Суянчиқли боғкурсилар бу хиёбонда сон-саноқсиз. Лекин, улардан фақат биттасининг ўз исми, аниқроғи, ўз лақаби бор. Уни ҳамма Қў деб атайди. Биров бу боғкурсига ялпайиб ўтираркан, шеригига мақтаб қолади: «Хиёбон бўйича шу Қўдан файзлироғи йўқ. Жуда салқин жойга ўрнашган-да». Бошқаси сал наридаги таксофондан маҳбубасига қўнғироқ қилиб, дейди: «Тўғри хиёбонга келаверинг, жоним. Қўнинг олдида кутиб турибман».
Эҳҳе-е! Тўрт оёғи ерга қадалгандан буён қучоғида кимларни олиб ўтирмади бу боғкурси. Гоҳ манаман деган ҳурлиқолар билқиллаб тиззасига қўнади, гоҳ божаси тўнғиз майхўрлар шилқиллаб устига ағанайди. Дам иккита ашаддий душманнинг боши шу ерда қовушиб, учинчи бир ғанимнинг оёғига болта уриш режасини тузишса, дам киссавурлар шилдираб келишиб, отарчилардек висирлашганича пул бўлишади. Мижозлар орасида Қўга энг ёқадигани – севишганлар. Улар ўта самимий, буткул безарар. На бировнинг шаънига таппи чаплашади, на ўзгага қасд қилишади. Аксинча, гапларнинг ширали-ширалисини танлаб сўзлашади, бир-бирларини сутга тўйган кучуклардек искашиб, яйраб-яшнаб ҳингиллашади.
Барча боғкурсилар орасида ёлғиз Қўгина тайинли лақаб орттиришига ҳам ана шу ошиқлардан бирови сабабчи бўлганди. Ўша куни чўғизкўз йигит севгилисини жуда узоқ кутди. Кутавериб, салкам бир қути сегаретни булутга аъзо қилди. Охири чўнтагидан чалаузарини олиб, оташтафт кўксини суянчиққа босганича аллақандай битикларни муҳрлашга тушди. Пухта ишлади. Чуқур-чуқур ўйиб ёзди.
Эндигина «Қў…» деган нақш пайдо бўлган ҳам эдики, «узр, Қўшоқ ака, кўпроқ куттириб қўйдим», деб жононаси келиб қолди. Қўшоқвой, чамаси, ўз номини абадийлаштирмоқчи эди. Висол лаззатининг иси уни эзгу ниятдан чалғитди-ю, бошлаган улуғвор иши чаласича қолиб кетаверди. Шунақа, маиший эҳтиёжлар микроби ҳар қандай улкан мақсадни фалаж қилади.
Ўша куни Қўшоқвой узоқ кутганининг ўчини олмоқчидек, пешиндан то қош қорайгунча қиз билан айш суриб ўтирди. Кўчма дўкончасини чақалоқлар аравачасидек итарганича пиртаволлар бўйлаб тинсиз айланиб юрувчи оқ либосли хотинларнинг биридан гўмма олиб ейишса, бошқаси уларга музқаймоқ ялатиб ўтди. Яхшиямки, ҳозирча кўчма меҳмонхона йўқ. Бўлганда, шу ерда бир йўла тунаб қолишармиди…
Қиз Қўга жуда ёқиб тушди. Кийиниши одмигина. Кўкқарға атлас кўйлагининг этагини тез-тез тиззага тортиб қўйиши унинг ниҳоятда уятчан эканини кўз-кўзлаб турар, белига шоввадек қуйилган майдаўрим сочлари ҳатто ўткинчиларнинг туйғусини ҳам қитиқлаётгандек туюлар, ёқимтой табассуми иссиқ истараси билан шоҳсупа талашаётгандек эди. Айниқса, Қўшоқвой пиртаволдан ойисига тирмашгудек бўлиб ўтаётган жингалаксоч болакайни кўрсатиб, «бизниям шунақа ўғлимиз бўлади, отини Қўрғонбой қўямиз», деганида, қизнинг юзлари туйқус ловуллаб, шунақанги очилиб кетдики, оддий ҳаё кишига бу қадар латофат бағишлашга қодирлигидан Қў ҳайратга тушди…
– Туф-е!
Момақалдироқдек бехосдан янграган бу овоз Қўнинг хаёлини сочиб юборди. Ҳозиргина ёйма усулда тупурилган нос қумалоқлари пиртаволга дўлдек ёғилиб, четдаги майсалар сари тирқиради. Жигарранг костюм-шим устидан беастар кўк духоба чопон кийган биққигина қария оғзидаги нос қуйқумини тил учида марказлаштириб, тупукни иккинчи бор ташқарига йўналтиргач, боғкурсининг қоқ белига келиб ўтирди.
Қўнинг қовурғалари қирсиллаб кетди.
Қария, ҳансироғи босилгунча, юзи ва кўкракларини рўмолчада тердан тозалаш билан банд бўлди. Тафти пасайгандан кейин, рўмолчага амнистия бериб, соқол-мўйловини тароқда шихмола қилишга ўтди. У ўтган-кетганни бақадек гўлайиб кузатар, эркакларга апил-тапил кўз ташлаб, аёлларни ишқорланган нигоҳ билан қарши оларди. Ора-сира чўнтагидан пул чиқариб, қайта-қайта санашга берилар, ўткинчи аёлларга зимдан мушукқараш қилиб қўярди.
– Так… тук. Так… тук.
Қадам товуши таралаётган ёққа юзланди-ю, Ҳолливуддаги хонимлардек башанг ва ҳарир кийинган бўянчоқ навжувон битта-битта босганича ўзи сари яқинлашаётганини кўриб, қариянинг кўзлари пуфланган чўғ мисол бир ялинланиб олди. Сўнг, мўминтой қиёфага кириб, четга сокин нигоҳ қадади. Ёнидан яна пулларни чиқарди. Уларни навбатма-навбат қуёш нурига тутиб, синчиклаб кўздан кечиришга киришди.
Навжувоннинг қадами баттардан секинлашди. У ёқ-бу ёққа киборланиб қараб олгач, секин келиб қариянинг қаторига ўтирди. Қария гўё уни пайқамагандек, пулларни офтобга солишда давом этди.
– Нима, ясамага ўхшаяптими? – сўради навжувон мийиғида кулимсираб.
Қария унга эндигина эътибор бераётган сиёқда боқиб, мулойим жавоб қилди:
– Эҳтиётдан бир текшириб кўряпмиз-да, ойпошшо.
– Долларларингиз нуқул бешталик-ку. Йирикроғидан йўғакан-да?
Навжувоннинг пичинг ила сузилиб боқишига монанд қариянинг қиёфасида ҳам йиллар давомида пишириб-пухталанган тагдор суюқланиш ифодалари балқиганини зийрак Қў назардан қочирмади.
– Йириклари сандиқда туради, ойпошшо, – дея тамшаниб тиржайди қария.
Навжувон калта ва хўппак сочларини силкитиб: «Кампирингиз устида ухлайдиган сандиқдами», деб кулган эди, қариянинг бирдан қовоғи уйилди.
– Қанийди кампирим тирик бўлса, – деди у. – Бунақа қоғозларни бошидан ҳовучлаб сочмасмидим. Бир ярим йилдирки, ҳайҳотдек ҳовлида ўзим сўппайиб яшаяпман.
«Шунгаям қовоқ-тумшуқми? – ўйлади Қў. – Мана биз яралганимиздан бери ёлғизмиз. Жала ёғадими, қортўфон турадими, шу жойимиз – жой. Манавини ҳақиқий сўппайиш деса бўлади. Ваҳоланки, биз тўйма-тўй судраб юриладиган хашаки тахтаэшаклардан эмасмиз. Хўжайинларнинг алоҳида буйруғи билан ясалиб, хиёбонга тантанавор ўрнатиб қўйилганмиз».
У ёқда гап гапга уланиб бораверди. Қария ўғил кўрмаганини, биттаю битта қизи эса инсофи қўзиганда, ойига бир-икки марта келиб-кетишлигини, орттирган мол-дунёсиям бунақада кишига татимаслигини айтиб, банда орқали Худога арзланган бўлди. Навжувон бу оламда буткул бахтиёр одамнинг мавжудлигига шубҳаси борлигини билдириб, гапни эрининг ноқобиллиги-ю, қайнонасининг ялмоғизлигига, ўзининг ҳад-ҳисобсиз ташвишлари-ю, бугунги турмуш қийинчиликларига келтириб тақади.
– Манавини кўряпсизми? – навжувон кўйлагининг барини тиззасидан юқорироққа суриб, гулдор қора пайпоғининг йўрмаб чатилган жойини кўрсатди. – Ҳатто шуниям янгисини сотволишга бош қотиришим керак. Ўргилдим бунақа ҳаётдан.
Кўзига негадир иссиқроқ кўринаётган навжувоннинг бу сўзларини тинглаб, Қўнинг бир томондан унга раҳми келса, иккинчи томондан, пайпоқ кийиш ҳозирча боғкурсилар орасида русум бўлмай турганига шукур қилди.
– Шу кунларда бунақа пайпоқнинг пулига ярим пуд гуруч беради, – кўзи навжувоннинг оёқлари бўйлаб ўрмалар экан, оғзида сўлаги чилпиллаб сўз қотди қария.
– Топдингиз. Биларкансиз.
– Умримиз тижоратнинг қайновида ўтяпти, ойпошшо. Биз билмасак, ким билади? Ҳатто анави таши ялтироқ, ичи қалтироқ тўплингиз қанча туришиниям биламиз. Вих-х-х…
– Ҳа, кулинг! Пулингиз кўп-да!
Юзидаги бужурларни патак соқоли билан ниқоблаган бир ишкамбафеъл қариянинг ёмғирдан кейинги гултожихўроздек ёғдуланиб турган малакзодани писандалаб мас-харалаши Қўга оғир ботди. Боғкурсилар бир-бирини эрмаклашни ҳам, камситишни ҳам билишмайди. Сабаби– улар ҳали пулдор ва ночор тоифаларга бўлиниб улгуришмаган.
–Дарров лунжингизни осилтирманг-да, ойпошшо, –
титроқ кафтини навжувоннинг тиззасига палапартиш уриб, унга таскин беришга интилди қария. – Кўнглингизни оғритган бўлсак, майли, гуноҳимизни ювамиз. Битта зўр тўпли биздан. Ўзиям италиёники. Кечагина бир тўпини уйимга ташлаб кетишувди.
Навжувоннинг узун киприклари қарияни нишонга олганича бир неча дақиқа тиккайиб турди. Сўнг юзида хиёл кулдиргич жилваланди.
– Унақасига кучимиз етмаса-чи?
– Энди-и битта тўпли биздан деганимиздан кейин, гап тамом-да, – қария навжувоннинг елкасидаги соч қазғоқларини сийпалаган тарзда қоқишга тушди. – Қолаверса, қозонимга қўлингиздан ширинлик юқтириб, битта ош дамлаб берсангиз, узилиш бўпкетармиз, ойпош-ш… Ҳартугур, отингизни билволайлик.
Навжувон қарияга кўз қирида пирпира-пир боқиб гижинглади ва шеърий оҳангда тоблаб-тоблаб деди:
– Мени отим – Гулийзар!
Навжувоннинг жоноқи олмадек қип-қизил бўялган лабларидан шу сўз ҳаволанди-ю, Қўнинг чўян оёқлари бирдан зинғиллаб кетди, ёғоч танасининг аллақаери «жаз-з» этиб куйгандек бўлди. Икки ҳафтача илгари бир гўлаҳпадар безори сигаретини унинг баданига эзғилаб ўчирганида айни шу жизиллоқни туйган эди.
Қария ва навжувон ўринларидан қўзғалишаётиб, яна нималарнидир гаплашишди. Қў уларнинг оғзи қимирлаётганини кўриб турса-да, бу паллада бирон-бир гапни на тинглайдиган, на англайдиган аҳволда эди.
«Бу ўша! – вужуди изғириндан чирсиллаётгандек карахтланиб хаёлидан ўтказди Қў. – Уни энди танидим!»
– Гулийзар! – дея тортинчоқ қизнинг шоввасимон кокилларини шавқланган куйи силаб хитоб қилганди ўша куни Қўшоқвой. – Бундай яп-янги отни сизга ким топиб қўйган ўзи?!
Омаддан талтанглаган қария жонивор олифталанганича, чатаноқланиб-чатаноқланиб одимлар эди. Докасифат мовий кўйлак устидан кенг ва гажимдор оқ нимча кийган навжувон эса, ихлос ила ясалган бежирим қайиқдек унинг ёнида текис сузиб борарди.
Бўйи етиб-етмаган оққушбўйин қиз майдаўрим сочларини ўпоғич шамоллардан қизғанаётгандек ҳовучида тутамлаб келиб, бўм-бўш боғкурси оғушига оҳистагина қўнди. Ҳануз ўша карахтлик домида бўлган Қў буни сезмади ҳам.
1998 йил.