Корхонага янги ишга тайинландиму, ўзим учун биринчи кашф қилган нарсам, бошлиғимизнинг хонасини орқаваротдан «Бермуд учбурчаги» дейишларини билиб олганим бўлди.
Нима учун у ерга кемалару самолётларни ютиб юборадиган жойнинг номини қўйишганини анчагача тушунолмай юрдим. Чет элдан, хизмат сафаридан қайтган куним ҳаммаси маълум бўлди-қўйди.
— Сафар қалай ўтди? — илжайиб қарши олди бошлиғимиз.
— Жуда яхши. Таассуротлар зўр, — жавоб бердим мен.
— «Юрган дарё» деганлари шу-да! Баракалла! Хўш, нималар олиб келдингиз? — яна сўради у.
— Сизга кўпдан-кўп саломлар олиб келдим…
— Уни қўятуринг, — сўзимни бўлди бошлиғимиз, — яна нима?
— Яна?.. Рангли фотосуратлар… Китоблар… — дедим ҳеч нимага тушунолмай.
— Яна? — қовоғини уйиб менга синовчан тикилди бошлиғимиз.
— Яна… яна ўзимга битта чарм куртка олдим…
— Ана шулардан гапиринг! — чеҳраси очилди бошлиғимизнинг. — Яна нима?
— Яна… Манави дипломат сумкани олдим, — дедим тиззамдаги сумкани кўрсатиб.
— Қани, қани, кўрайлик-чи? — деди бошлиғимиз қўлларини чўзиб ва стол устига қўйиб сумкани очди. — Вой-бў! Зўр-ку! Тимсоҳ терисиданми дейман? Яхши, яхши. Бу нима?
— Авторучка, — ҳайрон бўлдим мен. — Учида кичкина чироқчаси ҳам бор экан, кечаси ёзса ҳам бўларкан…
Бошлиғимиз авторучкани “шиқ” этиб очиб, ёзиб кўрди.
— Зўр, зўр! Яхши ёзаркан. Шунда сизнинг ҳисоботингизга имзо чекамиз-да энди. А?..
— Майли, майли, — дедим мен ҳамон гаранг бўлиб.
Бошлиғимиз яна сумкани кавлади.
— Бу нима?
— Бу… Ҳисоблаш машинаси. Калкулятор. Ҳисоблаган рақамларингизни айтиб тураркан…
— О, даҳшат-ку! — хушнуд жилмайди бошлиғимиз. — Гугуртдеккина экан. Яхши, яхши. Энди маошу мукофот пулларингизни шунда ҳисоблаймиз-да? А, лаббай?
— Майли, майли, Сайфи Соқиевич, — дедим бўшашиб.
— Буниси-чи?
— Буниси қаламтарош экан. Ҳавасим келиб олдим. Жуда сафарбоп экан. Қайчисиям, пичоғиям, тирноқ тозалайдиган эговиям, вино пўкагини очадиган бурамасиям, отвёрткасиям бор экан…
— Ана шунақасидан қидириб юргандим, — деди бошлиғимиз қаламтарошни тортмасига солиб. — Раҳмат сизга! Бу-чи?
— Буниси ён дафтарча экан. Ёзиб бўлгандан кейин шундоқ бармоқларингиз билан силасангиз, ёзувлар ўчиб кетаркан, — тушунтирдим мен.
— О, зўр, зўр! — деди бошлиғимиз қиҳиллаб кулиб. — Чет элликлар бало-да! Қойилман! Энди шу дафтарчага «Шуларни ҳурматли бошлиғимиз Сайфи Соқиевичга совға қиламан», деб ёзиб берасиз-да, ука! Эсдаликка!
— Майли, — дедим мен ҳафсалам пир бўлиб ва ёзиб бериб, унинг хонасидан шип-шийдон бўлиб чиқиб кетдим…
Йўлакда бир хонада ўтирадиган ҳамкасбим кўринди.
— Ҳа, қалай, яхши келдингизми?
— Раҳмат, — дедим хўрсиниб.
— Қалай бўлди? Нималар олиб келдингиз? — яна сўради у.
— Ҳеч вақо, — дедим қисқагина қилиб.
— Ие, қаерга боргандингиз ўзи? — ажабланди ҳамкасбим.
— «Бермуд учбурчаги»га, — дедим алам билан.
— А? — илжайди ҳамкасбим ва қаҳ-қаҳ уриб кулиб юборди. — Ҳа-а, тушунарли, тушунарли. Мен ҳам «Бермуд учбурчаги»га уч-тўрт марта бориб келганман!
— Ҳаммасини ютиб юборди, лаънати, — дедим мен ҳасрат билан, — дипломат сумканиям, авторучка, калкулятор, қаламтарош, ён дафтарчаям қулоғини ушлаб кетди.
— Э, сиз осон қутулибсиз, оғайни, — илжайди ҳамкасбим, — мен ўтган йили хизмат сафаридан қайтганимда «Бермуд учбурчаги» битта костюм-шим билан видеомагнитафонни ямлаб юборган эди.
— Ана холос! — деб юбордим мен.
— Буниси ҳолва, — давом этди ҳамкасбим, — «Бермуд учбурчаги» аввалги бош бухгалтеримизнинг ўзини ютворган!
— Йўғ-е? — ҳайрон бўлдим мен. — Қанақасига?
— Бухгалтер бояқиш сафардан совға-саломсиз келган экан.
— Нима қибди?
— Нима қибдимиш? — кулди ҳамкасбим. — Кейин кетди. Охир-оқибат, ариза ёзиб бўшаб кетишига тўғри келди…
* * *
Менинг ариза ёзишимга ҳожат қолмади. Кейинги хизмат сафаридан келганимда Сайфи Соқиевичнинг ўзи йўқ эди. Айтишларича, «Бермуд учбурчаги» бу сафар унинг ўзини ютиб юборган эмиш…