокаш Мартин Иден сизнинг идеалингиз, энг севимли қаҳрамонингиз-ку! Иден ёзувчи бўлиш учун кўрган азоб-уқубатлар олдида, Тошкентдай гўзал шаҳарда ижарада бўлса-да, яшаш, маза-ку!
– Эҳ, Манзурахон, юрагингиз тоза сизнинг, ҳамма нарсани соддалаштириб юборяпсиз. Ўша, ўзингиз айтган, мен яхши кўрадиган Мартин Иден шундай дейди: “Адабиётга кириладиган ҳар бир эшик олдида қўриқчи итлар – ёзувчи бўлиб етишолмаган кимсалар туришади”. Гапимга тушунгандирсиз?
– Йўқ, унчалик эмас…
– Демоқчиманки, қўлёзма кўтариб нашриётма-нашриёт юриш гўр азоби. Буни талаба пайтимда кўп татиб кўрдим. Сенга биров қулоқ тутади, биров тутмайди. Умуман муаллифнинг, айниқса, ёш ёзувчининг таҳририятлар, нашриётлар олдида ҳеч қандай ҳуқуқи йўқ.
– Булар ҳаммаси – енгиб ўтса бўладиган тўсиқлар, енгиб ўтишингиз шарт! Наҳот, қийинчиликларни деб, эзгу мақсаддан воз кечсангиз? Бу сизнинг табиатингизга тўғри келмайди.
– Гапингизда жон бор, Манзура. Мен ҳақиқатан ҳам Тошкентга кетсам керак. Бошқа иложим йўқ, шекилли. Ахир, ёзувчилик мен учун ҳаёт-мамот иши. Юқорида айтганларим эса, юраги оғриган одамнинг аламли гаплари. Қийналсам, амаллайман, ахир, ортимда йиғлаб қолган бола-чақам йўқ-ку?
– Ана энди ўзингизга келдингиз, Анвар ака! Китобларингиз чиққанида, шундай дўстим бор эди, дея фахрланиб юраман.
Шу суҳбатдан сўнг кўп ўтмай, Анвар бир қарорга келди ва ишдан бўшаш учун ариза ёзди. Муҳаррир ҳар қанча довдир бўлмасин, Анвар иқтидорли йигит эканини сезарди, шу боис уни ишда олиб қолиш учун кўп насиҳат қилди. Анвар унамагач, ноилож аризага қўл қўйди, қучоқлашиб хайрлашди. Анварнинг умр бўйи тузук бир нарса ёзолмай ўтаётган бу одамга раҳми келди.
Тошкентда ҳақиқатан ҳам жуда кўп қийинчиликларни енгишга тўғри келди. Оч-наҳор, юпун юришга мажбур бўлди. Лекин мақсадига эришди. Бирин-кетин икки китобини чиқарди. Ёзувчилар уюшмасига аъзо бўлди. Сўнгра ижодий командировка олиб, она юрти Бухорога келди, Қизқалъа қўриқхонаси ҳаётидан китоб ёзиш учун материал йиға бошлади. Раҳим ака ва Гулниҳол билан танишди. Тез орада улар апоқ-чапоқ бўлиб кетишди.
IV
Чой ичиб бўлишгач, Гулниҳол хонани йиғиштиришга киришди. Раҳим ака билан Анвар қизга хайрли тун тилаб, ўз хоналарига чиқишди. Анвар тунчироқни ёқиб, китоб ўқишда давом этди.
– Энди Раҳим ака, айбга буюрмайсиз, озгина қолди, тезда тугаллайман. Устига-устак, уйқум ҳам келмаяпти, – узр сўраган бўлди у ҳамхонасидан.
– Бемалол, Анваржон, ўқийверинг. Мен ҳали-бери ухлайолмасам керак. Йиллар ўтаверган сайин, одам кам уйқу бўлар экан. Интиҳо яқинлигини инсон руҳияти сезиб, шунга мослашади, афтидан.
– Қўйсангиз-чи, Раҳим ака. Сиз ҳали қирчиллама йигитсиз-ку, – деди Анвар оппоқ тишларини кўрсатиб жилмаяркан.
– Қирчилламаси қолдими, ука, Худо хоҳласа, баҳорда Пайғамбар ёшига кираман.
Раҳим аканинг юзлари саҳро офтобида қорайиб, сочлари хийла оқарган бўлса-да, ёшига нисбатан анча навқирон кўринар, лекин ич-ичига ботган қўй кўзлари ниҳоятда ғамгин эди.
– Сирасини айтганда, гап ёшда ҳам эмас, ука, – деди ҳорғин товуш билан Раҳим ака, ўринга чўзилар экан, – яшайверасиз, бир кун қарабсизки, яшашдан чарчаб қоласиз. Мен асли тарих ўқитувчисиман, буни биласиз. Шу десангиз, бир вақт қўлимга яҳудийларнинг “Экклезиаст” диний китоби тушиб қолди. Ўшандаги бир фикр ҳамон ёдимда. Эмишки, бу фоний дунёда бандасининг жамики саъй-ҳаракати, елиб-югуришлари бир пул, бийдай далада шамол кетидан қувиш билан баробар. Яна бу гаплар кимнинг тилидан айтилган денг? Етти юзта хотин ва канизаги ва ҳад-ҳисобсиз бойлигу ер-мулки бўлган, боши айш-ишратдан бўшамаган шоҳ Сулаймон номидан!
Анвар қўлидаги китобни бир чеккага қўйиб, Раҳим аканинг сўзларини диққат билан тинглай бошлади. Бу ерда яшай бошлаганидан бери Раҳим ака ўзига руҳан яқинлигидан жуда севинар, суҳбатларини жон қулоғи билан тинглар, шу билан бирга, ғоят сермулоҳаза бу одамнинг юрагида чексиз бир дард борлигини сезарди.
– Йиллар ўтиши билан, ўйлаб қарасам, – сўзида давом этди Раҳим ака, – бу ҳикматда жон борга ўхшайди. Чунки одам охир-оқибат боласинингми, хотининингми, орзу-ҳавасинингми, ҳирс ёки яхшилигу ёмонлигинингми, қурбони бўлади. Ҳа, қурбони! Айтиб қўяй, бу тор маънода, жисман қурбон бўлиш дегани эмас. Бу – кенг маънодаги қурбонлик.
Суҳбатдошлар бир муддат жим қолдилар. Дарё томондан эсаётган шамол қум зарраларини, хас-чўпларини дераза ойнасига келтириб урар, увуллар, ҳуштак чаларди.
Раҳим ака сўзида давом этди:
– Сиз қўриқхонага келиб қолишим тарихини билмайсиз. Ўшанда, агар шу ерга келмасам, ақлдан озишим, ёки жонимга қасд қилишим мумкин эди. Ҳеч нима тушунмаяпсиз, келинг, бир бошдан сўзлаб берай, агар жонингизга тегмаган бўлсам.
– Қўйсангиз-чи, Раҳим ака, бажонидил эшитаман.
– …Ўшанда хотиним билан қишлоқда яшардик, ёлғиз ўғлимиз беш яшар эди. Ҳовлимиз, сигир-бузоғимиз бор эди.
Қишлоқ ўқитувчисининг маоши етганча, умрбасар қилардик. Хотиним кўҳлик, нозиккина, ювош аёл эди. Ҳеч қачон сану манга бормаганмиз. Уни жуда яхши кўрардим, у ҳам мени севишига қаттиқ ишонардим. Ахир, неча йиллик аҳду паймондан сўнг тўйимиз бўлганди.
Шу камсуқум аёл қачон ўзгарди, уни нима бунга мажбур этди, ҳамон тушунолмайман.
Хуллас, у қишлоғимиз магазинига серқатнов бўлиб қолди. Кўп ўтмай, ялтироқ, гулдор кўйлаклари пайдо бўлди. Менинг “Пулни қаердан олдинг?” деган саволимга истамайгина: “Қарзга олдим. Дугоналаримдан. Узилишиб кетармиз”, – дерди.
У кун сайин магазинга қатнашини канда қилмади. Кўнглимга шубҳа оралади. Лекин шайтонга ҳай бердим. Рашк балоси ёмон экан. Барибир ёрилдим. Хотиним совуқ илжайди. “Наҳот, мени магазинчидан рашк қилсангиз? Ахир, у ҳўкиз-ку? Мен зерикканимдан бораман у ерга, битта-яримта билан чақчақлашиш учун”.
Ҳақиқатан ҳам, магазинчи ўттиз беш ёшлардаги, юз-кўзларидан қон томадиган, уч яшар буқадек баҳайбат киши эди.
Кунларнинг бирида мактабга жўнашимдан олдин, хотиним ўғлимни етаклаб, ёнимга келди. Негадир ерга боқиб, шундай деди:
– Йўқ демасангиз, икки-уч кунга онамларникига бориб келсам, бола бувимга бораман, деб хархаша қиляпти.
– Майли, бориб олиб келайми, ё ўзинг қайтасанми?
– Ўзим қайтаман. Шаҳар қочиб кетгани йўқ-ку!..
У ўғлимни етаклаб кетди ва уч кундан сўнг ҳам, тўрт кундан сўнг ҳам қайтмади. Кейин, мен шўрлик, бутун қишлоқ билган ҳақиқатни эшитдим… Хотиним ўша магазинчига иккинчи хотин бўлиб тегибди, унинг шаҳардаги ҳовлисида яшаркан. Мана, орадан йигирма йилдан ортиқ вақт ўтди. Лекин ҳамон ўша кунги ҳолатимни эсласам, этим жунжикади. Калламга келган биринчи хаёл, шаҳарга бориб, ҳар иккаласини чопиб ташлаш эди. Лекин қариндош-уруғ, қўни-қўшни йўлдан қайтарди. “Раҳимбой, ёш жонингизга жабр қилманг. Ғишт қолипдан кўчган. Ундан кейин, болангизни ўйланг…”
Ўғлимни ҳар қанча яхши кўрсам-да, эркаклик ҳамияти кучлилик қилди. Мен ўша аёлнинг кўзларига энди кўзим тушмаслиги учун, юрагимдаги ўғлимга бўлган соғинчни маҳв этдим ва кўп ўтмай, шу ерга, қўриқхонага ишга келдим. Мактабда ўқитувчи-ўқувчиларнинг “Мана шу кишининг хотини магазинчига тегиб кетган-да”, деган шивир-шивирларига тоқат қилолмадим.
Хотиним магазинчи билан яшаб кетолмади, у нозиктаъб аёл эди. Бир йил ҳам ўтмай, магазинчи билан орани очиқ қилди. У ҳозир ҳам ўғли билан шаҳарда яшайди. Шунча йил мобайнида биз бир марта ҳам учрашмадик. Вақт ўтиши билан, орият юрагимдаги хотинимга, ўғлимга бўлган муҳаббатни бутунлай ёндириб юборди. Эҳтимол, мен ўғлимга хиёнат қилгандирман. Хотинимга бўлган нафратнинг кучлилиги йиллар ўтиб ҳам сўнмади ва шу нафрат ўғлимни ҳам мендан бир умр узоқлаштирди. Тўғри, узоқ йили ўғлим мени йўқлаб келди, лекин у билан учрашишни истамадим. У мени онасининг хиёнати қурбони, деб ўйлаб, олижаноблик қилаётгандек туюлди, буни ҳазм қилолмадим. Эшитишимча, ўғлим ўша магазинчини барибир ўлдираман, деган эмиш. Хўш, энди ўзингиз айтинг, тақдирнинг бу ўйинида қурбон бўлган ким? Менми, хотинимми, ўғлимми, ёки ўғлим юрагида ўлимга маҳкум этган ўша магазинчими?
Раҳим ака жимиб қолди. Анвар бу саволга жавоб топиш учун хаёлга чўмди.
“Ҳақиқатан ҳам ким қурбон? Ким ғолиб-у, ким мағлуб?” – ўз-ўзидан сўрарди у такрор-такрор. “Бу дунёда алдамаган, алданмаган одам қолдими? Бу қандоқ бало ўзи? Яхши кўриб теккани, яхши кўриб алдаса, яхши кўрмай теккани – ёмон кўриб алдаса. Ахир, алданганга барибир эмасми, яхши кўриб алдайдими, ёмон кўрибми? Наҳот, чин севги бўлмаса?”
Анвар узоқ йили илк китоби қандай сотилаётганини билиш учун Бухоронинг гадойтопмас бир гўшасида жойлашган китоб базасига борганди. Бу ерда асосан ўрис, татар аёллар ишлашаркан.
Биргина деразаси бўлган узунчоқ хонада беш-олти чоғли ёш-қари аёллар столга мук тушганларича, алланималарни ёзиш, чўт қоқиш билан банд эдилар. Анвар салом берди, мақсадини айтди.
Аёллар бир зум жонларига теккан ишдан тўхтаб, меҳмонни кузатдилар, ташқи кўриниши, кийинишидан нуқсон топа олмадилар ва яна ўз ишларида давом этдилар. Фақат Анварнинг ишига тааллуқли бўлган ўттиз ёшлардаги, қўнғир сочлари оппоқ юзига алоҳида ҳусн бахш этган, лаблари билинар-билинмас қизартирилган жувон у билан суҳбатда давом этди.
– Китобингизнинг номи нима эди? Мен ҳозир қайд дафтаримдан кўриб бераман.
– Номи “Муҳаббатнинг байрамлари”.
Анвар сўзини тугатар-тугатмас, хонани аёлларнинг бир варакайига “О-о-о!” деган хитоблари тўлдирди. Улар яна Анварга тикилиб турардилар. У ўнғайсизланиб, қўнғир сочли аёлга илтижо билан тикилди. Жувоннинг ёрқин, сурмасо кўзлари негадир ғамгин тортган эди. У ўша ғамгин кўзлари билан жилмайиб, сўз қотди:
– Ўзи бўлмаган муҳаббатнинг байрамлари бўлар эканми?
Анвар жавоб қайтариш учун оғиз жуфтлаган ҳам эдики, тўрда ўтирган, юзлари буришган, аммо кўзлари шўх ўйнаб турган аёл гапга аралашди:
– Тилингизга шакар!
Аёллар Анварни саволга кўмиб ташлашди.
– Яхши йигит, ўзингиз биласизми, ўша ҳақиқий севги нима эканини?
– Бизнинг пешонамизга битган севги – арақзада эр, онабезор болалар, рўзғорнинг қора қозони! Мана сизга, муҳаббат!
– Қуриб кетсин, севгисиям, муҳаббатиям, бу замонда ҳақиқий эркаклар, сева оладиган мардлар қолмаган. Ҳаммаси бир гўр – айғирлар, модапарастлар!
Анвар ғала-ғовурдан фойдаланиб, аёлларни кузатди. Ўша қўнғирсоч, кўзлари ёрқин жувондан бўлак, ҳаммасининг ёши ўтинқираган, ҳаёт тажрибаси бор кишиларга ўхшашади. Уларга ҳали уйланмаган йигит севги ҳақида нима дея оларди? Лекин уни баҳсга чорлашяпти. Китоб сарлавҳаси аёлларнинг асаб торларини чертди. Демак, бекорга тер тўкмаган экан. Аммо сирасини айтганда, бир мартагина ошиқ бўлганлар ҳам, севги ҳақида сўз айта олсалар керак. Анвар бу хушчақчақ аёлларнинг ҳафсаласини пир қилмаслик учун, ўзининг энг севимли адиби Паустовский сўзлари билан жавоб берди.
– Севги – тоғ довонларига ўхшайди: Юзлаб чақирим масофадан кўриниб туради. Лекин бу довонга етиб олиб, муздек булоқ сувидан симириш ҳар кимга ҳам насиб қилавермайди.
Бу сўзлар ҳам ҳақиқий севги борлигига шубҳа қилаётган аёлларни тинчлантира олмади.
– Хўш, довонга етолмаган бечоралар нима қилсин? Муздек булоқ суви ўрнига, кўлмакдан ташналикларини қондиришсинми, яхши йигит?
Анвар аёллар билан узоқ баҳслашди. Барибир, ҳар икки томон ўз фикрида қолди. Анвар чин севги бор, фақат севиш учун ҳам алоҳида истеъдод, иқтидор керак, деди. Аёллар эса чин севги йўқ, дея туриб олишди. Ниҳоят, қўнғирсоч жувон муросага келди:
– Ҳой, дўстлар, инсоф борми, сизларда? Биринчи кўраётган одамга ҳам шундай ёпириладиларми? Эҳтимол, унинг сизлар билан баҳслашгиси йўқдир, эҳтимол, бирор ёққа шошилаётгандир? – жувон сўзидан тўхтаб, бир муддат қайд дафтарини титкилагач, шундай деди:
– Китобингиз бизга 3000 нусхада келган эди. 2700 таси сотилиб бўлди. Ҳақиқатан ҳам, яхши китобга ўхшайди, афсус, биз ўзбекча ўқиёлмаймиз-да. Ташвиш тортманг, қолгани ҳам ўн беш-йигирма кунда сотилиб кетади.
Анвар аёллар билан хайрлашиб хонадан чиқди. Улар ўзлари билмаган ҳолда Анвар юрагининг қат-қатида неча йиллардан бери яширин ярани тирнаган эдилар.
Қўнғирсоч жувоннинг ниҳоят чиройли, ғамгин кўзлари эса унга қўшни келинчакни эслатганди.
…Ўшанда Анвар ўн беш ёшда эди. Қўшнилариникига шаҳардан келин тушди. Келинчак ўн етти-ўн саккиз ёшларда, майда ўрилган сочлари, ўсмали қошлари ўзига ярашиб тушган, катта-катта қора кўзлари эса негадир жуда ғамгин, уларда аллақандай мунгми, сирми яширин эди.
У пешонабоғини дол танғиб, атлас кўйлакда сувга чиқар, сўнг челакни тўлдириб қўйиб, қўшни қизлар, болалар билан бир муддат чақчақлашарди. Биринчи суҳбатдаёқ қўшни бола Анвар билан келинчак бир-бирларини ёқтириб қолишди. Келинчак Анвардан тез-тез китоб сўраб олар, уларни ўқиб бўлгач, дарҳол қайтарар ва ҳар гал сувга чиққанида, шу китоблар ҳақида шоиртабиат бола билан суҳбатлашар, “Укажон, сиз албатта, шоир бўлишингиз керак”, – дерди.
Шоирликка ҳали анча бор эди, лекин болакай ўзи билмаган ҳолда келинчакка ошиқ бўлиб қолди.
Бу ишқ йигитчанинг илк севгиси, туғилган кунидан бошлаб юрагининг энг тўрига кўмилишга маҳкум эди.
Анвар ҳар оқшом келинчакнинг сувга чиқишини орзиқиб кутар, сал ҳаяллаб қолса, ўзини қўярга жой тополмас, унинг атлас кўйлаги кўзга ташланганда бечора бола дир-дир титрай бошларди.
Орадан бир неча ой ўтди. Негадир кейинги пайтларда келинчак Анвардан китоб сўрамай қўйди. Йигитча безовталаниб, ўзи китоб таклиф қилганида, келинчак жилмайиб, “Ҳозир китоб ўқишга вақт қолмаяпти, сигир соғиш, пиёз ўтоқ қилиш, кув пишишни ўрганяпман. Укажон, аввал ҳаёт китобини ўқиш керак экан…” – дерди.
Йўқ, бу баҳона эди, йигитчанинг ошиқ юраги келинчакнинг чиройли кўзлари тобора ич-ичига ботаётганини, улар ғамга тўлиб бораётганини сезарди. Лекин қўлидан ҳеч нима келмас, унинг юрагидаги ишқ ҳақсиз, ҳуқуқсиз келинчакни ҳар куни бир марта кўрса, сал бўғиқ, ёқимли овозини эшитса, кифоя эди.
…Ариқ ёқалаб ўсган жийда гулларининг хуш бўйи самони тўлдирган илиқ бир оқшом. Анвар уйи ёнидаги курсичада китоб ўқиб ўтирар, кўзи китобда бўлса-да, ақл-ҳуши келинчак чиқиб келиши лозим бўлган дарвозада эди. Йигитча кечки овқатни ҳам унутиб, ярим тунгача кутди. Лекин келинчакдан дарак бўлмади. Туни билан алғов-далғов тушлар кўриб, ухлаган Анвар эрта тонгда қўшни уйдан келаётган фарёд товушидан чўчиб уйғонди-ю, апил-тапил ювиниб, кўчага отилди.
Келинчак яшайдиган уй дарвозаси ёнида ўн-ўн беш чоғли киши куйманишар, сал нарироқда “Тез ёрдам” ва милиция машиналари турарди.
Анвар қотиб қолди. Анча вақт серрайиб турган боланинг қулоғига узуқ-юлуқ гаплар чалинди:
– Бечора келинчак, ўзига ўт қўйибди. Саҳарда жони узилибди…
“Нима?! Ўт қўйибди? Нега ўт қўяди?! Нега жони узилади?!” Анварнинг бошига оғир бир нарса урилгандек бўлди. У нима қилаётганини ўзи ҳам билмай, отилиб уйига кирди. Хона ўртасида бир дақиқа тўхтагач, гурсиллаб қулади ва шу кўйи бир неча кун отасини қўрқитиб, алаҳлаб ётди.
Келинчакнинг мунг тўла кўзлари, “Укажоним, аввал ҳаёт китобини ўқиш керак экан”, деган сўзлари қулоқларида қайта-қайта жаранглар, йигитча бу ногаҳоний ўлим сабабларини идрок этолмасди.
Йиллар ўтиб, у келинчакни гулханга айлантирган қабоҳат нима эканини англаб етди. Лекин бу йиллар юрак ярасини даволай олмади.
Ўқишда, ишда у ажойиб қизларга дуч келди. Лекин уларнинг бирортаси ҳам йигит юрагидаги ўша мунгли кўзлар ёққан ўтни ўчиролмади.
“Хўш, ўзига ўт қўйган келинчак қурбонми? Уни мағлуб ёки ғолиб дейиш мумкинми? Ким ҳақ, чин севги борлигига ишонганларми, ишонмаганлар?…”
Бу саволлар Анварга сира тинчлик бермасди.
V
– Қаранг, Анвар ака, саксовул уруғлабди! – деди Гулниҳол қўлидаги бутоқни кўз-кўз қилиб.
Ёмғирда ивиган бутоқ анор доналардай қип-қизил маржонларга бурканганди. Анвар бутоқни айлантириб томоша қилди. Қўлида митти, ёрқин юлдузчалар жимир-жимир этарди гўё.
– Ажаб, – деди у, – шунча ёшга кириб саксовул уруғини энди кўриб турибман. Ва айни шу пайтда уруғлашини билмас эканман.
– Демак, бу тонг яна бойидингиз, саҳро султони ҳақида озгина бўлса-да, маълумотга эга бўлдингиз, – деди Гулниҳол. – Биласизми, шу митти уруғчаларга қараб мен уларни жуда кўп нарсаларга ўхшатдим. Мана, қаранг, кўзёшларига, йирик ёш томчиларига ўхшайди, фақат, ранги қизил…
Анвар бир муддат жим қолди, сўнг шундай деди:
– Сиз касбни нотўғри танлагансиз, шоир бўлишингиз керак эди.
– Сизга ким айтди, бизнинг касбимиз шоирликдан қолишади, деб? Сиз инсон юрагини тадқиқ этсангиз, биз табиат қалбига қулоқ тутамиз. Ахир, булар ҳар иккаласи эгизак-ку, ажралмас-ку! Шундай эмасми?
– Шундай, Гулниҳол, шундай…
Қиз сўзида давом этди:
– Кеч куз, олдинда қиш, қаҳратон совуқлар. Лекин саҳро султони уруғлайверади. Чунки у айнан қиш арафасида уруғлаши керак. Уруғлар қишнинг қаҳратон қиличидан ер билан битта бўладилар ва бундан ўкинмайдилар ҳам. Баҳор келиб, ер илиши билан улар янги, яшил либосда ердан бош кўтарадилар. Қизиғи шундаки, агар совуқ кучсиз бўлса, биз аяб турган бу мурғак уруғлар шундоқ, бутоқларда қолиб кетадилар, ерга тўкилмайдилар ва табиийки, кўкламда қайта жонланмайдилар. Табиат фалсафасининг буюклигига диққат қилинг. Совуқдан маҳв бўлиб, ерга тўкилганлар кўкламда янги ҳаёт бошлайдилар, бутоқда жон сақлаганлар эса ҳалок бўладилар…
– Жуда яхши кузатгансиз, бунда ботиний бир боғлиқлик, фожиа бор. Менимча, бутун борлиқ, инсоният ўзаро шундай боғланган бўлса, ажабмас, –деди Анвар ва Гулниҳолга бир муддат сўзсиз тикилиб турди. “Бу ниҳолдек қиз оддий саксовул ҳақида шунча фикр юритяпти. Ҳақиқатан ҳам, шоир юраги бор экан. Лекин афсус, ҳозир замон шоиртаъбларга боқмайди, аксинча, уларни хўрлайди, охир-оқибат, бир бурда нонга, бошпанага, бир оғиз ширин сўзга зор этади”.
Анвар ҳамюрти, кекса шоир Нурмат Очилни эслади. У ҳақиқий шоир эди. Лекин расмий идоралар тан олмаган, китоби чиқмаган, ёзувчилар уюшмасига қабул қилинмаган, фақат бир-икки ғазали радиодан қўшиқ қилиб айтиларди, холос.
Нурмат Очил тўрт мисра шеъри ёруғ жаҳон юзини кўрсин учун Тошкентдаги аксарият газета-журналлар чоп этиладиган йирик босмахонада юкчилик, қоровуллик қилди. Бир-ярим шеърлари газета-журналларда босилди ҳам. Лекин кўпчилик унга омадсиз, чаламулло бир ишқибоз сифатида қарарди.
Бир қарашда, у ҳақиқатан ҳам омадсиз эди. Хотини ўлиб кетган, бола-чақаси йўқ, етмишни қоралаган бўлса-да, ҳамон ижарада турарди. Шоир деб бўлмайди, китоби чиқмаган… Ҳамма нарсадан натижа, кўрсаткич, фойда кутишга ўрганиб қолган одамлар уни тан олгилари келмас, бу даргоҳга ҳар куни юзлаб шоир-ёзувчилар кириб-чиқиб турса-да, кекса, афтодаҳол ғалзалнавис билан ҳеч кимнинг иши йўқ эди.
Анвар Нурмат Очилнинг шеърларини чиқаришда кўмаклашди. Лекин шеърлар шундай ҳолда чоп этилдики, уларда Нурмат Очил ёзган бир мисра ҳам қолмади. Шундай бўлса-да, чол газетада ўз имзосини кўриб, кўзлари ёшланди. Анварга миннатдорчилик билдирди. Ўзгартирилган, маза-матрасиз сўзлар қўшиб-чатилган мисралар ҳақида ҳеч нима демади.
Анвар ҳамкасблари қилмишидан хижолат бўлиб, узр сўраган эди, чол хомуш қўл силтади:
– Қўйинг, мулло Анвар, хафа бўлманг. Ҳозир бировдан хафа бўладиган замон эмас…
Кимдан хафа бўлади, нега хафа бўлади? Ахир, ҳамкасблари қандай одамлар экани унга аён-ку!
Уларнинг бир қисми ҳақиқатан ҳам иқтидорли шоир-ёзувчилар. Лекин бир қусурлари бор: улар даҳоликка даъвогар, атрофдаги майда-чуйда одамлар, ишлар билан шуғулланишга вақтлари йўқ. Ахир, даҳо даҳодек бўлиши керак-да!
Яна шундай тоифа – ўртамиёна ёзувчилар бор. Улар ўртамиёна эканликларини икки дунёда ҳам тан олмайдилар ва бутун умрлари “мен иқтидорлиман”, дея бонг уриш билан ўтади.
Учинчи тоифадагилар ғирт саводсизлар. Улар саводсизликларини яшириш, мансаб, унвон талашиш, даҳоликка даъвогарлар ва ўртамиёналар ўртасида ўралашиш билан кун ўтказадилар.
Ҳақиқий ёзувчилар ҳеч қанақа гуруҳ, тоифага кирмайдилар. Камтар, камсуқум бўладилар. Улар фақат асар ёзадилар. Бошқа ишларга вақтлари йўқ. Фақат, афсус, бундайлар жуда кам.
“Эҳ, Нурмат Очил, Нурмат Очил! Сиз ҳақиқий шоирсиз! Ҳа, шоирсиз! Майли, ҳеч қанақа уюшма, иттифоқ аъзоси бўлмасангиз ҳам, китобингиз чиқмаган бўлса ҳам, сиз шоирсиз!” – фикран хитоб қилди Анвар ва қаршисида жилмайиб турган Гулниҳолни кўриб, қаттиқ хаёлга чўмганини англади.
– Узр, Гулниҳол, саксовул ҳақида баҳслашавериб, хаёлим инсонларнинг гулига кетиб қолибди, – деди у.
– Ким экан у инсонларнинг гули? – қизиқсиниб сўради қиз.
– Бир ҳамюрт шоиримиз бор. Нурмат Очил деган.
– Нурмат Очил, эшитмаган эканман.
– У кишини кўпчилик танимайди. Лекин ўзлари зўр шоир, шундай шеър-ғазаллари борки… Шу кишини ўтган йили қишда Бухорода, автобус бекатида учратиб қолдим. “Тошкентда бир умр ижарада яшадим. Энди омонатни топшириш учун Бухорога келдим. Ўз юртимда ўлигим кўчада қолмас”, – дедилар.
– Нима, у кишининг ҳеч кими йўқми?
– Ҳеч кими, борадиган ери, бир даста шеърларидан бўлак ҳеч вақоси йўқ. Ҳатто, ўлимлиги ҳам бўлмаса керак.
– Сиз… Ёрдамлашмадингизми?
– Ёрдамлашдим. Қишлоқдаги ҳовлимизда яшаяптилар. Қўни-қўшни қарашиб туради. Лекин у кишини ёлғизлик балосидан Худодан бўлак ҳеч ким қутқазолмаса керак.
– Нега?
– Негаки, у кишини тушунадиган одамлар бу дунёда ҳеч нимани ҳал этолмайдилар. Улар ҳуқуқсиз.
– Мана, сиз тушунибсиз-ку, ёрдам берибсиз-ку, ахир!
– Биргина мен тушунганим нима ҳам бўларди? Нурмат Очилга ўхшаган маънавий дунёси бой, қўлида бир мириси бўлмаган минглаб, ўн минглаб одамлар бор. Улар хушомад қилолмаганликлари, таъмагирликдан ҳазар қилганликлари учун шу кўйга тушишган. Оқибатда қай йўл биландир пул топган, бирни икки қилган нопок одамлар ҳаётнинг хўжайинларига айландилар. Ҳаётнинг ҳақиқий хўжайинлари бўлишга муносиб, иқтидорли, илмли кишилар эса Нурмат Очил кўйига тушиб қолдилар. Сиз, Гулниҳол, мени тўғри тушунинг, ҳалол меҳнат билан тўқ яшаётган, бадавлат бўлганларга мутлақо даъвом йўқ, уларга сира қарши эмасман. Жонни койитиб, ҳузур-ҳаловатдан кечиб, ишбилармонлик билан бойиганларнинг Худо хайрини берсин. Бундайлар хавфли эмас, улар илму ирфонга қайишадилар, миллат тақдирини ўйлайдилар. Лекин жоҳил, саводсиз, муттаҳамларнинг ҳад-ҳисобсиз пули, имкониятлари бўлиши – бу сиз билан бизнинг шўримиз!
– Гапларингиз ҳаммаси тўғри, Анвар ака! Лекин бу – бизнинг шўримиз ҳам, айбимиз ҳам! Ахир, шуларни тўрга чиқараётган ким? Ўзимиз эмасми?
VI
Қизқалъа баланд тепаликда туриб, қўлини пешонасига соябон қилганича, узоқ-узоқларга тикилаётган ғоят гўзал, лекин жулдур кийимли қизга ўхшаб кетар, дарё томондан эсган кеч куз шамоллари у ер-бу ерида кўк нил бўёқлари ялтираб турган мангу очиқ дарвозаси, сардоба, тош қудуқ ва бошқа харобалар аро ҳуштак чаларди. Неча минг йиллар гувоҳи – тилсиз харсанглар сукунатида қандайдир улуғвор, айни вақтда, аянчли бир қўрқинч бор эди.
Сап-сариқ тиллодек қум барханлари ўраб олган қалъа юксакликда, дарвозаси Мағрибга қарар, бир вақтлар яқингинасида ҳайқириб оққан, энди анча олислаб кетган дарё баландлаётган Қуёш нурларидан ялтираб, кўзни қамаштирарди.
Гулниҳол ва Анвар қалъанинг энг баланд нуқтасига кўтарилиб, ўркач-ўркач қум барханларини, кузнинг бутун гўзаллигини ўзида мужассам этган тўқайзорларни, толим-толим сочдек бўлиб, у ер-бу ерида оролчалар ҳосил қилиб оқаётган дарёни бир муддат томоша қилдилар.
Улар қарийб икки соат ҳеч сўз демай, қалъани айланиб, дарвоза яқинидаги чуқур тош қудуқ ёнида тўхтадилар. Анвар қудуқ ичига эгилиб, овоз берди. Гумбурлаган акс садо чор-атрофдаги тошлар мудроғини бир зумгина учиргандай бўлди. У қад ростлагач, Гулниҳол сўз қотди.
– Мана, шу қудуқни эслаб қолинг, Анвар ака, у ҳали бизга керак бўлади.
– Хўп, – деди Анвар.
Чамаси ярим соатлардан сўнг улар дарё соҳилига етиб бордилар. Анвар ўгирилиб, ортда салобат билан юксалиб турган қалъа харобаларига такрор назар ташлади.
– Ҳа, – деди у чуқур тин олиб. – Бу ерда гапиргандан кўра, сукут сақлаган маъқул.
– Гапиришга ҳақимиз йўқ-да. Шундай аянч аҳволга солиб қўйилган Қизқалъа учун келажак авлод бизни кечирмайди. Бу қалъа Шарқ меъморчилиги буюк дурдоналаридан бири. Ана шу санъат асарига қарийб юз йил мобайнида бирор таъмирчи қўли тегмаган, бирор жонкуяр топилмаганки, “Ҳой, дўстлар, аждодларимиз қолдирган ёдгорликларнинг қадрига етайлик, уларни хор қилиб қўйиш увол-ку!” – деса.
Гулниҳол сўзидан тўхтаб, Анварга боқди. Йигитнинг чеҳраси тунд, кўзларида иложсизлик, бетоқатлик акс этар, дарёдан эсаётган шамол пешонасига тушиб турган дағал, ғайир сочларни тўзғитиб, ўйнарди. Мағриб томондан келаётган қора булутлар галаси бир неча дақиқа олдин чарақлаб турган Қуёш юзини тўсган, тўқайлар шов-шуви кучайган, ҳаводан рутубат, ёмғир ҳиди келарди. Дарё сатҳида майда тўлқинлар кўпайиб борарди. Анвар дарёдан кўз узмай, секин одим ташлар экан, қизга жавобан деди:
– Увол, деб бонг ураётган, ёқа йиртиб, соч юлаётганлар жуда кўп. Ёдгорликларни, табиатни муҳофаза қиляпмиз, дея турли жамияту қўмиталарда юмшоқ курсиларда ўтириб, сафсата сотаётганлар сон-мингта! Лекин булар шунчаки, чиройли гаплар, гап – барибир, гап-да. У чиройли айтилгани билан, ишга айланиб қолмайди-ку.
Қиз бош қимирлатиб, йигитнинг фикрини тасдиқлади. Анвар сўзида давом этди:
– Сизга бир воқеани айтиб берай. Бухоро зилзиласи чоғида обрўли бир журнал топшириғи билан, мен шу ҳақда очерк ёзмоқчи бўлдим. Анча далиллар тўплаганимдан сўнг, маълум бўлдики, ер силкинганда тарихий ёдгорликларнинг бирортаси шикастланмагани ҳолда, Минораи Калон кунгураларидан анча ғишт қулаб тушган. Суриштириб билсам, худди шу қулаган ерни тўнтаришдан сўнг усталаримиз таъмирлашган, қизил қўшин зирҳли поезди Мурғак станциясидан Минораи Калонни тўпга тутиб, қолдирган “дастхат”ни йўқотиш учун шундай қилинган экан. Лекин ана шу ваҳшийликларга олийжаноблик тўнини кийгизиш учун кимлар, қанчалар сафсата сотмади, дейсиз!
Улар ҳамон соҳил ёқалаб одимлашар, шамол кучайган, дарё сатҳининг у ер, бу ерида пуфакчалар ҳосил бўлабошлаганди. Анвар осмонга тикилган эди, совуқ бир томчи “чип” этиб ёноғига тушди.
– Қадамни тезлатмасак бўлмайди чоғи, ёмғирда қолиб кетамиз, – деди у.
– Шошилиб борадиган еримиз йўқ. Ёмғирда юришни яхши кўраман, – деди Гулниҳол. – Ваъдага кўра, Қизқалъа афсонасини айтиб бераман энди. Сўзларимни бўлмай қулоқ тутинг.
– Бажонидил, Гулниҳол, – деди Анвар.
Гулниҳол ҳикоясини бошлади.
“Жуда қадим замонларда, мана, ҳозир сизу биз юрган томонларда гўзал ва фаровон юрт бўлиб, унга ақл-заковотда ягона, одил подшоҳ ҳукмронлик қиларкан. Унинг қароргоҳи дарё қирғоғида, ҳозир ўзимиз кўрган қалъада экан. Қалъа жуда мустаҳкам, унга унча-мунча душман яқин йўлай олмас, башарти, қамал қилинганда ҳам, ойлар, йиллар давомида бардош бераркан.
Подшоҳнинг энди ўн еттига кирган, ҳусн-латофатда тенгсиз бир қизи бўлиб, бошқа фарзанди йўқ экан. Подшоҳ ёлғиз қизини беҳад суюб, Заррина деб атаган, унга юрт бошқариш, ҳарбий санъатнинг сир-асрорларини ўргатган, қиз ёй отиш, қилич солиш, чавандозликда манаман деган йигитларни ҳам доғда қолдираркан.
Ёши бир жойга бориб қолган подшоҳ кун сайин дармонсизланаётганини сезиб, қизини ёнига чорлабди-да, шундай дебди:
– Қизим, кўзимнинг оқу қораси сенсан. Мен сени ҳалол, одил ва жасур қилиб тарбияладим. Энди Оллоҳга омонатимни топширадиган пайт етди. Яқинда туш кўрдим. Узоққа бормасам керак. Шунинг учун, менинг сўнгги иродамга қулоқ сол: тожу тахтни сенинг номингга васият қиламан. Сенга гўзал ва обод юртни, яхши қуролланган лашкарни қолдиряпман. Насиҳатим шундай: ҳеч қачон эл йиғлаганда, сен кулма, халқ оч қолганида, ўз тўқлигингни ўйлама, юртни босқинчилардан асра, қолгани ўзингга, Оллоҳга ҳавола.
Шундан сўнг подшоҳ вазиру уламоларни чақириб, ўз қарорини айтибди ва қизи номига васиқа ҳозирлабди.
Орадан бир неча кун ўтгач, подшоҳ қазо қилибди. Уни иззат-икром билан тупроққа топширгач, Заррина мамлакат тахтига ўтирибди ва отасидек одиллик билан ҳукмронлик қила бошлабди.
Лекин кўп ўтмай, қўшни мамлакатнинг бу гўзал юрт ва унинг гўзал маликасига кўз олайтириб юрган подшоси қўшин тортиб, сон-саноқсиз кемаларда дарёдан кечиб ўтибди-да, қалъага ҳужум бошлабди.
Жанг жуда шиддатли бўлибди, ҳар икки томондан минглаб лашкар қирилибди, соҳил ҳам, дарё ҳам қип-қизил қонга бўялибди. Бу жангда малика Заррина қўшини қўли баланд келиб, душман лашкарини дарёдан нарига улоқтириб ташлабди.
Орадан бир неча кун ўтиб, душман яна мўр-малахдек ёпирилиб келибди. Лашкар аввалгидан бир неча ҳисса кўп экан. Яна жанг бўлибди, дарё-дарё қонлар тўкилибди. Аммо энди кучлар деярли тенг келиб, ғаним қўшини дарё соҳилига ўрнашиб олибди, қалъани қамал қилибди. Ғаним подшоси маликага нома юборибди: “Агар малика унга тегса, қамал очилади, лашкар изига қайтади, тўй-томоша бўлади, юртга қирқ кеча-кундуз ош берилади”.
Бу номага малика Заррина шундай жавоб берибди: “Агар подшоҳ яккама-якка жангда мени енгса, шартларига розиман, қалъа дарвозалари очилади”.
Подшоҳ ва малика ўртасидаги олишув жуда шиддатли кечибди. Заррина подшоҳни қаттиқ яралабди. Бундан руҳланган унинг қўшини душман лашкарига ҳамла қилиб, яна дарёдан нарига улоқтириб ташлабди. Қаттиқ яраланиб, шарманда бўлган ғаним подшоси ўйлаб қараса, маликани куч билан енгиб бўлмайди. У ҳийла ишлатишга қарор қилибди.
Ғаним қўшини чекиниб, қаёқдан келган бўлса ўша ёққа равона бўлибди. Орадан неча кунлар, ойлар ўтса-да, душман қайта ҳужум қилмабди. Малика ғалабадан руҳланиб, уруш асоратларини тугатишга киришибди. Қалъани янада мустаҳкамлабди, қўшинни хомаки жангларда чиниқтирибди. Яна ойлар ўтибди, ҳеч қаёқдан хавф сезилмабди. Ҳамма тинч меҳнат билан машғул бўлибди.
Малика Заррина эса энди ўн еттига тўлган эмасми, унинг юрагига ишқ меҳмон бўлибди. У душманга қарши жангда қаҳрамонлик кўрсатган йигит – лашкарбошини яхши кўриб қолибди. Лашкарбоши кўркам, барваста, ақлли йигит бўлса-да, бир қусури бор экан. У шон-шуҳратга ҳаддан ташқари ўч экан.
Табиатан оқкўнгил малика буни билмай, лашкарбошини чин юракдан севибди. Йигит Зарринанинг хайрихоҳлигини сезиб, унга ишқ изҳор этибди. Икки ёш аҳд-паймон қилиб, баҳорда тўйни ўтказишга келишибдилар. Лекин кўп ўтмай, лашкарбошини шайтон йўлдан оздирибди. У қандай бўлмасин, маликани тахтдан ағдариб, подшоҳ бўлиш пайига тушибди.
Лашкарбоши ўзига маслакдош излаб юрган бир паллада қалъада Румдан келган, мошгуруч соқолли, кўркам бир қаландар пайдо бўлибди. У аслида қаландар эмас, маликадан енгилган подшоҳнинг ғоят тадбирли ва маккор хуфяси экан.
Хуфя аста-секин лашкарбоши юрагига қўл солиб, унинг ниятларини англагач, подшоси номидан катта ваъдалар берибди. Қалъанинг барча ички ва ташқи йўллари, сув манбалари, озиқ-овқат, ўқ-дори омборларини ўрганибди.
Гулниҳол бир зум ҳикоя қилишдан тўхтаб, Анварга қаради:
– Қалъадан тушаётганимизда “Дарвоза ёнидаги қудуқни эслаб қолинг”, дегандим. Ана ўша қудуқ ва сардобалар ер ости сув йўллари орқали дарё билан боғланган экан. Тажрибали хуфя буларга ҳам алоҳида эътибор берибди ва ҳеч кимга сездирмай, ғойиб бўлибди.
Қиш ўтиб, баҳор келибди. Саҳро жуда қисқа умр кўрувчи чечакларга бурканиб, тўқайлар қушлар чуғурига тўлибди. Малика сарой аъёнларини чақириб, тўй ҳақида маслаҳатлашибди. Тараддуд бошланибди. Малика беҳад шод, лашкарбоши эса безовта экан.
Эртага маликанинг тўйи деганида, қалъа кузатувчилари шошилинч хабар етказишибди: сон-саноқсиз душман қўшини дарёдан кечиб ўтмоқда.
Малика Заррина қўшинни сафлашга фармон берибди. Лекин лашкарбоши ҳеч қаерда йўқ эмиш. Уни ҳар қанча қидиришмасин, топишолмабди. Малика уруш либосларини кийиб, лашкарни қалъа ташқарисига бошлабди ва яна жангга киришибди.
Олишув қизиганда, не кўз билан кўрсинки, севгилиси, лашкарбоши душман томонда туриб жанг қиляпти. Малика ғазабдан ёниб кетай дебди, лекин ўзини қўлга олиб, лашкарбошини душман томонида кўриб анча саросимага тушган қўшинга далда бериб, уларни олға бошлабди. Сўнгра пайт пойлаб, хоиннинг юрагини мўлжаллаб, ўқ-ёй отибди. Хоин отдан қулабди.
Бироқ кучлар тенг эмас экан. Малика лашкари билан қалъага чекинибди. Душман яна қалъани қамал қилибди.
Ҳимоячилар мардона жанг қилибдилар. Қамал бир неча ой давом этибди. Бора-бора қалъада озиқ-овқат, сув заҳиралари камайибди.
Ғаним подшоси яна бир неча марта элчилар юбориб, таслим бўлишни таклиф этибди, маликани ўзига хотин бўлишга ундабди. Малика рози бўлмабди. Душман қайта-қайта ҳужум қилибди, лекин қалъани ололмабди. Шунда ўша қаландар қиёфасида қалъага келган хуфя ишга киришибди. У қалъадаги қудуқ ер ости қувури орқали дарёдан сув олишини билар экан. Хуфя дарё соҳилида изғиб, ҳосил бўлган гирдобга қараб, қудуққа сув оқаётган жойни аниқлабди ва душман дарҳол оби ҳаёт йўлини бекитибди.
Кўп ўтмай қалъада ташналик бошланибди. Одамлар сувсизликдан қирилаверибди. Бегуноҳ кишилар қурбон бўлаётганини кўриб, малика бир қарорга келибди ва ғанимига нома ёзибди.
“Сен бизнинг гуллаб-яшнаган малакатимиз, халқимизга кулфат келтирган малъун ва манфур босқинчисан. Сенинг ғирромлигинг оқибатида минглаб бегуноҳ одамлар қириляпти. Бизни юзма-юз жангда енголмай, найранг йўлига ўтдинг. Начора, бу дунёда сотқинлик ва номардлик бор экан, вақтинча бўлса-да, сенга ўхшаш олчоқлар ғолиб бўлади.
Сенга гапим шу, лашкар бекорга қирилмасин деб, эрта тонгда қалъа дарвозаларини очишга буюраман. Лекин мени енгдим деб ўйлама, мени хоинлик, разолат мағлуб этди. Сенга асло таслим бўлмайман. Бу мактубни олганингда, мен арши аълода бўламан. Билиб қўй, халқим сендан албатта қасос олади!”
Малика аъёнлари билан маслаҳатлашиб, тонгда дарвозаларни очишни буюрибди-да, ўзи кийимларини ўзгартириб, ҳеч кимга билдирмай, тун қоронғисида махфий йўл орқали дарёнинг тик қирғоғига борибди.
Заррина бир қалъага, бир гулханлар ёниб турган душман қароргоҳига назар ташлаб, шундай дебди:
– Кечиринг мени, падари бузрукворим! Васиятингизга содиқ бўлолмадим. Кечиринг мени, азиз юртдошлар, кўзим, қалбим кўр экан, хоинга кўнгил қўйибман.
Қиз ўзини ҳайқириб оқаётган дарёга отибди. Оч тўлқинлар унинг латиф вужудини бағрига олибди.
Шундан буён қалъа Заррина хотирасига “Қизқалъа” деб юритиладиган бўлибди…”
Гулниҳол ҳикоясини тугатиб, оғир тин олди.
– Раҳмат, Гулниҳол, жуда ҳазин ва мунгли ҳикоя қилдингиз, – деди Анвар.
Қиз ғамгин жилмайди. Унинг чиройли кўзлари жавдирарди.
– Кўнглим негадир жуда ғаш. Ҳозир даҳшатли бир воқеа юз берадигандек, қўрқиб кетяпман. Ҳар гал Қизқалъага келганимда, шундай бўлади. Мени ҳар қадамда хиёнат, разолат таъқиб этаётгандай бўлади, – деди у овози титраб.
Ёмғир ёға бошлади. Томчилар совуқ, баданни жунжиктирувчи эди.
Юриш қийинлашди. Гулниҳол хийла чарчаб қолди. Лекин у ўзини тетик тутишга ҳаракат қилиб, Анвар билан баравар одимларди. Шу тахлит анча йўл босиб, дарё бурилиб, тўқай янада қалинлашган жойга етдилар.
– Гулниҳол дам олсангиз бўларди, – деди Анвар ёнма-ён ўсган икки қари жийда панасида тўхтаб.
– Йўқ, – деди қиз, – тезроқ борайлик. Ҳали овқатга уннашим керак. Сайру саёҳат билан бўлиб, сизларни оч қолдириш яхши эмас.
У сўзини тугатар-тугатмас, даҳшатли гумбурлаш ёмғир аллалаётган сукунат бағрини тилка-пора қилди ва отнинг жон ҳолатда кишнагани эшитилди.
Гулниҳол билан Анвар бир-бирларига ҳайрат билан тикилганларича, қотиб қолдилар. Улар ҳали ўзларини ўнглаб олмай, яна ўқ товуши эшитилди, от аввалгидан ҳам аянчлироқ кишнади.
– Анвар ака! – ўзини йўқотгудай бўлиб чинқирди Гулниҳол, – бу атрофда Раҳим акадан бошқа отлиқ бўлиши мумкин эмас!
Улар шох-шаббалар юз-кўзларини тимдалашига қарамай, ўқ товуши келган томонга қараб югура бошлашди. Орадан кўп ўтмай, терга ботиб, ҳансираб, тўқай ичкарисидаги сайҳонликка чиқишганида, даҳшатли манзарага дуч келдилар. Заъфарон хазонлар устида бир қўлида милтиқ, бир қўли билан кўкрагини чангаллаган Раҳим ака ётар, кўзлари юмуқ, юзи ёмғирдан ҳўл эди.
– Раҳим ака! – ҳар иккаласининг юрагидан отилиб чиққан фиғондан тўқай бегининг сал нарироқда сувлиқ чайнаб турган оти сергакланиб, қулоқларини диккайтирди.
Анвар чўккалаб, Раҳим аканинг бошини авайлаб, кафтларига олди. Кўкракни чангаллаган бармоқлар орасидан қон сизиб оқарди.
– Раҳим ака, кўзингизни очинг, сизни ким бу аҳволга солди, – деди Анвар эзилиб.
Гулниҳол кўзлари олдини кўкимтир туман қоплади, боши айланди. У гапиролмас, карахт эди. Раҳим ака секин кўзларини очди.
– Анваржон… Улар уч киши… “УАЗ” машинасида. Тўхтатмоқчи бўлгандим, икки марта ўқ узишди…
Анварнинг хаёлидан “Бу ўша, буғуларга қирон келтириб юрганлар, – деган фикр кечди.
Ўзини зўрға тутиб турган Гулниҳол ҳўнграб юборди.
Ёмғир борган сайин кучаяр, тўқай ваҳимали шовуллар, қош қораймоқда эди.
VII
Она буғу кейинги кунларда сархуш, тўнғич боласи ва Сардорни йўқотганидан бери, неча ойлар мобайнида биринчи маротаба шундай ҳолатга тушиши эди.
У юраги остида яна бир юрак пайдо бўлиб, “гуп-гуп” уриб турганини ҳис этар, вужуди аллақандай илиқлик билан йўғрилганди.
Она буғу Тиксувот томонга кетмоқда, қандайдир ички туйғу, кучли бир иштиёқ уни яна ўша масканга чорларди.
У майин, сариқ тўлқинли қумни бир-бир босиб, бархан тепасига кўтарилди, мавжланаётган тўқайга, енгил чайқалиб оқаётган дарёга назар ташлади, тобора баландлаётган Қуёш нурларидан ҳузур қилиб, кўзларини юмди ва шундай туриб қолди.
Худди шу аснода тўқайнинг энг олис бурчакларигача акс садо берган гумбурлаш эшитилди ва она буғу кўксида, ўша уриб турган янги юрагида бир оғриқ туйди. Оғриқ тезда бутун вужудини қоплади, кўм-кўк осмон, оёғи остидаги олтин қумлар чирпирак бўлиб айланди ва у бутун оғирлиги билан гурсиллаб қулади. Илиқ, шилимшиқ бир нарса баданини қоплади. Кўксидаги оғриқ кучайгандан кучайди, сув ичгиси келди. У кўзларини зўрға очиб, соҳил томонга назар ташлади.
Ажабо, ҳозиргина кумушдек жимирлаб ётган дарё тўла қон оқар, тўқай ҳам қип-қизил рангда эди…
* * *
Ўқ товушини эшитган Гулниҳол сарпойчан ташқарига чиқди, қўлини соябон қилиб, соҳилга тикилди. Тавба, дарё тўла қон оқарди! Қиз сесканиб кетди, юрагига кучли бир оғриқ кирди. “Эй Худо! Қачон тугайди бу қонхўрлик, бу қабоҳат!”
Негадир шу топда кўзларига отасининг ўша, ўқ тешган қонли кўйлаги кўриниб кетди. Яна соҳилга боқди, соҳил ҳам, дарё, тўқай, барханлар ҳам қип-қизил рангда эди. Қиз даҳшат билан чинқириб юборди-ю, юзларини қўллари билан бекитганича, ўтириб қолди…
1987-1989 йиллар
Ромитан