Ўзбекнинг бошини тангримиз миллион йил пиширган, ўзбекнинг эси кўп, ҳар бир ишининг тагида тоғдек тажриба бор – овқатни қўлида олади, қўли куймаса, кейин оғзига солади.
Ярим йиллик ҳисобот билан банд бўлиб, қоғозбозор хонасидан чиқишга ҳам вақт тополмай қолган Тўймас оға чойхонадан киритилган паловли косага қўл санчмоққа шайланганида, кимдир эшикни нозиккина чертди. Тўймас оға косани зудлик билан стол жавончасига тиқиб, зардали ириллаш қилди:
– Ким у? Ҳе…
Эшик аста очиларкан, унга қопланган бузоқ териси «ғум-м» дея мўърагансимон товуш таратди. Сарвинсо ийманибгина ичкарига кирди.
– Ассалому алайкум… Мумкинми?
Тўймас оғанинг ўсиқ қошлари қовоғини тўсгудек пастлаб, бурни эски махсидек ғижимланди.
– Киришга кирдинг, ўтир энди. Ҳе…
Сарвинисо бош ҳисобчининг қаршисидаги стулга мусичадек енгилгина қўнди ва: «Чақиртирган экансиз. Тинчликми?» – деб сўради.
– Яратганга минг қатла шукурки, юртимизнинг осмони тип-тиниқ, – заҳарпичинг қилди Тўймас оға. – Колхўзимизнинг фермаю гаражларидаям осойишталик. Омалейкин, сен мудир бўлган боғчадаги ишлар ҳалиям алғов-далғов, Сўринисо.
Сарвинисо: «Вой! Нега энди ишларимиз алғов-далғов бўларкан», деганини билади, Тўймас оға суви қайнаган чойдишнинг қопқоғидек ирғишланиб, кеча боғчанинг ёнидан ўтиб бораётганида панжаранинг уёғида турган болалар унга басма-бас лой отишгани, сандиқдек қўйнинг пулига келган янги кастюми гўрковнинг нимчасига айлангани, бу эса, боғчада оммавий интизомсизлик ҳукм сураётганлигидан далолат беришлиги ҳақида саннашган тутинди.
– Бош ишбузуқи ўзингсан! – Сарвинисога бармоқ бигизлади у. – Зиппа пайқадимки, ғўр бандачаларга «Муқбил тошотар» деган эртакни ўқиб бериб, ахлоқни издан чиқаргансан!
Кутилмаган хуруждан карахтланган Сарвинисонинг аввалига оғзи ҳалқаланди, сўнг мунғайиб, ерга кўз қадади. Аёлнинг руҳи синганини кўриб, Тўймас оға хиёл хотиржамланди, сўзлари ҳам кескин мулойимлашди:
– Унақамас-да, Сўринисо. Айтаман десанг, бошқа нарса қуриб кетибдими? Масалан, шолғом тўғрисида ажойиб бир эртак бор. Биринчидан, қишлоқ хўжалик мавзусида тўқилган, иккинчидан, тарбиявий аҳамияти катта. Ўша эртакда бир оқсоқол шолғомни битта ўзи емоқчи бўлиб кўп уринади-ю, уни ердан юлолмайди. Билдики, бошқалар билан баҳам кўрмасликнинг иложи йўқ. Шунда, сичқон мушукни, мушук итни, ит кампирни, кампир чолни, чол шолғомни тортиб, ердан суғуриб олишади. Эртакдаги ҳикматни қара, тирикчилик йўлида одамзод ҳатто ҳайвонлар билан тил топишиши мумкин экан. Ана, гап қаерга бориб тақаляпти!
Сарвинисо фурсатдан фойдаланиб қолишга уриниб, боғчада ўйинчоқлар камлигини, шу боис болалар лой отиб ўйнашга мажбур бўлишганини гапира бошлаган эди, Тўймас оғанинг яна зардаси қайнаб, бу бемаъниликларга, энг аввало, тўқликка шўхлик сабабчи эканлигини уқтиришга тушди:
– Тирранчаларинг керагидан кўпроқ нарса егандирки, ўтганга зўравонлик қилишаётгандир. Демак, боғчангда исрофгарчилик бор, озиқнинг бир қисмини тежаб қо-лишни ҳалиям ўрганмагансан. Ана, гап қаерга бориб тақаляпти!
Сарвинисо ҳануз ҳеч нимага тушунмай: «Вой, ўлчамли озиқни қандай тежайман? Ортиб қолганини нимага ишлатаман?» – дея кўзини гилдиратди. Тўймас оға мийиғида кулди:
– Нима, ортган нарсани сен билан мен ермидик? Болалардан қолганини яна болаларга берамиз. Ҳа, болалар бизнинг келажагимиз. Жумладан, сендаям бола бор, мендаям бола бор. Ана, гап қаерга бориб тақаляпти, Сўринисо!
Туппа-тузук исмининг ўрнига кулгили лақаб орттирволишдан чўчиб, боядан бери ичи ғашланиб ўтирган Сарвинисо, ниҳоят бош ҳисобчига сапчиланиб тикилди:
– Намунча?! Нуқул Сўринисо, Сўринисо дейсиз. Мени отим Сарвинисо. Сарв деган дарахт бор, мажнунтолга ўхшайди…
– Шунақа дегин? – масхараомуз тиржайди Тўймас оға.– Умуман олганда, мажнунтол бор жойда битта сўриям бўлади. Хех-хех-хе.
Туйқус телефон жиринглади. Тўймас оға лунжини йиғиштириб, олифтанамо ҳаракат билан эшитқини олди. Ким биландир аллақандай солиқлар хусусида жаҳлланиб-жаҳл-ланиб сўзлашгач, эшитқини шарақлатиб жойига қўйди.
– Теримниям шилвол-е! Ҳе…
Тўймас оға пиёладаги совуқ чойдан бир ҳўплаб олиб, нигоҳини яна Сарвинисога дўлайтирди:
– Хў-ў-ш… гапимиз қаерга келувди? Ҳа, ҳа, сўри тўғрисида гаплашиб турувдик. Ҳм… Хуллас, боғчангга сўрининг нима кераги бор ўзи?
– Қанақа сўри? – таажжубланиб қош чимирди Сарвинисо.
Шу куйи тортишув чўзилиб бораверди. Мудира «энди сўрини тўқиб чиқарманг», деса, бош ҳисобчи «ўзинг айтмасанг, боғчангда сўри борлигини мен қаёқдан билардим», деб терговчиланди, униси «туҳмат қилманг», деса, буниси «бундан чиқди, инвентарни аллақачон ўзлаштиргансан», деб наъра тортди. Бу гапдан Сарвинисонинг эси чиққудек бўлиб: «Ё тавба-а!» дея ёқа ушлаган чоғда, Тўймас оға кўзларини бақалантириб, столни муштлади:
– Тавбангни тафтишчиларга айтасан! Боғчангни эртагаёқ текширамиз!
– Ахир…
– Гап тамом! Жўна!
– Олдин гапимни эшитсангиз-чи! Илтимос қиламан!
– Ҳеч қанақа илтимос-пилтимос кетмайди! – бир чақчайиб, бир муғамбирона қияланди Тўймас оға. – Нима, менга ўтказиб қўйган жойинг бормидики, илтимосингни эшитсам? Гап қаерга бориб тақалаётганини англавол! Ўйла! Гап қаерга тақаляпти, хўш?!
– Манави ерга тақаляпти, манави ерга!
Сарвинисо кафтини томоғига арра қилиб кўрсатиб, жазавалангудек ҳолатда сапчиб ўрнидан турди. Аёлнинг қўли томоққа ишораланиб тўхтаганини кўргач, Тўймас оғанинг тўсатдан чеҳраси ёришди: «Э, хайрият, охири тушунди-я!»
Ҳа, ўзбекнинг бошини миллион йил пиширишган, ўзбекнинг эси кўп, ҳар бир гапининг тагида уммондек маъно бор…
1977 йил.