Бир, икки, уч…
Айтса ишонмайсиз-да. Ерни қарс-қарс тепиб юрганида товонидан ўт чақнайди. Саноқни ўрганганидан буён ҳарбий бўлиш дардида. Бирон куни йўқки, санамай қадам босса. Уч худди чегарадек у учун. Ҳеч қачон кейинги сонга ўтолмайди. Аслида ҳаммаси боғчадан бошланган. Тили чучук тарбиячиси бўларди. Баъзи рақамларни айтишга қийналганида, санашдан таққа тўхтарди. Сизга лоф – унга чин, бирни “бий” дерди. Қулоқлари шунга ўрганиб, тили шундай қотди. Улғайиб оқ-қорани ажратгунича “бий”, икки, уч деб санаб юрди. “Тўйт”, э-э, тўрт у учун гўё девор эди. Кейин-кейин уялиб тилини бураб гапира бошлади. Мактабда ўртоқлари “чуччи” деб масхара қилишга тушишганди. Ҳарқалай тақлидчилиги қолмаган экан. Жисмоний тарбия муаллими ириллаб гапирарди. Энди уям шуни ўрганди: қарр-ррға, арр-ррслон, арр-рра дерди. Айбини ювиши керак-ку! Устига устак “р”ни айта олишини ҳаммага исботлаш ўша пайт у учун кун тартибидаги бош масала эди. Хуллас кимни кўрса ириллайди. Ирр… ирр…
– Итмисан? – деб уришди бир кун адабиёт муаллими.
– Нимага унақа дейсиз? – астойдил хафа бўлди қовоқ уйиб.
– Кимни отида “р” бўлса тишингни оқини кўрсатиб, ўшанга қараб ириллайсан. Нима қилиқ бу!.. – дея танбеҳ берди яна. Ўйлаб кўрса рост. Адабиёт маллимининг исмида ҳам иккита “р” бор эди. Кўпроқ ириллаб юборганми, жаҳли чиққан кўринади. Шу кундан бошлаб адабиёт муаллимидек ҳаммага хушмуомалалик билан гапирадиган бўлди. Энди ириллашни бас қилди. Кимни кўрса эгилади, букилади. Тавозе қилади. Ҳурматини жойига қўяди. Ҳарбий таълим муаллимига бу одати ёқмади.
– Сендан ҳарбий чиқмайди, – деди бир кун зарда билан.
– Нима учун?! – ҳайрон бўлиб сўради.
– Феълинг жуда юмшоқ. Йигит киши сал абжир, чўрт кесарроқ бўлади-да. Сени қара, лапшанинг ўзисан. Қаёққа тортса ўша ёққа чўзиласан, – деб койиди.
Қаттиқ таъсирланди. Бу одат орзуларини чилпарчин қилиб юбориши тайин. Ўша заҳоти ўзгарди. Мақсади ҳарбий бўлиш. Энди одамларнинг олдидан “дук-дук” юриб, “гурс-гурс” кўришиб ўтади. Бора-бора қўрс-қўпол деган лақаб олди. Бунисига чидайди. Катта орзуйи ҳаво қўшинларида хизмат қилиш. Булутлар орасида сузиш қанчалик маза эканлигини билсангиз эди. Сиз ҳам қизиқиб қолардингиз. Ҳалиям кеч эмас, тасаввур қилиб кўринг!..
Бугун орзиқиб кутган дамлар келган. Учувчилар тайёрлаш билим юрти остонасида турибди. Ҳадемай синов имтиҳонлари бошланади. Ҳарбий бўлиш арафасида. Агар омади чопиб учувчи бўлса ҳаммангизни осмонда сайр қилдиради. Виз-зз…
Қаёқда?.. Тиббий кўрикдан бўйинг паст деб қайтаришди. Билганида бошмалдоқда юришни ўрганарди. Сал баландроқ кўринарди-да, шунда. Аммо шифокорлар меҳрибон экан. Умидини сўндиришмади. Пиёда аскарлар сафига тавсия қилишди. Бунисигаям рози. Чегарачи бўлади. Жисмоний тайёргарлик машқларида барзанги-бақалоқни кўриб, ёлғизмаслигидан терисига сиғмай кетди. Эсанкираганидан унинг ҳам тили айланмай қолди. Бақирмоқчи бўладию, овози чиқмайди. Қўлларини тепага кўтариб, чақиришга ҳаракат қилади. Мактабда бирга ўқишган. Доим оёғини босволарди. Кичкина, деб қийнагани қийнаган эди. Бўйининг ўсмай қолгани ҳам шундан асли. Югуриб бориб тумшуғига туширсинмикин… Ўзи зўрға юради-ю, ҳарбий бўлишга бало борми бу тўнкага, ўйлади ўзича ғайрлиги келиб, эски хотираларни эслаб. Ҳойнаҳой ҳарбийда текин овқат беришини эшитган-ов. Чучварани хом санапти. Уни олдида бақалоққа йўл бўлсин. Ҳали кўради, ортда қолдиради. Ҳаммасидан ўзиб кетади.
Бир… икки… уч…
Машғулотларда баланд тўсиқлардан ошиб ўтолмади. Осонмас экан. Бирда бир девор ошиб юровмиди. Ўғри одат йўқ унда. Ўзига таскин излади. Аммо бақалоққа қойил. Бесўнақай бўлса ҳам кучи кўп. Тирмашиб юриб ўтди-ей. Ҳаваси келди. Тўғриси бироз ҳасад ҳам қилди. Барибир мактабларидан икки кишини ҳарбийликка олишмасди, у ўзидан кучлироқ. Шу тариқа бироз ҳовуридан тушди.
– Хафа бўлма, – деди елкасига қўлини ташлаб мактабдоши.– Сени калланг яхши ишлайди. Математикадан олимпиадада ғолиб бўлганингни биламан. Кўчада қолмайсан.
Тили осилиб ҳансираши етмай, унинг зил-замбил қўлини кўтариши қолувди. Ўзи нима аҳволда-ю, маслаҳатини қаранг.
– Шу миянгдан чиқяптими бу фикр? – деди ғазаби қайнаб. – Калла катта бўлсаям ишламаса чатоқ экан-да.
– Мен сенга яхшилик қилмоқчи эдим, – тўнғиллади у қўлини бигиз қилиб. – Барибир қабул қилишмади-ку. Уям хизматда.
– Тўғри айтасан. Сенга ўхшаган ландавур, хомкаллалардан душман ўтиб кетса, мамлакат ичкарисида мендек ҳимоячи-шоввозлар керак бўлади ҳали. Узоқларга кетиб қолсанг хат ёзиб тур, – деб ўзини овунтирди хайрлашаётиб.
Барзанги-бақалоқ билан пачакилашиб ўтирмай, шарт ўрнидан туриб кетворди. Йўлда ҳартугул унинг гапида жон борлигини тан олди. Тўғри бориб ҳужжатларини молия ишини ўргатадиган ўқув юртига топширди. Уч йил ўқиди. Барзанги-бақалоқ ҳақ экан. У ерда омади чопди. Яхши мутахассис бўлиб етишди. Ҳозир калласи зўр ишлайди. Ўқиганда-а… ахир. Ҳар қанақа ҳисоб-китобни эшворади. Нафсиламрини айтса математикага бўлган истеъдоди туғма. Аждодларидан мерос, қондан-қонга ўтган. Отаси айтди. Бундан роппа-роса бир юз етмиш саккиз йил аввал бобосининг бобосини бобоси хон саройида мирзолик қилиб, барча ҳисоб-китоб ишлари билан шуғулланган экан. Салкам икки аср деганда бу иқтидор унда намоён бўлибди, қаранг. Хуллас узо-о-қ уруғида бор.
Аълога ўқигани боис ўқув юрти маъмурияти шаҳардаги энг катта чарм-пойабзал корхонасига йўлланма бериб ишга жўнатишди. Бориб молия бўлимига жойлашди. Ҳар хил ўлчамда оёқ кийимлари чиқаришади: катталарга, болаларга, аёлларга, эркакларга – ҳаммасидан бор. Энди кўча-кўйда душмандек, одамларнинг оёғига қарайди. Бошқача тушунманг тағин, касби шунақа. Ўлчамига, фасонига эътибор беради-да. Олти ой деганда барзанги-бақалоқдан хат келди. Уч йил қаёқда эдинг шоввоз, деб қичқирворди. Ҳарнечук гапларини унутмаган кўринади. Уйидагилардан у ҳақида эшитиб, хурсанд бўлганини ёзибди. Жавоб хатида уям оғзини кўпиртириб, тоза мақтанди. Гап тагига бир жуфт хром этик совға қилишини қистириб ўтди. Ҳеч қанча бўлмай ундан яна мактуб олди. Этикни сўрабди занғар. Бутун бошли эски ҳужжатларни титкилаб, корхона омборини остун-устун қилиб юборди. Қани топилса. Унақаси тарихда ишланмаган экан. Фақат бозорда – косибларда бўларкан. Яқиндан бери корхоналарида замонавий оёқ кийимлари ишлаб чиқарилаётганини ёзиб, ёнига энг катта ўлчамдаги пишиққина чарм шиппак қўшиб қўйди. Бекорчиликда судраб юрар, унга бўлаверади, деб ўйлаганди. Ўн беш кундан сўнг аскарларни қуритилган овқатларидан жўнатворибди. “Нима экан!”, деб ўйлабди. Бир энлик тамаки қутисининг қоғозига жимжимадор дастхат билан, чарм шиппак ёққанини, ёнидаги ўртоқлари учун яна ўн жуфт юборишини сўрабди. Сочлари тикка бўлиб кетди. Бу сафар мактубни жавобсиз қолдирди. Шиппакнинг пули маошидан босиб қолинганини билмайди-да. Шуни деб бошлиқ билан айтишиб ҳам олган. Ҳозир ҳар куни жиққа мушт. Қадамини пойлайди. Икки йил шундай ўтди. Ўрнига бошқаси келдию, қутулди. Лекин унисиям анойи эмас экан. Аввалгисидан ўтса ўтадики, қолишмайди. У ҳам узоққа бормади. Хуллас бир йилда тўққизта бошлиқ ўзгарди. Бу ёғига ўнинчининг ўйини бошланди. Бош омон бўлса кўраверади-да. Янгининг шашти баланд. У учун ҳамма нарса бир зумда муҳайё бўлсин экан. Айтганини айтган бажариш шарт. Ҳечқиси йўқ. Кўникиб кетади. Ҳар куни мажлис. Киради-чиқади. Бош қашишга вақти йўқ. Раҳбар қурғур қуруқ гапдан нари ўтмайди. Нима эмиш, ишлаб чиқаришда ўсиш сурати пастмиш. Уни жадаллаштириш учун алоҳида топшириқ олди. Аввал йиллик, кейин беш, сўнг ўн йиллик режа ишлади. Иш сурати шунақаям тезлашиб кетдики, қўяверасиз. Тўхтатиб бўлмай қолди. Омборлар маҳсулотга тўлиб кетди. Баъзан кечаси ҳам ишлашга тўғри келяпти. Одам жуда чарчаркан. Темирданмас-ку, ахир. Уйланишни баҳона қилиб таътилга чиқволди. Ўқиб юрганида кўз остига олгани бор эди. Онасига ҳам ёқди. Оила қуришди. Чилласи чиқмай ишга чақириб олишди. Ноилож борди. Энди оилали. Кўпроқ пул топиши керак. Яна аввалги суратда иш бошлади. Зиммасига шунақанги юмушларни юклаб ташлашдики, адоғи йўқ. Кунига ишлаб чиқаришни ўстиришади. Ўн ой ўтиб ўйлаб кўрса, молиявий ҳисоб бўйича эллик йил олдинга кетиб қолишибди. Ҳозир ҳарқалай икки минг олтимиш бешинчи йилда яшашяпти-ёв. Беиихтиёр ҳуштак чалворди. Бу кетишда одамнинг жигари эзилиб, калласи тутаб кетади-ку. Эртасига ишга чиқмади. Сўраб келганларга “Йўқ девор”, деб хотинига тайинлади. Бунақа корхонада ишлаб бўладими. Галварс бошлиқнинг найнов ёрдамчиси эринмай уч кун қатнади. Ўзининг ҳам раҳми келди. Ёнида ерга қараб жим ўтирибди. Найнов бошини лиқиллатиб:
– Ишга чиқмасангиз бўлмайди, – дейди.
– Ўзинг ўйлаб кўр. Эллик йиллик режани дўндириб қўйган бўлсак. Бошлиғингга яна нима керак? Бўшайман, – турволди.
– Бўлмайди, – деб тоза тихирлик қилди.
Шу жойда мияси ишлаб қолди.
– Бўлмаса нафақага чиқаман, – деди.
Найновнинг капалаги учиб кетди.
– Ҳал… ҳали ёшсиз-ку. Эндигина йигирма иккига чиқдингиз, – деди дудуқланиб. – Иш тажрибангиз ҳам етишмайди.
– Э-э, ўзинг ўйлаб кўр. Ҳозир корхона эллик йил олдинда бўлса… Демак менинг ёшим ҳам етмиш иккида. Тахминим бўйича тўғри келади.
Калласига келган фикрдан ўзи ҳам чўчиб тушди. Найнов индамай ўрнидан турди. Кетаётганда аризасини ёзиб, қўлига тутқазворди. Уч кун ўтса ҳам дарак йўқ. Биров йўқлаб келмади. Сабри чидамай эртасига ўзи ишга борди. Аҳвол ҳамон ўша. Индамай яна йигирма йилга режа қилди. Бошлиқнинг ёнидан чиқаётганида найнов:
– Ака, нафақадаям ишлаяпсизми? Тўқсонни ҳам уриб қўйибсизми? Кекса одам оёқ-қўлини узати-и..иб уйда ётмайдими? – дея қаҳ-қаҳ отиб кулди қўлидаги ҳужжатларга ишора қилиб.
Алам қилиб кетди. Рост. Ўйлаб кўрса одамнинг бунақа ёшда яшаши осонмас. Хўп, шундай бўлганда ҳам дуркун юриши ақлга сиғмайди. Уйга қайтиб яна кўрпа-тўшак қилиб ётволди. Индинги куни найнов шаҳарнинг бари тез ёрдамини бошлаб келибди. Хотинининг ранги қув ўчиб, олдига халлослаб кириб келди. Оёқ товушларидан бутун бошли қўшин дейсиз. Содда хотини дудуқланиб гапиргунча, бир зумда улар пайдо бўлишди. Ўзини беҳушликка солволди. Бошқа иложиси ҳам йўқ эди. Кўзини маҳкам юмиб ётибди. Берилиб кетганми, ростдан ҳам ҳуши учиб қолибди. Кўзини очиб қараса, устида оқ кийимли одамлар чуғурлаб, айланишиб юрибди. “Нима қиламиз буни?” деб бир-бирига имо-ишора қилишади. Бирови уни ўликхонага, бирови жиннихонага жўнатишни айтишяпти. Бошқаси, “Ҳали тирик-ку!” деса, яна бири “Э-э ўзи айтяпти экан-ку, юзга кирдим, деб. Бу ёшда тирик бўлиши мумкинмас” – дейди. Уларнинг гапларини эшитиб, ирғиб ўрнидан турганини билмай қолди. Ичида: “Шифокормас, тирикни ўликка чиқарадиган қассоблар булар” деди-ю, кийим-бошини кийиб кўчага отилди. Тўғри ишга кириб борди. Орқасидан найнов етиб келди. Овсар бошлиғи тиржайиб кутиб олди. Курсига ўтириши билан ёнига бир уюм ҳужжатларни ташлади. Ўқиб “тахта” бўп қолди. Нариги ёқдан буюртма! Арвоҳларга пойабзал чиқаришаркан. Қани улар кўринса. “Ҳали ҳушим қайтмаганми?”, дея лабини тишлаб кўрди. Жони қаттиқ оғриди. Энди бу ёғига кавушни оёққа эмас, оёқни кавушга мослашлари аниқ. Ўлчамларини билиб, эллик йилга режа ишлаши керак тағин. Ҳозир шуни уддасидан чиқса у ёғи бир гап бўлар. Чуқур уф тортиб деразадан ташқарига қаради. Шахдам қадам ташлаб, аскарлар кетиб борарди. Қулоқлари остида гурс-гурс оёқ товушлари билан бирга зобитнинг ёқимли овози эшитиларди: бир, икки, уч…
2015 йил, 20 январь “Suhbatdosh” газетасининг 172-сонида эълон қилинган