Агарда туман ижодкорларининг ижодий танлови баҳона қўлимдаги машқларни бир бор кўриб чиқиш зарурати туғилмаганда, балки бир покиза аёл қалбидан тўкилган бу дурдоналар мендек ўзини ижодкор санаб юрган бир инсоннинг айби билан кишилар нигоҳидан яна қанча вақт яшириниб ётар эди.
Мен кичик ҳикоячалар деб ўйлаганим аслида варақларга тўкилган бир умр хаёли-иболи аёл сурати эканини қаэрдан билибман? Уларни ўқиганим сари юрагим тобора типирчилаб қинидан чиқар даражасига ета борди. Охирги варақни дув-дув кўзёшлар билан ўқидим, дунёда ҳамон беғубор муҳаббат борлиги билан фахрланиб кетдим.
Бу қандай туйғу?
1-мактуб
Мен ёшлигимдан севги, муҳаббат деб аталган туйғуларга унча эътибор бермай катта бўлганман. Оиламиз зиёлилар оиласи бўлганлиги сабабли, гарчи бу борада тўсқинлик бўлмаса-да, битта темир қонун бор эди: “Келажак – фақат билим олишда”.
Мактабни акам ва опаларим сингари олтин медал билан битирдим. Олий ўқув юртига сиртдан ўқишга кириб, туман марказидаги кутубхонада ишлай бошладим. Кўп вақтим дарсларга тайёргарлик, кутубхонага келган мижозлар билан суҳбатлашиш, турли тадбирлар ўтказишга сарф бўларди. Аммо ёшлик экан, кимнидир севиб қолишни, худди ҳинд кинофилмлари ёхуд эртаклардаги қизлардек ўша севгим, севганим учун жон фидо этишни, чинакам маъшуқа бўлишни орзу қилардим.
Йиллар ўтиб, ёшим улғайиб борарди-ю, бу туйғу дилимга яқин келмасди. Тўғри, йигитлар мени севишар, йўлларимни тўсиб севги изҳор қилишар, уйимга совчилар юборишар эди. Менинг кўнглимга қараган ота-онам совчиларга ўзи билади, деган жавобни бериб келишарди. Мен эса ҳеч кимга рўйхушлик бермасдим. Яширмайман, баъзан кимнидир ёқтириб қолгандек бўлардим. Уни ўйлашга, ишқида ёнишга ҳаракат қилардим. Аммо кунлар ўтиб, у одамнинг сиймоси, ўзимни қанчалик зўрламай, хиралаша-хиралаша ўчар, дилим бўлса яна бўм-бўш бўлиб қолаверарди. Шундай пайтларда: “Мен севишга қодир эмасман, бу туйғу покиза қалбларгагина насиб этади. Демак, менинг дилим покиза эмас экан-да”, – дея афсусланардим.
Ниҳоят мендан кейинги синглимга ҳам совчилар кела бошлагани сабабли ота-онам опаларим орқали мени қисташга киришдилар. Мен ноилож уларга маъқул тушган совчиларга қарашли йигит билан бир-икки бор кўришдим. Бир-биримизни ёқтиргандек бўлдик. Орада тўй ҳам бўлиб ўтди. Бировдан яхши, бировдан ёмон яшаб, бир қиз, икки ўғилли бўлдик. Эр-хотин бир-биримизни ёмон кўрмасак-да, севмасдик ҳам. У ҳам ота-оналари раъйи билан уйланган, шу сабабли яхши эр, яхши оила бошлиғи эди-ю, орамизни боғлаб турувчи ўткир туйғу йўқ эди.
Мен ҳам оила, рўзғор, эр, болалар ташвишларига ўралдим. Муҳаббат ҳақида эса ўйламай ҳам қўйдим. Ҳатто қизлик вақтимдаги орзуларим кулгили туюладиган ҳам бўлди. “Севги ҳақидаги гаплар тўқима экан. Уларни бирорта менга ўхшаган хаёлпараст топган-у, одамлар ишонган-да”, – деб фикрлайдиган бўлдим.
Лекин… Ҳа, турмуш қурганимизга ўн беш йиллар бўлиб қолган эди, чамаси. Мен институтни битириб, кутубхонадаги ишимни ҳамон давом эттирардим. Кўпдан буён бу ерда ишлаётганим боис, туманда кўзга кўриниб қолдим. Шу сабабли айрим катта тадбирларни бошқаришни менга ишониб топширадиган бўлиб қолишди.
Ўша куни ҳам… Ўша куни ҳам Фарғонадан катта-катта шоирлар келишган, мен эса даврани бошқарар эдим. Навбатдаги ижодкорга сўз бериш учун микрофон ёнига келдим, томошабинларга бир нигоҳ ташладиму… кўзим икки қоп-қора қош остида алангадек ёниб турган бир жуфт оташга тушди. Ҳушим оғиб, қўлимдаги қоғозлар ерга тушиб, сочилиб кетди. Аста эгилиб, титроқ қўлларим билан қоғозларни бир амаллаб йиғиштириб олдим-у, қаддимни ростламоқчи бўлдим. Аммо энди бошим микрофонга урилиб, уни ерга тушириб юбордим. Гумбурлаган овоз дунёни тутгандек бўлди. Бир амаллаб гапимни тугатиб, саҳнадан тушиб кетдим. Юрагим гурсиллаб урар, чанқаган одамдек томоғим қақраб кетганди… Беихтиёр парда четидан ўша кўзлар эгаси ўтирган жойга астагина мўраладим. Назаримда гўё у ҳам бетоқат бўлаётгандек бўлиши керакдек эди. Лекин, афсуски, у ёнидаги одамга ниманидир бепарвогина гапириб ўтирарди.
Кутилмаган қилиғим, ўйлаган ўйимдан ўзим уялиб кетдим. Мен қанақа уятсиз хотинман ўзи? Эрим, болаларим бор. У одамнинг ҳам оиласи бордир.
Бошим тинимсиз ғувилларди. Мазам қочаётганини баҳона қилиб уйга кетдим. Бу ердан жилсам ўзимга келарман деб умид қилардим. Лекин кечаси билан тўлғаниб чиқдим. Кунлар, ойлар ўтиб борар, кечалари уйқусизлик, кундузлари хаёли паришонлик, юрагим ёниши қолмас, аксинча, тобора кучайиб борарди.
Кўзларимни юмсам ҳам, очсам ҳам қоп-қора қошлар остидаги алангага тўла кўзлар жонимни оларди. У ким ўзи? Қанақа одам? Қаэрлик?
Бу саволлар жавобсиз эди. Йўлларда ҳам уни излайман. Девонадек кўчаларни бемақсад кезаман. Билмадим, уни топсам нима дейман? Буни ҳатто ўйлаб ҳам кўрмайман. Фақатгина бир кўрсам деган илинж, ўша кўзларга бир бор термилиш истаги мени ўтдан олиб ўтга солади. Ҳайронман, жонимни куйдирган қошларми, кўзларми? Бу нима ўзи? Бу қандай туйғу бўлди? Севгими? Йўғ-эй, шу ёшда-я? Ўттиздан ошиб, қирқ ёшга яқинлашганда-я? Уят-ку? Бўлмаса бу нима? Нега у мени ёндиради? Нега тинч қўймайди?
Мен севиб қолдим.
2-мактуб
Ҳа, мен севиб қолдим. Энди бунга шубҳа қолмади. Бу – аниқ. Мана, бир йилдан ўтди ҳамки, мен на роҳат, на азоблигини аниқлаб бўлмайдиган ғалати, мен учун нотаниш бўлган бир ҳисни бошимдан ўтказяпман. Девонага ўхшайман. Ўзимни босишга қанча уринмай, юрак ўз қафасига сиғмайди. Севги қўшиқлари жонимни ларзага солади. Муҳаббат ҳақидаги сатрларни энтикиб ўқийман. Шундай пайтларда кўз ўнгимда ўша куни кўрганим – қошу кўзлар пайдо бўлади. Бу севги бўлмай нима? Ҳа, бу – севги. Уяту номус билан йўғрилган севги! Ахир, ўзим туриб, бировга тегишли бахтга кўз тикдим. Йўқ, кўз тикканим йўқ, ўзим хоҳламаган ҳолда севиб қолдим. Нима? Мен айбдорманми? Ахир мен шундай бўлишини истаганим йўқ-ку!
Энди йўлларда ҳам уни излайман. Йўқ, ҳеч қаэрда кўринмайди. Тавба. У одаммиди ёки рўё, эҳтимол, шайтондир? Мени йўлдан уриб гуноҳкор қилиш учун ақлимни олгандир. Нима бўлса бўлди, мен севиб қолдим.
Айбим нима?
3-мактуб
Мана, йилларни қувиб йиллар ўтиб кетяпти. Олти йил бўлди. Азобларга, афсусларга тўла олти йил… Бу орада фарзандлар улғайди. Ҳамиша бўйи бўйимга тенглашиб қолган қизим, овози дўриллаб қолган ўғлимга кўзим тушганда, турмуш ўртоғим билан сўзлашганда айбдорлик ҳиссини туйишдан эзилиб, чарчаб кетдим. Болаларим ғалатироқ қараб қолишса юрагим шув этади. Турмуш ўртоғим сал товушини кўтарса, совуқ терга тушиб кетаман. Тавба, нега ахир? Мен нима гуноҳ қилдим?
Бу орада ёстиқдошим оғир бетобланиб, ётиб қолди. Оила юки ёлғиз елкамга тушди. Шифохонама-шифохона югуриш, фарзандлар каму кўстини бутлаш, ишхона ташвишлари анчайин қийнаб юборди. Узундан-узун зерикарли кечаларда бедору хуноб ҳолда йиғлаб чиқаман.
Врачлар муолажаси, югуриб-элишларим самарасиз кетди. Умр йўлдошим вафот этди. Лекин барча азобларим олдинда экан. Энди кечалари у менга термулиб тургандек, “Ҳаммасига сен айбдорсан!” – дея зорланаётгандек туюлар эди. Бир азобим ўн азобга айланди.
Эй, худо! Пешонам шунчалар шўрми? Мен гуноҳ қилмадим-ку! Хиёнат кўчасига кириш нари турсин, ҳатто унга назар ҳам ташламадим-ку!
Дилимга ўзинг оташ солдинг, бунинг эвазига нечун энди бунча қийнайсан? Гуноҳим нима? Айбим нима?
Мен сизни яна кўрдим.
4-мактуб
Азизим, бугун сизни яна кўрдим. Энди кўришдан бутунлай умид узган, кўзимга кўринган шунчаки бир хаёл, деган қарорга келган бир пайтимда…
Орадан саккиз йилдан ортиқроқ вақт ўтганда… Оҳ!.. Жонсизланган оёқларим мени тескари томон судраб борарди-ю, қалбим, вужудим сиз сари интилишини қўймасди.
Қанийди, андиша туйғуси руҳимни қафасга солмаган бўлса-ю, кўксимни ёриб чиқиш учун бетоқат талпинаётган юрагимни оёғингиз остига қизил лоладек пояндоз қилсам. Афсус, шу қадар бахтсизманки, туйғумни бировларга билдириш у ёқда турсин, ҳатто ўзингизга изҳор қилишдан ҳам маҳрумман.
Сиз эса… Сиз эса бепарвогина юриб келдингиз, ҳа, мурда каби қотиб қолган танам олдидан ҳатто бир қиё боқмай ўтиб кетдингиз..
Эй, худо! Қачонгача чидайман? Қачонгача ҳижрон аталмиш бемеҳр жаллод совуқ пичоғини томоғимга тираб жонимни олади? Қачонгача ёнган юрагимни ноумидлик кўзёшларида чўмилтираман?
Бугун сизни яна учратдим. Унутаёзган, кўришдан умид узаётган бир пайтим йўлиқдингиз. Бу нима? Бахтми, бахтсизлик? Нима бўлса бўлмайдими?! Муҳими, бугун дийдорингиз насиб қилди.
Сўнгги мактуб
О, Муҳаббат! Сен менинг ҳаётимга жуда кеч кириб келдинг. Шу қадар кечки, бу ҳақда ҳатто ўйлашнинг ўзи ҳам ноўрин туюлади. Чиндан дил саройим эшигидан бемаврид мўраладинг. Сарой эгасидан сўраб ҳам ўтирмадинг, бемалол кириб келавердинг. Фақат кириб келдинггина эмас, уни бутунлай эгаллаб, ягона хоқону султон бўлиб олдинг.
О, муҳаббат! Сени кимлар қандай таъриф қилмаган? Бевафо ҳам дейишди, вафоли ҳам. Ёлғон ҳам дейишди, шайтон ҳам. Сенга маъбуд каби сиғинганлар, сен учун жондан кечганлар ҳам бўлди. Сен бевафо деганларнинг ўзлари ёлғон, шайтон деганларнинг ўзлари шайтон эканликларини исботлаб яшайвердинг. Сени деб жондан кечганларга жон бахш этдинг. Маҳбуб деб билганларга меҳр бердинг. Гъолиб ошиғу маъшуққа дунё жамолини кўрсатдинг.
Сени, кимлар нима деб атамасин, дунёда ягонасан. Сен, ниҳоят, мени ҳам борлигингга ишонтирдинг.
Ягонам! Самимий туйғуларимни ошкора айлаб, муҳаббат қудрати ва сеҳри ҳақида фикр юритиш орқали сизга мурожаат қила бошлаганимга ҳайрон бўлманг. Чунки мен ўзимни меҳрингиздан айро тасаввур қила олмайман. Дилимни муҳаббат ишғол қилган куни асли сиз кирдингиз. Ёки, аксинча, ҳаётимдан сиз ўрин эгаллаган ондан бошлаб муҳаббат жонимга ҳамроҳ бўлдими? Билмадим, билмадим. Аниғи шуки, энди фақатгина сизни деб нафас оламан. Сизни деб яшайман. Сизни деб куламан. Сизни деб йиғлайман. Сиз эса бу дунёда ёдингиз билангина тириклик нафасини сезиб турган аёл борлигини билмайсиз. Бу – менга алам қилади, жудаям кайғули! Баъзан ёнингизга боргим, кўксингизга бош қўйиб дардларимни айтиб-айтиб йиғлагим келади. Аммо бу фақат хаёл. Бундай оғир дақиқаларда худодан ўзимга ўлим тилайман.
Алвидо, сўнгсиз азоблар! Сизга ҳам алвидо, эй ушалмас орзулар, оғриқли армонлар!
Тамом, ҳаммаси тамом бўлди.
Азиз ўқувчим! Сиз билан шу ерда хайрлашсак ҳам бўлаверар эди. Лекин ҳикояга нуқта қўйдим-у, барибир, нимадандир кўнглим тўлмаётганини сездим. Анча кун бошим гангиб юрдим. Охири ўша етишмаётган нарса нима эканини топдим. Мактуб эгаси вафот этганини эшитган эдим. Шундай экан, ота-онасиз қолган фарзандларнинг кейинги ҳаётини билмагунимча кўнглим қандай тинчисин. Муҳаббат опа (худо раҳматига олсин) ҳовлисини сўраб-сўраб топиб бордим. Остонада мени кутиб олган чиройликкина, келишган келинчак катта ўғилнинг хотини бўлиб чиқди. Опа ягона қизини ҳам турмушга берган экан. Кенжа ўғилни эса акаси уйлабди.
Ёшлар тинч-тотув яшаб юришгани кўнглимни ўстирди. Улар муҳаббат нуридан баҳраманд эканига ишониб, руҳим кўтарилиб қайтдим…