Рустам йўл бўйлаб хушхандон келарди. Кўзлари қувончдан порлаган. Чеҳрасида мамнун бир ифода. Майин эсаётган шабада димоғига келтирган чечаклар ифоридан мириқиб, чуқур-чуқур нафас олди. Бу ифор баҳор хушхабарига лиммо-лим эди. Бундан Рустамнинг кўнгли ҳам чоғланди. Уни хуш кайфият етаклаб кетаётган эди. Кун ҳам гўё унга ҳамроҳлик қилишга шайлангандек дарахт япроқлари орасидан мўралаб- мўралаб қўярди. Кўкнинг у ер-бу ерида момиққина булутлар намланган пахтадай сузиб юрибди. Қушларнинг чуғурлаши, гала-гала бўлиб, бир-бирларини қувлашиб у дарахтдан бу дарахтга пириллаб учиб-қўнишлари кўнгилларда алланечук завқ уйғотади.
Рустам туйқус кечаги сабоқни эслади. Қандайдир институтдан атай ташриф буюрган, юз-кўзидан, хатти-ҳаракатидан билимдон, фикрчан зиёли эканлиги билиниб турган ёш бир муаллим махсус маъруза қилиб берди. Маъруза ҳам унча-мунча эмас, инсоний комиллик мавзусида бўлди. Домла инсоний меҳр-оқибат, садоқат, имон-эътиқод ҳақида тўлқинланиб гапириб ҳаммани оғзига қаратди. Ҳатто айримлар андак-андак кўз ёши ҳам қилиб олишди.
Биз муносабатимизни энг аввал яхши кўришдан бошлаймиз. Кейин иззат-ҳурмат уйғонади. Сўнг севамиз, меҳр кўрсатамиз. Оқибатда, бир-биримизни ардоқлаб яшаймиз, деди у донишмандларга хос ўйчанлик билан. Хуллас, ўзи ҳам комиллик таъмини татиб кўрганига ҳаммани осонгина ишонтирди. Энг муҳими, Рустам домланинг эътиборига тушди. У берган саволлар устозда қизиқиш уйғотди. Миянг бут болага ўхшаяпсан, кейинроқ менга бир учраш, – деди у киши кетар чоғи.
Ўша эътирофлар хаёлида жонланар экан, Рустамнинг қалби баттар чароғон тортарди. Теварагига мамнунлик, очиқ кўнгиллик билан кўз ташларди. Йўлда нотанишларни кўрганда ҳам кўнгли юмшаб, уларнинг яқин келишини интизор кутарди. Гоҳо қадамларини жадаллаштириб кимларгадир етиб оларди. Туйқус у бир чолни кўриб қолди. Қария ҳассасига таянган кўйи аранг борар, эгилиб-букилиб қолганига қарамай шошилиб қадам ташларди. У тез юришга қанчалик уринмасин, қарилик оёғига тушов бўлганди.
“Сизга кўмак керак эмасми”, – деб сўради Рустам унинг сертомир қўлидан тутиб.
Чол чурқ этмади. Бошини янада энгаштириб олди. Нигоҳини ердан олмади. Рустам чолнинг ҳасса ушлаган қўлига қўлини қўйди. Чол қўлини тортиб олди. Энди унинг қўллари қалтирай бошлади. Рустам ўзини андак четга тортди. Бироқ чолни эътиборсиз қолдира олмади. Ортидан унга эргашди. Чол бепарводай кетарди-ю, аммо хижолат тортганлиги сезилиб турарди.
Рустам энди нимадир дейишга юраги дов бермаётганди. Иккаласи жимликни бузмаслик керакдек йўлда давом этиб борарди. Бироздан кейин чолнинг лаблари пирпирай бошлади. Гоҳида ўзи билмаган ҳолда овози чиқиб қоларди. Рустам уни элас-элас эшитарди-ю, тушуна олмасди. Кейин қариянинг нима деяётганига қизиқиб изидан бораверди. Унинг нима учун бу кўйга тушганини билишни хоҳларди. Чол ҳамон гапириниб кетишда давом этарди.
– Ўзим. Нега ўзим? Хатога қаерда йўл қўйдим? Ахир у… – деди-ю, ёнида ҳамроҳи борлиги эсига тушди.
Чол Рустамга қаради.
– Сизга нима керак, ўғлим?
– Кечирасиз. Сиздан… – Рустам хижолат бўлганидан гапини давом эттира олмади. Ноқулай аҳволда қолганини ҳис қилди.
– Мендан ниманидир сўрамоқчимисиз? – сўради чол.
– Ҳа. Билмоқчи эдимки…
– Қаёққа кетаяпсиз демоқчимисиз, – деди қария чўрт кесиб. – Ҳозир қаерга кетаётганимни, қаерга боришни ўзим ҳам билмайман.
Рустам бундай гапни кутмаган эди. Шунинг учун у ҳайратини яшириб ўтирмади.
– Ахир улуғ ёшда бўлсангиз…
– Алам қиладигани ҳам шунда-да, – деди чол.
Рустам энди қарияни яхшироқ билишга ҳаракат қила бошлади.
– Фарзандларингиз йўқми?
– Яккаю ёлғиз ўғлим бор, – хўрсиниб жавоб берди чол.
– У билан яхши эмасмисиз?
– Шундай десам ҳам бўлаверади. Лекин начора… набираларимни яхши кўраман, уларнинг кулишлари, атак-чечак юришлари, айниқса, “бо-бо” деганини эшитганимда дилим яйради. Афсуски, булар мен учун ширин истак…
Қария кўзларидан дувиллаб келган икки қатра ёшини Рустамдан яшириб ўтирмасдан артиб қўйди.
Рустам ҳар савол берганида чолга озор бергандек бўларди. Бироқ уни шу ҳолича ташлаб кета олмасди ҳам.
Чолнинг юраги эзилган. Рустамга меҳр тўла кўзлари билан боқиб турарди.
Энди Рустам қарияга яқин бўлиб қолганди. Мўйсафидни суҳбатга тортишни ҳоҳларди. Рустам чолни кўча четида жойлашган ёғоч ўриндиққа бошлаб борди. Нима биландир унинг кўнглини кўтаришга ҳаракат қиларди. Чол ерга тикилган, гоҳида чуқур хўрсиниб оларди. Гоҳида ачиниш ва раҳмдиллик билан Рустамга қараб қўярди.
Рустам ўзини қатъий тутган бўлди. Чолдан нима бўлганини очиқ сўрашга киришди.
– Отахон, нега борадиган манзилингиз йўқ? Фарзандингиз бор экан.
– Фарзандим бор. Тўрт қаватли уйим бор. Афсуски, у ерда менга жой йўқ.
– Нима?! Тўрт қават уйда сизга жой йўқ!
– Сиз тушунишингиз учун бошидан бошламасам бўлмайди, – деди чол, сўнг оғир сўлиш олиб, хира бир товушда ҳикоясини бошлади, – ёш эдим. Отам вафот этганди. Оилани боқиш онам ва акаларимнинг зиммасида қолди. Онам куни билан кўчада тамаки сотиб ўтирарди. Икки акам эса, ёз-кузда қадоқланмаган сув сотишарди. Олиб юрилган сув иссиқда исиб кетар, онда-сонда олмоқчи бўлган харидор ҳам сувни олмай кетарди. Акаларимнинг бу аҳволдан ҳафсалалари пир бўлар эди. Мен кичкина эдим. Онамга ё акаларимга эргашиб юрардим. Шу зайил кун кўрардик. Кўпроқ пул келган куни севиниб кетардек. Даромад яхши бўлган куни орзуларимиз учун пул йиғардик. Буни қарангки, онам тамаки сотиб юриб, баданига тамакидан аллергия тошадиган бўлиб қолди. Аста-секин касаллик тез-тез безовта қила бошлади. Орзулар учун йиғилган пуллар аламли кўз ёши билан кетди. Акаларим онам учун югурди-елди. Бироқ хасталик бизни онасиз қолдирди. Акаларимнинг зиммасидаги юмушлар яна оғирлашди. Икала акам ҳам тамаки сотишга ўтди. Мени бирга олиб юришарди-ю, тамаки соттиришмасди. Онам бизларни оқ ёқали кўйлак кийса, деб ҳавас қиларди. Доим кийимларимдан тамаки ҳиди анқиб турарди. Биз доғлари тез билинмайдиган кўйлак киярдик. Кўчада югургилаб юрганимиздан тез терлаб кетардик. Кейин кийимлар чангдан кирланарди. Онамнинг орзусини амалга оширишни истаган акаларим мени ўқитишди. Сўнг мен ишлай бошладим. Акаларим хурсанд эди. Биз бахтиёр эдик. Бир-биримиздан ҳеч нарсани аяб ўтирмасдик. Улар ҳаёт қийинчиликларига эрта учраганлиги сабаб эрта вафот этишди. Мен акаларимсиз ёлғизланиб қолиб бор меҳримни ўғлимга бериб, унга суяниб қолдим. Ҳаётим осуда кечарди. Акаларим менга қилган меҳрибончиликларини, зорланиб яшамаслигим учун берган кўмакларини мен ўғлимга қилган эдим. Ҳеч нарсага зориқмади. Қийинчилик нималигини билмади. Зиёлилар орасида юрсин, авлодимиз ночор қолмасин, деб ўқимишли қилдим. Ниҳоят, зиёлилар орасида ўзининг фикрига эркин суянадиган бўлди. Обрў ҳам орттирди. Бироқ юксалишлар уни кибрлантириб юборди. Мен ишонтириб айтаманки, менинг ўғлим зиёлилик муҳитини ўзгартириб юборди. Мана, бир ойдан ошаяпти, менга ҳар куни янги қурилган қариялар уйини мақтайди. Мен шу жойда яшашим керак экан. У жойни банд қилиш учун танишларини анча оввора қилиб қўйган экан. Мен бормасам сўраган одамларнинг олдида юзи шувут бўлар экан. Ҳозир мени излаб юргандир.
Чолнинг ҳикояси тугар-тугамас олдиларига яп-янги “Ласетти” келиб тўхтади.
– Отахон, келинг, машинага чиқинг, – деди ҳайдовчи.
Чол Рустамга сўлғин қаради-да, сўнг ҳассасини шундай маҳкам ушлаб олдики, гўё ҳаёт-мамоти шунга боғлиқ эди. Рустам чолни кузатиб турарди. Чол машинага яқин борганида эшик очилди. Ичида кимдир бор эди.
«Овора қилмасдан ўтирсангиз бўлмайдими?», – деди номаълум йўловчи.
Рустам машина ичкарисига синчиклаб қаради. Қаради-ю, кўзларига ишонгиси келмади. Ўзини панага олиб турган одам, ўша – комил инсон ҳақидаги маърузаси билан ҳаммани лол қолдирган ёш билимдон устоз эди.
Рустам худди ҳаво етишмаётган каби бўғила бошлади. Негадир чор атроф кўзига зим-зиё бўлиб кўринди.
“Ёшлик” журнали, 2013 йил, 6-сон.