Авжи саратон. Кўп қаватли уйларнинг деразалари қуёш чиқиши билан ёпилиб, қалин пардалари бекитилади. Чунки қуёш бош кўтаргандаёқ, иссиқ лопиллаб ичкарига урилади. Эҳтиёт чоралари кўрилмаса, кун бўйи тандирнинг ичида ўтиргандай азобга қолиш ҳеч гапмас.
Мансур апил-тапил ювиниб, энди ёшига тўлаётган ўғилчасининг бешиги бошига келди. Гўдак мириқиб ухлар, уйқусида ора-сира жилмайиб қўярди.
— Тушида бировлар кулдиради шекилли, — шивирлади у хотини Манзурага. — Қара, кулиб қўйяпти! Ишқилиб…
Мансурнинг кайфияти ўзгариб, бироз ўйга толди. Кейин ухлаётган гўдакнинг қўл-оёғини бўшатиб, шартта кўтариб олди-да, бағрига босди.
— Вой, бу нима қилганингиз? — безовталаниб пичирлади Манзура. — Уйғотиб юборасиз-ку!..
Хотинининг гаплари Мансурнинг қулоғига кирмас, худди боласидан ажралиб қоладигандай гўдакни қўлидан қўймасди.
— Йў-ўқ! — деди у овозини хийла кўтариб. — Мен сени ҳеч қачон ташлаб кетолмайман… Шундай ширин болани-я?.. Cен учун жонимни берсам бераманки, ташлаб кетмайман!..
— Қаёқдаги гапларни гапирасиз-а? — деди Манзура қошлари чимирилиб. — Жа соғинсангиз, ишга опкета қолинг!..
Мансур хотинига ўйчан қараб қўйди-да, бошини чайқаганча гўдакни жойига ётқизди.
— Кечир, ғалати тушлар кўрибман. Шунга… Кўнглим бузилиб кетди.
* * *
Журналистнинг нони қаттиқ. Эрталабдан қоғозга кўмилганича шомга бориб бошини кўтаради. Вақтнинг селдай гулдираб ўтиб кетганини пайқамайди ҳам. Бугун Мансурнинг қўли ишга бормади. Сабабини ўзи ҳам тушунмайди. Эрталаб хотинига ғалати туш кўрибман, дегани шунчаки оғзига келиб қолган гап эди. Аслида…
Бир ҳафта бурун ишга келган Ҳосила исмли котиба қиз унинг тинчини ўғирлаб қўйди. Озғингина, оқ-сариқдан келган, сочларини ёйиб юрадиган бу қиз бошқаларга ўхшаб юз-кўзларига бўёқ сурмаса-да, гўзаллиги бир қарашда юракка чўғ соларди. «Қизиқ, — кўнглида кечаётган туйғуларни тушунолмай ўйларди Мансур, — уйланган бўлсам, фарзандим бор. Нега энди уни кўрдим-у, тинчимни йўқотдим? Йў-ўқ, ўзимни қўлга олишим керак».
Шу пайт эшик «ғийқ» этиб очилди-ю, остонада қўлида чойнак кўтарган Ҳосила пайдо бўлди. Беихтиёр ўрнидан туриб кетган Мансурнинг ҳозиргина хаёлида чарх ураётган ўйлари ҳавога учди. У шаҳдам қадам ташлаб қизга пешвоз чиқди.
— Келинг, Ҳосилахон, қайси шамоллар учирди бизнинг хоналарга?
— Чой сўраганмидингиз?
— Ҳ-ҳа, ҳа… Раҳмат. Қани, мана буёққа қўя қолинг! Келинг, ўтиринг…
Ҳосила чойнакни стол устига қўйиб, омонатгина ўтирди. Бу орада Мансур унинг шаршарадек ёйилиб тушган тим қора сочларига ўғринча қараб улгурганди.
— Ўрганиб қолдингизми ишхонага? — сўради у ўртадаги ноқулайликни йўқотишга уриниб. — Ёқдими сизга?
— Ҳа, — кулди Ҳосила, — чидаса бўлади.
— Шунақа денг? Котибаликнинг ҳам ўзига яраша ташвиши бор, бироқ ҳали кўникиб кетасиз.
— Сиз мухбир бўлиб ишлайсизми бу ерда?
— Шунақа десаям бўлади. Ишимиз ёзиш-чизиш. Бошқа нимаям қилардик? Кечирасиз, бир нарса сўрасам майлими?..
— Майли.
— Турмушга чиққанмисиз?..
Ҳосиланинг боши эгилганини кўриб, Мансур ножоиз савол бериб қўйганидан хижолат тортди. Аммо билгиси келаётганди, ҳаяжонини яширолмади. У қизнинг юзларига яна ўғринча боқди. Ҳосила жавоб беришга шайланиб, лабларини қимтиб қўйди. Кейин шикаста товушда:
— Чиққандим, — деди. — Ажрашиб кетганмиз.
— Сиз-а?
— Ҳа, мен. Нима, менинг бошқалардан ортиқ жойим борми? — ўзини мажбурлаётгандай дардли жилмайди у. — Пешонамга ёзилгани шу экан…
— Ўша йигитнинг ўрнида бўлганимда… Сиз билан ҳеч ҳам ажрашмаган бўлардим. — Бу гап оғзидан қандай чиқиб кетди, Мансурнинг ўзи ҳам пайқамай қолди. Ҳосила ялт этиб унинг кўзларига боқди.
— Ўзингиз уйланганмисиз?
— М-менми? Ҳ-ҳа… Бир ўғлим бор.
— Демак, бахтли одам экансиз…
Мансур гап тополмай қолди. Ўзини ўнглаб, оғзини жуфтлагунича қиз хонани тарк этганди.
* * *
— Бугун сизни кузатиб қўйсам майлими? — деди эртаси куни икки ўт орасида қолган Мансур қизга ниятини ошкор қилишни кўнглига тугиб. — Ишонинг, кейинги кунларда ўзимга нима бўлаётганини билолмай қолдим. Туну кун хаёлимда фақат сиз. Кўзимга бошқа ҳеч ким кўринмай қўйди…
— Қўйинг, Мансур ака, — деди Ҳосила чуқур хўрсиниб, — оилангиз, фарзандингиз бор. Яхшимас…
— Мен… Мени тўғри тушунинг… Сизга ёмонлик қилмоқчи эмасман. Фақат кузатиб қўйсам бўлди, икки оғиз гаплашсам… Бошқа ҳеч нарса керакмас…
— Йўқ, мен истамайман! Бошим очиқлигини билиб шундай деяпсиз. Умуман, эркакларнинг ҳаммаси бир гўр. Ёлғизлигингни сезишдими, айлантирмоқчи бўлишади.
— Шунақа денг. Наҳотки, мениям ўшалар қаторига қўшсангиз?
— Билмадим… Билмадим. Қўйинг, бу ҳақда гаплашмайлик!
— Майли, аммо билиб қўйинг, истамасангиз ҳам барибир орқангиздан кетавераман…
Ҳосила кулиб юборди. Унинг жарангдор, беғубор кулгиси Мансурнинг юрагини ўртаб юборди.
* * *
Мансур Ҳосилани кузатиб қўя бошлаганига ҳам икки ҳафтача бўлди. Суҳбатлашиб кетаркан, унинг ҳуснига тикилиб тўймайди. Назарида, Ҳосила тобора очилиб бораётгандай. Ниҳоят эҳтироси жунбушга келган Мансур ўзини тутолмади:
— Мен сизни севиб қолдим, Ҳосила! — деди у жониқиб ва Ҳосиланинг билагидан тутиб ўзига тортди. — Ортиқ чидолмайман. Келинг, мени кўп қийнаманг! Ўлиб кетмай сизга зор бўлиб!
Ҳосила бир зарб билан қўлини тортиб олди, кўзларига ёш қуйилиб келди:
— Сиз… Сиз мени ким деб ўйловдингиз? Ҳали мақсадингиз шумиди?
Мансур каловланиб қолди. У савқитабиий билан қўлига ихтиёр бериб қўйганини пайқаб: — Кечиринг, мен билмай қолдим! — деди афсусланиб. — Ўлай агар, билмай қолдим! Кечиринг!..
Ҳосила сумкасидан рўмолчасини олди-да, кўз ёшларини артди.
— Бошида айтгандим-ку, эркакларнинг ҳаммаси бир гўр деб!
— Йўқ, асло ундаймас! Мен бошқа одамман. Фақат хафа бўлманг! Иккинчи қайтарилмайди…
Ҳосила хўрсинди.
— Тўғрисини айтсам, Мансур ака, ўзим ҳам ҳайронман. Негадир сиз тўғрингизда ўйлагим, кимларгадир гапиргим келаверади… Аёлнинг қалбини тушунмайсиз-да! Кечалари кўрпага бурканиб олиб, узоқ-узоқ йиғлайман. Нега йиғлаётганимни ўзим ҳам билмайман. Фақат йиғлайман. Мансур ака, илтимос, дилимга озор берманг! Мен севгим пок бўлишини истайман… Тўғри, турмуш кўрган аёлга осонмас. Лекин сиз менга яқинлашсангиз, баттар қийналаман… Агар қийналишимни истамасангиз, мени чиндан яхши кўрсангиз, менга қўл теккизманг!
— Хўп бўлади, Ҳосила, — деди Мансур лабларини асабий тишлаб. — Бу гапингиздан кейин сизга меҳрим янада ошди.
— Яна бир илтимосим бор.
— Хўш…
— Мени деб оилангиздан совиманг!
— Илтимосингиз қабул қилинди деб ҳисоблайверинг! — Ҳосиланинг ақлига, одобига ичида тан берган Мансур кулиб ерга қаради. — Сизнинг гапларингизни ҳеч қачон ерда қолдирмайман!
* * *
Мансур билан Ҳосиланинг муносабати тез орада ҳамкасблари орасига ёйилди. Айниқса, улар дуч келиб қолишганида аёллар пинхона кўз қисиб жилмайишарди.
Орадан икки хафта ўтди. Бир кун эрталаб хонага Ҳосила шахд билан кириб келди. Кейинги пайтларда янаям очилибди, ҳуснига ҳусн қўшилибди. Лабидан табассум аримайди. Наҳотки, буларнинг бариси Мансур учун…
— Ассалому алайкум! — Мансурга яқин келиб секингина салом берди Ҳосила. — Яхши келдингизми?
— Раҳмат.
— Бир дақиқага ташқарига чиқа оласизми?
— Бўлмаса-чи? — Мансур ҳовлиқиб қўлларини олдинга чўзди.
— Сиз таклиф қиласиз-у чиқмайманми?
Ҳосила хоналарга бир-бир кўз ташлаб олиб, секин ўгирилди:
— Сиз мени яқин орада жинни қип қўясиз.
Бу кутилмаган гап Мансурни ҳушёр торттирди.
— Нега?
— Ҳа, ўзингизга ўргатиб олиб, энди билмасликка олаяпсизми? Тўғри-да, сизга осон. Оилангиз бор, ўғлингиз бағрингизда. Кечаси бориб ўша хотинчангизни қучоғига кирасиз. Мен бўлсам…
— Ҳосила, сизни таниёлмай қолдим, — деди Мансур асабийлашиб.
— Нима бўпти? Келинг, очиқчасига гаплашиб олайлик. Ортиқ чидай олмайман. Ё у ёқли, ё бу ёқли қилинг! Бировнинг ҳиссиёти билан ўйнашишга ўйнашдингизми, охиригача ҳал қилинг!
— Нимани ҳал қилай?
— Вой, — Ҳосиланинг қалин қора киприклари пирпираб, лаблари титрай бошлади. — Билмайсизми? Мен билан нима мақсадда гаплашиб юрибсиз? Шунчаки кўнгилхушлик учунми? Йўқ, яхши йигит, бунақаси кетмайди. Ё мени дейсиз, ё ўша хотинчангизни!
— Ахир… бу мумкин эмас! Қ-қандай қилиб?
— Ў, жа устамон экансиз-ку! Бир бегуноҳ аёлнинг ичига кирволиб, энди силлиққина чиқиб кетмоқчимисиз? Бу ҳунарингиз ўтмайди. Агар ҳал қилмасангиз, хотинингизга бораман-да: «Эрингни тийвол, мени тинч қўйсин! Кўз очиргани қўймаяпти», деб айтаман.
— Хўш, кейин-чи? — Мансурнинг миясида оғриқ турди. Юраги тез уриб, аъзойи бадани қизиб кетди. — Кейин нима бўлади?
— Менинг нима ишим бор? Кейин унданам айрилиб, сўппайиб бир ўзингиз қолаверасиз…
— Йўқ, Ҳосила, — Мансур азбаройи қўрқиб кетганидан вазиятни юмшатишга уринди, — бу яхшимас… Мен сизга қўлимниям теккизган эмасман.
— Қўлингизни теккизмай туриб ҳисларим билан ўйнашдингиз. Мени азоб чангалига солиб қўйиб, ўзингиз бир четда томоша қилаяпсиз. Аҳмоғингиз йўқ, эртагача кутаман. Агар ҳал қилмасангиз, ўзингиздан кўринг!
— Хўп, нимани ҳал қилай?
— Вой, билмайсизми? Ўйланг!
— Хотинимни қўйиб, сизга уйлансам, кўнглингиз тўладими?
— Билмайман. Ўзингиз ҳал қилинг!
Ҳосила зарда билан ортга ўгирилди-да, ичкарига кириб кетди. Мансур турган жойида шамдай қотди. У қаерга боришни, нима қилишни билмасди. «Афсус, шайтоннинг йўлига кириб қўйдим! — ўйларди у мушт бўлиб тугилган қўлларини тиззасига уриб. — Чиройига учибман! Нимага? Гулдай оилам нима бўлади энди? Муроджоним отасиз ўсадими? Аёлнинг макри — илоннинг заҳри. Мени Мажнунга айлантиргунча мулойим супурги эди. Ана, бугун асл башараси кўринди-қўйди… Қўлингдан келганини қил! Хотинимга айтармиш. Айт! Менам тушунтираман. Манзура тушунган аёл. Керак бўлса, кечирим сўрайман. Қаёққа борарди бу шарманда?! Сакраб-сакраб жойига тушади… Аммо ишхонада-чи? Бунақалар биринчи навбатда ишхонадагиларга дардини достон қилади. Ишқилиб, охири бахайр бўлсин!».
У хонага кирди-да, эшикни ичкаридан тамбалаб, ўзини креслога ташлади. Шу кўйи қанча ўтирганини билмайди, бир маҳал эшикнинг оҳиста тақиллашидан ҳушига келди. Ўрнидан туриб, деразадан ташқарига қаради. Аллақачон кетадиган пайт бўлибди. Эҳтиёткорлик билан оёқ учида юриб бориб, ташқарига қулоқ тутди. Қизиқ, ким экан тақиллатган? Ие, бошлиқ бўлса-я? У шоша-пиша эшикни очди. Рўпарасида Ҳосила кулиб турарди.
— Келинг, — деди синиқ овозда, — ичкарига киринг!
Ҳосила юзида табассум билан остонадан енгил ҳатлаб хонага кирди.
— Кетмадингизми? — сўради қиз унга маъноли тикилиб.
— Йўқ, шошиб қаергаям борардим?
— Ўйлаб кўрдингизми?
— Нимани?
Ҳосила туйқусдан кулиб юборди.
— Нега куласиз? Мазах қиляпсизми?
Ҳосила жиддий тортди: — Йўқ, сизни мазах қилиб бўладими, Мансур ака, кечиринг мени! Боя сизни беҳуда хафа қилиб қўйдим. Рости-чи, сизни синамоқчи эдим.
Мансур ялт этиб Ҳосилага қаради: — Хўш, синовдан қандай ўтдим?
— Зўр ўтдингиз. Чиндан оиласига садоқатли эркак экансиз. Раҳмат сизга! Доим шундай бўлинг, бўптими? Мен келиб-келиб сиздай хокисор одамнинг уйини бузармидим? Ўзингиз мундоқ ўйлаб кўрмадингизми? Йўқ, бошқаларни билмадим-у, мен бундай йўл билан бахтли бўлолмайман. Тўғри, сиз менга ёқасиз, сизни яхши кўраман. Шунинг учун ҳам ҳаётингизга аралашмайман. Чин юракдан яхши кўрган одам севган кишисига ёмонликни раво кўролмайди.
Бу гаплардан Мансур ҳушёр торта бошлади.
— Шу гапларни ўзингиз гапиряпсизми? — унинг лабларида табассум пайдо бўлди. — Ишонгим келмаяпти.
— Ишонмасангиз ўзингизга ҳавола. Мен барибир ишдан кетаяпман. Эслаб юрарсиз…
— Тўхтанг, нега ишдан кетасиз? Ўзи яқиндагина жойлашдингиз-ку!..
— Мен синовдан ўтолмадим, — кулиб жавоб қилди Ҳосила. — Сиздай кучли эмас эканман…
— Кимнинг синовидан ўтолмадингиз?
— Кимнинг бўларди, бошлиқларнинг-да… Майли, Мансур ака, хайр, бахтли бўлинг! Ҳеч қачон ўғилчангизни ташлаб кетманг-а?
Мансурнинг елкасидан тоғ ағдарилгандай бўлди.
— Ҳа, сизга бир гапни айтмоқчийдим, — деди Ҳосила ортига қайрилиб. — Мактабда адабиёт ўқитувчимиз: “Ҳар бир инсоннинг топинадиган гавҳари бўлади, бу биров учун фарзанди, бошқа биров учун оиласи ё касб-кори, балки ота-онаси бўлиши мумкин… Агар одам ана шу гавҳарини асраб-авайласа, йўқотиб қўймаса, ҳаётда хўрлик кўрмайди”, дерди. Гавҳарингизни асранг, шунда мен ҳам сиздан хавотир олмайман.
* * *
Мансур ишхонадан чиқиб, уйига қайтаркан, Ҳосиланинг кўрсатган “ҳунар”ини эслаб мийиғида кулди: “Қанчалар айёр-а булар! Э, йўқ, буни айёрликкаям йўйиб бўлмайди. Ҳосила барибир оқила экан. У менинг кўзимни очиб қўйди. Очгандаям…“.
Уйига кирди-ю аланглаб, хотини билан ўғли қайси хонадалигини билгиси келди. Манзура ўғилчасини бағрига олиб телевизор кўраётган экан. Мансур ўғлига талпинди, уни бир қўлига олди, бир қўли билан хотинини қучди…
— Оҳ, менинг гавҳарларим!