– Ассалому алайку-ум!
Эшигига тилларанг ҳарфларда “Q a b u l x o n a” деб ёзилган ҳайҳотдай гўшанинг сусти босдими, сал эгилиброқ, мисоли дарғазаб хўжайин қабулига чорланган гуноҳкор мулозимдай қийшайиб кириб бордим. Қизиқ, одатий қабулхоналарга ўхшамайди, ҳар тарафида эшик, чўғдай гилам тўшалган, шифтидан нур балқийди. Бошқа жойларда раҳбар ва ўринбосар хонасига кирадиган бир жуфт эшик бўлади, бу ерда, нима бало, бошлиқ кўпми, муовинми – ҳар тарафда эшик, ҳаммаёқ дабдаба. Одамлар унисидан-бунисига ўтиб турибди. Тўғрида эса, бир қултум сув билан ютиб юборсанг бўлгудай бир нозанин ўлтирибдики, уни кўриш учун келиб-кетсанг ҳам ҳақинг кетмайди. Аммо унинг сен каби фақирлар билан иши йўқ. Ўнг қўлида телефон гўшаги, чап қўлида бир тишлам узилган шоколад, столда буғи чиқиб турган қайноқ қаҳва, ким биландир ҳасратлашяпти, шекилли.
– Ҳм-м… Шунақа дидими? Вей, ахмоғ-ей… Ўзинам лохсан-да, Нози…
Саломимни эшитмадилар, чоғи, деб яна бир марта қайтардим:
– Ассалому алайку-ум!
– Ҳм-м… Ҳм-м… Э-э, қўйву-ур, хапа бўма-а. Манингам қайнонам шунақала… “Ойижон-ойижон” диб, зўрға эритиб оламан… Булани бари бир гўр! Ҳм-м…
– Мен раиснинг… Каттанинг ёнига келгандим…
У яна парво қилмади.
– Вой, этмадийми… Ҳм-м… Майли, Худога сол, ўрто… Ўлиб кетсин… Ҳм-м…
– Катта бова…
– Ҳей, қанақа одамсиз ўзи? – гўшакни кафти билан беркитиб, кутилмаганда ўшқирди хоним. – Телефонда гаплашвомман, кўрмаяпсизми?..
Кейин ерга қараб секин, аммо мен эшитадиган қилиб: “Анави кўзми ёки пўстайни тешигими?..” деб қўйди чувалчангсимон қошларини чимириб. Бор заҳри ичида экан-ку, бу шумтушиқнинг. Мен уни ўйнаб ўтирибди деб ўйлабман…
– Йў, санга этмаямман, – телефондаги суҳбатини бамайлихотир давом эттирди у. – Э, биттаси кепти…
– К… Ке-чирасиз, мен узоқдан… – шошаётганимни билдирмоқчи бўлдим, – поездимиз тушдан кейин жўнайди. Шунга…
У менинг гапларимга заррача парво қилмади.
– Бу, ҳалиги… – ташкилотнинг номини айтдим. – Адашмадим, шекилли…
Рўмолчам билан қиш чилласида пешонамга кўпчиб келган терни артарканман, жилмайишга уриндим. Жилмайишим котибахоним кўзига тиржайиш бўлиб кўриндими, ошкора ижирғанди.
– Опажон, менга ярим минут… – гапимнинг қолгани “минғирлаш” бўлиб чиқди: “Вақ-тингизни ажрата оласиз…ми?”.
Котибаси шунча ваҳимаю, раҳбари қандай экан?!
Э, бу шаҳари қиз бизни қабул қилмаса қилмасин, аммо сиз бор-ку, бизни тушунадиган. Хўш, каминангиз, Жинжакқишлоқдан, Омон бобонинг неварасиман. Отим Облоқул. Университетни аълога тугатдик, Худога шукр. Сўнг, белни боғлаб ишга киришдик. Мана учинчи йил ҳам кетяти. Бўлим бошлиғи бўлиб тайинландик. Бировдан камимиз йўқ. Аммо марказдаги хўжайин чақиртириб қолди – шунга келгандик. Биз ҳам танишиб қўяйлик Омон бобонинг невараси билан дегандир-да… Аммо мана бу жинқарча танимаяпти бизни.
Хуллас, доскага чиққан ўқувчидек, тағин беш дақиқача котибанинг қаршисида, таёқ ютгандай тик турдим. Қани энди ҳасрати тугаса…
– Холажон!?.
У менга ўқрайди. Бу ўқрайишдан: “Катта холанг эмасман!” деган маънони уқиб, лабимни тишладим…
– Кечирасиз… Опажон, демоқчийдим. Мен…
Ниҳоят, чувалчангқошнинг тоқати тоқ бўлди: “Бўпти, ўрто, кейин гаплашармиз. Болларийни ўпиб қўй, – деди-ю, дугонасига гапираётганда кулиб турган кўзларини менга қадагач, бирдан жилмайишдан тўхтаб: – Кейин ўзим телефон қиламан…” – деди ва гўшакни “шарқ” этказиб қўйди.
Иссиққина қаҳвадан ҳавасни келтирадиган қилиб обдон ҳўплади-да, “Тавба, одамларнинг дастидан биров билан бир ёзилиб гаплашолмайсан…” деб тўнғиллади. Мен ҳам ичимда: “Бу ер сенинг катта энангнинг уйими, ёзилиб ётгани”, дедим.
– Келинг, нима ишингиз бор эди, – хоним ниҳоят, менга юзланиб товуш чиқарди эринчоқлик билан.
Қўлтиғимда турган бир папка ҳужжатни қўлимга олиб гапиргандай бўлдим:
– Устоз сўратган эканлар, мен Жинжакқишлоқдан Облоқулман.
– Уфф, – худди бўшанг эрига зарда қилаётган бозорчи хотиндек лабини чўччайтирди жувон. – Ҳали раиснинг олдига шуни кўтариб кирмоқчимидингиз?
– Ҳа, ўзи сўраган ҳужжатлар шу! – дедим худди узр сўрагандек. Хонимнинг юзи ғазабданми ёки тоқатсизликданми, ишқилиб, гезара бошлади. Пича ерга тикилиб турди-да, охири, кўзимга ҳам қарамай, буйруқлади:
– Пастга тушинг!
– Пастга? Тушунмадим… Ўзим бир пастдаги одамман…
– Ғалчамисиз, нима бало? Пастга, тўртинчи қаватга тушинг, деяпман! Ўринбосарларнинг олдига!
– Мен… Мен раис бованинг ўзларини бир зиёрат қилай деб эдим. Узоқдан келганман, ахир, – овозимдаги ялинчоқликни сезиб, ўзимдан жаҳлим чиқди. – Йўқ, йўқ, нотўғри тушунманг, у киши мени орқаровотдан бўлса ҳам яхши танийди! Вилоятдаги вакилиман. Келиб кетсин дебди. Шунга… келувдим…
Чувалчангқош, қаршисида мен – узоқ бир манзилдан келган ёш ходим эмас, бузоқбош тургандек ижирғанди:
– Ўзбекча гапни тушунасизми, тушунмайсизми?
– Тушунганим учун сиз билан гаплашаяпман-ку!
– Вуй, манавини! – чап томондаги эшик сари йўрғалаётган кишига кўзи тушиб, истеҳзоли илжайди хоним. – Раиснинг олдига кептила… Қоғозини бошига урадиларми… – аёлнинг бу гапини эшитиб бир зум тиржайиб турган тепакал қўлидаги бўш бокалини енгилгина ўйнатди-да, унга жавоб табассумини ҳаволатганча, хонасига кириб кетди. “Бокал олиб келиш керакмикин?” деган бемаъни ўй ўтди кўнглимдан.
– Ҳой, ўзингизни босволинг, хўмми? – олакўзланди Чувалчангқош. – Бу ерни биласизми, қаер дейдилар!
– Мен ўзимни босиб турибман, ё бирор ножўя гап қилдимми? Раисда ишим бор, бир кўришай дедим. Банд бўлса, майли, қачон бўшаса, келаверамиз…
– Ҳа, б ў ш а с а л а р келасиз! Аммо муомалангизни тўғрилаб келинг, хўмми? Бу ер сизга подахона эмас, идора деб қўйишибди!
Миямга бир нарса “гурс” этиб урилгандай бўлди. Столида турган қоғоз папкамни жаҳд билан олдим-у, “Раисинг банд бўлса, муовинига кираман!”, дея шартта олға жилдим. Худди шуни кутиб тургандек, Чувалчангқош ҳам жойидан шитоб қўзғалиб, икки қўлини белига тираб йўлимни тўсди:
– Қаёққа!
– “Зам”нинг хонасига!
– Мен сизга пастга тушинг дедим!
– Пастга тушмайман! Ўзингиз ўринбосарлар олдига киринг дедингиз-ку!
– Сизга керак ўринбосар пастда! Тушасиз!
Худди шу пайт бояги тепакал кириб кетган хона эшиги шаҳд билан очилиб, унинг ўзи ўлжасига отилган йўлбарсдек ёнгинамизда ҳозир бўлди.
– Қанақа одамсиз? Нега бу ерга келиб тўполон қилаяпсиз? Катта холангизнинг уйими бу?!
– Ас-салому алай-кум, Ғулом ака! – тепакал исми қандай тилимга келиб қолди, ўзим ҳам билмайман. Боягина отини эслолмай турувдим.
Саломимга кимса алик олмади.
– Сиздан сўраяпман, кимсиз ўзи?!
– Мен… Мен раис бова билан бир кўришай деб эдим, бу кишига ҳам айтдим… (Чувалчангқошни кўрсатдим). Ўзи мени сўратган эканлар. Мен Облоқулман, Овлоқ туманидан Омонов Облоқул десангиз билади. Ўзи бир сафар бизнинг Овлоққа борганида…
– “Борганларида!”, – деб гапимни тўғрилади тепакал.
– …борганларида, Тошкентга йўлларинг тушганда, идорага албатта киринглар, эшигимиз сизлар учун очиқ, деб тайинлаганди-лар. Шунга… эшик очиқ бўлса керак, деб келувдим…
– Ман булага этсам, тушунмасдан бақириб кетдилар… – Ё тавба! Ҳалигина менга ўшқириб турган хотиннинг бирдан ҳўнграб юборганини кўриб, донг қотиб қолдим. – Ғуломжон аку-у, ўзиз гаплашиб қўйинг, бу безбет билан…
– Безбет эмасман!..
– Аёл киши билан ҳам шундай муомала қиладими, уят, ука, уят! – боя йўлбарсдай отилиб чиққан кимса вазият баттар чигаллашишидан чўчидими, қўлига “андава”сини олиб, “сувашга” тушди: – Тағин ўзимизнинг тизимда ишларкансиз? Бу қўполлигингиз нимаси, ука?..
Нима дейин, индамай туравердим.
Сўнгра у котибани юпатишга тушди.
– Бўлди, йиғламанг, Дилнозхон! (Дилнозхон дедими, Таннозхон дедими, шу жойини аниқ эслолмайман). Ўзингизни асранг, тинчланинг. Яна бошингиз оғриб қолади-я! Бу киши билан, – менга ғолибона тикилди, – ҳали гаплашамиз! Опкеган ҳужжатлари қўлимизга тушар…
– Ҳеч қачон қўлингизга тушмайди, умид қилманг! – дедим унга мен ҳам зарда билан. – Ҳужжатимни ғулом-пуломларга кўрсатиб ўтирмайман!
Бу одам асли бизнинг тумандан, бу ерга югурдак бўлиб келган эди, кейин хўжалик ишлари бўйича муовин бўлиб олгани қулоғимга чалинувди. Хўжалик мудирига нега ишим тушади менинг?!
Шу пайт қабулхонага мени қаерда кўрса, “Ҳой, Облоқулбой, қандайсан?” деб кўришадиган, мабодо узоқдан кўзи тушиб қолса ҳам қўлини кўтариб, саломлашиб ўтадиган оқкўнгил, самимий бир акам кириб келди-ку! У киши билан соҳамиз бир-у, аммо кейинги пайтларда қаерда ишлаётганини билмай юрган эдим. Шу ерда экан-да! Ёт элларда юртдошини кўриб қолган мусофирдай қувониб кетдим.
– Ие, Облоқул, бу ерларга қандай шамол учирди? – дея ўзига ярашадиган диловарлик билан бағир очиб кўриша кетди у. Кейин анави иккисига қараб:
– Танишинг, бу – Облоқулжон! Бўлажак Ҳабиб Абдулла! Зўр геологларимиздан! – дея “ҳалиги” гапларимиздан мутлақо бехабар акам, каминанинг таърифини қила кетди.
– Қаерларда юрибсан? Соғлиғинг, ишларинг яхшими? Айтганча, кеча сени катта сўраётганди. Айтинг, бир келиб кетсин, деётганди. Буни қара-я! Хизрни йўқласак бўлар экан-да, а! Оббо сен-эй!..
Акамиз билан сўрашаётиб, ер остидан секин котибага кўз қиримни ташладим. У икки қўлининг тирноқларини худди уларнинг бўёғи жойида турибдими, кўчиб кетганми, текшираётган каби, синчиклаб қарар, бармоқлари билинар-билинмас титрар эди.
Овлоқлик Ғулом акамиз эса шу бир неча лаҳза ичида қай гўрга ғойиб бўлди, пайқамай қолдим…
Биз бу аснода қабулхона нозирларидан омон ўтиб, “катта”нинг ҳузурига йўл олдик…
«Ёшлик» журнали, 2018 йил, 4-сон