Оппоқ тўшларини осмонга бериб ётган тоғлар этагига қўй-қўзилар ёйилиб кетган. Қуёшнинг илк заррин нурлари қорли чўққиларга тушиб, тоғ бошини яшнатиб юборади, азим арчаларнинг учларини ёритади. Сўнг дам ўтмай, нур Қашқабулоқнинг жилғаларида жилваланади, тонг саҳардан муздек сувни сипқораётган болакайнинг кўзларида акс этади. Бир учига тугун илинган, силлиқланиб кетган ирғай таёқ ҳам қуёшда ялтирайди.
Тонг шукуҳидан маст чўпон бола кунгайда ўтлаётган қўйларга бир кўз ташлади-да, белбоғини ёзди, китобини олиб, нонни қайта ўраб қўйди. Тун ярмидан оғиб уйдан чиққан бола шу лаҳазаларни, қуёш чиқишини қанчалар кутганди. Аввалига ой ёруғида ҳам китоб варақлаб кўрди, бўлмади. Кеча ойдин бўлса-ку, ўзи биларди-я, эски лампанинг ичини олиб ташлаб, сув тўлдириб, ясаб олган лупасини ой нурига тутар, ундан йиғилиб ўтган ёруғлик китобнинг тугмадек жойини ёритар, шунда эртакларни бемалол ўқийверса бўларди. Қўй ювош жонивор, ҳали у ёққа, ҳали бу ёққа югуравермайди, бош-бошига ҳар тарафга сочилиб кетмайди, бир жойда айланиб, уюшиб ўтлайди. Шу боис қўй боқиш китоб ўқиш учун зўр имконият.
Ҳадемай адирни қий-чув тутади, тенгдошларининг ўйинқароқ шовқини тоғларда акс-садо беради. Чиллик, қулоқчўзма, пиёда кўпкари, футбол — ўйиннинг ҳам тури кўп-да! У эса нуқул китоб ўқигани-ўқиган. Ундан кўра, тенгқурларига қўшилиб эшакминди ўйнаса бўлмайдими? Ўзи, бу болага ҳеч ким тушунмайди.
— Кўп ўқима, Донишга ўхшаб жинни бўлиб қоласан, — дейди опалари.
— Китобдан бошингни кўтармайсан. Ишдан қочасан-да! Молнинг тагини тозаласанг, шу фойдамасми сенга, — дейди акалари.
Бутун қишлоққа Дониш жинни намуна, унга ўхшаб қолишдан қўрқиб болалар қўлига китоб олмайди. Лекин бу болакай мутолаага муккасидан кетган.
* * *
У доим уйига шошади, гузар олдидаги сада тагида ҳаммаёққа кўлоблатиб сув септириб, пишқириб оқаётган ариққа уч-тўрт пиво ташлатиб, сўрида ёнбошлаб ётган қишлоқдошлари билан ҳам тез-тез ҳол-аҳвол сўрашади-да, таклифларини бир баҳона билан рад этиб, ўнгдаги кўчага бурилади. Ҳалиги одамлар эса ортидан: “Алишер ҳеч элга қўшилмади-қўшилмади-да, одамгарчиликдан чиқиб кетган”, деб бошини сарак-сарак қилиб қолишади.
Алишер кўчага бурилиши билан Субҳонқул бобонинг тути тагига қарайди: бу ерда ҳам шу аҳвол, қўни-қўшни тўпланиб олишиб, қарта ташлашмоқда. Ҳамма уни кўриб бошини кўтаради:
— Э-э, Алишербой, Алишербой!
— Э-э, Алишер ака, Алишер ака!
Даврада отаси қатори ҳам бор, боласи қатори ҳам. Улар хира пашша бўлмайди. Фақат ортидан бир-бирига гап уқтиради:
— Шу ҳам ҳаётми? Китоб қўлтиқлаб ишга шошади, китоб қўлтиқлаб уйга шошади. Яшашнинг завқини билмайди!
— Тўғри-тўғри…
У кечки овқатдан сўнг фарзандлари билан ярим соат-ярим соатдан дарс тайёрлайди. Болалар ухлагач, китобнинг хатчўп солинган бетини очиб, мутолаани келган жойидан давом эттиради…
Унга нима зарил китоб ўқиб?! Абитуриент ёки студент эмаски, имтиҳонларга тайёрланса. Ўқитувчи ҳам эмас, дарсларга ҳозирлик кўрмайди. Умуман, касб-кори китоб билан боғлиқ эмас. Шундай экан, ишдан чарчаб қайтгач, қишлоқдошлари билан муздек ариққа оёқни тиқиб шалоплатиб, муздек пиводан симириб, ўтган-кетган одамларни ғийбат қилиб ўтирса, тунги ўн бир-ўн иккиларда уйга келса, яхши эмасми? Чарчоқлар ёзиларди! Ўки қўшнилари билан қарта ўйнаб, у ёқдан-бу ёққа олиб, ўтган-кетган жувонларга кўз ташлаб ўтириб, вақтни ўтказса? Ўки… хуллас, йўли кўпда-ей! Қирққа кириб, қирчиллама ёшида китобга мук тушиб ўтирса-я?! Мақсади нима ўзи? Шундан завқ оладими? Дунёқарашини кенгайтириб, билимини бойитиб, мартабасини юксалтирмоқчими? У нима учун мутолаа қилишини ўзи ҳам билмаса кераг-ов…
* * *
Бир кишини танийман, ёши етмишга етиб, саксонга сакраган. Лекин икки жойда ишлаб, пенсия олиб, ойига етти юз, саккиз юз минг сўм атрофида топса керак. Буниси бизга қоронғу, аниғи шуки, ҳар ой юз минг сўмга китоб сотиб олади. Ўзимизники-да қолмайди, чет элники-да. Ҳамма сотувчилар уни танийди, хушмуомала қилади. Фақат уларгина китобхон чолнинг “хобби”сини ҳурмат қилишади, бошқаларга эса фарқи йўқ. Шундай бўлса ҳам, кошки эди, лекин бировнинг ишига бурнини тиқадиганлар кўпайиб кетган. Эрингиз китоб йиққунча, бошқа фойдалироқ нарса йиғса бўлмайдими, дейди қўшни хотинлар кампирига. “Дадангга қойилман-ей, эгнига кийим, қорнига овқат эмас, нуқул китоб олади-я”, деб ҳайратланади болаларининг танишлари. Орқаваротдан эса бу кишим уйланганларида, келинни “ошхона”га туширган, уч хонали уйда китоблардан жой ортмаган-да, дея хохолашади. Бу гаплар эллик йил бирга яшаган олий маълумотли, ойдеккина хотинига-да таъсир қилади: ўт тушсин, касаллик ҳам кўпайиб кетди. Библиофилия дегани бор экан. Шунга чалинганмикин чолим, дея хавотирга тушади.
* * *
Ер юзидаги турфа воқеаларни кўравериб толиққан қуёш бошини хобгоҳига қўйди. Шу пайт у ҳам бир сумка китоб билан кўп қаватли уйларни оралаб ишдан қайтди. Сув эмас, чиқинди тўла ариқлар “соҳил”ида ўтирган, ҳали ёшу, бироқ қариликни бўйнига олиб, бу ёғи нима бўлса бўлди энди, дея таслим бўлган “барра қариялар” серғайрат чолни кўриб, ҳайрат ёқаларини ушлайди.
— Шунга нима экан-а? Қарилик гаштини билмайди. Қачон қарама, типир-типир.
— Китоб жинниси эканлиги аниқ. Шунча ишлаб топганига бир ўрам қоғоз олиб, пулларини ҳавога совуради.
— Энг алам қиладигани бир оёғи гўрда, эрта-индин пақ этиб кетиб қолса, шунча йиққан китобларини болалари шартта мошинга ортади-да, макулатурага топширади-келади.
— Бу одам нима учун китоб ўқир экан-а, ўзи?!
Шивир-шивир, минғир-минғир гапларни у ҳам эшитади. Йўлда учраган ҳар ким билан беҳуда гап талашсанг, умринг қандай ўтганини билмай қоласан, деб ўйлаб, индамай кетаверади. Лекин бу гал майда гаплар ҳам негадир баданини найзадек тешиб ўтди. Тўғри-да, қарийб чорак кам бир аср китоб ўқиди-я. Нима мақсадда? Нега? Нима учун? Жавоб топишга ҳам улгурмади, қўлига илинган китобни олиб, очилган бетига кўз югуртирди. Одати шу, бирор нарсадан юраги сиқилса, тўғри келган китобни тўғри келган жойидан ўқиб кетаверади. Бирдан сергакланди, муқовага қаради: “Жалолиддин Румий”. Бу асарни неча марта ўқиб чиққан бўлса-да, аммо манави мисраларни Мавлоно худди ҳозир келиб ёзиб қўйгандек, илгари ҳеч қачон учратмагандек, жуда қаттиқ таъсир қилди. Пурҳикмат сўзларни шошмасдан оқ қоғозга чиройли ҳуснихат билан кўчирди. Кўнглига тасалли бериш учунми, ё бутун умр жиғига тегиб келган китобсевмаслар кўрсин, дедими, кўзга ташланиб турадиган жойга, зичлаб китоб терилган жавон ойнасига ҳазрат Румийнинг фикрлари битилган қоғозни ёпиштириб қўйди: “Тан ва руҳ хушхабар ила манзилга ошиққан от ва суворийдек айрилмасдир. Аммо от озиғи суворийга овқат бўлмайди. Ҳар бирининг ўз емиши, ўз насибаси бор. Суворий отни ўз изига сололмаса, у эгасини манзилга эмас, охурга элтади”.