Бугун Равшан ака Ҳазратқуловнинг ширкатлар уюшмасига раис этиб тайинланганига роппа-роса икки ҳафта бўлади. Бировни таниса, бировни ҳали яхши танимайди. Ишни нимадан бошлашни билмай хонасида хаёл суриб ўтирибди. Ногаҳон телефон жиринглаб қолди. Гўшакни олиб, ўнг қулоғига тутди.
— Алло, яхшимисиз. Мен вилоят ҳокимлигидан Ҳамроқул Султоновман. Тошкентга бораяпман. Агар хизмат бўлмаса бир соат ичида катта йўлга Хўрозни олиб чиқинг, илтимос, — деди қисқагина қилиб.
Равшан ака шундай катта лавозимдаги кишининг ўзига яқин олиб иш буюрганидан боши осмонга етиб:
— Хўп, акажон, бир оғиз гапингиз. Бошқа хизматлар бўлса ҳам бош устига. Ҳеч тортинмай айтаверинг, акажон, — деб гўшакни жойига қўйди.
Дарҳол вақтни қўлдан бой бермаслик учун уйига келиб, хотини Ойбарчин билан маслаҳатлашди:
— Каттаконлардан бири хўрозни олиб чиқинг, Тошкентга бораяпман, деб сим қоқди. Аммо нечталигини айтмади. Қўчқорни олиб чиқинг, демайдими. Кўкракни кериб, бўрдоқи ҳисори қўчқорлардан бирини олиб чиқар эдим. Ҳокимлар ҳам қизиқ. Арзимаган паррандани нима қилар экан, хотин.
— Э, дадаси, жуда ҳам соддасиз-да, — деди Ойбарчин билағонлик қилиб, — хўрозга ишқибоз бирорта нозик одамга совға қилса керак. Ўки бирорта яқин кишиси шифохонада ётган бўлса, фолбин-солбин қон чиқариб, хўроз билан қоқтириб ташланг дегандир. Қани, тез бўлинг, кечикасиз, — деб товуқхонадан иккита даканг хўрозни ушлаб берди.
Равшан аканинг кўнгли жойига тушиб мошина тезлигини оширди. Ҳамроқул Султонов аллақачон ўзи айтган жойга келиб, йўл бўйидаги чинор тагида кутиб турган экан. Салом-аликни ҳам насия қилиб:
— Хўроз қани, Хўроз? — деди.
Равшан Ҳазратқулов қош қўяман, деб кўз чиқариб қўйганини ўзи ҳам билмай:
— Мана, акажон, — дея илжайиб мошинаси юкхонасидан оёғи маҳкам боғланган иккита семиз хўрозни олиб кўрсатди. — Мошинанинг қаерига қўяй.
Султонов етти ухлаб тушида кўрмаган бу қизиқ воқеадан ҳайрон бўлди:
— Нима деяпсиз, Равшанбек, — деди кулиб, — бу бўлмайди…
Жабборқулда жон борми деганларидек, раис Равшан Ҳазратқулов:
— Бўлмаса бошқасига алмаштириб келаман, — деб югуриб кетаётганди, шунда Султонов қатъий:
— Тўхтанг! — деб орқасига қайтарди. — Қанақанги гапга тушунмайдиган одамсиз. Мен сизга товуқнинг хўрозини эмас, одамнинг хўрозини — оққовунлик моҳир фермер Хўроз Абдужабборовни олиб чиқинг дегандим. Ўзим билан у кишини эртага Тошкентда бўладиган катта йиғилишга олиб бормоқчи эдим. Аттанг, вақтим бекорга кетди.
— Э, шунақами. Узр, акажон. Мен каллаварам бошқача тушунибман, — деб Равшан Ҳазратқуловнинг нафаси ичига тушганча, Хўроз Абдужабборовнинг уйига қараб оқ “Нексия”сини елдик учириб кетди.