Кунлардан бир кун Қуёнбой илмий мақола битди.
–Бир кўриб берсангиз, сўнгра эълон қилсак, – деди у Тулкихоннинг ҳузурига бориб таъзим қиларкан.
Тулки мақолага бир кўз югуртириб чиқди, у ер бу ерига қалам урди, сўнгра Қуённинг исми-шарифи олдига ўзиникини ҳам қўшиб қўйди. Кейин мақолани олиб Бўрининг ҳузурига жўнади.
–Қуён билан ҳамкорликда бир илмий мақола ёзгандик, Бўрибой оға.
–Ҳмм, – деди Бўри мақоланинг у ер-бу ерини ўқиган бўлиб. – Шуни сизлар ёздингларми?
–Ҳа, Бўрибой оға.
–Анча янги гаплар бор экан-да. Буни иккалаларинг айтгандан кўра, биргаликда айтганимиз яхши. Менга қолдириб кетаверинглар.
–Ассалому алайкум, устоз, – деди эртаси куни Бўри Арслонтўра ҳузурига таъзим қилиб кириб. – Биз кўплашиб бир илмий мақола битувдик. Шуни бир муборак назарларидан ўтказиб олсак, деб келувдим.
Арслон ёнбошлаб олиб мақолани астойдил ўқишга тушди. Гоҳ бош ирғаб алланималарни маъқуллади, гоҳ бошини тушунарсиз чайқаб қўйди. Охири хурсандлигини яширмади.
–Яшанг, Бўрибой, жуда ажойиб мақола экан. Лекин бу ерда менинг исми-шарифим йўқ-ку?
–Албатта бўлади, шунга сизнинг розилигингизни олгани келувдик-да?
–Майли розиман. Мақолани ўзимизнинг илмий журналда чоп эттирамиз. Фақат шундай ажо йиб мақолани ёзган алломалар орасида анави тирранча Қуённинг фамилияси нима қилиб юрибди. Ўчириб ташланглар.