Ботир Носиров. Олтин қаср фожиаси (қисса)

1. СОХТА ЧАҚАЛОҚ

Зиёлиларга хос замонавий кийинган, бўйчан йигит қўлидаги йўргакланган чақалоқни авайлаб, одамлар орасидан чаққонлик ва эҳтиётлик билан елиб ўтди-да, орқама-орқа келаётган атлас кўйлакли дилбаргина аёлга тутқазди. Жувон йўл четидаги ўриндиқда ўтириб, чақалоқ бўйнидаги сариқ лентага боғланган сўрғичини тўғрилаб қўйди. Йигит машина излаб кетди.
У шахматнусха белбоғли такси ёнига келиб, ҳайдовчига мурожаат қилди:
— Жон ака, қайнонамиз бетоб бўлиб қолибдилар, Жиззахга ташлаб кела олмайсизми?
— Йўқ, уёққа бора олмайман, — бепарво жавоб берди шофёр.
— Илтимос Сиздан, хафа килмайман.
— Йўқ, бора олмайман дедим-ку!
— Бориш-келиш ҳақини олсангиз ҳам майли, — илтижога ўтди йигит.
Ҳайдовчи: «Қанақа шилқим йигитсан ўзи!» дегандай тескари караб олди. Шу пайт қаердандир пайдо бўлган, қорачадан келган, қотма ўспирин машина калитини ўйнаб, уларга яқинлашди. Ҳозирги суҳбатни кузатиб турган шекилли, йигитнинг сахийлиги уни ўзига маҳлиё қилган эди.
— Қаёққа борадигансиз, ошна? — деб сўради бамайлихотир.
— Жиззахга! — Таксичига ялинган йигит энди унга юзланди.
— Анча узоқ экан. Ҳа, майли. Неча кишисиз?
— Хотиним, чақалоғи билан… — чайналди йигит.
— Демак, уч киши. Олтмиш сўм бўлади.
— Сал камайтиринг. Жуда кўп айтвордингиз-ку.
— Хоҳласангиз шу! Қайтишда у томонда; «клиент» топиб бўлмайди, — ўспирин калитини ўйнаб орқасига бурилди. Йигит оғзидаги ошни олдириб қўяётгандек шошиб дарҳол рози бўла қолди.
— Майли, олтмиш бўлса олтмиш-да! Машинангиз қайси бири ўзи?
— Ҳув анави «оқ тулпор», — ўспирин юл четидаги сутдек оппоқ «Жигули»га ишора қилди. Сизлар машинанинг олдига бораверинглар, мен ҳозир яна бир «клиент» топай…
Кўп ўтмай ўспириннинг иши юришиб кетди. У Жиззахга борадиган, қўлига портфел билан шляпа ушлаб олган, паст бўйли корейс йигитни дарров топақолиб машина ёнига бошлаб келди.
Корейс йигит ҳам йигирма беш сўм берадиган бўлди.
Ўспирин «клиент»ларни машинага ўтқиза туриб:
— Келишиб олайлик, исмим Юсуф, тошкентликман. Жиззахга, қариндошларникига тўйга кетяпмиз, — деб огоҳлантирди. Кейин қўшиб қўйди: — Бу гапларни эҳтиёт шарт айтиб қўйдим, мабодо автоинспектор тўхтатса, шундай дейсизлар-да!
Машина йўлга чиқди.
Дим салонга сукут чўкди. Дам олиш куни бўлгани учунми, йўлда машиналар сийрак, онда-сонда учраганлари ҳам шамолдек тез ўтиб, атрофни қора пардага ўраб келаётган шом қаърига сингиб кетарди. Шофёр билан ёнма-ён ўтирган йигит терлаган пешонасини рўмолчаси билан артиб, машина ойнасини бир оз очиб қўйди. Салонга майин шамол кириб, кайфиятни бир оз кўтаргандек бўлди. Шу дамда ўспирин кўзи олдида жарақ-жарақ ўн сўмликлар кўриниб кетди. Бир марта бориб келишнинг ўзи саксон беш сўм. Ҳар ҳолда қайтишда ҳам қуруқ бўлмайди. Шунча бўлмаса ҳам, сал камроқ тушиши турган гап. Икки соат уёққа, икки соат буёққа. Шунда бир инженернинг бир ойлик маоши ишлаб олинади. Отаси унга яна «ўқи» дейди-я! Ўқиб ким бўларди?! «Оқ тулпор»и омон бўлса, ҳар қанақа дипломлидан яхшироқ даромад қилади…
Ҳайдовчи шундай хаёллар қанотида руҳланиб, газ педалини қаттиқроқ босди.. Спидометр мили юз рақами устида ликиллаб борарди.
Орқа ўриндиқда ўтирган жувон дам-бадам эрининг қўлидаги чақалоқни сийпаб қўяр, қўллари билинар-билинмас титраётганини фақат ўзигина сезарди. Бугун у «катта синов»дан ўтиши керак. Жувон яшаётган уй, чет эл жиҳозлари, қимматбаҳо тақинчоқлар — дуру гавҳарлар ўз-ўзидан келиб қолмаган. Буларнинг барини унга ўгай отаси олиб берган. Ана шу бойликлар эвазига қиз «бу рол»ни ўйнашга рози бўлган. Демак, уни қиёмига етказиб ўйнаши, синовдан муваффақиятли ўтиши шарт.
Зиёлиларга хос кийинган йигитнинг юраги безовта. Тезроқ қоронғи туша қолса-ю…
— Онаси, болангга қарасанг-чи, — деди у, — негадир безовталаняпти. — Шундай деб чақалоқни хотинининг қўлига тутқазди.
— Ҳозирги оталар шунақада! — дея болани бағрига босди жувон. — Вой, ширинтойгинам! Мана, ҳозир!.. Ҳозир, оппоғим, ҳозир!.. Вой, қусворди-ку… Амакиси, машинани бир оз тўхтатинг, илтимос.
Шофёр тормозни босиб, машинани йўл чеккасига олиб тўхтатди. Шу пайт орқа ўриндиқдаги йигитнинг чайир қўллари енгил пул топиш ишқивозининг томоғидан бўғиб, ўриндиқ суянчиғига сиқиб қўйди. Шофёр типирчилаб, кишандек қисиб турган билаклардан қутулишга интиларди.
— Дамингни чиқарма!
— А-а-а!!!
— Тугатиб қўя қол! — деди ҳайдовчининг қўлларини ушлаб турган корейс йигит қизга қараб. Аёл чақалоқни эпчиллик билан кўтариб, шофёрнинг бошига яқинлаштирди-да, йўргакнинг ичига қўлини тиқди. Тепки босилди. Бўғиқ ўқ овози эшитилди. Шофёрнинг қонга беланган боши шилқ этиб, рулга тушди.
Киракаш йигитнинг жонсиз мурдаси сохта «чақалоқ»нинг оқ чойшабига ўралиб, машина багажнигига жойланди. Корейс йигит рулга чаққон ўтирди. Ҳеч ким чурқ этмади. Бир оз юришгач, чапга бурилиб, дала йўлига тушиб олишди.
Йўл четидан буралиб оқаётган анҳорнинг ўзани кенгайган жойга етишганда, орқа ўриндиқда ўтирган «зиёли» корейс йигитни туртди: — Тўхтат! Шу ерга гумдон кила қоламиз! Улар машинадан тушиб, багажникни очдилар-да, қон оқиб қизғиш рангга айланган чойшабга ўроғлиқ жасадни қоп ирғитгандек сувга отиб юборишди.
Рулга аёл ўтирди. Шериклар эътироз билдиришмади. Чунки у оддий қиз эмас, «шеф»нинг эркатойи…

2. ТУЗОҚ

Ҳозир шаҳарда нима кўп — машина. Шахсий машинага эга бўлиш аксарият кишиларнинг олий нияти. Биров ҳалол маошини тежаб-тергаб сарфлаш ҳисобига жамғарган пулига, бошқа кимдир биров эса, қинғир йўллар билан топган маблағига машина сотиб оляпти. Кўча-кўйларда йўл ҳаракати қоидаларини билиб-билмай рулга ўтираверадиган муштдай болалару ҳали она сути оғзидан кетмаган қизалоқлар машина ҳайдаб юрганини кўп-кўп учратиб коламиз.
«Лашкар деган ахир бехато бўлмас», деганларидек мана шу эркатойларнинг ҳовлиқмаликлари туфайли йўлларда турли тасодифлар ҳам тез-тез содир бўлиб туради. Пачақланган машина эса, тобутдай хунук. Унга боққан саринг, кайфиятинг бузилаверади. Тезроқ тузаттириб олиш керак бўлади.
Устахонадаги маш-машаларни эса, унга иши тушган билади. Қабул қилувчи киши машина ҳужжатини кўздан кечиргач, усталар ишлаётган томонга ўтказиб юборади. Ҳамма савдо шундан кейин бошланади.
— Мотор ишдан чиқибди, поршен, гилза яна футулкалар ҳам керак. Афсуски, бу нарсалар бизда йўк, — дейди машинани уёқ-буёғини кўрган уста.
— Жон ака, бир иложини топинг, — деб ялинишга тушади машина эгаси. Устага эса шу керак. Ялиндингми, оғзидан чиққанини бажаришга мажбурсан. Йўқ деб кўр-чи, кавушингни тўғрилаб қўяди.
— Оғайни, Сиз ҳам ўзимизга ўхшаган шинаванда кўринасиз, — дейди у ялинганингизни сезгач маъноли кулиб. — Анави акангизга бир учраб кўринг.
Мақсад аниқ: пулига чидасанг, бас. Бир зумда ноёб эҳтиёг қисмлар ўз-ўзидан машинанг юрагига жойлашиб, ҳеч бир шикаст кўрмагандек ишлаб кетади.
Пачақланган машинани кўрганда эса уларнинг тиллари янада бийронлашади:
— Э, аттанг, бизда чап қанот йўқ эди, ўнг қанот бор, — дейишади гўё ачингандай бўлиб. Бордию ўнг қанотни сўрасанг, «чапи» бор, униси йўқ», деб афсусланишади. Олдинги эшикни илтимос қилсанг, орқа эшикни кўрсатишади. Сен эсанг ноиложсан. На чора? Бозор нархида олишга мажбурсан.
Бу шунақа жой — пачақланган машиналар тузатиладиган устахона.
Басавлат киши эшикдан кириши билан қабул қилувчи унга пешвоз чиқди:
— Мулла ака машинангизни олиб келдингизми?
— Йўқ, машинам бутун. Ҳаммаси жойида. Менга Шокиржон керак эди, — деди ғурур билан басавлат киши.
— Шокиржонми? Ҳув, пастроқда ишлаяпти. Марҳамат, ўтаверинг, — қўл қовуштириб, йўл бўшатди қабул қилувчи.
Басавлат киши усталарнинг ишига бир дақиқа разм солиб турди. Қора жомакор кийган, қотмагина, баланд бўйли уста унинг эътиборини тортди. У қўлидаги ёғоч тўқмоқни шу қадар усталик билан ишлатардики, машина қанотининг пачақлари бир маромда текисланиб борарди.
Бир вақтлар ўзи ҳам яхшигина уста бўлган. Ҳатто тузатишдан ташқари, баъзи эҳтиёт қисмларни ҳам қўлбола қилиб ясарди. Бора-бора бу ҳунарини атрофидагиларга ҳам ўргатди. Оқибатда шогирдлари ундан ўзиб кетишди. У эса «ўйин»дан чиқиб қолди. Эндиги вазифаси — фақат «клиент» топиш. Яхшиям «ўйин»дан чиққани. Бўлмаса, сохта эҳтиёт кисм ясовчилар қўлга тушганда, эҳтимол, у ҳам қамалиб кетармиди? Уста мусичадек бегуноҳ бўлиб, сувдан қуруқ чиқди…
Қора жомакорли йигитнинг ғайрат билан ишлаши унга ўзининг ёшлигини эслатди. «Афсус, умр қисқа… Ҳаш-паш дегунча ўтиб кетар экан», деб кўнглидан ўтказди у.
— Сиз — Шокиржонмисиз? — деб сўради басавлат киши ишлаётган йигитга яқин бориб.
Исмини эшитган уста овоз келган томонга қаради. Басавлат киши устомонликка ўтди.
— Кечирасиз, янглишибман. Мен бир шогирдимни йўқлаб келувдим. Сизни ўшанга ўхшатибман. Эшитишимча, у машиналарнинг «профессори» бўлиб кетган эмиш… Шунга…
— Амаки, профессор бўлмасак ҳам унча-мунча нарса кўлимиздан келади. Нима, машинангизни уриб олдингизми?
— Йўқ, мен бўлак иш билан келган эдим.
— Майли, қўлимиздан келса…
— Кечирасиз, қанча маош оласиз?
— Нимайди? Бир юз ўттиз сўм.
— Кундалик чой чақа-чи? — басавлат киши чайналиб уни яна гапга солди.
— Нима, сиз халқ контролиданмисиз? — аччиғланди уста Шокиржон.
— Жаҳлингиз чиқмасин, ука, мен ҳам бир вақтлар сизга ўхшаш уста эдим. Ҳозир мана шунақа бир корхонада, масъул ишдаман. Бизда ҳам машина тузатилади. Қўли гул, чаққон усталар керак. Афсуски, ҳамма жойда ҳам улар анқонинг уруғи. Ключнинг номерини ажратолмайдиганлар эса ачиб ётибди… Ойлигимиз ёмон эмас… Ҳар ҳолда чой-чақа ҳам чиқиб туради… Ҳа, майли, кечирасиз, мен борай энди…
Шокиржон шошиб қолди. Худонинг ўзи етказган шундай омаддан юз ўгириб бўладими?
— Амаки, сизда учинчи разрядга қанча тўлашади? — деб сўраганини ўзи ҳам сезмай қолди.
— Бу разрядга ҳамма жойда бир хил маош, — деди басавлат киши талмовсираган бўлиб, — лекин, сиз бизга борсангиз бешинчи разрядга тўғрилаймиз.
— Кечирасиз, ўзингизни таништирмадингиз?
— Мени Усмон ака деяверинг.
— Усмон ака, чой-чақаси қанақа бўлади? Мижозлар серобми?
— Бу томондан ташвишланманг, ука, яхши ишласангиз, мен ўзим сизни хурсанд қилиб тураман.
— Ундай бўлса… — Шокиржон ўйланиб қолди.
— Келишдикми?
— Келишдик.
— Эртага сизни кутаман! — Басавлат киши учрашув жойини тайинлаб, қандай виқор билан кириб келган бўлса, шундай виқор билан чиқиб кетди. Шокиржон шу пайт тузоққа илинганидан ҳали бехабар эди.

Қиссанинг тўлиқ матнини PDF форматда сақлаб олинг