Асад Дилмурод. Хилват (ҳикоя)

Куз қуёши остида мудраётган шаҳар кўчаларида юпун кийинган, калта сочлари қировлаган озғин кампир тушига чангали дов қарчиғай кирганини айта-айта сўйланиб юрар эди…
Орадан кўп ўтмай, авжи қиш чилласида, еру кўк паға-паға қор кўрпаси билан ўралганда, дабдурустдан шаҳарга Амир Темур Кўрагон ташриф буюрди. Ичига олов тушган Сорбуғо қипчоқ ҳукмдор этагини ўпиш учун ошиқди.
Соҳибқирон бунақа сафар пайтида кўпинча доруға ҳовлиси ёки чорбоғида қўнар, олий мартабали меҳмонга хос саховату назокат кўрсатишни маъқул билар эди. Аммо бу навбат негадир марҳаматини дариғ тутди, ипакдай эшилаётган Сорбуғо қипчоқни бадтар куйдириб, бедови жиловини Хожа Аҳмад Яссавий хонақоҳи томон бурди.
Эгарда зўрға илиниб турган аъёнлару боёнлар, шоҳона зиёфату ораста бўлмаларни четлаб ўтиб, шип-шийдам манзилга умтилган соҳиби даврон ортидан чурқ этмай эргашдилар.
Шаҳар четроғида қўнқайган хонақоҳ ғира-шира қоронғилик аро аллатовур ваҳимага чўмганди. Фақат баъзи туйнукларидан хира милтираб ёнаётган шам шуъласи кўринар, ора-чорада бедор дарвешлар ва муридлар тиловати қулоққа чалинар эди.
Соҳибқирон йўл-йўлакай сукут сақлади, қори куралган бўсағада отдан тушгач, ҳамроҳлари сари ўгирилиб, оҳиста сўз қотди: “Жаноблар, камина кори-ҳолидин биргина гумашта хабар олиб турса кифоя. Сиз ҳоким ихтиёридасиз!” Сўнг қорувли, ўктам қадду қоматини тик тутиб, салобатли қадамлар билан қия очиқ эшик сари юрди…
Хонақоҳ аҳли баъзи калтафаҳм мардум ўйламай-нетмай туфроқ билан тенг қўядиган табаррук даргоҳга кўнгил боғлаган мартабали зотдан хабар топган ҳамоно, бирдан ғавғо кўтариб, муборак дийдорини кўриш учун ёпирилди. Аммо ҳар қачонгидан қаттиқроқ буйруқ олган бақувват ва абжир гумашта шафқатсиз равишда ҳеч кимни ҳужрага йўлатмади.
Зах ва рутубатнинг ачқимтир ҳидидан Соҳибқирон димоғи ёрилгудек бўлди, аммо зиғирча парво қилмай, эгнидан сийму зар безаган банорас чопони, бошидан нафис пат ва ёқут қадалган қирмизи шоҳи тақиясини бафуржа ечди, девордаги михдан узун тим қора чакмону учли кигиз кулоҳ олиб кийди. Бу ишидан анча енгил тортиб, дарди ҳолини пинҳон тутган узун кечани, бир дам мижжа қоқмай, ботиний тиловат билан ўтказди.
Баҳонада қирчиллама қишнинг зулмат пардасига ўралган сокин оқшомлари ҳамдами ва сирдошига айланди. Бўйра-палос тўшалган торгина ҳужрада кечадиган бедорлик – ботиний зикр онлари нақадар шукуҳли ҳам мароқли: меҳрибон аллоҳ ёди билан қолганда жони ҳузур топар, ич-ичида чироқ ёнар эди. Гоҳо ўзини онадан қайта туғилган одамга қиёсларди, гўё ёруғ дунёни ўша бахтиёр зот кўзлари билан илк бор кўраётган эди.
Бу эрта Соқибқирон, қор тинимсиз учқунлаб, изғирин ва совуқ бениҳоя қаҳрига олиб турган эса-да, Сорбуғо қипчоқ, Жоку барлос, бир неча хос мулозим, ниҳоят, патак соқолли шайх – мулла Нишонни ҳамроҳ қилиб, хонақоҳ бўйлаб айланди. Не-не замонларни кўрган обида деворлари шўр ва нам таъсирида нурай бошлаган, меъморий қиёфасини йўқотишига бир бахя қолган эди.
 – Пийримиз бўлмиш ҳазрат Аҳмад Яссавий бул жойни аллоҳ уйи ҳисоблағонлар, – тушунтира бошлади мулла Нишон. – Олтмиш учдан кейин ертўлани хилват билиб, то умрлари охирига қадар чилла сақлаганлар…
Соҳибқирон фақирликни касбу кор билган Аҳмад Яссавий жасорати афсонага айланиб кетганини яхши билади. Элда машҳур “Ҳикматлар”и ботинида ниҳон теран маънолардан озмунча озиқ олганми? Қачондан бери ўзини улуғ пирнинг ғойибона муриди санайди. Умуман, мана шу саждагоҳ сари муштоқланиб интилгани, бўсағаси гардини кўзига тутиё қилиш тилаги билан ёнгани бежиз эмас.
Бугун кўнглида яна бир эзгу ният куртаклади: илим-иссиқ кунлар келиши билан хонақоҳ таъмирини бошлаш учун етарли миқдорда маблағ ажратади, шундан кейин, иншооллоҳ, ўнғайроқ жойда ҳар ким кўрса қувонадиган мақбара қурдирмоғи лозим.
 Режа устига режа пишитаётган Соҳибқирон эътиборини бир табақаси қийшайган омонат дарвоза биқинида куймаланиб турган, кўзлари киртайган озғин кампир тортди…
Чангали дов қудратли қарчиғайдан огоҳ этган ва улусни анча-мунча шошириб қўйган мўминаи муслима шу тинмасак мушфиқ жон эди. Шўрлик мункиллаб қолган бўлса-да, иссиқ-совуқни писанд қилмай, шаҳарда тентираб юргани, тез-тез бозор оралаб тургани боис, каттаю кичикка бирдек танилиб қолганди. Фақат наслу насаби, исми-шарифи, тирикчилик манбаи, рўзғорини ҳар ким ҳам билмасди. Баъзи ҳангоматалаб қитмир кимсалар эса, аёл зотидан чиққан яккаю ягона қаландар, деб масхара қилишни яхши кўришарди.
–Эй онахон, зап совқотибсиз, – юмшоқ кулди Соҳибқирон, уч-тўрт қадам нарида беихтиёр тўхтаб, – иссиққина сандал кўзида қилсангиз бўлмасми тоату ибодатни?
–Яхшиси… тегирмондин хабар олгайсиз, инсофли банда! – чўккан кўзларини жилдиратиб минғирлади кампир. – Маним тоату ибодатим оғирлиги тушмас ҳеч кимга!..
Соҳибқирон қиёфасини истеҳзо қоплади.
Во ажаб, муштдеккина бўлиб нимага шаъма қилаётир падар қусур бу ёсуман?
–Ҳазратим, оғир олманг, бу шунақа ҳардамхаёл, – хушомад оҳангида бидирлади мулла Нишон, – йўқ ердаги гапларни алжийверади. Худо бас келсун!..
–Таажжубга молик… Кесакдин ўт сачрагандек!
Соҳибқирон, гоҳ ортига қараб, гоҳ бош чайқаб, шошилмай ҳужра сари йўналди. Жимжит ҳужра тўрида, анчайин юпқа кўрпачада тиззалагач, илгари қайдадир кампир билан учрашгандек бўлаверди. Андак оғриётган бошини кафтлари орасига олиб узоқ ўйласа-да, бир тўхтамга келолмади, салдан кейин гумаштани чорлаб, ҳамён тутқазди ва мақсадини айтди.
Гумашта негадир қимирламади: гуноҳ иш қилиб қўйган кимсадек рўпарасида каловланиб турар, яккам-дуккам ажин тушган юмалоқ бетида ташвиш ва хавотир ифодаланган эди.
–Хода ютдингми, бандаи гумроҳ?
–Бир қошиқ қонимдин кечинг, аъло ҳазрат, – ғудранди ниҳоят гумашта, ниҳолдек эгилиб. – Туҳфангизни еткармак иложи йўқтур.
–Ие! – ажабланди Соҳибқирон. – Нечун?
–Шўрликни Сорбуғо қипчоқ навкарлари ҳибс қилмишлар.
–Сабаби аёнму?
Гумашта йўқ маъносида маъюсланиб бош тебратаркан, Соҳибқирон тутақиб кетди. Ахир, не кўргиликки, кимсан Сорбуғо қипчоқ келиб-келиб кучини тўридан гўри яқин бир ожизаи нотавонга кўрсатса!? Чамаси, ҳаргиз молу дунёга тўймаган кўзлари қават-қават шира бойламиш, бас, капангга ўт кетгурни тузукроқ тергаб қўйиши керак.
Соҳибқирон мужда теккан заҳоти шамол каби шитоб етиб келган ва барваста қоматини оёқлари остига ташлаган Сорбуғо қипчоққа нигоҳини тикан қилиб санчди.
–Олампаноҳ, эшитдикки, шаҳримиз ялмоғизи муборак таъбингизга озор бермиш, – деди у дўриллаб, паст тушишни истамай. – Шу боис тегишли тадбир чекдик, токи йўлингизни бошқа тўсмасун.
–Кўп афсуски, хом ўйлабсиз, биродар, – деди Соҳибқирон таҳдид аралаш. – Томдин нарини кўришдин маҳрум сиздек кимса учун амалу мартаба ҳайф!..
–Афу этгайсиз, – энди аранг сазо берди ҳоким. – Яна бир андишаи сабаб бор орада, яъни ўша ожиза бетига художўйлик ниқобини тортган фирибгар эрур.
–Инсоф билан сўйланг, қипчоқ беги.
–Валинеъматим, бизга маълумки, ўғли Эрхонни гўдак ёшидин қин-ғир йўлга гиж-гижламиш. Эндиликда ул баччағар мусулмонлар мол-ҳолига кўз ола қилиш ила рўзғор тебратадур. Ўн кунча муқаддам ифлос тумшуғини хазинамиз қопқасига тиқибдур.
Бирдан Соҳибқирон қош-қовоғи уйилди.
–Қипчоқ беги, унақа нобакор ўғил муқаррар жазо олур, – деди ке-йин афсус билан. – Лекин онаизорни ўз ҳолига қўйинг.
Сорбуғо қипчоқ қайта-қайта қуллуқ қилиб, ошиғич ҳужрани тарк этгандан кейин Соҳибқирон оғир уф тортди. Ахир, зардаси қайнаб, надомат чекканича бор-да: буқаламун сиёқли бу кас олис йўлда ҳамроҳликка ярамайди чоғи!..
Соҳибқирон ботиний тиловат билан машғул бўларкан, руҳи гоҳо ёришар, гоҳо недир ғуборга чулғанар эди. Ибодатдан кейин турк қавми раҳнамоси саналмиш Хожа Аҳмад Яссавий (аллоҳ охиратини тоабад обод айласин!) арвоҳини ҳамхона билиш айрича саодат эканлигини яна мушоҳада қилди.
Соҳибқирон эрталаб, аввалроқ чамалаб қўйганидек, ҳали қаддини тузукроқ тутиб олмаган шаҳар билан тузукроқ танишиш, қисқаси, гузарлари ва бозорларини айланиш тилагида ташқарига чиқаркан, дарвоза олдида яна ҳалиги кампирни учратди ва яна ногоҳ ўй-фикри алғов-далғов бўлиб кетди.
–Онахон, мурувватли тангри таоло фақирни Турон мулкининг тожу тахтига лойиқ кўрмиш, – деди салдан кейин чертиб-чертиб, – бирон арзингиз бўлса тинглайин.
Жонсарак кампир илкис ўгирилар экан, қат-қат ажин қоплаган энсизгина бети, хира тортган нигоҳида недир ҳайрат билан йўғрилган андиша ифодаланди. Ва муборак номи етти иқлимга тарқалган довруқли зотни бошидан оёғига қадар қизиқсиниб кузатди. Лекин чурқ этиб оғиз очмай, қовоғидан қор ёғдириб, чўпдек озғин жуссасига ярашмаган виқор билан йўлини давом эттирди.
Соҳибқирон мийиғида кинояомуз кулди, аммо неки туйган бўлса, барини жимгина ичига ютмай иложи қанча? Ҳозир ортиқча бир нарса дегудай бўлса, кампир дилини бадтар оғритиб қўйиши ва яна ўзи хижолат чекиши мумкин. Ҳайтовур, ўлгудек димоғдор экан, нимасига бунча ишонаркин қурмагур. Зиндонда чийралиб ётган ўғли билан ҳам зиғирча иши йўқдек, тавба!..
Зимистон совуқ чирсиллаган навбатдаги кечада Соҳибқирон босриқиб қолди, тушида кампир қат-қат ажинли бети юмдаланган, ёноқларидан шашқатор ёш думалаётган, қировлаган сочи кўксида паришон ёйилган алфозда кўриниш берди.
Тавба, эрталаб, туши таъбирини ўйлаганча, кўрпачада лолу ҳайрон хомушланиб ўтирганда, гумашта ҳай-ҳайлашига қарамай, қия очиқ эшикдан ўша мўмина пилдираб кирди. Бошига эскироқ бўз рўмол ўраган, эгнида нимдошгина бахмал камзул, қўлтиғига кичик тугунча қистириб олган ва оқаринқираган лабларида синиқ бир кулги…
Соҳибқирон тахмин қилдики, қайғу-алам, айрилиқ ва хўрлик охири суяк-суягидан ўтиб, арз-дод учун келган, ҳозир узундан-узун оби-дийдасини бошлаб, нонкўрлик кўчасида адашган нуридийдаси гуноҳидан кечишни сўраб ўтинади.
–Олампаноҳ, азал тегирмони азалдин бузуқ, – деди кампир бир ёнда чўнқайиб. – Андоғ эркан, шафқат тилашда маза-матра борми?
–Онагинам, маза-матра албатта бўлур, қачонки сўз адолатни тиклаш устида борса! – кескин жавоб қайтарди Соҳибқирон. – Афсус, кўп ҳолда мардум яхши билан ёмонни фарқламас!
–Замона зайли шу бўлса, не қилсин?
–Кўзингиз оқу қораси Эрхон ҳам ўша қаторда, – деди Соҳибқирон кесатиқ оҳангида. – Қилмишини қони билан ювадир, бу мусибат ширин жонингизга аччиқ ботмасми?
–Ботар… Лекин иложим қанча? Пешона шўрини шўр ёш юволмас!
–Намунча ноумидсиз, онахон?
–Негаки, манимдек ожизалар ва нотавонларга ҳамиша чорасизлик чора бўлғон. Сиздек иқболи кулиб, дунё сўраган баҳодир зотларни эса чарх ҳатто қаро тунда ҳам офтоб билан сийлагай!..
–Ҳай, ҳай, мазахлайсиз чоғимда?
–Ҳазратим, кўз очиб кўрганим Румда, тўнғичим Эронда, ўртанчам Ироқда… муборак туғингиз остида жон фидо қилғонини қайси тил билан айтсам!?
Ногоҳ Соҳибқирон дили туб-тубида мисли йўқ қирғин-барот жангу жадал гулдироси, таҳдиду таҳлика аралаш урҳо-ур, яраланиб қулаётган сарбозлар оҳу воҳи, жон-жаҳди билан кўкка сапчиётган асов отлар кишнаши акс садо бергандек туюлди.
 –Нетайки, ота меҳриниям, қаҳриниям кўрмай, кўнгли ярим, кўзи ўлардай оч, қўли эгри бўлиб ўсди Эрхоним!..
–Онахон, тақдир-да!..
–Аттанг, ўлат тегиб, гўдаклигида ўлиб кетмаган экан, ҳозир насоғига қолиб ўтирмас эдим!..
Гумашта мўралаб суҳбат бўлинди.
Кампир хайр-хўшни насия қилиб жўнагач, Соҳибқирон кўкси бутунлай ҳувиллаб, ибодат билан машғул бўлиш ва сал-пал овуниш учун тараддуд чекди. Лекин, ҳарчанд уринмасин, қаники ўй-фикрини бир нуқтада жамлай олса?!
Эрталаб Соқибқирон аниқроқ туйди: таърифлаш маҳол бошқача эврилиш қўзғалган эди руҳида. Шунақа ҳол илгари ҳар қадамда ва ҳатто ҳар сонияда юз берарди, бу ерга ташриф буюргандан бери кўнгли тинч-хотиржам тортиб, анча енгил нафас олаётган эди. Ажабо, яна нима бўлди? Тахминига кўра, ишни кеча кампир бузиб кетди. Тавба, ҳар гал у билан учрашганда нимадир рўй бераётир, нима бало, афсун қиладими?
Соҳибқирон асрдан кейин негадир, ҳужрага сиғмай, бир жойда ўтиролмай қолди, юраги пўртанадек тошиб, сезимлари ўт тушгандек чатнаб кетаверди. Кимдир гўё олисдан элас-элас чақирар, хиёл маҳзун хайрихоҳ товуш инон-ихтиёрини ўғирлаган эди. Сиру синоат билан ўралган хилват оламидан садо келармиди, ким билсин.
Бир пайт ҳушини ўнглаб қараса, тепада сон-саноқсиз қарғалар чарх уриб фарёд чекаётир, қор зарраларини чирпирак учира-учира изғирин ғувиллаб эсаётир, жисму жонида – таърифи йўқ бир исён!..
Қиялик шимолида ястанган қабристон ўртасида, юқори тарафида учига туғ боғланган йўғонгина эгрироқ ходача қўндирилган оддий гўр ёнида хомуш тиззалаган, кулоҳ қўндирилган боши хам… Лабларида умиду илинж аралаш маҳзун шивирлаш: бузруквор, фақир қошингиздамен!..
 Соҳибқирон ниҳоят яхлаган кесакка аста пешонасини тегизиб хўрсинар экан, дорилфано билан дорилбақо ўртасида гулдираб ётадиган тегирмонни кўргандек бўлди. Орадан тахминан ярим соат ўтса ҳам ҳамон пири комилни абадий паноҳига олган тупроқ уюми биқинида паришон чўккалаб турарди.
Тишлари такирлай бошлаган гумашта, вақт бемаҳал бўлиб, қаҳратон совуқ кучайиб бораётганини учинчи марта юрак ютиб эслатгач, қайта дуойи фотиҳа ўқиди-да, шошилмай йўл тортди.
Соҳибқирон қайсидир гузар чойхонаси олдида, қор кўмган дарахтлар остида, ҳалқа солиб ғивирлаётган аёлу эркакка дуч келди. Ногоҳ кимдир кўриб қолиб, ўзини ошиғич панага урди, тез орада бошқалар ҳам шивир-шивир билан тўрт тарафга сурувдай тирқираб кетишди. Фақат бир киши қоқилган қозиқдек қимирламади, ажабо, у ҳар қачонгидан кўра юпунроқ кийинган, ранг-рўйи тағин ҳам заҳиллашган кампир эди.
–Бузайтурғон кўп-ей… Тузайтурғон қани? Эсизгина!..
Буни қаранг: заҳар томади-я тилидан!..
Қурмагур кампир хириллоқ товушини атай кўтариб кесатаётгани ва ҳамиятига тегаётгани бежиз эмас, ахир, кимсан етти иқлим устидан ҳукм юргизишга қодир жаҳонгир бўла туриб, ҳалигача бир майда жумбоқ ечимини топмади-да. Эрхон можаросидан Сорбуғо қипчоқ сўз очишни истамагани табиий ҳолдир, хўш, нечун ўзи сиру савдо тагига етиш учун сал бўлсин қизиқмади? Ҳордиқ истаб, осудалик тилаб, хилват сари чекингани баҳона, арқонни бу қадар узун ташлаб қўйиши кўпам рисолага тўғри келмаса керак.
Соҳибқирон бехосдан йўлини ўзгартирди.
Бетига санчилаётган изғиринни писанд қилмай, жадал лўкиллаб борар экан, тезроқ Сорбуғо қипчоқ билан ораочди қилиш – бетидан ниқобни олиб ташлашни мўлжаллар эди. Атрофида бели бақувват, дасти узун касларни тўплаган, ўшалар паноҳида ўзига ортиқча бино қўйган ҳоким осонликча жон бермаса керак. Лекин зиғирча айбини сезса борми, томири сувга етган эса-да, жаллод илкига топширади нобакорни!..
Нозик ганч нақшлар билан зийнатланган улкан хонаи хосни чилим тутуни тумандек ўраб олган, зарҳал косаларда қирмизий шароб кўпираётир, узун дастурхонда сархил нозу неъматлар муҳайё эди. Қўшқават адрасу кимхоб кўрпачаларда бемалол қўр тўкиб ўтирган, қовоқлари кўпчиган сархуш кишилар ҳазил-мутоибаси ва қийқириғи бемалол ташқарига эшитилади. Тўрда бесўнақай оёқларини узатиб ёнбошлаган Сорбуғо қипчоқ хотиржам пинак қилар, ҳар замонда хирхираб хуррак тортар эди.
–Оҳ-ҳо, базми жамшид авжида-ку, – гулдираган товушда кесатди Соҳибқирон, остона ҳатлаган зақоти. – Дунёни сув босса ўрдакка не ғам, шундайми?
Сачраб кетган давра аҳли баравар пойига ёпишди.
–Қадамларига ҳасанот, қиблагоҳим! – тутилиб лутф қилди Сорбуғо қипчоқ, муз остидан чиққандек дағ-дағ учиб. – Бир қошиқ қонимиздин кечгайсиз, ғофил қолибмиз.
–Қипчоқ беги, эшитдимки, амрингизга кўра эрта-индин Эрхон дорга тортилур, – дангалига кўчди Соҳибқирон. – Билай-чи, бандаи мўмин қанча сийму зарингизни қия қилмиш?
–Ҳай, ҳай, нимасини айтайин, жавоҳирот тўла сандуғча йўқолган, олампаноҳ, – деди Сорбуғо қипчоқ, ҳамон қалтироғи босилмай. – Бундан кўп афсусдамиз.
–Ризобек, сиздан эшитайлик, – ҳоким каби гангиб, адойи тамом бўлаёзган қозикалонга юзланди Соҳибқирон. – Рости қайда-ю, кўсти қайда, ўзингиз тузукроқ англатгайсиз.
–Муҳтарам ҳоким ростини айтди, – беихтиёр нигоҳини олиб қочди қозикалон. – Нафси ҳакалак отган муттаҳам Эрхон хазинамиз баракасини учирмиш!
– Ақлга сиғмас, қандоғ эплади экан? – чўзилиб кетган нохуш жимликни бузди Соҳибқирон. – Нима, гумроҳ соқчиларни ғафлат босган эрдими?
–Олампаноҳ, – жон ҳовучлаб ғудранди қозикалон, – тафтишни бошқариб турган бош вазир борини биздин пухтароқ билур.
Совуқдан яхши асрайдиган қалингина зарбоф тўн кийган Қодир Бўтабек ҳоли-руҳи айниқса забун: ҳалидан бери, ҳамма қатори, бўлма тўрроғида оёғи куйган товуқдек типирчилаб турар, ичидан қиринди ўтаётгани боис, ранг-рўйи кўкариб кетган эди.
–Бир қошиқ қонимдин кечинг, эй улуғлар улуғи,– деди у тили аранг буралиб, букилганча қайта-қайта ер ўпаркан. – Фақир алардин ортиқ далил билмасмен…
–Ҳоким ва қозикалон ҳукмига розимисиз?
–Барча розидур. Фақир ажралиб қолармидим?
–Ҳа, тузук… Бу дунёда кимки ўғри, заволи ҳар доим тайин!..
Қарийб бутун мамлакатда таниқли, хусусан, шу атрофда сўзи қиличдек кесадиган уч мансабдор берган гувоҳлик асли етарли эди. Ҳатто улар Эрхон айбини бўйнига олганини бир неча марта куйиниб таъкидлашди. Фақат у ҳозирча сандуғчани қайга яширгани ва ичидаги бойликни кимлар билан бўлишганини сир тутаётган экан, агар оғзидан гуллайдиган бўлса, ёввойифеъл шериклари бир кечада тинчитиб кетишармиш!..
Соқибқирон кўзлари олма-кесак тераётган Сорбуғо қипчоқ қароргоҳида андак таскин топди, ҳоким ва бошқалар билан хайрлашиб, хонақоқ сари қайтгандан кейин ичини ҳар хил гумонлар юмдалади. Афтидан тафтиш шунчаки номига, пала-партиш ва хом-хатала ўтказилган ва кўп нарса ноаниқ қолган кўринади. Қайтадан барини бирма-бир чиғириқдан ўтказиш мақсадга мувофиқдир. Аниқроғи, Эрхонни аямай қаттиқроқ бураш керакки, токи билган-кечирганини ипидан-игнасигача сўйласин.
Шаҳар аллақачон ором оғушида…
Соҳибқирон эса бедор: совуб кетган жимжит ҳужра ўртасида, Қуръони карим қўйилган лавҳ ёнида мук тушиб, хаёлан турли кўчалар бўйлаб кезиб юрибди. Ўй-фикри бир дам тутқич бермас, тобора чуваланиб, боши ғовлар эди. Ногоҳ кампирни эслаб, ғусса ва афсусга чулғанар экан, эшикдан гумашта мўралади. Билдики, ҳузурига кимдир келган, ажабо, нақд катта саҳарда-я!?
Cоҳибқирон ижозати билан эшикдан ошиқиб кирган, пешида аллатовур орзиқиб тиззалаб, этагини қош-кўзига сурта бошлаган мош-гуруч соқолли кишини илгари қайдадир, адашмаса, Сорбуғо қипчоқ саройида кечган бир машваратда учратган эди. Эҳтиром расму русумини келиштириб ўрнига қўйгандан кейин меҳмон ниҳоят ўзини таништирди. Ростдан ҳам у хазинабон Мустафо Шоший бўлиб чиқди.
– Хўш, биродари азиз, нечун кундуз ёруғида келмай, кеча қоронғусида безовта қилурсиз фақирни?
–Қиблагоҳим, афу этгайсиз мен одобсизни, лекин мабодо малъунлар билиб қолсалар, калламдин жудо бўлурмен, – маҳзун қиёфа олди Мустафо Шоший. – Шу сабаб бемаҳал қадам ранжида қилмакни маъқул топдим.
– Шунақами? Қулоғим сизда.
– Эрхон жавр остида қолмиш!..
– Билиб қўйинг, ёлғондин тўйғонмен.
– Олампаноҳ, зиғирча ёлғон сўйласам, тангри қарғишига учрайин ва тил тортмай ўлайин, – деди узиб меҳмон. – Муборак хотирингизга маълум бўлсинки, дастлаб тафтишда иштирок этибмен. Аммо кейин қозикалон қистови билан ҳоким фақирни четлатмиш!..
–Сабаб?
–Сабаби… Валинеъматим, Эрхон гуноҳдин холи, бечорани тезроқ ҳибсдин бўшатиш лозим деган таклиф айтганим!
–Каззобга тарафкашлик қилдингизми?
–Имонимни тикиб айтамен, ғазнадин сандуғча йўқолгани рост, лекин ани Эрхон ўғирлагани хусусидаги хулоса уйдирмадур.
–Йўғ-е! Исботи борми?
–Ишонмасангиз, ўзидин сўранг, қиблагоҳим… Тўғри, бандаи ожиз хазинага кирган, маъқул туюлган сандуғчани ўмаришни мўлжаллаган, аммо кейин…. Тасодифан деворда бир битик кўриб қолгану айниган.
–Битик? Хўш, хўш?!
–Шундоғ, олампаноҳ… Деворда ҳунаргир хатттот: “Аллоҳ қилаётган амалларингиздан хабардор бўлгувчидир” деган ояти муборакни иншо қилган экан. Ҳар неки қилмиши хуфия қолишига ишониб юрган Эрхон, ҳалиги битикни ўқигач, пешонасига бир шапати урган ва шашқатор ёш оқизганча сандуғчани жойига қўйиб жўнаган. Эшикдан чиққан жойида… уйғониб қолган қоровуллар тутишган!..
Мустафо Шоший куйинганча юраги тубидан чиқариб сўйлар, ҳужра совуқ бўлишига қарамай, ажин тилимлаган энли пешонасини реза-реза қайноқ тер қоплаган эди.
Имони бутун одам эканлиги ранг-рўйидан билиниб турган хазинабон изоҳларига астойдил қулоқ тутган Соҳибқирон калава учини топгандек енгил тортди, муҳими, мавриди келган заҳоти Эрхон билан учрашишни мўлжаллади. Тун бўйи тузукли ухламай, каллаи саҳарлаб ҳузурига Сорбуғо қипчоқни чорлади-да, кўнглида борини баралла айтди:
– Қипчоқ беги, дарҳол фармони олий битилсун. Биз Эрхон хунидин кечдук. Йигит яшамоғи керак. Яна бир тафтишдан кейин умуман бирон жазога лойиқ ёки нолойиқ эканини жиддийроқ ўйлаб кўргаймиз.
Бунақа бўлишини кутмаган Сорбуғо қипчоқ оқара-бўзара эътироз билдиришга уринди. Лекин Саҳибқирон бир ола қараган эдики, писиллаб ўчди-да, калтак еган ит каби думини қисиб жўнади…
Ҳуш-хаёлини хилват ихтиёрига берган Соҳибқирон орадан икки кун ўтиб кетганини сезмай қолди. Бугун эрталаб гумашта кириб-чиқиб дастурхон тузаётган чоғда, бу дунёйи дунда қаҳру ғазаб юпанч бўла олмаслигини ўйлаб ўтирарди. Салдан кейин шунчаки ул-бул тотинди-да, токчадан қалин муқовали китоб олиб, аста-секин варақлай бошлади. Қайсидир қизиқарли фаслдан ярим-бир бет ўқиган эдики, ногоҳ остона гусирлаб, кўзлари косасидан ирғиб чиққан Сорбуғо қипчоқ шошилиб кирди ва барваста гавдасини пойгакка отди.
–Қиблагоҳим, кўргилик, Эрхон ўзини ўзи чавақлаб ташлаптур!..
–Қипчоқ беги, не деб саннайсиз?
–Афсуски, сўзим рост! Мусибат содир бўлмиш!..
Соҳибқирон, китобни тезда жойига қўяркан, қоплондек шиддат билан отилиб турди-да, титраб-қақшаб юкунаётган Сорбуғо қипчоқни ёқасидан бўғиб кўтарди ва шахт билан силтаб юборди. Ҳарчанд ўзини босишга тиришмасин, кўкси сим-сим ачишар, руҳи остин-устин бўлиб, еру кўкка сиғмай қолган эди.
Кўп афсус, лоқайдлик ўтиб, тадбирни пухта қилмади, буткул қўйиб юборди савил қолгур жиловни, энди шундоқ ҳам аламдийда, бағри бийрон муштипар онахон бетига қайси кўз билан қарайди? Эрта тағин ҳужрасига халтасини қўлтиқлаб келса-да, инсофли банда, барака топинг, тегирмон ҳолидан хабар олиш шунчалик бўлар-да, деб кесатса, эй художон, не кечади ҳоли, тутдек тўкилиб тугамасми!?
Яна афсуски, Эрхон нечун қасд қилди экан жонига?
Бас, аччиқ ичакдай чўзиб ўтирмай, тезроқ сиру савдо тагига етиши, оқни оққа-ю, қорани қорага ажратиши лозим, акс ҳолда, руҳида қўним топа бошлаган осудаликдан жудо бўлур. Ҳозироқ тафтишни саркарда Жоку барлос ихтиёрига топширади. Одам таниш, вазиятни тўғри баҳолаш ва ҳатто из топиш бобида у бесуяк…
Чиндан ҳам саркардалар ичра энг салоҳиятлиси ҳисобланган Жоку барлос Эрхон атрофида юрган аввали-охири йўқ миш-мишларни аллақачон эшитганди. Соҳибқирон гарданига махсус вазифа юклагач, бир неча хос мулозим ёрдамида жадал ишга киришди ва эртаси шомга яқин муфассал маълумот берди.
Қоқ ярим кечада, атроф жимжит бўлиб қолганда, зиндон соқчилари чопқин қилинган, хунрезлик Эрхонни орадан кўтариш учун амалга оширилган, чатоғи шундаки, фитна бошида Сорбуғо қипчоқнинг ўзи турган эмиш!..
Соҳибқирон аранг босди ғазабини, бас, деди ичида, итдан бўлган қурбонликка ярамас, ҳар қадамини назоратда тутиш ва хашагини очиб ташлаш лозим. Ёлғиз тангри нажоткор! Билмаган экан, бу шаҳар иқлими ва амалдорлари кўнглини рутубат босмиш, бундан хос ҳам, авом ҳам жабру жафо тортур. Мискинлик ҳеч қачон айб саналмас, аксинча, жаҳолат сари оғиш гуноҳи азимдир. Кимлиги номаълум бир ожиза мансабни от қилиб минган касларга қандай бас келсин. Шўрлик ҳозир ўз ёғига ўзи қоврилиб ётгандир. Бир бориб кўнглини сўрайди, шунга ҳафсала қилмаса, бекор катта гапириб юрган экан ёруғ дунёда!..
Эрталаб, қор учқунлаб турганда, чакмону чопонга ўралган амирлар ва беклар хонақоҳ олдида тўпланишди. Ҳамма Соҳибқирон этагини тавоф қилиш учун ошиқарди. Лекин у ҳар кимга руйхушлик бермас, қовоғи солинган ва паришон эди. Бошига қундуз телпак қўндирган Сорбуғо қипчоққа кўзи тушганда, ичини айниқса нимадир ёндириб, доғули саломига алик олишни ҳам истамади.
Соҳибқрон гумашта ўнглаган гижинглаётган тўриқ белига абжирлик билан қўнди-да, шитоб жиловни силтади, вазиятни англагандай жонивор думини хода қилганча, изғирин супураётган ўнқир-чўнқир кўча бўйлаб йўрта кетди.
Ҳайрату ҳавасга кўмилган мулла Нишон зўр иштиёқ билан йўл кўрсатиб борди. Салдан кейин у минган қовурғалари саналиб қолган чўгир шаҳар четидаги кўримсиз ҳовли рўпарасида пишқириб тўхтади.
Дарвоза икки қанотида беш-ўн киши бел боғлаган ва қўл қовуштирган ҳолда сукут сақлаб турарди. Безотиғли отларда елиб келган, шоҳона либослар кийган аслзода зотларни кўриб, улар шошиб-гангиб қолишди. Анча тетик кетмон соқолли чол, гузар оқсоқоли шекилли, кампир бетоб ётганидан хабар бериб, тавозе ила ичкарига шошилди.
 Оқсоқол изидан фақат Соҳибқирон, Жоку барлос, Сорбуғо қипчоқ, Қодир Бўтабек ва Ризо олчин эргашди, бошқалар ҳассакаш биродарлар қаторидан жой эгаллашди.
Соҳибқирон гупиллаб исириқ ҳиди анқиётган торгина даҳлизга кираркан, гўё бирдан бағри ўпирилди, ахир, ғира-шира қоронғилик қаъридан мўлтираб боқаётган ҳорғин ва маъюс кўзлар таънасига тоб бериш осон эканми, қодир эгам?
Тўрда уйилган лўла-болишга елка тираб ўтирган, жуссаси яна ҳам кичрайган кампир оҳиста пичирлаб дуо ўқиётир, ранг-рўйида бир олам мунг ва ҳасрат нақшланиб қолган…
Узун қора кўйлак кийиб, қора рўмол ўраган ғундалаккина хўшрўй аёл, келини бўлса керак, атрофида паймона патак, ҳатто ҳар бир сўзи ва ҳар бир имо-ишорасига маҳтал…
–Онахон, бандалик, – деди Соҳибқирон, қисқагина дуойи фотиҳадан кейин, бўғзи ачишиб. – Аллоҳим жаннатини аямасун!..
–Илойим, шундай бўлсин, – оғир сулиш олди кампир, калта киприклари намланиб.– Кеча айтишди, мурувват қилган экансиз.
–Ҳа, имкони борича… Аммо фақир доғда қолдим.
–На чора? Осмон узоқ, ер қаттиқ! – қат-қат ажин босган ёноқларидан думалаган шашқатор ёшни заҳил тортган кафтлари билан секин артди кампир. – Шаҳаншоҳим, минг бора узр, иззат-ҳурматингизни жойига қўйолмадик. Сиздек улуғ зот ҳамиша қўноғимиз бўлмас.
– Хижолат чекмак мавриди эрмас, онахон.
– Худо ҳақи, ташрифингиздин бошимиз кўкка етди!..
Ахийри, хиёл тетиклашган, оз бўлса ҳам кўнгли ёришган кампир беихтиёр нимжон гавдасини кўтарди ва олий мартабали меҳмон чеҳрасига қайтадан разм солди.
–Олампаноҳ, шу десангиз, бугун… ё эртами… бева қолган келинимга бир юмуш буюрмоқ ниятида эдим, худойимдин ўргилай, мушкулимни ўзи осон қилмиш!..
– Не юмуш экан, онахон?
– Ёдингизда борми-йўқми, билмадим, замонида сиздин бир омонат қолғон ихтиёримда!..
Қўшқават бахмал кўрпачада ҳорғин тиззалаган Соҳибқирон, ногоҳ ҳушёр тортиб, ихчам кузалган соқолини силади. Тавба, кўп аломат ва нақадар ҳайратли, ахир, тўридан гўри яқин кампир қандай омонат устида сўз юритаётир? Қурмагур кўпни кўрган ва бир балони билади-ёв. Ёки ширин жони бўғзига тиқилиб, алжирай бошладими шўрлик?
Ҳар ҳолда Соҳибқирон, шубҳаларини ҳайдаб, охиригача сабр билан хотиржам кутишга қарор берди. Бу орада кампир бир қадар жонсарак бўлиб қолгани ва орзиқаётгани сезилди, ҳатто ногоқ мўъжиза рўй бериб, ёшлик фаслига қайтган каби, нигоҳи бошқача чақнай бошлади. Сўнг нимадандир чўчинқирагандай астагина бош ирғади. Ўша заҳоти келин тахмондаги майда нақшлар чекилган сандуғдан ола-була тугунча олди.
Соҳибқирон лолу ҳайрон бўлиб кулимсиради, ахир, тунов куни қора совуқдан чўчимай юпун кийинган кампир, тўсатдан ҳужрасига бостира кириб, юрагини тўкканда шу нарса қултиғида эмасмиди?
– Марҳамат, шаҳаншоҳим!..
Во ажаб, ғира-ширада ялт-юлт қилаётган матоҳ нима?
Ҳушими ёки туши – бинойидек кўз қамаштирар камар-ку!
Ростдан ҳам ақл бовар қилмас: нақшлари қавариқ тилла тўға, нозик зарбланган заррин ҳошия, лов-лов ёниб товланаётган лаълу ёқутлар нақадар яқин дилига!..
Соҳибқирон ўтли нигоҳини рўпарасида ҳам мунғайиб, ҳам синиқ кулимсираб турган кампирга кўчирди ва ногоҳ ўзини ширабўрон аралаш ураётган лайлак қор қўйнида, тириклик нишонаси йўқ зимзиё ва кимсасиз дашт ўртасида кўргандек бўлди…
Барини аввалидан-охиригача эслади: омад бутунлай юз ўгирган ўша мудҳиш кунда, барча шеригидан адашиб қолиб, мўғуллар пистирмасига дуч келган ва елкасига камон ўқи санчилган эди. Узоқ муддат туз тотмай, кўп қон йўқотгани сабабли, тинкаи мадори қуриб, охири бир қишлоқ яқинида юзтубан қулади. Эс-ҳушини йиғсаки, мол тезаги ва пичан ҳидига тўла ним қоронғи оғилда, пичан ғарами ичра афтодаҳол ётибди. Кимдир малҳам суриб, ярасини боғлабди. Кейин билса, халоскори хокисор ва нозиккина хушрўй аёл экан…
Тез орада куч-қувватга энгач, аёлни сийламоқ ниятида, чўнтагини ковлади-ю, сариқ чақа ҳам тополмади. Охири, хижолатини яширолмай, қуруқ раҳмат айтиш билан кифояланди.
Қор кўрпаси остида мудраётган Кеш сари юзланаркан, бўз йигит бўлиб бўй кўрсатганда, падари Тарағай баҳодир эзгу ният билан белига боғлаб қўйган камарни ўша ерда унутиб қолдирганини билди. Оҳ, шунақа афсус чекдики, недир оғриқдан қатто юраги тарс ёрилаёзди. Ахир, у шунчаки оддий буюм эмас, баҳоси ҳам, такрори ҳам йўқ ёдгорлик: етти пуштини кўрган ва етти бобокалони жисму жонига мадор бўлган. Узоқни кўра оладиган бузруквори эса, вақти-соати етганда, ўзи уни энг жўмард ва оқил фарзандига топшириши лозимлигини неча марта қулоғига қуйганди.
Соҳибқирон ғаму андуҳга ботди, вақтни бой бермай, беш-ўн ишончли навкар билан ҳалиги қишлоққа ошиқиб келди. Аммо кунига яраган аёл дарагини тополмади, ҳовли-жойини мўғуллар ёқиб юборган экан…
Соҳибқирон, камарни ёдидан чиқармаган эса-да, аллақачон ундан умидини узганди. Ахир, бунақа нархи баланд камёб молни ким ҳам ўзиники қилиб олишни истамайди.
–Онахон, фақир шу дамгача ҳеч кимга, ҳатто қудрати зўр подшоҳларга ҳам бўй эгмай яшадим. Аммо сизга таъзим қилсам ярашур. Бугундан сизга ўғил бўлдим!..
Соҳибқирон аста кафтини кўксига босди.
Чамаси, кампир ҳам ўша дамлар аччиқ-чучуги, оғир-енгили ва жабру жафоларини хотиридан кечираётган эди. Эҳтимол, шу боис озғин юзи ажинлари тобора ечилиб, нигоҳи нурланиб борарди. Фақат кошки ҳали алоҳида лутф билан айтилган таклиф, адо этилган эҳтиром дилида ўрнашган қават-қават доғларни ювиб юбориш учун озгина яраса!..
–Онахон, айтинг, фақир не қилсам дилингиз шодланур? Ҳозир ҳар неки тилагингизни мустажоб қилишга ҳозиру нозирмен! Буюринг, бемалол иккиланмай буюринг, эй онахон!
Кампир жавоб қилмай хўрсинди, ҳеч кимга эътибор бермай, бошқатдан лўла-болишга оҳиста суянди-да, хиралашган ва ҳалқа-ҳалқа ёш айланаётган кўзларини беҳолгина юмди…
Шу билан суҳбат боқий бўлди.
Соҳибқирон мўлтираб қулт-қулт ютинаётган кампирнинг йиллар тамғаси босилган чеҳрасига охирги марта ўгирилиб қаради, кўкси увалганча нимадир дегиси келди, аммо дарҳол тилини тийди. Оғир-оғир қадамлар билан даҳлизни тарк этган мақалда, безовта юраги лағча чўғ теккан каби куйишаётган эди.
Соҳибқирон ҳамон изғирин увиллаб супураётган ўнқир-чўнқир кўчадан бедовни қичаб ҳайдади: бир интиқлик билан тангри уйи бўлмиш хонақоҳда қойим хилват сари ошиқарди. Изидан эса қорама-қора бир шарпа шовурсиз йўрғалаб келарди…