Шавкат менинг болаликдаги дўстим. Дўстим, деб алоҳида таъкид билан айтишни тақозо қиладиган сабаблар бор.
Фарзанди, айниқса, ўғли бор оила боланинг ким билан дўстлашиши, кўчада ким билан ўйнаётганига алоҳида назар билан қарайди. Олманинг остига олма тушади. Менинг дадам билан Шавкатнинг дадаси ҳам биз каби дўст бўлиб ўсишган. Болаликдан бир-бирининг феълиям, фазилатию камчиликлариям иккисига маълум. Бир сўз билан айтганда, улар ўзларининг назарларида дўстликка муносиб эдилар. Дарвоқе, иккисиям мактабда ўқитувчи бўлиб ишлашар, менинг дадам математикадан, Шавкатнинг дадаси биологиядан дарс берарди. Мен билан Шавкат ҳам бир-биримизга мос эдик. Болалик хотираларимнинг барчасида Шавкатнинг алоҳида ўрни бор. Бир-биримизга шунчалик кўникиб қолгандикки, орзуларимиздаги тасаввурларимиз ҳам ўхшаш бўларди. Мактабни бирга битириб, биргаликда ўқишга кириб, кейин бир жойда ишлашимизниям ўзимизча режалаштирардик. Ҳа, айтмоқчи, бу тасаввурларнинг энг қизиғи, албатта, ҳарбий хизматга боришимиз ва у ерда биргаликда қаҳрамонлик кўрсатишимиз бўларди. Биримиз иккинчимиз учун хаёлларимизда қалқон бўлардик ҳамиша. Ўша беғубор тасаввурларни ҳозир ҳам эсласанг, хотиранг ёришиб кетади. Беғубор, мусаффо тонг ҳавосига ўхшайди бу хаёллар.
Кунлардан бир куни дадам, онам, укам ва мен биргаликда Шавкатларникига меҳмонга бордик. Ўша куни дўстлар — оталаримиз алоҳида хонада ўтиришди, негадир шундай бўлди. Менинг онам билан Шавкатнинг онаси ҳазиллашиб, “Эркаклар бошқа хонага”, деб биз болаларниям дадаларимиз билан бирга уйга киритиб юборишганларидан кейин гўё бирпасда каттариб қолгандек бўлдик. Бир жойда боланинг ичи қайнаб кетади, биз ҳам дастурхондан қўлга илинганини олиб, ўйнагани кўчага отилдик. Кечқурун уларнинг уйларига яқин жойда болалар футболга йиғилишарди, шунга шошилдик. Қош қорайганда ўйиндан қайтдик. Овқатланиб бўлишгач, яна ўйинга отланган эдик, Шавкатнинг дадаси бизни тўхтатди:
— Қани, келинглар. Икки минутдан кейин ўйнайверасизлар! – деди у киши ва дадамга юзланди, — Ғуломбой, менинг кўнглим тўлиши учун бояги айтганимни бажариб қўймасак бўлмас?
— Қўйинг, Саид, керак эмас, ўйнайверсин булар. Ҳали бола-да, сал каттариб бир нарсани тушунсин олдин.
Шавкатнинг дадаси дадамнинг гапига парво қилмади.
— Сиз қараб туринг, ҳали менга шу ишни тўғри қилгансиз, дейсиз.
Дадамнинг кўриниши ўзгарди, иложсизлиги сезилди. Биз болалар эса ҳеч нарсага тушунмай турибмиз.
— Иккаланг, — деди Шавкатнинг дадаси. — Ҳозир бир-биринг билан қиёматлик дўст бўлишга аҳд қиласизлар. Бизнинг сенлардан кўнглимиз хотиржам бўлсин. Болаликларинг қолмади. Бу йил тўртинчини тугатасизлар, ахир. Энди, Ғуломбой, айтай, мен сизларни сабабини айтмай чақирганим – зиёфатга сабаб шу! Буни жуда зарур деб билдим, ҳаётимиз шу болаларимизда давом этади, насиб бўлса. Шундай эмасми?
Кейин оналаримиз хонага кирди. Шавкатнинг онасининг қўлида янги чопонча. Менинг онамнинг қўлида эса товоқда буғи чиқиб турган бир таом. Ҳидидан билдим: қовурилган гўшт.
Хуллас, Шавкат иккимиз бир-биримиз билан бир умр садоқатли дўст бўлишга, дўстликка хиёнат қилмасликка, Шавкатнинг дадаси айтгандек, аҳдлашиб ваъдалашдик.
Қовурма гўшт илигини иккимизга тутқазиб қўйиб аҳдимизни баравар айттиришди: бир умр дадаларимиздай содиқ дўст бўламиз!..
Олтинчи синфга ўтиб ўқий бошлаганимизда Шавкатларнинг оиласи чўлга кўчиб кетадиган бўлиб қолди. Шавкатнинг дадаси, Саид бобом масъулиятли давлат ишига ўтиб ишлайдиган бўпти. Уларнинг оиласи кўчиб кетгач, мен ҳам болалик билан хайрлашиб, ўсмирлик билан юзлашгандек бўлдим. Илгари Шавкат билан баҳс бойлашиб, иккимиз ҳам фақат “беш”га ўқирдик. Бошқача бўлиши мумкин эмасди-да, ахир, биз ўқитувчиларнинг боласимиз.
Шундан сўнг гўёки бир нарсамни йўқотиб қўйгандек бўлиб юрдим. Бу ўқишимга ҳам таъсир қилди. Мен борган сари камгап, одамови кўрина бошладим чоғи, жўраларим ҳам илгаригидек муомалада бўлмай қолди. Балки ростданам ўзим шунчалик ўзгаргандирман. Айни шу пайтлардан бошлаб биринчи партада ўтиришнинг қизиғи қолмади. Шавкатнинг ўрнини босадиган ўртоғим йўқ эди. Шавкат ёзги таътилда қишлоққа келиб, бобосининг уйида туриб кетди. Кейинги йилларда умуман келмай қўйди. Буям негадир менга таъсир қиларди, негалигини билмайман. Бир куни дадам онамга айтаётган гапни эшитиб қолдим:
— Саид жўра ҳам бошқача бўлиб кетипти, одам ўзгариб кетаркан-да…
Онам ҳам негадир, ўз-ўзидан дадамнинг гапларини маъқуллади. Кўнглимга бир ҳадик оралади. Одамови бўлиб, синфдагиларнинг ўзи бир тараф, менинг ўзим бир тараф бўлиб юрганимда еттинчида ўқирдим. Шунда менга бир ёрдам, илоҳий мадад келди гўё. Мен, беихтиёр, кўчамиздан бирга мактабга бориб келадиган синфдошим Гулноза билан кимўзарга ўқий бошладим. У яхши қиз эди.
Шу кунлардан бошлаб ҳаётимга мазмун кира бошлаганди. Бу Гулнозанинг борлиги, унинг (гарчи, дарс юзасидан бўлса-да) айтадиган гаплари туфайли эди. Бир куни мактабга бораётганимизда Гулноза шундай деди:
— Негадир дарс қилгим келмаяпти, сенингчи, Санжар? — деди у.
— Менинг ҳам.
— Менга қара, — у қуёшга қўлини соя қилиб тўхтади, — папкамни кўтариб юрмайсанми?
— Нега мен сенинг папкангни кўтарарканман, ўзинг кўтар!
— Кўтармасанг кўтарма, мен ҳам ўлиб турганим йўқ, сенга папкамни бериб.
Унинг ўша ҳолати – кўзини қуёшдан тўсиб, қўлини пешонасига қўйиб турганини ҳалигача эслайман.
Мен охиридан иккинчи партада бир ўзим ўтирардим. Ёнимдаги жой эса бўш. Вазият шунга олиб келдики, ҳар кун бирга қатнайвергач, Гулнозга ўрганиб қолдим. У Шавкатнинг ўрнини тўлдиргандек эди. Ва мактабни битирадиган йилимиз биратўла менинг олдимга “кўчиб” қўя қолди.
— Мениям биринчи партада ўтиргим келмай қолди, — деди у папкасини менинг партамга қўйиб.
— Биринчи партанг яхшимасми? — дедим беихтиёр қувонганимни сездирмай.
— Доска бу ердан яхши кўринаркан-да, а?
— Шаҳноза-чи?
— Э, фақат, кийимдан, модадан гапиради.
— Нега орқада ўтиргинг кеп қолди, демайдими? – негадир, хавотир билан сўрадим.
— Ким нима деса деявермайдими, орқа партадан досканинг яхши кўриниши рост-ку, тўғрими? Ростданам ўқийман, десанг, уйингда ўқисанг ҳам яхши ўқийсан – керак бўлса!
Мени шу пайтгача ўзимга нотаниш бўлган ғаройиб ҳиссиёт қамраб олганди, ўзимдан, ўқишимдан, ҳамма-ҳаммасидан кўнглим тўқдай бўлди бирдан.
Бир куни иншо ёздик, эркин мавзуда.
Дарс сўнгида иншоларимизни муаллимимиз йиғиб олди. Мен “Орзуларим” деган мавзуни танлаб ёзгандим. Дарслар тугагач, иншоларни кўриб улгурган шекилли, ўқитувчимиз дафтарларимизни тарқатди.
— Баҳоларингни билиб олинглар, – деди устоз бизнинг партамизга яқин келиб, – Гулноза, сенинг иншоинг ҳар доимгидек яхши ёзилипти, лекин, қараб чиқиб, бошқатдан ёз!
Гулноза иншосини олиб, тезда китобининг орасига қўйди.
Мактабдан қайтаётганимизда сўрадим.
— Нима деб ёздинг иншони, ҳаммадан яхши ёзибсан-да, яна қайтадан ёзармишсан?
— Шуни жуда билгинг келаяптими?
— Ҳаммадан яхши ёзганингдан кейин, ҳеч бўлмаса мавзусини…
— Ма, сен ўқисанг бўлади, эсингда турсин, фақат сен ўқисанг бўлади. Уйингда ўқи!
Унинг иншосини олдим. У дафтарни папкамга солиб бўлгунимгача тўхтаб, қараб турди.
Уй томон бурилдиму унинг иншосини олиб ўқий бошладим, ўқияпману кўзимми, юрагимми – жимирлаб бораверди тобора. Сарлавҳа — “Қаердасан, муҳаббат…” Иккигина вараққа майда қилиб анчагина нарсаларни ёзипти. Буни шунчаки ўқиб бўлмасди. Бир неча марта тўхтаб… ўқийман, қайтадан ўқийман. Ўша иншонинг охирги сатрлари шундай эди: …қаердасан, муҳаббат? Ёнимда тургандайсан, шу ҳолатинг билан олис-олислардасан. Шубҳалар кўп, гумонлар кўп, уларнинг орасидан бир ишонч келади: Сен борсан, муҳаббат. Борлигингга шубҳа қилмайман. Шунинг учун сенга, дунёдаги ҳамма нарсадан ҳам кўпроқ сенга ишонаман. Фақат айт, ўзинг айт, …қаердасан сен эй сеҳргар куч?!
Шундан кейин мен Гулнозага бошқача кўз билан қарай бошлаганимни сезмай қолдим. У мен ўйлагандан кўра… хуллас, у бошқача эди, у ҳеч кимга ўхшамасди. Дарвоқе, эртасига иншосини қайтариб бермоқчи бўлувдим, сенда қолаверсин, деди. Мен эса, негадир ноқулай бўлдим ва шу ҳолат сабаб, папкасининг ичига иншони ташлаб юбордим. Аслида ўзимда қолаверса бўларкан.
У менга жилмайиб қўйди, унинг жилмайишини бошқа ҳеч кимда кўрмаганман.
— Сен мендан яхши ёзсанг керак, — деди.
Мен, бир нарсаларни тушуниб-тушунмай гапни бошқа тарафга бурдим. Шу кундан бошлаб, Гулнозанинг олдида тилим ўзимга бўйсунмай қоладиган бўлди.
Бир-биримизга фақат ўша – асосий гапни айтмаймиз, қолган ҳамма гапимиз бир эди.
Мактабдаги ўқишларимиз, асосан, тугаб, эрта-индин имтиҳонлар бошланади, деган кунларда эшитиб қолдим: Шавкат келибди. Ахийри келибсан-ку, дейман ичимда, унинг бобосининг уйига юриб эмас, учиб бордим. Шавкатни узоқдан кўрдим – ҳовли ўртасидаги супада, ёстиққа ёнбошлаб, оёғини пастга осилтириб ётипти. Овоз берган киши бўлиб, ҳовлига кирдим. Қаранг, кепти ахийри, тўрт йил бўлдими, беш йил бўлдими… кепти-да барибир. Шошаяпман, гўё шу супада ёнбошлаган Шавкат эмас, менинг болалигим…
— Ўҳ-ҳў, Санжар! – ўрнидан туриб менга қараб турган Шавкатни бир қарашда таниш қийин бўп қопти. Бўйлари ўсиб кетган…
Шошиб келаяпман, қучоғимни очиб боришга улгуришим керак эди, қарасам… Шавкат жилмайганича, ўнг қўлини мен томон чўзиб турипти (демак, қучоқлашиб кўришмаймиз-да).
Кўришдик. Мен биргина лаҳзада болалигимдан анча-мунча узоқлашиб кетганимни тушуниб етдим. Шавкат шаҳарликларга ўхшаб кийиниб олган, мендан узун, овози дўриллаб, гаплариниям салмоқлаб айтади. Кийимларини тўғрилаб, қоқиб-қоқиб қўяди. Мен секингина ўзимга ташқаридан қарагим келди: қишлоқиман-да.
Ҳовлидан чиқиб, йўл четидаги тўнканинг устида бирпас ўтирдик. Ҳа, ростданам, одам кичиклигида бошқа, каттарса бошқа одам бўлиши мумкин экан. Шавкат, мен ўйлаганимдек, жудаям бир нарсаларни эслагиси келгани ҳам йўқ. Ҳамма нарсага “табиий қарайдиган” бўлипти.
— Менга қара, Санжар, анув… Гулнозани кўриб қолдим йўлда, яхши нарса бўпти, а?
Ўзимгаям сезилди, қизардим, кейин талмовсираб қолдим.
— Ҳа, яхши қиз. Чиройли қиз, — дедим.
Шавкат ҳозир жуда шошиб келиб-кетаётган эмиш. Шунча қистасам ҳам биз тарафга ўтмади. Балки бугуннинг ўзида қайтарман, деб машинасига бир қараб қўйгач, мен ортимга қайтдим.
Эртасига маълум бўлди, ҳаммасини Гулнозанинг ўзи айтиб берди. Шавкатнинг ота-онаси билан Гулнозанинг ота-онаси анчагина илгари гапни бир жойга қўйишган экан. Қизнинг ўзи бехабар. Қиз мактабни битирганида кўз остига олувчилар кўп бўлади, деб белги қилиб қўйишлари керак эмиш. Шавкатнинг бирровга келиб кетишидан мақсад эса қизни бир кўриб қўйиш…
Қизнинг бу гапларидан сўнг Шавкатни шунақанги ёмон кўриб кетдимки…
Жим турганимни кўриб, Гулнозанинг овози дадиллашди.
— Нима қиласан энди, тураверасанми шундай, сўппайиб? – деди жаҳл билан.
— Бўлмаса, – дедим мен, – бугуноқ уйдагиларга айтаман.
Нимани айтаман, нега айтаман – бундан ортиқ аниқроқ бир гап айтолмадим. Гулноза эса мени шундоғам тушунди шекилли, индамай қолди. Индамагани яхшидир-да.
Гулноза, кейин, консултациядан қайтаётганимизда:
— Сен билиб қўй лекин, – деди қатъий, – агар мени мажбурлашсаям, барибир, кўрасан ҳали, мен у билан яшамайман. Найнов жўранг билан!
Ҳеч нарса демадим. Найнов мени танимади, лекин дўстим эди-да барибир.
Уйга бориб, онамга айтмоқчийдим, айтолмадим. Секин амакимнинг хотини, янгамга қизариб, бўзариб пичирладим. Шундай-шундай бўпти, дедим. Уялгандек бўлдим, уйланиш эмас, белги қилиб қўйиш деган гаплар ҳам бор экан-ку, дедим. У киши, билмасам, айтиб кўрайин-чи, деди. Шу кеча умримда биринчи марта ухламай чиқдим. Ағдариламан – шундай бўлиши мумкинми? Ағдариламан – бундай бўлиши мумкинмас!
Уйдагилар бир нарса дер, деб кутдим, эртасигаям, индинигаям ҳеч ким ҳеч нарса демади. Ўзим сўрай олмасам. Бу орада имтиҳонларимиз бошланиб кетди.
Қишлоқ ҳам, уйдагиларим ҳам жим. Бу жимликдан хурсанд бўлиб ҳам қолдим. Тинчиб кетди, балки уларнинг қарорлари ўзгариб, Гулнозани келин қилиш фикрлариям ўзгаргандир, дейман ўзимча. Имтиҳонларни топшириб бўлганимиздан кейин шаҳарга, кичик амакимнинг ижара уйига бориб тайёрланадиган бўлиб қолдим. Амакимнинг қўл телефонини менга айтишди. Эртага саҳарлаб шаҳарга кетишим керак бўлган куни кечқурун Гулнозани кўчанинг четида тутиб олдим. Амакимнинг телефон рақамини бердим. Гулноза:
— Иккикўнгил бўлма, сен ўқишга киришинг керак, – деди, – мени айтди дейсан, мажбурлашсаям у билан бирга яшамайман! Мен ҳам бир-икки кундан кейин ўзимизнинг шаҳарга кетаман. Ҳеч нарса бўлмайди, сен ўқишга киришни ўйла!
Шу бўлди гапимиз. Эртасига саҳарлаб йўлга отландим.
Мен ўқишга кирдим. Гулноза бир-икки марта телефон қилди, фақат имтиҳонлардан гапирди. Унинг Шавкатга унаштирилганини эшитганимда ўқишга қабул қилинганимни билиб хурсанд бўлиб юргандим. Ўқиш бошлангунича қишлоққа қайтдим. Гулнозаям кирган эмиш ўқишга, лекин шаҳардан қишлоққа келмабди. Кейин мен ҳам, чамаси, Гулнозаям ўқишга шўнғиб кетдик. Қишки таътилдаям кўролмадим уни. Келмабди.
Негадир уларнинг тўйлари ҳануз бўлмаётган эди. Ёзги таътилга яқин кунларнинг бирида қўл телефонимга мактуб келди, одатдагидек, телефон компанияларининг эслатмалари бўлса керак, деб беҳафсала бўлиб очиб… ўқиб кўрдим: “Шубҳалар кўп, гумонлар кўп, уларнинг орасидан бир ишонч келади: Сен борсан, ишонаман, қаердасан?” Шошиб қайси рақамдан келганини билмоқчи бўлдим. Қарасам “рақам номаълум”, деб ёзиб қўйилипти.
Ер юзига сиғмай қолдим: Қаердасан, Шавкатжон, жўра?
Кўз олдимга тўн кийишиб, бир иликни тутиб турган болалар ва иншо дафтарини қўлида тутган бир бўй қиз кўринди.