Мунаввар кичкина қизининг ройишлигига яна бир карра тан берди. Аслида, у болани ёзга чиқиб, мевалар пишганда кўкракдан чиқармоқчи эди-ю…
Дилини ғашлайдиган туш кўриб, онасининг соғлиқларини билмоқ учун Фарғонага қўнғироқ қилди. «Онам яхшимилар?» — деган саволига «Яхшилар…» — деб жавоб қайтарган синглисининг овози титрагандай бўлди.
— Тўғрисини айт, — деди Мунаввар. — Яна ўтган йилги қишдагига ўхшаб…
Бу гапга синглиси ошкор пиқиллаб олди-да:
— Ҳозир анча тузуклар, — деди. — Лекин ўн беш кунча роса қўрқитдилар. Сизга хабар қилайлик, десак, совуқ кунда ёш бола билан қийналиб қоласизми, деб…
Мунавварнинг ичига чироқ ёқса ёришмай қолди. Охири эрига:
— Икки кунгинага Фарғонага бориб келишимга рози бўлсангиз, — деди.
Сукут — розилик аломати.
— Икки кунгинага бориб келадиган бўлсангиз, Бонуни ташлаб кета қолинг, — деди эри. — Болани ҳам, ўзингизни ҳам қийнаманг.
Гапнинг очиғи, Мунаввар онасининг бетоблигини эшитган лаҳзадаёқ йўлга чиқишга тайёр эди-ю, мана шу кичкинасини ўйлаб қаноти боғланган қушдай учолмаётган эди. Эри битта гап билан бутун муаммони ҳал қилди-қўйди.
— Бону сизларни қийнаб қўймасмикин? — деди иккиланиб.
— Ўрганади-да. Қорнини тўйдириб қўйсак, бўлдими?
…Эртасига — жума куни шом тушганда Мунаввар ота уйига кириб борди. Онасининг уйидагина чироқ ёниб турибди. Демак, акасию келинойиси ҳам шу ерда. Эшикни очган заҳоти опаси:
— Во-ой, ана! Айтмадимми! — деди. — Бекорга елкам учмаётганди!
Узоқнинг иши қурсин, касаллик асоратиданми ёки уч ойдан буён кўришмаганлариданми, лаҳзада кўзларига дувиллаб ёш тўлган онасининг ранглари анча синиқиб, жуссаси ҳам кичрайиб қолгандай эди. Лекин жигарбандларнинг кўришиш онларидаги кўнгил тўлиқишлари ҳадемай сокин суҳбатга, шукроналарга алмашинди. Мезбонлар анча муддат Мунавварнинг кичкинтойи — Бонунинг гап-сўзлари, қилиқлари ҳақида эшитишаркан, ғойибдан уни тасаввур қилиб завқланишарди.
— Кўкракдан чиқардингми? — деб сўради тўсатдан онаси.
— Йўқ, — жавоб қайтарди Мунаввар. — Сутим ҳам номигагина. Сутли каша пишириб бераман. Энди буни… ухлаш олдидан хуморбосдига эрмак қилади-да…
— Йўқ деганингдаям, гўдакнинг ризқ-насибасига яраша сут бўлади, — деди онаси. — Сен бу ёққа келганингда, улар нима қилишади? Бола ўзиям қийналиб, дадасиниям роса…
— Менга жуда ёпишиб, эмаман, деб хархаша қилавермайди, — дея онасини тинчлантирмоқчи бўлди Мунаввар. Кейин кулиб қўшиб қўйди:
— Дадаси: «Сизни кўрмаса, жуда ақлли қиз бўлиб юради», — дейдилар-ку, мана кўрасиз, янаям беозор бўлиб қолади.
Қатъий қарорга келмаган бўлса-да, бу фикр Мунавварнинг кўнглидан ҳам ўтганди. Келинойисининг гапи ниятини жиддийлаштирди: икки кун кўрмай, эммай турса, қизи анча кўникади. Ҳар доим ҳам шундай имконият бўлаверармиди? Ёзнинг иссиқ кунларида ажратгандан кўра, ҳозир салқинда яхшимасми?
У ёзда она кўксидан ажратилган боланинг аҳволи қандай бўлишини ўз ўғлида кўрган. Ўшанда Азизжон ўн бир ойлик эди. Кутилмаганда Мунавварнинг иситмаси кўтарилиб кетди. «Тез ёрдам»да келиб укол қилишди. Лекин бир муддатга тушган иситма ҳадемай ҳуруж қилаверарди. Учинчи бора чақиртирилган «Тез ёрдам»да келган шифокор:
— Энди сизни шифохонага олиб кетамиз, яхшилаб текшириш керак, — деди жиддий.
Мунаввар бунинг иложи йўқ деган маънода ўғлига қараганди, шифокор тушунишни ҳам истамади:
— Ўғлингизга уйда қараб туришади.
Мунаввар ночор шифохонага жўнади. Дориларнинг таъсирида иситмаси гоҳ тушиб, гоҳ кўтариларди. Ниҳоят, учинчи куни ташхис аниқ бўлди: буйраги шамоллаган экан.
Бу орада кўкраги тўлиқиб оғришлари ҳам бирмунча пасайди. Демак, сути қайта бошлади.
Тўйларидан кейин бирор марта «уҳ» демаган хотинининг бирданига бундай бетоб бўлиб қолганидан ўзини йўқотиб қўяёзган эри нуқул:
— Азизжондан хавотир олманг. Ойим билан бир яхши ўтирибди. Овқатлар еяпти, — деб уни тинчлантирарди.
Бироқ соғинчни енгиб бўлмайди. Иситмаси тушган куни кечки пайт у навбатчи шифокорнинг олдига бориб ялинди:
— Уйимиз яқингинада. Шундоқ бориб ўғлимни бир кўриб келай…
Шифокор кўринишидан рухсат бермоқчи эмасди. Лекин Мунавварнинг юзига тикилиб турди-да:
— Майли, — деди. — Аммо соат тўққизгача қайтиб келинг!
Уйлари қаршисидаги бекатда автобусдан тушаркан, қадамлари ҳеч унмасди. Назарида, бағрида саҳродай бир бўшлиқ, жазирамадай соғинч бор эдики, тезроқ уйга кирсаю боласини бағрига босса!
— Ойи! — деб эшикни шаҳд билан очди. Ичкари уйдан ўғилчасининг чўчиб тушгандай чинқиргани эшитилди.
— Ҳай, ҳай, қизи-им… — деб ошхонадан шошиб чиқди қайнонаси. — Болани уйғотиб юбордингиз-а!..
Гўдаккинанинг онасини кўрмаса-да, уни овозидан таниб чақираётгани шундоққина билиниб турарди. Бутун вужуди билан ичкарига — боласининг ёнига талпинаётган Мунавварни қайнонаси гапга тутди:
— Вой, мен билан кўришмайсизми? Мунча яхши, тузалиб келдингизми?
— Йўқ, яна уч-тўрт кун ётасиз, дейишяпти. Азиз… Сизларни жуда кўргим келди, ҳозир яна қайтиб кетаман.
Бу гаплар асносида ўғилчасининг йиғиси яна кучайди. Мунаввар тутқични ушлаган замони:
— Тўхтанг, — деди қайнонаси. — Ҳозир шифохонага қайтиб кетадиган бўлсангиз, болани қийнаб нима қиласиз!
Мунаввар тушунмади. Қайнона давом этди:
— Ўғлингиз икки кун сизни кўрмай, эммасликка сал-пал ўрганяпти. Агар ҳозир яна қўлингизга олиб эмизсангиз, ҳам касал бўлади, ҳам сизни яна қўмсаб, инжиқлиги ортади. Болани сутдан ажратиб қўя қолинг шу баҳонада.
Мунаввар нима қиларини билмай туриб қолди. Ичкарида ўғли ҳамон ғингшир, ўзига қолса, ҳозироқ боласини бағрига босиб, шифохонага қайтмасди. Келинининг қалбидан кечаётганларни қайнона-она қалби билан ҳис этиб турарди. Шунинг учун кўзи билан «Бу ёққа келинг!» — ишорасини қилиб ошхона томонга ўтди. Ҳам маслаҳат, ҳам насиҳат тарзида деди:
— Азизжон ёшига етиб қолди. Бугун бўлмаса, эртага барибир кўкракдан ажратишингиз шарт. Шунинг учун уни яна бир-икки кун кўрмай турганингиз маъқул, тўғрими?
Саволга жавобан Мунавварнинг кўзига ёш тўла бошлади. Ўғлининг қийналиши ҳақидаги гап унинг дилини эзаётганди. Бунинг устига, шундай пайтда болани қўлига олмаса, эркалатиб юпатмаса… Лекин қайнонасининг гаплариям асосли.
Шундоққина булоқнинг олдига келиб, жон-жонини жизиллатаётган соғинч-чанқоқни босолмай орқага қайтиш… Агар шу маслаҳатни ўз онаси айтганда, ҳозиргидай индамай туриб эшитармиди, йўқми?… Жавобига ночор кўз ёшларини оқизиб қўя қолармиди…
Қайнонасининг ўзи тадбир топди:
— Мен ҳозир уйга кириб, Азизжонни айвон томонга қаратиб қўяман. Сиз уни деразадан кўринг, биб-бинойидек ётибди, — қайнонаси Мунавварнинг кайфиятини кўтармоқчи бўлдими, ҳазил қилди, — ё… ўғлингизни менга ишонмаяпсизми? Нима, эрингизни ёмон тарбиялабманми?
Мунавварнинг юзига беихтиёр хижолат аралаш табассум ёйилди.
Деразанинг юпқа пардаси орқасидан бешикда ётган Азизжон шундоққина кўриниб турарди. Қайтанга мана шу икки кун ичида у каттароқ бўлиб қолганга ўхшарди. Фақат кўзлари… кимнидир, кимнидир эмас, онасини излаб икки томонга жовдирарди. Мунавварнинг кўкраклари жимирлаб, нина-нина оғриқлар кучайди. Боласи онасини, она кўксини излаяпти, Мунаввар энди ёшларини тиёлмай қолди. Лекин ўзини тутди…
Бу ҳолат Мунавварнинг дилига ўчмас бўлиб муҳрланиб қолди.
Шифохонадан қайтгач, болани эмизмади. Ўша кунлари Азизжон тинмай сув ичарди. Чўллаб, бутун вужуди чанқоқдан қовжираган, саратонда қуёшнинг тик тиғи остида ишлаган одамдай пиёлага ёпишарди. Мунаввар бунинг сабабини ёзнинг иссиқлигига йўйса, бошқа томондан кексаларнинг гапини эсларди: «Она сути болани ҳам тўйдиради, ҳам чанқоғини босади».
Орадан йиллар ўтиб англадики, ўшанда ўғли шунчаки чанқоқдан қийналмаган экан…
…Мунавварнинг наздида қизини она сутидан ажратиш осонроқ ўтадигандай эди. Чунки ўғли бир ёшгача фақат уни эмарди. Бону эса уч ойлигидан бошлаб қўшимча овқатларга ўрганган. Она сути йўқ ҳисобида эди-да.
Фарғонадан онасини кўриб қайтгач:
— Болалар билан қийналмадингизми? — деб сўраганда, эри:
— Болалар ҳамма эркалигини сизга қилишади. Юришди юввошгина, мўмингина бўлиб, — деди. — Мана, келдингиз, яна эркалик бошланди.
Эри Мунавварнинг қучоғида ниманингдир илинжида ғингшиётган қизчасига ишора қилди. Она тушуниб турибди, қизи кўкрак сўраяпти. Лекин Мунаввар қатъий қарорга келиб қўйганди, шунинг учун шарт ўрнидан турди.
— Юр, мен сени хўппа қиламан. Миёвга борамиз, бобов кўрамиз, — деб боланинг хаёлини чалғитишга тушди.
Бола экан-да, кўз ўнгига дарров миёв, бобов келди, ташқарига талпинди.
Кундузлар шу тақлид алдашлар, овутишлар билан ўтар, лекин кечқурунги уйқу олдидан, ҳай, ҳай, ҳай… Қизчаси Мунавварнинг кўйлагини жон-жаҳди билан юлқилаб тортар, «беринг, бери-инг!..» — деб ёлборарди. Мунаввар «Бижи, аччиқ!» — деб боланинг қўлини қайтарар, лекин гўдаккинани ҳеч овутолмас, алдолмасди. Кун бўйи мурғак вужудда тўпланган она сутининг хумори гўёки кечқурун хуруж қиларди. Болагина юзларини ёш ювиб йиғларди. Аламидан онасининг юзларидан юмдаланарди. Шундай пайтда Мунаввар: «Э-э, бор-э!» — деб эмизворгиси келарди.
Бир куни уйқу тўла кўзларининг қабоқлари қаърига қурнаб кетган болагина сира ухлолмади, чинқириб йиғлай бошлади. Мунаввар бу сафар чидаб туролмади. Қизчасини бағрига босди-ю, «Э, бор-э!» — деб боланинг оғзига кўкрак тутди. Қизалоқ қалқиб тушгандай бўлди, йиғидан тўхтади. Она кўксига худди чаёндек ёпишиб олди. Оҳ, масъумгина! Уч-тўрт мартта сўриши билан уйқу элитар, энтикиб бир-икки нафас олгач, яна чўчиб бор кучи билан сўра бошларди. Ажаб, гўдак она кўксига яна, яна ёпишиб келар, узун-узун нафас билан гўё уни тўйиб-тўйиб ҳидлардиям. Шунда Мунаввар қизининг нима сабабдан она кўксига юз босиб ухлашини англагандек бўлди. Она сутининг ҳидиниям қўмсаркан-да! Ҳидидан ҳам ором, роҳат топаркан-да!
Ўн кунлардан кейин қизалоқ онасининг кўйлаги ёқасига тирмашмайдиган бўлиб қолди. Аммо боланинг кўнглида бир хиралик, соғинч бор каби, аввалгидек бехархаша, узоқ-узоқ ўйнаб юрмасди. Илгари шишачадан сутли ошини ичиб, устидан она кўксини озгина сўргач, кўзлари юлдузчадек чақнаб, ўйнаб кетаверарди. Энди эса бесабаб инжиқланарди.
Мунавварнинг наздида қизининг юзига катта болаларнинг нуқси уриб борарди. Худди шу туйғу туфайлими, ё бошқа сабабми, она қалбида таърифлаб бўлмас бир ўкинчми-ей… кундан-кунга каттаярди. Қизиқ, энди Мунавварнинг дилида нимадир симиллаб йиғларди. Озгина қизчасини маҳкам бағрига босиб ўтиргиси, илгаригидек эркалатиб эмизгиси келарди. Бундан ўн кунлар муқаддам қизи кўксига тирмашиб йиғлаганда чеккан қийноқлари ҳолва экан, энди эса у митти вужудидан нур таралаётган қизалоғининг ўз бағридан, жону дилидан узоқлашиб бораётганидан додлагиси келар, кўксида нимадир ёнарди. Ўзини айбларди: «Мени биров мажбур қилдими? Балким, кейинроқ ажратсам, каттароқ бўлиб бунчалар азоб тортмасмиди? Нега шошилдим? Ахир Бонучанинг менга ҳеч қандай оғирлиги тушаётгани йўқ эди-ку…»
Мунавварнинг назарида, у қизининг ризқини барвақт қирқиб қўйгандай эди. Балким, бағрини жизиллатаётган… гўдакнинг насибасидир?
Қизчасининг кулча юзлари, қўлчалари, оёқчаларига қараб ҳайрати ортиб борарди — мунис вужуд худди поклик, муҳаббат рамзи эди. Мунаввар ақлини танигандан буён ҳеч нарсадан бунчалар таъсирланмаган. Аллоҳнинг бу қадар мўъжиза, қудратини учратмаганди. Сўзда ифодалаб бўлмас қадарли мукаммал, гўзал, муҳаббатга йўғрилган олам! Ўн-ўн беш кунгина аввал Мунаввар мана шу жажжигина фариштани ҳар куни бир неча марта бағрига босиб эмизарди. Бутун жону жисми, руҳи фароғат топаркан-у, қадрига етмаган экан. Ўша кунларни етиб бўлмас илоҳий туш каби соғина бошлади. Ажаб, бу туйғуни нега илгари ҳис этмаганди? Энди у кунларга ҳеч қачон ета олмайди!
Мунаввар қизчасига юраги эзилиб термулар ва айни дақиқада ўз қалбида бир таскин, меҳрибонлик тилаётган мунглилиғ каттариб борарди. Умрида боласини кўкракдан ажратаётган аёлга таскин берганларини кўрмаган, эшитмаган. Шунинг учун қайнонасигами, эригами кўнгилдан ўтаётганларни айтолмасди. Онаси, опа-сингиллари олисда…
У онаю гўдак бола битта томирдан сув ичади, деганларининг мағзини англаётгандек эди. Аллоҳ жисму руҳини бир вужуд ичра яратган муштарак дарё — она ва бола қалби ҳаётнинг беистисно қонунига бўйсунишга мажбур эди. Лекин бўйсуниш осонмасди. Худди дарёнинг сувини иккига бўлиб ташламоқ учун қўйилган тўғонни асов тўлқинлар оқизиб кетмоқчи бўлгани каби, меҳр-муҳаббатнинг бу яхлит оқими бўлинишни сира-сира истамасди.
Онаю боланинг қувончлари, уларнинг ўзидан бошқа ёлғиз Аллоҳгагина тушуникли ҳис-туйғулари битта илдиздан ҳаёт симираётган чайир дарахт эдики, яшамоқнинг бешафқат ҳукми бу дарахтни иккига ажратиш учун қарсиллатиб, ғижирлатиб икки тарафга тортарди…
Айни шу ҳолат ичра Мунаввар қизалоғининг сўнгги кунлардаги қийналишларининг сабабини ҳам англаб бораётгандай эди. Йўқ, мурғаккина она кўксини эмиб, фақатгина сутга эмас, беҳисоб меҳру муҳаббатга ҳам тўйиб келаётган экан. Эмаётган пайтида гўдакнинг юзларига бирданига ёйиладиган ҳузур, бармоқчалари билан худди мусиқа асбобини ушлаётгандай она юзлари, бўйинларини авайлаб силашлари, оёқчаларини баланд кўтариб олиб у ёқдан бу ёққа эркаланибгина тебранишлари Мунавварни соғинтирарди.
Англадики, агар қизчаси шунчаки сут эмганда эди, она кўксидан ажратилганда исён кўтаргандай ўзини еру кўкка уриб отмасди. Мана энди ўша илоҳий дарё — Мунавварнинг дилбандига нисбатан меҳру муҳаббати худди тош қўрғонга қамалган уммон каби она вужудига ўзини сиғдиролмас, жой тополмас, интилган, орзулаган манзилига етолмас, таскину чора изларди. Мунаввар нима учун ўғлини сутдан ажратганда бундай ҳолатни кечирмаганига ҳайрон эди. Кўкдан битта-битталаб томчилаган қатралар ёмғирга айлангани каби, Она қалбида йилт-йилт этган исмсиз туйғу борлиғини тўлдира бошлади. Демак, у аввал бу исмсиз фаслнинг ё қадрига етмаган, ё ҳис қилмаган…
Қоронғу кунда ғойибнинг инояти билан ярақлаб очилган сўқирнинг кўзи бирдан ёрқин чироққа тушгани каби, Мунаввар эгизакка ўхшаш, пойи-пиёда кечаётган йиллар, кунлар ичра беҳосдан дунёга келмоқ ва кетмоқнинг асл маъносини гўё тушида топгану йўқотгандай эди. Тўхта, ҳаётда ҳеч нарса беиз кетмайди. Балки Мунаввар илгари боланинг қадрига етмагандир? Ўғлини бир ярим ёшга тўлгандаёқ боғчага топшириб уй-ишхона-боғча ўртасида зувиллаб юраркан, хаёли фақат навбат кутиб ётган ишларига чирмашиб, кунлари чувалашиб кечаверарди. Ҳозир ҳарчанд эслашга уринмасин, ёдига тушмади: ўғлининг илк қадами, дастлабки сўзлари қачон, қандай бошланганди?
Энди эса кичкинтойи қучоғида ухлаб қолса, соат-соатлаб ўринга ётқизмасдан, унга термулиб ўтиргиси келади. Дунёдаги энг гўзал, нафис, хушбўй гул ҳам қизгинанинг бир тола сочидек муаттару мунаввар эмас!
Авваллари тонгдан то кун ботгунга қадар битта умиди бўларди. Яъни болалари кўпроқ ухласа ёки хархаша қилмай ўйнасалар, ўз ишларини тинчитиб ола қолса! Балким, ўшанда Мунавварнинг қалбида беқадр қолиб кетган туйғулар йиллар ўтиши билан янгидан бош кўтардими?
Балким ўғли бўйи чўзилиб, қўлидан келганича онасига ёрдам берадиган, меҳрибончилик қиладиган бўла бошлагач, яшамоқнинг асл маъною мақсади, тенгсиз давлату қувончи фарзандлар эканлигини англаганидан туғилдими бу илоҳий соғинч? Балки… йўқ, тавба, тавба, ҳамма нарсанинг асл сир асрори Ўзигагина аён! Муҳими, мана шу илоҳий фасл насиб этди унга! Дунёга келиб, бу фаслни кутмай, ҳис этмай яшаб ўтмоқ… Э-воҳ, Яратганнинг аёл жисму руҳига омухта қилган беназир муруввати, мўъжизасини армонларга талош этмоқ бўлмасмиди?
Бирдан бувисининг гапи ёдига тушди: «Болага ортиқ меҳр қўйманг. Аллоҳнинг қаҳри келади».
Мунаввар ингичка қошларини майин сочлари тўсиб ухлаб ётган қизчасига эгилиб беозор ўпди. «Ўзинг берган неъматинггаки қалбимизда шунчалар меҳр-муҳаббат уйғотдинг, ё Парвардигори олам, сенинг муҳаббатингга тараф йўқ! Мана шу саодатдан аёл зотини бебаҳра этма. Бебаҳра қилмаганинг учун шукр, шукр, беадад шукр. Бу мунаввар неъматингни ўзинг бердинг. Ўзинг паноҳингда асра, ноумид этмагин, ЁРАБ!»
Мунавварнинг дилидаги уммон кўзларига нурли ҳалқалар бўлиб тўла бошлади.