Баҳодир Қобул. Нафақа (ҳикоя)

1

Қишлоқда аввал кўча уйғонади…
Каттасойдан бошланиб, қишлоқни қоқ иккига бўлиб, нақд Каттатоққа бориб қадаладиган йўл аслида ёғин-сочин кўп бўлганда чағату-ўнгир, ҳовлию-ҳаётлардан йиғиладиган селу селовани сойга қуядиган жар. Ҳам жар, ҳам кўча. Шунинг учун Жаркўча дейишади. Туркқишлоқнинг яхши-ёмони шу кўчада. Ризқи шу кўчадан кириб, тобути шу кўчадан чиқади. Меҳмони ҳам шундан кириб, шундан чиқади.
Жаркўча ёзда магазиннинг унидай майин бўлиб кетган тупроқдаги илон излари билан уйғонса, қишда навбатга чиқиб, чакана боқадиган чўпоннинг овозидан уйқуси қочади.
Эндигина уйғонган қишлоқни айтувчи, товачининг дўриллаган овози босади:
— Дўмникига жанозага-а-а… Дўмникига…
Давлатмурод чўчиб тушди. Бутун вужуди қалтираб айтувга қулоқ тутди.
— Дўмникига…
Ўтира солиб худди ўша болалигида Илмисдан қўрққанидагидек, тиззалаб ўтириб, калима қайтарди. Шу асно хаёллари минг бир жойга кетиб, ич-ичдан хурсанд ҳам бўлди. Хурсандчилик нималигини унутган юзларига беўхшов табассум югурди. Юзидаги томирлар бирдан таранглашди.
Бир оздан сўнг, “Бандангни ўзинг кечир” дея, яктагининг ёқасини кўтариб туфлаган бўлди. Кетмонни ювиб жойига қўйди. Дарча ҳатлаб Жаркўчанинг тупроғига ботганча йўлга тушди.

2

Йўл-йўлакай Элмурод дўм билан ўтган кунларни эслади.
Ўшанда Туркқишлоқ бор-йўғи йигирма чоғли рўзғордан иборат эди. Кейин Барлос, Калтатой, Ирғайчи, Кенагас, Ўратепа, Қўрпа, Равот тўплар келиб қўшилган дейишади. Элмуродларнинг уйи Сепкисойнинг юқори бурилишида жойлашган. Давлатмуродларники эса пастроқда, Назарбойнинг тегирмони ёни, Сепкисойнинг Каттасойга қуйилиш жойи эди.
Уларнинг болалиги урушдан олдинги катта очарчилик йилларига тўғри келган. ”Қимматчилик бўлса бўлсин, қаҳатчилик бўлмасин” деган гаплар ўша вақтларники. Қилар ишлари одамларнинг сурувга етолмайдиган тўрт-беш оқсоқ, йўтал теккан, олаўпка қўйларини тоққа ҳайдаб боқиш, мавриди келса, уйга бир боғ-ярим боғ ўтин териш бўлган.
Оналарининг айтишича, Элмурод қовун палакларида чумчуқ соялайдиган пайтда, Давлатмурод эса қовуннинг олди бозорга чиққанда туғилган экан. Отларини атайин қовуш қўйишган.
Давлатмурод анчайин қайсар, ноҳақ бўлса-да, айтганида турадиганлардан эди.
“Бироз қўрқоқлигингни айтмаса, сендан жўра чиқади”, дерди Элмурод болаликларида қўй боқарда куннинг кечига қолиб, эшакка Давлатмуродни миндириб, ўзи пиёда қолган пайтлар.
Ўша кун Элмурод зам-зама қилганча Кўктошнинг юқорироғида, Давлатмурод сал пастроқда ўтин теришаётганди. Бирдан зам-зама узилди. Давлатмурод ҳушёр тортди. Бошини кўтариб жўрасига қаради. Элмурод серрайганча турарди. Ундан ўн беш қадамча нарида оппоқ, узундан узун этаклари шамолда ҳилпираб турган Илмис товланарди. Сочининг ярми қоп-қора, ярми сап-сариқ бўлиб узунлигидан кўйлакка қўшилиб кетган, кўйлакнинг учи-кети кўринмасди. Юзи бормиди-йўғмиди, эслолмайди. Лекин Илмис жуда чиройли эканлигини билишди. Давлатмурод довдираганча аввал пастга югурди, кейин юқорига чопди. Бир бало қилиб жўрасини излаб топди ва унинг орқасига яширинди. Қалтираганча нималардир деб ғўлдирарди.
Улардан тепароқда — катта арчанинг айри шохларига бамайлихотир жойлашган, ўз-ўзи билан банд Илмис гоҳ ёш қизалоқ, гоҳ йигит, гоҳ кампир, гоҳ чол, гоҳ келинчак тусига кирарди. Илмис йигирма дақиқаларча товланиб тургач, кўздан йўқолди. Осмонга учдими, ерга кирдими — иккиси ҳам англамади. Илмис турган жойда арчанинг шохлари қарсиллаб қад рослагач, Элмурод ўзига келди, дув қизариб ерга ўтирди. Қайта туришга куч тополмади. Давлатмурод бўлса, тиззалаб ўтирганча ерга қараб, тинмай калима қайтарарди.
Давлатмурод ўшандан буён синиб тушган дарахт шохлари ёки шамолда қарсиллаб синаётган дов-дарахтларни кўрса, эшитса, юраги ўз-ўзидан шувуллайдиган, боши ўйлашдан тўхтаб қоладиган бўлди.
Орадан сал ўтмай, иккаласи ҳам жон ҳолатда пастга — қўйлар ўтлаб юрган жойга қараб чопишди. Қишлоққа қайтишгач, Давлатмурод онасини кўриб йиғлаб юборди. Шунда Элмурод унга қўрқоқ номини қўйган. Кейинчалик ҳам бир марта “қўрқоқсан” деган. Яхшилаб ўшқирган ҳам. Бунинг устига “Сендан нафратланаман, иложини топсам отаман, кўзимга кўринмагин, мани жўра демагин”, деган.

3

Давлатмурод отасидан ўн тўрт ёшида қолган, онасининг туққани ҳам, тургани ҳам битта эди. Уруш бошланганида ўн тўққизни босганди. Сталин столбадаги радиодан гапирган куннинг эртасига қўшни қишлоқлик Санам сатанг деган уч эр кўрган, ўзидан ўн икки ёш катта хотинга уйланди. У бир қиз-эргаштирмаси билан Давлатмуродникига келин бўлиб тушди-ю шу ерда равиш топди. Орқасидан келадиган жазманларига қайтиб қарамади. Давлатмуродни маҳкам ушлади. Орадан беш-олти йил ўтиб, яна бир қиз кўрди. Давлатмуроднинг кўз очиб кўрган фарзанди шу бўлди. Яккадан якка бўлди. Давлатмурод кўп куйинмади. Уруғи ўзи шундай, яккаотар.
Қиз тенгини топиб кетганига анча бўлган. Санам ҳам ёшини яшади. Сатанг оти Санам отин бўлди. Обрў топди. Хотин-халажлар ўтказадиган мавлудларга бош бўлди. Иззат билан кўз юмди. “Дунё — билгич эмас, бузгич экан” — хотинининг жон чиқарда дегани шу бўлди. Бераман деса ҳам, оламан деса ҳам бир нафаслик экан.
Етти йилдирки, чол ёлғиз. Тоғбеги ўрмон қоровуллигини бекор қилганидан буён эса ишсиз. Боққан жонворини сўйиб ейишни табиати кўтармайди. Шунинг учун чорва тутмади. Яккақўл деҳқончилик қилади. Хотини борида у-бу нарса орттирганди, хотини кетгач, уйдан барака ҳам кўтарилди. Бир вақтлар кафанликка деб йиққанларини ҳам еб-ичиб бўлди-ю, жон чиқай демайди. Давлат нафақаси унга насиб этмаган. Ўшанда тенгқурларига қўшилиб ҳужжатларини райсабезга олиб борганди, игна ютган итдек ориқ бир йигит “Бобой, ёшингиз етмайди, бироз кутасиз …”, деса бўладими?
Чол анграйиб қолди.
— Тенгқурларимга бериляпти-ку…
Йигит елка қисиб сўради:
— Урушга борган қоғозингиз борми?
Жавоб беравермагач, тагдор қилиб ғўлдираб қўйди:
— Ёшингизни тўғрилаб келинг, ўйлаб кўрамиз. Ёшни қишлоқ совети айтади…
Ўрнинг бетига қон юришди. Жўраси билан битадиган иш экан-ку.
Йигитга, худди қишлоқ магазинидан бирон нарса олиб, пули етмай уятга қолган одамдек, эртага ҳужжатларни тайёрлаб келаман, деди-ю, кўчага отилди. Тўғри қишлоқ совети идорасига кирди.
Дўмнинг авзойи бузуқ эди. Давлатмурод билмаганга олди. Уч кундирки, Дўмнинг соғлиғи ёмон, протез киядиган оёғи қақшаб оғрийди. Ҳавога булут чиққан кунлар янада оғир бўлади. Бироқ ҳеч кимга билдирмайди, дардни фақат тишлари орасидан сирғалиб чиқаётган гапининг оҳангидан билса бўларди.
Дўм жўрасини совуқ қарши олди.
— Кел, хизмат? Қайси шамол учирди? Ўзиям биринчи бор келишинг, тинчликми?
Давлатмурод Дўмнинг “биринчи бор” деганини ўзича англаб, анча тетикланди.
— Испарапка керак экан.
— Нима ҳақда?
— Шу, ҳалол ёшим ҳақида …
Давомини айта олмади. Тили айланмади. Шу гапни айтишга улгурганига, куч топганига ҳам рози бўла қолди.
Дўм индамади. Оғир хўрсинди. Деразадан ташқарига қараб анча тек қотди. Чап қўлининг орқаси билан оғзини яшириб чуқур дамсар урди. Кейин ёрилди. Юзлари қизариб, кўзлари қаҳр сочиб, қўлини мушт қилиб деди:
— Сенда ҳалол ёш борми? Сен ўзингни, ёшингни ҳали ҳалол деб юрибсанми? Сендан истаганча пасткашликни кутардим-у, бироқ бунисини кутганим йўқ эди. Тенгқурларинг урушга кетаётганда қандай қилиб қатордан қолганингдан хабарим бор. Ўшанда ёшингни кичрайтириш учун рўзғордаги битта-ю битта сигирни олиб бориб бергандинг. Ўрнингга Ойжамолнинг ёши етмаган норасида сағирини жўнатгандинг. Энди ёшингни каттартиргани келибсан. Ҳалол ёш ҳақида қоғоз керак бўлиб қолдими? Ё сигирни кимга олиб борганингни ҳеч ким билмайди деб ўйлайсанми? Билганлар урушда ўлиб кетди дейсанми? Адашасан, оғайни! Каттасой билан Каттатоғ ўртасидаги одам тугул ҳар битта ит бир билади буни! Лекин сенга айтишга ор қилишади. Сенинг ҳалол ёшинг йўқ! Менинг Давлатмурод жўрам қирқ иккинчи йили ўлган! Қадим жўрачилик ҳаққи, мени ортиқ гапиртирмай, бу ердан йўқол. Сендан нафратланаман! Иложини топсам, сен қўрқоқни, палидни пешонангдан отардим. Тирик эканман, қўлим билан элнинг нонини, ошу ҳалолини оғзингга солиб қўймайман. Раҳм-шафқатни урушдан қайтмаган ўттиз бир нафар қишлоқдош тенгқурларим билан кўмиб келганман!
Дўм шундай деди-ю, ҳассасини полга қарсиллатиб урди. Ҳасса чўрт иккига бўлинди.
Давлатмурод шўрваси қўйнига тўкилиб ташқарига чиқди. Карахт эди. Дўмни бемеҳр деб санаса-да, бу қадар деб ўйламаганди. Қирқ йиллик гапга шунчами. Ичида эса “Амал битган ўзидан кетмаса-да”, деб қўйди.
…Дўм ўлганда ҳам салобатли эди. Кўзлари юмилган, лаблари қимтилган, худди кўзини юмганча нима ҳақдадир ўйлаётганга ўхшар, ҳали замон бир оёғига ҳассасини ҳимо қилиб, ўрнидан туриб, ишга жўнайдигандек. Бек юриш бор, бек ўлиш йўқ, деганлар ёлғон айтибди. Дўмнинг шу туриши ҳам бир бекча бор эди. Олдига кириб чиқаётганлардан зиёд эди.
Давлатмурод майит ётган уйга эл қатори кириб чиқди.

4

Дўмнинг қирқи жуда чўзилди. Давлатмурод кунларнинг бунчалик узундан узун бўлишини ўйламаганди. Урушдан қочиб юрган тўрт йили бир бўлди-ю, Дўмнинг қирқини кутиш ҳам бир бўлди. Маъракадан кейин бундан ўн йил олдин тўплаган ҳужжатларини қўлтиқлаб йўлга тушди.
Қайтишда жўрасининг қабрини зиёрат қилмоқчи бўлди. Бироқ, қабристон дарвозасидан ҳатлашга куч тополмади. Назарида ғовдан ўтса, қайтиб чиқолмайдиган, қолиб кетадигандек бўлди. Дўмнинг қабрини панжара ортидан тусмоллаб, тўғрайига келиб чўккалади. Дуои фотиҳа қилиб, ўрнидан турди. Вужудига нимадир энганини ҳис этди. Шу нарса тириклигининг барча кўргуликларини ўз-ўзига айтмаса бўлмаслигини, иқрор бўлмаса бошқа ишлари кор этмаслиги таъна қилгандек бўлди. Енгил торта бошлади. Кўзларига нам келди.
Ич-ичидан тавба деди. Кўзига ёш, қалбига йиғи берганидан, ўзида бўлаётган ҳолатларини бошқара олмаганча, Жаркўчанинг тупроғига беланиб, уввос солиб йўлга тушди.
— Қийналиб кетдим, Дўм. Одам ҳам шундай шарманда бўладими? Бир умр кетмон кўтариб, эришганим шу бўлди. Феълим тагимга сув тараб бўлган экан. Билмабман. Уй-жойингни сот деб келишяпти. Биласанми, жўра, уйимни мандан баттарлар сўраб келишаяпти. Шунақасиям бўладими? Тирик бўлганингда, ҳаммасини айтиб берардим. Отсанг ҳам майли эди. Йўқ дедим. Ўлигим ўз уйимдан чиқсин дедим. Олса Ойжамолни невараларига қолдираман, олмаса кейин давлат билади, дедим. Тўғри қипманми, жўра? Олмазоримниям, бошқасиниям. Ҳалиям раҳмат шу одамларга, ёқамдан олсалар ҳам ҳақлари кетарди. Айниқса, Ойжамолнинг неваралари. Тушларимга Ойжамолнинг сағири қабримни топиб бер деб киргани кирган. Чарчаб кетдим, жўра? Жонимни қайси тошнинг остига бекитишни билмайман…
Жаркўчанинг марзаларига тизилишган ёш-яланг, қари-қартанг осмонга қараб ўз-ўзига гапириб кетаётган чолни кўриб, бирови Туркариқ тегирмонининг деви урибди деди, биров тавба деди… Бировлар ёш болаларининг кўзларини кафтлари билан яширди… Кўзи Ўрнинг кўзига тушганларнинг мазаси қочиб, ўтириб қолишди.
Галахирмонжой даласидан кўтарилган чанг тўзон ўрама устун, қуюн бўлиб ер билан осмон ўртасини бир-бирига боғлади. Тўрт ўрама устун аввалига бийдек даланинг у бошидан бу бошига чопа бошлади. Одамлар жинлар рақс тушаяпти дейишганча, юзларини бурдилар. Кўз очиб юмгунча ўрамалар, худди келишиб олгандек, ўзларини бараварига Жаркўчага уришди. Қизиғи шунда бўлди. Жаркўча бўйлаб тизилган уйларнинг томи-ю, ҳовлидаги тоғора-ю, дордаги кирларни ўраб, осмонга олиб кетди. Кўчанинг тит-питонини чиқарди. Кўча ўртасида туриб қолган эгасиз эшакни кўтариб тос тевваси билан ерга урди. Дарахтман деганни кўзига кўрсатди. Терагини толга, ёнғоғини чинорга ёпиштирди. Осмону фалакка чирпирак қилиб кўтарди. Қишлоқда ҳеч ким қачон экилганлигини билмайдиган, баландлиги бир қирча бор, энига тўрт кишининг ҳам қучоғи етмайдиган Тожихол кампирнинг теракларини қарсиллатиб, Ўрнинг оёғи остига ташлади. Лекин Давлатмурод пинагини ҳам бузмади. Дарахтларнинг қарсиллашидан ҳам, шамолнинг увуллашидан ҳам қўрқмади. Қайтага ўзини ўша Илмис кўрган кундан олдинги кунлардаги Давлатмуроддек ҳис этди. Қўрқадиган бошқа нарса эканлигини, умрини қўрқув билан ўтказиб, хотираси тинган одамга дов-дарахтларнинг қарсиллаши, томларнинг учиши қўрқишга арзигулик нарса эмасдек туюлди. Бир муддат ўзини болалигига, ўша кунга қайтгандек ҳис этди. Ўрама — қуюн Ўрни жойидан қимирлата олмай, Жаркўча бўйлаб тоққа ўралади.
— Мен болалигимга қайтдим, жўра. Ҳозир тоғдан келдим. Ўтин териб келдим. Мана, мен энди дарахтларнинг қарсиллашидан қўрқмаяпман, кўраяпсанми, қўрқмаяпман, жўра. Сен тўғри айтган экансан. Қўрқоқлик ифлосликнинг боши экан. Нафас олишим жуда енгил. Қўрқмасдан, ғирромлик қилмасдан нафас олиш бунчалик енгиллигини билганимда, мен бошқача яшаган бўлардим… Сан кетдингу қишлоқ ҳувуллаб қолди. Мани уйим нима-ю, қишлоқ нима… сани бир ўзинг манга ўхшаганнинг, мандан ортиғининг мингидан зиёд эканлигингни энди билдим… Қишлоқ сен билан, сенга ўхшаганлар билан қишлоқ экан… жон жўра, мени кечир, кечирмасанг жоним чиқмайди…
…Менинг кимлигимни элга айтмадинг-а, жўра. Қирқ йил гаплашмасанг ҳам элга кимлигимни айтмадинг-а. Ўртада нима гаплигини биров билмади-я. Лекин, мен кимлигимни биламан… жўра.
Эртадан кечгача ишлайман. Эгаси йўқ суманги итдек мен қилмаган меҳнат, кирмаган тешик қолмади. Итда тиним бор, менда тиним йўқ. Олган ҳосилимга бир қишлоқни боқса бўлади. Лекин, юқмайди, жўра. Қаёққа кетганини, нимага ишлатганимни билмайман. Ғирром буюрмас экан.
— Жўра, эшитяпсанми, нафақа берадиган бўлишди. Қаричилик нафақаси дейишди. Раҳмат, жўра! Мани кечирибсан-да, а? Шу итниям кўзи очиқ кетмасин дебсан-да.
Эҳ, яна жўра бўламизми, жўра…