Осмонда ликопчасимон ғаройиб учар жисм пайдо бўлди. Лекин буни ҳеч ким пайқамади. У бир кўриниб, бир кўринмай пастлай бошлади. Зум ўтмай, пахта даласидан анча узоқда, кимсасиз қирлар ортида ғойиб бўлди.
Учар ликопча ўтлари сувсизликдан қовжираган майдонга қўнди. Бу техник қурилма кўринишидан ўта мустаҳкам маъдандан ишланган бўлиб, бирорта тирқиши кўринмасди. Ногаҳон қобиғи қуёш нурида эриб кетаётгандек бўлди. Ундан ялтироқ кумушранг кийимдаги пакана одам балиқ сингари сузиб чиқди. Оёғи ерга теккач, атрофга аланглади. Куз қуёши қиздираётган даштда ҳеч кас кўринмади. У енгил одимлаб рўпарадаги қиртепага кўтарила бошлади. Йўл-йўлакай қовжираган ўт-ўланларга эгилиб қўлини теккизиб борди. Қип-қизил мевалари қоқи бўлиб қолган ковул олдида узоқроқ тўхтади. Уни сувсиз қир-адирда яйраб палак отган ўсимлик ҳайратга солди. Кафтидан ковулнинг яшил поясига ипакдек нозик нур юборди. Нур қайтганда ажабланди: “Ковулнинг томири роппа-роса ўн беш қулоч ер остига кириб борибди. Бу нозик ўсимлик қандай қилиб шунчалик чуқур намликка етиб борди?”.
У бир зум шуларни ўйлади. Қўлида кумушранг игна пайдо бўлди. Эгилиб, уни ковул баргига санчди. Диққат билан билагидаги мосламанинг мониторига тикилди ва ҳайратдан кўзлари катта-катта очилди. Мониторда ковул пояси, меваси, томири таркибидаги бирикмаларнинг узундан-узоқ рўйхати кўринганди. Пакана одам ковулнинг ушбу сайёра аҳолисида учрайдиган нафас қисиши, ошқозон, жигар хасталикларига даволигини тушунди. Оғриқ қолдириш, гижжа ҳайдаш, яраларни битиришда фойдаланса бўларкан!
“Ҳали бу ўсимликнинг сирлари очилмаган, – деган хулосага келди у. – Ковул сайёрадаги ғаройиботлардан бири! Тўғри, у бундан аввал Ернинг Шарқ қисмида қизил кедр дарахти игнабаргларида кучли антибиотик борлигини аниқлади. Ҳиндистонда ёмғир ёғишидан дарак берувчи, Грузияда ер остида гуллайдиган ўсимликларни ҳам учратди. Лекин сувсиз қирда ўсган ковул бу сайёра одамлари учун табиби ғайбнинг ўзгинаси! Ажаб, улар қандай одамлар?”
Пакана саволига жавоб излаб узоқдаги пахта даласига қаради.
* * *
Пахта терими айни қизиган пайтлар эди. Кун тикка келган. Дала шийпонида Эргаш билан Зулхумордан бошқа ҳеч ким қолмади. Ишчилар овқатланиб, катта пайкалнинг этагига тушиб кетишди. Аёллар фермер хўжалиги ажратган автобусда марказлаштирилган боғчага жўнашди.
Зулхумор радиодан берилиб қўшиқ эшитарди. Ёнига Эргаш келиб ўтирди. Беихтиёр ҳаракат билан дўпписини тўғирлаган бўлди-да, Зулхуморнинг қўлини ушлади.
– Жим! – дея қиз қўлини тортди. – Жим! Эшитинг, Ботир Зокиров ашула айтяпти. Бирам яхши кўраман!
Зулхумор ашула оҳангига мос тебрана бошлади.
– Кимни? – қизни гапга солмоқчи бўлди Эргаш.
– Ботир Зокировни-да… ашуласини.
– Мени-чи? – Эргашнинг қуёшда қорайган бақувват қўллари қизни икки ўрим сочларига тегажоқлик қила бошлади.
– Мен бошқача яхши кўришни айтяпман, – лабини бурди қиз. – Тавба, қўшиқ эшитасизми, йўқми? Сизниям болалик аёлларга қўшиб жўнатиш керагиди.
Зулхумор ўзининг ҳазилидан завқланиб кулиб қўйди.
– Ҳали вақтлироқ-да, – оғзининг таноби қочиб деди йигит. – Кейин… сиз билан бирга кўриб келавераман.
Зулхумор гапидан пушаймон бўлди. Юзи лов- лов ёниб, ўрнидан турди. Деворда осиғлиқ радионинг овозини кўтарди. Хонанда юракларни сел қилиб куйларди: интизор ошиқ ёрини зор-зор бўлиб чорлаяпти. Унга чаманларни, куйлаётган булбулларни ҳадя этади. Эргаш ҳам борган сари қудрати ортиб бораётган соҳир овозга қулоқ тутди…
Шу пайт бехосдан радио ўчди. Зулхумор алам билан симни тортқилади.
– Вой, қуриб кетгур-ей, – куйиниб типирчиларди қиз. – Қаранг, Эргаш ака, бунга бир бало бўлди. Энг яхши кўрган қўшиғимиди-я!
Эргаш завқланиб Зулхуморга тикилиб турганида радиодан асабга тегувчи чийиллаган, ғўриллаган овозлар эшитилди. Шовқин тингач, кимдир уларнинг исмларини айтиб чақирди:
“Эргаш! Зулхумор! Бизни эшитяпсизларми?”
– Вой! – чўчиб тушди Зулхумор. – Бу нимаси, Эргаш ака, эшитдингизми?
– Эшитдим, – ажабланди Эргаш ҳам.
Радиодан яна бояги товуш эшитилди:
“Эргаш! Зулхумор! Бизни эшитяпсизларми? Жавоб беринг!”
Бу ғайритабиий ҳолатдан Зулхуморнинг томоғи қақраб қолди. Атрофга аланглаб ҳеч ким йўқлигига ишонч ҳосил қилгач, ҳайрати ортиб, Эргашнинг елкасига суянди. Бундан дадилланган йигит атрофга аланглаб қаради-да:
– Эшитяпмиз, – деди секин. Кейин ошхонага кириб бир пиёла сув олиб чиқди.
“Яхши! – дўриллади бояги овоз. – Қўрқманглар, биз ҳозир сиз-з-нинг ҳузурингизга борамиз”.
– Сиз кимсиз ўзи?! – Зулхуморни сўрига етаклаётган Эргаш яна атрофга аланглади.
Шу лаҳзада шийпон олдида паст бўйлик, буғдойранг юзли одам пайдо бўлди. Уни кўриб Эргашни эти жунжикиб кетди. Пакананинг бошида бир тола ҳам соч йўқ. Бир жуфт қоп-қора кўзлари силлиқ юзининг роппа-роса ярмини эгаллаган. Қаттиқ қимтилган ингичка лаблари нах қулоғигача етади. Эгнидаги ялтироқ кумушранг, учувчиларникига ўхшаш кийими даланинг енгил шабадасида сирли шатирлайди.
– Қўрқманг, биз Кавсар сайёрасидан учиб кел-ган-мизз. Биз ўзга сайёралик меҳмон! – Унинг дўриллаган овози эшитилди.
Орқасини ўгириб ўтирган Зулхумор овоз келган томонга ялт этиб қаради. Қаради-ю, шу заҳоти Эргашнинг сув тутиб турган қўлига ёпишиб олди. Пахта гулли пиёладаги сувнинг ярми ерга тўкилди. Эргаш сувнинг қолганини Зулхуморга ичирди.
– Ким бу, қўрқяпман?! Жон Эргаш ака, юринг, тезроқ дам олиш хонасига кириб қулфлаб оламиз!
У Эргашга илтижоли термулди. Зулхуморнинг моҳваш чеҳрасига қараб йигитнинг меҳри жўшди. Билинар-билинмас титраётган қўлини бошига қўйиб, сочларини силади:
– Қўрқманг, Зулхумор, мен ёнингиздаман!
Эргаш олдинга ўтиб Зулхуморни пана қилди.
– Ҳой, ростингизни айтинг, кимсиз ўзи? “Биз- биз” дейсиз. Бир – ўзингиз-ку, у ерда?.
Эргаш қизни пана қилганини кўриб Пакана кулди. Беўхшов лаблари орасидаги майда тишлари ялтираб кетди.
– Биз Кавсар сайёрасидан, ўзга сайёралик, – жавобини қайтарди. – Марказ элчиси мен билан бирга. – У қўлидаги қутичанинг ёниб-ўчаётган қизил тугмачасига ишора қилди.
– Хўп, сизга нима керак? – Эргаш янги унган майсадек майин мўйловини қишлоқ йигитларига хос бир ҳаракат билан силаб қўйди.
Пакананинг овози радиодан эшитилаётганини энди пайқади. Гапираётганида лаблари қимирламасди. Айрим сўзларни жуда тез талаффуз қилар, баъзан нимагадир тутилиб қоларди. У қуёш нури акс этиб ялтираётган кийимини шилдиратиб бир-икки қадам олдинга юрди.
– Тўхтанг! Зулхумор қўрқяпти, – деди ўжарлик билан Эргаш.
– Яхх-шши! – У жойида тўхтади. – Саволингизга жавоб бера-манн. Бизз Марказз топшириғи билан Ер сайёрасини ўрганамизз. Пахта ўсимлиги. Фермер-рларр ҳақида маълумот тўплаймизз.
– Унда, фермерга учрашинг-да, олдин.
– Сизлар билан суҳбатлашамизз. – Пакананинг лабида табассумга ўхшаш бир ифода жилва қилди.
– Майли! – Эргашниям дангалчилиги тутди. – Мухбирга ўхшаб савол берасиз-да? Мана, Зулхумор энг зўр теримчи! Биз ҳозирча, оддий сувчи… Сўрайверинг, бехижолат… Хафа бўлманг-у, савол-жавобни тезроқ битирсак, ака. Шу десангиз, тушунасиз-ку, Зулхуморхонга бир-икки оғиз гапим бориди. Ҳозир аёллар келиб қолишади…
Пакананинг лабларида яна табассум пайдо бўлди:
– Ях-ши кўрасиз?
– Ҳа-да, – жилмайди йигит.
– Истайсизми, бир зумда тўй бўлади?
– Йўқ! – хитоб қилди шу пайтгача терс ўгирилиб жим ўтирган Зулхумор. – Қизиқ одам экансиз, унақаси бўлмайди.
– Бизда ҳаммаси тез бажарилад-ди, – дона-дона қилиб дўриллади Пакана.
– Бизда ундаймас, – секин пичирлади қиз.
Пакананинг гапи Эргашга маъқул тушгандек бўлганди. Жилмайиб ҳам қўйди. Лекин Зулхуморнинг эътирози ўйлантирди: “Бу ўзга сайёраликка ишониб бўладими! Шундаям Зулхумор билан муносабатлари бинойидек. Бу одам ораларини бузиб қўйиши ҳеч гап эмас.” Ҳаммасини тарозига солиб, Эргаш шундай хулосага келди.
– Ҳа, – дея Зулхуморнинг гапини тасдиқлади. – У ёғини ўзимизга қўйиб беринг, ака.
Пакана жим бўлиб қолди. Чамаси, у Марказ билан боғланди.
– Пахта тер-яп-сиз? – деди кейин.
– Ҳа-да! – “Шуниям сўрайди-я” дегандек йигитнинг энсаси қотди.
– Қа-чон ту-гай-ди?
– Кузнинг охирларида. Об-ҳаво яхши бўлса, ҳаракат қиляпмиз.
– Истайсизми, бир зум-да те-риб оласиз?
Эргаш Паканага ажабланиб қаради. Дўпписини қийшайтириб бошини қашиб турди-да, “Қанийди!“ деди.
Пакана шу заҳоти қўлидаги қутичанинг тугмасини босди. Кўз очиб юмгунча пахта ортилган ўнлаб тележкалар дала йўлига тизилди. Эргашнинг ҳуши бошидан учди. Уч-тўрт қадам олдинга юриб, ўн олти гектарлик пайкалга қаради. Ҳозиргина оппоқ чаноқлар бодроқдай тизилган ғўза туплари шип-шийдам бўлиб қорайиб қолганди. Йигитнинг тилига калима келмасди. Зулхуморни олдига қайтиб, секин елкасидан ушлади:
– Қаранг!
Зулхумор ҳаммасини кўрган ва ажабланиб ёқасини ушлаб турарди. Эргашга мунис нигоҳ билан боқди:
– Йўқ, бунақаси кетмайди! – деди жиддий.
Эргаш ҳам Паканага қараб “йўқ” ишорасини қилди.
– Нима уч-чун? – ажабланди Пакана.
– Бунақаси қизиғамас, ака, – деди Эргаш. – Ўзимиз терволамиз, ўрганиб қолганмиз. – Яна бир оз тараддудланиб турди-да, қўшиб қўйди: – Икки ой бекор қоламиз-ку? …Терим тугаса Зулхуморни аяси далага чиқармайди, – Эргаш ҳазилга ўтди.
– Ха-ха-ха-ха! – Пакана дўриллаб кулди.
У бир оз “ха-ха-ха”лаб турди. Кейин қўлидаги қутичанинг тугмасини яна бир марта босди. Шу заҳоти шийпон қаршисидаги пахта ортилган тележкалар кўздан йўқолди. Рўпарадаги пахтазор оппоқ чаноқларга бурканди.
– Иш бунақа бўпти, – деди Эргаш кўнгли жойига тушиб. Кейин сўрига, Зулхуморнинг ёнига ўтирди. – Келинг, ака, бир пиёла чой қуйиб бераман. Ана ундан кейин саволингизни бераверасиз.
Пакана беўхшов бошини сарак-сарак қилди:
– Маълумот етарли. Марказ тас-диқ-ла-ди! Сиз-з шундай одам-млар-ки!..
– Қандай?
Эргашнинг гапи оғзида қолди, Пакана ерга кирдими ёки осмонга учдими – бирдан ғойиб бўлди.
Эргаш шийпондан югуриб чиқиб, атрофга аланглади. Асфальтланган майдонга ёйиб қўйилган пахта қуёш нурларида кўзни олиб товланади. Радиодан Ботир Зокировнинг сеҳрли овози таралмоқда… “Боғимга ноз ила ёр кел, қувноқ овоз ила ёр кел…”. Эргаш шийпон томонга ўгирилди. Зулхумор берилиб қўшиқ тингларди.
У секин қиз томонга юрди.
* * *
Пакана яна ўзи баргига игна санчиб кетган ковул олдида пайдо бўлди. Игнадан билагидаги қабул қилиш мосламасига ҳамон ахборот оқими қуйилиб келарди. Бу ахборотда ковул гулининг таркибидаги дармондорилар, илдизининг шарбати одамларда қон ивишини тезлатиши ва яна аллақанча омиллар бор эди. Айниқса, ковулдан саратон касаллигининг олдини олиш ва даволашда, инсон умрини узайтиришда фойдаланиш мумкинлиги уни лол қолдирди…
Пакана бу ахборотларни сайёра одамларига етказмоқчи эди. Эргаш ва Зулхумор билан учрашганидан кейин фикридан қайтди. “Бу сир-синоатларни яқин орада одамларнинг ўзлари ечишади“ деган хулосага келди.
У ковул баргидаги игнани суғуриб олди. Кейин пастга, учар ликопча томонга одимлади.
«Ёшлик» журналининг 2012 йил 7-8-сонидан олинди.