Нураган девори қабристон билан туташ ҳовлининг паст-баланд қилиб қурилган икки хонаси бор. Уларнинг бирида мункиллаб қолган кампир тасбеҳ ўгирарди. Қақшаган лаблари Қуръон оятларини пичирлар, хаёли ҳозиргина неваралари еб қўйган ёғли патирда эди. Кечқурун ейман деб кўздан панароққа яширганди. Бир зумда топишибди. Эҳ, қариганда иззат-хурмат қилишмаса қийин экан…
Новчадан келган рангпаргина келин эшикдан бошини суқиб сўради:
— Суюқ ош қилсаммикан, ойи?
— Ҳай, кели-ин! Ман қорнимга эмас, қадримга йиғлайман! Бувингни нарсаларига тегмаларинг, деб болаларингни тежаб-тергасанг-чи, а?
— Яна нима қилишди? — келиннинг сийрак қошлари чимирилди.
— Нафси бузуқларинг ҳали ерман, деб қўйган патиримдан урвоқ ҳам қўйишмабди!
Келиннинг тарашадек қақшаган лаблари бир томонга тортилди.
— Шумтакаларингиз гапимни қулоғига олмаса… Қўйинг, бугун бозордан ёғли патир обкеламан.
— Обкелармишлар… Нима, товуғингиз пул босиб ётибдими?
— Битта-яримтаси келиб қолар, — келин қабристонга ишора қилди.
— Азроил ҳам айнидими, нима бало?! Уч кундан буён майит йўғ-а… — кампир тасбеҳини ўгиришга тутинди. — Ла илаҳа иллаллоҳ…
Кампирнинг ёлғиз ўғли қабристонда гўрковлик қилади. Хонадон тирикчилиги бир нав ўтар, Турсуналининг белкураги тинмаган пайтлари қора қозон қайнаб туради. Лекин қанча маблағ бўлса ямлаб-ютаман деган тирикчилик гўрдай оғзини очиб турибди. Турсунали ёзда ўғилларининг қўлларини ҳалолламоқчи, унгача уйини таъмирлаши керак…
Турсунали тўнига ўралиб, белкурагини обдон чархлайди. Хиёл эгик, аммо гўштдор елкаси бир маромда тебранади. Оқдан келган сўлғин юзида ажинлар қуюқлашиб, ҳали қирққа етмаган қиёфасини улғайтиради. Белкуракнинг пўлат тиғи қуёш нурида кўзни қамаштиради.
Муҳими, ҳозир ер юмшоқ. Эрта-индин ҳаво қизиб, тупроқ қотади. Турсунали кун тиғида ҳаллослаб, икки-уч белкурак билан ишлайди. Лаҳадни қиялаб кавлаш анча мушкул. Марҳум қиблага қарата хиёл ёнбошлатиб қўйилади. Бунинг учун махсус ясалган ихчамроқ ўймалагич Турсуналига заб асқотарди-да. Эсиз, шуни йўқотиб қўйди! Толиб гўрсўхта бир нарса қилди-ёв! Толиб — ичидан пишган одам-да, хаёлидан ўтказди Турсунали ўзига қолса, лаҳад кавлаётган пайтида устидан тупроқ тортворса… Ё худо, майит дарагини узоқдан пайқайди-я! Сал бўш келса, Турсуналининг мижозларини илиб кетади. Юзинг, кўзинг борми демайди! Мижоз олдида у билан баравар куяётган ҳамдард, нотавонга айланади. Пул деса жасад ўрнига гўрга киришга ҳам тайёр! “Сен белкуракни ташла, кинода Афандини ўйнасанг дуруст”, — деди бир куни Турсунали ҳамкасбига. “Бе, Афанди гўр оғзидан кўп қочган, бу ерданам қочади”, дейди тиржайиб Толиб гўрков. Ҳа, гапни синдиради у баччағар! Майит эгасидан мўмайгина пул ундиргунча роса жилпанглайди. Марҳумнинг яқини «Шундоғ жигаримдан айрилдим, пул нима экан, арвоҳ рози бўлсин» дея хасислик қилмайди.
Шу пайт Турсуналининг дарвозаси ёнида машина тўхтаб, эшиги очилиб-ёпилгани эшитилди. Тўн кийиб, белига қийиқ ўраган баланд бўйли семиз киши ҳовлига кирди. Унинг думалоқ юзи сўлғин, кўзлари қизарган эди. У бошидан мўйнали телпагини олиб, ғижим дастрўмоли билан пешонасини артди. Оқ оралаган сочлари ёмғирда қолгандай бошига ёпишган эди.
— Келинг, — Турсунали унга пешвоз чиқди.
— Ассалому алайкум, менга гўрковнинг уйи шу ерда дейишди.
— Ҳа, ҳа. Ман бўламан, келинг… — мезбон семиз кишининг нам кафтини сиқди.
— Бугун десайиз… саҳар, — меҳмоннинг кўзларида ёш йилтиллаб, лаблари титради, — акамни бериб қўйдик.
— Худо раҳмат қилсин! — Турсунали кафтларини юзига тортди. — Бўйлари, оғирликлари қанақа эди?
— А? — Мижоз саволга тушунмади.
— Гўр майитнинг гавдасига мослаб қазилади, — деди Турсунали.
— Ҳа-ҳа, тушундим, тушундим. Оғирликлари 90 га етмасди, бўйлари қанча эди-я… ҳа, саксон эдилар, акагинам раҳматли. — Семиз киши нам дастрўмолини нуқул у қўлидан бу қўлига оларди.
— Биру саксон денг…
— Шундай. Бугун пешинга чиқарамиз.
— Тузук… Хилхоналари борми?
Семиз киши нима тузуклигига ақли етмагандай бир зум талмовсиради.
— Хилхона?… Ҳа-а… Йўқ, — кейин нимадир эсига тушгандай алоҳида таъкидлади. — Илтимос.., тузукроқ жойдан қазисангиз. Қанча десангиз бераман, — мезбон қўлини чўнтагига тиқа бошлади.
— Шошманг, марҳум нима иш қиларди?
— Акагинам раҳматли институтда домла эдилар. Ўтган йили данғиллама участка қурдилар! Иккита ялтиллаган “Нексия” ҳовлида турибди. Кеннойимга алоҳида, ўзларига алоҳида. Ўғилда иномарка! Ҳаммаси қолиб кетди! Илтимос, қанча десайиз берай, соя-салқин жойдан…
— Қабристоннинг ҳамма жойи яхши, — деди Турсунали, — баъзи жойлари тошлоқ, ўнқир-чўнқир дегандай, аммо соя-салқин, тупроғи юмшоқ, кафтдек текис ерлари ҳам… қидирса топилади.
— Тушунаман, тушунаман, мана, ҳозирча етмиш минг, анови, текис еридан, илтимос… Рози бўлинг ака, рози бўлинг. — Семиз киши етти боғлам пулни Турсуналининг чопони барига солди.
Турсунали етмиш мингни кўриб ийиб кетди. Ёрдамчилари билан ишга киришди. Икки ёш йигит у айтган жойдан — йўлга яқин, катта дарахт остидаги текис ердан гўр қазий бошлашди. Бирдан ҳавонинг ранг-рўйи айниди. Йигитлар бошларига целлофан ёпинчиқ тутиб олдилар. Бунинг устига кутилмаганда тўсиқ чиқиб, ишга панд берди. Катта дарахтнинг бақувват илдизи улар қазиётган тупроқ остида томир ёйган экан. Илдизни қўпориш учун ҳар болта уришганида, дарахт силкиниб кетарди. Турсунали тупроқдан бўшай деб қолган илдизни куч билан тортган эди, қирраси кафтини кесиб юборди. Қўли қонаб ачишди. Шогирди рўмолчасини йиртиб, устозининг қўлини сиқиб боғлади. Белкуракни маҳкам тутиш қийинлашди.
Бувасининг гапи ёдига тушди. Гўр қазишда жароҳат олиш яхшилик нишонаси эмас. Буваси одамнинг тўй-маъракаси, охирги куни қандай ўтиши ва сўнгги манзилининг ҳозирланишига қараб, ўша кишининг қандай яшаганини айтиб берарди. Тўй-маъракадаги барака, илиқлик одамларнинг олдига ёйилаётган дастурхоннинг файзи йиғин эгасининг кўнглига боғлиқ, дерди. Марҳум умрида кўп яхшиликлар қилган бўлса, охират сафари енгил бўлади, деб қайта-қайта таъкидларди. Шу тобда буваси тирик бўлганида борми… қўли қонаганининг синоатини очармиди…
Ёмғир кучайиб, оёқ босиш оғирлашди. Целлофан ёпинчиққа урилаётган ёмғирдан гўрков йигитларнинг қулоқлари шанғилларди. Турсунали «Касофат!» дея сўкиниб, қаддини ростлади. Ҳўл енги билан лаб-даҳанини артди. Бошини баландлатиб, қора чарм камзули, қўлида уяли телефони, ўзига қараб турган серсоқол йигитга кўзи тушди.
— Бўлдингларми? — сўради йигит.
Турсунали «Ҳа» ишорасини қилди. Йигит телефонини қўлоғига тутиб «папа, выезжайте», деди.
Қабристоннинг катта йўли машиналар билан тўлганида ёмғир тинган, аммо ҳавонинг авзойи очилмаган эди. «Жип» маркали қора автомашина орқаси катта очилиб, тобут чиқарилди. Жаноза намози ўқилаётганда, бир чеккада асбоб-анжомларни лойдан тозалаётган Турсуналининг шогирдларидан бири устозига аста шивирлади:
— Ака, ҳув анови йигитни танидим. Марҳумнинг ўғли. Отаси тоғамнинг қизини ўқитган. Битта имтиҳони фалон пул экан!
— Жим! Ўтганлар ҳақида ёмон гапирмайдилар. — Турсунали шогирдини эшитмаганга олди.
…Ҳовлида Турсуналига беш ёшли қўнғироқ сочли ўғилчаси пешвоз чиқди:
— Ада, ада, бувимлани-чи мосина олиб кетти, — деди кўзларини катта-катта очиб.
— Нима? Қанақа мошина?
— Оқ мосина.
Уйдан бола кўтарган аёли чиқди. Кўзларида хавотир аралаш эрининг уст-бошига тикилди. Эри нима гап дегандай қараб турарди.
— Ҳаво айниганигами, бирдан тоблари қочди. Бошлари қаттиқ оғриди. Вой, қўлингизга нима қилди? Безарарми? Кейин… Нима қиларимни билмай, дўхтир чақирдим. Қон босимлари баланд деб, олиб кетишди. Устингизни алмаштиринг…
— Укол-пукол қилмадими?
— Қилди, фойда бермади. У ерда дўхтирлар қарайди, деб олиб кетишди. Сиз хавотирланманг, хавфли эмас экан.
— Ул-бул тайёрла, ойимнинг олдига ўтаман.
— Олдин мана буни еболинг, — аёли эрининг олдига қовурилган картошка қўйди. Беш яшар ўғли отасига суйкалди:
— Ада… манам ейман.
— Ҳозир единг-ку, — она болакайга ўқрайди.
— Ол, ўғлим, ол, бугун санга кўп гўшт олиб келаман. Мазза қиласан…
Ота-бола картошкани бир пасда туширишди. Дарвоза тақиллаган эди, аёли чиқиб, қўлида кичик қоғоз билан кирди.
— Икки маҳалла нарида биттаси ўтибди. Соат учда чиқаришармиш, — дедида гўдагини ўйната бошлади.
Турсунали қоғоздаги ёзувга қараб иш бошлаганида, осмоннинг қовоғи очилган, қуёш юз кўрсатмоқчидай ҳаво майин тортган эди. Қаторасига ҳамма марҳумлар қўйилаётган тақир ердан бир пасда гўр қазилди.
Марҳуманинг тупроғи енгил экан. Белкурак ерга ботар-ботмас уваланиб кўчар, гўрков енгил уриниш билан уларни юқорига отарди. Қуёшнинг илиқ тафти Турсуналининг елкасига хуш ёқар, шогирдларига ҳазил-ҳузул қилиб ҳам қўярди. У ҳозир ишини тугатади-ю касалхонага — онасининг ёнига жўнайди. Кейин уйига бозор-ўчар қилиши керак.
Турсунали майитни лаҳадга қўйишаётганида оқ кафанлик матонинг ҳар жойида сарғиш доғлар борлигига кўзи тушди. Олдинига ҳайрон бўлди. Кейин бир ювғичдан эшитганини хотирлади. Кафанлик қанча узоқ сақланиб, уринган бўлса, майит учун шунча савоб эмиш.
— Рози бўлинг, иним, — дея ёши улуғ бир киши Турсуналининг қўлига қоғозга ўроғлиқ пул тутди. — Аянинг ёстиғи остидан чиқди, йиғиб қўйган экан.
— Марҳума нима иш қиларди? — одатига кўра сўради гўрков.
— Фаррошлик қиларди. Ҳеч кими йўқ эди раҳматлининг.
— Оллоҳ раҳматига олган бўлсин! — бир неча киши Турсунали билан баравар юзига фотиҳа тортди.
Турсунали қушдай учиб, касалхонага борди.
Лапанглаган дўхтир унинг қаршисида ўйлана туриб, кўзойнаги ойнасини обдон артди.
— Анча уриндик, югурдик… олиб қолдик, бор чораларни кўришга тўғри келди… — деди бақбақаларини силкитиб, — буёғини энди ўзингиз биласиз…
— Э, раҳмат дўхтиржон, катта раҳмат… мана бу хизматларингиз учун, — деди ўғил икки “пачка” пулни стол чекасига илинтираркан.
Дўхтирнинг бақбақалари кўпчиган хамирдай ёйилди:
— Мен онахонга қатъий тайинладим, укам. Ёғли, қуюқ, қовурилган овқатларни емай турсинлар! Кўк чой ичсинлар, онахон! Лимон, кўкатлар опкепберинг укагинам! Мол гўштини қайнатиб беринглар. Ҳа-а, барака топинг! Мана бу дориларни бугуноқ етказинг-а, — дея дўхтир энгашиб ёза бошлади.
Турсунали унинг стол қиррасига тиралаётган қорнига қараб, беихтиёр чамалади: ”Бу одамга лаҳадни энига тўрт қарич олса тўғри келар, йўқ, бештадир-ов…”
Ҳафта ўтиб, унинг рўзғори яна картошкага қолди, “тузук ер” мижози ташлаб кетган пуллардан шалпайган елим боғичлар қолди.
Турсунали чўнтакларини ковлади. Бўм-бўш. Қўлига уч-тўрт бўлак қоғозчалар илинди. Уларни ўқий бошлади. Мана бу ҳайдовчининг бўй ўлчами, оғирлиги.., буниси жигари қуриб ўлган ошпазники. Мана бу белгилар кимга тегишли эди-я… Эси қурсин, бу фаррошники-ку! Ёстиғи остидан пул топилган фаррошники. Турсунали беихтиёр ўша пулларни нимага сарфлаганини эслашга уринди. Дориларга, дўхтирларга, бозорга.., йўқ.., у пулларни қаерга қўйди экан? Бирдан сакраб туриб ўрин-кўрпалар йиғилган тахмоннинг ўртасига қўлини суқди. Бармоқлари қоғозга ўроғлиқ нарсага тегди. Бу ўша — фаррош хотиннинг ёстиғи остидан топилган пул эди.
Кунлар илиб, дарахтлар гуллади. Қабристондаги дов-дарахтлар куртак ёзиб, ям-яшил тусга кирди. Фақат бир ой илгари тикланган қабр тепасидаги катта дарахт қайта гулламади. Бу ернинг илгариги соя-салқин, файзли тароватини нақшинкор панжаралару, оёқ остигача ётқизилган ялтироқ мармар тошлар ҳам тикламади. Азим дарахтнинг қурий бошлаган шохлари баҳор шамолида яланғоч ва совуқ чайқаларди.