Ҳазрат Ҳувайдо ғазаллари қора қўчқорнинг ёғига илик қўшиб дамланган половдан ҳам кучлироқ эканини бот-бот урғулаб юргувчи Абдураззоқ қори бир пистачақди суҳбатда: «Эслик аёл ҳатто қадамининг товушини ташқарига эшиттирмайди», деб нақл қилганди. Зап айтган экан-да. Пок-покиза хонадонга мағзавасел ёприлиши Юрсинойнинг ўша оддий маданиятчага лоқайдлигидан бошланди – ошхонадан чиқаётиб, қўлдаги пиёлани тушириб юборди, бунинг устига, сесканиб кетиб, «воей» дегани ортиқча бўлди.
– Жаранг! Воей!
Бу товушлар девор ортидаги Мишмишалига бежо эшитилди, кўча сари юришдан тўхталиб, қўшни ҳовли томонга зоғланиб қулоқ тутди. Идишнинг жарангдор синиши-ю, ожизанинг мунгланиб нидоланиши ниҳоясида туйқус юзага келган жимжитлик янада шубҳали туюлди.
Дўкондан сигарет олишга бораётган Васвасақул томорқасига ариқдан сув очиб турган Мамажонга ҳани-ҳуни салом бериб ўтишга чоғланаркан, кўчанинг у юзидаги дарвозадан чиқиб келган Мишмишалини кўриб, унга чалғиди.
– Аҳволлар қалай, Мишмишали? – сариқ тишларини намойишлаб, маҳалладошининг кафтига тарсиллатди. – Уйлар тинчми?
Мишмишали бир Васвасақулга, бир Мамажонга сирли қараш қилди:
– Бизники ҳозирча тинч. Омалейкин, баъзи хонадонлар… Ҳм… Бу ёққа чиқаётсам, Гулдирмаматникидан «Жаранг!» этган овоз эшитилди. Кейин хотини «Вой-е-ей!» деди-ю, жимиб қолди. Бояқишнинг бошига оштовоқ билан урилди, менимча.
Мамажон: «Э, бор-е, доим бир гап топиб юрасан», деб ҳовлисига кирди-кетди, лекин Васвасақул дўконга етгунча хаёл суриб борди: «Хотин «Вой-е-ей!» деб, бирдан дами ичига тушиб кетганакан, демак иш катта». Агар дўкондан чиқиб келган Ваҳимахўжа: «Ҳа, Васвасақул, гаранг кўринасан?» – дея йўлида кўндаланг бўлмаганида, ўйга берилиб, манзилдан ўтиб кетишиям ҳеч гап эмасди.
– Яхшимисан? – ҳушини йиғиб, Ваҳимахўжага димоғланиб қўл чўзди у. – Халтага нималарни тўлдирволдинг?
– Рўзғорда кирсовун узилганакан. Хотин топшириқ берди, биз бажаряпмиз.
– Ҳалиям хотинни қўлга ололмадингми, Ваҳимахўжа? Уйда хўжайинчилик қилишни Гулдирмаматдан ўргансанг бўлмайдими? Азаматни қараки, хотинига аччиқ қилиб, бор идиш-товоқни пачоқлаб ташлабди. Кейин оштовоқ билан бошига урганакан, хотини «До-о-д! Войдод!» дебди-ю, жойида шайтонлаб қопти.
Бу гап Ваҳимахўжани тарракка айлантирди.
– Шу Гулдирмамат-а?! Донғи кетган ўқитувчи бўлса! Яқинда мукофот олди!
Айни дамда, устма-уст сигнал чалиб, «Тез ёрдам» машинаси ўтиб қолди. Васвасақулнинг икки кўзи қорасон ёнғоқдек бўртиб: «Воҳ, Гулдирмамат тушмагур ҳунукроқ урганакан-да, Юрсинойни касалхонага опкетишди-ёв», дея калла тебратди.
Бир қараганда, Ваҳимахўжанинг ҳозирги вазифаси сув иситиб кутаётган хотинига совунни тезроқ етказиб боришдан иборатдек эди. Бироқ, у бундай қилмади, ярим йўлда ўзини ўзи маҳалла оқсоқолининг идорасига етаклади. Ичкарига кирди-ю, ишёқмас куёвининг устидан арзланиб ўтирган аёлнинг сўзини бўлиб, оқсоқолни тиккасига даккилади:
– Оқсоқолсиз-у, маҳалладаги машмашаларни доим охирида эшитасиз!
Оқсоқол беихтиёр ўрнидан туриб, нима гаплигини безиллоқ қиёфада суриштирганини билади, Ваҳимахўжанинг жағи қарсакчалди тарзида ишлашга тушди:
– Гулдирмамат уйидаги бор нарсани кунпаякун қипташлабди! Хотининиям мажақлаб қўйибди!
– Мажақлаб қўйибди?
– Иккала қўлидаги оштовоқ билан «Жаранг! Журунг!» этказиб бошига қўйворганакан, хотини: «Одамхўрнинг дастидан дод!» – дебди-ю, оғзидан оқкўпик келиб, сулайиб қопти! Уни касалхонага опкетишганини ўзим кўрдим.
Шу паллада туйқус сирена овози янгради, иккови ташқарига тикилишди. Ўт ўчирувчилар машинаси возиллаб ўтиб кетди.
– Оббо Гулдирмамат писмиғ-ей! – кўзлари ола-кула бўлиб бидирлади Ваҳимахўжа. – Ёмоннинг бир қилиғи ортиқ деганларидек, уйигаям ўт қўйворган шекилли?
Мамажон ҳовлисидан чиқиб, томорқага оқаётган сувни беркитишга киришганида, оқсоқол мутасадди милиционерни эргаштирганича келиб қолди-ю, уни тўсатдан саволга тутди:
– Ҳей, Мамажон, Гулдирмаматникидаги тўпалангдан хабаринг борми?
– Қанақа тўпаланг?
– Илтимос! – Мамажоннинг кўзига тазйиқли тикилди милиционер. – Билганингизни яширманг!
Кўчадаги нағмалардан бехабар Гулдирмамат қўлтиқда сахтиён попка билан ишга отланаркан, қуриган кирларни дордан йиғиштираётган хотини пешанасига бўз лахтак танғиб олганини кўриб, кўнглидаги хотиржамлик хиёл дарз кетди. Хотиндан аҳвол сўраган эди, боши негадир санчиб оғриётганини айтди.
– Унда, дори-пори ичиб, озгина дам олволинг, – меҳрибонланди Гулдирмамат. – Боринг, уйга киринг.
Юрсиной: «Майли, шунақа қилай-чи», дея уйга кириб кетгач, Гулдирмамат кўча тарафга тўрт-беш қадам қўйиб улгурмасдан, дарвозадан оқсоқол, милиционер, Мамажон ўтиб кела бошлади. Гулдирмаматнинг саломи ҳам, сўрига ўтириш борасидаги таклифи ҳам ерда қолиб, оқсоқол тўғридан-тўғри муддаога кўчди:
– Ўтиришни қўйиб тур, Гулдирмамат. Олдин бир нарсани билволайлик, хотинингга нима бўлди?
Гулдирмамат томдан тараша тушгандек янграган бу саволдан эсанкираб: «Шу десангиз… боши оғриб…» дея дудмалланаётганида, милиционер дағдағали оҳангда қўшимча қилди:
– Боши нима бўлганини биламиз! Сиз бизга сабабини айтинг!
Шу маҳал, худди ердан чиққандек ҳовлида Мишмишали пайдо бўлди:
– Сабабини, мана, мендан сўранглар! Сабабини, мана, мен биламан! Аввалига «Жаранг!» этди. Ана ундан кейин «Во-е-ей!» деди-ю, жим бўпқолди.
– Нима шовқин, дадаси? – уй ичкарисидан овоз қилди Юрсиной, сўнг ташқарига чиқиб келиб, турганларга жовдиради. – Келинглар…
– Опош бўпқолдингизми, Юрсиной қизим? – пешанадаги лахтакка хавотирли қараб қўйиб, сўз қотди оқсоқол.– Касалхонадан тез қайтганингизга қараганда, хайрият, бошингиз қаттиқ лат емаганакан.
Юрсиной: «Қанақа касалхона?» – дея ҳайронланиб чимирилганида, милиционер: «Илтимос! Борини борича гапиринг, жабрланувчи», деб уни баттардан ҳайратлантирди. Мамажон: «Ҳа энди, бошини боғлаган одам буларнинг тилида «жабрланувчи» дейилади-да», деб жувон шўрликни тинчлантиришга чиранди.
Оқсоқол салобат билан томоқ қириб, Юрсинойга яқин келди:
– Энди-и гап бундоқ, қизим. Аввало уйдаги ғалвани ташқарига чиқармасликка уринаётганингиздан хурсандман. Тарбия берган ота-онангизга минг раҳмат. Лекин, ойни этак билан ёпиб бўлмасакан. Эшитишимизга қараганда, рўзғорда озгина келишмовчилик чиқиб…
Кўча дарвоза «Тарақ!» этиб очилди-ю, оқсоқолнинг гапи бўғзида қолди. «Тўйбузар» лақаби билан донг таратган Машмаша полвон: «Бош ёриш қанақа бўлишини кўрсатиб қўямиз! Кучи кўпайган одам, мана, бизга ёпишсин!» – деб бўкирганича ҳовлига бостириб кирди. Юрсиной бошини боғлаб олганини кўриб, икки ҳисса ловуллади:
– Ҳа опажоним-а, опажоним-а! Бировлардан эшитмасак, дардингиз ичингизда қопкетаркан-да, а? Ве, почча, опамни нима қипқўйдингиз?
Оқсоқол: «Тўхта, Машмаша полвон! Ҳаддингдан ошма!» – дея муштумзўрнинг йўлини тўсди. Милиционер эса: «Ўпкани босинг! Гапнинг тагига етайлик-чи, кейин чорани ўзимиз кўрамиз», деб унга бармоғини бигизлади.
– Ҳей, мусулмонлар! – турганларга зорланди Юрсиной. – Одамчасига тушунтиринглар. Ниманинг тагига етмоқчисизлар ўзи?
Мишмишали лип этиб, Юрсинойнинг ёнида муҳайёланди:
– Нимани бўларди, келин? Булар эрингиз нимайчун бошингизга оштовоқ билан урганини билишмоқчи. Яширманг, ўзим эшитиб турувдим. Олдин «Жаранг!» этди. Кейин «Вой-е-й!» деб бақирдингиз. Ё ёлғонми?
Юрсиной бу гапни эшитиб, бир дақиқа сўррайиб тургач, дугонаси қитиқлаётгандек, қотиб-қотиб кулишга тушди:
– Вой ўлмасам! Шунга йиғилдиларингми? Нима бало, сизларни дастиларингдан бу уйда битта пиёлаям синмасинми?
Юрсинойнинг мазахомуз кепатада жўшиб-жўшиб кулаётгани оқсоқолнинг ғашини келтириб: «Кулишни бас қилинг! Қанақа пиёлани гапиряпсиз?» – дея пўписалади.
– Эртаминан ошхонадан чиқаётиб, битта пиёлани синдириб қўйгандим, – ўзини кулгидан тийишга тиришди Юрсиной. – Чўчиб кетиб, «воей» деганимам эсимда. Бошга оштовоқ билан уришни ким ўйлаб топди? Вой, одам бўлмай кетинглар-а…
Мамажон Мишмишалига ўқрайди:
– Ҳамма айб сенда! Бир ниманинг тагига етмай туриб тезда миш-миш тарқатасан. Аҳиллигига ҳамманинг ҳаваси келадиган хонадонни маҳаллада гап-сўз қилиб ўтирибсан-а. Уятмасми?
– Буларда уят нима қилади? – куйиниб кетди оқсоқол.– Бунақа ҳамиятсизлар ҳатто маҳалласиниям, юртиниям миш-миш қилишдан тоймайди.
Машмаша полвон: «Аха-а, гап буёда экан-да», дея ғижиниб енг шимараётганида, Мишмишали: «Ана, ҳозир бунисиям каламушқувдини бошлайди. Доим аҳвол шу», дея безовталанган куйи, рақибининг ҳамласини кутиб ўтирмасдан, қалдирғочланганича ўзини кўчага урди. Машмаша полвон оёқда ерни буқатимдалаш қилиб, жойидан қўзғалди.
– Тўхта, ҳайвон! – қувиб бораётиб наъра тортди Машмаша полвон. – Тилингни суғуриб, ўзингга едираман! Ўшанда ҳамма сендан қутулади! Вей, мараз, яхшиликча тормизингни бос!
Мишмишали кўчани чангитганича лўк-лўк югуриб бораркан, бошида бир ўй чарх урарди: «Бу лаънати ҳам барибир қувиб етади. Яна аппон-саппон бошланади. Чидаганмиз, чидаймиз…»
2004 йил.