Мушукнинг туши
Эшикни ташқаридан бир-икки қиртиллатиб қўйгач, хонага лапшайган бир Сичқон кириб келди. “Ия!” деб юборди Мушук.
– Оқсоқол сизмисиз? – дея чийиллади Сичқон. – Сизга арзим бор.
– Арзинг бўлса, сал берироқ келиб гапиргин-да, – уни таппа босишга шайланиб минғиллади Мушук. Кейин Сичқоннинг: “Қўшним билан жанжаллашиб қолувдик”, деган сўзини ешитиб шаштидан қайтди.
– Нима, у сени ноҳақ дўппосладими? – яланиб сўради Мушук. – Қани, ўша зўравонни буёққа чақириб кел-чи.
– Дўппослагани йўғ-у, кўпчиликнинг ичида мени бекордан бекорга ҳақорат қилди, – йиғламсираб дардини айтди Сичқон.
– Ие, ҳали гувоҳлар ҳам бор дегин? – севиниб кетди Мушук. – Ўзинг биласан, ҳамма ишда ҳақиқат бўлгани яхши. Масалани адолатли ҳал қилиш учун ўша гувоҳларни ҳам олиб келишинг керак бўлади.
Орадан ҳеч қанча вақт ўтмай, нодон шикоятчи тўрт-бешта сичқонни ергаштирганича “оқсоқол”нинг ҳузурига кириб келди. Мушук мулойимлик билан уларни ўтиришга таклиф қилиб, аста ешик томонга ўтди. Сўнг кутилмаганда, шоша-пиша эшикка тамба уриб, лақмаларни хона ичига қамаб олди…
Агар у уйғониб кетмаганида, роса-а мазза қилган бўларди-да.
Қуённинг туши
У сарой созандалари чалаётган ёқимли куйга берилиб, қулоқларини шалпайтирганича тахтда уйқусираб ўтирар, қаршисида ёш Бўрилар эшилиб-эшилиб рақс тушишарди. Кечагина бутун дарани зириллатиб юрган жангари Шер эндиликда унинг итоаткор вазири сифатида икки қўлини кўксига босган куйи мулойим жилмайиб турарди. Тулки, Шоқол, Айиқ цингари иприндилар жаҳлдор ҳоқоннинг совуқ кўзларига пастдан тез-тез чўчинқираб боқиб қўйишар, фақат бош жаллод Йўлбарсгина одатдагидек теваракка олазарак назар ташлар, у Қуён ҳазрати олийларининг андак ишорасига мунтазир эди.
Бир маҳал, Қуённинг қаршисида бош ошпаз Қоплон пайдо бўлди. Қоплон думини шипга, тумшуғини ерга теккизгудек бўлиб таъзим бажо келтиргач, шаҳаншоҳнинг тушлиги учун қизилча қўшилган карамқийма тайёрлаб қўйилганлигини маълум қилди. Ошпазнинг сўзини эшитиб, шаҳаншоҳнинг бирдан иштаҳаси очилиб кетган бўлса-да, бошқаларга ўзининг кимлигини яна бир бор эслатиб қўйиш мақсади-да: “Мен сабзи ейман!” дея инжиқланиб айюҳаннос солди…
– Мунча чийиллайсан, болам? – дея уйқуда алаҳсираётган ўғлини шошиб тинчлантира бошлади она Қуён. – Шу топда сабзини қаердан топаман сенга? Жим бўл, атрофда йиртқичлар изғиб юришибди.
Лайлакнинг туши
Қирқ бошли аждарҳодек ёприлиб келган қоп-қора булут бир ҳамла қилишдаёқ қуёшни ютиб юборди. Кетма-кет чақмоқ чақнади. Момақалдироқнинг гумбур-гумбуридан қамишлар танасига зирқироқ кирди. Осмондан ёмғир аралаш қурбақалар ёға бошалади.
Қурбақалар тарвайганича учиб келиб, вақиллаб ерга урилар, мияси лат еганлари ўша заҳотиёқ беҳуш сулайиб қолар, юмшоқроқ жойга тушганлари эса оқсоқланганича бориб, дарҳол кўлмакка шўнғир эди. Осмондан тушаётган қурбақаларнинг баъзилари зувиллаганича келиб шерикларидан бирига урилар, шунда пастдаги бақанинг жаҳли чиқиб унга аямай тарсаки тортиб қоларди. Шапалоқ еганлар ҳам, ўз навбатида, ҳозиргина устига келиб урилган бақа билан қуриллаб-қуриллаб муштлаша кетарди.
Вақтинча панага ўтиб олиб, қувончдан тинмай ирғишлаб юрган бахтиёр Лайлакларнинг қийқириғи тобора кучайиб бораётган қуриллоқ овозлар тўлқинига кўмилиб кета бошлади…
Шовқиндан уйқуси бузилган оч Лайлак қаноти билан кўзларини ишқалаб қўйди-да, бу ўрамда жуда кам учрайдиган гўштдор қурбақани тишлаб олганича ёнидан гердайиб ўтиб кетаётган қўшнисига ҳавас билан тикилиб қолди. Ҳалиям жонидан умидини узмаган шўрлик қурбақа бақувват тумшуқлар орасида зорланиб-зорланиб қуриллаб бораётганди.
Қисқичбақанинг туши
Тўлпоқ Илонбалиқча авваллари Қисқичбақахонни нуқул эрмак қилиб юрарди. Энди бўлса, ёнига суқулиб келиб: “Мен билан бирга ўйнай қол”, деб элана бошлади. Илонбалиқча билан ўйнагиси келиб турган бўлса ҳам: “Хўш, нега энди бирдан менга суйканиб қолдинг”, дея шубҳаланиб сўради жиккак Қисқичбақахон. Илонбалиқча олдинига бироз ўнғайсизлангандек бўлди, кейин дудуқланиб аста гап бошлади:
– Илгарилари сени беҳудадан беҳудага хафа қилардим. Энди билдимки, жудаям эслик қизча экансан. Яна… чиройлисан.
Жажжи Қисқичбақахон ич-ичидан қувониб кетса-да, буни Илонбалиқчага сездирмасликка ҳаракат қилди.
– Нима, ҳалиги ўртоғинг жонингга тегдими? – сўради у босиқлик билан.
– Мен энди Лаққахон билан сираям бирга ўйнамайман, – бирдан тумтайди Илонбалиқча. – Кеча у менинг чувалчангимни ўғирлаб қочди. Шу ҳам ўртоқ бўптими?
Кейин у Қисқичбақахоннинг кўзларига мулойим боқиб, сўради:
– Менга ўртоқ бўласанми?
Қисқичбақа “Ҳа!” демоқчи эди, улгуролмади. Лаққахон билан қувалашиб юрган Илонбалиқча сувни қаттиқ тўлқинлантириб ўтди-ю, уни уйғотиб юборди.
Бўрибосарнинг туши
Умри бино бўлиб, Бўрибосар бунақа ғаройиб гулзорни кўрмаган эди. Атиргул шохида қўйнинг поча суяги, сапсаргул новдасида сигирнинг қовурғаси, карнайгул поясида эчкининг мижиги шода-шода бўлиб осилиб ётар, агар итнинг ўрнида бўлсангиз, сиз ҳам албатта ҳайратдан донг қотиб қолган бўлардингиз.
Ўнлаб ариқчаларда жилдираб оқаётган ювиндилар гулзор ўртасидаги улкан ҳовузга бориб қуйилаётганди. Гулзордаги барча сопол йўлаклар улкан итялоқни эслатувчи ўша ҳовузга келиб тақалар, бу йўлакларнинг ҳар икки ёқасига фақат аслзода итларнинг бўйнига боғланадиган қимматбаҳо мис занжирлар тортиб қўйилган эди.
Бу ер одамларнинг бақириқ-чақириқлари, қўй-сигирларнинг баъраш-мўврашлари, қушларнинг чуғур-чуғури ва бошқа асаббузар шовқинлардан тугалай ҳоли бўлиб, фақат итларнинг акиллашигина бурчак-бурчаклардан эшитилиб қоларди.
У энг “серҳосил” атиргулнинг остига бориб, унинг пастки шохидаги топ-тоза поча суякка аста тумшуқ чўзди…
Шу пайт, эгасининг “Бўрибосар!” деган таниш товушини эшитиб қолди-ю, эринибгина кўзини очди. Олдига тап этиб алланарса тушгандек бўлди. Ит тупроққа қоришиб ётган кир устихонга бирпас тикилиб тургач, ҳафсаласизлик билан яна аста кўзини юмди.
Каламушнинг туши
Катта бошлиқ уни ўз ҳузурига чақириб, тергай бошлади:
– Сен директор бўлган калиш фабрикаси мендан каттароқ бошлиқларни ҳам ташвишга солиб қўйди. Биринчидан, режалар бажарилмаяпти. Иккинчидан, Ғоз ва Ўрдаклар учун ишлаб чиқарилаётган калишларнинг ярмидан кўпи яроқсиз.
– Сичқонларни ишга олиб хато қилган эканман, – деб ўзини оқлашга уринди Каламуш. – Калишларни ўшалар ғажиб қўяётганига шубҳам йўқ. Бугуноқ уларнинг думини тугаман.
– Ўтган сафар ҳам шунақа деган эдинг, – жеркиб берди катта бошлиқ. – Энди бизни лақиллатиб бўпсан. Хуллас, ўзингнинг думингни тугамиз…
Афсуски, Каламушни фақат тушидагина ишдан бўшатишди.
Айиқнинг туши
Тоғда асалари фермаси ташкил этилиб, унга битта мудир керак бўлиб қолди.
– Шунга ҳам бош қотириб ўтирамизми? – дея йиғилганларга мурожаат қилди Тулкивой. – Мана, Айиқбек жаноблари кўпдан буён асаларичилик билан шуғулланиб келадилар. Бу ишни шу полвон акамизга топширсак деган таклифим бор.
Тулкивой қайтиб жойига ўтираркан, “кейин ҳисоблашамиз” дегандек Айиқполвонга зимдан кўз ташлади. Қуён, Кийик, Сувсар цингари хашаки ҳайвонлар Тулкивойнинг гапини маъқуллашиб, “тўғри”, “гапида жон бор”, дея бирин-кетин минғирлаб қўйишди.
Шунда Тўнғиз сўз олиб, хириллоқ товушда аста гап бошлади:
– Ферма кўпчиликники. Агар полвонни мудир қиладиган бўлсак, бурним ҳаққига қасам ичиб айтаманки, бизга бир қошиқ ҳам асал тегмайди.
Хашаки ҳайвонлар “маъқул”, “бу гапда жон бор” дея чувиллай кетишди.
– Тўнғизнинг фикрига қўшиламиз, – қўрсайиб туриб, кўпчилик номидан гапирди оқсоқол Арслон. – Хачирга хашакни, Айиққа асални ишониб бўлмайди.
“Ҳа, шунақа”, “бунисиям тўғри”, дея яна бирин-кетин вижирлашди хашаки ҳайвонлар…
Айиқ уйқудан тургач, ҳасадгўй Тўнғизнинг таъзирини бериб қўйиш учун тўғри чакалакка қараб йўл олди.
Чигиртканинг туши
Кеча бир Ҳўкиз майсазорда унинг инини тепалаб ўтганди. Ҳозир ўша молфаҳмни қўққисдан учратиб қолди-ю, бора солиб, қаншарига аямай мушт тортди. Ҳўкиз гандираклаб кетган бўлса ҳам, йиқилмади. Баттар жаҳли чиққан Чигиртка чаққон сакраб, унинг қоқ биқинига қаратиб тепди. Ҳўкиз бир ихраб тебранди. Зўравонлик қилишни сенга кўрсатиб қўяман, деб қичқирди аламзада Чигиртка. У Ҳўкизнинг иккала шохидан ушлаб туриб, шартта бир томонга қайирган эди, эски девордек гурсиллаб ерга ағдарилди. Қассобнинг қўлига тушдим деб ўйлаган бўлса керак қўрққанидан қаттиқ бўкириб юборди…
Бўкириқни эшитган заҳоти чўчиб кўзини очган Чигиртка майсазорга яна пода кириб келаётганини кўриб, ўзини шартта панага урди. Соғ-омон четга чиқиб олгач, нафасини ростлаб ўтираркан, нозик қўлларига армон билан бир қараб қўйди.
Тулкининг туши
Ўнлаб катта-кичик скелетлар турли паррандалар тилида шовқин солганларича уни қуршаб олишди. У жон-жаҳди билан ўзини ҳар ёнга уриб кўрди. Лекин, темир қозиқлардек оёқда мустаҳкам турган скелетларнинг ҳалқасини ёриб ўтолмади.
– Қўлга тушдинг-ку, мараз! – Хўроз шаклидаги скелет кеккайиб бир қадам олдинга чиқди. – Бизни танимаяпсан шекилли? Бироқ, биз сени эсдан чиқарганимиз йўқ.
– Мени яқиндагина еган эдинг, – Какликка ўхшаб гапирди митти скелет. – Ҳеч бўлмаса мени таниётгандирсан, лаънати?
– Энди бизнинг галимиз келди, – дея ғағиллади Ўрдак-скелет. – Бизни бўғизлаган пайтингда қанчалар жонимиз оғриганини сенга сўз билан тушунтириб бўлмайди. Ҳозир ўша азобни ўзингнинг бошингга соламиз.
Тулки капалаги учганича қичқирди:
– Бу қанақа гап, оғайнилар? Тушунсаларинг-чи, мен яшаш учун ниманидир ейишим керак-ку, ахир!
– Мени бўғиб ўлдиргунингга қадар ёруғ дунёда беш йилдан кўпроқ умр кечиргандим, – ғазабли гап қотди Товуқ-скелет. – Аммо, мен яшаш учун ўзгаларнинг ҳаётига қасд қилмаганман.
– Тўғри, сен шунақа яралгансан. Мен бошқаларга ачинадиган бўлсам, унда ўзим ҳаром ўламан. Нега ҳақиқатни тан олмаяпсизлар, қадрдонларим? – деди Тулки ўзини оқлаш учун.
Ғоз-скелет атрофдагиларга бир аланглаб олиб, гапга аралашди:
– Демак, битта бўлса ҳам, у тирик юриши кераг-у, биздақангиларнинг юзтаси қирилиб кетса майли экан-да? Айбимиз ундан кўра кичиклигимиз, кучсизлигимизми?
– Тулки бизнинг қонимизни ичаётган вақтда ҳақиқат-пақиқатни гапириб ўтирмаганди, – яна кўкрак керди Хўроз-скелет. – Нега энди биз эзмалик қилиб турибмиз?
Шундай деди-ю, бошқа скелетларга ўгирилиб, бор товушда: “Сол маразни!” деб қичқирди.
Турли парранда шаклидаги ўша катта-кичик скелетлар шовқин-сурон билан Тулкининг устига ёпирилишди…
Дод солганича сакраб ўрнидан туриб кетган қонхўр Тулки анчагача ўзига келолмади. Ўпкасини босиб олгач, уясида қалашиб ётган суякларни битта қўймай ташқарига чиқариб ташлади.
1977 йил