Фабриканинг йўлидан
Рўмолча топиб олдим.
Топиб олди деманглар,
Меҳнатга сотиб олдим.
(Ўзбек халқ қўшиғидан)
Рўмолча Отелло учун отамерос. Отаси никоҳ кечасида онасига рўмолчани берган экан. Отелло яхши эслайди, мазаси бўлмай қолган пайтларида онаси уни шу рўмолча билан елпиб ўтирарди. Қарангки, кунлар ойларни, ойлар йилларни қувиб, умрининг ярми ўтиб кетибди. Отелло генерал унвонини олган куни онаси уни ёнига чақирди.
— Ўғлим, — деди она, қуруқшаган лабини ялаб. – Сен тенгиларнинг уч-тўрттадан боласи бор. Сен қачон уйим-жойим дейсан?
— Озгина сабр қилинг, ойижон, — деди Отелло. – Биласиз-ку, ҳозирда тўй қилиш осон иш эмас. Пича пул йиғай…
— Қирқни қирқиб, элликка элак тутяпсан, болам. Бундоқ кўз остингга олиб қўйганинг борми, хай? Бўлса, исми нима, ота-онаси ким?
— Бор. Отаси – фабрикада директор, онаси – маҳалла хотин-қизлар кенгаши раиси. Қизнинг исми – Дездемона – жуда ақлли қиз…
— Ундай бўлса, ўғлим, қўша қаринглар, — деди она, эридан қолган рўмолчани ўғлининг қўлига тутқазаркан. – Бу отангдан мерос. Энди сен буни бўлажак келинимга бер!
— Ойижон, тўй куни келинингизга ўз қўлингиз билан берарсиз…
Онанинг юзи маъюсланди.
— Ўғлим, сен гапимни бўлмай, рўмолчани ол!..
Отелло ноилож рўмолчани олди… ва онасининг васиятига биноан уни севгилисига ҳадя қилди. Тўйдан унча вақт ўтмай, Отеллонинг мазаси қочиб, қулоғидан офтоб кўриниб қолди. Касал бўлганида онаси уни елпиб ўтирганлари кўз олдида намоён бўлди. Шунда хотинига берган рўмолча эсига тушди. Ошхонада куймаланиб юрган Дездемонага қараб овоз берди.
— Дездемона, рўмолча қани?
— Қанақа рўмолча? – деди Дездемона аввалида ҳеч нарсага тушунмай.
— Тўй куни сенга берган рўмолчани айтяпман.
— Бирорта бўғчага тиқиб қўйгандирман. Эрталарга қараб кўрай-чи.
— Йўқ! Агар бировга совға қилиб юбормаган бўлсанг, ҳозир топиб бер!
— Кимга совға қиламан? Қайн-пайним бўлмаса.
— Ўғирлатмаганмисан ишқилиб?
— Кимга керак ўша рўмолча?
— Сен гапни кўп айлантирма, рўмолчани бир нима қилгансан-ов!..
Дездемона бир кун олдин кир ювганини эслади ва “биров дордан ўғирлаб кетмадимикан”, деган хаёлга борди. Эри яна бир бор дўқ урган эди, янги келин эмасми, кўзига ёш олди. Лекин бу кўзёшлар куёвболанинг кўнглини заррача юмшатмади. Жаҳл устида хотинини бир-икки шаппати урди ҳам.
— Эртагача рўмолчани топиб қўймасанг, билиб қўй – катта кўча! – Отелло юзини девор томонга буриб, ғужанак бўлиб ётиб олди.
— Битта рўмолча деб мени хафа қилдингиз! Хайрият, Онангиз тилла тақинчоқ қолдирмаган эканлар. Бўлмаса, уриб ўлдираркансиз-да, — деди Дездемона ётоқхонага кириб кетаркан…
Отелло тонг саҳарлаб хизматга жўнади. У қанчалик вақтли келмасин, қўли ишга бормади. Ич-этини рашк ўти ёндирар, лекин хотинини кимдан рашк қилаётганига ақли етмасди. Турли шубҳа-гумонларга берилиб, вақт ўтганини ҳам билмай қолди.
Кечадан бери туз татимаганиданми – қорни таталади. Овқатлангани ҳарбий қисм ошхонасига томон юраркан, эндигина гулга кираётган олма дарахтининг остида катта лейтинант Яго уч-тўртта ёш зобитларга: “Фабриканинг йўлидан рўмолча топиб олдим”, деб мақтанаётганини эшитиб, хотинининг: “Уйда ўтиравераманми. Отамнинг олдиларига бораман, бирорта иш топиб берарлар. Ишласам, ҳарна рўзғорга фойда”, деган гапларини эслади.
Отеллога кўзи тушган Яго эса “топиб олган” рўмолчасини шоша-пиша чўнтагига тиқди-да, ҳамсуҳбатларига қараб:
— Топиб олди деманглар, меҳнатга сотиб олдим, — деди.
Ягонинг аввалида “топиб олдим”, сўнг “сотиб олдим” деган тутуриқсиз гапи Отелонинг шубҳаларини янада ошириб юборди. Шундай бўлса-да, сир бой бермай, зобитлар билан йўл-йўлакай кўришиб, ўтиб кетди.
Яна томоғидан ҳеч нарса ўтмади. Тушдан сўнг мазаси қочаётганини баҳона қилиб уйига жўнади.
— Дездемона! Охирги марта сўраяпман, рўмолча қани?! – деди эшикдан кирасолиб.
Ваннахонада кир чайиб ўтирган Дездемона шарт ўрнидан турди-да, ичкари хонадан рўмолчани чиқариб берди. Отелло рўмолчанинг уёқ-бу ёғига қараркан:
— Мен ўзим берган рўмолчани сўраяпман, — деди.
Дездемона гангиб қолди.
— Шу эмасми, ўша рўмолча?
— Йўқ, у эмас! Сен мендан ниманидир яширяпсан! Айт-чи, кеча фабрикага – отангни олдига борганмидинг?
— Бормадим. Дугонамга қўнғироқ қилдим. Отам билмай қўяқолсинлар, дедим. “Ҳозирча иш йўқ, ўзимиз ҳам олти ойдан бери маош ололмаяпмиз”, деди дугонам.
— Ким у – дугонанг?!
— Қўлингизда хизмат қилаётган Яго аканинг синглиси – Назмиой.
— Яго! – Отеллонинг яна шайтони қўзиди. – Ягонинг синглиси фабрикада ишларканми? Ёлғон гапирма!
— Бирор марта ёлғон гапирганмидим сизга?
— Гапларинг ёлғон! Сен Ягонинг ўзига қўнғироқ қилгансан!
Дездемонанинг ҳайрати минг чандон ошди.
— Туҳмат қилманг! Мен ҳеч қачон сизга хиёнат қилмаганман! Бу гапларни қаердан олдингиз?
— Ўшанга ўхшаш рўмолчани Ягонинг қўлида кўрдим.
— Бу гапингиз билан “рўмолчани Ягога сен бергансан”, демоқчимисиз? Керак бўлса, ўша Ягони тўйимиз кечаси бир марта кўрганман. Ҳозир турқини эслолмайман ҳам. Сиз бўлса, мени ўшандан рашк қиляпсиз. Бекор қиласиз!
— Мен билмайман, калимангни қайтар! Сен ўлимга маҳкумсан! Бўғиб ўлдираман!..
Жазавага тушган Отелло бўғмоқчи бўлиб хотини томон бостириб бораркан, туйқусдан телефон жиринглаб қолди. Қўнғироқ овозидан ўзига келиб қолган Отелло гўшакни кўтарди ва “ҳозир етиб бораман” дея гўшакни қўйди.
— Теревога! Мени чақиришяпти, зудлик билан етиб бормасам бўлмайди, — деди Отелло апил-тапил эшик томон юраркан. – Дездемона, ҳалиям имконинг бор, яхшилаб ўйлаб кўр! Ҳаётинг ўз қўлингда. Мен қайтиб келгунча рўмолчани топиб қўй…
Эри эшикдан чиқиб кетаркан, Дездемона қидирувни катта сандиқдан бошлади.