Ойнабулоқ Ойқорнинг шундоқ кўзи остидаги булоқ. Яна бир оти Ойбулоқ. Биров Ойқортоққа қовуш қўйилган деса, бошқалар худди кўргандек, ой ҳар оқшом шу булоққа тушиб кетади дейишади. Бу ерда ўзи одамларнинг ҳам, жойларнинг ҳам оти битта эмас. Бир бўлак одам булоқнинг “Пахтакор” стадионининг яримича келадиган кўзи, ҳовузининг кунчиқар бетини фақат оқ тошлар ярим ой шаклида, кунботарини қора тошлар худди шундай ўраб олгани учун Ойбулоқ қўйилган дейишади. Тошлар катта-кичик. Айиқдай келадиганиям, қўзидайгина чиқадиганиям бор. Оқи қорасига қўшилиб кетмаган. Саноқсиз баҳайбат арчалар булоқнинг бош томонига эга чиққан. Икки елкасидан тошлар тушиб келган. Энишга йўл топган сув тошларни бўлиб туради. Буларни ўзим ҳам кўрганман. Элнинг эшитгани, билгани, ишонгани шуки, Ойнабулоққа ёлғиз бормайдилар. Ойнадай кўринармиш. Шунинг учун яқин йўламайдилар, тийиладилар. Билгандан билмаган тинч дейдилар. Кўп билcа, кўтариш оғирмиш. Бу гапларнинг ярми Энамнинг, ярми Мардоннинг гапи. Элнинг ичидаги айтолмаганини қичқириб айтувчи Мардон тентакнинг гапи. У чин айтади. “Умр ҳам ўзи икки кўзингга ёзилган аслида. Ойнасига ё булоғига. Ойнасига тишинг ўтса ойнасига, булоғини ўқий олсанг булоғига қара”, дейди Мардон қайси даврада Ойнабулоқ ҳақида гап борса, йўқ ердан бирдан пайдо бўлиб.
* * *
— Дўлананиям пишгани қўймай, элнинг ризқини қияcан, эртага болангга бир нарса бўлса, буниси қаердан келди, кимга нима қилувдим деганча кўчама-кўча кўзинг сув сепиб юрасан-да, — дейди Мардон бўйи баробар икки қоп дўланани бозор ўртасида ғўддайиб сотаётган ўрмон қоровулига. — Шу нағмангни Тоғбеги биладими? Ҳе туришлар бошқача. Нима амалинг бор ўзи?
— Давлатнинг плани бор.
— Топган гапинг шу бўлдими? Ҳаром-харишинггаям давлатнинг отини бир қўшиб ол. Бу қилиғингни бошқа кўрмайин. Чачратғига ўхшамай тарқат. — Мардон шундай деганча яқинда иш бошлаган қоровул билан гаплашишни ўзига эп кўрмай гапни калта қилиб, таёғи билан қопларни кўрсатади, кейин таёғини ҳаволатиб сермаб, секин елкасига қўндиради.
Рўпарадагининг кимлигини билгач, довдираган ўрмончи гапини тўғрилаган бўлади.
— Э! Эсим қурисин. Тўғри айтасиз.
Ўрмончининг хаёли ҳар жойларга қочади. Дўмдан хўп деб қутилса, мелиса билан келишса бўлар. Лекин Мардон на кўнади, на қайтади. Ким бўлсаям, айтганини бир қилмай кўрсин. Эҳ-е, худо ургани шу бўлади.
Сачратқи деб биров ўлиб-тирилиб эккан экиннинг ўртасида бир кечада одам бўйи бўлиб ўсиб чиқадиган, гардишини михдай-михдай нишлар ўраган, кўзлари тасрайган тиконга айтилади. “Чачратғига ўхшамай тарқат!” Мардон кетиши билан ўрмончи овоз чиқаради:
— Эл оғиз! Кеб қолинг, эл оғиз!
Эл оғиз — ким нимадан тирикчилик қилса, қўлига кирганидан кўнглидан чиққанини элга тарқатиши. Элнинг оғзи тегсин, дуо қилсин, ишининг ривожини, касби-корининг баракасини берсин, дегани. Яримта донда қирқ жоннинг ризқи бор, дейишади.
Бозордан чиқаётганлар ҳам орқасига қайтиб, эринмай дўланага навбатга туради. Бировнинг ёрдами билан эшагига эндигина зўрға минган мулла, йўқ жойда кифоя муллаям уловидан ирғиб тушиб, қатордан қолмайди. Гап тополмаганидан, “Йилда бир марта дўланага тўйса, одамни мияси бутун бўлади”, дейди биров сўраса-сўрамаса, қопларнинг бир униси-бир бунисига қараркан.
* * *
Подачидан пошшо чиқса элни ё қашқатаёқ ё кўтарам қилади. Қашқатаёқ — таёқ емаса, гап эшитмаса юрмайдиган, ишга қўли бормайдиган, кўтарам деб эcа таёқ есаям, гап эшитсаям берсанг — ейман, урсанг — ўламан дегандай бўзраядиганларга айтадилар. Камига “Подачи зотини ғайрати пода қайтарда келармиш”, дейди эл истеҳзо билан. Қишлоқнинг гаплари ўзи шунақа. Ким айтганини, кимдан чиққанини, ким тўқиганини ҳеч ким билмаса-да, бу гапларни ҳамма билади. Подачининг кучи кўп, вақти давронида тўрт яшар ҳўкиз — жувонани думидан ушлаб тўхтатиб турган, бир силтаб йиқитиб қўйган дейишади. Шу қилиғи билан ном чиқарган бизнинг подачи. Қўлидан келгани шу бўлган.
Шундай қилиб, ини тайин бултурги қалдирғочлар тухум очиб, боласининг оёғига отнинг ёлидан боғлаб, тушиб кетмаслик чорасини кўришлари билан қатала* мавсуми бошланади. Подачи ўзига ўзи қонун чиқарган. Шох қўшганларнинг болалари подага қатала теккан, куйикка келган маҳалида иккита-иккита бўлиб ёрдамга чиқиши керакмиш. Югур подачига етимликка. Ў тавбангдан, Занги бобо-ей.
Қишлоқ ноилож рози бўлган.
— Бир вақтлар подачилик жонталош эди. Энди бўлса кўтар-кўтар, ким яхши — подачи яхши. Дунёда буқаталаб ғунажин билан эрига жавоб берган хотинни қайтариш мумкин эмас.
Бу қишлоқнинг тентаги номини олган Мардоннинг гапи. Унинг гаплари шундай бурама-сурама. Чаппа-чуппа. Кўртугун қилиб гапиради. Лекин чин айтади. Тушунса-тушунмаса Мардоннинг гапини биров номаъқул демаган. Деёлмаган, демайдиям. Унинг оти ўзи билан — Мардон тентак! У ҳар жойда гапнинг бўларини айтади. Тўй-маракадаям, бошқа йиғиндаям шу. Қайси йили биров қаердандир кўриб келиб катта-куттани, раис-паис, пулдор-молдорга алоҳида хонада ош беришни бошлаганда Мардон бу тўдага “ювғучиси бўлак” деган от қўйган. Амалдори амалдан кетиб, бойваччаси пулдан ажраб, эски чориғини судраганда, яна эл ошида элга қўшилиб ўтирганларни бирда тўдалаб тузлаган. Туз емаган жойи қолмаган. Элбошини чақириб, қаватига тўй эгасини тикка қилиб: “Зўр экансан “ювғучиси бўлакларга” бошқа қозон осасан, одам айириб ош берадиган сендай элбошиниям, тўйчиниям тезроқ худой кўтарсин”, деган. Қолган гапларни айтса уят бўлади. Ўшанда ошни қозон-позони билан Самарқанддаги етимхонага олиб кетаман, деб туриб олган ҳам шу Мардон. Шу-шу эл қадимгидек ошини эл бўлиб ейди. Гап келиб қолганда “Шу тентакниям борига шукур. Битта ўзи шунақаям керакки”, дейишади унинг отини тутмай. Мардоннинг бўлари шу эмиш. Манглайига шундай ёзилган эмиш. Тегмаганга тегмасмиш, теккан ё ўлиб, ё қочиб қутилармиш. Энам айтган.
Хуллас, буқага кўз cузган ғунажин подачининг таёғидан қўрқмайди. Еру-осмонга сиғмаган сигиру беўхшов шаталоқ отиб, ирғишловчи ғунажинлар куйиги босилгач бир ювош бўладики, қўяверасиз. Бузоқнинг ҳақи бузоққа дегандек, қаторасига икки йил қуруқдан қуруққа ҳўкиз етаклаб бузоқ бермаган cигирни пушти куйган дейишади. Этли бўлса бир нави, корини тўйнинг қаccоби қилади. Ўки бозори келса, кун ёришмай сўраганига бериб қутилишади. Кун ёришса сут юрмаган, қўл тегмаган елинни билган билади. Эрта-кечи мактабнинг доскаю партаси ўртасида ўтган бўш-баёв Омон муаллим эcа буни билмайди. Ҳамишаги қисир cигирни етаклаган ўқитувчининг қўлидаги арқонни кўрган борки, кўнгли совумаслиги учун “яхши нархга олибсиз” дейдию гапни қисқа қилади. Сигирнинг обрўйи елинида. Cоғимчи қўли тегмаган елинда барака бўлмайди.
Нари-бериси бир ойга борадиган куйикиш мавсуми шундай бесаранжом ўтади. На ўcпиринлар тинади, на қатала теккан моллар. Ўтган йили Энам подачига ёрдамга чиқишимга рухсат бермагандилар. Бу йил тегмади. Ўзи юборди: ўнга кирдинг — сонга кирдинг, деган машойихлар, дедилар бир парча оқ латтани чап елкамдан ошириб ўнг қўлтиғим остидан боғларканлар. Боринг болажон, тоғ-тош ҳам бир кўрсин.
Навбатга жўрам Нафас иккимиз чиқдик. Подачи подани тикон ҳам тиккаймаган Тошкамарга қамаб, камар оғзига ўзи ёнбошлаб, бирор молни қишлоққа кетиб қолишига қўймай ўзича мол боққан бўлади. Тўғриси, бу маҳал моллар ўтламайдиям. Азалдан зот кўрган, эси бор эгалар эрта саҳар ва кеч салқинида молларига егулик ташлашади.
Вақт пешинга яқинлашганда подачининг сув ичгиси келиб қолди.
— Юрак куйиб кетди. Муздайидан ичайлик, — деганча қўлимга устига кандирдан тўн тикилган елим идишни берди. Ойнабулоқ тарафни кўрсатди.
Ҳайрон бўлиб қарагандим, “орқангдан бораман” деди. Кейин қўшиб қўйди: “Ҳозир айиқлар сувга тушмайди”.
Ойнабулоқни аввал ҳам кўрганман. Отарга қўй қўшгани, қўзи ажратгани, қўй қирқимга келганда борганман. Ўнидан ўтиб, сув ичганмиз. Энамнинг эртакларидаги кийик сувини ичиб кийик, бўри сувини ичиб бўри, илон сувини ичиб илон бўлиб қолган тошларни, жоду билан маликадан дарахтга айланганларни таниб, кўзим билан кўрганимни Энамга айтиб берганман, керак бўлса. Одамлар яна булоқ бошида айиқлар кўп дейишиб бир-бирини қўрқитишади. Бироқ кўрмаганман. Қўрқинчлиси бу эмас. Қўрқинчлиси у ерда қуёш йўқ. Қоп-қоронғу. Талтайган йигирма чоғли қадим қора арча, тарвайган сон-саноқсиз ёнғоқлар, кўзининг ҳисоби йўқ каттадан катта булоқ, булоқнинг вақ-вақлаб қайнаб туриши, отини биров билмайдиган қушлар чуғури остидаги сув ҳақиқатан ҳам муздек бўлади. Қишда кўрганимни айтсам, ёлғончи бола экан дейсиз. Булоқнинг бетидан ҳар замон-ҳар замон бир қозон-бир қозон буғ буралиб-буралиб кўтарилади. Чинорларнинг томирлари панжаларини ерга тираб энди ўрнидан тураётган баҳодирларга ва арчаларнинг томирлари оппоқ бўлиб шамолда ўйнаётган узун соқолга ўхшайди. Майда томирлар тошларни қучоқлаган, уларга музлар осилган, қорлар ёпишган бўлади. Катта қорда соч-соқолини муз босган чўпонга ўхшайди.
Булоқ бошига дадил бордим. Бир чизиқ нур, ёруғлик осмондан тушади. Шарпасидан шошиб, салом дедим. Уям ўзини ўнглаб салом берган бўлди. Салом берганини сув бети жимирлаб, ялтираб кулганидан билдим. Аъзаму шаън овози, ёруғлик овози келди. Кўнглимни бўшатиб, илкис, йиғлатиб қўйди. Ёруғлик ва Қоронғулик, Нур ва Зулмат орасида турганлигимни илкис сездим. Олинда Нур, ўнгда-да Нур… сўлда-да Нур. Булоқ қайнаб кулади.
Кейин бошқатдан, шошмасдан:
— Салом Ёруғлик, — дедим Энамга ўхшагим келиб. Ёруғлик қўлини, йўқ қиличини сермаб салом берган, алик олган бўлди.
Нур бир қилич бўлиб кўринди, бир қалам бўлиб кўринди.
Кейин, кейин сон-саноқсиз ялтироқ найзалар сояларни азот тешиб, чақмоқдай келиб булоқ бошига бош уради. Ундан ҳовуз ялтиллаб, ёришиб кетади. Ойнадек. Ундан дарахт остлари ёришади.
Ёруғлик билан биринчи бўлиб эндигина тил чиқарган барглар ўйнашадилар. Ҳансираб қолган катта-катта барглар эcа бу тилcиз эзгу гурунгга қўшилишниям, қўшилмасликниям билмай қоладилар. Бири ёруғликнинг бўйнига, бири қўлига, бири бетига тегажоғлик қиладилар. Ёруғлик уларга қўл теккизмасликка ҳаракат қилади. Сув уларнинг ўйинидан кулади. Вақирлаб-вақирлаб. Худди Энам қараб тургандек ҳеч нарсадан қўрқмадим. Салом берганимни, алик олганини насиб бўлса, Энамга бориб айтаман.
Биринчи ўзим сув ичиб олиб, кейин идишни тўлдирмоқчи бўлиб оғзимни сувга қўяман. Мендан икки қадам нарига бир соя келиб уям энгашади. Мен уни чўпон деб хаёл қиламан. Сувга тўйиб чўпонга қарасам чўпон эмас экан. Айиқча. Сув ичаяпти.
Юрагимга қон жовдираб келди. Ортимда, ёнверимда саноқсиз қувватдош нигоҳлар шай турганини ичим сезди. Уларга қарамаслигим кераклигини ҳис этдим. Полвон пўстакдан пўстин, бошига боплаб қулоқчин кийиб олган боладай кўринади кўзимга. Қараб қолдим.
Шунда бирдан қўрққим келади-ю, кетади. Қўрқмайман. Тамом-вассалом. Энам айтганлар-ку, ҳамма касофат одамнинг ўзидан чиқади, тегмаса илон ҳам тегмайди деб. Лекин серрайганча қараб турувдим, у ҳам олдинги оёқларини кўтариб, одамдай тик туриб, узилишиб кетган қариндошдек нима қиларини, қаерга келганини билмай, қўлларини қаерга қўйишни тополмай қараб турарди. Қўллари худди менинг қўлларимдек икки ёнида осилиб қолди. Йиғиб олишга ақли етмасди. Аввал кўзи кулди. Оғзиям сал кулгандай кўринди. Мен унга қўшилдим. Биринчи у қилиғланди. Кейин мен. Аввал у икки қўлини сувга ботириб сув сачратди. Кейин мен. Биз маза қилдик. Вақтлар тўхтади, дарахтлар бош эгди, тошлар оғзини очиб қолди. Томошага капалаклар-да келди. Капалаклар ёруғликни айланиб ўйнашганча қур олишади. Тошбақанинг каттасидай келадиган ўргимчак осмондан немисча “w”га ўхшаб, ўрмалаб тушиб келаркан, тилаб олинган бошоғриқдек тантиғлиқ қилади. Навбатма-навбат ўнг кўзини юмиб, чап кўзини очиб, ўртада тилини бир чиқариб қўрқма, дегандек бўлади. Айниқса, унинг пиёладай-пиёладай келадиган кўзлари одамни шоширади. Кейинчалик бундай қилиқлар энг чиройли қизларда, тили ичига сиғмайдиган бойвачча қизларда, йигитларни биринчи бўлиб яхши кўрадиган қизларда бўлишини билганман.
Бир бети куйиб, бир бети кулганча ҳамишаги таниш шамол қайдандир сочи қўқиб келди. Кейин дарахтлар ўзаро уриш бошлайди. Бир-бирига қилич, найза кўтариб қолишди. Лип этиб бир шарпа ўтди. Барчаси тарқала бошлади. Охирида айиқча кетди. Онасининг қўлидан ушлаб, онаси унинг қўлидан ушлаб кетишди. Орқасига қараб-қараб, менга қараб-қараб кетди. Онаси-да пакар, боласи-да хомуш кетди. Мен орадан анча йиллар ўтиб, бу қарашни қадим жўралар нигоҳи бордеклигига бир ишониб, бир ишонмай, бир йиғлаб, бир кулиб эсладим.
Айиқча кетмасди, капалаклар ҳам. Подачи шошқалоқлаб тошни тепиб юбормаганда, тош келиб идишни сувга туширмаганда, сув бети бузилмаганда, айиқлар кетмасди. Кейин подачи ўзини тўхтатолмай чалқанча, чолорқа йиқилди. Ўрнидан туролмай, тирсакларига суяниб, ҳиқичоғи тутиб, каппа-каппа очилаётган оғзидан кўпик оқа бошлади. Бориб турғаздим.
Подачига ёрдам бериб бўлиб, навбат кунимиз тугаб, пода ортидан чангга ботиб қайтарканмиз, таққа тўхтадим. Нафасга чангга ботмай орқароқда юриш кераклигини, шундай ҳам ҳаммаси қишлоққа боришини билдиргандек қарадим. Жўрам тушунди. Подачи нимадир демоқчи бўлди-ю, бизга ҳукми ўтар вақт тугаганини илғади. Атрофга қарагим келди. Пастда, адирлар тугаган жойларда қадимги ҳукмдорларнинг таланган Мозорқўрғонлари мунғайиб турарди. Бир замонлар бу қўрғонлар яқинига йўлаб бўлмаган, қўриқчиларнинг сонидан саноғи кўп бўлган. Энди эгасиз эшаклар совуқнинг изғиринида пана топадиган жой. Кун шомга энкайди. Қишлоқ йўлида семиз чўлоқ каптар оқсоқланиб ризқ тераверди. Оч шекилли, ҳа демай кўрмай қолишидан хавотир олиб, шошиб егулик чўқинарди. Шом тушса кўрмай қолади, сўнг, ушлаб олиб кетамиз деб Насаф билан кутиб турдик. Қушлар дарров тўяр экан. Яна париллаб учди.
* * *
Ойбулоққа Ойқортоғдан қанча қорлар эриб, эниб келди, бу азим булоқ нечовларга эртаклар айтмади. Бунинг ҳеч бирининг ҳисоби бўлмади. Неча ўспириннинг кўнглида яшириб, подачининг йўлларидан ошириб ўтганини тингламади бу ҳур булоқ.
— Чивиқлиғингдан биламан, барингни. Биз энди ўтин бўлдик. Ғайратинг борида белингни синдирма, тишинг борида узиб-узиб е, яхшилик қил, — дейди Подачи ўтган-қайтгандан биронтаси бозорлиғи оғирлик қилиб нафас ростлаш баҳонасида ҳол сўраганда. — Ёлғон гапирган ўғриликдан ёмон. Ўзимизни кунимизга ўтин қалаяпмиз. Биров умрни гулхона, биров кулхона қилди, энг оғир иш тўғри йўл кўрсатиш, — дейди қаердадир эшитган гапини такрорлаб Подачи.
Подачи Жаркўча лабидаги ғовнинг оғзидаги отаси замонидан қолган ясси қайроқтош устида ўтиради. Ўтган-кетганга иши йўқ. Салом берса, илғаса олади. Бермаса хафа ҳам эмас. Хафагарчилик ҳам вақту замон, давру давроннинг кўзига қарар экан, қурғур. Тиланчи хафа бўлса тўрвасига зиён деб бекор айтилмаган. Юришдан қолиб, ясситош устига энди чиққан, белда қувват бор кунлар Подачи бесалом ўтган-қайтганни салом бермадинг деб дўқлаган кунларниям сой эшитган, жийдалар кўрган. Энди салом берсаям, бермасаям фарқи йўқ. Ёруғ кунни кўрганига, кеч бўлса ўрмалаб ғов ҳатлаганига хурсанд. Буям ғаниматлигини эс бир келиб қолганда сезиб, шукур қилади. Девор нима, бу нима, деган тенгқурлари у ҳақда. Тенгқурлар маракага ўрлаган, энгган вақтлар қулоғи остига келиб юр кетдик дегандаям эшитмай, сезмай туравергач, шундай дейишган.
Эшитса-эшитмаса подачига фақат Мардон гап қўшади. Жаркўча бўйлаб келаркан, узоқдан гап отади.
— Супангга ўзинг сиғмай қопсан-ку. Аёнга-аён. Сениям думингдан ушлаб тош устида михлаб қўйибди-да, — деганча бошини бир хам қилиб салом берган бўлади. Салом — қарзи Худо, деганча кўнглидан ўтказади. Подачи одатдагидек, оғзини очади. Ғулдирайди.
— Тил ҳам кетибди-ку, — дейди икки қўли икки ёқасини тутиб, яна кўнглига келмасин деганча, ёқасини тўғрилаган киши бўлиб, — бу кунинг ҳам бор экан-да, шўрлик.
Кунларнинг бирида қишлоғига йўли тушган мухбир, меҳмон боланинг йўл устидаги Подачига кўзи тушади. Олдига борган, кўнглини сўраган, ўзини таништирган бўлади. Подачи одамзотни биринчи бор кўраётгандай кўзларини қисгандан-қисиб узоқ тикилади. Кейин катта очади. Хира кўзлари қорани тусмоллайди. Оғзини очиб ҳол сўрашган ёки ниманидир айтган бўлади. Орага бир майдон карахтлик чўкади. Фавқулодда ясситош устида ўтирганида, олдида бош эгиб турганида хаёлига ўша булоқ бошида сувга тушган подачининг аҳволи, вақти соат бирдек келади, барчаси бирдек кўринади.
Жаркўчанинг ўртасига париллаб тушган ёлғиз чўлоқ каптар хаёлларни-да, кўчани-да тўзғитиб юборади. Подачи пиёласи ёнидаги шамолда суви қочган синиқ нондан ушатиб, кафтлари орасида ушоқлайди, кейин каптари шарпасини тусмоллаб дон сочган, каптар эcа ризқ терган бўлади.
Меҳмоннинг димоғига Жаркўча тупроғининг ҳиди урилади. Ҳув бирда, чўлда қўй боққанда, таппот уриб, кўз илғар-илғамас олисларда кўтарилган иссиқ зўридан симёғочлар ҳам иккита-иккита кўринган кун алғов-далғов тушдай ўтади.
* * *
Айиқчани, йўқ, қулоқчини ўзига ярашиқ айиқчани, йўғ-э, қишлоқда айиқ демайдилар, полвон дейдилар, ҳа, полвонни кўргим келаяпти. Кўришиб қолсак яна сувсочар ўйнармикан? Капалаклар ҳам келармикан? Жаркўчадан таниш шамолга қўшилиб болалик чопиб ўтгандек кўринади. Дунёда отасидан зўр одам йўқ, опасидан чиройли аёл бўлиши мумкин эмас болаликка қайтмоқ оғир кўринади. Болаликнинг бетига бетлашга юрак бетламайди. Подачининг ҳиқичоқ тутиб, “ҳақ” айтиб қолган турмуши кўз ўнгидан кетмайди… Қуёш қил устидаги умрнинг қонталаш уфқини бир кўрсатиб ботади…
Юрак ёлғиз соғинчдан қувват олади. Кўкай кўкдан. Умрни имон тоблайди. Ойнабулоқда, Ойқортоғ буржларида шундай гаплар ҳалиям бор. Менинг кўрганларимни cиз ҳам кўргандай бўлдингизми?
_____________________
* қатала — қорамол подаcига ёппа тегадиган беcаранжомлик. Бу безовталикда моллар емишга қарамайди, қир-адирда ўкириб, югуриб подачини cарcон қилади.