Вақт ҳассасини тўққилатганча тобут кўтарган одамларга қўшилиб, дарвозахонадан чиқиб кетди. Гўё ҳамма ёқ бўшаб қолгандай шипшийдам ва жимжит бўлиб қолди. Васила момо бошидаги оқ рўмолининг бўйнига ўраб боғланган икки печи ечилиб кўксига тушиб қолганини ҳам сезмас, қайғу ва ғамга беланган қайнсингиллару овсинлар, келинлару жиянларнинг овозларини ҳам эшитмас, гўё бир умр елкасида кўтариб келган зил-замбил юкни ерга қўйиб дам олаётган одамдай ҳовли тўридаги курсида беҳол ўтирарди. Баъзан тиззасига қадалган нигоҳлари хотинларнинг йиғидан бўғриққан юзларини, ҳовлига кираверишда бахмал тўшаб қўйилган стол устидаги марҳум эрининг рангли суратини пайпаслаб чиқар, девор тагида саф тортиб турган катта-катта туваклардаги ажнабий гуллар ва йўлакдаги сув тўлдирилган обдасталар оралаб тимирскиланар ва бўм-бўшликдан ўзга маъни тополмай яна тиззасига бош қўярди.
Васила момо вақтнинг тўхтаб қолганини, тўғрироғи, чиқиб кетганини ҳис қилиб турарди, аммо бошқа нарсага ҳайрон эди – бу бўм-бўшлик қачон юз берди? Бутун вужуди, онгу шуури билан юрагининг эшигидан ичкарига қулоқ тутди – бугунги жудоликдан на афсус, на қайғу, на фарёд, ҳеч нарса йўқ, гўё бўм-бўш. Бу ҳолини атрофдагилар кўриб тургандай уялиб кетди.
Уч, етти, йигирма деган маракаларни битта қилиб хатми Қуръон ўтказишди. Уч ўғил белбоғу таъзия чопонларни ечиб ўз уйларига, ишларига равона бўлишди. Отамлаб йиғлайвериб юраги санчиб ётиб қолган ёлғиз қизини куёви олиб кетди. Ана шу воқеалар билан бироз чалғиган бўм-бўшлик вақтинча йиққан қанотларини яна ёйиб олди.
Мана икки ойдирки, ҳар тонг ҳовли тўридаги эрининг курсиси Васила момони чақирар, у итоаткорона бўйсунар, дардманд оёқларини бир-бир босганча келиб ўтирар эди. Қолгани бўм-бўшлик. Баъзан кўнгил сўраб кириб чиқадиганларнинг қиёфалари, сўзлари шу бўм-бўшликда эриб кетарди. Унга баъзан бу уйда ўзи ҳеч қачон яшамагандек туюларди. Ҳовли-жойи ва болаларининг мавжудлиги, улар тақдири, ғаму ташвишлари ҳам ана шу бўм-бўшлик қаърида эканлигини ҳис қиларди.
Васила момо ўтказган умрининг қаеридадир ўзини ҳаёт билан боғлаб келган ришта бўлганлигини ҳам туярди. Аммо унинг нима эканлигини, қачон пайдо бўлганини ва ўзининг борлигидан шу пайтгача мужда бермаган бу ожиз нурнинг номини билгиси келарди.
Васила момонинг камгап бўлиб қолгани, кун бўйи ҳовлидаги курсидан турмаслиги ўғилларни, қариндош-уруғларни, қўшниларни хавотирга солиб қўйди. Ҳар замон хабар оладиган қудаси Гулсум момо бир куни куйиб кетди:
– Василахон, эрини ерга қўйган битта сизми, юрагимизни тўкиб ташладингиз-ку. Мана, қудангиз ўтганига уч йил бўлди, ҳаёт тўхтаб қолгани йўқ, юрибман болаларга аралашиб. Худога шукр, учта ўғлингизни ҳам эл танийди, қизингиз тинчиб кетган. Шуларни дуо қилиб, борадиган жойингизга бориб, мазза қилиб юрмайсизми?..
Бирданига вақт қайтиб келгандай бўлди. “Борадиган жойингизга бориб… Борадиган жойингизга бориб… Борадиган жойингизга бориб…” Йўқ, бу эрининг жони узилган кун кетиб қолган вақт ҳассасининг дўқиллаши эмасди. Бу вақт поездининг ғилдиракларидан ёхуд вақт тулпорининг туёқларидан бир маромда таралаётган овоз эди. Атрофини ва юрагини қамраб олган бўм-бўшлик қаърида ниманингдир, йўқ, кимнидир қиёфаси пайдо бўла бошлади. Васила момо беихтиёр кўзларини осмонга тикди… Турли шаклу шамойилдаги оппоқ булутлар ниманидир кутаётгандай момога қараб турарди. Ўша булутлар…
– Васила, энг олдинда турган булут нимага ўхшайди, айт-чи?
– Болишга ўхшайди. Шамол бошини қўйиб ётса керак.
– Бекор айтибсан, у отга ўхшайди, менинг отим, орқасидаги эса арава, хоҳласанг миндириб оламан.
– Ҳечам арава эмас-да, у кўйлакка ўхшайди, этаклари узун.
– Анави охиридаги булут бувангни ўзи, соқоли оппоқ. Ёнидаги кичкина, думалоқ булутча сен бўлсанг керак.
– Ўзинг кичгина, думалоқсан. Ботир-тир-тир. Бўлди сан билан ўйнамайман.
Васила Эски шаҳар ўртасида қандайдир мўъжиза билан омон қолган тепаликдан ғизиллаганча тушиб кетди. Ботир якка-ю ягона қўйини боқиб ўтиришга мажбур. Бир-икки соатдан сўнг, қўлида дафтари билан Васила яна пайдо бўлди.
– Ботир, математикамни ечиб бер. Тир-тир деганимни қайтиб олдим.
– Қайтиб олмасанг икки ямлаб бир ютардим, ви-и-и…
Ботир тишларини кўрсатди. Сўнгра дафтарни очиб варақлади.
– Ечиб бер, эмиш, ҳеч бўлмаса ёрдам бер, деб айт. Осонларини ўзинг ишласанг ҳам бўларкан.
– Сен икки синф юқорисан, бунақалар сенга осон.
– Бўпти. Ҳозир булутлар рангга киради, шуни томоша қилайлик.
– Ким уларни ранглайди, Худоми?
– Йўқ, қуёш ботаётган пайтда нурлари булутга тушади.
– Ботмасидан олдин нурлари тушмайдими?
– Тушади.
– Унда нега булутларни рангга бўямайди?
– Билмадим.
– Билмасанг, билиб қўй, Худо қачон хоҳласа ўшанда бўяйди.
– Сенга буванг роса ўргатибди-ю. Бўлмаса отларни, қўйларни ҳам Худо ранглайди дерсан?
– Бўлмаса ким?
– Зоти шунақа бўлади.
– Одамни-чи?
– Нима, “одамни”?
– Одамни зоти ҳам борми? Африкада қоп-қора одамлар яшаркан-ку.
– Африка иссиқ, шунинг учун қорайиб кетишган, балки зоти шунақа қоп-қора одамлардир.
– Ким уларни Африкага юборган? Улар ҳам ақлли-ку, нега иссиқ жойга боради?
– Ҳеч ким юбормаган, улар ўша ерда яшайди.
– Бекор айтибсан, Худо юборган.
– Ҳали мактабни битирай, катта-катта ўқишларда ўқиб ўзим ранглар яратаман. Африкагаям бориб келаман, китобларни олиб келиб, исботлаб бераман.
– Келолмай қолиб кетсанг-чи Африкада? Худо агар хоҳласа саниям, маниям бошқа жойга юбориши мумкин. Мана, дадам урушдан қайтмаганлар.
– Мен қайтиб келаман… Э, қара, сен кўйлак деган булутинг қип-қизил бўлиб қолибди…
Вақт етаклаб келган, унутилган булутлар муҳрланган бу лаҳзалар қанча давом этганини Васила момо билмади. Гулсум момонинг “Борадиган жойингизга бориб…” деган сўзларидан у узоқ уйқудан уйғонгандек бўлди. Гапиравериб чарчаган Гулсум момо кетишга тараддудланди.
– Майли, Василахон, мен борай, эрта-индин яна кирарман, – деди.
– Раҳмат, қуда, “борадиган жойингизга бориб юрмайсизми?” деган гапингизни ҳеч ўйламапман.
– Тўғри-да…
– Айтганингизни қилиб, эртага Тошкентга йўлга чиқаман.
– Тошкентга?.. Вой эсим қурсин, қариндошларингиз бор-а? Ана, тўғри қиласиз, ёзилиб, юракни шамоллатиб келасиз.
Васила момонинг оёқларига мадор, вужудига куч, юрагига ғайрат қайтгандай эди. У хонасига кириб, сафарга чиққанида олиб юрадиган чоғроқ сумкасига иккита кўйлак ва рўмолини ўраб жойлади. Кўпдан очилмаган шкафнинг тортмасига калит солди, бир уюм тақинчоқларга назар ҳам қилмай, икки-уч боғлам пул ва паспортини узунчоқ чарм ҳамёнига тиқди. Оқ оралаган сочларини тараб, қайта турмаклади, азалик рўмолини боғлади. Ва бирдан ҳозир эмас, эртага йўлга тушмоқчи бўлганини эслаб, диван четига оҳиста чўкди. Нигоҳи хонанинг бир йил олдин таъмирланган деворларини, нақш чизилган мовий рангдаги шифтини, кўпдан буён занжири тортилмаганидан тўхтаб қолган, одам бўйи келадиган қадимий соатни, бурчакдаги қулфи мусиқали эски сандиқ устидаги тахмонни бир қур айланиб чиқди. Сўнгра девордаги гилам ўртасига осилган суратга келиб тўхтади. Бу марҳум эри ва ўзининг бирга тушган сурати эди.
Негадир суратдаги одамлар бегонадек юраги жимжит эди. Эрининг ақл, олижаноблик балқиб турган юзига меҳр ва ачиниш билан термилди. Шу топда у марҳум бўлган яқинларининг барчасини худди ана шундай меҳр ва ачиниш билан эслай олишига ич-ичидан ишонди. Нега эрига бундан-да ортиқроқ туйғу билан боқа олмаяпти. Ҳолбуки қирқ беш йил бир ёстиққа бош қўйган жуфти ҳалолидан айрилиб қолгани учун юм-юм тўкилиб йиғлашни, унинг жаранглаган овозини, эшикдан жилмайиб кириб келишларини соғинишни, ўзининг ҳимоячисиз, бева қолганидан ўксинишни истарди. Аммо бу истакларга ўзини мажбур қилолмаётган эди. Ўзи ҳам нималигини англолмаётган бу ҳолати, ожизлиги учун эридан кечирим сўради.
Васила момо тонгда кечаги булутларни излаб осмонга беҳуда тикиларди. Вақтми, шамолми оппоқ булутлар сурувини ҳайдаб кетган, осмон кўм-кўк эди.
Ҳовли тўридаги сўрининг ёнида уч-тўртта товуқ дарахт остига сепилган нон ушоқлари, дон-дунни талашиб куймаланар, олма дарахти ҳар замонда сарғайган япроқларидан ташлаб уларни чўчитмоқчи бўларди. Девор остидаги туваклардаги ажнабий гуллар – балки африкаликдир – бу кеча кўрган тушларини бир-бирларига айтиб беришар, тонгги шамол эса деразанинг очиқ қанотидан чиқиб қолган дарпарданинг этагини тортқилаб, қаерларгадир бирга кетишга ундарди.
* * *
Поезд шитоб билан елиб борарди. Ғилдираклардан чиқаётган бир маромдаги овоз Васила момога таниш ва қадрдон эди. Вақт Васила момони ҳамон давом этаётган кечаги изтиробли ўйлардан чалғитди. Жалил акаси билан тўйлари ўтгач, биринчи марта “темир изда юрадиган уй”га чиққан эди. Тўрт кишилик хоначада оёғининг остидан чиқаётган “тақа-туқ” овоздан аввал чўчиган, сўнгра завқи келиб неча марта тақиллар экан деб санашга тушган эди. Саноқ мингдан ошгач, адашиб кетар, яна қайта бошлар, мингдан ошгач, яна адашарди.
Эрталаб кичик уйчанинг катта деразасидан қараб анграйиб қолди. Дарахтзорлар, пастак-пастак уйлардан иборат қишлоқлар, пода-пода қўй-сигирлар, ям-яшил далалар поезд атрофидан чириллаб айланарди. Аввалига уларнинг нега бир жойда турмай, айланаётганини тушунмади. Сўнгра ўқитувчисининг ернинг айланиши ҳақидаги гапларини эслади.
– Жалил ака, ер айланяптими, биз ернинг айланишини кўряпмизми? – деб сўради. Жалил акаси завқ билан кулди, сўнгра:
– Ҳа, Василам, ер айланяпти, биз кўряпмиз. Ҳали сени самолётларга олиб чиқаман, ўшанда ернинг устидан биз айланишимизни ҳам кўрасан. Ҳар бир кунингни мўъжизага, ҳайратларга тўлдираман.
Жалил акаси ҳар доим ана шундай ҳаяжон билан, чин дилдан, чиройли сўзларни топиб гапирарди. Ва ҳар доим айтган сўзининг устидан чиқарди.
Ҳақиқатан ҳам Васила момонинг эри билан кўрмаган ери кам қолди. Хизмат сафарларида Жалил акаси уни доим ўзига ҳамроҳ қилар, гўё сафарга хизмат учун эмас, Василани ҳайратлантириш учун, Васила учун борарди. У уфқдан уфққа туташ океанда сузаётган кема атрофидан сувнинг чарх уриб айланишини ҳам, осмону фалакка кўтарилиб тўхтаб қолгандек туюладиган самолёт ойнасидан булутлар саҳросини ҳам кўрди. Қирқ беш йиллик турмуш давомида Жалил акаси бу мўъжизаларни ўнлаб-юзлаб маротаба туҳфа қилди.
У ўзининг Жалил акаси учун ҳамма нарса эканлигини биларди, аммо эри ўзи учун ким эканлигини ҳеч қачон ўйлаб кўрмаганди. Устозми, дўстми, оталарча, акаларча меҳрибоними, севиклисими? Юрагининг туб-тубида эри у учун ҳамма нарса эмаслигини ҳис қилар, ҳамма нарса бўлиши учун нима қилишини ҳам билмасди. Аммо у хаёлининг остонасига ҳам бировни йўлатмайдиган садоқатли, эвазига ҳеч нарса талаб қилмайдиган фидойи, ҳаётини эрисиз тасаввур қила олмайдиган вафодор хотин эди. Шунга қарамасдан, унинг бахт ва масрурликдан иборат бу ҳаётини кимдир четдан туриб қачондир тугайдиган спектаклдай томоша қилаётганини ҳам ич-ичидан ҳис қилиб турарди. Баъзан ўша томошабин – унинг ўзидай туюларди.
Вақт Васила момони жавобсиз саволлардан қутқариш учун поезднинг тезлигини оширди. Дераза қаршисида янтоқ ва юлғунлари қовжираган бийдай саҳро чирпиракдай айланарди. Чўлнинг ўртасига қора ҳошиядай тушган йўл эса, бу саҳро рақсига қўшилмас, Васила момога муҳим бир гапни айтмоқчидай, поезд билан баравар югурарди. Биёбонга қадалган яккаю ягона тугмачадай пастак кулба ғизиллаб ўтиб кетди…
– Васила, биласанми, тугмани нега ўйлаб топишган?
– Кўриниб турибдики, Ботир акамиз китобдан яна бир ақлли гап ўқиб келган.
– Китобдан эмас, ўзим ўйладим.
– Тугма кийимнинг олдини ёпиш учун қадалади. Ўйлаб, қийналиб юргунча мендан сўрамайсанми?
– Тугмани сир сақлаш учун кашф қилишган. Мана, масалан, камзулингни чўнтагида пул бор, унинг пул эканлиги сир, сенинг сиринг. Билиб қолмасликлари учун чўнтакни тугмали қилишади.
– Ботир, ўн еттига кирдинг, мендан катта бўлсанг ҳам боладай ўйлайсан-а? Бозор-ўчарга чиққанда пулни киссавурлар уриб кетмасин деб чўнтакка тугма қадалади.
– Кўйлакка, костюмга, палтога-чи?..
– Ичидаги одамни ўғирлаб кетишмасин дейишади.
– Кулма. Одамнинг ўзи, танаси бошқалар учун сир, юраги ҳам сир. Шуларни беркитиб юриш учун кийимларини тугмалаб олишади.
– Аҳа, тугманг узилиб қолса, қадаб бер деб дарров югуриб келасан, сиринг очилиб қолишидан қўрқаркансан-да. Тўғрисини айт, сениям сиринг борми?
– Ҳаммада сир бор.
– Менга айтасанми?
– Анави, уйларингда турган саҳройи студент менга ёқмайди, ёмон кўраман.
– Уришиб қолдиларингми?
– Йўқ, уришиш нари турсин, гаплашишни ҳам хоҳламайман.
– Бир гап бўлдими?
– Уни сенга тикилиб қараши ёқмайди, кўзида нималардир бўлади, қандайдир сир бордай.
– Ҳа, унда Жалил акага, кўзингизга тугма қадаб олинг, дейлик бўлмаса.
– Ҳазилга олма… Ўшани чиқариб юборсаларинг бўлмайдими?
– Бўпти, келса айтаман, қўшнимиз Ботирга кўзингиздаги сир ёқмаяпти, бошқа жой топинг, дейман.
– Нима, сен унинг тарафини оляпсанми?
– Жиннимисан, Ботир…
Бўм-бўшлиги билан Васила момонинг кўзларини чарчатган, ҳамон чархпалакдай айланаётган саҳро устига шом қизғиш чойшабини ёпди. Бундан норози бўлган поезд жони борича чинқириб қўйди. Вақт кунботардаги ўчоғида ёққан катта гулхан кичрая бошлади…
* * *
– Орқангни оловга яқинроқ тутиб ўтир, болам, баданингга иссиқ югуради, – Шоқосим бува темир печкага тараша тиқаркан иситмаданми, совуққотганиданми қалтираётган талаба йигитга гапирди. – Сарви холанг Янгийўлдаги укасиникига кетганига анча бўлди. Қарасам, ҳафта бўладики, мўриданам тутун чиқмайди. Ижарадаги боласи бориди, хабар олай-чи, деб кирувдим. Сени қара-ю, амаки, ўтин йўғиди, уй совуқ, деб чиқиб келавермайсанми?
– Кўрпалар бор, совқотганим йўқ, – йигитнинг овози зўрға чиқди.
– Совқотмадиммиш, иситмангни баландлигидан қўл куяди-ю.
– Уйни шунақа қилиб иситаётувдим, амаки, касал эмасман.
– Ҳазил ҳам қилади, шу ҳолига.
Василаларнинг уйига Жалил акаси ана шу баҳонайи сабаб келиб қолди. Унинг эски ривоятларни кўп билиши, хушчақчақлиги Шоқосим бувага ҳам, кампирига ҳам ёқиб тушди. Бўйи узун, бақувват, қошлари қалин, катта-катта кўзлари қувноқ, истарали бу йигитга қўни-қўшни қизларнинг ҳаммаси маҳлиё эди. У ҳақида суриштиравериб, Василани ҳоли жонига қўйишмасди.
Талаба йигит келгандан сўнг кунда-шунда Ботирнинг оёғи бу хонадондан тортила бошлади. Негадир кейинги пайтларда одамови бўлиб қолган бўлса-да, Ботир ҳар куни Васила билан кўчада туриб гаплашар, турли баҳоналар қилиб ҳовлига кирмасди. Васила саккизинчи синф бўлгани учун битирув имтиҳонлари машмашаларидан иборат ўз дунёси билан яшарди. Жалил акаси Василанинг дарсларига ёрдамлашар, қизиқ-қизиқ воқеаларни айтиб уни кулдирар, китобларидан ҳикоялар, шеърлар ўқиб берарди. Васила ака-укасиз, ёлғиз қиз бўлгани боис бу талаба йигит унга ҳақиқий ака бўлди. Шу тахлит улар учун фақат хурсандчилик кунлардан иборат бўлган икки йил сувдай оқиб ўтди.
Васила бир куни ётиш олдидан сув тўлатилган челакларнинг усти очиқ-ёпиқлигидан хабар олгани ҳовлига чиқди. Ва бувасининг ҳужрасидан ғўнғир-ғўнғир овоз келаётганини эшитди. Яқин бориб қулоқ тутди, буваси билан Жалил акаси экан.
– …Ота, барибир “эгасига топширсак” деяпсиз-ку. Мен уни қандай яхши кўришимни билмайсиз. Инсон севган одами билан яшаса бахтли бўлади. Икки йил бўлди менга уйингиздан жой берганингизга, икки йилдан буён ҳаётим ўзгарган, фақат у борлиги учун тирик юргандайман.
– Болам, биламан, сени қандайлигингни ҳам, кўнглинг тозалигини ҳам биламан. Лекин юртинг узоқ, ўғлим. Қизимнинг ўзи кўнгли яримта. Онаси ёшлигида ўлиб кетган, отаси урушдан қайтмади, биздан бошқа ҳеч кими йўқ. Бизни ҳам дунёда ёлғиз умидимиз шу қиз. Бизгаям қанча қолди бу ёғи, билмаймиз.
– Сизга ваъда бераман, ота-онаси, ака-укасининг ўрнини тўлдираман. Ҳар ой олиб келаман. Бошқанинг қўлида у сўлиб тамом бўлади. Мен…
– Сендан бошқаларни авло деяётганим йўқ. Худо ўғлимни урушда олиб қолиб, ўрнига сени юборди деб юрибман. Йўл узоқ, ўғлим. Йўл…
* * *
Йўл энди кўринмас, аммо қоронғилик қаърида ҳамон поезд билан баробар ҳаллослаб келаётганига Васила момонинг ишончи комил эди. Нима демоқчи унга? Ёки эртага қай манзилга боришини айтмоқчими? Вақт туннинг сочига соч улар, атайлаб эртанинг бўлишини чўзарди. “Самарқанд нон, иссиқ нон… Самарқанд нон, иссиқ нон…” Купенинг эшиги тақиллади…
Эшикни очиши билан Ботир шартта қўлидан ушлаб, ташқарига еталади.
– Сенда гапим бор.
Бир эшик наридаги уларнинг кичкина ҳовлисига киришди.
– Уйда ҳеч ким йўқ, мана бу ерга ўтир, – деди у қудуқ ёнидаги тутнинг кундасини кўрсатиб. – Кимга тегиб, қаёққа кетмоқчисан, эсинг жойидами?
– Ким тегмоқчи?..
– Васила, менга қара. Мана шу уй, бувангни ҳовлиси, кўчамиз, анави тепалик, мана шу қудуқ, мана шу… мен – сенинг ватанинг. Ҳаммасидан жудо бўласан. Нима бор у ерда, нима? Ўша саҳройи акангни севасанми?
– “Севасанми?..” Севги дегани қанақа бўлади ўзи, нима дегани у?..
– Мени масхара қиляпсанми? Мана бундай бўлади, – Ботир Василанинг юзига шапалоқ тортиб юборди. Васила йиғлади, тўлиб-тўлиб йиғлади, туриб кетмоқчи бўлди.
– Мени кечир, – деди Ботир. – Ичим ёняпти. Севгини билмайман, нималигини билмайман, тушуняпсанми? Лекин сени мен оламан. Тегма унга, тегма!
Васила ўрнидан шашт билан турди.
– Севгининг нималигини мен ҳам билмайман. Лекин эшитиб қўй, сени севмайман, униям севмайман.
У дарчани қарс этиб ёпиб чиқиб кетди. Ботир орқасидан бақирди.
– Васила, Васила, тўхта…
Поезд тўхтади. Васила момо вагон деразасидан назар ташлади. Юк сургалаган оломон билан қайнаётган вокзал унинг қалбидаги бўм-бўшлик қаърига сингиб кетди. Нигоҳлари унга нимадир демоқчи бўлиб, поезд билан бирга югуриб келган йўлни излади. Йўл эса ортга – бўм-бўшликка қайтиб кетганди. Вақт вагон зинасидан ерга оёқ қўйиши билан шаҳар шовқин-сурони уни аждарҳо янглиғ ютиб юборди. Васила момонинг бир ўзи қолди. У киндик қони томган, туғилиб-ўсган шаҳрига келиб, илк бора қаерга боришини билмай, хаёлига келган манзилларга оёғи тортмай ўтирарди.
Ўзларининг ҳовлисида ҳозир бегоналар яшаётган бўлса керак. Буваси билан бувиси шу ҳовлига келиб яшаш шарти билан Жалил ва Василанинг тўйига розилик беришганди. Олти йил бирга яшашгач, чол-кампир бирин-кетин омонатларини топширишди. Бувисининг бечораҳол, серфарзанд, узоқ бир қариндоши бор эди, ҳовлини уларга ҳадя қилиб, эрининг юртига кетишди. У ҳар сафар Тошкентга йўли тушганда буваси билан бувисининг қабрини зиёрат қилиб чиқарди-ю ҳовлига, маҳалласига бормасди. Ботирни учратишдан чўчирди, бунинг устига Жалил акаси ҳам уни ёқтирмасди.
Бир сафар малака оширишга келганда, институтдан чиқиб бекатга йўл олди. Ўзидан сал олдинда оғир-оғир одимлаб бораётган дўппили, эскигина костюм-шимдаги кишини қувиб ўтди.
– Васила!
Васила ҳайрон бўлиб ўгирилди ва уни… кўзларидан таниди. Сочлари оқарган, пешонада изтиробнинг қават-қават ажинлари. Бир-икки сония кўзлар гаплашди.
– Васила, ўшанда чақирганимда нега орқага қайтмадинг?
– Билмайман.
– Нега менимас, уни танладинг?
– Билмайман. У ҳам яхши одам.
– Кўряпсанми ҳолимни?
– Мени кечиринг.
– Ҳозир қайт десам, қайтармидинг?
– Йўқ, қайтолмайман.
Сўнгра вақт юракларни қулфлади, тилларни калимага келтирди.
– Яхши юрибсанми, Васила? – бу исмни овоз чиқариб айта олганидан кўнгли ором топганини юзлари, кўзлари айтиб турарди.
– Худога шукр, раҳмат, Ботир… Ботир ака.
– Болалар нечта, Васила? – у бу исмни рўпарасидаги аёлдан ҳам ардоқлаб айтаётгани сезиларди.
– Учта. Ўзингизда-чи?
– Биздаям етарли.
– Ишларингиз яхшими?
– Ўқиёлмадик, Васила. Мана… насибани териб юрибмиз. Саҳройи эринг ҳам юрибдими? – унинг савол оҳангидан Василанинг эрини соғлигини сўраш ёки суҳбатни давом эттириш истаги эмас, эрининг бу дунёда ҳалиям борми-йўқлигини билиш, нимадандир илинж иштиёқи сезилиб турарди.
– Ҳа, ишлаб юрибди.
Вақт қайта боғланишдан маҳрум дилларнинг азобли суҳбатини тўхтатди.
– Майли, мен борай. Соғ бўлинг.
– Васила, мана… у билан яшаб юрибсан… ўша… севги нималигини тушуниб олдингми? Мен ҳалиям жавоб тополганим йўқ.
Васила “Хайр” дедию, қадамларини тезлатганча Ботирдан узоқлашди. Бу воқеага ҳам ўттиз йилча бўлиб қолди. Ҳозир Ботир етмишни қоралаб, Ботир бува бўлиб қолгандир…
Васила момо даъфатан купеда анчадан буён ёлғизлик сукут сақлаб ўтирганини сезиб қолди. Ўзини олиб келган ҳам ёлғизлик поездимиди ёки?! Ҳамма вагонлар бўш, ҳеч ким йўқ. Купе деразаси ҳам тириклик ва ҳаёт қўшиғини куйлаб рўпарасидан сузиб ўтган манзараларни хотирлаганча, йўловчилардан бўшаб, ҳувуллаб қолган вокзалга тикилган кўйи хаёлга толган. Васила момо уни қўлидан ушлаб бекатгача олиб келган ёлғизликнинг нигоҳларидан қутулиш учун таксига ўтирди…
Таксидан тушиб ҳангу манг бўлиб қолди. Қани, унинг беғубор болалиги ўтган ҳовлиси, қани… уларнинг уйи? У тўрт томонга аланглар, кимдир азиз нарсасини ўғирлаб кетгандай юраги алағда эди. Ичкари кўчадан, иссиқ нон тўла болалар аравачасини етаклаганча, бир келинчак чиқиб келди.
– Опоқи, бирортанинг уйини қидиряпсизми?
– Мана шу ерда ҳовлилар бор эди, Шоқосим отанинг ҳовлиси, кейин… Ботир буванинг ҳовлиси, кўрмаяпман…
– Бу маҳаллага тушганимга уч йил бўлди, аввалгиларни билмайман. Кутиб турсангиз, ойижонимдан сўраб чиқаман.
Келинчак аравачасини қолдириб, ичкари кўчага кириб кетди. Бироздан сўнг шошиб қайтиб келди.
– Ойижоним у ҳовлилар бузилиб йўл тушган, дедилар. Сизни чақиряптилар, кўринишингизни айтувдим, ман танисам керак, дедилар.
Васила момо дарвозага рўпара бўлганда, сўридан инқиллаб тушганча бир кампир пешвоз келди.
– Сиз сўрадингизми, айланай, Шоқосим бувани?.. Во-о-ой, Васила эмасмисан, адашмадимми?.. Васила-а-а, ўзгариб кетибсан, қани-қани бир бағримга босай.
– Самия опа, ўзизмисиз? Минг йил бўлди сизларни кўрмаганимга, – Васила момонинг эри ўлганидан буён биринчи марта кўзига ёш келди.
Турмушу бола-чақаларнинг сўрови тугагач, Самия опа:
– Сан кетдинг, синфдошим Ботир ёмон куйди-да. Армияга кетди, келди. Ўқишгаям кирмади. Сандан бошқа дарди йўқ эди. Ўттизигача уйланмадиям. Одамам шунақа яхши кўрарканми?..
– Уйлари бузилибди, кўчиб кетишганми?
– Вой эшитмаганмисан, ўлганига етти йил бўлди-ю…
Бўм-бўшлик қаъридаги сўнгги тасвир ҳам эриб кетгандай, ўзини ҳаёт билан боғлаб турган сўнгги ришта ҳам узилгандай эди. Васила момо нима юз берганини англамай қолди. Қудасининг “борадиган жойларга бориб” сўзлари бахш этган куч вужудини тарк эта бошлади. У Самия опа билан хайрлашиб чиққач, оёқларига нима деб буйруқ беришниям билмай, беихтиёр осмонга кўз ташлади. Кўм-кўк осмонда оппоқ булутлар карвони унга тикилганча муаллақ турарди. Олдиндаги булут отга ўхшарди. Орқасидаги эса аравага. Ботир уни шу аравага миндирмоқчи эди. Охиридагиси – соқоли оппоқ бувасининг ўзи, ёнидаги кичкина, думалоқ булутча Васила эди…
«Шарқ юлдузи» журнали, 2018 йил, 6-сон