Атрофи баланд пахса девор билан ўралган колхоз боғи шунчалар гўзал ва сирли эдики, бу сўлим гўша билан боғлиқ воқеалар болалигимнинг энг ёрқин хотираси бўлиб ҳамон тушларимга киради.
Боғ қанчалик ғаройиб бўлса, асли исми Фармон бобо, лекин негадир ҳамма Амаки деб атайдиган қоровули шунчалик ажойиб одам эди.
Боғ колхоз идорасига туташ, бу ер эртаю кеч катта-кичик вакиллар, текширувчи тафтишчилар билан гавжум эди. Улардан безор бўлган раис, ҳосилот ва ҳисобчи кўпинча бекиниб юришар, раҳбарларни сўраб жуда тиқилинч қилганларни котиб амаллаб алдарди. Қора от миниб юрадиган хўппа семиз, қўрқоқ ва довдир раис эса бу вақтда қоронғи қилиб қўйилган хос хонасида хуррак отиб ётарди.
Табиийки, тушга томон меҳмонлар очқар, улар сўлим боққа ўғринча назар ташлаб қўярдилар. Ана шунда табиатан жуда сахий ва очиқкўнгил Амакининг жони кириб қоларди. Чунки ошпаз жуда хасис одам бўлиб, раис айтмагунча бировга бир бурда нон бермасди. Туман марказидан олти чақирим олисда бўлган қўрғонда бирорта ошхона йўқ, яккаю-ягона дўкондан ароқ, консерва ва шўр бодрингдан бўлак егулик топилмасди. Кейин текширувчи дегани ҳеч замонда ўз чўнтагидан овқатланармиди? Бояқишлар қовоқ-тумшуқларини уйиб, савлат тўкканча уёқ-буёққа юришар, лекин очликдан қулдираётган қоринлари аҳволларини фош қилиб турарди.
Амаки шундоқ яқингинадаги уйига югуриб бориб, хотинининг ҳай-ҳайлашига қарамай, қўлига нима тушса, товуқми-хўрозми, шартта сўярди. Сўнгра боғ адоғидаги ҳужра яқинида, омонат ўчоқда қозон осиб, овқат пиширар, магазиндан қарзга бир жуфтгина ароқ олишни ҳам унутмасди. Қарабсизки, меҳмон ҳам, амаки ҳам хурсанд эди.
Ой охирида ғарибгина маош дўкондаги қарзларга тўланар, хотини: “Ахир болалар нима ейди?”, дея жанжал қилар, лекин Амакининг меҳмонлар учун ёзиғлик дастурхонидан ҳеч вақт таом аримасди. Шу боис чор-атрофдан келувчиларнинг ҳаммаси Амакини танир, ҳурмат қилар ва у туман маркази ёки шаҳарга сафар қиладиган бўлса, ўша ёқларда уч-тўрт кун қолиб кетарди.
У ҳовли – боғида ҳар бири шокосадай келадиган анор етиштириб, шаҳар бозорида сотар, шунча меҳмондорчиликдан ортиб, боғбонлик қилишга қачон вақт топишини ҳеч ким билмасди.
Бизни эса Амакининг деҳқончилиги ҳам, меҳмондорчилиги ҳам сира қизиқтирмас, унинг кўзини шамғалат қилиб, боққа шўнғиш, қўйнимизни мева-чевага тўлдириб, жуфтакни ростлаб қолиш тўғрисида хаёл сурардик, холос. Боққа шўнғиш эса ҳийла мураккаб ва хавфли иш эди.
Бу ерда одам доимо гавжум, устига-устак Амакининг хўтикдек келадиган Хайбар лақабли ити бўларди. Шу боис биз ўзига хос усуллардан фойдаланардик. Амакининг кенжа ўғли Абдужаббор биздан икки ёш кичик бўлиб, уни “йўлбарс-йўлбарс” ўйнаймиз дея аврардик. Хайбар Абдужабборни кўргач, бизга кўз юмарди. Биз, хонаки йўлбарслар боғнинг олис бурчагида, ариқ ёқалаган баланд пахса девор раҳнаси ёнида тўпланардик. Бир оз ўйнаганимиздан сўнг, жўрабошимиз Ҳамид бизга кўз қисиб қўйиб, Абдужабборга юзланарди.
– Шу, биласанми, жўражон,йўлбарсларнинг қорни жуда очқади-да…
Абдужаббор, бир оз соддароқ болакай, жўрабошимизни чин дилдан жуда ҳурмат қилармиди,ёинки унинг жангарилигидан чўчирмиди, ҳар қалай дарҳол савол берарди:
– Хай, нима қилиш керак?
– Ҳеч нима, фақат йўлбарслар энди қорнини тўйдириши керак…
– Хай, йўлбарсларга анжир ҳам бўлаверадими?
– Э-э, бўлганда қандоқ! Ахир, йўлбарслар анжирни жуда яхши кўришади! Йўлбарс қанча кўп анжир еса, шунча зўр бўлади!
Абдужаббор биринчи бўлиб ўзини ариққа отар, биз унга эргашиб, девор раҳнасидан ўтгач, ҳар биримиз бир улкан анжир остига кириб олардик-да, қоринни роса тўйғазардик.
Бу фойдали ўйин кун сайин такрорланар, мевалар пишиб етилишига қараб, “дастурхонимиз” ўзгариб турарди. Болалик экан-да, бўлмаса, қоровул ўғли Абдужаббор учун бу дахмазанинг нима кераги бор эди? У истаган мевасини шундоқ ҳам ея оларди. Чамаси, Ҳамид ўйлаб чиқарган ўйин унга жуда маъқул эди.
Биз ўшанда, ўйиндан ўт чиқди , деган гапнинг мазмунини яхши билмасдик.
Хуллас, кунларнинг бирида йўлбарслар нокка тўйиб олишгач, Ҳамид Абдужабборга шундай деди:
– Бу, йўлбарсларнинг ҳам ота-онаси, бола-чақаси бўлса керак?
– Албатта бор, – тасдиқлади Абдужаббор, одатдагидек ҳозиржавоблик билан.
– Улар ҳам нок ейдими, йўқми?
– Еганда қандоқ! – қийқирди қоровулнинг кенжа ўғли. Ва биз яна бир неча дарахтни шип-шийдон қилдик. Энди жуфтакни ростлаймиз деб турганимизда, бирдан таҳдидли товуш янгради.
– Ҳой, бадбахт, тўхта, ким бу?!
Буни қарангки, йўлбарсларнинг бири адашиб, шийпонга яқин борган, уни кўриб қолишган экан. Аксарият шерикларимиз қочиб қолишди. Лекин дарахтдан пастлаб улгурмай мен, Ҳамид ва Абдужаббор ўша қурумсоқ ошпазнинг қўлига тушдик…
Ҳовуз устига қурилган сўлим шийпонда зиёфат авжида, кўрада хушбўй ҳид таратиб кабоб пишар, столда бир неча ароқ шишалари бор эди. Тўрда мовий кўзли, ғоят кўҳлик жувон ўтирар, сипо кийинган киши, афтидан, райком котиби, ҳар замонда унинг белига қўл югуртириб шилқимлик қиларди. Колхоз раиси эса уларга ялтоқланиб ҳали қошиқ, ҳали сочиқ тутар, зир югуриб, кабоб ва яна аллақандай таомлар таширди.
Ошпаз, Ҳамиднинг биқинига бир туртиб, бизни шийпонга етаклади. Абдужаббор ҳам дўстлик ҳақи-ҳурмати ёнимиздан кетмас, кўзлари тўрт бўлиб отаси ва Хайбарни изларди.
Бизга ҳеч ким эътибор қилмади. Шийпондагилар пиёлаларни жаранглатишар, ҳалиги сипо кимса эса малласоч жувонни ўпарди.
Ниҳоят, ошпаз ўзи ширин таом пишириш билан бирга колхоз мулкининг қўриқчиси ҳам эканини кўрсатгиси келиб, раисга юзланди.
– Раис бобо, бу ўғрибаччаларни нима қилай? Нокларни шундай пайҳон қилишибдики…
Раис қизариб-бўзариб турган Абдужабборга ҳайрон бўлиб тикилди-ю, сўнг дағдағага ўтди:
– Нима қилардинг, колхоз мулкини ўғирлашгани учун милисага топширасан-да!
Раис важоҳатидан қўрқиб кетиб, учаламиз бараварига йиғлаб юбордик. Шунда мовий кўз жувон қўлидаги пиёлани қўйиб чимирилди.
– В чём дело? Почему дети плачут?
Чаласавод раис адои тамом бўлганди. Бояқиш русча у ёқда турсин, ўзбекчани ҳам эплаб гапиролмасди; дам меҳмон аёлга, дам райком котибига мўлтираб боқарди. Сўнгра тили зўрға калимага келиб бидирлади.
– Э-э, ани, э-э, нок ўғирлаган… Ман, акун, милиса…
– Какая милиция? Дурак что ли?
– Йўқ, акун, нет, ман дуррак, ман эшшак! Раис тамоман ўзини йўқотиб қўйди.
Жувон райком котибига норозилик нигоҳини ташлади:
–Твой раис или напился, или совсем бестолковый. Скажи, чтоб детей немедленно отпустили!
Котиб раисга ўқрайди. Қора юзлари буғриқиб, ҳансираётган раис илтижо қилди.
– Энди райком бобо, биздан ўтти. Ман, акун, ҳозир буларни ота-онасига топшираман…
– Қўйинг, ўзлари кетаверишади!
Бу гапдан сўнг йиғидан тўхтадик.
Шарманда бўлган раис ва ошпаз бараварига қўл силтади. Сичқон ини минг танга дея, боғ дарвозаси қолиб, ўзимизни яна раҳна томонга урдик-да, кўздан ғойиб бўлдик. Абдужаббор ҳам ҳаллослаганича ортимиздан келарди.
Ноклар ёнга қолди, шармандаликдан қутулдик. Кайфиятимиз чоғ эди. Ҳамид, Абдужабборнинг елкасига қўл ташлаб, уни мақтади.
– Маладес, дўстим! Сен бугун ҳақиқий йўлбарснинг ишини қилдинг!
Юксак баҳодан қоровулнинг эрка ўғли севиниб кетди. Ўша йилларда болаларни анчайин оғир синовлардан ўтишга мажбур этадиган миллий ўйинлар жуда кўп эди, ўша мусобақаларда ёш ва нимжонроқ Абдужаббор кўпинча кулги бўларди. Шу боис мақтов унга жуда ёқди.
Осонгина қутулганимизга шукур қилиб, уй-уйимизга тарқадик. Кейинчалик ўша куни Амаки ва Хайбар нега боғда йўқлиги сабаби маълум бўлди. Айтишларича, меҳмон аёл итдан роса қўрқар экан, у безовта бўлмаслиги учун Амаки Хайбарни эргаштириб уйига жўнаган. Боз устига, вилоятдан аллақандай меҳмонлар келиб қолишган экан. Боғ бандлиги боис, Амаки уларни уйига таклиф этиб, қуён сўйган, ароқ олиб келиб кечгача шакаргуфторлик қилишган.
Яхши билардикки, ўша куни боғда Амаки бўлганида бунчалик ноқулай аҳволда қолмасдик. Гап Абдужаббор билан бирга эканимизда ҳам эмас. Олдинлари, ҳали “йўлбарс-йўлбарс” ўйнамаган кезларимизда ҳам, бир неча марта Амакининг қўлига тушганмиз. У сал дўқ-пўписа қилиб, ими-жимида қўйиб юборар, ўлжаларимизни тортиб олмас, ота-оналаримиз ҳам воқеадан хабар топишмасди. Лекин бу гал қилмишимиз бутун қишлоққа ёйилди. Кимдир отасидан калтак еди, кимдир танбеҳ эшитди.
Казо-казолар олдида ўсал бўлган чаласавод раис ва қурумсоқ ошпаз биздан боплаб ўч олди. Қилмишимиз ҳатто мактаб директорининг қулоғига ҳам етди. Лекин у, айрим илмоқли гаплар қилган бўлса-да, ҳарқалай жазоламади. Бу гап-сўзлар ўз йўлига, бизнинг бутун диққат-эътиборимиз эса ҳамон ўша боққа қаратилганди. Ахир, бу боғдаги ҳар бир дарахт, гулу кўчат қаерда, қандай жойлашгани, қайси мева қачон пишишини яхши билардик ва боққа киришнинг янги йўлларини ахтарардик. Бўйимиз ҳийла чўзилиб қолгани боис, энди бачкана ўйинларни ишга солишга уялардик.
Кўпчилик бўлиб, эътиборни жалб қилмаслик учун, боққа якка тартибда шўнғиш ҳадисини ола бошладик. Бироқ бу усул жуда хавфли эди. Чунки, иш чаппасидан келса, ҳали айтганимдек, Амакидан осон қутулишнинг иложи бор. Лекин Хайбар аяб ўтирмаса керак. Ёнингда Абдужаббор бўлмагач, Хайбар сени неча пулга оларди?
Жўрабошимиз Ҳамиднинг топқирлиги ва жасурлигини сўзсиз тан олардик. Бироқ унинг андаккина қусури борлигини ҳаммамиз яхши билардик. Ҳамид қурғур, Шум болага ўхшаб, онда-сонда лоф уриб қоларди. Боққа киришнинг янги усулини ўйлаб топиш учун у яна лофга ўтди.
– Болалар, – деди у бир куни кутилмаганда, келинглар, энди “бургут-бургут” ўйнаймиз.
– Бунинг нима бало яна? – норозиланиб тўнғиллади Тўра. У бечора, ўйинимиз фош бўлганидан сўнг, отасидан роса калтак еганди.
– Ҳеч қанақа бало эмас! – деди тантанавор оҳангда Ҳамид. – Шу, энди боққа фақат бургутдек учиб киришга тўғри келади!
Бу гал унинг сўзларига ҳеч ким қўшилмади.Тўғри-да, ахир, йўлбарсдек эмаклашнинг иложи бор эди. Бургутдек учишнинг сира иложи йўқлигини бир қарич бола ҳам билади-да.
Лекин Ҳамид, жуда қайсар бола, таслим бўлишни истамасди.
– Сенлар ҳаммаларинг анқов, қўрқоқсизлар! Ахир, тахтадан қанот ясаса бўлади-ку! Сўнгра идоранинг томига чиқиб, боғ томонга қанот қоқасан, вассалом!
– Ҳа, қанот қоқасан-у, шундоқ Хайбарнинг қучоғига тушасан-қўясан, – эътироз қилди Тўра.
– Ҳе, ахмоқ, – аччиқланди Ҳамид, – Хайбарнинг қучоғига ўзинг тушавер. Мен эса сўзимни исбот қиламан!
Бу ўринда Ҳамид сўзини исботлаш учун нималар қилганини батафсил айтиб ўтирмайман. Қисқаси шуки, бояқиш колхоз идораси томидан йиқилиб, бўйни синишига озгина қолди. Боз устига, отасининг иморат учун асраб қўйган ёғочини исроф қилгани учун дакки еди.
Тўғри, бу орада Абдужаббор бизни қуруқ қўйгани йўқ, сархил мевалар билан сийлаб турди. Лекин мевани ўзинг дарахтдан узиб еганга не етсин? Қўлдан берганга қуш тўймас, деб бежиз айтишмаган. Ҳамма янги усул излаб юрганида, каминанинг омади келиб қолди денг.
Амакининг Жамила исмли бўйга етган ғоят кўҳлик қизи бўлиб, унга жисмоний тарбия ўқитувчимиз Камол ошиғу беқарор эди. Буни бутун қишлоқ биларди-ю, чамаси, Жамила билмасди. Ўқитувчи йигит жуда тортинчоқ эмасми, дардини юрак ютиб айтолмасди. У бир куни идора ёнида мени имлаб чақирди-да, қўлимга тўрт букланган қоғоз тутқазиб, илтижо қилди:
– Шу хатни Жамилага элтиб бер. Илтимос, ўзинг очиб ўқима. Сенга “5” қўяман!
Мен ўқитувчининг сўзларини эшитмасдим, кўзимга Жамила ҳам кўринмасди, фақат боққа очиқчасига кириб бориш имконияти пайдо бўлаётганидан хурсанд эдим. Энди менга қанотнинг ҳам, Абдужабборнинг ҳам кераги йўқ! Тўппа-тўғри кириб боравераман. Амаки сўраб-нетиб қолса, “Жамила опамда ишим бор эди” деб қўя қоламан. “Нима ишинг бор эди?” деса, “Шу, бир китоб сўраб олмоқчи эдим” дейман. Хатни эса кўрсатмайман…
Кейин Жамилахоним хат билан овора бўлиб, мени унутади. Ана ўшанда акангиз ўзларини секингина анжир тагига оладилар. Ўзи ҳозир анжир ғарқ пишган пайт…
Шу топда Ҳамид айтган қанот гўё елкамда пайдо бўлганди. Муаллим кўздан йўқолгач, ўйланиб қолдим. Дафтарнинг қоқ ўртасидан узиб олинган икки варақда нима ёзилган экан-а? Ҳар қанча ёшу ғўр бўлмайин, шуни билгим келди.
Буклоғлик қоғоз қўлларимни куйдирарди. Ундаги илиқ сўзларга кўз югуртирар эканман, ҳаяжондан қалтирай бошладим. Бу, Камолбой, ландовур кўринса-да, хат ёзишга жуда чечан эканлар-ку!
Мактубда Жамила шундай таърифланган эдики, муаллим қолиб, боғбон қизига ўзим ошиқ бўлиб қолаёздим. Э-э, ўлманг, муаллимжон, сизни боши билан копток “тепиш”дан бошқасини билмайди дейишарди. Сиз эса шундоқ ёнимизда юрган оддийгина қишлоқ қизини салкам фариштага чиқариб қўйибсиз.
Хуллас, дўстимнинг опасига чала ошиқ бўлиб, боғ дарвозаси томон одимладим. Оёқ учида юриб, шийпонга яқинлашганимда, рўпарамдан Жамиланинг ўзи чиқиб қолса бўладими?! Омадни қаранг-а.
Хаёл суриб қолдим. Муаллим ҳақ экан, Жамила ҳақиқатан ҳам жуда гўзал эди. У менга савол назари билан қараб, ингичка қалам қошларини чимирди.
Тилим калимага келмас, бечора муаллим ҳақида ўйлардим. Бояқиш ҳозир севгилисини кўрса, эси оғиб қолса керак. Мендан садо чиқавермагач, қизнинг ўзи тилга кирди.
– Ҳа, Абдужабборнинг жўраси, кимда ишинг бор? Ёки яна “йўлбарс-йўлбарс” ўйнамоқчимисан? Укам таъзирини еди, энди ўйнамайди!..
Тамомила ўзимни йўқотдим.
– Ҳе, шу, сизга… Бир киши… Бир хат!..
Пойинтар-сойинтар гапларимдан Жамила кулиб юборди.
– Нима, бир киши? Қанақа бир киши? Сен ўзи нималар деяпсан?
Хат яна қўлларимни куйдира бошлади. “Нима бўлса бўлар, ахир, хатни мен ёзганим йўқ-ку”, – дедим ўзимча ва тилга кирдим.
– Мана бу хат сизга,опажон! Уни муаллимимиз Камол ака ёзганлар. Лекин ўзиям, жуда зўр хат! Сизни шундай мақтабдиларки, ўқисангиз, оғзингиз очилиб қолади.
Ҳақиқатан ҳам Жамила каловланди. Мен тантана қилардим. Ана кўрдингизми, акангизнинг муаллими шундоқ чиройли қизларниям қойил қолдиради!
Лекин қувончим узоққа чўзилмади. Жамила калхатдек чанг солди-да, мактубни юлиб олди, сўнг очиб ҳам ўтирмай, йиртиб ташлади.
Унинг чиройли кўзлари яшиндек чақнар, важоҳати қўрқинчли эди.
– Ҳе, хати бошидан қолсин! Мен хатига зор эмасман!
Ҳали ўзимни ўнглаб олмай қиз қулоғимни бурай бошлади. Аста инградим-да, амаллаб қўлидан чиқиб қочдим. У мени таъқиб этишдан тўхтаб шанғиллади:
– Ўртага тушиш қандай бўлишини сен тирмизакка кўрсатиб қўяман! Бориб айт, ўша ландовурга, кўзим учиб тургани йўқ!
Бу ёғи қандоқ бўлди энди? Хат баҳона анжирга тўяман деб, қулоқдан ажрашимга озгина қолди. Мен аҳмоқ ҳали унга ошиқ ҳам бўлмоқчийдим. Йўқ, ўша Камолбойга насиб этсин-э! Лекин ҳозирги важоҳати бўлса, бечора муаллимим ҳам қуруқ қолса кераг-ов.
Очиғи, Жамиладан бунақа бедодликни кутмагандим. Аксинча, у хатни ўқигач, қўйни-қўнжимни мевага тўлдиради, бутунлай ийиб кетса ҳатто пешонамдан ўпиб эркалайди, дея хомтама бўлгандим.
Жамила қурмағур эса ҳамон муаллим икковимизнинг гўримизга ғишт қаларди. “Агар ошиқ-маъшуқлик шунақа бўлса, қуриб кетсин!” – дедим ичимда ва ташқари юрдим. Дарвозадан чиққач, жон ҳолатда у ёқ-бу ёққа қарадим-да, уйимизга қараб зинғилладим.
Бир маҳал муаллим ҳаллослаганича мени қувиб етди. Чеҳрасида хавотир, умид ва аллақандай бетоқатлик аломатлари зоҳир эди. Бечорага раҳмим келаётган бўлса-да, сиртимга чиқармай тумтайдим. Чунки ўнг қулоғим ҳамон ловуллаб оғриётган эди-да.
– Хўш, қани гапир-чи, Жамила хатни олдими? Жавобини қачон бераркан? – деди у жавдираб.
– Жавоб эмиш, – тўнғилладим мен, – ҳеч қанақа жавоб йўқ. У хатни йиртиб ташлади. Яна, қулоғимни ҳам боплаб чўзди.
Камол бўзариб кетди, олазарак бўлганича мени юпатишга тушди.
– Майли, йиртса, йиртаверсин. Биз ҳам кўчада ётганлардан эмасмиз… Фақат буни ҳеч кимга айтма. Сенга албатта “5” қўяман!
– Керак эмас! Шундоқ ҳам “5”ларим тиқилиб ётибди!
– Мен сенга каттакон “5” қўяман! – бўш келмасди муаллим.
Қулоғимни ушлаганча уйга жўнадим, Камол ҳам ўз йўлига жўнаб қолди.
Орадан кўп ўтмай Жамила хатни хўжакўрсинга йиртгани, қулоғимни эса бекордан-бекорга чўзгани билиниб қолди. Пахта терими олдидан Камол ва Жамиланинг тўйлари бўлди. Биз бу тўйда мазза қилиб бекинмачоқ ўйнадик ва ёғлигина сермайиз ошдан тўйиб едик. Мактуб воқеасини учаламиздан бўлак ҳеч ким билмасди.
* * *
Бу дунёи дунда ҳеч бир мавжудот Вақт зарбасига дош беролмас экан. Қиш адоғидаги изғиринли тонгларнинг бирида, қишлоқ кўчасини ларзага солиб, катта булдозер ўтди. Булдозер белкурагини шундоқ боғ деворига тақаб тўхтади. Хотин-халаж, болалар ва катталар ҳамма шу томон ошиқди.
Кўп ўтмай юк машинасида нотаниш одамлар келишди.
Раис, партия қўмитаси котиби, ҳосилот, ҳисобчи ҳам шу ерда эдилар.
Казо-казо меҳмонлар вилоят йўл қурилиши идорасидан экан, улар булдозер ёрдамида боғни бузишни мўлжаллашган эди. Боғ ўрнида янги асфалт йўл чиқарилиши оғиздан-оғизга кўчиб юрарди.
Раис билан гаплашиб олган димоғдор киши ишора бергач, баҳайбат булдозер боғга ҳамла қилди ва неча йиллик пахса деворнинг каттагина қисми гурсиллаб оғир қулади.
Худди шу асно қаршида қўшоғиз милтиқ кўтарган Амаки пайдо бўлди. Унинг овози шовқин-суронни босиб юборгудек даражада жарангдор эди.
– Ўчир, тракторингни! Бўлмаса ҳаммангни отиб ташлайман!
Чолнинг пайлари бўртиб турган қўллари қалтирарди.
Иш бундай тус олишини кутмаган меҳмону мезбонлар гангиб қолишди.
Улар ўзаро пичирлашиб олишгач, иш тўхтатилди.
– Бу боғни бузаман деган одам, аввал ўлигим устидан ўтиши керак! – деди Амаки милтиқни елкасига осар экан.
– Бўлди, бўлди, Амаки, – деди раис муроса қилиб, – энди бу боғни ҳеч ким бузолмайди, мана, мен кафил!
Жимгина тарқалаётган оломонни кузатар эканмиз, бари бунчалар осон тугаганига ишонишни ҳам, ишонмасликни ҳам билмасдик.
Хавотиримиз бекорга эмас экан. Орадан бирор ҳафталар ўтгач, тонгда уйғониб, идора ёнига келганимизда, алданганимизни англаб етдик.
Тонг қоронғисида уйқудаги боғ маҳв этилганди. Кимлар учундир бу оддий дов-дарахт ўсадиган шунчаки бир гўша бўлса, биз учун ўсмирлик орзу-умидларимиз беланчаги эди.
Илдизи билан қўпорилган кўп йиллик дарахтлар, қулаган пахса деворлар жуда аянчли манзара касб этган, шўппайиб турган ёлғизгина темир дарвоза юракларга андуҳ соларди.
Шу куни эзиб ёмғир ёғди. Она табиат қиш уйқусида маҳв этилган боғ учун кўз ёш қилиб, мотам тутди. Самодан тўхтовсиз тўкилиб турган биллур томчилар биз, болалар, Амаки ва Хайбарнинг кўз ёшларига қўшилиб кетар, шилта-лой кўчалар ҳувиллаб қолганди.
Юзлари қорайиб кетган Амаки савдойидек бўлиб қолди. У ҳеч ким билан гаплашмас, қўшоғиз милтиғини елкасига осганича, боғ вайронасида айланиб юрар, биз ҳам шу ердан нари кетолмасдик.
Амаки ўзи учун жуда қақшатгич бўлган зарбадан сира ўнгланолмай, орадан бир неча ой ўтгач, вафот этди.
Бу орада асфалт йўл тайёр бўлди. Боғни иккига бўлиб ўтган йўл хотираларимиз кўксига урилган ханжарга ўхшар эди…